Қишлоқдан шаҳарга энг зарур китобларни олиб
келганман. Чунки, эндиликда Интернет,
деярли жаъми маънавий эҳтиёжлар ва
заруратларни қондира олади.
Лекин, мен
келтирган китоблар бундан мустасно. Русча- ўзбекча лўғат, Умар
Хайёмнинг форсий ва ўзбекча рубоийлари, Чеховнинг ҳам икки тилдаги
ҳикоялари ва ниҳоят, Нитшенинг Иброҳим Ғофуров
таржимасидаги “Зардўшт таваллоси” насрий достони шулар
жумласидандир....
Хайём
рубоийларини бир оз толиққан,
кўнгилхушликка мойиллик сезган пайтларда қўлга оламан.
Чеховни эса бирор нимарса ёзишдан олдин варақлайман ва алланималарни ўзлаштираман.
Нитшени бўлса жилла қаҳрга минган, курашга эҳтиёж сезган лаҳзаларда ўқийман.
Аниқроғи, бу буюк олмон нигилисти билан курашга чиқаман. У оғир
вазнли бўлгани боис икки-уч раунддаёқ мени уриб йиқитади. Нитшенинг муштлари
чўқморга ўхшайди.У менинг энг нозик жойларим, яъни кўп йиллик ишончларим,
кўникмаларим ва эътиқодларимни мўлжаллаб зарба
беради. Зеро, у ўзини: “Мен, динамитман!” деб ғурурланиши
бежиз эмас. Лекин йиқилган курашга тўймайди. Вақт ўтиб, у билан тағин
жангга киришаман.
Ўзингиз
ўйлаб кўринг: ота-онамиз, устозларимиз,
уламоларимиз ҳамиша одамлар орасида бўлиш, уларнинг ғами-ташвиши
билан яшашга ўргатишади. Аммо Нитше: “ Ваҳшийларга қараганда одамлар орасида
бўлиш хатарлироқ...Одам ўз- ўзини яхши кўришни ўргансин”, деб ёзади.
Биз
шоир зотига эҳтиром кўрсатамиз, уни эъзозлаймиз, у халқ дардини айтади, деб
умид қиламиз. Лекин Нитше ёзади: “Мен қадим ва янги
шоирлардан чарчадим; уларнинг бари мен учун юзаки ва кўлмак билан баробардир. ...Лекин
кимдир жуда жиддий қилиб, шоирлар ҳаддан ташқари кўп ёлғон сўзлайдилар, деб
айтган ҳам дейлик; у рост айтур: биз ҳаддан ташқари кўп ёлғончилик
қиламиз. Биз жуда оз нарса биламиз ва жуда ёмон ўқиймиз, шунинг учун биз ёлғон
сўзлашга мажбурмиз”.
Болалигизданоқ
бизни қаноат қилишга, шукур қилиб яшашга ўргатишади, бу
дунёнинг ҳаммадан яхшилиги, ҳаётнинг ширинлигини уқдиришади. Нитше эса бунга
қарши бош кўтаради: “Ҳақиқатан ҳам, ҳар бир нарсани яхши-яхши
дейдиганлар ва бу дунёни энг соз дунё деб атайдиган кимсаларга унчалик хушим
йўқ. Уларни мен ҳамма нарсадан мамнунвойлар, деб юраман. Ҳаммасидан
мамнун, ҳаммасини ширин деб биладиганларнинг фаросатига қойил эмасман! Мен
қайсар, оқ қорани яхши ажратадиганларни ҳурмат қиламан, улар
“Мен”, “Ҳа” , “Йўқ” деб айтабиладилар. Лекин ҳамма нарсани чайнаш ва
ҳазм қилиш бу - тўнғиз зотининг иши.”
Мен
билан сизнинг давлат ҳақидаги тасаввурларимиз ўзимизга яраша, яъни
унга ҳурмат, эҳтиром, умид билан қараймиз. Аммо қайсар нигилист
бошқача фикрда: “... давлат яхшилик ва ёмонлик ҳақида барча
тилларда ёлғон гапиради; нима сўйламасин ёлғон сўйлайди ва неки бор
нарсаларининг барини ўғирлаб олган. Унинг бари нарсалари ясама; унинг тишлари
ўткир, ўғирлаб олган тишлари билан у тишлайди. Давлат қандай қилиб бўлмасин, ер
юзидаги энг муҳим ҳайвон бўлишни истайди; бунда ҳам унга ишонишади”.
Шу
фикрдан кейин ўйлаб қоласан киши. Ҳозир Ўзбекистонда шоирларнинг аксари ватан
ҳақида шеър ёзишга ўтиб олган. Газета, журналлар, ТВ экрани ватан
ҳақидаги шалдироқ шеърларга тўлиб кетган. Назаримда, бу лакаловлар ватан билан
давлатнинг фарқига бормайдиган нотавонлардир. Дарҳақиқат,
ватанинг киндик қонинг томган, болалигинг ўтган манзиллар
эмасми?
Бу
шеърларда, албатта “Ўзбекистон” ва бундан ҳам
баттари, “юртбошим”, “сарваримиз” деган
ибораларнинг бот-бот ва зўрма-зўраки тиқиштирилиши ватан билан
давлатни фарқлайбилмасликдан ташқари андак таъмагирлигимиздан
ҳам далолат беради.
Ниҳоят,
биз иншооллоҳ, мусулмонмиз ва яратганга сажда қиламиз. Нитше эса: “ Худо ўлди!
Мен худосиз Зардўштман!” деб ҳайқиради ўз қаҳрамони номидан.
Нитшенинг
нописанд нигоҳлари ҳам кишини фикрлашга чорлайди. “Сиз кўтарилмоқчи
бўлганингизда юқорига қарайсиз. Мен эса пастга қарайман. Зеро мен
юқорига кўтарилганман.
Ким
энг баланд тоғларга кўтарилса, у саҳна ва ҳаётнинг ҳар қандай
фожиаси устидан кула билади.”
Лекин
шуларнинг барига қарамай, Нитше асрлар оша инсоний бурчимизни бажаришимизга,
дилимиздаги гапни айтиб қолишга, эркин бўлишга даъват этаверади.
Унинг буюклиги ҳам шунда - эрк учун курашга чорлашидадир.
Бу чорловлардан
ҳар бир зиёли ўзича хулоса чиқаради. Аслини олганда, инсон эрки учун
курашда биз олдинги сафда бўлишимиз керак эмасми? Демократия ва
ошкоралик жумракларини аста-секинлик билан бўлса ҳам очиб бориш биз - зиёлилар:
ёзувчилар, шоирлар, публицистлар, олимларнинг муқаддас бурчимиз-ку!
Нитше “Зардўшт
таваллоси”ни XVIII асрда
яратган эди. Ўша замонда цензура унга рухсат берган ва нашриёт
китобни чоп этган. Хўш, ҳозир бизда янги Нитше пайдо бўлиб, шу руҳдаги китоб
ёзса, чиқарадиган мард борми?
Теодор
Драйзер “Америка фожиаси” ни 1925 йилда ёзиб нашр эттирган, Мушфиқ Козимий ҳам
“Қўрқинчли Теҳрон”ни ўша йиллари ёзиб чоп эттирган эди. Ҳозир бизда
“Ўзбекистон фожиаси” ёки “Қўрқинчли Тошкент” деган китоб чиқаришни хаёлингизга келтираоласизми?!
Аслида шунчалик ортда
қолиб кетишимизда ошкоралик жумракларини озгина бўлса ҳам очишдан
чўчиб яшашимиз сабаб.
“Ернинг ўз ўқи
атрофида айланишини Коперникдан бошқалар ҳам билган, аммо уларнинг бола-чақаси
бўлган”, деган афоризмни ўқиб қолган эдим. Шунга қарамай, мен
“Ўзбекистон фожиаси” деган ҳикоя ёзганман. Кейин бошқа ҳикояларни
қўшиб, Ғафур Ғулом номидаги нашриётга олиб
борадиган бўлдим. Аммо ҳикоянинг ҳам китобнинг
ҳам номини андак енгиллаштирмасам, ноширлар ғалати ҳолатга
тушишларини билардим. Шунинг учун “Фожиа” деб қўяқолдим.
“Биз китобнинг
номини “Фожиа” деб қўйолмаймиз,” деди бош муҳарир. “Нега, энди
цензура йўқ-ку, кимдан қўрқасизлар”, ўжарлигим тутди. У
башорат бармоғини сирлигина юқори ишора қилди. Муҳаррир
талай саҳифаларга савол ва ундов белгилари қўйди. Жумладан, иккинчи ҳикоядаги
“Мени номаълум одамлар дўппослашди” деган оддий жумлага ҳам эътироз
билдирди. “Қаҳрамонингиз эсенбени назарга тутаётганга
ўхшайди”, деди. Бир ўринда эса: “асалари подшоси кексайиб, ишга
яроқсиз бўлиб қолди”, деган жумлага ҳам қарши чиқди. Аммо бу ҳам ҳолва экан: бу
гал борсам, айнан “Фожиа” ва “Нохуш хаёллар” деган ҳикояларимни олиб қўйишибди.
“Булар қалтис гаплар” деди муҳаррир. (Шу иккала ҳикоя сайтимда
– nusratrahmat.blogspot.com-
эълон қилинган. Эринмасангиз ва ўқиб чиқсангиз, вақтингизга
ачинмайсиз). Харажатлар учун эса етти миллион сўм сўрашди. Мен қўлёзмани
қайтариб олдим ва шукурки, Интернет бор экан: барини сайтимда эълон қилдим.
Энди
менинг таклифимга қулоқ тутинг. Биламан, у сизга ўтиришмайди, аммо
бунинг аҳамияти йўқ. Ўзбекистонда цензурани қайта тиклашни таклиф этаман. Чунки
цензуранинг даққоқ мирзосида ёзиш ман қилинган ахборотларнинг аниқ
рўйхати бор. Унга эътироз билдириш мумкин. Жумладан, китобнинг қандай аталиши,
қаҳрамонни ким дўппослаши ҳақидаги гап унинг рўйхатида
бўлмайди. Ундан ҳаққингизни талаб қилишга ҳаддингиз сиғади. Нашриёт
ёки таҳририятнинг ҳар бир ходими цензуранинг жосусига айланган бўлса
ва арзимаган шарпадан чўчиб, башорат бармоғини
кўтариб турса, дардингни кимга айтасан. Ҳозирги
вазиятда Ўзбекистонда цензуранинг тикланиши демократия ва ошкоралик
жумракларини жилла бўлса ҳам очишга ёрдам бериши
муқаррар! Ахир биз цензура амал қилган шўролар даврида бундан
дадилроқ, журъатлироқ гапларни айтардик-ку.
Бу, шу
йўлдаги илк қадам бўлсин. Кейин мудроқликдан халос бўлсак, уни тағин
бекор қилиш қийин эмас.
Азиз
биродарлар! Газета-журналларимиз тишсиз, китобларимиз ҳиссиз
бўлиб қолишида баримиз гуноҳкор эканлигимизни тан олишимиз
шарт! Виждонимиз билан яккама-якка қолганда ўйлаб
кўрайлик. Беҳбудий ҳазратлари ёзганларидек: “Ҳақ олинур, у
берилмас!” Дилимиздаги дардни айтиш ҳуқуқини қўлга киритайлик! Ахир,
умр ўтиб бормоқда!
Комментариев нет:
Отправить комментарий