11− май куни катта қизим Моҳинбонуни туман марказий шифохонасига
бўлим мудирлигига, аниқроғи, лаборатория раҳбарлигига ишга таклиф
этишди. Гарчанд, бундай таклифни бир неча ҳафтадан бери кутаётган
бўлсак−да, қувондик.
Моҳинбону
университетнинг биология факултетини битиргандан бери қўшни Оқмачит қишлоғидаги
шифохона лабораториясига раҳбарлик қиларди. Бу ерда ўн етти йил
ишлаб қўйибди.
Магарам
қизимиз мактаб ва университетда русча ўқиган бўлсада,
ўзбекча (ёки тожикча) таомилларга қаттиқ риоя қилиши билан бизни
қувонтириб келганлигини таъкидлаш ортиқчалик қилмас. Уни қўшни
Қозиқўрғон қишлоғига муаллимлар оиласида вояга етган Дилшод деган йигитга
узатгандик. Ҳозир бир ўғил, икки қизи бор.
Моҳинбону
жиддийгина ватанпарвар бўлса ҳамки, “Аргументы и факты”
газетасидан бошқасини тан олмайди ва асосан Россия ТВсини томоша
қилади. Бу ҳолни эса русча ўқиганига йўйиб қўяқолади.
Куёвимиз
Дилшоднинг хусусий дўкони бор. У хўжалик моллари билан савдо қилади. Дилшод
анчагина радикал фикрли бўлганлиги сабаб, уларнинг сиёсий қарашлари
батамом фарқ қилади. Локинда икковлари ҳам ўз фикрлари,
мулоҳазаларини қизишмай, асослар, фактлар билан исботлашларига бир
неча бор гувоҳ бўлганман. Хўжайини, масалан, “Медицина соҳаси расво
бўлди – пулинг бўлмаса ўлиб кетиш ҳеч гапмас”, деса, Моҳинбону
ётиғи билан: “Хўжайин, бу кўча гапи. Мен шу соҳада ишлайман ва кўпроқ биламан:
президентимиз халқ саломатлигига катта эътибор бераябди.
Янги, замонавий ускуналар олаябмиз, қўшимча бинолар қурилаябди. Пул масаласига
келганда, ўзингиз биласиз, ўша пешқадам мамлакатларда ҳам даволаш бепул эмас.
Аммо муолажанинг энг арзони бизда. Эътибор берганмисиз, Россия,
Америка ёки бошқа юртга кетганлар касал бўлиб қолишса, шу
ерга келиб даволанадилар. Боиси, ҳамма турдаги
муолажа бизда чандон арзон. Бунинг устига сил, қанд, руҳият касалликларини
даволаш батамом бепул. Мен Тошкентда бўлиб тураман, у ердаги
клиникаларнинг врачлари, ускуналари манаман деган
давлатларникидан қолишмайди”, дейди.
“Бу нима
гап: ёшларимизнинг ярми Россияда мардикор. Улар ўзимизда ишлаши керак”, деб
ачинсангиз, у ўз аргументларини қаторлаштиради: “ Россияда фақат
бизнинг одамлар эмас, Хитой, Украина, Тожикистон,
Қирғизистон фуқаролари ҳам кўп деб эшитганман. Булар бари
табиий ҳол – бизда туғилиш кўп. Миграциянинг эса ўз талаблари, қонуниятлари
бор. Араб мамлакатларида ҳиндулар, Германияда турклар жуда кўп ва шунақа
иккинчи даражадаги юмушлар билан банд дейишади”, мазмунида фикр
билдиради. Мабодо ҳукуматнинг золимлиги ёки президентнинг
қаттиққўллигидан шикоят қилишса ҳам жим
ўтирмайди. “ Шукур қилиб яшаш керак. Каримов − бизнинг бахтимиз. У
киши андак қаттиққўл бўлмаганда, бебошликлар бошланиб кетарди. Бизнинг халқ
азал−азалдан хонлар, амирлар, саркотибларга бўйсуниб, улардан
қўрқиб яшаган. Ҳозир ҳам бизда оломонлик психологияси
устун. Ҳамон бошқа уруғ ёки миллатдан душман излашга
мойилмиз. Шунинг учун ҳам давлат раҳбарининг бир қўлида қанд,
иккинчи қўлида қамчи бўлиши шарт, дейди. Ва давом
этади: эътибор берганмисиз, Озарбойжон, Гуржистон
сингари мамлакатлар сўнгги йигирма йилда анчагина ҳудудларини қўшниларига бой
бериб қўйдилар. Чегараларни белгилаш жараёнида Россия, Тожикистон,
Қирғизистонннинг анча− мунча ерлари Хитойга ўтиб кетди. Лекин
Ўзбекистоннинг бирор қарич ери ҳеч кимга берилмади, сарҳадларнинг бус−
бутунлиги сақланди. Нима, бизнинг жаннатмакон заминимизга кўз олайтириб
турганлар йўқ деб ўйлайсизларми? Хуш, бу устиворлик ким
туфайли?”деб савол беради.
Туман
марказий шифохона лабораториясига шу пайтгача Галина Степановна Саликова деган
аёл раҳбарлик қиларди. У шу даргоҳда нақ қирқ йил ишлаган
экан. Моҳинбону эса нақ қирқ ёшида унинг ўрнига ишга ўтди. Галина қизимизга
чинакамига устозлик қилди. У дилкаш, ораста аёл бизникига ҳам келиб
турарди.
Галина
Степановна аслида Самарқандда булғор оиласида туғилган бўлиб, ўзбек, тожик
тилларини яхши билар, бизнинг урф−одатларни ҳурмат қиларди. Таъзия ва тўйлардан
қолмасди. Кейинги пайтларда кексайиб, касалланиб қолди ва ўзининг анчайин
мураккаб ишларини Моҳинбонуга топширадиган бўлди. Кейин ётиб қолди ва
докторлар шўрликка рак деб ташҳис қўйдилар. Қизим деярли кунора
унинг уйига бориб, хабар олиб келарди. Бояқиш аёл мусулмонча қилиб
кўмишларини васият қилган экан, унга жаноза ўқишди
ва Хўжа Аҳрори вали қабристонига қўйишди. Йигирмаси ўтгандан кейин
иккинчи васиятини ҳам бажо этишди, яъни Моҳинбонуни унинг ўрнига ишга
тайинлашди.
Орадан
бирор ҳафта ўтгач, Рухсора иккаламиз қизимизнинг янги ишхонасига борадиган
бўлдик. Бу ерда ўттизга яқин ходим, яъни врач, лаборант ва ҳамширалар хизмат қилишаркан. Улар бизга самимий ҳурмат−эҳтиром кўрсатишди. Бу ҳолдан андак
ҳаяжонландик ва негадир кўзимизга ёш келди. Моҳинбону хоналар, ускуналарни
бирма−бир кўрсатди. Бино эскилигини, яқин орада янги жойга кўчиб ўтишларини ва
замонавий жиҳозлар, медицина ашёлари олишларини гапирди. Кейин
машинамизгача кузатди. Охирида эса қизига совчилар келаётганлигини айтиб,
ойисидан мадад сўради.
Гап
шундаки, Бонунинг катта қизи Ситора бу йил мед. коллежни битириш
арафасида турибди. Уни тағин ўқитиш ниятлари ҳам йўқ эмас. Аммо муносиб жой
чиқса ..
Рухсора
совчиларнинг кимлиги билан қизиқди ва бўлажак қудаларни
сўраб−суриштиришга сўз берди.
Комментариев нет:
Отправить комментарий