воскресенье, 23 февраля 2020 г.

САРҲИСОБ - 42


Қишлоқдан шаҳарга келганда, анчайин одобли, ҳамиятли,  эътиқодли бўлган йигитчанинг йиллар оша  мунофиқ, иғвогар, қаллоб, таъмагирга айланиб қолишини кузатганмисиз? Бунинг сабаблари ҳақида фикр юритганмисиз?! 
    Мазкур ўзгаришга фақат шаҳар муҳити сабабми ёки  унинг қонида аввалдан мавжуд бўлган вирусларнинг юз кўрсатишими?
     Қишлоқда яшайдиганлар шаҳарликлардан кўра афзал ёки бизнинг миллат бошқалардан устун, деб  ҳисоблашларига сизнинг муносабатингиз қандай?  
    Керакли пайтда кечирим сўрашнинг моҳияти ёки муъжизаси ҳақида ўйлаб кўрганмисиз?  
   Айрим воқеалар сабаб бўлиб, шу саволларга жавоб изламоқчи бўлдим.


    Қишлоқда газ ва светнинг аҳволи ночор бўлганлиги сабаб, совуқ тушиши билан уччала ўғлимиз ҳам шаҳардаги уй-жойларига кетишди. Уларнинг қистовларига қарамай,  Рухсора иккаламиз янги йилгача қишлоқда қолдик. Кейин катта ўғлимиз жону ҳолимизга қўйман Гагарин массивидаги янги ҳовлисига (Муаззамхон 12) кўчириб келди.
   Маҳалла байналминал бўлиб, қўшнилар орасида ўзбек ва тожиклардан ташқари руслар, татарлар, арманлар ҳам борлигини айтишди. Кўчамиз Х1Х асрда яшаб ижод этган ўзбек шоираси номига қўйилганлиги эса каминани қувонтирди.
   Бу ерда газ, свет, водопровод, канализация...
  Аммо бизнинг оқова сув маҳалланинг канализациясига уланмаганлигини кўриб, бу юмуш билан ўзим шуғулланадиган бўлдим. Улуғбекнинг ҳозиргача маҳалла аҳли ва комитети билан танишмаганидан ранжиб, эрталаб маҳаллаком билан учрашадиган бўлдим.
    “ Мен билган маҳалла раисларининг аксари,  ишдан урилган амалдорлар: пулли одамни кўрса чўнтагига мўралашни хуш кўрадиганлар”, деди ўғлим.
   Улуғбекнинг бу жавоби дилимга ўтиришмади, унинг ўзини худбинликда айбладим, бу қарашларнинг бари русча ўқишининг оқибати эканлигини таъкидладим.. “Дада, деди у тажанг бўлиб, маҳалла  амалдорлари мусулмонлар яшайдиган жойларга керак, айниқса  коммунал тўловларни ундириш учун. Бу ерда ҳамма ўз ҳуқуқини ҳам, бурчини ҳам билади.  Шунинг учун рўзғорига тағин бир амалдор аралашишини истамайди, тўй- маракасини  ўзи уддалайди, тўловларни ҳам уддалаб қўяди. Бўйин бўлса, бўйинтуруқ топилади, дейишадику. Бундай жойларда раислар итоаткор, муте одамларини излашади.
    Мен  нима дейишни билмадим
   Етти пуштим Самарқанд ва унинг атрофида яшаган, аммо истайманми- йўқми, бу маҳалла учун камина “келгинди” эдим. Бундан ҳолда эса киши андак серҳадик, серандиша,  сертавозе бўлиши табиий. Бунинг устига менинг ёшимда (73)да киши ўта компромисс, эҳтиёткор бўлиб қолади .
   Маҳалла комитетининг раиси аслида пайариқлик эканлигини,  аввал қайбирам адвокатурада ишлаганини айтишди. Гарчанд ўғлим тенги бўлса ҳамки, ҳурматини жойига қўйиб, илтифот билан салом бердим. Маҳаллага кўчиб келганимизни, эндиликда яхши-ёмон кунларда бирга бўлишимизни айтдим. Суҳбат охирида эса мақсадга кўчиб, канализация қувурини улашга рухсат сўрадим.
 “Бунинг харажатлари кўп бўлган: бир ярим миллион сўм берасиз,” деди у прокурорларга хос оҳангда.
    Бу - мўлжалимдан анчайин баланд бўлса ҳамки, сир бой бермай, кўниб қўяқолдим. Уйга қайтиб, ўғлимга айтгандим, у қаҳрга минди. “ Инсоф қани,     беш юз минг берсам, сувоқовадагиларнинг ўзлари магистралга улаб беришади”,  деди. “Энди ундай қилолмаймиз: ваъда бердим, эътирозимни яширмадим, Янги одаммиз: маҳалладагилар нима дейишади?”  
   Шундай қилиб, бирор ҳафтадан кейин мардикорлар қувур қўмиш учун чуқур қазишга киришишди. Аммо кўп ўтмай раис икки аёл билан дарғазаб ҳолда кириб келишди. “Тўхтатинг,  деди  буйруқ оҳангида, мумкин эмас!” Мен ажабландим, мардикорлар ва ҳалиги аёллар олдида мулзам бўлдим. “Ахир, келишган эдик-ку...”Аввал пулини тўланг” деди уқўрслик билан. “Шундай демайсизми?”
    Бу тўқимтабиатликдан дилим озор топиб, нақ миллион сўм элтиб бердим. Ўғлим устимдан кулди.
   Ҳовлимиздан йигирма метр наридаги ости мебел магазини, усти турар жой бинолари бўлган уч қаватли  бинонинг биқинидаги канализация қудуғигача қувур кўмиб, оқова сувни ўша жойга улаб юбордик.
   Кейин аён бўлишича, бу бино бир эрони ( Самарқандда шундай қавм бор. Улар орасида жўмард дўстларим кўп) йигитга қарашли экан. “Бир оғиз сўрамадингиз ҳам-а”,  гилалаган бўлди ҳалиги йигит,  ишни битирганимиздан кейин. “Мен рухсат олдим,  пулини ҳам тўладим”,  дедим ажабланиб. “Бориб, пулингизни қайтариб олинг, бу қувурни маҳаллага тариқча алоқаси йўқ: ўзим қаздириб, магистралга улаганман”,  деди у.
   Оқсоқол юрист пулни ярмини аллақачон сарфлаб қўйган экан. Қолганини зўрға қайтариб, маҳаллага ёрдам беришимни сўраб қолди. Каминага шунча дилозорлик қилган бўлса ҳамки, йўқ деёлмадим.
   Бўлиб ўтган нохушлик учун эса кечирим  сўрашни хаёлига ҳам келтирмади.
  Ҳа, кечирим сўрашни эса билиш керак. Биз йўл қўйган хатолар келажакда пистирмада туриб, юрагимизни нишонга оладиган овчига айланади. Бунга қарши қалқон эса  ўша онда тавба-тазарру қилишдир.
     Вақтида айтилмаган ёки ноўрин айтилган сўз келажакда умрингни эговлайверади.
     Ҳалиги эрони йигитга пул узатган эдим, енгилгина койиб берди: “Янги қўшнидан пул олиш инсофданми?!”
     Бу гапдан сарафроз бўлдим. Унга бирор яхшилик қилишини кўнглимга тугиб қўйдим.
  Янги маҳаллада жойда дилимга ўтиришмаган тағин бир ҳолат ҳақида гапирмоқчиман.  Бу ерда катта-кичик бир-бири билан саломлашмас экан. Ёпирай!  Дарвоза олдида туриб, аввало мактабга борадиган болакайларни назокат билан огоҳлантирадиган бўлдим. Индамай ўтиб кетаётган ўсмирни кўрганимда, андак кесатиш билан: “Вааллайкум ассалом”, дейишни одатга айлантирдим.
   Ҳозир вазият ўзгарябди.
  Мавзудан четлаб кетдим. Мунофиқлик, қўрслик, носамимийлик ҳақида гапираётган эдим. Шу мавзуда тағин бир воқеа.
   Бирор ой олдин бухоролик шоир дўстим Тошпўлат Аҳмад телефон қилиб қолди. Одатдаги салом-аликдан кейин, огоҳлантирган бўлди. “ Бир шоирча шогирдингиз бор экан, вақтида анча яхшилик қилгансиз шекилли, устингиздан фисқу-фасод қилиб юрибди”.
    “Шогирдим”нинг номини тилга олгач, кайфиятим бузилди. У ҳақиқатан ҳам менга “устоз” деб мурожаат қилар ва каминага  бу тайсалланиши сира ёқмасди.
  Ўзим, масалан Асқад Мухторни том маънода устоз деб биламан. Ишсиз қолган пайтларим у киши мени “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига бўлим мудири қилиб олди,  кўп нарсани ўргандим. Аммо “устоз” деб мурожаат қилишим, у кишининг дилига ўтиришмаслигини билардим.
     “Шоирча  шогирдим”нинг бу мунофиқлиги биринчиси эмасди.
     Нашриётга бир қўлёзма бергандим, пулини тўласам ҳам босилиши кейинга сурилаверди. Китобча  чиққандан кейин нашриётдаги таниш аёл ҳижолат тортиб гапириб берди.   Ўша “шогирдим” каминани  миллатчи эканлгим, аллақандай шубҳали рўйхатларда борлигимни шипшиган экан.
   Бир неча йил илгари у юпқагина шеърлар китобини менга тақдим қилганда, аннотациядан  Қашқадарёнинг Молхона қишлоғида туғилганини билиб олгандим. Қишлоқнинг номини Баллособод (  У барлослиги билан фахрланишни яхши кўрарди) ёки Турклар деб ўзгартиришни таклиф этмоқчи, ҳозир бунинг имкони борлигини айтмоқчи бўлдиму, тағин индамадим.
   Бир кун маврудини топиб,  вазминлик билан унинг ножўя қилмишларини бирма-бир санаб берган эдим, маъносиз тиржайиб, гапни бошқа томонга бурди. Рости гапки,   кечирим сўрашини кутган эдим, нокаснинг. Шундай қилса,  ўзига ҳам осон бўларди. Эҳтимол бу гапларни ёзиб ҳам юрмасдим.
   Абдулла Қаҳҳорнинг “Мен ўлимдан қўрқмайман, аммо тобутим устида фалончи нутқ сўзлашидан қўрқаман”,  деган гапини бот-бот эслаб қоламан.  Устоз адиб  ана шунақа  нобоп шогирдларни кўзда тутган бўлса ажаб эмас, деб ўйлаб қоламан гоҳида.
Автор: Нусрат Раҳмат на 11:50 

Комментариев нет:

Отправить комментарий