пятница, 7 июня 2019 г.

ИЗТИРОБ №1


                              ИЗТИРОБ № 1

   Туркияда бир гуруҳ ўзбекистонлик фоҳишалар қўлга олингани, юртимиздан борган бир  ярамас қўшмачи ижарага олган уйида фоҳишахона очганлиги тўғрисидаги хабарлар, худо ҳаққи, бир неча кундан буён дилимдаги  зирқироқ оғриқ бўлиб турибди.
    Бу совуқ гапларни ёзган жаноб Туздан бизни бир оз аяшини, ва “ўзбек аёли” ўрнига “ўзбекистонлик аёллар” деб ёзишини таклиф этиб қоламан. Лоақалда...
   Шу кўнгилсизлик масаласида юрагимдан ўтган бошқа бир кечинма ҳақида изҳори дил қилмоқчи бўлдим. Жамоатчилик, хусуссан зиёлилар,  гўёки ор номусни, миллий ғурурни ғани билиб, кўкрагига урадиган  азаматлар ҳам  бу мудҳиш ҳолга  лоқайд, бефарқ қарадилар. Рус тилининг мавқеини кўтаришга қарши шов- шув кўтарган жамоа бу масалага келганда, айбни ҳукуматга ағдариб ёки ўзини билмаганга солиб қўяқолди.

четверг, 6 июня 2019 г.

ҚЎЛДА ҚАЛАМ БИЛАН

Қўлда қалам билан...
Мунофиқлик
Вилоят газетасида ишлаганимда руҳий касалликлар шифохонасидан тушган шикоятни текширгани боргандим. Ҳовлидан ўтиб кетаётганимда, юқори қаватдан бир қиз менга мурожаат қилаётганини фаҳмлаб қолдим ва хавотир аралаш унга қарадим. У менга нафрат билан қараб турарди
– Болтавой, сан номардлик қилдинг, деди у.– Мени алдадинг! Сочларимни силардинг, қара, ҳаммасини олиб ташлашди.
Болкондаги қиз-жувонлар бир хил либос кийган ва ҳаммаларирннг сочлари олинган эди. – Бир кунмас-бир кун мени излаб келишингни билардим...
Мен ҳижолат тортдим, негадир хавотирим ошди ва қадамимни тезлаштирдим.
Бош врач ўринбосари билан шикоят хати юзасидан гаплашаётганимда, жиккакроқ бир эркак келиб, менга сўз қотиб қолди.
– Ака, одамлар бу ерни жиннихона дейишади. Бу – нотўғри. Биз руҳий касалмиз. Хотиним биринчи кечада ўзини осиб қўйди...
Врач уни жеркиб, ҳайдаб юборди.
Аслида, шикоят – шифохонадаги жуда ночор аҳвол ҳақида эди ва бу ҳақда газетада чиқиш қилгандим. Аммо йиллар ўтган бўлсада, балкондаги қиз билан жиккак эркак кўз ўнгимдан кетмайди. Табиийки, қиз мунофиқлик қурбони бўлган; уни қайбирам бетамиз бола алдаган. Жиккакка келин бўлиб тушган қиз биринчи кечаёқ жиннига қўшиб қўйишганини фаҳмлаб, жонига қасд қилган. Бечора келинчакка маҳалла куй, қўшнилар мунофиқлик қилишган – бўлажак қуёвнинг руҳий касаллигини яширишган.

Ташналик
Бундан қирқ йиллар муқаддам Шофирконга Аму-Бухоро каналидан илк бор сув келганига гувоҳ бўлгандим. Канал соҳилларида тўпланганларнинг сон-саноғи йўқ эди. Боласини кўтариб олган аёллар, муйсафидлар, сипо кийинган амалдорлар...
Зарафшон дарёсидан сув келмай қолганлиги боис, бу одамлар ташналикнинг ҳамма азобларини бошдан кечирган эдилар. Қўл ювмоқчи бўлишса, бирорта ниҳол ёки экин тубига боришарди. Бир томчи бўлса ҳам шу ниҳол ёки экин намдан баҳра топишидан умидвор бўлишарди. Ҳар қадамда сарғайган дарахтлар, қовжираган экинлар дилингизни хуфтон қиларди.
Бир маҳал қийқириқлар бошланди. Янги каналда бўтана сув кўринди. Бобойлар қурбонлик учун етаклаб келган қўйларини канал соҳилларида сўйишни бошлашди. Ўсмирлар шодон ўзларини сувга отардилар. Катта ёшдаги эркаклар ҳазил-мутойиба билан бир- бирларини сувга итаришар, қувончларини яширишолмасди. Бир кампир қаршимда тўхтаб, мени дуо қилакетди.
– Илоҳим умрларингдан барака топинглар, омборларинг донга тўлсин, худои таоло насибаларингни сувдай сероб қилсин...
Бу онахон каминани канал қурувчиларидан бири деб ўйлаган бўлса ажаб эмас.
Мен репортажни тайёрлаш учун қайтганимда ҳам бу ерда шоду- хуррамлик давом этарди.
Халойиқнинг бундай беҳад сарафроз бўлганини қайтиб кўрмадим.
.

ВЕТВРАЧ КЕРАК

Самарқандда ветеринария медицинаси институти ташкил этиладиган бўлди. Яхши гап. Ота-оналар фарзандларини, жумладан шу соҳага йўналтиришларини истар эдим. Ветврачлик - яхши касб. Унга нафақат қишлоқда, шаҳарда ҳам иш бор. Бозорларда, ветеринария идораларида, ҳатто ҳайвонот боғларига ҳам ветврач керак. Қўли текканни, оғзи тегади, дейишади.Ҳеч бўлмаганда ветаптека очиб ҳам бир бурда нонини топса бўлади. Врач инсонни даволайди, ветврач - инсониятни, деган нақл бор. Бир ветврач юзлаб кишиларни товуқлар ва чорва молларида учрайдиган эпидемиядан сақлаб қолиши мумкин. Умуман, жониворларни даволаш, уларни ўлимдан сақлаб қолиш - эзгу иш. Аммо малакали кадр йўқ. Ветфакни битирганларнинг аксари шприц ушлашни билмас эди.
Янги институтнинг бўлажак ректори ишни шундан бошлаши лозим. Студентлар домлаларга пора бериб ўқиса, билим олмаса яна ўша гап. Россияга мардикорчиликка кетишдан ўзга чора бўлмайди. Мамлакатимиз, ёшларимиз истиқболи ҳақида ўйлайлик...

ЎҚУВЧИГА МУРОЖААТ

Ассаломалайкум! Ҳаяллаб кетганим учун узр. Блогимга "Бояқиш ўқитувчи ёки эртакдан сўнг" деган ҳикоямни жойладим. Ҳажми йирикроқ. Сақлаб олиб, кейин бафуржа ўқиган маъқул. Шеърга ҳавасманд қиз жувонларимиз "Видео"даги монологларни ёд олсалар, саҳналар ва давраларда ёд айтсалар, уларга шуҳрат келтиришига ишонаман. Ёш журналистларни "Мақолалар" бўлимига таклиф этаман. Мен иттифоқ даврида ҳам ундан кейин ҳам долзарб мавзуларда мақолалар ёздим. Бу бўлимда ўрганишга молик нарсалар йўқ эмас. Қуйидаги манзилга лайк босинг.
nusratrahmat.blogspot.com