Бугун 2013 йилнинг 1 март
куни.
Ўйлаб кўрсам,
сарҳисоб ёзишни давом эттиришим керак экан. Ўртада катта танаффус
бўлди: “Жадид” кўп вақтимни олди. Энди бекорчиликдан
зерикабошладим. “Чол ва кампир” деган ҳикоя ҳам бошлаб қўйдим.
Бир−бирига
суяниб эллик йилдан зиёд рўзгурзонлик қилган ва бугунги кунда хотиралар билан
яшаётган чол билан кампир ҳақида.
Отахон агроном
бўлган, кейин амал пиллапояларидан бирма−бир кўтарилиб, вилоятда бошқарма
бошлиғи, туман саркотиби бўлади. Аммо ҳеч ерда беш йилдан ортиқ ишламайди. Ёки
ариза ёзиб кетади ёки унинг характерини билган раҳбарлар бошқа вазифага ўтказиб
қўйишади. Беш йилдан ортиқ ишлаган ҳар қандай раҳбар – у бригадирми ёки давлат
раҳбарими, аввал амалдорга, кейин доҳийга айланади, инсон боласи амалдор
ёки доҳийга айланса, одамгарчиликдан чиқиб кетади, деган ақидага
риоя қилади. Отахон Самарқандда беш йилдан ортиқ саркотиб ёки ҳоким бўлган кишиларнинг
қай тариқа бузилганлигини:
порахўрлик, қўшиб ёзиш,
хотинвозликка берилишганини таҳлил қилади. У, негадир москвалик терговчилар –
Гдлянд билан Ивановни ҳақ деб ҳисоблайди. Бутун ёшлиги Шўролар замонида
ўтганлиги ва унга бахшида этилгани учун бўлса керак, у даврни танқид
қилганларни ёқтирмайди, факт, рақамлар билан яқин ўтмишининг афзаллигини
исботлашга ҳаракат қилади ва ҳакозо. Бу одам ягона ишбилармон ўғли билан ҳам,
ўз тенгдошлари билан ҳам келишолмай, “қони қўшилмайдиган”, “одамови”га айланиб
қолган. Турли тантана ва йиғилишларда тенгдошлари амалдорлар ва ҳукуматни
мақтаб қолганда, у ўзи яшайдиган эски шаҳарда газ батамом узиб қўйилганини,
электр таъминоти эса шўролар замонида тузук бўлганлигини гапириб қолади.
Айрим андишалар
билан уни давом эттиролмай турибман.
Ўтган бир ойдан зиёд
вақт давомида Интернетга “шўнғиб кетдим”. Фаесбукка адабиёт ва санъатга оид бир
неча фикрларимни қайд этдим. Аввал ўқиган ёки ўқимаган ҳикоя, қиссаларни сақлаб
олдим. Распутиннинг “Франтсуз тили сабоқлари”, Эркин Аъзамнинг
“Аралашқўрғон”, “Анойимнинг жайдари олмалари”; Мурод Муҳаммад Дўстнинг
“Дашту далаларда”, Исабек Султоновнинг “Фаришта” асарлари, адабиёт
дурдоналаридир.
Тағин:
кашф этганим шу бўлдики, адабиётга оид сайтлар сероб экан. TurkLid
ва UzLib сайтлари ҳам асарларимни кўчириб эълон қилишибди. Ўқувчилар сони
оз эмас ва бу – қувончли ҳол. Айниқса, “Фожиа”, “Нохуш хаёллар”, “Санаторияда”
сингари ҳикояларнинг лотин ва кирил вариантларини мингдан ортиқ киши
сақлаб олганлиги қайд этилди. “Фарзандга ўгитлар” , ”Буни ҳаёт дебдилар” каби
китобларимни сақлаб олувчилар кўп. Ўқувчилар кўпров лотин имлосида ўқишга
ўтишаётганлигини кўриб, ўзим ҳам бу алфавитни ўрганишга жиддий киришдим.
Ziyouz.uz
романимни ҳамон эълон қилмаётганидан андак ташвишланиб, Давронбекка хат
ёзгандим. У 24 февралда эълон қилинди ва беҳад қувондим. Ўтган тўрт кун
давомида 26 киши сақлаб олганлиги дилимга илиқлик солди. Асардан
“Зарафшон”, “ЎзАС”га парча юборгандим, аммо эълон қилишмади.
Интернетни
чуқалай−чуқалай, келган хулосам шу бўлдики, китоб чиқариш ва ўқишдан кўра
виртуал олам чандон осон ва қулай экан. Эндиликда миллатнинг интеллектуал
даражаси уни компьютерни нечоғлик билиши билан ўлчанадиганга ўхшайди. Баски
шундай экан, фарзандлар, набираларни курсларга юбориш, уларга компьютер олиб
бериш, бурчимизга айланмоғи керак.
Рухсора
иккаламиз ҳамон шаҳарда − Гагарин кўчасидаги 136 уйнинг 48 квартирасида, кенжа
ўғлим Ферўзнинг оиласи билан яшаябмиз. Бу ерда ҳаёт сокин, фаровон. Қишлоқларда
эса яшаш йил сайин қийинлашмоқда. Газ ва электр танқислиги шаҳарларда ҳам
сезилябди.
Февралда
тағин бир набира кўрдик. Мирзо қизчали бўлди. Худога шукур. Набирамиз
Ситоранинг бўйида бўлганлиги бизни қувонтирди, аммо Парвинанинг операция
қилингани надоматлидир. Набира куёвлар билимли, ҳушёр. Уларнинг бири вилоят
ҳокимлигига, иккинчиси Ўзбекистон−Буюкбритания қўшма корхонасига ишга ўтди.
Соғлигим ва
кайфиятим тузук. Қон босими ошишига қарши таблетка (Энап –НЛ ва Кардио магнил)
ютиб турибман. Гоҳида ҳар кун, гоҳида кунора. Эрталаб 2, кечқурун 4
километр пиёда юраман, бадантарбия қиламан. Менинг ёшимда (72) дилхуш
хотиралар ҳаловатбахш, нохушлари эса оғриққа ўхшаш бўларкан. Истайсизми,
йўқми – бот−бот ўлим ҳақида ўйлаб қолади киши. Рухсора билан турфа
хотираларни бот−бот эслаймиз, муҳокама қиламиз.
Ҳар хил анжуманлар,
давралар, ТВ ва матбуотдан ҳам ўзимни жилла чеккага олганман. Бефаҳм
кишиларнинг сафсаталари, миллатчилик, маҳаллийчиликлари ёки турли
тоифадаги амалдорларни, ҳукуматни бўлар−бўлмасга сифатлашлари дилимга
ўтиришмайди. Зеро Алишер Навоий топиб айтган:
Мени
мен истаганлар суҳбатига аржуманд этмас,
Мени
истар кишилар суҳбатин кўнглим писанд этмас...
Ўз даврамизнинг ойда
бир бўладиган йиғилишларида эса анча сархуш бўламан.
Бу орада
Чўпонотага – Улуғнинг корхонасига ҳам бориб келдим. Қурилишлар давом этаябди,
яъни ишлаб чиқаришни кенгайтиришаябди. Бу ерда 15 киши иш билан таъминланган.
Ҳозирча шу...
Комментариев нет:
Отправить комментарий