суббота, 22 февраля 2020 г.

САРҲИСОБ - 19


  16−май нохуш хабарлар билан бошланди. Бирайўла икки жойга таъзияга хабар қилишди.   Дўстим Маҳмуджон Ўроқов ва қариндошимиз Хадича муаллима бандаликни бажо келтиришибди.
   Қўшни Равонак қишлоғида яшайдиган Маҳмуджон билан агрофакда  бирга ўқигандик. У ўқишни битириб,  ишни бригадирликдан бошлади. Ўзини тезда кўрсатди, шекилли, кейин  колхозга раис бўлди. Орадан кўп ўтмай Шредер номидаги боғдорчилик, узумчилик илмий−тадқиқот институти Самарқанд филиалига  директор қилиб тайинлашди. Ҳамма жойда ҳам олқишларга сазавор меҳнат қилди. Одамлар уни “раис бобо” деб, ҳурмат қилишарди.


   Аммо мен билган ҳақиқат шуки, Шўролар замонида ҳам, ҳозир ҳам раҳбарлик қилган киши камдан−кам ҳолларда узоқ умр кўрган. Ўзим шахсан таниган  раҳбарларнинг аксари инфаркт, инсулт, қанд касалига дучор бўлиб, 50 ёшнинг нари−берисида ёруғ олам билан видолашдилар.
   Шўролар замонидаги бюроларни яхши эслайман. “Партбилетни столга қўйинг!”,  “Коммунистнинг номига доғ туширдингиз!” “ Сафимизга нолойиқсиз!”деган пўписалар дилларни яралаб турарди. Мустақилликдан кейин бу дашномлар рўйи−рост  ҳақоратга айланди.  “Сан ҳўкизсан!” Қаматиб юбораман!” “Кетингга қозиқ қоқаман!” ва ҳакозо. Гоҳида эса ҳокимлар майда чиновникларни рўйи−рост дўппослайдиган бўлишди.
   Амалдорлар ҳам турфа тоифали, албатта. Уларнинг аксари  кўп ҳолларда дашном ва ҳақорат эшитганда ёки юзига тарсаки тортилганда ҳам бўйнини хам қилиб туради. Бунақаси биздан ташқари бирор мамлакатда бўлмаса керак.  Белида дарди борнинг оёғи қалтирайди−да, ахир. Аниқроғи, пора олган ёки каттагина маблағни ўзлаштиргани рост бўлиб чиқади.  Бунинг устига,  биз амал курсисини ўлгудай яхши кўрадиган халқмиз!
   Менинг назаримда ҳозирги амалдорлар, ҳатто ҳокимлар ҳам китоб ўқишмайди, театрга боришмайди, Интернет билан дўст тутинишмайди. Фақат мажлис ўтказиш, юқорига қойилмақом қилиб ҳисоботлар ёзишни кифтини келтиришади.
   Инсоф билан айтганда,   Маҳмуджон бундан тоифаларга нисбатан инсофли,  виждонли эди. Эҳтимол шунинг учун бўлса керак, нисбатан узоқроқ яшади, яъни 72 йил умр кўрди. Аммо шу умрнинг ҳам қарийб ўн йили касалликлар билан ўтди.
  Бу дунёда инсондан нима қолади. Бола−чақа, яхшилик, боғ, китоб ва  ҳакозо. Маҳмуджон ўз умри давомида буларнинг барини қолдиришга эришди.
    Ўроқовларни раислар сулоласи деса бўладиган. Маҳмуджоннинг отаси ҳам энг оғир йилларда колхозда раис бўлиб, етим−есирларнинг бошини силаган. Дўстимдан сўнг   эса ўғли Хуршед ҳам колхозлар барҳам топгунга қадар раислик қилди.
    Бировнинг тобути устида гапиришни хушламасам ҳамки, дўстимнинг айрим хислатларини таърифламоқчи бўлдим. Шу илинжда туман ҳокими Б.Саъдуллаевга яқинлашиб, марҳум билан бирга ўқиганим, қадрдон дўст бўлганлигимни айтдим. “Бу ерда Убайдий муаллим бор, у киши жўрангизнинг таржимаи ҳолини айтади. Кўп чўзиб ўтирмаймиз”, деди. Кейинроқ эса ҳоким тўғри йўл тутганига ишонч  ҳосил қилдим. Боиси, муаллим гапни жуда чўзиб юборди.
   Қабристон анча узоқликда бўлса ҳам одамлар билар бирга бордим ва дўстимнинг тобутига елка қўйдим. Одамлар эса ҳаддан ташқари кўп эди.
  Ундан кейин хотинимни олиб,  Хадича муаллимникига жўнадик. Муаллиманинг ёшлари 85да бўлиб, бир умр тарихдан дарс берганлар. Хўжайинлари −  раҳматли  Соли  Акрамов ҳам университетда тарих фанидан лекция ўқирдилар.
  Хадича муаллиманинг биз билан қариндошлик ришталари  ҳам бор эди – у киши кичик келинимизнинг  бувиси эдилар.  Муаллиманинг катта ўғли Илҳом Ўзбекистоннинг Эрон Ислом республикасидаги элчиси. Илҳомжон бир неча кун илгари келиб, ойисини Тошкентга олиб кетганини эшитган эдик. Аммо ажал қистаб келган экан...
     Бу ерга ҳам одам жуда кўп келди.
     Таомилга кўра ҳар иккала даргоҳга  якшанба куни тағин бориб, бироз ўтириб келдик. 

 

 


Комментариев нет:

Отправить комментарий