Мана,
икки ойдирки, шаҳарда – Гагарин кўчасидаги 138- уй, иккинчи қават,
48- хонада яшаябман. “Дом”да яшаш мен учун янгилик эмас. Тошкентда ҳам ўн йил
тўртинчи қаватда истиқомат қилганман. Аммо асосий умрим Самарқанд шаҳридан олти
километр жанубдаги қишлоқда - Кўтармада ўтди. Газ ва электр таъминоти
аввалгидай бўлганда, шаҳарга келмасдим, албатта.
Бу
ердаги ҳаётим ҳақида нима ҳам дейишим мумкин? Умуман, етмиш ёшдан ошган, қон
босими бот-бот безовта қилиб турадиган кишининг тириклик тарзи, руҳиятини
тасаввур қилиш қийин эмас. Жамиятдан андак узоқлашгандайман. Эндиликда
Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, редакциялар ва ТВга, токи чақиришмаса,
бормайдиган бўлганман. Фақат, уларнинг бинолари совуқлигидан эмас, дилкаш
суҳбатдош тополмаганим, бугунги ёшларни яхши тушунмаганим боис тезда ўзимни
ортиқча сезиб қоламан.
Аслида,
ёшликдаги хатоларни қадамба-қадам тузатиб бориш керак. Чунки кексаликнинг ўзига
яраша қусурлари бўладики, улардан холи бўлиш осон эмас. Менинг
ёшимда киши бот-бот ўлим ҳақида ўйлайдиган, соғлигига эътиборни оширадиган,
андак иззатталаб, инжиқ; бир вақтлар йўл қўйган хатолари, бой берган имкониятларидан
надомат чекадиган бўлади.
Умр
давомида йўл қўйилган ҳар бир хато, бой берилган имконият кейинчалик
пистирмада милтиқ тутиб, юрагингни мўлжалга олаётган овчига айланар экан. Ўз
вақтида айтилмаган ва бугун ҳам ичга ютилаётган ҳақиқатлар танометр шкалаларида
ўз ифодасини топаверади.
Ижодий
ишларим суст. “Калвак махсум номалари” ва “Я из редакции” китобининг
тўлдирилган иккинчи нашрини тайёрлаб қўйибман. Ўзбекистонда бирорта нашриёт
уларни чиқармаслигини биламан. Зеро, китоб чиқаришнинг ўзи ҳам аввалгидай
шавқовар эмас. Китоблар нашри, ўртача минг донага тушиб қолган ва у Тошкентдаги
уч-тўрт дўконда сотилади, холос. Бунинг учун китоб ҳажмига қараб ўн миллион
сўмгача тўлашга тўғри келади. Бир қисмини таниш билишларга дастхат
ёзиб берасан, қолгани жой эгаллаб ётаверади. Эндиликда Лев Толстой, Чингиз
Айтматов, Абдулла Қодирийни ҳам ўқимайдиган авлод сенинг
қораламаларингни титкилаб ўтирармиди?!
1986
йилда “Мен мухбирман” деган китобим 40 минг нусхада чоп этилганини, унинг
гонорарига янги “Жигули” харид қилганимни айтсам, ҳозирги ижодкорлар
мийиқларида айёрона кулиб, бу гапимни кексаларга хос мақтанчоқликка йўйиб
қўяқолишади.
Мени
андак ижодга даъват этиб турадиганлар “Замондош” ва “Туронзамин” сайтларидир.
Мен уларнинг раҳбарларидан ўзимни бир умр қарздор деб ҳисоблайман.
Бу
ерда эса каминага ўша!!! воқеадан кейин жилла шубҳа билан
қарайдиган бўлиб қолишган.
Кун
тартибим қуйидагича. Эрталаб соат 5 да кўчага чиқаман. Бадантарбия машқлари
билан жиддий шуғулланаман. Тротуар бўйлаб, тахминан 3 километр масофада тез
юраман. Кейин бошқа машқларни бажараман. Рухсора тайинлаган бўлса, дўкондан
нон, сут олиб келаман. Нонуштадан кейин дам оламан, қон босимимни ўлчайман,
зарур бўлса энап н,
конкор, аделфан таблеткаларини ютаман. Ўғлим ва келин ишга,
набиралар боғчага жўнашади. Уларга кўмаклашамиз. Кейин Интернетга кираман, ТВ
кўраман, компютерда ишлайман. ўқийман.
Гоҳида
ўғлимнинг вет аптекасига бораман. Бу ерга дори-дармон ва маслаҳатлар олгани
асаларичилар, фермерлар, олимлар, собиқ раҳбарлар, дори олиб-сотувчилар
келишади. Уларнинг айримлари билан гаплашиб қоламан.
Айниқса,
асаларичилар билан суҳбатлашишни хуш кўраман. Умрим давоми икки бор ишсиз
қолганман ва асалари боқиб рўзғор тебратганман. Ҳозир вазият ўзгача. Табиатда
гуллар камайди, асалари қутиларини кўчириш харажатлари ошди. Шунинг учун
асаларичилар анчайин қашшоқлашишди.
Баъзи
кунлари эса дўстим Миршариф ( Хўжаев)га телефон қиламан ва фурсати борлигини
айтса, у хизмат қиладиган Ўқитувчилар малакасини ошириш
институтига бораман. Дарвозадан киришим билан Беҳбудий
ҳазратларининг хушқомат ҳайкалларига кўзим тушади ва юрагим ҳиприқиб кетади. Бу
ҳайкални 2006 йили мен ўз ҳисобимдан тиклаганман. ( Нокамтарлик учун
узр).
Бу,
Ўзбекистонда жадидлар сарварига ўрнатилган биринчи ва ҳозирча ягона
ҳайкалдир! Уни тиклашга рухсат олиш, яъни ҳукумат қарорини чиқариш
учун ҳам қарийб бир йил идорама-идора югурганман, жипириқ амалдорларга
зўрма-зўраки тавозелар қилганман.
Бунга
туртки бўлган воқеага қулоқ тутинг. 2000 йили буюк маърифатпарварнинг 125
йилликларини нишонлаган эдик. Шунда одамлар гуллар олиб келишди. Аммо у
гулларни қўядиган қабр ҳам ҳайкал ҳам йўқ эди. Бу ҳол мени беҳад ўртантирган
эди.
Ҳозир
ҳар йили Беҳбудий таваллуд топган кун(19. 01) да ҳайкал пойи
гулларга тўлиб кетади. Ҳар гал дийдамга ёш келади.
Унгача
эса бу ўқув юртининг собиқ ректори Абдуазиз Аминов билан ҳамкорликда институтга
Маҳмудхўжа Беҳбудий номи бериш ҳақида вилоят ҳокимининг қарорининг ҳам чиқариб
олган эдик.
Буюк
маърифатпарварнинг ўлим олдидан ёзган васияномасида, жумладан шундай илтижо
бор: “Туркистон фарзандларини илмсиз қолдирмангиз” Бу зот ўлими олдидан ўзини,
оиласини ўйламаган. Аммо бечора жадидларни айнан шунинг учун - “Болаларингни
ўқитинглар!”дейишгани боис отишди, осишди, қамоқларда чиритишди. Уларни чоризм
ҳам, болшевизм ҳам, ўзимизнинг уламо ҳам душман, кофир деб эълон қилди.
Эҳ,
нақадар бедодлик, нақадар жаҳолат!
Инсониятнинг
энг катта хатоси, ўз хатосини такрорлаб туришидадир!
Жадидлар
- ашраф боболар. Садриддин Айний, Саидризо Ализода, Ҳожи
Муин, Шакурий, Ажзий, Исматулло Раҳматулло... аксарининг қабри
ҳозиргача ноаён, ҳайкаллари йўқ.
Бир
тўртлик ўқигандим. Фақат мазмуни ёдимда қолган. “Эй, чароғбон, сен бу одамларни
ўйғотма. Қўй, ухлашсин. Ўйғониб кетишса, жаҳлга миниб, ўзингни отиб қўйишлари
мумкин.”
Биз
Миршариф билан узоқ мубоҳазалар қиламиз. Лекин дўстим, аввалданоқ қаттиқ
кулмаслигимни тайинлаб қўяди. Биз раҳматли Ваҳоб Рўзиматовни ёдга оламиз. Ҳар
гал қаттиқ кулсам, эшигимни секин очиб, пичинг қиларди: “Окоси, тағин битта
кулинг, жуда мазза қилдикда...”
Гапимиз
поёнига етавермайди. Хотиралар, муносабатлар, ғийбатлар бардавом
бўлади. Ниҳоят гапимиз тугаб, иккаламиз ҳам жимиб қоламиз
ва хайрлашиб, кулбамиз сари пиёда равона бўламиз.
Мен
Россия ТВси каналларидан бирор нимарса топиб, томоша қиламан. Кейин ухлайман.
Комментариев нет:
Отправить комментарий