Назаримда, етмиш ёшдан кейин
табиат ҳам, жамият ҳам сенга бот- бот чап қўлини чўзишга мойил
бўлаверади. Сен эса бунга жавобан, яшаш учун кураш қонунларига таяниб иш
тутишинг: сабот билан, қасдма-қасд умр ўтказишга куч топишинг керак!
Кечки овқатдан
кейин сайрга чиқаман. “Дом”нинг орқа томонидаги бир неча маҳаллаларни
бирваракайига эронигузар дейишади. Ўтган асрнинг олтмишинчи-етмишинчи йилларида
вилоят газетасида ишлаганимда, бу мавзелар Энгельс ва Пушкин
номидаги колхозларга тобе эди. У замонлардан яккам-дуккам кекса тут дарахтлари
сақланиб қолган, холос. Эронигузар эндиликда шаҳарнинг деярли
марказ қисмига айланган.
Маҳаллаларнинг
турфа кўчалари бўйлаб ширин хаёл суриб юришни хуш кўраман. Гарчанд бу обод
кўчалар, бинолар шўролар даврида барпо этилган бўлсада, ҳар жой-ҳар жойда
кўп қаватли, серҳашам уйлар пайдо бўлганлиги кўриш мумкин. Булар мустақиллик
мевалари яъни, ўзига тўқ кишиларнинг уйларидир. Самарқандда уларни аллақандай
кесатиш билан “навбойчалар” дейишади.
Ҳарҳолда, бизда
кўпчилик бой бўлишни истайди ва шу билан бирга бойларни ёқтиришмайди.
Бу уйларнинг
меъморий ечими ҳам дигаргун. Кўп ҳолларда дарвозалари иккита ва икки қаватдан.
Айримларида қопонғич итнинг акси кўринади. Дераза, эшиклар шакли-шамойили, бино
бўёқлари, архитектуранинг янги ечимлари ҳавасингизни келтиради. Ҳовли
атрофида доим яшил игнабарг дарахтлар, дарвоза олдида қимматбаҳо машиналар.
Хуллас, ҳавас қилса арзигулик ҳаёт.
Бу уй соҳиблари
билан танишгим, улар билан суҳбатлашгим келади. Гоҳида дарвоза олдида юзма-юз келиб қолганда енгилгина салом ҳам бераман. Аммо уларнинг бағоят
эҳтиёкорликлари мулоқотга монелик қилаётганлигини ҳис этаман.
Бу мавзенинг
Эронигузар деб аталиши хусусида икки оғиз маълумот. Мазкур мавзуда
Беҳбудий ёзадилар:
“Бухоро амирларидан
Шоҳмурод отлиқ замонида Бухоро ва Самарқанд ўзбеклари келиб, Марв ва
Байрамалининг сувбандини бузуб, истило этиб, халқидан Самарқандга нақл (кўчма)
қиладурлар. Бу муҳожирлардан бир қисмини Самарқанд шаҳарини шарқиға, дигар
қисмини ғарбиға ўтқузадурлар. Шаҳарни атроф ўзбекларининг босқунидан сақламоқ
учун. Ва алар бугунғача мазкур ўрунлардадурлар. Бу муҳожирлар шиъа мазҳабиға
бўлуб, Самарқандда ўн минг қадар бордур. Ва алар ўзларини эроний атайдурлар.
Холбуки, аларнинг аксари турк қабилаларидан бўлуб, ичларинда балки юзда бир
эрон форси ва эронлашган араб ва саййидлар бордур.”
Беҳбудийнинг
таъкидлашларича эронийларнинг “Марви Шоҳжаҳондан” бу ерларга кўчирилиши 1780
йилларга тўғри келади.
Ҳозир бу ердаги
эронийлар деярли батамом ўзбеклашган.
Ана шу авлоддан
бузуқ аёл ва гадо чиқмаган дейишади. Бу гапга ишонгиси келади кишининг!
Маҳаллага,
инчунин анчайин ўзбек ва тожиклар ҳам кўчиб келишган.
Бизнинг домдан
жилла нарироқда кўп йиллик биродаримиз Фарҳод Ализода яшайди. Мен гоҳида у
кишининг эшигини қоқаман ва қадрдоним ташрифимдан беҳад қувонади.
Суҳбатимиз эса соатлаб давом этади.
Фарҳод ака шу
қавмдан чиққан машҳур маърифатпарвар жадид таржимон, журналист Саидризо
Ализоданинг набирасидир. Беҳбудий ҳажга равона бўлиш олдидан жами юмушларни шу
зотга топшириб кетган: “ Бир санадан бери идора ишиға ошино бўлған Саййид Ризо
афанди Ализода жанобларининг “Ойна”ға масъул мудирлиғи учун ҳукуматдан рухсат
олинди”, деб ёзади у киши.
Фарҳод
Ализоданинг фарзандлари Москвада яшайди. Бу ҳовлида у киши ёлғиз туради.
Бобосига муносиб набира, дейишади бу одамни. Маърифатпарвар бобосининг
уй-музейини обод қилиб ўтириш, у кишининг ижодини тарғиб қилиш, чароғини
ёқиб ўтириш учун яшайди бу инсон.
Саидризо
Ализодага бағишланган китоб тақдимотида эронигузар зиёлилари тўпланишганда шу
ерда эдим. Уларнинг аҳиллиги, жонкуярлигига ҳавасим келди.
Бу қавмдан
кейинги пайтларда Исмоил Жўрабеков, Аҳмаджон Мухторов, Насиба Абдуллаева
сингари доно, жасур, истеъдодли кишилар етишиб чикдилар. Эронийлардан чет элга
кетиб, баракали ижод қилаётганлар ҳам бор.
Ҳаво совуқ бўлса
ҳамки, якшанба кунлари оилавий бўлиб, қишлоққа борамиз. Ўртанчи ўғлим Мирзо шу
ерда яшайди. Бу ердаги ҳовли- жойга қоровуллик қилиш унинг зиммасига тушган.
Аммо ҳар гал борганимизда асаби жойида эмаслигига ишонч ҳосил қиламиз. Тасаввур
қилинг: печ ёқиладиган кичик хоначанинг ўзида ётиб туриш, овқатланиш, кир
ювиш, ювинишдан ўзга илож йўқ. Боланинг туваги ҳам, сатилдаги кўмир шу ерда.
Газ бўлмагани устига электр ҳам суткалаб бўлмайди. Уйда кўмир, керосин, шамнинг
омухта ҳиди ҳукмрон. Келин биздан ҳижолат бўлади,
биз - келиндан. Бу шароитда болаларнинг бот-бот шамоллаши -
дард устига чипқон.
Биз галалашиб,
ўғлимиз ва келинимизни овутишга киришамиз. Мен Қорақалпоғистон ва Қарши
чўлларидан янги газ конлари топилганини, ҳадемай биз томонларга ҳам етиб
келишини каромат қилабошлайман. Аммо Мирзонинг кўзларига қараб, ўзим
иккиланаётган бу гапларга унинг батамом ишонмаётганлигини сезиб қоламан.
Рухсора эса март
ойи яқинлашиб қолганини, кунлар исиб кетишини гапириб, уларга далда
бермоқчи бўлади. “Келаси йил пул топиб, мен ҳам шаҳарга кўчиб кетаман” дейди
жавобан Мирзо. Биз бошқа бир нимарса демаймиз.
Бу йил
қишлоқларга бўри оралаганини, талай қўйларни чавақлагани ёки думбасини
юлиб кетганлигини айтишди.
Камина бўрининг
тириклик тарзини жиддий ўрганганман. Москвадан чиқадиган “Журналист”
журналининг 1977 йил феврал сонида бўрига муносабат масаласида мақолам
босилган, у анчайин шов-шувларга сабаб бўлганди. Гап шундаки, америкалик
табиатшунос Д.Пимлоттнинг “Инсон - бўрига бўри” деган асарини ўқиб,
дунёқарашларим батамом ўзгарган ва бу жониворни “Қизил китоб”га киритиш
зарур, деган хулосага келгандим. Муаллифнинг, бўри асосан касал ва нимжон
жониворларни овлаб, санитар ролини бажаради, деган гапига ишонгандим. Кейин эса
бўри бир бошдан бўғизлаб кетган қўй сурувлари кўрдим. Отлар, сигирлар,
жаҳон “Қизил китоби”га кирган нодир жониворларни ёриб
кетганига гувоҳ бўлдим ва иккиланиб қолдим. Шундан кейин бўри инсониятга
зарар келтираётган жойларда уларни овлаш керак, лекин ҳар бир мамлакатда
бўрилар сони имкон қадар ҳисобга олиниши ва бу миқдор сақлаб қолиниши лозим,
деган тўхтамга келгандим. Мақола шу ҳақда эди.
Бизнинг
қишлоқларда бўри ҳужуми билан боғлиқ шов-шувларда ҳақиқатдан кўра тўқималар
кўпга ўхшаб кўринди. Чунки тафсилотлар бўридан кўра кўпроқ ёввойи итларнинг
феъл-атворига ўхшарди. Бўри, аввал айтганимдек, ўз ўлжасини буғзидан
олади. Уларни шу тариқа ўлдириб, бирортасини кўтариб кетади. Қолганларига эса
орани совутиб, кейинроқ келади.
Кейин
жабрдийдаларнинг айримлари билан гаплашишга тўғри келди. Катта қизим
ишлайдиган шифохонадаги ҳамшира, қўшни Равонак қишлоғидаги газ қуйиш шохобчаси
қоровули ҳам қўйлари тирик қолганлигини, аммо думбасидан жудо бўлишганини,
уларни сўйишдан бошқа илож топишолмаганини гапиришди.
Нормал бўри бир
кунда ўрта ҳисобда 5 килограмм гўшт ейиши керак. Бу рационга фақат чорва
моллари эмас, турли ўлаксалар, тулки, юмронқозиқ сингари жониворлар ҳам
киради. Аммо бу йил қиш қаттиқ ва давомли келди. Бўрилар озуқа тополмай, тоғдан
пастга тушган бўлиши мумкин.
Ёдимда: қиш
бағоят совуқ ва давомли келган 1969 йили улар ҳатто шаҳарга ҳам оралаб, қўй ва
қорамолларни бўғизлаб кетган эди. Аммо ўшанда ҳам думбасини юлиб қочмаганди.
Тағин бир
қонуният бор. Одатда бўрилар камайиб кетган юртларда ёввойи итлар кўпайиши
кузатилган. Чунки табиатда кимдир санитар ролини бажариши керак-ку! Бунинг
устига шаҳар-қишлоқларда маиший чиқиндилар кўпайди.
Ёввойи итларнинг
феъли эса бўридан ҳам ёмон бўлади. Улар одамларда эндиликда милтиқ
йўқлигини билишади ва шу сабаб улардан чўчимай, дадил ҳужумга ўтишади.
Шу орада қўшни
Бадал ва Боғитилло қишлоқларида айнан бўри отилганини айтиб қолишди.
Шаҳарга кўчиб
келганимиздан буён машинамни минмаган эдим. Қарасам, аккумлятори ўтириб
қолибди. Шу сабаб, у ерларга бориб, масаланинг тубига етолмадим.
Лекин барибир, вақт топиб бу жумбоққа равшанлик киритишим керак!
Комментариев нет:
Отправить комментарий