воскресенье, 23 февраля 2020 г.

САРҲИСОБ - 23


Июл ойида бирайўла икки набирамизни чиқардик. 1− июл куни кичик қизим Дилафрўзнинг фарзанди Парвинани, 10−июлда эса катта қизим Моҳинбонунинг қизи Ситорани тўй қилдик. Магарам катта тўйларга қарши бўлсам ҳамки,  қудалар тантанага эрк беришди ва унда Рухсора иккаламиз фаол иштирок этдик.
   Парвинанинг кимга унаштирилганини ёзган эдим. (Сарҳисоб 6). Куёв – Ҳусан дилимга ёқди. Тўйдан кейин, таомилга кўра аёллар тағин уларникига бориб, мамнун бўлиб келишди.
   Ситора қўшни Равонак қишлоғида яшаб, ҳокимиятда ишлайдиган Шерзод деган йигитга турмушга чиқди. Бу ҳам хушфеъл, дилкаш йигитчага ўхшайди. Ўзи ҳам зиёлилар оиласида вояга етган.
   Рухсора бутун масъулиятни елкага олиб, бу тўйларга раҳбарлик қилди. Расм−русумлар, урф−одатлар ва жамики таомилларни юксак даражада амалга ошиши учун жонбозлик кўрсатди. Тўйдан кейин эса чарчаб, беҳол бўлиб қолди. Унга зоҳиран ачиндим.


                
                                               Х Х Х

   13−июл куни бошқалар қатори  дўстим Миршариф иккаламизни ҳам журналистлар байрамига таклиф этишди. Аслида, ҳукумат томонидан,  бу байрамни  27−июл куни ўтказиш  белгиланган. Аммо ғалла ўрим−йиғими мавсуми бўлганлиги сабаб кечиктиришган экан.
    Бизни янги автобуслар билан Жомбойдаги сўлим  маишатгоҳга олиб боришди. Йўл−йўлакай эса шаҳарнинг ободонлаштирилаётган кўчаларни кўрсатишди. Бу жойлар қисқа вақтда таниб бўлмас даражада ўзгариб кетганига гувоҳ бўлдим.
   Байрам эса, шу кеча−кундузда ресторанларда ўтаётган тўйларга ўхшаб кетди. Дастлаб ҳоким ижодкорларни табриклади, ютуқлар ҳақида гапирди. Унинг: “Бу ерда фақат ижобий нарсаларни кўриб, ёзадиган кишилар тўпланган”,  деган гапидан кейин, дўстим иккаламиз бир−биримизга маъноли қараб қўйдик. Дарҳақиқат, байрамга туман, вилоят ва республика газеталарининг ходим ҳамда мухбирлари таклиф этилган бўлиб, жумладан Интернет мухбирлари атайин айтилмаганди. Бунинг боиси, уларнинг нисбатан реалроқ ёзишлари бўлса ажаб эмас.  Ҳоким бир қадар илғор журналистларга мукофотлар ҳам берди. Кейин эса музика, шовқун, бачкана қилиқлар кеч соат 11гача давом этди. Зериксак ҳам ўтиришга мажбур эдик.
    Балки бизнинг давримиз ўтгандир, деб ҳам ўйлаб қолдим..

                                         Х  Х  Х

    Бу галги оилавий ўтиришимиз Ургутда бўлди. Бу ерда яшайдиган дўстимиз, ёзувчи Ғайбиддин Фазлий бизни зиёфатга  таклиф этган эди. Рухсора иккаламиз машинамиз билан йўлга тушдик ва аввал Ургутнинг янги бозорига кирдик. Йўл−йўлакай унга ёшлигим ўтган масканларни ҳам кўрсатдим.
   Тўқсонинчи йилларнинг бошида туман марказида, ўз−ўзидан жаҳон бозори вужудга келганди. Ургут − йўллар кесишмайдиган, темир йўл ўтказилмаган, анчайин чекка жойда бўлишига қарамай, бу ерда шундай катта бозорнинг пайдо бўлиши ғалати жумбоқ эди. Кейин катта чорраҳалар ўтадиган Жиззах, Самарқанд шаҳарларида ҳам шундай бозорлар ташкил этишга киришилди. Аммо одамлар қийналиб бўлса ҳамки, бутун вилоятдан ва бошқа жойлардан Ургутга келишарди.
   Ҳозирги пайтда янги жойга кўчирилган,  замонавий дўкон расталар барпо этилган, тартиб−интизомли бозорни айландик. Савдо нуқталарининг чеки кўринмас, излаган матоҳингизни топишингиз ва уни Самарқанд, Тошкентдан кўра арзон харид қилишингиз мумкин эди. Мазкур шаҳарларнинг бозорлари ва дўконларига ҳам шу ердан мол олиб боришларини айтишди. Бу ерда водийлик  морбоз йигитлар илон, маймун ўйнатишаётган экан, мириқиб томоша ҳам қилдим.
  Шериклар – Миршариф Хўжаев ва Тошпўлат Раҳматуллаев оилалари билан етиб келишган ва бизни Юқори чинор деган жойда кутишаётган экан.
   Ғайбиддин − доно йигит. У азимжусса чинорлар, бу ерда боқий уйқуга кетган азиз−авлиёлар ҳақида батафсил гапирди. Кейин маишатгоҳга бориб ўтирдик. Суҳбатларимиз кечгача давом этди. Зеро, дунёқарашларинг бир−бирига тўғри келадиганларнинг суҳбатлари ҳамиша тотли бўлғай.
   Мен суҳбат орасида Ургутда жаҳон бозори вужудга келганлиги тўғрисидаги жумбоқни ўртага ташладим.
   −Бунинг учун энг аввало, сармоя керак. Ургутликлар азал−азалдан савдогар халқ бўлишгани боис сармоя мавжуд эди. Шўролар даврида ҳам бизнинг одамлар жаҳонгашта эдилар. Бу борада анчайин латифалар ҳам тўқилган. Сўнгги йилларда улар чет эллик ишлаб чиқарувчилар билан ўнғай шартномалар тузишга эришишди.
   Ёдимга лоп этиб,  ўғлим Улуғбек билан Хитойга қилган саёҳатим тушди. Ветеринария дори−дармонлари ишлаб чиқарадиган корхона раҳбари шартномага имзо чекишдан олдин уқдирди.
 – Сиз бундан кейин оладиган дори−дармонингизни Интернет орқали заказ қилаверинг. Чегарадан ўтказиш, таможний масаласини батамом гарданга оламиз. Фақат юкни  бориб Ургут деган жойдан олишингизга тўғри келади. 
    Қойил қолиш керак!

Комментариев нет:

Отправить комментарий