четверг, 24 апреля 2025 г.

 

ЗЕРИКАРЛИ ҲИКОЯЛАР. НОМАЪЛУМ ОДАМ ҲИКОЯСИ


                   Сиз ҳаммангиз мендан тонганда, мен яна сизга 
                қайтарман.
                   Чиндан, биродарларим, мен ўшанда
              йўқотганларимни бошқача кўз билан излайман;
              бошқача муҳаббат билан севаман, мен сизни
               ўшанда.
                                              Фридрих НИТШЕ

                                               *  *  *
    
                Агар Туркистонда Навоий ва Улуғбекдан бошқа
            бирор илм ва маданият арбобига ҳайкал қўйиладиган
           бўлса, у Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳайкали бўлғусидир.

                                               Лазиз АЗИЗЗОДА

               
                                                   *  *  *

                             Кўкларга сиғмаган нолам – ёшлигим,
                            Сувга чўкиб кетган болам – ёшлигим...
                                                          Рауф Парфи

                                            1    

    Кўз ўнгингизга  қирқ  ёшнинг нари-берисидаги, анча одми кийинган, ўрта бўй,  ўйчан, андак асабий ва зумроқ   эркакни келтираоласизми?
    Ана шу одам,  менман.  Исм-шарифим билан қизиқмай қўяқолинг. Уни айтишга хоҳишим йўқ. Ўзим ҳам жамиятдаги  ўртача одам бўлсам керак-ки,  ҳозиргача қўним топганим йўқ. Дастлаб  судяга шогирд бўлдим,   кейин  уч йил Москвада ишлаб келдим, аниқроғи, мардикорлик қилдим,  сўнг  Самарқандга  қайтиб,  киракашлик билан банд бўлдим.
    Ҳозир уйимда интернет-клуб ва компьютер курси очганман. Маҳалламиз болаларига турли томошалар кўрсатаман, кейин компьютерда ишлашдан сабоқ бераман. Клуб − пулли,  курслар эса бепул.
    Менга ўхшаб,  узлатга чекинган кишиларнинг  улфатлари, дўстлари ҳам кам бўлади. Агар Самандар акани ҳисобга олмаса, бақамти ўтириб гаплашадиган танишим  йўқ ҳисоби.
     Аслида, компьютерга меҳр қўйишимга ҳам шу ростгўй, ориф одам сабаб бўлганди.
   Исм-шарифимни айтмаганимдан ранжимаслигингизни сўрардим. Аммо муҳим бир маълумотни  яширмайман. Мен,  Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳазратларининг эваралари бўламан. Менга бобокаланимнинг номини беришдан аввал роса мунозара қилишган, хавотирга тушишган. Бу гапни ҳам, зада бўлган жабрдийдалардай, имкон қадар пинҳон тутиш пайида бўлиб юраман. Жуда зарур бўлганда айтаман. Бизнинг қавмлар,  айнан ана шу маърифат дарғасининг  авлодлари бўлгани сабаб не-не уқубатларга дучор бўлишганидан хабардорман. Сталин қатағони йиллари уларнинг аксари паноҳ излаб, ўзга юртларга,  жумладан  Тожикистон томонларга кетиб қолишган. Бу қўрқув ва хавотир ҳали ҳам авлодимизни батамом тарк этгани йўқ.

воскресенье, 20 апреля 2025 г.

НОХУШ ХАЁЛЛАР

 



Етмиш ёшдан ошган (аниқроғи, етмиш тўртга кирган) қотма, бўйчан, сийрак сочлари оқарган, тишларининг ясамалиги сезилиб турадиган, юрганда андак энкайиб, эҳтиёткорлик билан қадам ташлайдиган, нигоҳлари хиралашган,  кўзойнаги остидан сал анқайиб қарайдиган, кўринишда сокин, хотиржам бўлса-да, салга асабийлашиб, серзарда бўладиган, касалванд, жиззаки чолни  кўз олдингизга келтира оласизми? 
Ана шу одам, менман.
Ваҳоб Кабирович Кабиров, дейишади каминани.
Менинг ёшимдагилар, одатда, қачонлардир қилган амаллари билан мақтаниш, ўзларини минбар ва ҳайъатга уриш, ҳукуматга ҳуда-беҳуда ҳамду сано ўқиш, тобут бошида нутқ сўзлаш; хотиралар, гоҳида шеър  ёзишга мойил бўлишади. Булар бари менинг табиатимга зид. Худо сақласин! Ҳатто газетачиларнинг «бахтли кексалик», «нуроний отахонлар» сингари ибораларига киноя ва писхандлик билан қарайман; назаримда, булар бари жуда шалдироқ, носамимий тўқималар бўлиб туюлади. Илоҳим адашган бўлайин-у, етмишдан кейин русларнинг «Старость не радость» деган нақли мазмун, моҳияти билан ҳамманинг эшигини нохуш тақиллатаверади. Ҳатто баҳор тароватидан, мусиқанинг сеҳрли оҳангидан, нозанин  чеҳралардан лаззатланишингга  касалликлар, нохуш хотиралар, ўлим ҳақидаги дилингни сиёҳ  қиладиган ногаҳоний фикрлар ва бошқа  ожизликлар халақит бераверади.

 



    ЗЕРИКАРЛИ ҲИКОЯЛАР. ҒАРИБХОНА


“Кексалар уйида бир муйсафид ўзини осибди. Салласини шифтга ҳалқа қилибди-ю...”
Бу гапни таниш журналист, шунчаки гап орасида айтган бўлса ҳамки, ўша бахтиқаро муйсафид кўз ўнгимдан кетмай қолди. Не ситам ё зулм ўтди экан, шўрлик отахонга? Нега айнан салласига осган?
   Кунлардан бирида,  беихтиёр, ўша даргоҳга йўл олдим. Директор мени хушфеллик билан қарши олди. Анчайин сарамжон- саришта бўлган маънавият хонаси, ошхонани кўрсатди, гулзорларни томоша қилдик. Аммо ўз жонига қасд қилган отахон ҳақидаги ахбороти жуда дудмал бўлди. Келганига атиги уч кун бўлган экан. Намозхон экан, Биринчи куни санитар аёл билан уришиб қолибди, эртаси ўғли келган экан, уни ҳайдаб солибди. Бошлиқ ҳамма иллатни  чолнинг ўзига ағдаришга мойил эканлиги сезилиб турарди. Аммо қалбим ниманидир инкор этарди:  мен  кексалар уйини шунчалик ташқи сувратини кўриб, унинг сийратидан бехабар қолганимдек,  ҳалиги кексанинг ички нидолари, ҳасратлари, ғуссаларидан бехабар эдим.

Мен учун жумбоқ бўлиб қолган бу асрорларни фақат ҳикояда акс эттириш мумкин, деган хулосага келдим. Чунки бу жанр тахминлар, фантазиялар ва башоратлар учун очиқ.

 

ИБЛИС КУЛБАСИ ЁКИ ОБИЙ




"БУНИ ҲАЁТ ДЕБДИЛАР ЁКИ Ўғлим Улуғбекнинг кундалиги" романидан


Бу машъум уй ҳақида аввал ёзганман.
«Концлагер товуқлари» бобидаги мана бу мисраларни хотирласангиз кифоя.
«1975 йили вилоятнинг мафкура ишлари бўйича котиби ўз ўйнаши билан шу ердаги меҳмонхонага норасмий яъни хуфёна ташриф буюради. Албатта, туни билан кайфу сафо, ҳалиги ишлар... Эрталаб улар чиқаверишмагач, қоровул хавотирланиб, эшикни тақиллатади. Садо бўлмагач, раҳбарларга хабар етказади. Улар ҳам ошиқ-маъшуқларни уйғотолмагач, эшикнинг ошиқ-маъшуқини бузишади. Кириб қарашса, бахтиқаро ўйнашлар ваннада Одам Ато билан Момо Ўаво кийгизиб юборган либосда бандаликни бажо келтириб қўйишибди».
Албатта, шов-шув, текшир-текшир, дегандай. Терговчилар бу юмуш билан уюшган, тажрибали мафия (етмишинчи йилларда-я!) шуғулланганини тахминлашади. Уларнинг фикрича, ўша гуруҳ қурбонини кузатиб юради; ваннага кирган заҳоти ташқаридан туриб, қувурга электр токи тегизади.

четверг, 17 апреля 2025 г.

 

ФОЖИА


Миршариф Хўжаевга бағишланади

1
Сиз айрим аёлларнинг бор заҳри-заққуми, нафрат ва ғазаби мужассамлашган, гоҳида теша тегмаган қарғишларига эътибор берган, аниқроғи,  мағзини чаққан, пича таҳлил қилганмисиз? Тадқиқотчилар аҳоли орасида юриб,  халқ қўшиқ, лапар, удумларини ёзиб олишганидек,  қарғишларни ҳам тўплашса, ёмон бўлмасди, деб ўйлайман гоҳида.
   Бувим (ойимнинг онаси) дадамни бот-бот, ҳар гал янги ибора, ташбеҳлар билан қилган дуойибадларини эшитиб, шундай хулосага келганман. Уларнинг аксари ёдимда михланиб қолган.  
«Ҳа, оғзи-бурнингдан қон келсин, лаҳатга кўндаланг бўлгур - сан таги паст, кўрнамак!»
«Уйингга ўт тушсин-у, тил тортмай ўл: мурдашў ўлигингни ювишдан ҳазар қилсин, тобутингни кўтарадиган одам бўлмасин!»
Баъзан замонга мослаштириб қўядиган одатлари ҳам йўқ эмас: «Апараста пайтида жонинг узилсин! Моргдагилар адашиб, қавмларингга аёлнинг жасадини бериб юборсин!»
 Дадамни, илк бор, мактабга борган йилим таниганман.  Дарсдан чиққанимизда, эшик олдида бир амаки баримизга синчиклаб тикилаётганлиги, аниқроғи, кимнидир излаётганини сезиб қолдик. Унинг  нимадандир ҳадиксираганча, жовдираган, аммо, битмас-туганмас меҳрга тўлган нигоҳлари, бўйчан қомати,  жуда танишдек эди.  Бир маҳал у киши тўғри менинг олдимга келди.
- Сан, Суннатулломисан?- сўради хавотир аралаш табассум қилиб..

 

АЛВИДО... ЖАМИЛА. "Калвак махсум номалари" асаридан

 



НОМА № 10


Умримда биринчи бор шундай кутилмаган, нохуш ҳолатга тушган
эдим. Миям фалажланиб, идрокимга итоат қилмай қўйганди, содир
бўлаётган воқеликнинг фаҳмига етмай қолгандим.
Ҳаво совуқ бўлишига қарамай, ташқарида, ички кийимимда,
тўнтариб қўйилган пақир устига ўтириб олганимнинг боисини билгим
келарди. Қизим – Сухайло фарёд чекиб, дилхун бўлиб йиғлар, мен эса
ўзимча уни уришардим: “Нимага бақирасан, тентак?” Ўғлим мени
бағрига босиб, дил тўла дард билан бақирганини ҳам тушимми,

КАЛВАК  МАХСУМ НОМАЛАРИ

 НОМА № 15


Рўзи якшанба раста кезиб, хотунга ваъда этғоним атир уполар, бо
ин жумла зебу зийнатларнинг нархи баландларидан якчандини харид
қилдим. Инчунин, балаларга ҳам бисёр нозуктаъблик ила сайлаб-
сайлаб либослар олдим.
Чиқиб равона бўлар маҳалим, ногоҳ ўша сочлари аппоқ, локинда
башараси ҳабашга қиёс бўладурғон фолбин заифани кўрдум. У
каминани танимади, локинда дағе келиб савол қилдики: “Сан ўзбек
ёки тожик?” Дедимки: “Фолбин бўлсанг, ўзунг топ”. Деди: “Гап бунда
йўқ. Аларни ажратмоқ бисёр мушкул кечур. Магарам, қўл берсанг,
бахту тахтингдан фол очур эрдим”. Жавоб қилдим: “Бир карра очуб
эрдинг, рост чиқмади”. Андак қаҳрга миниб деди: “Сан тўҳмат
қиладурсан, мани айтғоним зинҳор ва зинҳор дурўғ чиқмас”. Бад
бўлғон ҳангомани гапуриб бердим, яъне, ул айтғон заифа илло
ташриф этғонини, локинда каминага меҳр бермай, боз узлатга
чекинғонини баёни арз қилдим. “Айб ўзунгда, забон керак эрдики, ул
нозанинни қўлга киритсанг. Сабр қил”. Фолбин халтасини бир муддат
тит-патит қилиб, хат чиқорди. Дедики: “ Ман Худонинг иродаси
бирла иссиқ-савуқ ҳам қиладурман. Бул қағозни анинг киссасига сол
ёинки, бирор буюми арасига қўй”. “Манга керак йўқ, инкор қилдим.
Йигирма беш йил ўтди, завжаи меҳрубонимга хиёнат этмадим,
иншооло бундан сўнг ҳам зинога йўл бериб, гунаҳкор ўлмасман”.