суббота, 22 февраля 2020 г.

САРҲИСОБ - 12, 13


   Қишлоққа Наврўз байрами кунлари кўчиб келдик. Ва баримиз бирайўла рўзғор,  ҳовли юмушларига берилиб кетдик. Мардикор олиб келиб,  ерни ағдартирдим, жўяк олдирдим.
   Ижодий ишлар ҳам анчайин ортга сурилди. Тўғри, “Ассалом Ўзбекистон”да  Республикамизнинг  етти муъжизаси ҳақида чиқиш қилдим, “Самаркандский вестник”, “Леди” газеталарида мақола ва ҳикоям ( аввал ёзилган ) чикди.   Аммо компютер мониторидан анчайин йироқлашиб қолдим. Бу ҳол дилимда ғусса ўйғотди. Қадрдон клавишлардан узоқлашганимнинг тағин бир сабаби бор. Узоқ йил газеталарда ишлаган бир дўстим Интернет−блогимга кириб, хавотиримни чандон оширди. “Шу руҳда ёзадиган бўлсангиз, сайтингизни ёпиб ташлашади”,  деди у.


   Мен сесканиб тушдим. Сайт−блогимни беркитиш, қаламимни синдириб ташлашга тенг  бўлур эди. У менинг кўп йиллик меҳнатим ва яқин йўлдошим. Негадир, аввал бу хавф хусусида ўйлаб кўрмаган эканман.  “Ахир, мен урушни тарғиб қилганим  йўқ, миллатчилик, ирқий камситишдан йироқда бўлдим. Ҳукуматга нисбатан ҳам ҳурматсизлик қилмадим. Аксинча,  етилган муаммоларни  ўртага ташлаб, нопок, бесавод амалдорларни фош қилиб, президентга ва ҳукуматга мадад бермоқчиман.  Порахўр аммо лаганбардор амалдордан кўра менга ўхшаганлар жамиятга  кўпроқ наф келтирмайдими?!  Аниқроғи, ҳукумат билан мақсадларимиз муштарак”, ўйладим ўзимча.  “Ўша сиз қаламга олган амалдорлар бу гапларни бошқача талқин қилишлари мумкин,” фикримни уққандан давом этди дўстим. “Унда Интернетнинг республикамиздаги  чучмал газеталардан фарқи қолмайди−ку”,  эътирозимни яширмадим. “Шаҳри якчашма рав – якчашма шав” яъни бир кўзлилар шаҳрига борсанг, бир кўзли бўл, деди суҳбатдошим.
   Бир неча муддат чўчиб юрдим ва хавотирим чекиниши билан ва тағин  ноутбук билан яккама−якка қоладиган бўлдим.
   Бу гал уйимизга келган андижонлик меҳмон  билан боғлиқ ҳангомалар хусусида ҳикоя қилмоқчиман. Унинг исму−шарифи Болибек бўлиб, институтда  кенжа ўғлим Ферўз билан бирга ўқиган экан. Ҳозир ўз туманидаги ветеринария бўлимида ветврачлик қиларкан. Институтга бир ҳафталик малака оширишга юборишибди. Ётоқдан жой беришган экан, аммо Ферўз: “Бизникида яшайқолинг”, дебди.
   Меҳмоннавозлик учун ҳовлидан ўнғайи йўқ. Меҳмонхонада алоҳида жой қилиб берамиз. Домда эса устоз Асқад Мухтор айтган гап ёдга тушаверади: “Меҳмон яхши−да:  келса бир қувонасан, кетса тағин бир қувонасан”.
   Болибек дарсдан анча кеч келади.  Кечки овқатдан кейин у билан  бақамти суҳбат қураман. “Болибек, бугун нималарни ўргатишди?”  “Янги гап йўқ, ўша ўтган гапларни такрорлашди”, бамайлихотир жавоб беради у. “Ҳа, энди ветеринарияда янгилик бўлиши қийин−да”,  суҳбатимиз узилиб қолмаслиги учун тергаб қўяман. “Бу фикр тўғри эмас, гапга аралашади Ферўз, бу соҳада ҳар йили ўнлаб янгиликлар бўлаябди. Профилактика, эмлаш масаласида ўзгаришлар катта. Германия, Хитойдан жуда зўр дорилар олиб келишаябди. Институдаги домлаларнинг аксари эса бундан бехабар. Етмишинчи йилларнинг программаси, дарслиги билан малака оширмоқчи бўлишади”.
   Ферўзнинг гапини ҳам инкор этмаймиз. У институтни битиргандан бери акасининг ветеринария аптекасида ишлайди. Фермерлар, паррандачилик фабрикаларининг директорлари келиб, ундан маслаҳат олишади.
   “Лекин−оммо, бугун янги гапларни айтишди, деди Болибек учинчи куни кечқурун ва давом этди:  қутуришга  қарши вакцина яратишибди. Гўштни ичига солиб, итга берсанг, шу билан эмланиб қолар экан. Биз шу масалада жа азоб чекканмиз. Одамларнинг кучугини битта−битта тутиб, укол қилардик. Қанчадан−қанча ёввойи ит қолиб кетарди. Лекин юз фоиз бажарилди, деб атчет бермасанг, об−бориб, об−келарди. Шаҳарда ишладим, Марҳаматда ишладим, ҳозир ўзимизнинг районда ҳам шу гап. Бир кун денг, аш−шу мажлисда ўтирибмиз. Ҳоким ёнимдаги коллеж директорини турғизди.  “Битирганларнинг неча фоизи ишга жойлашди?” деб сўраб қолди. Директор шошмай, қоғозга қараб:  “Етмиш фоизи”, деди. Қаранг энди: ҳозиргина менга етти фоизи жойлашган экан, деганди. “Ўзимча, шунчалик бўрттирасанми, ўпка”, деб турганимда, ҳоким минбардан туриб овозини кўтарди. “Ҳой, муттаҳам,  нега етмиш  бўлади. Қолган ўттизини ҳалиги жойингга тиқдингми?! Сенга уч кунлик муҳлат: қолганларини ҳам ишга жойлаштириб, ҳар биридан тилхат олиб келасан! Бўлмаса, оназорингни Учқўрғондан кўрсатаман! Президентнинг фармойишини ўқимадингми,  кўр! Кейин аш−шу қоғозларни тўлдириб келгандир. Бизда шу қоғоз тўлдиришни яхши билсангиз, ишлайсиз, холос. Идорага келаман−ку − визов бор−а:  бировнинг сигирими, бузоғими касал бўлган, оти ўлаябди, денг. Борай десанг, ўтир отчетни ёз, дейди. Ҳокимга, област ветотделига, ҳар хил идораларга ҳисобот берамиз. Бугун бир даста қоғоз тўлдириб берасан, эртага тағин шунча талаб қилишади. Фақат бизнинг ветотдел эмас, мактаб директорлари, муаллимлар духтурлар, инженерлар ҳам ярим кунини қоғоз тўлдириш билан  ўтказади. “Фақат сизлардамас. Ҳозир ҳамма жойда шу гап”, унинг сўзини қувватлаб қўяман. “Лекин президентимиз амалдорларни бир сидра тозалаши керак. Бари ўғри. Қаранг энди: ҳукумат молларга дори−дармон харид қилиш учун миллиард сўмлаб пул ажратади. Республика ветотдели дорини олтмиш фоизини вилоятларга бериб,  юз фоизга  қўл қўйдириб олади. Вилоят ҳам шундай йўл тутади. Районларга ҳалигини ярмини бериб, қолганини пуллашади. Бизгача озгина, энг  арзон дори−дармонлар етиб келади. Тағин вилоят билан республикадаги хўжайинлар  ана шу юз фоиз препаратни қандай сарфлаганимиз  ҳақида ҳисобот талаб қилишади. Емаган сомсага  ҳақ деганларидек,  биз – баранлар ёлғон тўқишга мажбур бўламиз. Атказ қилиб кўр, ҳам сўкади, ҳам ишдан олиб ташлайди. Яқинда бир нохушлик бўлди денг. Бир фермеримиз Голландиядан етти бош зотли сигир  олиб келди. Ҳар бири кунида 35 литр сут берадиган. Нархи ўртача беш миллиондан тушди. Бу ўз−ўзидан бўлгани йўқ. Давлатлараро шартномалар тузилиб, кредитлар берилди. Чунки ҳукуматнинг мақсади – чорвачиликни  ривожлантиришда. Лекин−оммо бунга ҳамма ёпишиши керак−да. Бизнинг   қорамолчиликда, масалан тейлериоз деган касаллик бор. Аш−шу зотли молни кана чақса, униг сўлагидан паразит ўтиб, сигирни касал қилади. Ўзимизнинг жайдари молни бало ҳам урмайди, оммо... Чунки зотли моллар нозик келади. Шунинг учун қоида бўйича, дарҳол эмлаш керак. Энди излаймиз, денг дори йўқ. Областга бордик, Тошкетга бордик. Отчетларимизни бурнимизга ниқтаб, мана ҳақларингни олгансизлаб деб туриб олишди. Локинда  қорасини  кўрган  бўлсак, худо урсин. Ветаптекаларни излаймиз, уларнинг сотувчиларига худонинг зорини қиламиз. Йўқ−да энди нима қиламиз. Ишонасизми: шундай зўр сигирлар касал бўлди, қон сийди. Фермер йиғлаб−йиғлаб барини сўйдирди. Беш миллион сўмлик сигирни беш юз мингга сотди. Энди Россиядан ўғиллари юборадиган пул ҳисобига  банкдан олган қарзининг процентини тўлаб юрибди. 
   Меҳмон Андижондаги марказий кўчанинг ҳам жуда  обод бўлганлигини батафсил ҳикоя  қилди.  Соатга қарасам,  вақт алламаҳал бўлиб қолибди. Бунинг устига меҳмоннинг бир оҳангда, анчайин минғирлаб, монотон гапириши уйқумни келтирабошлади. Ҳадемай унинг гаплари узуқ−юлуқ, пала−партиш бўлиб қулоғимга  чалинабошлади. “Сигирларни сунъий қочирдик, лекин жониворлар  ориқ, касалванд эди. Шу сабаб бўғоз бўлмади. Эгаси: сизлардан кўра ўзимнинг буқам яхши, деди...”   “Бозорда ҳам молдухтир бўлиб ишлаганман. Бир кун денг,  бозорчи аёллар мухбирни ўртага олиб, дўппослайкетишди. Ажратайлик, десак, директор:  “қўйиб қўйинглар”, деди...”  “...бизларни  “баран”, дейди...Жириновский...”   “Ҳокимимиз милисадан чиққан. Қовоғини солиб юради...”   “...барини чиқариб отардим...”
   Кўп ўтмай, бир−бирига айқашиб кетган тушлар кўрабошладим. Аммо булар тушми ёки кўз ўнгимда гавдаланаётган хотираларми − фарқига бормасдим. Ҳиндистонда эканман, кўчада бизникидай ориқ сигирлар кўп экан, машиналар эҳтиёткорлик билан уларни четлаб ўтаётган эмиш.  Тағин: кўз ўнгимда  (эҳтимол тушимдадир) “Мимино” филмидаги  сигирни  вертолётга осилтириб кетаётган манзара намоён бўлибди. “Голландиядан сигир олиб келишаябди..” дебди кимдир.
  Меҳмон ҳамон бир оҳангда монолог  ўқирди.  “...Газ йўқ, свет йўқ − молхона билан товуқхонани иситасан, дейди занғарлар.  Шеригим Россияга кетиб қолди...”  “Ҳа, ёмон бўлди. Тирик қолганларини Руминияга олиб кетган...”  ...Қарасам, ухлаб қолган  экан, аш−шу...”
   “Болибек, энди биз ҳам ухлаймиз”,  унинг сўзини бўлишдан ўзга илож тополмадим.  Меҳмон бир лаҳза тин олди. Мен фурсатдан фойдаланиб ва шоша−пиша дастурхонга фотиҳа ўқидим.
  Шанба куни меҳмон билан хайру−хуш қилдик.

        


Комментариев нет:

Отправить комментарий