четверг, 11 декабря 2025 г.

 

САРҲИСОБ - 37


Ҳарҳолда, биринчи бўлиш шарафли. Тарих Колумб, Гагарин, Амстронг сингари биринчиларни унутмайди ва шарафлайди.
  Биринчи бўлиш бағоят қалтис ҳам. Бу номаълум сўқмоқларда сени нималар кутайтганини қаердан ҳам биласан, ахир?!
   Мабодо, менинг “Буни ҳаёт дебдилар” деган романимни ўқиган бўлсангиз, асар ўғлим − Улуғбекнинг паррандачилик фабрикасидан кетиб, хусусий ветеринария дорихонаси очиш ҳаракатига тушгани билан хотималангани ёдингизга тушади. У Самарқандда биринчи бўлиб, шундай дорихона очди. Аммо ишини ўнглаб олиши учун ўн йиллар ўтиб кетди.
  Ҳозир бу дорихонани кичик ўғлим Фируз бошқаради. Улуғбек хусусий корхона очди;  у ветеринария дори-дармонлари, товуқлар учун комбикорм ишлаб чиқариш билан банд.
   “Дом”да зериккан пайтларимда Фирўзнинг дўконига чиқиб ўтиришимни, таниш-нотанишлар билан гаплашишимни айтган эдим. Бунинг устига, ҳавонинг кескин совиб кетиши, светнинг бот-бот ўчиши ўта нохуш эди.
    Назаримда бизда энергия кризиси бошланаётганга ўхшайди. Чунки электр таъминоти йилдан-йилга оғирлашаябди.


    Зеро бу − алоҳида мавзу...
    Тингловчидан кўра гапирувчи, ўқувчидан кўра ёзувчи кўпайган ҳозирги шароитда, эҳтимол, пайт пойлаб, жимгина кузатган киши ютиб чиқар... Аммо умр ўтиб кетаябди. Ҳаёти  кимгадир ибрат ёки сабоқ бўладиган бандалар шу бадбўй дорихонага ҳам киришади-ку, ахир.
    Фарангларда шундай       нақл бор:  “Дунёдаги ҳамма  аптекаларнинг ҳиди бир хил”.  Бунда  медицина дорихоналари кўзда тутилган бўлиб, аслида, “Хўроз ҳамма жойда бир хил қичқиради”, дегандек,  маъжозий  маъно касб этади.  Аммо ветеринария дорихоналари уларга нисбатан  анчайин бадбўйроқ.  Чорва молларига мўлжалланган  баъзи  препаратлар аллергияга ҳам  сабаб бўлиши мумкин.
   Майли, мавзудан четлаб кетмайлик.

   ИДРОК  ЭТГАНЛАРИМ


ЖОНИВОРЛАР. АХИР УКАЛАРИМИЗ...

                              Сергей ЕСЕНИН



Бу гал диққатингизни қоқиўтга, ҳа, оддий қоқига қаратмоқчиман. Эътибор берганмисиз, у гуллаганидан кейин гулдон ўрнида юзлаб оппоқ «парашют»чалар ҳосил этади. Сўнг салгина шабада кўтарилиши билан ана шу «парашют»чаларнинг ҳар бири ўзидан анча оғир уруғни кўтариб, кўкка парвоз қилади ва аллақаерга бориб, «юмшоқ қўнади»…

Сиз уни ҳозирги замон «парашют»ларига таққослаб кўринг-а! Парашют юкни фақат юқоридан пастга олиб тушади. Қоқиўтнинг бағоят такомиллашган, физика ва аэродинамика қонунларига мос келадиган «парашют»чалари эса шамол кучи билан юқори кўтарилади ва узоқ йўл босиб пастга тушади.

Табиат қоқиўт уруғини тарқатиш учун қўллаган бу жараённи амалда татбиқ этиш учун ҳали кўп йиллар керак, албатта.

 

***

Инсон қадим-қадим замонларданоқ сайроқи қушларни хонакилаштирганини биламиз. Бугун бедана, булбул, каклик, канарейка сингари ўнлаб парранда турлари бизга эстетик завқ ато этади.

Лекин, негадир инсоният сайроқи ҳашаротларни қўлга ўргатишга эътибор бермаган. Ваҳоланки, улар орасида овози ширалилари оз эмас. Бунга қора чигиртка билан жизиллоқ (цикада)ни мисол қилиб олиш ўринли бўлар эди. Бу жониворларнинг дилкаш қўшиғидан дилим завқ-шавққа тўлган дақиқалар кўп бўлган. Қора чигиртка кўпроқ шом маҳали хониш қилади. Унинг бетакрор қўшиғини шаҳарларда ҳам тинглаб қолиш мумкин. Чириллаб қўшиқ айтиши сизга гоҳида чанг, гоҳида флейта оҳанларини эслатиб қолади. Жизиллоқ (уни саратон, ҳам дейишади) бир маромда ғижжак чалаётган санъаткорни ёдга солади.

Мен бир маҳаллар қора чигиртка билан жизиллоқни қутичага солиб, олиб юрганман, аммо улар тутқунликда хониш қилишмаганди.

 

***

Сиз уни бармоқларингиз орасига авайлаб олинг-у, ўзгача нигоҳ билан синчиклаб назар ташланг. Шунда, табиат чигиртка деган маҳлуқни зўр дид ва ҳафсала билан бунёд этганига ишонч ҳосил қиламиз. Унинг кейинги чайир ва кучли оёқлари отникига жуда ҳам ўхшаб кетади, кўзлари бургутникидай ўткир, ўмровлари кенг.

Бу жонивор вазиятга қараб юради, сакрайди, учади. Агар инсон ўз гавдасига нисбатан чигирткадай сакраганида эди, тўққиз қаватли уйнинг устидан ҳам ҳаккалаб кетган бўларди.

Биламан, сиз унинг зарари ҳақида кўп эшитгансиз, аммо табиат учун «зарарли» ёки «фойдали» фарзанд йўқ. Шу сабабли бу гал жониворни ўтлоқ орасига беозоргина қўйиб юборинг – ризқини топиб есин.

 

!

вторник, 18 ноября 2025 г.

 

ИБН СИНО ЁЗАДИЛАР...

 

Шарқнинг буюк олими Ибн Сино ўлкан табиб,  файласуф бўлиш билан бирга, истеъдодли шоир ҳам бўлган. Бир вақтлар тақсири оламнинг “Пирўзинома” асарини форс-тожик тилидан ўзбекчага таржима қилгандим. 1993 йили “Суғдиёна” нашриёти уни нашрдан чиқарганди.

 “Фарзандга ўгитлар” деган асаримни шунинг таъсирида ёзганман.

                          

                       *  *  *

 

 …Одил Анушервоннинг рўзғорида хеч нимарса ҳикматдан кўра қадрлироқ саналмасди ва ул аср ҳакимлари ҳам ҳаммадан эътиқодли ва қанаоатбахш эдилар.

Бир куни  Анушервон Бузургмеҳрни ҳузурига чорлаб, деди:

      Истардимки, мумтоз насиҳатлар тингласам, уларда сўзлар сиқиқ, маьно теран бўлса.

Бузургмеҳр бир йил муддат сўраб мазкур хикматларни жамлади ва уларни «Эзгуликнома» деб атади, ҳамда Анушервонга элтди. Унга (Анушервонга) маъқул тушди тасарруфидаги бир шаҳарни унинг (Бузургмеҳрнинг) хусусий мулкига илова этиб, ушбу каломларни зар ҳарфлар билан битишни буюрди. Китобни доим ёнида тутиб, кўп вақтини унинг мутолаасига бахш этадиган бўлди.

Бузургмеҳр сўзга оғиз очиб деди:

      Устозимдан савол айлардим, у жавоб қайтарарди.

Дедим:

     -- Эй устоз, худодан нима тилайинки, унда жами яхшиликлар жамул-жам бўлсин?

Деди:

      -Уч нарса: сиҳатлик, эминлик ва товонгарлик.

Дедим:

   -  Ишларимни кимга ишониб қолдирай?

Деди:

      -Ул одамгаки, асл шоҳиста бўлса.                                                      

 Дедим:

     _ Ким билан эмин бўлай?

Деди:

      +Ҳасадхўр бўлмаган дўст билан.

Дедим:

      +Биҳиштга сазовор киладиган нарса недур?

Деди:

      +Ёшликда илм олмоқ, ҳақ иши билан банд бўлмоқ.

Дедим:

      +Одамлар олдида мўътабар этадиган айб нимадир?

Деди:

      +Ўз ҳунаридан воқиф этмоқлик.

Дедим:

      +Дўст ношоиста ва номақбул чиқса, у билан орани қандоқ қилиб узмоқ керак?

Деди:

    +  Уч восита ила: зиёратига – кўришга кам бориш, ҳол сўрамаслик ва ундан хожат истамаслик.

 

ҲОЖИБОЙ ТОЖИБОЕВНИ ХОТИРЛАБ...



 Мустақиллик эълон қилингандан кейин Тожикистон бизга бир неча истеъдод эгаларини тақдим этди. Булар орасида Асқар Маҳкам билан Ҳожибой Тожибоевни алоҳида тилга олгим келади. Минг надоматларким, уларни ўз ватанларига тобутда олиб кетишди.
 Асқар Маҳкам ҳақида кейинроқ...
 Бугун Ҳожибой Тожибоевни хотирлагим келди.

                              *  *  *
   У саҳнада пайдо бўлиши билан одамлар тартибсиз кулабошладилар. Ҳожибой қаншарини қашиб қўйганди, кулги тағин авж олди.
   Унга гул тутқазишди. Ҳожибой гул ўралган газетани олиб, ундаги сарлавҳаларни ўқишга киришди.
   “Чўчқалар яхши семирмоқда”
   Залда кулги.
  “Прокурор пора олмайди”. 
   Кулги.
   “Доллар қадрсизланмоқда”
   Қаҳқаҳалар.
                                 *  *  *
    Ўзбекнинг ўзи қизиқ, ўзидан сўзи қизиқ,  давом этди у. Бир жойга меҳмон бўлиб борган эдик. Бир маҳал уйнинг эгаси кириб: “ Меҳмонжонлар ёзилиб ўтиринглар”, деса бўладими?! Йўқ, дедим мен, анаёққа  бораман.
                                      *  *  *
 Фалончи юрармиш, дейишади. А, юрадида! Ўтирсинми.
                                     *  *  *
   Зиядин шундай бораётган эди. Ҳалиги рақиб бир нима дедида
   Шундай орқасига қайтиб: “ Бир нима дедингми”   деб сўради ва жавобини ҳам эшитмай, битта калла қўйди. У чўзилиб йиқилди! Кейин футболингни ҳам, чемпионатингни ҳам қўйиб қўйдиб, деб чиқиб кетди.

 

БЕМОР

 

 

“Ассалому алайкум, ҳурматли тоғажон!

Ушбу номани қадрдон жиянингиз − Содиқжондан деб билгайсиз!

Саломатлигингиз яхшими? Янгам, жиянларим соғ-саломатми? Диссертациянгиз қийнаб қўймадими?

Мендан аҳвол сўрасангиз, ёмон эмас. Врачлар обдон текширишди, рентгендан ўтказиб, дори-дармон тайинлашди. Жуда меҳрибон, ғамхўр одамлар экан. Тузалиб кетсам, бирор йўл билан яхшиликларини қайтаришни кўнглимда тугиб қўйдим. Дори-дармонлардан кейин енгил таомларни баҳазўр ҳазм қиляпман. Доктор узум, анор, савзи шарбати ичишни тавсия этяпти.

Палатамиздагиларнинг ҳаммаси бир-бирига меҳрибон, ажойиб кишилар. Ўнг томонимда Ҳожи бобо деган мўйсафид ётадилар. Инқилобдан илгари – ҳали мендан ҳам ёш бўлганда тоғалари ҳажга олиб борган экан. Туяда, отда нақ олти ой йўл босибди. “Ҳозирги ҳожилар ҳожи эмас, — дейди у киши, — зув этиб самолётда бориб келади”.

Чап томонимда Владик деган бола ётади. Болалар уйида тарбияланган экан. Ҳеч кими йўқ. Владик биз билан камдан-кам гаплашади, китобдан бош кўтармайди. Ундан нарида Сергей деган амаки бор! Бир оёғи протез.

Даволовчи врачимиз Ҳакимжон ҳам мен тенги йигит. Жуда камтарин, виждонли. Ҳожи бобо аввалари қандайдир арабча китобни ҳамширалардан яшириб ўқирди. Ўша Ҳакимжон сезиб қолиб: “Қўрқмай ўқийверинг, ишимиз йўқ”, деди. Ҳожи бобо жуда қувондилар.

Тоғажон! Ортиқча тафсилотларни ёзиб, вақтингизни олаётганим учун кечиринг. Бу ерда одам зерикиб, нима қилишини билмай қолади. Шунинг учун бошқа одамларга ёзган хатларим ҳам узундан-узоқ. Дадамга ҳам икки варақли хат ёзиб, яқин кунларда тузалишимни айтдим.

Тоға! Илтимос, сиз у кишидан хафа бўлманг! Урушда бошларига осколка тегиб шунақа бўлиб қолганлар. Айниқса онам вафотидан кейин гоҳо тажанг, гоҳо камгап, ғалати… Аслида у киши сизни хафа қилмоқчи эмасди. Хуллас, ўша гапларни ёддан чиқаринг! Биз сиз билан фахрланамиз. Сиз авлодимиздан чиққан улуғ одамсиз. Мен Ҳожи бобога сиз ҳақингизда гапириб бердим, яқинда олим бўлишингиз ҳақидаги ҳикоямни қизиқиб эшитди. Ҳожи бобо ҳам тоғасини эслаб, мақтаб кетди.

Зиёратдан қайтишда юқумли касалликка чалинибди. Ўлатми, вабоми, шунақа. Карвонбоши, касаллик бошқаларга ҳам юқишидан чўчиб, тушиб қолишини талаб қилибди. Тоғаси унинг оёғига йиқилиб йиғласа ҳам кўнмабди. Ниҳоят, жияни билан ўзи ҳам қолибди. Тасодифни қарангки, касаллик тоғага ҳам юқиб, ўша ерда нобуд бўлибди. Жияни эса тузалибди. Уни чўпонлар топиб олиб, мадорга киргизишибди. У киши мазкур воқеани эслаганда хаста хирогойисини эслайди: “Эй сорбон, оҳиста рон, оромижонам меравад…” Кейин дилини ғусса босади, шекилли, икки қўлини боши остига қўйиб жимиб қолади.

Тоғажон! Шу лаънати касаллик сабаб бўлиб, чемпионатга қатнашолмай қолганимдан афсусланаман. Қатнашсам, албатта, ғолиб бўлардим. Кўнглим сезиб турибди. Ёдингизда бўлса, тоғдаги қишлоққа курашга борганимизда ўзингиз ҳам шундай дегандингиз. Қизиқ бўлганди ўшанда. Машинангизда уч соатгача йўл юрдик. Шунча тез ҳайдаган бўлсангиз ҳам биз кечикиб бордик – кураш аллақочон бошланган эди. Ҳар бир қишлоқ ўз полвони билан келганда бу ерга. Тўй эгаси ғолибларга қўй, эчки улашарди. Лекин катта полвонлар ҳали сабр қилаётганини, улар кейинроқ майдонга тушишини билмасдим, тоғажон. Сездингизми, каттақўрғонлик полвон ўртага тушиши билан оломон бир гувиллади-ю, кейин жимиб қолди. Полвон мағрур давра айланарди, каттақўрғонлик меҳмонлар атрофга беписанд назар ташлашарди.

понедельник, 17 ноября 2025 г.

 

ЗЕРИКАРЛИ ҲИКОЯЛАР. АЙИҚ ЭРГАШТИРГАН АМАКИ


- Дарё ёқалаб юрамиз,- деди хўжайин.
Айиқ одатдагидек, индамади. Сукут эса   аломати ризо эди.
Машиналар оқими бир зум  тин  олмайдиган шоҳкўча ёқалаб юраётган йўлларини ўзгартиришди: дарё соҳилига ўтиб олиб, юқорига ўрлашди. Бу - ноўнғай, машаққатли эди: қаршидан бот-бот ботқоқликлар, тўқайлар чиқар ва уларнинг  енгиб ёки четлаб ўтишга тўғри келарди. Соҳилда егуликлар топиларди - чаканда, ёввойи олча, олма…Гоҳида рўпараларидан деҳқон чайлалари чиқиб қолар, уларни нон, қовун ва бошқа егуликлар билан  сийлашарди. Айиқ эса турли  илдизпоялар, парранда тухумлари, жониворлар билан  нафсини қондирарди.

Хўжайиндан мудом нон ҳиди келиб турарди ( у белига нон боғлаб олганди). Сахий, хушфеъл эди хўжайин: бот-бот белбоғини ечиб, ўртага ёяр ва улар нонни сувга ботириб ейишарди.
Соҳил бўйлаб одимлашларининг сабаблари кўп. Улар бир нарсани - ватанлари ана шу дарё йўл бошлаган тоғлар орасида эканлигини унутишмаганди ва Зарафшон  она юртларига адаштирмай етказишига умид боғлашганди.
Икковлари ҳам ёшини яшаб, ошини ошаганлардан эди.
Айиқ етаклаган амакининг номи - Сафарали. Ёши етмишнинг нари-берисида бўлиб, пешона тери ва кўз ёши таъмини роса татиган; чайир, андак букчайиб юрадиган, ўртабўй киши. Айиқ (лақаби - Дар-дар)нинг ҳам елка суяклари бўртиб турганлиги, жунларининг дағаллашгани, ўта итоаткорлиги, кўзлари хиралашиб, тишлари тўкилганлигини кўрган киши русларнинг: «Старость - не радость» деган нақли фақат одамларга эмас, жониворларга ҳам тааллуқли эканлигига ишонч ҳосил қиларди.
Тақдир бу икки шўрликни бу томонларга улоқтириб ташлаганига ўн беш йиллар чамаси бўлиб қолди. Касбу кор, тирикчилик, аниқроғи, ўттиз икки  сабаб  барига. Айиқ ўйнатиб, нон топиш Сафарали учун - ота касб. Унинг бобокалонлари ҳам тоғдан ҳали кўзи очилмаган айиқ болаларини олиб келиб, бир қўлда қамчи, бир қўлда ширинлик билан, уларни йўлга солишган:  тил топишган, гаплашишган.

 

1 ҚИСМ: НОМА № 9. НОМА № 10

НОМА № 9

Ғайридинлар театрусини ҳам бир кўриб қўймоқ илинжи ва
ниятинда вақти бегоҳ марказ тамон йўл ихтиёр этдим. Кўрдумки,
аларда театруга иштиёқ чандон баланд. Тамошобин тирбанд эрди ва
ман чиптани бир савдогардан фалон пулга харид қилмоқликдан дигар
чора топмадим.
Театру ибратхонадур, дейдулар ҳазрат Беҳбудий. Бу гап ростдур
– алар жуфт-жуфт бўлуб, зебо либосларини кийиб келғон эрдилар, бу
салобатли иморатға. Бир-бирлариға тавозе, эҳтиром изҳор этур
эрдиларки, тенги йўқдур ва таъриф-у, тасаннога лойиқ.

Саҳнада Отелло отлиғ қаро араб пайдо ўлди. Бисёр боғурур,
серзарда, бадфеъл ва бадрашклиғи мана-ман деб турур эрди анинг.
Нимарса савдолар кечди-ю, исму-шарифи Дездемона бўлғон
завжасидан ноҳақ гумон пайдо қилди. Қисса кўтоҳ, анга дедики,
фалон рўмолчамни топиб бер. Боиси, ул рўмолчани дигар бир нохуш
мардак қўлида кўргон эрди. Аёл ҳарчандки қилди, сабил қолгур
рўмолчани пайдо қилолмади. Бадазон бу бадрашк мардак хотунини
буғуб, ўлдуруб ташлади.
Одамлар бисёр ва бисёр надоматлар тортдилар.
Ўзум ҳам андуҳ чекдим ва ногоҳ Марямхон хаёлимға рўё ўлди.
Боиси, Дездемона дегонлари ҳам Марямхондан сариқ соч, бўйун ва
елкалари аппоқ, нозук бир ҳилқат эрдики, таққоси йўқдур. Ҳай
баччағар Отелло, дедим фикран, бир рўмолча деб шундоқ нозанинни
қурбон қиладурсанми?! Ҳай-ҳай-ҳай...О ачош қилиб ёт, елкаларидан
муччи ол, ножинс. У яққа юмалат, ҳолиги ишни қил, бу яққа юмалат,
ҳолиги ишни қил...
Фикри ожизимча, бизнинг замонга келиб, бадрашклик хийла
камайди. Бунинг боиси бандага қаронғу.
Ҳамсоя деҳада бир галварснинг хотуни араб юртига пул топмоқ
илинжи бирла равона бўлғон эрди. Бадаз якчанд сана заифа тарафдан
доллар оқиб келадурғон ўлди. Нобарор эр денг, ўзидан кетиб, баланд
иморатлар солди, мошинларни қатор қилди. Бунисига тоқат қилса
бўлур эрди, аммо бадмаст бўлуб, чору-ночорларға нописандлиғ
намоён қилиб, аларни ҳақорат қиладурғон нобоп қилиқлар пайдо
қилди.
Бир хоксор муаллимимизнинг ихтиёрига хориж жаридаси тушуб
қолғон экан. Бундоқ варақ очса, анда араб бойнинг тўрт хотуни бирла
тушган суврати муҳайё. “Иби, о мана буниси бизнинг янга-ку,” дебди,

                                          7. БЕҲБУДИЙ ЁЗАДИЛАР

 

                                                      МАЪНАВИЯТ

 

    Тиётр нимадур? Жавобиға: тиётр ибратномадур. Тиётр ваъзхонадур. Тиётр таъзири адабиядур. Тиётр ойинадурки, умумий ҳолларни анда мужассам ва намоён суратда кўзликлар кўриб, кар ва қулоқсизлар эшитиб асарланар. Аччиқ бўлса ҳам ( у ) ҳақиқатни сўзлар.

 

                                                   *  *  *

 

    Сўзни(нг) қисқаси, тиётрхоналар масхарабозхона бўлмай, балки ибратхонадур... Бизни(нг) Туркистон ва Бухорода миллий тиётрдан асар йўқ эди. Муҳаррири ожиз “Падаркуш”ни ёздики, ўткан феврал ойинда Самарқанд,  Хўқанд, Бухоро ва Тошканд ва Каттақўрғон шаҳарларинда миллат нафи учун кўнгуллилар саҳнага қўюб, тўрт беш минг сўмни тўрт беш кечада жамлаб, мактаблар фойдасиға бердилар.

 

                                                   *  *  *

 

  Мажалла ва жаридаларнинг катта бир хосияти танқид, яъни сараламоқдир. Саррофлар ақчани, тужжорлар матони саралаганидек, муҳаррирлар ҳам умумий ҳол ва маишатга тааллуқли нимарсаларни саралайдурки, бошқа сўз ила “танқид” аталур. Масалан, янги мактаб ва муаллимлари ва анда ўқулатурғон китобларни маънан тафтиш этиш, андаги нуқсонларни баён этмоқ танқиддур. Таарруз (ҳужум) ва душманлик эмас, агарда шахсиятга тўқунмаса...

 

                                     ТИЛ  МАСАЛАСИ

 

   Азбаски араб ва форс маданияти, илм ва ҳунари турклардан зиёда ва ғолиб ва қадим ва ҳам туркларға ғолибан, маънан аскарияти моддатан ҳукмфармо (ҳукмдор) эди. Қозоқ шевасида келганда, энг содда туркий ва саҳройи, яъни ибтидоий тилни кўрармиз. У тил ила илмий ва ижтимоий ва фанний китоблар ёзиб еткуруб бўлмайдур...

 

                                             *  *  *

 

    Фарғонанинг Хуқанд ва бошқа шаҳарларида ҳам форсий ривожда бўлуб, уламо ва машойихни форсийга майли кўбдур... Хўқанд хони Умархон жанобларининг “Девони Умархон”иға форсий абётлар иншод қилинғониға қараганда, қадимдан бери Фарғонада форсий тилнинг жорийлиги маълум бўлур...

   ”Тилимиздан форсий ва арабийни қувайлук”, бу кўб енгил орзу, аммо ижроси мумкин эмас орзулардандур...Келар замон учун ҳозирланайлук, ўткан замон учун эмас.

    Она тили, она тили...Бу яхши орзу. Аммо тилсиз оналар тилига мактабий китоблар ёзилаберса, Андижонда ёзилгани Бухорода, Авлиёотада ёзилгани Қаршида англашилмайдур.

 

                                                *  *  *

 

    “Ойина” муҳаррири тарафиндан 19 адад “Шўро”да ёзилган сўзларнинг мазмуни шул эди: фикри ожизимча, туркистонийларнинг сарт аталиши сабаби маълум йўқдур. Бу исм шимол халқи, яъни қозоқ ва татар қардошларимиз тарафиндан Туркистоннинг шаҳар халқига берилган исмдур.

 

                                          *  *  *

 

  Вамбери жаноблари ёзадурки, “Сартларни Бухоро ва Хўқандда тожик атайдурлар. Инчунин жаноб Лазарь Будаговни, Шайх Сулаймон Бухорий жанобларининг лўғатларидан маълум бўлурки, “сарт”лар аҳли форс ва тожик эронийлардан иборат бўлса, холбуки, эронийлар форс ва тожикдурлар.

 

                                              *  *  *

 

   Самарқанд вилоятининг расмий таҳрир нуфусиға  1894 санада шул тариқа қайд бўлинган: ўзбеклар 39 000, тожиклар 200 000, қозоқлар 210 000, араблар 30 000, афғонлар 2000, оврупоилар 18 000, яҳудийлар 4000, жўги чангоналар 2500... ( қани сартлар?)

 

                                               *  *  *

 

   Азиз биродарлар! Ҳазрати Али афандимиз буюрадурларким:...”Эй мусулмонлар! Болаларингизға келар замон илмини ўргатингиз! Зероки аларни Худо таоло халқ этди, сизни замонангиздан бошқа, яъни келар замон учун”... Юқоридаги сўз шундай бир қийбатбаҳо  ва пурмаъно ва кераклик сўздурки, ёлғуз анинг ила биз мусулмонлар, омил бўлсак (риоя қилсак) эдик, бутун дунё ва охиратимиз обод бўлур эди.

 

                                                                     

суббота, 15 ноября 2025 г.

“ҲОДАРВИШ ШАМОЛИ”


   Бағоят зукко, нуқтадон дўстим,  раҳматли Миршариф Хўжаевнинг шу номдаги романи, унинг  фарзанди Жаҳонгир ( ўғил керакдир йигитга) ва қадрдон жўраси Ғайбиддин Фазлийнинг сай-ҳаракатлари билан босмадан чиқди.

    Миршариф бу асарни ўн йиллардан бери ёзаётганлигидан хабардор  ва  унга интиқ эдим. Асар ҳужжатли, автобиографик бўлиб, ундаги аксар веқелар, одамлар менга таниш ҳам эди. Асар илк саҳифалариданоқ менга Жек Лондоннинг “ Мартин Иден” романини эслатди. Зеро, Миршарифнинг ҳаёти ҳам уқубатли, ғалвали бўлганини билардим. Тасаввур қилинг: ўсмирнинг, урушдан сўнгги йилларда, ўгай ота ва тирикчилик хўрликларига чидолмай, уйдан бош олиб кетиши ва ҳаёт деган шавқатсиз кураш майдонига кадам қўйиши жўн журът эмас, албатта.

четверг, 13 ноября 2025 г.

 

1 ҚИСМ: НОМА № 7. НОМА № 8

НОМА № 7

Кўча кезар эрдим, бир маҳал кўрдумки, аламон якчанд қизил
байроқларни бардор-бардор қилиб саф тортиб юрур ва аларнинг кети
кўринмайдур. Ё навзанбиллоҳ, тушумми, ўнгум: сафнинг пеш
қаториндағилар доҳий Ленин, Сталин суратларини кўтариб олғон
эрдилар. Ёзувларни ўқудум: “ Яшасун коммунизм!” “Дунё
пролетарлари бирлашинглар” ва дигар. Лоп қилиб, ёдимға балалигим
тушди.
Ийд кунлари Регистондан парад ўтур эрди, аҳли шаҳр худди
шундоқ ялавлар ва шиорлар тутур эрдилар. Алар ҳам Ленин, Сталин
бирла экки серсақол бобойни суратини олиб ўтур эрдилар. Ва роҳ-
бароҳ “Яшасун! Яшасун!!!” деб авоз берур эрдилар.
Ҳайрон қолдимки, Московда ҳозир ҳам шундоқ йўл тутур
эрканлар. Ҳайратим ҳамда завқим чандон авж олиб, алар бирла ёнма-
ён йўл босдим.

Аламон бир майдонга келиб, тўхтади. Бадазон авози бисёр дағал
бир мардак минбар миниб, гап бошлади. Кўп суханини чақмоққа
фаҳмим ожизлик қилди, аммо ўтган замон бисёр яхши бўлғонлиғини
таъриф қилди. Нон фалон, сариёғ фалон пул эрди, яъни бисёр
арзончилик замони эрди, деди. Юраги отнинг калласидак чоғи, бу
ҳукумат борини расво-ю радди қилди, деди баччағар зарра чўчумай.
Бад ғала-ғавур қўбди, минбар аҳли эҳтиром кўрсатиб, роҳ бердилар ва
минбарга...ё навзанбиллоҳ, ўнгумму, тушум доҳий Сталин чиқдилар.
Дилим фаҳмлаб турубди, сиз бовар қилмаябсиз, бу авсар
Калвакнинг кўзига инсу-жинс кўрунган, ё шўрлук девона бўлган,
деган хаёлдасиз. Бисёр бад кўрганим қасамхўрлик, аммо ялғон
гапурсам, майли шу хобгоҳим чаппа бўлсин-у, ман такка қолай.
Эмди доҳий Сталинни салобатларини билурсиз. Мўйлабларини
аста тоб бериб, оғур қадам қўйуб чиқдилар.
Бир замонлар калхозимиз ҳам, мактабимиз ҳам шу зотнинг
номларида бўлуб, экки жойда ҳайкаллари муҳайё эрди. Идора
рўпарўсидаги ҳайкал, шу шапкалари, шу либослари бирла қўл узотиб
турур эрди. Аммо таажжуб этардикки, доҳий не боис қиблага ишора
қилмай, Абулқосими тўқумни ўйини кўрсатур. Мактабимиздаги
ҳайкалларида белдан пастлари ҳам, қўллари ҳам йўқ эрди ва мардуми
нохонда бундан таажжуб этарди.
Қисса кўтоҳ, доҳий Сталин минбар минишлари билан аламон
жимиди. Шивир-шивир қилдилар. У киши хатман дона-дона қилиб,
зеру-забарни жойига қўйуб гап бошладилар. “ Иншоллоҳ, биз
шўролар давлати ва боз ҳукуматини қайтадан бунёд этурмиз.
Сарҳадларимиз бо тағин буяғи Афғонгача, буяғи Оврупо киндигигача
борадур! Шундоқ боқудрат мамлакатни барбод этганлар қонун
олдида жавоб берурлар! Биз боз мактаблар, духтурхоналарни бепул
қилурмиз! Яшасун ишчи-деҳқон фирқаси!”
Одамлар “Яшасун! Яшасун!!!” деб авоз кўтардилар.
Доҳий Сталиндан кузумни узмайманг, денг. У иши ўтурдилар.
Башқаси чиқди. Бу юзунг қурғур бетамиз сасиди. “ Ўзи нима гап?
Москов Осиёдан келғон японғи ясонғи саҳройилар билан тўлуб кетди.
Қандоқ ночор, нобарор ҳукуматки, бу чиркинакларни чиқориб пеш
қилмайдур?! Далой, далой!”
Во занғар, ифлос. Ҳиқилдоғинг кесилгур! Машойихлар
демишларким: эгри мўридан тўғри тутун чиқмайдур! О сан ҳароми
ўйлаб кўр – бозорларингни алар фаровон қилсалар, ўй қуриб
берсалар, мошин ҳайдасалар...шу бўлдими яхшиликка ямонлик. Ўзунг
майнўшлик ила банд ўлсанг. Ҳамшираи зорингни кўрай сани...Фикр
қилдимки, бобомиз Сталин шу дам анинг оғзига урурлар. Аммо ул
зоти олий ўша вазминликлари бирла ўтурдилар.
Бир маҳал денг, Сталин жойларидан туруб, панага ўтдилар.
Тикилиб турдим. Воажаб, у киши уяқ-буяққа ўғрунча қарадилар-у
мўйлабларини узиб олдилар. Бадазон сочларини ҳам бир ҳавуч қилиб
олдилар, либосларини янгиладилар. Қарасам бинниси қизорган бир
урус. Вой, хуноса, вой сани бетингга аёғим, дедим. Шундоқ ҳам
алдайдурми одамни. К...фурушни андоқ нафратладимки, ҳадди йўқ
Хонамга кайфияти тирриқ бўлуб қайтдим.

НОМА № 8

Аниқ эсимда турубдур, ўтган чаҳоршанба раста кезиб юрур
эрдим, бети ҳабашдек қап-қаро, локинда сочлари аппоқ бир жўги
заифа (алар сиган деюрлар) бандага рўбарў бўлиб, дедики: қўлунгни
берсанг, кафтингга кўруб, омаду ноомадингни айтиб берур эрдим.
Буларнинг мўлтони фолбинлари ҳам ўзимизники мисол хира
пашшадур. Дедимки, манга ором бер ва йўлумдан кет, фолга зинҳор
ва зинҳор бовар қилмасдурман. “Ишонмасанг ҳам ихтиёр ба дасти
Бахтиёр, деди ул хотунча, аммо суханимга қулоқ тутсанг бас.”
“Гапур.” “Сан Ўзбакистондан келган.” “Тўғри,” иқроримни изҳор
қилдим. “Бу жойдаги жўра-ю, қавмлардан хабар олмоқни мақсад-
муддао қилгансан.” “Иби, топдинг,” дедим андак ҳайронлик ила.
“Андоқ ўлса, эмди қўлунгни бер, қолғон қизиқларини гапурурман.”
Рози ўлуб қўл узотдим. У кафтимга боқиб фол бошлади. “Вай-бай,
деди, санда гап кўп ва қайбирини, қандоқ баён қилмоқ манга
жумбоқдур.” “Гапур, гапур”, бир рубл берурман,” дедим хоҳишим
ошуб. “Бадаз нақ бир ҳафта ҳаётингда бисёр қизик воқеа бўлур. Боз
экки рубл узот, шунда гапирурман,” деди шайтон. Ман айтгонини
узотдим. Заифа давом берди. “Ҳафта ўтмай бисёр боақл, нозанин
жувон бирла танишурсан ва ани севиб қолурсан..” “Қоч-е, дедим
қўлумни тортиб, эмди эликка кириб миям айнийдурми? Ман
жинними? О ўттуз йиллик тоат-ибодатим кўюрму, Самарқандда
хотун, бала-чақа, дегандак”.
Боз йўлда давом бердим. Аммо фикру-зикрим хуноса жўгининг
фоли бирла банд ўлди. Лаппи рост чиқмасун, деб хавотир ҳам олдим.
Шу-шу кун санайдурғон, хушёр турадурғон ўлдум. Ҳафта ўтди ва
фолбинни хаёлимдан қарийбки фаромуш қилдим. Чаҳоршанба,
панжшанба, жума ўтуб, шанба бегоҳи ўтуруб эдим, ногоҳ бир заифа
чой кўтариб кирди.
Бу жувонни аввол кўрган эрдим, навбатчилик қилур эрди ва
магарам хотирам панд бермаса, ҳафтада бир-экки келур эрди.
Анга таъриф берудурғон ўлсам қирқ ёшларнинг нари-берисида,
сочларинин сариқлиги асл уруслигидан далолат, аппоққина, на ариқ
ва на семиз, валек бисёр-бисёр хушфеъл, хушсухан эрди. Дилим
нимагадур “жиз” қилди ва фолбин заифани эсладим.“ Тақсир, деди,
бадаз салом-алек, ман сизга чой келтурдум. Сиз - осиёлик мўминлар
кўк чойни бисёр хуш кўрурсизлар.” “Буни қаёндан билурсиз”, савол
айладим, андак табассум ва хоҳишмандлик ила. “О, ман ҳам
Ўзбакистонлик – Оҳангаронда туғулганман. Тошканда ўқуган эрдим.
Бир муддат муаллимлик қилдим, бадазон газитда ишладим. Ўзбекка
теккан эрдим, бечорани ўлдуриб кетдилар. Кун кўрмоқ душвор ўлди
ва ман кўдагимни кўтариб Масковга келдим.”
Диққат қилсам, гаплари дилдан. Шу алпоз гапзанон қилдук. Ана
ақлу идрок, ана диду фаросот, дейман ўзумча, анинг гапларини
тарозуга тортуб. Жувоннинг лаблари андак бўёқ, қошлари салгина
сурма кўргани боис хушрў бўлиб кўринур эрди. Бизни аёллар бир умр
мол-ҳол, бала-чақа деб пардоз қилмаслар ва бу хатодур, фикр қилдим
ўзумча. Исми шарифи Мария эконлиғини, аммо раҳматли эри Марям
деб атағонини ҳам ёшурмади.
Бундаги юмушлари, тириклик тарзини савол айладим. Ул шукри
худо қилди. Ялғуз қизи бирла рўзгурзонлик қилмоғини, экки жойда
ишламоғини гапурди. “Бир кўрушда сизга меҳрим тушди, раҳматли
эримга бисёр ва бисёр монанд эркансиз”. Бу сухан каминага ёғдак
ёқди. “Ман ҳам ул ҳафта сизни кўруб, фариштасифатлигингизга бовар
қилган эрдим, экки бор тушумга ҳам кирдингиз”, ўзи кечирган
бўлсин-у, жилла ялғонни қўшдум.
Дигар гап бўлмади. Аммо шаби дароз ўйқум келмай, ани фикр
қилдим. Бай-бай, либослари қандоқ зебо, бақ-бақалари аппоқ, хушбўй
исларини ман гапурмай, сиз эшитманг..Эй Худо, ўзунг кечиргил.
Тун ўтуб, заифа боз келди ва андак ўзумни йуқотмоқдан бери
бўлдум. “Ман чойнакни олғони келдим,- деди, ўша ширин такаллуф
ила. Эмди бадаз ҳафта келурман. Соғ бўлунг ва кетиб қолманг”.
Анинг ижозати бирла тилифонини ёзиб олдим.
“Бандасининг ўнг елкасига Раҳмон, чап елкасига шайтон турур,
деган эрди, ўша - фоҳишанинг бағалида бандаликни бажо келтириб
қўйғон имом-хатибимиз, Раҳмон сани тўғри йўлга солур, шайтон
аксини қилур”.
Фикр қилдимки, ман андак шайтон вас-васасига тобе бўлдум ва
эмди ҳушумни йиғмоғим жойиздур. Боз фикр қилдимки, нечун
Қуръони Каримда тўрт хотунга ижозат воқе. Не-не буюк зотлар ўндан
зиёд хотун, канизак олғонлар. Зеро Калвак ҳам аларнинг авлоди-ку!
Бирор шинос мўмин-мусулмон хабар топмайдурғон, бегона шаҳарда
андак кўнгилхушикка йўл берсак, осмон узулуб ерга тушурму?!.
Бунинг завқу- шукуҳи баҳад-ку! Бобур ҳазратлари ёзадиларки: “Айб
этма, эй рафиқ”. Ул зоти бобаракотнинг ҳам хотунчалари якка-ялғуз
бўлмагандур.
Ўйга сим қоқиб, хотунга ширинсуханлик қилдим, сиҳатлигимни
дедим ва бисёр зарур юмушлар кўпайғони боис боз бир муддат
қолмоғимни гапурдим. Соддадил заифам ишонди.
Тушумда бисёр баланд тоғ эрмиш. Марямхон анинг юқорисинда
турур, ғарибни чорлар, ман ул парипайкар сари иштиёқ ила интилиб
турғон эканман. Марямхон ноз, ишва бирла бесабр даъват этар эркан.
Бир маҳал ҳов қуйига назар ташласам, хотуним балани кўтариб, манга
ишоралар қилур эрди. “О дадаси, деркан, сиз девона бўлдингизму?
Нима бу? Қариликка йўрғаликму?”
Бадазон ўйғониб кетдим.
Раҳмонга қулоқ берурманми, шайтонга ва тоғнинг нақ белида
қанча сана турурман, ўзумга ҳам аён йўқ. Буни Яратган билур ва биз
пешонада борини кўрурмиз.