четверг, 4 июля 2024 г.

 

                                       ФИРДАВСИЙ  ВА МЕН  ЁКИ ...       

САЙТИНГИЗНИ ИЗЛАДИМ

     Фирдавсий ва унинг шоҳ асари   ҳақида шундай афсона бор. Буюк шоир “Шоҳнома”ни қирқ йил давомида ёзиб, подшога олиб борган экан. Шоҳ унинг эвазига шоирга бир ҳовуч олтин ином этибди.  Фирдавсий бу совғанинг барини дарбонга тутқазиб, жўнаб кетган эмиш.

   Бу афсонанинг ўнлаб вариантлари бор ва улар асарнинг қадрини янада кўтариш учун тўқилган бўлса ажаб эмас.  Аслида, Фирдавсий ҳам ўша давр шоирларидек, анчайин қашшоқ  яшаган.  Ўзимизнинг Муқимий. Фурқат, Махмур ва,  сарой шоири бўлмаган,  ижод аҳли ҳам зўрға кун кечиришган. “Ҳазратим, очликдан ўлдим, егали нон бергин манга” дейди Махмур.

   Фирдавсий асарни ёзиб тугатмасданоқ, унинг айрим байтлари халқ орасида машҳур бўлиб кетади. Шоҳнома билан танишган киши, асарнинг бирор подшога бағишланмаганлиги; асрлар давомида халқ афсоналарида куйланган; Рустам, Сўҳроб каби қаҳрамонлар улуғланганлигига ишонч ҳосил қилади..      

   Хуллас, шоирнинг дўстлари асарни подшога ином этишни маслаҳат беришади ва у, карвонга миниб, Эрондан Боғдодга йўл олган. Подшо,   шоирни қабул қилиб, унга  эҳтиром кўрсатган ва ҳатто ўз боғида бир ҳафта меҳмон қилганлиги ҳақида маълумотлар бор.. Кетиш олдидан эса подшо мулозими унга 300 динор пул берган. ( Ўша пайтларда бир динор  пул беш грамм олтин қийматга тенг бўлган экан.)

    Энди буёғини эшитинг. Камина ҳам танланган асарларимнинг 540 саҳифадан иборат биринчи жилдини  кўтариб, ҳокимимиз Эркинжон Турдимов қабулига йўл олдим. Аслини олганда, бу  китоб ҳам менинг қирқ  йиллик меҳнатим маҳсули эди. У киши каминани танирди: саксон йиллигимда уйимга меҳмон бўлиб келган ва бизни қувонтирганди, қошиқлар музейимни кўриб, ҳайратланганди; Самарқандда Маҳмудхўжа Беҳбудийга ҳайкал  ўрнатиш ташвишида юрганимдан  хабардор эди; "Жадид" романимга дастҳат ёзиб бергандим.

   Шунинг учун бўлса керак, қийналмай кирдим. Салом-аликдан кейин, китобни варақлаб, унинг учун қанча харажат бўлганлигини, иккинчи жилди қачон  чиқишини сўради.

   Мен шундай савол беришини тахминлаган ва жавобини ҳам мўлжаллаб қўйгандим.

   Эътибор беринг, хотиним иккаламиз ойида олти миллион сўмдан кўпроқ нафақа олишимиз, ўғилларим иши анчайин юришган тадбиркор эканлиги; бу замонда китоб ёзадиган киши харажатлар ғамини ўзи ейиши зарурлигини ва мен, зинҳор ва зинҳор моддий ёрдам  сўраб кирмаганимни айтишни мўлжаллагандим

     “Қирқ  миллион атрофида,- дедим, саволга жавобан, ҳижолат бўлиб.

     Мен бошқа гапни айтмасданоқ, у киши  ёрдамчисини  чорлаб, топшириқ берди  ва  ўша куниёқ  пластигимга  шунча маблағ тушди.

   Биринчи бўлиб, ўртанчи ўғлим (Мирзо) койиди.  “Сиз шаъма қилгансиз.   Обрўйингизни тўкиб қўйибсиз, у киши сизни ҳурмат қиларди". 

   "Ахир, Абулқосим ака ҳам олган-ку", ўзимни оқламоқчи бўлдим. 

   "Ким у Абулқосим ака"? 

    "Фирлавсий"


    Кейинроқ бу ҳақда  ёзувчи Каримберди Тўрамуродга айтган эдим, у одатига кўра  қаҳ-қаҳлаб кулди ва: “Тағин битта кўк “Жигули” бўлипти”, деди. Бундай дейишида жон бор.  Мен умрим давомида иккинчи бор дўржи  қалам пули  олган эдим. 1986 йили “Мен редакциядан” деган китобимни тугатиб, аввал “Шарқ юлдузи”, кейин “Ёшлик” журналига олиб бордим. Аммо уни қайтаришди. Кейин Хуршид Давронга кўрсатдим.  ( У нашриётда ишларди) Хуллас, асар бир йилдан кейин катта тиражда нашр этилди. Китоб бир ойда сотилди. Шунинг учун бўлса керак, нашриёт менга каттагина  қалам пули тўлади. Устига жилла қўшиб, “Жигули” (кўк) харид қилдим. Ўн йил давомида бу машина билан дам олиш кунлари оилавий Самарқандга бориб келдик,  қадимий шаҳарлар, сўлим гўшаларни томоша қилдик. Ўғилларим уни миниб, ҳайдочиликни ўрганишди.

    Қадимда шоир ва ёзувчилар қашшоқ яшаган, дедик. Ҳозирги кетишда улар, тағин ўша аҳволга тушиб қоладиганга ўхшаяпти. Ҳарҳолда, шўролар даврида ижодкорнинг оғзига бот-бот эмизак (сўрғич) тутиб туришарди. Эндиликда, худо қалам пулини кўп кўргани устига, китобхон ҳам биздан юз ўгириб кетди.

   Ҳукумат ёки ҳокимлардан, шунингдек, бойлардан мурувват кутиб яшаш ҳам ғуруримизга тўғри келмайди. Зеро, улар бунга масъул ҳам эмас. Ҳокимиятда бўлганимда, айримлар хом -хатала  қўлёзмаларини кўтариб келиб, маблағ сўрашаётганини надомат билан  айтишди.

  Ўзимга келадиган бўлсак, ҳозиргача ҳокимдан ҳижолат тортиб юрибман. Чунки унинг ёрдамчиси бу маблағни бир тадбиркордан олиб берди. Қайтиб ёрдам шаъма қилмайман. Сайланманинг иккинчи  ва учинси жилдини ҳам нашрдан чиқармайман. Чунки биринчи жилддан ойида ўн дона ҳам сотилмади. Китоб дўконида  Алишер Навоий, Умар Ҳайём, Чингиз Айтматов, Абдулла  Қодирий ва ҳатто Қуръони Карим  турганда, менинг китобим кимга ҳам керак?! Бугун каттадан кичик  ўз телефонидан нимлуч аёллар, фоҳишалар, қотиллар ҳақидаги  томошоларни иштиёқ билан кўришади. Тўғри, бироз  қизиқарли китобларни ҳам ўқишади. Аммо  улар, ҳозирча озчилик.

     Айнан, уларнинг сонини кўпайтириш билан шуғулланиш керак.

   Китобимнинг харидори бўлмаётганлигини ёздим. Аммо бундан сира ўксимайман. Менинг ҳаволамга ҳар ойда ўнлаб мамлакатлардан мингдан  кўпрок ўқувчи киряпти. Шубҳалансангиз, очиб кўринг: nusratrahmаt.blogspot.com

   Шахсан мен  электрон адабиётни ривожлантиришдан ўзга йўлни кўролмаяпман. Сайт, блог, хуллас ҳар биримизнинг ҳаволамиз бўлиши ва унда ўзимиз ишлашимиз шарт!

   Ибрат олишимиз зарур бўлган айрим сайтлар билан танишиб кўришингизни маслаҳат бераман     Зиё истаган қалблар учун.   Асосчиси ёки тасисчиси Давронбек Тожиалиев.       2011 йилда ташкил этилган ва ўтган йиллар давомида тўлдирилиб, бойитилган бу сайтда   адабиётимиз сарҳадларидан бугунгача бўлган шоир ва               ёзувчилар қамраб олинган. Фақат адабиёт эмас, маданият, журналистика ва бошқа соҳалар бўйича қимматли маълумотлар бор.

    Мен  Хуршид Даврон кутубхонаси сайтига ҳам кириб тураман. Унда Ўзбекистон ва жаҳон шоир, ёзувчиларининг асарлари, таржимаи ҳоллари батафсил ёритилган.

  Ўзбекистон Ёзувчилвр уюшмасининнг ижод.уз сайти информацион характерда бўлса ҳамки, ҳар бир ижодкор кириб туриши зарур бўлган манбаъдир. Мен бу сайтда шоир ва ёзувчиларнинг ҳаволалари ва унда ёритилаётган асарлар ҳақида маълумотлар бериб борилишини  истардим.

   Тасодифан Саломат Вафо сайтига кириб қолдим ва унинг ҳикоялврини ўқиб, роҳатландим.  Марҳум ёзувчиларимиз Ўткир Ҳошимов, Тоҳир Малик сайтлари ҳам эскирмай турипти.

  Билсам, сизнинг сайтингизга кирардим. Нима бўлганда ҳам ҳаволангиз бўлиши керак.  Компьтерни обдон  биладиган кишиларга мурожаат қилсангиз,  очиб беришади.

 Ҳозир бир қатор мамлакатларда ҳаволадаги асарларни сотиб, пул топиш йўлга қўйилган. Келажакда қашшоқланиб қолмаслигимиз учун янгиликка тезроқ интилишимиз шарт.

  Китоб - муқаддас, аммо у ўз вазифасини электроникага  зиммасига юклади.. Электон адабиёт рақобатчи ёки рақиб сифатида эмас, давомчи, меросхўр сифатида кириб келди. У айнан китобларда ёзилган кашфиётлар меваси ўлароқ пайдо бўлди.

  Ўн саккизинчм  асрда инглиз олими Майкл Фарадей чироқ ёруғидан фойдаланиб, магнит майдонини электр майдонига айлантириш борасида тадқиқот олиб боргани ва бунга эришгани, охир-оқибат чироқ керак бўлмай қолгани  сингари.

    Тезроқ ҳавола очинг. Китоб харид қилиш, уни сақлашдан халос бўласиз. Беҳбудий таъкидлаганларидек, ўтмишга эмас, келажакка қараб иш тутмоқ керак. Эндиликда китоб тарғиботидан кўра электрон адабиётни кўпроқ тарғиб қилиш зарур.

     Шунда сизнинг компьютер ва телефонингизда истаган ёзувчи, шоирнинг асарлари муҳайё бўлади.

                                                                                                           3 06  2024

 

Комментариев нет:

Отправить комментарий