суббота, 22 февраля 2020 г.

САРҲИСОБ - 14


Бизни тўйга хабар қилиб кетишди.
    Зеро, тўйлар мавсуми бошланганига бир неча ҳафталар бўлди.
    Самарқандлик  ўзбек, тожик, эрониларнинг тўйлари хусусида гап кетганда, менинг ёдимга нуқул Беҳбудий ҳазратларининг бундан нақ юз йил олдин куюниб ёзган гаплари ёдга тушаверади.
   “Ҳой, ҳой, халойиқ! Бизлар девонами, соғ? Тўй, марака қилинсун, аммо ҳозиргидек исроф этмасдан қилинсун. Ва мумкин қадаринча кичик қилинсун. Ва ортуқча пул ила балаларни мусулмон ва руси яхши ўқитулсун. Тўю, маракага сарф қилинадурғон оқчани эски мадраса ва мазору масжид ҳамда мактабларни шикаст−рехтларига сарф  қилинсун...
   Эй мусулмонлар! Бу ояту масъалаи шаръиға ким амал қилур?  Ва муни халойиққа ким билдирур?”


   Бу борада юз йил давомида ҳам ўзгармай қолганимиз мени ташвишга солади, дилимни ғуссага тўлдиради.  Ахир, бу оз муддат эмаску! Оддий ҳақиқатни тушуниб етмоғимизга юз йилнинг камлик қилиши руҳини туширади кишининг. Ахир, бу сусткашликда биз қачон...
   Самарқандда Жуҳутон деган маҳалла бор эди. Яҳудийлар яшашарди у ерда. Ҳаммалари Исроил ва Америкага кўчиб кетишди. Уларнинг катта тўй бергани, данғиллама иморат қурганини кўрган банда  йўқ. Лоақал ўшалардан ҳам ибрат олмадик, биз − бедаволар!
    Тан олмоқ керак,  мустақиллик даврида завод, фабрика, янги корхоналар жуда оз қурилди. Аммо ҳар бир кўчада  500−1000 киши сиғадиган  ҳашаматли тўйхоналар бунёд этилди. Бир ўпкавой ўзбек ё тожик Корея ёки Россияга икки−уч йил қулдай ишлаб, пул топиб келади−ю, ана шу  ресторанларнинг  бирида катта тўй бериди. Унга Тошкентдан таниқли артистни таклиф этади, дастурхонга қимматбаҳо неъматлар тортилади. Камида  тўрт хил овқат сузилади, арақ деганлари сувдай кетади, ўйинчиларга (улар гоҳида уч−тўртта бўлади) қисдириладиган пулнинг  ҳисоби  йўқ.
    Тўйдан кейин эса тағин мардикорчилик.
   Бошқа бир бедаво корхона очади, озми−кўпми фойда олади. Бу фойдага янги ускуналар харид қилиш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ўрнига ё катта тўй беради ёки данғиллама иморат бошлаб юборади. Қарабсизки,  униси ҳам,  буниси ҳам ўлда−жўлда  қолиб кетибди...
  Ҳей, баттар бўл−ей, гўсалалар дейсанда кейин.
  Бизни бу гал Шредер номидаги боғдорчилик−узумчилик илмий−тадқиқот институти Самарқанд филиалида илмий ходим бўлиб ишлайдиган Бахтиёр Мирзоҳидов ўғлининг никоҳ тўйига таклиф қилганди.  Мирзоҳидов деган фамилиянинг ўзи бу тўйнинг камтарона, тартибли эканлигидан ва боришимиз зарурлигидан мужда эди.
   Бахтиёрнинг дадаси, раҳматли Жалолиддин ака билан қирқ йилча муқаддам танишгандим. Асалари оилаларини Бахмал тоғларига кўчирганимда, диққатимни ногаҳон ёнбағирдаги боғ тортганди. Бу ерда катта токзор, ўрикзор, олчазор, олмазорлар  алоҳида−алоҳида барпо этилган  бўлиб, улар бир неча гектарни ташкил этарди. Қақраб ётган, сувсиз майдонда−я.  Бизда  бўш ётган бунақа ёнбағирлар беҳисоб−ку...
   Бу боғ ва узумзорларни Жалолиддин Мирзоҳидов яратганини айтишди.
    Бир куни у кишининг чайласи томон йўл олдим. Истиқболимга  қорачадан келган, новча, чайир,  сертавозе ва дилкаш инсон пайдо бўлди.
   Жалолиддин ака асли Жалолободдан бўлиб, агрофакни битиргач, Шредер институти  филиалига илмий ходим бўлиб ишга кирибди. Кейинроқ кандидатлик диссертацияси учун  ёнбағирларда ток ва боғ яратиш мавзуини танлабди. Аммо мавзуни ёзиш ва ёқлашдан олдин уни яратиш керак−ку. Жалолиддин акага Ургут ва Бахмал тоғларидан ер ажратиб беришибди.
   Эътибор берганмисиз, ўз ишини чиндан ҳам севадиган киши бу соҳада куйиниб, соатлаб гапиришни, ўз ҳақиқатини уқдириш ва исботлашни хуш кўради.
   Жалолиддин ака дастурхонга сархил мевалар, узумлар тортди. Улар пастки − суғориладиган майдонларга нисбатан анчайин ширин эди. “Бунинг сабаби шундаки, бу ерда қуёш нури кўпроқ тегади ва сувсиз пишади, давом этарди суҳбатдошим. Энди иқтисодий томонига  қулоқ солинг. Бир гектар пахтазорга нисбатан бу боғлардан  уч баравар кўп даромад қилиш мумкин. Бундай жойда етиштириладиган майиз, туршакка чет элда талаб жуда катта. Таннарх жуда арзон,  боиси: суғормайсиз, трактор билан ишлов бермайсиз. Лекин мол−ҳолдан қўриқлайсиз, қишда токни кўмасиз”.
   Мен муаммолар билан ҳам қизиқдим.  “Ишонасизми, боғдан бир соат ҳам нари кетолмайман, давом этди у киши, буларнинг  қўй−у қорамоли ҳамиша ҳайдовда.  Боғни тўласинча совхоз ҳисобига ўтказганман.  Улар иккита қоровул ҳам берган. Аммо  кечқурун уйларига кетиб қолади. Умуман масъулият йўқ. Директор ёрдам берди: бу томонини сим билан ўрадик. Энди бу ёғи қолган”.
   1988 йили бир муддат “Меҳнат” нашриётида бош маҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаганман. Шунда планга Жалолиддин аканинг китобини киритиб, унинг нашр этилишига  кўмаклашгандим. У киши беҳад қувонганди. Чунки  у вақтларда китоб чиқариш анча машаққатли  эди.
   Жалолиддин аканинг оламдан ўтганига йигирма йилча бўлиб қолди. Аммо  бу ориф ва ашраф инсоннинг фарзандлари билан борди−келдимиз узилгани йўқ.  Айни пайтда  раҳматлининг катта ўғли Ўрмон шу филиалда фан бўйича директор ўринбосари. Унинг уч укаси ҳам мазкур даргоҳда ишлашади.
   Тан олмоқ керак, ҳозир Ўзбекистонда фанга, айниқса қишлоқ хўжалик фанига эътибор жуда паст. Институт филиалида илмий ходимларнинг маошлари 250 минг сўм атрофида.  Бу – шу кеча−кундузда  87,7 долларга тенг демакдир. Аммо Мирзоҳидовлар ойликнинг камлигидан  нолишмайди. Зеро, мазкур маошга қаноат ҳам қилиб ўтиришмайди. Бу ерда деярли ҳамма  ниҳол етиштириб сотиш билан шуғулланади ва шу ҳисобдан рўзғор тебратади.
   Майли, энди тўйхонага қайтайлик. Рухсора билан бир жойда ўтирмоқчи эдик, аммо Жалолиддин аканинг келинлари хотинимни ўраб олиб, уни аёллар томон олиб кетишди.   Тўйхонада эркаклар бир томон, аёллар иккинчи томонга ўтиришаркан. Ҳаммаси бўлиб, уч юз кишига етар−етмас одам бор эди. Санъаткор ҳам шу қишлоқдан экан.  Радиокарнайнинг овози меёрида бўлгани сабаб гаплашиб ўтириш мумкин эди.
    Мен бир неча боғбонлар билан ҳамнишин бўлиб қолдим. Улар дастлаб мендан қимтиниб туришди. Шу орада келин− куёв кириб келди ва Ўрмон каминадан тўйни очиб беришни  сўради.  Мен  Жалолиддин акани эсладим, унинг чироғини ёқиб, ишини давом эттираётган авлодга омадлар, келин− кўёвга саодатлар тиладим. Шундан кейин даврадагилар каминадан бегонасирашмай қўйишди.
  Табиийки, бу кишиларнинг ўз мавзулари ва  муаммолари бор эди. Улар суҳбатига шерик бўлиб, талай янгиликлардан воқиф бўлдим. Бу йил олма кўчатига ҳам, унинг мевасига ҳам харидор кам бўлибди. Нокка эса талаб ошибди. Бу ерда бир боғбон дўлана кўчати етиштириб сотаётганлигини, унга талаб катталигини гапирди.   Келаси баҳор бу одамдан ўзим ҳам дўлана кўчати харид қилишни кўнглимга тугиб қўйдим. Тағин:  район марказида бир ишбилармоннинг каттагина мева сақлайдиган холодилниги бор экан. Боғбонлар  у билан келишиб,  олма, нок  қўйишган экан. Аммо свет бўлмаганлиги сабаб олмалар чириб, кўплар куйиб қолибди.  
   Биз тўйдан анча кеч, аммо сархуш ҳолатда қайтдик.
Аммо  фикру−зикрим   ҳамон Жалолиддин Мирзоҳидовнинг тажрибаси билан банд. Бахмал ва Ургутда у киши яратган боғ−боғлардан фақат сим билан  ўралганлари сақланиб қолган. Қолганларини мол  еган  ёки ўтин қилишган.
   Ҳарҳолда, у даврларда боғ−роғлар колхоз, совхозники, аниқроғи,  ҳечкимники эди. Аслини олганда,  ёнбағирларни бебаҳо хазина манбаига айлантириш пайти эндиликда етиб келди.  Боиси, ҳукумат тадбиркорлар учун  талай имкониятлар яратди. Эндиликда банкдан қарз олиш осонлашди,  ишбилармонларни  тафтиш қилишлар, аниқроғи, таъмагирликлар камайди, уларнинг мулки муҳофазага олинди. Тоғли зоналарда яшайдиганлар эндиликда қирликларда  хусусий  боғлар− токзорлар яратишса,  қозон ҳам мой, чўмич ҳам мой бўлиши табиий.
    Жалолиддин ака Мирзоҳидовнинг китобидан ёдимга қолган муҳим  нуқталарга урғу берадиган бўлсам,  бу тадбир учун қирликларнинг шимолий томони танланиши керак экан. Чунки, ана шу томондаги намлик узоқ муддат сақланиб тураркан.  Шунингдек, ёнбағирнинг қиялиги унчалик тик  бўлмаслиги,  зарур пайтда занжирли тракторнинг  ишлаш имкони бўлсин экан.  Чунки  боғ ёки токзор барпо этилишидан олдин плуг билан терраса яъни ёнбағирда супа олиниши қор−ёмғир сувларини тўплашда катта аҳамиятга эга экан.  Кўчат ана шу ҳайдалган жойга ўтқазилганда, албатта кўкариб, тез ҳосилга кираркан.    
    Жалолиддин аканинг рисоласида  бундай майдонларга писта, бодом,  майизбоп оқ ва қора кишмиш, туршак бўладиган ўрик, жийда, олча сингари қурғоқчиликка  бардошли навлар  ўтқазиш тавсия этилади.
    Камина Хитой,  Кавказдаги  республикаларнинг талай районларида бўлганман ва яланғоч тоғларни учратмаганман. Ҳаммаёқни яшил масканга айлантиришган улар.  Биз  асрлар бўйи бўш ётган бу қияликларнинг  бир қисмига лоақал  қайрағоч, қарағай, шумтол, акас, арча сингари мевасиз дарахтлар  ўтқазганимизда ҳам  иморатимизга ярарди,  ҳеч бўлмаганда, ўтин бўлиб, уйимизни илитарди.
    Эътибор беринг: “лоақал” деябман.  Аслида, юртдошларимни тағин бир бор чексиз қирликларга мевали дарахтзорлар, токзорлар барпо этишга чорлаб қоламан!
    Мен нима дейман−у,  қўбизим нима дейди, деганларидек, гапни тўйдан бошлаб, батамом бошқа мавзуга – боғ−роғ яратиш масаласига  ўтиб кетганим учун, муҳтарам ўқувчидан узр сўраб қоламан.

 


Комментариев нет:

Отправить комментарий