воскресенье, 23 февраля 2020 г.

САРҲИСОБ - 39


   Шу йил 28-июндан 11-июлгача Рухсора (янгангиз) билан Зомин санаториясида бўлдим.
   Каминани таваллуд куним билан табриклаганларга жавоб йўлламаганим боисини аён этиш учун ҳам гапни шундан бошлашга тўғри келиб қолди. Мени йўқлаганларни Худо ёрлақаган бўлсин!
   Сиҳатгоҳ мавзусига эса кейинроқ қайтаман.

    Ўзимча бот-бот микротадқиқотлар ўтказиб тураман. Бундан йигирма  беш йиллар муқаддам,  қайси тоифа кўп китоб ўқишини ўргангандим. Танлаганларим орасида  врачлар, ёзувчилар, педагоглар, чўпонлар, асаларичилар, қоровуллар ҳам бор эди. Йил давомида, уларни холисона кузатдим, сўраб-суриштирдим.  Шу жараёнда метро эскалаторидан китоб ўқиб чиқадиганлар эътиборимни тортиб қолди. Уларни ана шу хавотирли, ноўнғай вазиятда  ўқишга даъват этган куч нима? Одатми, китобни ёзган муаллифнинг истеъдодими, вақтдан ютиш истагими...Кейин уларга яқинлашиш ва мазкур асрордан хабардор бўлишга ҳаракат қилдим.  Бу одамлар,  аксар ҳолда, русизабон кишилар бўлиб чиқарди. Ва улар ўқийдиган китоблар, кўпинча, медицинага оид оммабоп, қизиқарли ва андак радикал тарзда, яъни медицина анъаналарини жилла инкор этган кайфиятда ёзилган адабиётлар; шунингдек, детективлар, мифлар бўлиб чиқарди. Соф адабий асар ўқийдиганларни эса учратмадим. Зеро, адабий асарни бундай ноўнғай вазиятда  ўқиш ножоиз ҳам.

   Хуллас, кузатиш якунига тўхталадиган бўлсак, пешқадамлар:  қоровуллар, асаларичилар, туристлар, беморлар, аниқроғи, ТВ кўриш имкони чекланган кишилар бўлиб чиқишди.  Ёзувчиларнинг ўзлари медицина ходимлари, педагоглардан ҳам ортда қолиб кетишди. (Ёш ижодкорлар бундан мустасно)
   Ҳозир манзара  тағин ҳам ночорроқ. Эндиликда эскалаторда китоб ўқиб бораётган кишиларни деярли учратмайсиз. Қоровул, асаларичи, туристлар, беморларнинг эса қўл телефонлари, телевизорлари бор. Телефонларнинг сўнгги нусхаларидан  Интернет саҳифасини очиб, китоб, газета ўқиш, зарур ахборотлардан хабардор бўлиш мумкин. Бугун Лев Толстой, Жек Лондон, Абдулла  Қодирий  китобларини ҳам жуда кам ўқишябди. Янги авлод учун Интернет бағоят ўнғай манбаъ бўлиб бораётганга  ўхшайди.
   Айтгандай: кейинги пайтларда ЎзТВда Интернет ва ижтимоий сайтларга ҳужум кучайиб қолганлигига эътибор берябсизми. Бу давра суҳбатларида гапни “Интернет яхши-ю...” деб бошлашади-ю,  кейин  соатлаб унга мағзаварезлик қилишади.
    Ёдимда: ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида қишлоғимизда элекрлаштириш бошланганда, турфа миш-мишлар авж олиб кетган эди. “Лампочкага   кўп қараган боланинг  кўзи кейин кўр бўлиб қолармиш”, “Ёмғир пайтида симга яқинлашсанг,  ток уриб ўлдираркан” ва ҳакозо. ТВдаги давра суҳбатлари ўша  ваҳималарни ёдимга солади.  “Ҳатто бола-чақали одамлар ҳам, уялмай  ижтимоий сайтларга киришаркан”,  деди давра суҳбатидаги домлалардан бири.
   Ўзини зиёли ҳисоблаган ҳар бир инсон одамларни баланд чўққиларга даъват этиши керак. Зинҳон ва зинҳор ғорларга эмас!
   Узр, чалғиб кетдим. Шукурки ўзбек адабий веб сайтлари ҳам кўпайиб қолди. Давронбек Тожиалиевнинг “Зиё истаган қалблар учун”, Хуршид Давроннинг “Хуршид Даврон кутубхонаси”, “ТуркЛИБ” сайтлари қалдирғочлар эди.  Ҳозир эса “Кутубхона”,  “Китобим” сайтлари; шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва қатор ташкилотлар, шахсларнинг сайлари адабиётимиз тарғиботига камарбастадир.  Энди, ҳамма гап зўр асар ёзишда...
   Бу соҳада ҳам айрим кузатувлар, таҳлиллар ўтказиб турибман. “Зиё истаган қалблар учун” сайтида каминанинг кирилл ва лотин алифбосида ўттиздан ортиқ ҳикоя ва очеркларим, икки романим, икки қиссам ўрин олган. Мазкур китоблар ва ҳикоялар “ТуркЛИБ”, “Китобим”, “Кутубхона”   ва бошқа веб сайтлар ҳамда шахсий блогимда ҳам эълон қилинган.
    Давронбек ва Хуршид Даврон сайтларидаги ўқувчиларим сонини бир йилдан буён ҳар ойда якунлаб тураман. ( Уларнинг икковлари адабиёт учун ҳар қандай   нашриёт, кутубхонадан кўра кўпроқ хизмат қилишди ва қилишябди, десам муболаға бўлмас).  Шу йил июн ойи давомида Давронбек сайтида  кирилл ёзувидаги ҳикояларимни 886 киши, лотин имлосидагиларини эса 547 киши; мазкур сайтдаги  китобларимни 108 киши сақлаб олибди.ТуркЛИБдаги китобларни 170 киши ўқибди. Шуёғининг ўзи 1700 дан ошиб қолди. Мен юқорида тилга олган бошқа веб сайтлар ҳамда блогимга ҳам мингдан кўпроқ киши кирган. Жаъми 2700 киши! Бир ойда-я! Жуда зўр-ку! Аммо максималист бўлиш ярамайди.  Сақлаб олганларнинг ҳаммаси ҳам асарни ўқиб чиқмайди. Чўқилаб кўради ва таъбига ёқмаса, бошқа томонга оғиб кетади. Борингки, шуларнинг ярми ўқиса ҳам 1350 киши бўлади.
   Бу – ҳазилакам гап эмас! Икки йилдан бери ўқувчилар сони жиҳатидан биринчи ўнликдан тушганим йўқ. Бу ҳол дилимга ширин умидлар солади.
   Ҳозирги информациялар замонида одамларни ҳайратга тушириш осон эмас. Бугунги ўқувчининг ихтиёрида шавқовар компютер, юзлаб каналларга эса бўлган ТВ бор. Турмуш ташвишлари, дўстлар суҳбати ҳақида гапирмай қўяқолай. Шунга қарамай, бир ойда 1350 киши мен билан ғойибона учрашган бўлса, қувонишим керак, албатта. Биргина  “Фожиа” деган ҳикоямни икки ярим йилда тўққиз юз киши ўқигани билан ҳам фахрланиб қўяман. ( Худо ҳақи, мақтанаётганим йўқ. Таққослаб кўришингиз мумкин)
   Давронбек бот-бот кўп ўқиладиган асарлар рўйхатини эълон қилиб туради. Амир Темур ҳақидаги асарлар, Абдулла Қодирий, Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов китоблари ҳамиша яловбардор бўлади. Уларга етишиш менга йўл бўлсин, албатта.
  Хўш, бу мингдан зиёд кишилар кимлар?  Надоматлар бўлғайким, бу мухлислар билан шахсан таниш эмасман, уларнинг аксари чет элда яшаётган ўзбеклар. Аслини олганда, улар билан танишгим, бақамти гаплашгим, фикрларини эшитгим келади гоҳида. Аммо...
   Энди,  тағин Зомин санаториясига қайтамиз.
   Қабулхонадаги врач кабинетининг пештоқига “Қон босими ошган беморлар қабул қилинмайди” деб ёзиб қўйишибди. Денгиз сатҳидан 2000 метр баландликдаги бу ҳудудда ҳаво босими паст ва ҳар қандай гипертоникнинг эски  касали қўзғаши муқаррар. Каминани юрагини тинглаб кўришганда,  юқори шкала 200 дан баландроққа кўтарилганлиги аён бўлди. Шукурким,  қайтариб юборишмади, аммо уч кун давомида уни пасайтириш пайида бўлишди. Шундан кейингина муолажаларни бошлашди.
   Бу ерда энг муҳим омил – табиат жозибалари. Ҳудуд миллий боғ деб эълон қилингани боис, дарахтзорларни паймол қилиш, мол боқиш ман қилинган. Дам олувчилар тонгдан бошлаб қия сўқмоқлар бўйлаб юқорига  интилишади: бир неча километр баландликда қирғиз аёллар сут қайнатиб, уларни кутиб туришади.  Кексайиб қолганлар, гоҳида ногиронлар ҳам ҳансираб ўрликка чирмашишади. Фақат сут ичиш учун эмас, ҳали куч-қудратлари борлигини намоён этиш ва  қалин арчазорларга бурканган ёнбағирлардан тўйиб-тўйиб нафас олиш туйғуси ва лаззати олға чорлайди уларни.  Биз ҳам ҳар тонгда тоққа чирмашдик.  Атрофдаги какликлар, булбуллар хониши, бокира табиат бўёқлари дилингга беҳудуд ҳаловат бахш этаверади.
     Дастлабки кунларданоқ, хотинимнинг бир талай танишлари пайдо бўлишди. Булар, аксар ҳолда, бир пайтлар дарс берган ўқувчилари ёки бирга ишлаган муаллималар эди.
    Муаллимларнинг  бу имкониятларига ҳавас қилса арзийди. Улардан дарс олган ўқувчи ( инсофли бўлса) бир умр эҳтиромини аямайди.
   Бундан ўттиз йил олди содир бўлган бир ҳолат ҳақида гапирмоқчиман. Синглимнинг қизи педaгогика  техникумига имтиҳон топшираётган эди. Эр- хотин ундан хабар олмоқчи бўлдик. Техникум дарвозасидан хотиним ўтиб кетди, аммо дарбон мени тўхтатди. “Мумкин эмас, имтиҳон борябди!”  Мен ҳужжатимни кўрсатдим. ( У пайтлар “Қишлоқ ҳақиқати” газетасининг вилоятлараро мухбири эдим.) Эшик оғаси барибир кўнмади. Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси эканлигимни айтдим. У якровлик қилиб, кўкси билан йўлни тўсиб  тураверди. Кейин андак жаҳлга миниб, орқасига қарамай кетаётган хотиним томон имладим. “ Анову аёлни нега қўйдингиз бўлмаса?”  У ўша томонга қаради-ю, беихтиёр қўшиб қўйди: “У киши катта одамнинг хотини”.  “ У − менинг хотиним”, дедим ўша зарда ва ишонч билан. Дарбоннинг юз ифодалари ўзгарди. “Ундай бўлса ўтинг, у киши менга дарс берганлар!”  
    Хотинимга етиб олгач, кесатиб қўйдим. “Сиз ўқитганлар нари борса қоровул бўларканда- а?!”  “У қоровул эмас, директор ўринбосари”,  жавоб берди Рухсора.                                
  
    Эътибор берганмисиз: курорт ва санаторияларда одамлар кулги ва хушчақчақликка мойил бўлишади. Шуни ҳисобга олиб,  бу ердаги клубга ҳар куни  республикамизнинг ман-ман деган қизиқчилари, ашулачи ва актёрлари келиб, томоша кўрсатишади. Саҳнадаги масхаравоз ( улар эълонларда ўзларини “Сўз устаси” деб  ёзишади)  бачканалик қилса, кийимини ечабошласа ёки ТВ программасини ўқишга киришса ҳам аёллар кулишаверади.   У, масалан,  суд зали ёки аэропортнинг кутиш хонасида шу масхарабозлигини  қилса,  одамлар  шўрликни  “томи кетган”га чиқариши аниқ.
   Сиҳатгоҳда, кўп ҳолларда, томошадан кейин қизиқчини ўраб олишади. Бирга  суратга тушишни,  дастхат ёзиб беришини илтимос қилишади.
   Ўртамиёна бир актёр (онаси билан келган дейишди) билан учрашувдан сўнг аёллар уни ўртага олишди. Бирга суратга тушиш учун тўрт томонга тортқилайбошлашди.  Қарангки, ҳалиги актёрнинг барвасти тан соқчиси ҳам бор экан. Аввал, бу актёрга тан соқчи не керак экан, деб ўйлаган эдим. Аммо...  Ҳалиги барзанги чапдастлик билан аёлларни нари сурар,  девдай  гавдаси билан унинг оғзига эмизак тутадиган ҳуварини тўсиб турар; худди президентни ҳимоя қилаётгандай, атрофга аланглаб қарарди. Мен бу актёрнинг бирорта тузук рол ижро этганини эслолмайман, аммо унинг тан  соқчиси ўз ролини  қотириб ижро этарди. Ҳа, майли...
  
   Туғилган куним Рухсора каминани ресторанга таклиф қилди. Стол безатилган, унда ҳатто қонни қиздирадиган ичимликлар ҳам бор эди. Таваллуд санамни, илк бор фақат иккаламиз нишонлайдиган бўлдик.  Турли йиллардаги шавқовар ҳодисалар, йўлимизда дуч келган яхши одамлар, вояга етаётган набиралар, яқинда туғилажак эварани ёдга олдик. Шу пайт чиройли бир жувон хотинимни таниб қолиб, қуюқ саломлашди, келиб ўпди ва  ҳол-аҳвол сўраб кетди. “Менга қаранг, дедим, аллақандай надомат, бахиллик ила,  нега сизни ҳамма билади-ю, мени ит ҳам танимади”.
   “ Муаллим, ( Гарчанд мактабда умуман ишламаган бўлсам ҳамки, хотиним ва қишлоқдошлар каминани “муаллим” дейишади) энди ичманг, огоҳлантирди хотиним жиддий оҳангда. Сиз ўша  масхаравозлардай бўлишни, ҳар қадамда аёллар ўраб олишини, ҳожатхона йўлида ҳам қизлар дастхат сўраб эргашишларини  истайсизми?  Йўқ, мен бунга ишонмайман!”
    “Ҳар ойда асарларимни ўқийдиган мингдан ортиқ мухлис қаерда бўлмаса? Уларнинг овозини эшитмайман, қиёфаларини тасаввур этолмайман”.
  “ Балки қушни столда ўтиргандир, аммо у ҳам сизнинг башарангизни кўрмаган ва танимайди”, иддао қилди аёлим.
    Мен индамай қўяқолдим.  “Истеъдодли ёзувчининг мухлиси, истеъдодсизининг таниш-билиши кўп бўлади” деб ўқиган эдим каердадир. Бугун эса,  сени танишга мойил бўлмаган,  ўнлаб асарларингни ўқиб, бирортасига фикр билдирмаган, лоқайд мухлисдан кўра ташиш-билиш яхши экан-да,  деб ўйлаб қолдим. Ахир, сартарошга,  қассобга, таксичига ҳам пул берасиз,  ҳам раҳмат, дейсиз. Ёзувчига эса шимилдириқ ҳам йўқми?  Ижод аҳлига қалам пули тўламай қўйишди. Бунинг устига мухлис ҳам эътирофи ёки эътирозини дариғ тутса, алам қиларкан кишига. Балки мен ноҳақдирман. Булар бари ичкилик  таъсири ёки кексалик инжиқликлари  бўлса ҳам ажаб эмас. Зеро, мен романларимнинг кириш сўзида “ Фикрингизни сўрамоқчи эмасман. Қандай асар ёзганини ёзувчининг ўзидан кўра теранроқ англайдиган  киши бўлмайди” деб битганман. Энди эса...
    Аслида  мухлис таниш ҳам бўлса яхшироқ.
  Ижодкорлар марказга қараб интилишлари сабабини биласизми? У ерда адабий муҳит бор, деб ўйлашади. Мен Тошкентда ўн йилдан кўпроқ яшаб, бундай муҳитни кўрмадим. Ижодкорлар тўпланган давраларда , одатда, ғийбатлар, манманлик, нигилизм, миллатчилик авж оларди ва ҳозир ҳам шундай бўлса керак.  Эндиликда,  виртуал олам туфайли,  чекка қишлоқда яшаб ҳам, ўзини намоён қилиш, истаганча таниш мухлис орттириш мумкин.
  Мавзудан бот-бот чиқиб кетаётганим учун кечиринг. Самарқандга қайтгач, Феесбукни очсам,  31 таниш, нотаниш дўст ва мухлис табриклаб қўйибди. Уларни Худонинг ўзи муборакбод этсин! Эсемеслар, телефонлар ҳақида гапирмай қўяқолай.  Ўксинишга ўрин йўқ!
    Дўстим Миршариф “Олтмиш, етмиш ёшга кирганингизда юбилейингизга раислик қилгандим. Бардам  бўлинг: саксон йиллик оқшомда ҳам раисликни ҳеч кимга бермайман” деб ёзибди.
   Баримизни шу кунларга етказсин!
                      


Комментариев нет:

Отправить комментарий