суббота, 22 февраля 2020 г.

САРҲИСОБ - 7


21-феврал куни, кечқурун ТВни қўйсам, “Ёшлар”да суд жараёнини беришаётган экан. Панжара ортида ўнга яқин киши айбдорларча бош эгиб туришибди. Уларни  автомат тутган сержантлар қўриқлашаябди. Бундай пайтда   кишида судланувчиларга нисбатан мавҳум бир нохушлик ёки нафрат пайдо бўлади.  Мадомики,  иш шу даражага етиб  борган экан, булар муқарар гуноҳкор  ёки  жиноятчи деган хаёлга борасан. Аммо,  ҳар қандай шароитда ҳам хулоса  чиқаришга шошилмаслик керакка ўхшайди.
   Прокурор ўқиган айбномадан шу нарса аён бўлдики, бу шўрликлар турк тадбиркорлари бўлиб, бундан беш олти йил илгари  Ўзбекистонда иш бошлашган экан. Тошкентдаги “Чорсу” савдо мажмуаси, Самарқанддаги Марказий универмагларни олиб, ишга солишибди.


   Дарвоқе, Самарқандда аваллари  ЦУМ деб аталадиган  универмагни обод қилишганидан хабарим бор. Бу ерга  яқинлашиб боришингиз билан ўз-ўзидан очиладиган эшиклар,  харид қилинган нарсаларни солиб юрадиган аравачалар, ўнлаб хилдаги гўшт, мева, сабзавотлар саришталик билан териб қўйилган пештахталарни  биз биринчи бор кўргандик.  Таъбир жойиз бўлса,  турклар бизга Европани олиб келишганди. Аммо тан олмоқ керак, бу ердаги неъматлар ва либослар ҳийла қиммат ҳам эди.
   Жиноят кодексининг даққоқ тўтиқушлари бирин-кетин сўз олиб, жиноятчилар Ўзбекистон қонунларига нисбатан  ҳурматсизлик қилишгани,  давлатга фалон миллион сўм зарар келтиришганини қалаштиришди.
  Кейин айбдорларга ҳам сўз беришди.  Ҳар иккала томонни ҳам тинглаб чиқарган  хулосам  шу бўлдики, булар анча- мунча турклар ва ўзбекларни ишга олиб, уларга конвертда ҳақ тўлашган экан. Буни ғайриқонуний эканлигини билишган, аммо ходимлар солиқ тўлашдан имкон қадар қутулиш учун шуни илтимос қилишгани  ҳам айтилди. Тўғри, ведомост ҳам тузилган, иш ҳақининг бир қисми қонуний тўланган экан. Солиқ инспекциясидагилар буни фаҳмлаб қолиб, таъмагирлик қилишгач, уларга пора беришибди. Шунингдек ,  бу ерда тикувчилик цехи очишибди. Тикилган либосларга Туркия белгиларини қўйиб сотишибди. Тикув машиналари, тайёр либослар божхона рухсатисиз олиб кирилган ёки чиқарилган экан.  У ердаги наҳангларга ҳам муттасил пора беришган бўлишса  ажаб эмас.
   Хуллас, ҳукм ўқилди. Солиқ инспекциясининг масъул ходимига саккиз йил беришди. Туркларни эса мол- мулкларини мусодара қилиб, ўзларини мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақида ҳукм чиқарилди.
   Талай саволларимга жавоб тополмай, қониқмай қолдим. Бизда ҳамма тадбиркор пора бериб, кун кўради-ку. Нега энди бу шўрликлар шундай йўл тутиб, қурбон бўлиши керак? Не боис  божхона ходимларини жазолашмади?
 Лекин...судланувчилардан бири зарра ҳижолат бўлмай: “Турк фуқароларига ойида минг доллар,  Ўзбекистон фуқароларига 200 доллар берардим”, деди. Бир хил меҳнат учун-а.Ўзбекнинг ҳуқуқини  ўз юртида ҳам оёқости қилиш мумкинми?  Бунинг учун туркларни  қаттиқроқ жазолаш керак эмасмиди. Аммо қонун ҳимоячилари бу фактга умуман эътибор беришмади.
   Эртаси озиқ-овқат дўконига кирганимда,  нотаниш  кишилар суд жараёнини муҳокама қилишаётган экан. “Тўғри қилишди, деди, улардан бири,  турклар алдам-қалдамни хуш кўрадиганлар эди.”   “Бу ерда бошқа гап бор, илиб кетди иккинчиси, булар “Корзинка” савдо марказига рақобатчи эдилар. “Корзинка” кимники эканлигини биласизларми... Шунинг учун олиб ташлашди.”  “Назаримда масаланинг сиёсий томони ҳам бор, деди тағин бири, ТВдан турк сериалларини олиб ташлашди, уларнинг бошқа корхоналарини ҳам ёпишаябди”.
   Мен, барибир,  бир тўхтамга келолмадим.

 


Комментариев нет:

Отправить комментарий