Самарқанд
шаҳридан нақ олти километр шарқ томондаги Кўтарма қишлоғида яшашимни айтган
эдим. Кўтарма деб номланишининг боиси шундаки, биздан қуйироқда
Қозиқўрғон деган кадимий деҳа бор. У ерда бир замонлар қозикалон
яшаган, дейишади. Ҳар ҳолда, у одам
катта заминдор бўлган ва шаҳарнинг бош каналидан қишлоғигача ариқ
қаздирган. Жўйи қози деб аталадиган бу ариқдан ҳозир ҳам сув
оқади ва ўнлаб қишлоқларни оби ҳаёт билан таъминлайди. Фақат фарқи
шундаки, аваллари бу сув бир неча тегирмонларнинг паррагини айлантирган,
одамлар ундан балиқ овлашган. Ҳозир...
Мазкур
ариқни қазиш пайтида бизнинг жойлар пастлик қилган шекилли, тупроқ
ташлаб, кўтарма қилишган.
Ўзим
эса аслида, сал нарироқдаги Қўшмачит қишлоғида туғилганман. Фалакнинг
гардиши билан бу ерга келиб қолганмиз. Ҳозир иккала қишлоқ деярли бирлашиб
кетган.
Аммо
бугунги гап мазкур қишлоқлар хусусида эмас, балки тақдирнинг қалтис ҳазили ёки
ғалати тасодифга ўхшаш ҳамда мулоҳаза қилиб кўрадиган бир воқеа ҳақидадир.
Эрталаб
икки қишлоқ бирлашган жойдан йиғи овози эшитилди. Аёл, эркак бор овоз билан
“Во, дадажонам” деб фарёд солишарди. Кўчага чиқиб
қизиқдим: “Муҳаммаджонни ток урибди”, дейишди.
Муҳаммаджон
деганимиз олтмиш ёшлар атрофида бўлиб, бир замонлар “далнабойшик” эди яъни
шаҳарлараро юк ташийдиган машинани ҳайдарди. Кейин
ўзини тадбиркорликка урди. Аммо иши ўнгидан келмади. Кейинги
пайтларда машина тузатиш, монтёрлик билан шуғулланарди. Симёғочга
чиққан экан, ток уриб осилиб қолибди...
Шаҳарда
ишим чиқиб жанозага боролмадим, кечқурун фотиҳа ўқишга бориш ва бирорта
шерик топиш илинжида чойхонага чиқсам, ғалати гапни
гапиришди. Мурдашув майитни юваётган маҳал, кутилмаганда
у дод деб йиғлаб юборибди. Ювувчи қўрқиб
кетиб, ташқари отилибди, марҳумнинг қавмларини
чақирибди. Ичкари киришса, Муҳаммаджон ўрнидан тураман, деб зўр
бераётган экан. Унга кўмаклашишибди. Жанозага борган мўмин−мусулмонлар ҳам
ажабланиб, ҳам бу ҳолдан хурсанд бўлиб қайтишибди.
“Энди,
шу Муҳаммаджон ўлди, деса сира ишонмайман”, деди чойхоначимиз ҳазиломуз.
Бундай
дейишининг боиси бор. Бундан ўттиз йиллар муқаддам ҳам у бир бор “ўлган” эди.
Тафсилоти
бундай: шўролар даврида Муҳаммаджон ўзининг “Жигули”си билан Хоразмдаги
дўстиникига боради. Кейин машинасини унинг уйида қолдириб, автобус билан
Туркманистонга ўтиб кетади. Ҳалиги дўстининг бебошроқ ўғли бор экан денг, уйда
ҳеч ким бўлмаган маҳал машинани кўчага ҳайдаб чиқади. Аммо
тажрибасизлик қилиб, бунинг устига катта тезликда юк машинасига
бориб урилади. “Жигули” ёниб кетади. Ўт учириш машинаси
келиб, сув сепгунча, бечора бола кўмирга айланишга улгурган бўлади.
ГАИ
ходимлари қарашса, машина Самарқандники, ярим ёнган
ҳужжатлардан Муҳаммаджоннинг адресини топиб, унинг уйига
телеграмма юборишади. Ўликни олиб кетиш зарурлигини уқдиришади. Эртаси унинг
ака−укалари бориб, жизғанак бўлган танани олиб
келишади. Табиийки, йиғи−сиғи бўлади.
Жаноза ўқилаётган
маҳал Хоразмдан икки енгил машина шиддат билан келиб тўхтайди ва
жанозани тўхтатишни талаб қилишади. “Хато бўлибди, дейишади, бу
бизнинг ўғлимиз экан!”
Жанозага
борганлар ажабланиб ва мамнун бўлиб орқага қайтишади. Болакайни олиб кетишади.
Бу гаплардан батамом бехабар бўлган Муҳаммаджон бир ҳафтадан кейин кириб
келади.
Чойхоначимизнинг
“ Энди шу Муҳаммаджон ўлди деса, сира ишонмайман” дейишининг боиси
ҳам шунда.
Мен
шундан бери Муҳаммаджонни кўрганим йўқ. Аммо бир вақтлар инглиз олими Раймонд
А. Мудининг “Ҳаётдан кейинги ҳаёт” китобини ўқиганимни хотирлайман. Унда нариги
дунёга бориб келган анча−мунча кишиларнинг саргузаштларига ўрин берилган.
Эҳтимол,
жаноза ўқишга ошиқмаслик, марҳумларни лоақал бирор кун меҳмон қилиш жоиздир,
деб ўйлаб қоламан гоҳида.
Комментариев нет:
Отправить комментарий