Еттинчи вароқ
Ҳазил
Дўзахга тушган аптекачини кўриб, қарз гапни етказиш,
умуман дўзахни бир кўриб қўйиш истаги Жуманазар акага тинчлик берма й қўйипти. Шунинг учун Юпитерианни чақириб, истагини изҳор қилишга
аҳд қилибди. Аммо бу гал ҳам, ўша эски таниши Миррихий пайдо бўлибди.
“
Бугун Юпитерианнинг дам олиш куни”, дебди у.
Ҳадемай улар баланд қора девор ва тиканли
симлар билан ўралган аркнинг дарвозаси олдига келишипти. Бу ерда тартиб-интизом
анча жиддий экан: аввал паспорт талаб қилишипти, Жуманазар аканинг шахси билан обдон қизиқишипти,
бармоғининг изини олишибди.
“Асли отим Жумавой, отамнинг оти Назарвой,
тушунтирипти Жуманазар ака,
Жағалвойда Жумавой кўп бўлганлиги
учун Жуманазар бўлиб кетганман”.
“Бизни
чалғитишга ҳаракат қилманг, огоҳлантирган бўлибди назоратчи, сиз ҳужжат бўйича Джумавойсиз,
қишлоғингиз Джагалвай. Паспортингизда
шундай ёзилган”.
Орага Миррихий аралашгач, турист сифатида
фақат етти соатга рухсат беришипти.
Жуманазар ака бир вақтлар кинода фашистларнинг
одам куйдирадиган крематорийларини кўрган экан.
Ўртада ундан чандон катта печ бўлиб, аланга ёниб ётган ва ўтга
ташланадиган дўзахийларнинг навбати кўз илғамас масофагача чўзилиб кетган экан.
Жуманазар ака савол назари билан Миррихийга қарапти.
“ Газ паст, қишда ўчиб қолади, шунинг учун
улгуришолмайди...,” жавоб берипти у.
Бир вақт дўзах ўчоғининг дарбони қаторда турганларга мурожаат қилиб қолипти:
“Етти киши тайёрлансин, тўполон қилманглар,
очерет бузилмасин” Шундай деб қора эшикни очиб юборипти: етти
киши кўз илғамас тезликда оловнинг ичига кириб кетишибди.
“Юрагим сиқилиб кетди: сен дорипурушни даракла, қарз гапни айтаману, бу ердан
кетамиз”, депти Жуманазар ака
Миррихийга.
У дараклаб кўрса, аптекачи алангага анчайин
яқинлашиб қолган, ўзи ҳам
қоқсуяк, афтодаҳол экан. Жуманазар ака унга қавмларининг саломини етказиб,
ҳалиги суратни кўрсатса, ўкириб йиғлаб юборипти ва суратга тикилиб, депти:
“Борсангиз айтинг, қабрим устидаги тошларни
олиб ташлашсин, Мен бир дўзахи одам бўлсам. Етти ойдан бери навбатда тураман,
жонимга тўйиб кетдим. Илтимос, ҳамма аптекачиларга айтинг, виждонан ишлашсин. Бу
гуноҳни кечиришмас экан. Бўлмаса, бир эмас, икки бор ҳаж қилдим, намозим канда
бўлмаганди”.
Жуманазар ака қараса, аптекачидан кейин бир
жувон мўлтирабгина турган экан. Унинг нима гуноҳ қилгани билан қизиқипти.
“Эрим Россияда ўлиб, бева қолгандим, икки
йилдан кейин хотини рак бўлиб ўлган эркакка тегдим. Бу одам ҳам аввалги
хўжайинимдан хушфел, меҳрибон эди.Ўшанда
қўлимда икки ёшли қизчам бор эди. Янги хўжайинимнинг ҳам Барно деган қизчаси
бор экан, икковлари иноқлашиб кетишди. Ҳаёт изига тушган бир чоғда, ношукур
банда деганларидек, шайтон мени йўлдан
урди. Барно чиройли, бурро ва доно эди, уни кўпроқ эркалашарди, эътибор беришарди. Бора-бора дилимда шу
қизчага нисбатан ғаразми, нафратми пайдо бўлди ва борган сари кучайди. Ҳамма
эътибор менинг қизимга қаратилиши учун Барнони пинҳона йўқотишни ўйлайбошладим.
Гўштни атайин қуртлатиб, ана шу қуртларни билдирмасдан унинг қулоғига солиб қўябошладим. Орадан кўп
ўтмай, қизалоқ бош оғриғидан шикоят қилабошлади. Биргалашиб уни докторларга,
табибларга олиб бордик, аммо натижаси бўлмади. Олти ой ўтмай, қизалоқ оламдан ўтди. Сабабини казо-казо докторлар ҳам
аниқлашолмади ва сир сирлигича қолди, аммо худо ҳамма нарсадан хабардор-ку. Мен
дўзахий бўлдим”.
“Мен машҳур шоир эдим, дебди навбатдаги
дўзахий, юртбошини, унинг сиёсатини кўкларга кўтариб мақтардим ва кўплаб мукофотларни қўлга киритгандим. Ўз ҳукуматим
билан бирга миллатимни ҳам дунёдаги энг буюк миллат деб улуғлаганман. Шунинг
учун мени фақат юртбошигина эмас, халқимиз ҳам яхши кўрарди. Аммо мункар-накир менга
“халқ дардини айтмагансан, миллатпарастлик қилгансан, деб бу томонга ўтказиб
юборди.
Андак эътироз
билдиргандим, гурзиси билан уриб, майда-майда қилиб юборди. Кейин... Хуллас, қайтиб борсангиз, ёш шоирларга
айтинг, юрак буюрганини ёзишсин!” У шундай деб, йиғлаб юборипти.
Жумуназар ака шоирдан кейинда турган ўрта ёшдаги
қоқсуяк амакини юзланипти.
“Мен
гўрков эдим. Тунда туриб, олтин тишли нозанинларнинг қабрини очардим. Тилла тишларини
суғуриб олардим, ўзларини яланғоч қилиб, сулув баданларини томоша қилардим, силаб-сийпалардим”.
Навбатдиги эркакнинг ҳарбийлиги нигоҳларининг
жиддийлигидан билиниб тураркан.
“Мен ички ишлар вазирлигида ишлардим.
Экстремистлар, шубҳали диндорлар, мухолифат аъзоларини жазолаш менинг зиммамда
эди. Бошлиққа ёқиш илинжида бундай тоифалар янгидан-янги қийноқларга солардим.
“Айбини гарданига қўйиш” учун аёвсиз дўппослардим. Бир-иккитасини отиб ҳам
ташлаганман.”
“Ҳай, ярамас, сенинг жойинг ҳақиқатан ҳам
дўзах экан”, дебди Жуманазар ака.
Навбатдаги амаки шаҳарда яшаркан. Бир кун
ҳовлисига қудуқ қазиш учун иккита мардикор олиб келибди. Улардан бири чуқур
қазиётган, иккинчиси тупроқ тортиб олаётган экан. Бир маҳал чуқурдагиси: “Кўза
чиқди, олиш қийин бўляпти, нима қилай”, деб қолипти. Юқоридаги шерикни ҳам
пастга тушириб, кўзани ўзи тортиб
олипти. Қараса, тўла олтин экан. Бироз саросималаниб турибдию, кейин, чуқурга
тош, ғишт отиб мардикорларни мажруҳ
қилипти ва устидан тупроқ тортиб юборипти.
Бир маҳал Жуманазар ака танишини кўриб
қолипти. Бу одам қўшни қишлоқдаги мактабда директор бўлган экан ва одамлар жуда
ҳурмат қилишаркан. Кейин детдомга мудир бўлиб кетган экан. Унга яқинлашишга
юраги дов бермай, Миррихийга депти: “Билгинчи, бу одам нима жин уриб бу томонларда
сандирақлаб юрипти. Ёки бу ерларда ҳам
ноҳақлик бўларканми”...
”Бети қурсин бу кекса ҳангини, депти
Миррихий, аллаким билан гаплашиб олгач, у болалар уйидаги анча-мунча қизларни
бузган экан”.
Навбатдагилар: ўғрилар, порахўрлар, фоҳишалар, амалдорлар,
овчилар бўлиб чиқишибди
“Мен бу қабоҳат масканида ортиқ туролмайман,
кетамиз, дебди Жуманазар ака Миррихийга.”
“Бу ерда тартиб-интизом жуда катъий дегандим-ку,
етти соатгача турмасак, бизни чиқаришмайди, дебди у. Эндигина беш соат ўтди, қолган икки
соатни бирор жойда ўтказишга мажбурмиз.”
Ҳарқалай дўзахнинг ҳам дам олиш хонаси бор
экан, шу ерга киришибди. Деворнинг бир
томонини қоплаган катта телевизорга Миррихий ишора қилган экан, бошловчи пайдо бўлипти ва тиржайганича гапга
киришиб кетипти.
“Дўзах алангаси” студияси ўз ишини
бошлайди. “Парламент соати” кўрсатувини
эътиборингизга ҳавола қиламиз”.
Қовоғини уйиб, ўтирган парламент раиси ўзининг
тунд қиёфаси билан ҳамманинг эътиборини жалб этгач, анча ташвишли қиёфада гап
бошлабди.
“ Биродарлар, инсоф билан айтганда, ёмон
ишлаяпсизлар. Ўтган йил шу даврга нисбатан ўн уч фоиз кам дўзахий ёқилганлиги
бунга мисол. Бу аҳволда навбат бир неча километрга чўзилиб кетади. Комиссия келса ёки қўшни планетадан бирорта
блогер боши айланиб, келиб суратга олса шарманда бўламиз. Одамларга раҳмларинг
келсин, айримлари йиллаб навбат кутишяпти. Тўғри, улар гуноҳкор бандалар,
дўзаҳийлар, аммо шундай бўлса ҳамки”...
У шундай деб, биринчи сўзни ёқилғи вазирига
берипти.
“Биродарлар ўзларингга маълум, гап бошлапти
у, планеталараро шартномага мувофиқ биз қўшниларга катта миқдорда газ беряпмиз.
Бу шартномаларга аввалги раисимиз қўл қўйиб кетган. Нокас! Бунинг устига
иссиқхоналар, ғишт заводлари кўпайиб кетди”.
“Асосий сабаб бундамас, ўрнидан турибди
сипойи бир гуманоид, гуноҳкор бандалар
сони кўпайиб боряпти. Айниқса, амалдорлар билан фоҳишаларни ёқиб
тугатолмаяпмиз. Одамлар орасига тушиб,
уларни инсоф ва адолатга чақириш, қайта тарбиялаш керак!”
“Хўш, газ етишмаётган экан, кўмир концерни
раҳбарлари нега ёрдамга келмайди”, зарда билан сўрапти раис.
“Кўмир конлари ҳам чет элга сотилган, депти
кесатиш билан мухолифат вакили, энг ёмони ер ости бойликларимиз талон-тарож
бўляпти. Мен ҳатто олтин, уран конларини консервация қилиш, яъни кўмиб ташлашни
тавсия қиламан. Шунча йилдан бери бойликларимизни катта планетадагилар ташиб
кетишди. Энди ўзимизнинг қаланғи-қасанги амалдорлар ўғирлашяпти. Бизнинг авлод
ўзига тегишлисини олиб бўлди, қолгани келажак авлодларники бўлиши шарт!”
“Сан мавзудан чекинма, ўтир!”, негадир сен-сенлар
жеркиб берипти уни раис, сиёсатимга доғ туширяпсан! Фақирларни рози қилмай, уйини бузма, ҳақорат қилма дегандим”...
“Ўзи менинг ўрнимда ишлаганида,
гуманоидларни оёғи остига олиб тепкиларди, деб ғўнғиллапти, ҳалиги нотиқ. Энди бўлса”...
Тағин бир
муаммо, дебди навбатдаги депутат одам деганининг вужудида қон бор.
Шунинг учун уларнинг ёниши қийин.Тўғри
бу табиатнинг хатоси. Мана биз
гуманоидлар қонсизмиз, дарахтга ўхшаб, аслар оша яшайди.
Асосий мавзу қолиб кетди, тағин
огоҳлантирибди раис ва хулоса ясабди: “Биз
янги конлар топамиз ва 2025 йилдан кейин бошқаларга газ, кўмир, олтин беришни
тўхтатамиз! Ўз халқимизнинг ғамини еймиз! Чет элга кетганларни чақириб олиб, иш
билан таъминлаймиз! ” Истеъмол cаватчаси”ни
катта саватга айлантирамиз ва боғи узилиб кетгунча тўлдириб юборамиз!”
Кейин
концерт бошланибди. Бир номдор ҳофиз аввал:“Сен ҳам гадо, мен ҳам гадо” деган; кейин “Сен баландда, мен пастдаман”,
деган ашулани айтипти. Ундан кейин бир неча шоирлар чиқиб, шеър ўқишибди. Бир
шоир: “Сен куймасанг, мен куймасам, у куймаса ким куяди”, деган шерни жазавага
тушиб ўқиётган экан, Жуманазар ака тутақиб кетиб:
“Бошқа канални қўй, шунча ўзбек дўзах ўтида куйиб кетаётгани камми”, дебди.
“Бошқа канални қўй, шунча ўзбек дўзах ўтида куйиб кетаётгани камми”, дебди.
Бу каналда “Муносабат” деган кўрсатув
бўлаётган экан. Гала гуманоид тўпланиб
олиб, бир-бирига гал бермай тортишиб ётган экан.
“Мавзудан чиқиб кетманг, огоҳлантирибди
бошловчи, фақат Ердаги одамлар билан муносабат масаласида тўхталинг. Улар билан
алоқа боғлаш керакми йўқми? Гап шунда...”
“Уларни йўқотиш керак. Кислородни қисиб, карбон
газлари кўпроқ юборилса, бари ўлиб
кетади. Улар табиат қонунларини оёқости қилишди, табиатни қақшатишди”.
“Бу нотўғри, депти бошқаси ўрнидан туриб,
аслини олганда, одам зотини атайин йўқотиш шарт эмас.Улар атом ва водород
бомбаларини кўпайтиришди ва уларни портлатиб, нобуд бўлишади. Бунинг устига, Ер шарининг глобал исиши оқибатида ҳам қирилиб кетишлари аниқ”.
“Сизлар қанақа бераҳм, бешафқат гуманоид,
қаҳрга минибди бошқаси, уларни сақлаб қолиш керак. Бунинг учун барисини Х планетасига
кўчириш лозим. Бу қийин, қиммат лекин шундай қилмоқ бурчимиз”.
“Биродарлар, дебди бир маҳал бошловчи, бугун студиямизга Ердан
меҳмон келган. Бу киши жағалвойлик
Жуманазар ёки Жумавой ака.
Келинглар, у кишининг ҳам фикрини
билайлик”...
У пайт телевизор экрани очилиб, ундан микрофон тутган қиз чиқиб келибди.
Жуманазар ака анча каловланиб турибди, кейин
ўзини босиб олиб, гап бошлапти: “Менинг пенсиям атиги 450 минг сўм. Бир умр
колхозда ишлаганман: сувчи бўлдим, трактор ҳайдадим...Айтинглар, шу пул билан
тирикчилик қилиб бўладими? Бормаган жойим қолмади. “Бу бизнинг ишимиз эмас”, дейишади.
Ҳамма
жимиб қолипти. Ниҳоят, бошловчи ҳам: “Бу
бизнинг ҳам ишимиз эмас”, депти совуққина қилиб.
“Энди уйга кетаман”, депти, ташқари чиққач, ҳафсаласи пир бўлган Жуманазар
ака Миррихийга, аммо командировочнийни
ким тўлайди?
“Бу менинг ишим эмас”, дебди, у ҳам, аммо
уйининг олдигача беозоргина келтириб
қуйибди.
Комментариев нет:
Отправить комментарий