суббота, 22 февраля 2020 г.

Сарҳисоб - 9


Дорулбақога бевақт равона бўлган биродарларим ҳақида ҳикоя қилишга сўз берган эдим. Улардан бири Фазлиддин Султонов эканлигини ҳам айтганман.  Раҳматли туманимизнинг Андижони қишлоғида яшарди...Асаларичи эди. Сув қилиб ичган эди бу соҳани.
   Дарвоқе, сайтда эълон қилинган “Омадсизлик” деган ҳикоям шу ашраф инсонга бағишланган, аниқроғи у кишининг образини яратишга ҳаракат қилганман. Ҳикояни ўқиган кишилар  сарҳисобнинг мазкур бобини ўқимаса ҳам бўлади.  Боиси, талай ҳолатлар, кечинмаларни такрорлашга мажбур бўлганман.

    Қишлоқнинг номидан маълумки, бу ердаги мардумлар бир замонлар, тақдир тақозоси билан Андижон музофотидан келиб қолган кишилардир. Балки Бобур аскарларининг қолдиқларидир улар. Ўн еттинчи асрда амир Шоҳмурод томонидан кўчма қилинган, деган гаплар ҳам юради. Аниқ маълумот йўқ. Аммо бу воқеага бир неча асрлар бўлгани аниқ. Боиси, бу ердагилар батамом тожиклашган. Мактабларида  ҳам тожикча ўқитишади. Ҳатто, андак тожикпарастлик ҳам қилишади. Паспортига “ўзбек” деб қайд этган тожикларни мазах қилишдан қайтишмайди.
   Етмишинчи йилларнинг охирларида ( ўтган аср) ишимда бир чалкашлик бўлди ва  “Қишлоқ ҳақиқати” раҳбарлари  ариза ёзишимни талаб этишди. ( Бу хусусда “Мен мухбирман” китобимда батафсил ёзганман).  Иш дараклаб юрган кунларимдан бирида Фазлиддин ака шерикликка таклиф қилиб қолди. “ Сизда тажриба бор, анча мунча қутиларингиз ҳам. Мен ари уяси бераман”, деди.
   Ўша баҳор ариларни Тожикистон томон олиб бордик. Бу ерда Фазлиддин аканинг биродарлари кўп бўлиши устига, ёнбағирларда  гул ҳам сероб эди. Бу ердан баракали асал олдик.
   Ёзга келиб, ариларни Косон туманига қарашли янги совхозга кўчирдик.  Чўлда ҳам  у кишининг биродарлари кўп экан,  шароит яратиб беришди.
    Аммо  мен, мавзудан жилла чекиниб бўлса ҳамки, янги жойда содир бўлган бир воқеа ҳақида ҳикоя қилмоқчиман.

   Тележкаларни  чўлдаги   пахтазор чеккасига қўйган эдик. Бир куни кечга яқин дала қоровули бўлиб ишлайдиган танишимиз саросима ва ташвиш билан келиб, Фазлиддин акадан алланимани илтимос қилиб қолди. “Бўбди, бўбди, деди у киши ва менга мурожаат қилди. Муаллим ( мен бирор соат ҳам мактабда ишламаганман, аммо кўпчилик,  “муаллим” деб мурожаат қилишга кўниккан, ҳатто хотиним ҳам...) деди у киши,  мошинни ҳайдаб келинг, бу кишининг аёлини дард тутибди”.
  “Жигули”ни ўт олдириб, қоровулнинг чайласи томон ҳайдадим. У хотинини суяб чиқди ва орқа ўриндиққа жойлашишди. Мен Косон марказига олиб борадиган йўлни  айтиб туришни эслатиб, газни босдим. Катта тезликда, тахминан икки уч километр юрган эдик, аёлнинг дарди кучайди, қоровул безовта бўлиб, тезроқ ҳайдашимни сўради. Шу пайт денг, кутилмаганда  панадан, ГАИ ходими ўртага чиқиб, зарда аралаш таёқчаси билан йўл чеккасига ишора қилди. “Ҳайданг, деди, қоровул ҳамширасини буларнинг...”   Мен тезликни жилла сусайтириб, унинг ёнидан ўтиб олдим ва тезликни тағин оширдим.  Кўча миршаби буни нописандликка йўйди ва қаҳр билан мотоциклига миниб, орқамдан тушди. Мени хавотир босди. У пайтларда йўл миршаблари анчайин жоҳил бўлишарди.   Машинам  Самарқанд номери билан юргани устига, ўзим ҳам эски жомакорда эдим, пул ва ҳужжатларим костюмим чўнтагида қолганди. Бундай пайтда бу жоҳил қўл кўтариши ёки  қўлимга кишан солиши ҳам ҳеч гап эмасди. Шунинг учун мени қувиб ўтмоқчи бўлган пайтда йўлини тўсишга ҳаракат қилдим, у эса баттарроқ жаҳлга миниб, бизни таъқиб этарди. Туғруқхонага етиб борсак, уёғи бир гап бўлар деб ўйлардим ўзимча. Костюмимнинг чўнтагида журналистлар уюшмасига аъзолигим ҳақида мандатим ҳам бор эди. Жуда бўлмаганда,  бошлиғига кириб, масалани тушунтиришим мумкин,  деган мавҳум юпанчим ҳам йўқ эмасди.
   Туғруқхона ҳовлисига тўхтатик ва иккаламиз аёлни олиб кирдик. Ҳамширалар ёрдамга келишди.  Коридорда  қанча турганимни эслолмайман. Бир маҳал ташқарига чиқсам, йўл миршаби етиб келиб, машинам номерини ечаётган экан. Унинг олдига бориш бормасликни ҳам билмай иккиланиб турдим. Кейин бориб, салом бердим. “Документни олинг”деди у жавобан қўрслик билан. Шу пайт кутилмаган ҳол рўй берди. Ичкаридан бир неча  ҳамширалар шодон қийқириб келиб, суюнчи сўраб қолишди. Йўл нозири ҳам ажабтовур жилмайди. “Чақалоқнинг тоғаси мана шу киши бўлади”, дедим  миршаб томон имлаб, суюнчини бу одамдан олинглар”.   Нозир иккиланиб қолди, сўнг машина номерини охиригача ечмай, мотоциклини ўт олдирди ва жўнаб қолди. Аммо қизларни ноумид қайтармадим. Кабинаада бир банка асал бор эди,  узатиб юбордим.
   Докторлар кутиб туришимизни сўрашгани учун, қоронғу тушгунча турдим ва аёлга қарашган ҳамширани Пўлати қишлоғига элтиб қўйдим.
  Қайтиб келиб, саргузаштни Фазлиддин акага гапириб берган эдим, у киши мазза қилиб кулди. “ Ҳикоя қилиб ёзадиган гап бўлибдику, деди  ва қўшиб қўйди: Жуманиёз Жабборов деган шоир шу қишлоқдан,  у кишининг уйида меҳмон  бўлганман. Бу қишлоқда кексалар бир бирлари тожикча, ёшлар ўзбекча гаплашишади”.
   Кейин, эшитишимча,  чақалоқни ҳамма Асалой деб атайдиган бўлибди. Ҳужжатларда ҳам шу номни  қайд қилишибди.
    Фазлиддин ака форс-тожик ва ўзбек классик адабиётидан хабардор инсон эди. Тожикистон томонларда бўлганимизда Рудакий, Саъдий, Ҳофиздан шеърлар ўқиб, гоҳида адабиёт муаллимларини ҳам изза қиларди. Ўзбек давраларида эса Муқимий, Машраб шеърларидан ибратли мисраларни такрорлаб турарди. Фазлиддин акани ҳамма жойда танишар ва эҳтиром ила кутиб олишарди. У киши кузда бир неча бочкаларга вино ва мусаллас ётқизар ва қиш давоми уйидан меҳмон узилмасди.
   Фазлиддин Султонов 78 ёшида инфактдан жон берди.
   Мени кўп ўтмай устоз Асқад Мухтор янгидан ташкил этилган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”газетасига ишга таклиф этдилар ва мен ариларни ўғлим Мирзога топшириб, Тошкентга йўл олдим. Мирзо Фазлиддин аканинг ўғиллари билан бир неча муддат ари боқди.
Ўзим бўлсам,  газета, журналларда асаларичиликка оид маслаҳатлар, бу мўъжизавий жониворнинг ҳаёти ҳақида бадиалар ҳам ёздим. Улардан бирини эътиборингизга ҳавола этмоқчиман.
х  х х
Одатдагидек, борлиққа фараҳбахш шуъла таралиши билан оилада безовталик, бесарамжонлик бошланди. Ҳамма ҳам ўзига ёд бўлиб кетган хизматни сид­қидилдан, беминнат бажаришга киришди.
Бу оиладаги юмушлар шу қадар беададки, эрта тонгдан қоронғу тушгунча, баҳордан қора совуқлар бошлангунча тиним нималигини билмай ишлашса ҳамки, чексиз ташвишларнинг охири кўринай демайди. Ҳатто тунда ҳам, қаҳратон қишда ҳам ишлашга тўғри келади. Табиатнинг яшаш учун кураш қонуни, оиланинг темир интизоми, тирикчиликнинг жамики таомиллари шунга даъват этади уларни!
Салтанат бекаси шоҳ бу тун ҳаловат топмади. У сўнгги йилларда анча кексайиб, кам уйқу, ҳар нарсадан ҳадиксирайдиган бўлиб қолганди. Бу тун ҳам аллақандай хавотирдан уйқуси ўчиб, ўзига тегишли мулкнинг бир қисмини кўздан кечириб чиқди. Назарида – қаердадир подшоликка даъвогар малика вояга етаётгандай бўлиб туюлаверади. Йўқ, беҳуда шубҳаланган экан: оила осуда эди. Қоровуллар сергак турганлиги, ишчилар тунги сменада ҳам кундузгидай тиним билмай меҳнат қилаётганлиги унга таскин, тасалли берди.
Мана энди олдинда – тағин серташвиш тонг. Қоронғу тушгунча марафонча югурадиган кишидай бор қувват ишга солиниши, асаблар таранг бўлиши керак. Шоҳ бутун оила масъулиятини зиммасида тутиб туриши, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган инстинкт, интизом қонунларининг заррача бўлса ҳам бузилишига йўл қўймаслиги, ҳаммани назардан қочирмаслиги зарур. Бу – осон эмас!
Одатдагидек, бугун ҳам у ишни олти қиррали бежирим бешикчаларда вояга етаётган ёш авлодни кўздан кечиришдан бошлади. Катакдан чиқмоқчи бўлаётган аричаларнинг ини устидаги юпқа пардани очишга кўмаклашди. Индан чиққан аричалардан бирини завқ билан кузатди. Қанотларини енгил қоқаётган бу мурғак арича бугун ўйнаб-кулади: болалик гаштини сўради. Эртадан бошлаб эса ҳамма қатори меҳнат қилади, рўзғорга наф келтиради. Йўқ, болалик даврони учун бир кун жуда кам муддат эмас. Инсон умрига таққослганда, икки йилга тенг деган гап. Ҳа, бу жонивор (шоҳ билан эркак ари бундан мустасно) қирқ кунча умр кечиради холос. Захматкаш ишчи ариларнинг умрини машаққатли меҳнат қисқартиришини кампиршоҳ яхши билади. Бундан надоматлар чекади. Бу митти заҳматкашлар тақдирга тан бериб, ўша дашту далаларда жон берадилар. Ҳатто, жасадлари ҳам оила учун юк бўлишини исташмайди улар.
Шоҳ оиладаги қирқ минг ишчи арини, йигирмадан зиёд текинхўр эркакларни шахсан танийди, тақдирдан уларга омадлар тилайди. Ҳар оқшом оила жамулжам бўлганда, қадрдон гўшага қайтолмай йўлда жон берган ишчи ариларни эслаб қайғуради, уларни ибрат қилиб кўрсатмоқчи бўлади.
Шоҳ учун бунақа ташвишлар оз эмас. У тонг билан соқчилар ишини бир сидра кўздан кечириб чиқмаса – кўнгли тинчимайди. Чунки соқчилар ёш: тажрибасизлик қилиб бирор кори ҳолга йўл қўйишлари мумкин.
Соқчиликка навқирон арилардан мақбули йўқ. Улар ўз умрини шоҳга мулозимлик қилишга бағишлаган эркак арилардан ёки туллак бўлиб қолган кенжа ишчилардан афзал. Ёш арилар оиланинг ички ва ташқи талабларига хиёнат қилишмайди: мунофиқлик, дангасалик, айёрликдан нафратланишади.
Лекин шоҳ улардан кўп хавотир тортади. Чунки бу азаматларда соқчига хос ҳушёрлик, куч-қувват бор-у, аммо тажриба етишмайди. Оиланинг маккор душманлари бундан устамонлик билан фойдаланишади. Оила сардори бу душманлардан ҳамиша хавотирда бўлади. Улар озчилик эмас.
Бели ингичкадан келган сарғиш ари бор. Асалари бўриси дейишади, бу ёвузни. Кўпинча эшик олдида пойлаб туради-ю, нектар олиб келаётган арига ташланади. Жиғилдондаги заррадай ширинлик учун ўша ернинг ўзида нобуд қилди, бадгиркор! Бу жаллоддан хабар топган соқчилар югуриб чиқишади, аммо йиртқичга бас келиш осон дейсизми?! Бояқиш соқчилар бу нохуш хабарни зудлик билан маликага етказадилар. Аммо табиат жониворларга насиба улашаётганда, шу ҳолни раво кўрган бўлса начора?! Тўғри, бундай дақиқаларда шоҳ ҳаяжонланади, оилани ҳушёрликка чорлайди, нобуд бўлганлар ўрнига янги кучлар юборади, лекин душманга қарши ҳаммани сафарбар этолмайди. Бир-икки ари деб оила тақдирини хавф остида қолдириш яхши эмас-у! Гап фақат бунда ҳам эмас. Она табиат душманга қарши оммавий тарзда курашишни фақат чумолиларга ато этган.
Йўқ, маликаи тождорни ташвиш, таҳликага соладиган асосий рақиб бўри эмас. Ундан кўра каркунак хавфлироқ. Минг лаънатлар бўлсин – бу йиртқич паррандага. У асалари инлари устида парвоз этиб, бол ташиётган ариларни тутиб еяверади. Ишчи арилар жон талвасасида унинг комига ниш ҳам санчадилар, лекин бу жоҳилга заҳар кор қилмайди. Осмонда каркунак пайдо бўлиши билан соқчилар безовталаниб оилани огоҳ этадилар. Шунда шоҳ жонини ҳовучлаб туради. Йиртқичнинг қорни тўйиб, нари даф бўлмагунча арилар парвозини таъқиқлаш ҳақида фармон беради.
Бу ҳам ҳолва. Соқчиларнинг тажрибасизлиги, айрим ишчиларнинг бефаҳмлиги оқибатида гоҳида оилага варроа деган япон канаси кириб қолади. Ана шу балодан сақласин! Эпидемия! Ҳукмфармо аввал бу зараркунанда ҳақида тасаввурга ҳам эга эмасди. Ўтган авлоду аждодлар варроа нималигини  билишмаган. Чет элдан келиб қолган дейишади. Ўтган йил уч-тўрттаси хонага кириб қолган экан, оила йил давомида азият чекди. Ўша зараркунандани илаштириб келган лакалов арини лаънатлади, уни каркунак еб кетмаганидан, бўри ёриб ташламаганидан надоматлар чекди. Эшик олдидаги турган соқчиларни ҳам лаънатлади. Аммо энди булар бари бефойда эди. Каналар аллақачон исқирт эркак ариларга ёпишиб, уларнинг қонини сўраётган, кўплаб насл бераётган эди.
Бир кун қопқоқни очган асаларичи одатига кўра уларга сўз қотиб қолди.
– Эҳ, жониворлар, кана босибди-ку сизларни!
Унинг анчайин ноумид бош чайқаганини кўриб, шоҳ ўксиб кетди. Чунки умид ягона шу одамда эди. Хўжайин ҳар қандай душмандан кучли, тадбиркор эканлигини биларди.
У ҳақиқатан ҳам ишончни оқлади. Кечқурун арилар жам бўлгач, тирқишларни беркитди-ю, қандайдир мослама билан иннинг ичини қиздира бошлади. Жониворлар ҳали бунақа дўзахий жазирамага дуч келмаган эдилар. Вужудни қовурадиган қайноқ ҳароратдан ҳамма жон талвасасида уёқдан буёққа зир югурарди. Бардоши тугаган каналар эса беҳол бўлиб тутдай тўкила бошлади. Хўжайин уларни осонлик билан супуриб олиб, ёқиб ташлади.
Асалари жамиятини аслида шоҳ эмас, ишчи арилар тутиб турадилар. Кишилик жамиятидаги сингари тирикликнинг жами ташвишлари ана шу меҳнаткашлар зиммасида. Нектар ташиш, уни гул чангига аралаштириб, бол тайёрлаш, мумкатаклар ясаш, хоналарни тозалаш… эҳ-ҳе, чеки йўқ юмушлар. Шунинг учун ҳам шоҳ ишчи ариларнинг муттасил кўпайиб туришини истайди.
Лекин улардан ҳам огоҳ бўлиб туриш керак. Ногаҳоний бадгиркорликлари йўқ эмас. Бирор кори ҳолдан норози бўлиб қолишса, бадқаҳр оломонга айланишади. Агар оилада бошқа бир навқирон саркор пайдо бўлиб қолса, ишчи ариларнинг осойишталиги, албатта, бузилади. Чунки бир гуруҳ экстремистлар ўша томонга ўтиб олиб, номойишкорона гуруҳбозлик қилишади. Улар нима талаб қилишаётганини ўзлари ҳам аниқроқ билишмайди, аммо иш ташлаб, шовқун-сурон кўтариб, оила тинчини батамом бузишади. Ҳаёт ритми шу тариқа издан чиқади. Шуниси ёмонки, бу оломон гоҳида ҳокимиятни ҳам қўлга олади. Кейин собиқ шоҳ ва унинг яқинларига нисбатан адолатсизликлар қилишади.
Ҳозирги шоҳ ҳам ҳокимиятга шу тариқа эришганди. Ўшанда у мумкатакдан бош кўтариб чиқиши билан, аввалги ҳукмдорга тиш қайраб юрган ариларнинг тўполончилари у томонга ўтиб олишди. Кейин бошқалар ҳам шу гуруҳга қўшила бошладилар. Кампирнинг мижғовлиги, инжиқлиги уларнинг жонига тегиб кетган бўлса ажаб эмас. Ҳукмдор бундай бўлишини кутмаган эди, албатта. Чунки ҳар қандай шоҳ, ҳоким ўзини дунёдаги энг адолатли раҳнамо деб ҳисоблашга кўникиб қолган. Ваҳоланки, кампиршоҳ бағоят эҳтиёткор ҳам эди. У ҳар куни оилани кўздан кечириб чиқар, тахтга даъвогарлар бўлса, уларни мур­ғаклигидаёқ қатл қилдирарди. Ҳар қандай гуруҳбозликнинг  олдини олар, бир ярим баджаҳл талабгорларни асал, катак билан сийларди. Исёнкор оломон билан тил топишиш жўн иш бўлмаса ҳамки, кампиршо уларга дилафрўзликлар қилиб, йўлга солиб оларди.
Ўшанда арилар нақ иккига бўлиниб қолишди. Асосий кучлар янги малика томон ўтиб, кампиршо билан ялтоқ эркаклар, даққи ишчилар, хизматкорлар қолишди. Кампиршо усталик қилиб дипломатия йўлини танлади: ўзига тегишли мулозимлар, содиқ ариларни эргаштириб, хонани тарк этиш, яъни истеъфо беришга қарор қилди. Чунки вазият қалтис эди; у ҳокимият учун курашишдан кўра жонни сақлаб қолиш зарурлигини тақозо этарди. Қолган умрни бирор гўшада ҳаловат билан ўтказиш мумкин эди.
– Ие, янгилик-ку! Бечора кампирни нима қилдиларинг?
Кампирнинг қисматини у биларди. Хўжайиннинг нигоҳларида ачиниш ҳам, мамнунлик ҳам зоҳир эди. Бу – табиий ҳол. Собиқ шоҳ кўп йиллар садоқат билан хизмат қилди, унинг раҳбарлигида анча-мунча асал олинди. Лекин у кексайиб ҳам қолганди. Кўп тухум қўйолмас, тез ҳориб қоларди. Оилага эса ишчан, талабчан, навқирон раҳбар зарур эди. Ҳа, навқирон шоҳ ана шу зарурат юзасидан ҳокимият тепасига келганди. У дастлабки кунларда оила билан танишди, режалар тузди. Кейин эса ғайрат билан ишчиларни кўпайтиришга, ишлаб чиқариш қувватини оширишга киришди. Насл қанчалик кўп бўлса, асал ҳам мўл бўлишини биларди. Лекин йиллар ўтиб, тадбиркорлиги ошди, ютуқлари, хатоларини чуқурроқ ҳис этадиган бўлди. Дастлаб асаларичига сидқидилдан эътиқод қўйди, уни барча ариларнинг такягоҳи деб билди. Аммо кузга келиб ундан ранжиди. Чунки жониворлар йил бўйи не-не машаққатда ташиган болни у ўта харислик билан тортиб олди. Лоақал чорагини ҳам қолдирмади. Қаршилик кўрсатмоқчи бўлган ариларни бераҳмларча ўлдирди. Оилада нохушлик, норозилик бошланди. У эса аросатда қолди: бир ёқда хўжайин, бир ёқда арилар.
Ҳадемай бекорхўжа эркак арилар унинг атрофида гиргиттон бўлабошладилар: одатдагидек, унга бол ялатиш, баданларини уқалашга киришдилар.   У ҳам хушомаддан ийиб кетиб, бир чеккага ўтди.
Начора, табиатнинг яшаш учун кураш ва насл қолдириш қонунидан чекиниб бўладими?!
    Муҳтарам ўқувчи! Мен сизга раҳматли Фазлиддин ака ҳақида ҳикоя қилишга сўз бергандим. Аммо ҳикоямда  саргузашт  ва бадиа аралашиб, у анчайин тарқоқ бўлиб қолди. Бу ҳолдан ҳижолатдаман. Узр.
   Начора, шунақаси ҳам бўларкан-да.


Комментариев нет:

Отправить комментарий