суббота, 22 февраля 2020 г.

САРҲИСОБ - 15


Марҳум адибимиз Аҳад Ҳасаннинг Тошкентда нашр этилган каттагина китобини “Очиқ дарвоза” деб аташибди. Бу номни ким танлаганини билмайман, аммо у дилимга ногаҳоний илиқлик аралаш интиқлик ато этди. Ва кўз ўнгимга энг аввало, Аҳад аканинг Шофирконнинг  Денов қишлоғидаги кенг ҳовлиси,  унинг ҳамиша очиқ, қадимий оғоч дарвозаси келди.
   Ўтган асрнинг етмишинчи йиллари эди. У  пайтларда “Қишлоқ ҳақиқати”  газетасининг Самарқанд,  Бухоро вилоятлари бўйича мухбири бўлиб ишлардим.  Шофирконга бораётганимни эшитиб, бухоролик дўстим, шоири замон Тошпўлат Аҳмад  ўша ерда яшайдиган  ёзувчи Аҳад  Ҳасан билан учрашишимни маслаҳат берди.
  Тан олмоғим керак, илк учрашувда бу одам менга андак худбин, калондимоғ бўлиб туюлди. Аммо кўп ўтмай туйғуларим мени алдаганига ишонч ҳосил қилдим. У барваста қоматига яраша мағрур, жўмард ва дилкаш дўст бўлиб чиқди.


   Аҳад ака мени уйига олиб кетди. Унинг ям−яшил ҳовлиси, зукко фарзандлари,   бой кутубхонасини  кўриб, дилимда қишлоқда яшаб ижод этиш завқи ўйғонганди. Бу орзумга энди, аниқроғи,  анчайин ёшга бориб қолганимдан кейин етиб турибман.
  “Эртага биринчи секретарга киришим керак, дедим Аҳад акага, мени қабул қилармикин?  “Ўртача колхоздан мактублар” деган мақола ёзмоқчиман”. “Керак бўлса,  саркотибнинг ўзи   олдингизга келади”,  деди у киши ҳайратимни ошириб ва райкомга сим қоқди. Бирор соат ўтмай, туман саркори кириб  келди ва биз у билан эски танишлардай обдон суҳбатлашиб олдик.
     Эрталаб турганимда, тағин бир кутилмаган ҳолатга  юзма−юз бўлганимни айтиб ўтишим керак. Аҳад ака дарвоза олдидаги картда ўтирар, тўрт−беш киши бирин−кетин  арзу−шикоят қилишарди. Дарвоза олдида ҳам нимадандир умидвор кишилар навбат кутишарди.  Аён бўлдики, бу атрофда ким оғирроқ муаммога юзма−юз бўлса, Аҳад Ҳасандан маслаҳат ва мадад сўрар экан. Биров озгина пулга муҳтож, бошқа бировнинг ўғлини судда ҳимоя қилиш керак, кимнингдир иши ўнгидан келмаябди ва ҳакозо.
   Буни салоҳият дейсизми, мавқе дейсизми – ихтиёр ўзингизда.
   Шундан кейин Бухорога борсам, Тошпўлат Аҳмад билан Аҳад акани кўрмай қайтмайдиган бўлдим.Ўша йили газетамизда “Қишлоқда ёзувчи яшайди”, сарлавҳали мақолам ҳам босилганди.
     Майли, булар бари кечаги гаплар. Аҳад аканинг яқиндагина чоп этилган китобига қайтайлик. Сайланмада ўнлаб ҳикоялар, қиссалар, публицистик асарлар жамланган бўлиб, уларнинг барида Жилвон чўлларининг баҳорий жилваси, Шофиркон қишлоқларининг дилкаш манзаралари ва энг муҳими, Бухоронинг ўз шеваси ва характерига эга бўлган танти одамлари манаман деб тургандай бўлади. Адиб тарихни яхши билади. Унинг Амир Темур, Аҳмад Дониш, Садриддин Айний, Иброҳим Мўминовга бағишлаб ёзган ҳужжатли асарлари бағоят ибратомуз, тиниқ ва сеҳрли.
    Келинг шулардан бири – “Устоз Айний салоҳияти” бадиасига тўхталайлик. Аслида  Садриддин Айний ҳам Аҳад акага қўшни қишлоқда туғилган ва болалиги шу деҳаларда ўтган. Бадиада адибнинг бобоси қурган мачитнинг ҳозиргача мавжудлиги қайд этилган.  Шу  билан бирга, устоз оламга  танилганда ҳам бу ерларга келиб турганлиги таъкидланади.
    Бугун,  жамият адабиёт деган неъматдан тобора узоқлашиб бораётган бир пайтда тожик ва ўзбек адабиётининг сарчашмаларида турган буюк адиб ҳақида бот−бот гапириш, ёшлар эътиборини унинг асарларига қаратиш бағоят эзгу ишдир.
   “Француз адабиёти ва маданиятининг йирик намояндаси Луи Арагон Садриддин Айнийнинг “Судхўрнинг ўлими” асарини таржима қилиб, ўз мамлакатида уч марта чоп эттирди, деб ёзади Аҳад ака. Китоб сўзбошисини Луи Арагоннинг ўзи битган; унда Садриддин Айний ўзининг бу ўлмас асари билан  жаҳон адабиётининг буюк намояндаалари Бальзак, Шекспир, Гётелар қаторида туришини таъкидлайди.”
   Ўзим идрок этган бир ҳақиқат шу бўлдики, китоб ўқимай қўйган киши қайси вазифада ишлашидан қатъий назар  жаҳолат ботқоғига ботиб қолиши аниқ экан.  Қуруқ бўлмаслиги учун биргина мисол келтирмоқчиман.  2009 йилнинг 26−август куни Самарқанд вилоятининг собиқ ҳокими Ўктам Барноев Айний бобонинг уй− музейини бузиб ташлаш  ҳақида фармойиш берди. Бунинг учун атиги икки соат вақт ажратди, холос. Ҳайкал қўпорилди, эскспонатлар бошқа бинога ўтказилди.
   Шунда кутилмаган ҳол рўй берди. Самарқанднинг бир гуруҳ жасур ижодкорлари оёққа турдилар:  улар мазкур бедодлик ҳақида халқаро ташкилотларга телеграммалар жўнатдилар, ўзларини булдозер тагига ташлашдан тоймасликларини  аён қилдилар.
   Булдозер ҳам,  ҳоким ҳам чекинди.
  Агар ҳоким китоб ўқийдиган,  равшанфикр киши бўлганда бундай жаҳолатга йўл қўймаган бўларди. Барноев ҳам Садриддин Айний ёки Аҳад Ҳасандай Бухоро фарзанди. Фарқи шундаки, собиқ ҳоким маънавий қашшоқ. Айнан шунинг учун ҳам, кўп ўтмай, уни ишдан олиб ташлашди.
  Аҳад Ҳасан эса, юқорида айтганимиздек, адибнинг боғига янги гуллар экди, унинг руҳини шод этди, маънавиятимизга хизмат қилди.
  Сайланмадан тўрт қатор шеърни кўчириб олдим.
          Яхши одам яшаб ўтди десалар,
          Шу ҳам бир неъмат−ку,  кетар чоғингда.
          Демак,  бир инсондай яшаб ўтибсан.
          Недур қолдирибсан ҳаёт боғингда!
   Аҳад  Ҳасан  эса жуда кўп нарса қолдириб кетди. Қобил фарзандлар, ибратомуз китоблар, яхшиликлар, боғлар...
  Руҳингиз осуда, охиратингиз обод бўлгани рост бўлсин,  Аҳад ака!


Комментариев нет:

Отправить комментарий