суббота, 1 декабря 2018 г.

САККИЗИНЧИ ҚИСМ


САККИЗИНЧИ ҚИСМ
ЎН БЕШИНЧИ БОБ

Обий

Бу машъум уй ҳақида аввал ёзганман.
«Концлагер товуқлари» бобидаги мана бу мисраларни хотирласангиз кифоя.
«1975 йили вилоятнинг мафкура ишлари бўйича котиби ўз ўйнаши билан шу ердаги меҳмонхонага норасмий яъни хуфёна ташриф буюради. Албатта, туни билан кайфу сафо, ҳалиги ишлар... Эрталаб улар чиқаверишмагач, қоровул хавотирланиб, эшикни тақиллатади. Садо бўлмагач, раҳбарларга хабар етказади. Улар ҳам ошиқ-маъшуқларни уйғотолмагач, эшикнинг ошиқ-маъшуқини бузишади. Кириб қарашса, бахтиқаро ўйнашлар ваннада Одам Ато билан Момо Ўаво кийгизиб юборган либосда бандаликни бажо келтириб қўйишибди».

Албатта, шов-шув, текшир-текшир, дегандай. Терговчилар бу юмуш билан уюшган, тажрибали мафия (етмишинчи йилларда-я!) шуғулланганини тахминлашади. Уларнинг фикрича, ўша гуруҳ қурбонини кузатиб юради; ваннага кирган заҳоти ташқаридан туриб, қувурга электр токи тегизади.
Бу нохушликни яширишга ҳарчанд ҳаракат қилишмасин, у ҳақда, мазкур уй хусусида афсона ёки ҳақиқатлигини англаб бўлмайдиган шов-шувлар кўпайиб кетади. Жумладан, бир отахон ана шу уйнинг томида алвастилар галасини кўрганини айтиб, қасам ичади. Табиийки, ҳозир кўпчилик инсу жинсга ишонмай қўйган. Аммо отахон ўз ҳақиқатини тасдиқлашдан чекинмайди. «Бир замонлар бу ер тўқай эди,  ўшанда ҳам алвастихона, дейишарди. Улар олов ёқиб ўтиришганини, йўловчиларга эчки, чақалоқ бўлиб кўринганини кўплар билади».
Хуллас, шу воқеадан кейин фабрика маъмурияти турфа ҳангомалар ва маломатларга чек қўйиш илинжида уйни уч талабгорга тақсимлаб беради. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, Шафиқа деган санитарка, Сабура деган кассир ва тағин биров киришади. Аммо кўп ўтмай ана шу уйга яширинган қора қисмат Сабурани ҳам таъқиб этади: унинг шипга осилганича қотиб қолган жасадини кўрган одамлар сесканиб  тушадилар.  Фақат  ўша  гувоҳларгина  эмас, бутун посёлка, фабрика, зоҳиран хавотир тортади. Ўангомага ўч оломоннинг ҳали сўнмаган шов-шувларига кимдир бир пақир керосин сепгандай бўлади. Кассир аёл ўзини ўзи осганми ёки бу қотилликни бош­қалар қилганми – латтачайнар терговчи аниқ жавоб беролмайди...
Шундан кейин бу уйдан бошқалар ҳам кўчиб кетиш ташвишига тушади, бехосият даргоҳга одамлар йўламай қўядилар, ҳатто кундузи ҳам йўловчилар ҳадиксираб ўтадиган бўладилар.
Орадан йиллар ўтиб, миш-мишлар, ваҳималар алангаси энди тин олаётганда кимдир оловни пуркаб қўяди. Одамлар бу кимсасиз хонанинг чироғи ёниб-ўчиб туриши, аллақандай баҳайбат кўланкалар изғиб юраётганлигига гувоҳ бўлишади. Бунга ишонқирамаган раҳбарлар, милиционерлар ҳам кечқурун узоқдан туриб арвоҳга ўхшаш гавдаларни кўришади: чўчиб, журъатсизгина орқага чекинишади.
Тахминлар авж олади – туман, вилоятдаги казо-казоларнинг қулоғига у яна ваҳималироқ бўлиб етиб боради. Юқори доирадаги (учлик) телефонлар жиринг­лайди, кўрсатмалар, буйруқлар бўлади. «Обком ўлган уй»га қуролли десант ташлашга қарор қилинади.
Операция (негадир уни «тишлаш» деб беўхшов номлашган) режасига биноан полковник Ўрайим Тахтаев (аслида Иброҳим Тўхтаев бўлса ажаб эмас) раҳбарлигидаги ўттиз икки кишидан иборат тажрибали, жасур милиционерлар кечқурун, айнан чироқ ёқилган пайтда уйни қуршовга олишади. Ўқ отиб огоҳлантиришгач, радиокарнай орқали мурожаат қилишади: қаршилик кўрсатмасдан, қўл кўтариб чиқиш шартини  қўйишади. Аммо  аксу садо бўлмайди. Сўнгра  огоҳлантириш сифатида  автоматдан ўқ узиб, дераза ойналарини  чил-парчин қилишади. Тағин садо бўлмагач, галалашиб ичкари  киришса ҳеч вақо йўқ. Бир чеккада бўшаган шишалар, колбаса, сигарет қолдиқлари. Шундан  ке­йин операция  аъзолари ўз андиликлари, лакаловликларидан роса кулишади, аскиялар қилишади.
– Биз беҳудага  ваҳима қилиб  юрганмиз, – дейди Тахтаев, – бу ер шунчаки қиморвозлар масканига айланган. Қолган гапларнинг бари жоҳил бандалар тўқиган сафсата.
– Ўртоқ полковник, – мурожаат қилади аскиячилардан бири, – ўттиз икки тишнинг ўттиз икки иши бор, дейишади. Ишсиз қолган тишлар мана бу  колбасаларни  тишлаб кетаверсин.
Улар мириқиб кулишади ва лекин ашё сифатида сигарет ва колбаса қолдиқларини ҳам қоғозга ўраб олишади.
Тинтув давом этаётган пайтда ҳеч кутилмаган ҳол рўй беради – бир шкафни галалашиб очишганда ичидан букчайганича қотиб қолган мурда  юмалаб чиқади. Ўозиргина қаҳ-қаҳ отаётган азаматлар  ваҳима оғушида   қуролларига ёпишадилар. Кейин, ўзларини босиб олиб, мурдага яқинлашишса, унинг тасмасига бир варақ қоғоз қистирилган ва негадир русчалаб: «Тишлаш» операциясининг чаққонлари. Ноумид қайтманглар – ло­ақал шу одамнинг ....ни тишлаб кетинглар!» деб битилган экан.
Экспертиза марҳумнинг ҳам бўғилгани, ҳам отилганини  аниқлайди. Мурданинг қизил ўнгачидан олинган  автомат ўқининг  габаритлари-ю, калибрларини обдон текшириб кўришса... (Ё тавба! Олам тасодифларга тўла! Ўзинг асра!) у айнан «Тишлаш» операцияси аъзоларидан бириники бўлиб чиқади. Шўрликни (исми-шарифи Бўрибой Бўронбоев) зудлик билан ҳибс­га олишади. Яна шов-шув, ваҳима. Аммо тергов жараёнида бояқиш Бўрибой бегуноҳлигини исботлаб беради. Аён бўлишича, боя деразага қараб ўқ узганлар орасида ана шу ўпкавой ҳам бўлган, улардан бири шкафдан ўтиб, жасаднинг кекирдагига  қадалган экан.
Бўрибойни ҳибсдан озод этишади, аммо қайтиб милицияга олишмайди: аввалги иш жойларида баднафслик қилганлиги, милицияга тасодифан тушиб қолганлиги аён бўлади.
Нафсиламбирини айтганда, эрталаб бадбўй товуқхоналар томон шошиладиган,  кун бўйи ишлайдиган, қечқурун бирор нимарса илиб чиқишдан ўзгасини  ўйламайдиган, қимматчилик, йўқчилик; амалдорларнинг  ноинсофлиги ва турли ғийбатлардан бошқа мавзу, машғулоти бўлмаган одамлар учун шунақа ҳангомаларнинг бўлиб тургани ҳам тузук! Бу зерикарли оламда инсон табиати янгиликка, ислоҳотга, қолаверса ғийбатга ташналиги табиий бир ҳол бўлса ажаб эмас.
Шундай қилиб,  одамлар янгидан-янги  афсоналар тўқийдиган ва бундан ўзлари ҳадиксираб яшайдиган бўлиб қоладилар. Энг ғалатиси, бу ўйдирмаларга ҳар бир киши ўз улушини қўшиб-чатиб, ваҳималироқ тус беришга  ҳаракат  қилади.
Нима қилиш керак бундай шароитда? «Обком ўлган ўй»ни текислаб ташлаш керакми?! Яхшиси, лоқайд, бепарво бўлган маъқул. Охир-оқибат оломон афсона тўқишдан чарчайдику!
Назаримда раҳбарлар шундай даққоқ хулосага келишди.
Орадан бир неча ойлар ўтгач, аниқроғи 1994 йилнинг 1 май куни кечқурун ишдан қайтаётган санитаркаларимиз – Зайнаб, Люда, Шафиқа мазкур кўчадан қўрқа-писа ўтишаётганда, қаерданам теппасида чироқлар, антенналар ўрнатилган бир жуфт чет эл машинаси пайдо бўлиб қолади. (Люданинг айтишича, иккаласи ҳам «Мерседес-Бенс»). Аёлларимизнинг хавотирлари чандон ошади, аммо-лекин ҳангоматалаблик меҳри, янги гап топиш, тарқатиш иштиёқи ундан устунлик қилади. Машиналар айнан ўша уйнинг эшиги олдида тўхтайдилар. Ўар бир машинадан бир аёл билан бир эркак тушади.
Шу ҳақда сўз кетганда, аёлларимиз бир-бирларига гал бермай, таърифу тафсифларни шунақа қалаштиришадики, бунга ишонишингни ҳам, рад этишингни ҳам билмай қоласан киши.
«Иккала жувоннинг ҳам либослари оппоқ, юзлари сулув ҳатто қўлқоплари, соябонлари ҳам оқ, оёқлари ерга тегар-тегмас бўлиб юришади», дейди Зайнаб.
«Эркакларнинг шляпалари, галстуклари қоматларига ярашиқ, ораста, қўлларида нафис гулдасталар», унинг сўзини бўлади Шафиқа.
Эркаклар аёлларнинг қўлтиқларидан назокат ила тутиб ичкари киришмоқчи бўлишганда, қаерданам Обий пайдо бўлиб қолибди. Улар Обийни ўпиб, гулдасталарни унга тақдим этибдилар.
Эртаси фабрикада бу гап бошқача оҳанг касб этди. Гўёки «обком ўлган уй»нинг тепасида иккита тарелка (НЛО, НУЖ, номаълум учувчи жисм) пайдо бўлибди. Улар алламаҳалгача нур сочиб тургач, пастга тушиб, ойнаванд машинага айланишибди. Ундан либослари оппоқ икки парирўй тушиб, ўша ерда маст бўлиб ётган Обийни олиб кетишибди.
Энди шу гаплардан кейин Обий (Мифтахуддинов) деганимизга андак таъриф бериб ўтмасам, дилтанг бўлишингиз табиий.
Олтмишларни қоралаб қолган, ўрта бўй, ориқ бир механикни кўз олдингизга гавдалантира оласизми? Кийимлари уринган, ғижимланган, қорамой томган; ичмай турса, руҳи тушиб кетадиган, бармоқлари бе­ўхшов қалтирайдиган бу одамда иллатлар билан хислатлар чегарасини белгилаш амри маҳол.
Обийни раҳбарларимиз ёқтиришмайди, нописандлик қилишади. Сабаби: нуқул ичиб юриши, интизомсизлигидагина эмас, балки амалдорларни баралла жеркиб, уларни муттаҳамлик, ўғриликда айблашидадир. Аммо-лекин шунга қарамай бу одамни ишдан четлаштириб бўлмайди. Обий мастлик чоғлари кўкрагига уриб, гариллаганини кўп эшитганман: «Директор, замдиректор бўлмаса ҳам иш кетаверади, локинда Мифтахуддинов бўлмаса...» Ўалатида ўзи: товуқларга дон, сув тарқатадиган мосламалар, пульт билан ишлайдиган катакли батареялар, кондиционерларни Обийдай обдон биладиган, бузилганда зум ўтмай тузатадиган уста бу орада йўқ. Мени тўғри тушунишингизни истайман: қанчадан-қанча олий маълумотли инженер, механикларимиз бор, аммо кўп ҳолларда улар лоақал ўрта мактабни ҳам битирмаган Обийнинг қўлига сув қуйишолмайди, «Незаменимый» яъни алмаштириб бўлмайдиган одам йўқ» деган русча иборани эшитганмисиз? Бизнинг корхонада истаган одамни алмаштириш мумкин, аммо арзон вино ичиб, ити билан гаплашиб юрадиган ана шу кўримсиз механикнинг ўрнини ҳеч ким босолмайди.
Худо кўрсатмасин, бирорта транспортёр ишламаса ёки бинода ҳарорат пасайиб ёки кўтарилиб кетса, унумдорлик тушишини, товуқлар, жўжалар оммавий нобуд бўлишини яхши билган  ишбошиларимиз Обийни топиб келиб, айтганини муҳайё қилиб туришади.
Обийнинг ити жет лақабли бўлиб, испан коллиси зотига мансуб. Тумшуғи узун, сержун. Жуда вафодор. Обий маст бўлиб йиқилиб қолса, соатлаб уни қўриқлаб ўтиради. Хўжаси бирор кишини ёки буюмни кўрсатиб, «охраняй!» деса бас – унга ҳеч кимни йўлатмайди. Жет соҳибининг табиатини яхши билади, у ҳам катта-кичик бошлиқларни хушламайди, уларни кўрганда ўзини чеккага олади. Обий билан мулоқотда бўлиб турадиган оддий одамлар олдида эса кейинги оёқларида тик туриб, таъзим қилади, эркаланиб, мурувват кутади. Шунда унинг кўзлари бегуноҳ болакайнинг нигоҳларига жуда ҳам ўхшаб кетади. Хўжаси унга сўз қотганда, гапини маъқуллагандай бош тебратиб турганига кўп гувоҳ бўлганман.
– Сен итсан, – деди у бир куни жониворга қараб, – кўп нарсаларнинг фаҳмига етмайсан. СССР пайтида бир шиша «Чашма» бир сўму қирқ тийин эди. Бир сўму қирқ тийин-а! Мен аллақачон Мексикага кетардим, аммо сен – тулкитумшуқни ташлаб кетолмадим. У ерда сени яккалашади. Бу ерда менга миллатчилик қилишадику! Шунга ўхшаш. Лекин ишлари тушса, дум тебратиб туришади. Эркак бўлиш керак! Мифтахуддинов – мард! Бизнинг амалдорлар бир-бирини тишлаб олиш пайти келгунча, ялаб-ялқаб турадиган тоифадан. Сен ундай қилмайсан, аммо ўлгудай соддасан. Мен энди ичмайман, десам – ишондинг! Мен эса сен шўрликни алдаган эдим. Ишонма! Юр, кетамиз. Во...
Бу одам билан биринчи бор танишганим ҳақида ёзмоқчиман. Товуқ нурисини чиқарадигн тасма-транспортер ишламай қолгач, зона бошлиғининг кўрсатмаси билан уни излаб, ётоқхонага бордим. Обий ҳам, ити ҳам нохушгина кутиб олишди. Илтимосимни айтгач, чол гап сотишга киришиб кетди.
– Мифтахуддинов бўлмаса, аҳволларинг вой! Бир куни директорнинг ўзи келди. «Комиссия келяпти, кормоцех ишламаябти», деди. «Бормайман!» дедим. «Нима талаблар бор» сўради. «Во, дедим, гапни ана шундан бошлаш керак эди. Биринчидан, ётоқда мени яккалашяпти – «обком ўлган уй»ни берасиз, ўша ерда яшайман. Иккинчидан, любой зонага кириб, тухум, товуқ олишга рухсат керак. Учинчидан, жасорат кўрсатмаса, иш кетмайди», дедим. Дарҳол тушунди – шоферига имлади. У бирйўла тўртта «Жасорат» виноси олиб келди.
– Юринг, мен ҳам тўртта олиб бераман, – унинг сўзини бўлдим.
Биз йўлга тушдик, Жет ортимиздан эргашди. Обий товуқхонага кирди-ю, қўлини чўнтагидан ҳам чиқармай:
– Транспортёр жойида, трансформатор бузилган: монтерни топиб кел, – деди, – Мен токка қўл урмайман!
Индамай монтерни излаб кетдим.
Тахминан икки кунлардан кейин Обийни чойхонада кўриб қолдим. Четлаб ўтиб кетишни мўлжаллаётганимда, танбеҳ бериб қолди.
– Сен ҳам келажакда каттакон бўласан. Амалдор дегани – катта ит дегани. Лекин Мифтахуддинов...
– ... ягона одам, – унинг сўзини бўлдим.
– Нима дединг, – гапим ёқиб тушди.
– Сиз «незаменимый» одамсиз, устоз!
Ширин такаллуфдан Обий ийиб кетди. Бир нималар демоқчи бўлиб жилмайди.
– Сен мени мақтама, – деди аллақандай таъмали оҳангда, – ёрдам бер.
– Нима керак?
– Чўнтагимда бир тийин ҳам йўқ.
Бу одам зарур бўлиб қолишини чамалаб, қўлига бирор шиша араққа етадиган пул тутқаздим. Обий буни кутмаган эканми, беҳад қувонди. Аммо вазият ва оҳангини батамом ўзгартириб, пайдар-пай гапиракетди.
– Молодец! Хўш, ҳаётинг қалай? Сени қийнашмаяптими? Получкада оласан. Балки кейинроқ оларсан...
Ундан кейинги учрашувимизда гапимиз алламаҳалгача қовушмай турди. Назаримда у қарзни қисташимдан хавотир тортди, мен бўлсам, тағин пул сўрашидан чўчиб турдим. Кейин мастларга хос гариллашга тушиб кетди.
– Дунёда энг буюк миллат – татар халқи. Сен билмайсан – боласан. Йигирманчи, ўттизинчи, қирқинчи йилларда мактаблар, техникумлар, институтларда татар муаллимлар ишларди. Савод ўргатарди. Буни эсдан чиқармаслик керак!
– Ўзбек халқи...
– Мақтанма, – сўзимни кесди у. – Ўзбекистондан ёки бошқа республикалардан Америка қитъасида машҳур киноюлдуз чиққанми?
– Эҳтимол чиққандир.
– Йўқ! Биздан эса чиққан.
– Ким?
– Қўй! Во!
Назаримда чалғиб кетдим. «Обком ўлган уй» ҳангомалари ҳақида гапираётгандим. Аммо Обий ҳозир ўша ерда яшаётганини ҳисобга оладиган бўлсак, мавзудан унча узоқлашмаганимиз аён бўлиб қолади.
Бу галги учрашувда ана шу саволларимга жавоб изладим.
– Устоз, – дедим такаллуф ва мурувват ила, – камина сизнинг шогирдингиз. Сиз – буюк миллат вакили.
– Мақсадга ўт, – мухтасар қилди у.
– Уйингизга коинотдан келган меҳмонлар...
– Бу ҳақда сўрама, – ёқинқирамади унга.
– Лекин ўша қизларни ҳаддан ташқари гўзал де­йишябти.
– Ким?
– Кўрганлар: Зайнаб, Люда...
Шу тобда Обийнинг чеҳрасида зоҳирий бир мамнунлик, қониқиш ҳиссини илғагандек бўлдим. Демак, гап бежиз эмас. Обийнинг айнан ўша жойини қашлашда давом этдим.
– Қизларнинг либослари оппоқ, ўзлари ҳам оппоқ экан.
– ...
– Бунақасини бизда ҳеч ким кўрмаган эмиш.
– Ўа, – чидаб туролмади Обий, – улар чиройли...
Демак, гаплар беҳуда эмас. Бир лаҳзалик сукунатдан кейин давом этдим.
– Қизларнинг ўзга сайёрадан келганига ишонмай турибман...
Обий ҳушёр тортди.
– Қўй, бу гапларни!
Бу билан суҳбатга нуқта қўйилганди. Аммо сирни батафсилроқ билишга бўлган ташналигим оловланиб қолаверди.
Орадан бирор йилча вақт ўтди. Биз Обий билан апоқ-чапоқ бўлиб кетдик. Ўалиги асрордан сўз очмаса ҳамки, имкон қадар тухум, гўшт гоҳида вино билан сийлаб турдим.
Бир куни у мени атайин излаб келиб қолди. Бунақаси бўлмасди. Муҳим гапи борлиги – жиддийлашган қиёфасиданоқ сезилиб турарди.
– Улуғ, сен менинг шогирдимсан-а?!
– Шундай, устоз.
– Сенга айтмоқчи бўлган гапим жуда муҳим: уни ҳеч ким билмаслиги керак, – деди атрофга аланглаб.
– Хотирингиз жам бўлсин, устоз.
– Эртага мен туғилган кун.
– Табриклаймиз! Биринчи май байрамида дунёга келган экансизда. Мукаррам баҳорда.
– ...
– Бизга нима хизматлар бор? Камарбаста шогирдингизмиз. Ўеч тортинманг!
– Жуда-а нозик меҳмонлар келади.
Ёдимга лоп этиб, ўтган йилги ташрифи анча-мунча ҳангомаларга сабаб бўлган меҳмонлар тушишди.
– Биз ҳам нозик қилиб кутиб оламизда, – дедим мамнунлик ила.
Орага мавҳум сукунат чўкди. Кутилмаганда унинг дийдаларига ёш қалқиди, аллақандай дарди янгиланган аламзададай йиғлай бошлади. Мен бу одамни ҳеч қачон бу ҳолда кўрмаган эди. Бу мағрур одам алам билан ўксиб йиғлар ва ҳар гал елкалари силкиниб кетарди. Саросималаниб қолдим. Бирор нима деб овутмоқчи бўлганимда, ўзи сўз бошлади.
– Мен дуракман, Улуғ! Номуносиб отаман! Ичкилик хароб қилган ношуд бандаман! Уяламан, биласанми ўз аҳволимдан. Куёвларим олдида.. Номус қиламан. Қизларим ҳам ор қилишади бу ҳолатимдан. Лекин сир бой беришмайди. Мен бўлсам, барини сезиб тураман. Ўаммасига ўзим сабабчиман!
– Азиз меҳмонлар келадиган бўлса қувониш керак, – тағин далда бермоқчи бўлдим.
Биз тағин жимиб қолдик. Вазиятнинг ўзи шуни тақозо этган эди.
– Аҳвол ночорлигини биласан-а, Улуғ, – дардини очабошлади Обий.
– Ўеч гап эмас, бугуноқ санитар қизларни юбораман: уйингизни тозалаб, жиҳозлаб беришади. Мана бу диван, стол, стулларни ҳам олиб борамиз!
– Тўхта, – хушламайгина сўзимни кесди у, – санитарларни қўй. Улар гапни кўпайтиришади. Ўзимдан қолар иш йўқ. Сен майда-чуйдани обборсанг, бирорта костюмингни бериб турсанг – бас. Куёвларим билан танишиб ол. Уларнинг калласи ишлайди.
Мен учун аксар асрорлар равшанлашгандай эди. Обийнинг айтишича, катта қизи Мексикада кино юлдузи экан.
– «Дикая роза»да ўйнаганди – кўргандирсан.
– Бош ролдами?
– Ўа-да. Балки бош ролдамасдир. Ким билади. Эри элчихонада ишлайди. Ўзи испан.
– Кичигичи, – қизиқишим сўнмасди.
– Куёвимни сўраяпсанми? Ўзбек. Тошкентда қайбирам министрнинг ўринбосари эди. Мана бу каттаконлар билан келишолмай, кетиб қолди.
– Унинг ҳикоя қилишича, хотини рус бўлган экан. Улар бирга яшайолмабди (ичкилик сабаб бўлса керак). Хотини қизларини олиб, Москвага кетиб қолибди. Қизлар «Халқлар дўстлиги» университетига киришган экан, куёвлар билан ўша ерда танишишибди. Аёл гоҳида Мехикодаги гоҳида Москвадаги қизиникида (шоҳона) яшармиш.
Эртаси Обийникига борсам, йўлакларга сув сепиб, супуриб, атрофларни ҳам эпақага келтириб қўйибди. Хона имкон қадар жиҳозланган, стол устида мевалар, турли шишалар тартиб билан териб қўйилганди. Обдон ювинган, соқолларини тарашлаган, ораста либослар кийган Обийни дафъатан кўрган киши танимай қолиши аниқ эди.
Меҳмонлар анча ҳаялликдан кейин арбобларимиз миниб юрадиган, номер рақамларидан кейин СНО деб ёзиладиган «Волга»да келишди.
Мавзудан андак чекиниб бўлса ва такрор бўлса ҳам шаҳарда ана шу уч ҳарф устида бўлиб турадиган ҳангомалар, мутойибалр хусусида тўхталмоқчиман. Бу ердаги амалдорлар (оддий халқдан ажралиб туриш учун бўлса керак) хизмат машиналари СНО номерли бўлишига саъю-ҳаракат қилишаверади. Начора «оддий халқ» ҳам қочириқ ва кесатишларга мойил бўлади – улар СНОни Самарқанднинг нотанти одамлари деб шарҳ­лашади. Мабодо даврада амалдорлар ёки уларнинг гумашталари бўлса, андак юмшатиб, Самарқанднинг нозик одамлари, дейишади.
Хуллас, СНО номерли машинадан аввал шофер ёнида ўтирган, капалак нусха бўйинбоғ боғлаган киши тушди-ю, тавозе билан орқа эшикни очди, инглизчалаб алланима деди. Орқа ўриндиқдан ўттизларни қоралаган, новча тийран кўзли эркак тушди, менга қўл чўзди, ўзбекчалаб саломлашди. Бу одам Обийнинг кичик куёви эканлигини дарҳол сездим. Мулоқотимизга гувоҳ бўлган унинг ажнабий божаси хатосини тузатган бўлди – мен билан саломлашиб, алланима деди. Шундан кейин кабинадан гул кўтарган икки жувон тушди. Улар ҳаворанг плашч, аёллар шляпаси кийиб олишганди. Бу икки жувон Обийнинг қизлари эканлигини таъкидлаб ўтмасам ҳам бўлади. Буларнинг қайбири ўша кино юлдузи эканлигини фарқлаш, илинжида ўғринча қараб олдим, аммо ўзимга таниш бирорта белгини илғайолмадим. Қизлар жуда ўхшаш ҳам эди, улардан бири фақат оқ қўлқоп кийгани билан ажралиб турарди, холос. Улар менга умуман эътибор беришмади, Обийга отилиб, уни ўпишди, кўзларига ёш олиб, алланималар дейишди.
Биз ичкари кирдик. Жувонлар ёстаниб ўтириб, йўл азобидан монолог ўқишга киришишди. Шу орада Обий мени меҳмонларга таништирди.
Маълум бўлишича, Мексикалик меҳмонлар икки кун олдин Москвага келишган экан. Кейин Самарқанд­га учадиган самолёт рейси кечикибди. Салондаги тартибсизлик, санитарияга зид ҳолатлар меҳмонларга ўтиришмабди. Уларга узатилган кофе ва таомларнинг усти ёпилмаганлиги, савдогар йўловчиларнинг маданиятсизлиги ҳақида сўз кетди.
Ўзбек куёв амалдор дўстидан хизмат машинасини (ҳозир ташқарида турган) сўраган экан, у ҳам кечикиб келибди.
Бир пиёладан чой ичиб олгач, жувонлар сирлигина қилиб, алланималарни таклиф қилабошалшди. Куёвлар бир-бирлари билан кўз югуртириб олгач, хайрихоҳ бош силкишди ва Обийдан рухсат сўраган бўлишди.
– Бирорта ресторанга бориб ўтирақолайлик.
У индамади. Назаримда унга барибир эди. Қаерда бўлса ҳам қизларини дийдорига тўйса кифоя.
– Самарқандда энг яхши ресторан қайси, – савол берди куёви бу гал мен томон ўгирилиб.
– «Интурист», «Юбилейний» билганимча жавоб қайтардим.
Кўп муҳокама бўлмади – машиналар рули «Интурист» томон бурилди.
Ресторан катта залининг жуда ёруғлиги, қандилларнинг турли рангларда жилоланиши, чор тарафдаги ганж ўймакорлигининг бетакрор нақшлари, анвойи гуллар, шинамлик; официант йигитларнинг башанг кийимлари, тавозелари дилимизга илиқлик бахш этди.  Куёвлар зал мудирини дараклашди, унга алланима деб шипшишди. Ажнабийлар чўнтагидаги ҳидни олган чаққонлар чапдастлик билан жой ҳозирлашди, стол устини ноз-неъматларга тўлдиришди.
Опа-сингиллар биздан узр сўраб, бир неча дақиқага жавоб олишди. Фурсатдан фойдаланиб, кичик куёвга саволлар бердим.
– Сизнинг рафиқангиз ҳам санъаткорми?
– Йўқ, у иқтисодчи. Опаси кино юлдузи.
– Қайси фильмларда кўрганимни яхши эслолмаяпман.
У бир зум мушоҳада қилиб олгач, давом этди.
– «Раққосанинг қисмати» фильмида бош ролни ўйнаб, «Олтин нилуфар» мукофотини олганди. Шунинг ўзи таъминлайди буларни. Бу фильм ҳали бизда дубляж қилинмаган. Ундан олдин «Бойлар ҳам йиғлайди» фильмида Сара ролини ижро этганди.
Ўадемай жувонлар батамом ўзгача либос ва кайфиятда пайдо бўлишди. Енгилгина пардоз уларнинг чеҳрасини батамом сулувлаштириб юборганди. Бағоят ингичка қилиб сурма тортилган қошлар, шафтоли гулини ёдга солувчи яноқлар; оппоқ, яланғоч елкалар ўзлари паришон сочилган тиллоранг сочлар... Дудоқлар ва билакларнинг нафислиги, лаблардаги қуюққина помадалар, садафранг тишларни таърифламай қўяй. Татар ва рус қонлари қоришмасидан  бунёд бўлган бу беназир вужудлар пардоз туфайлигина эмас, табиатан бағоят нозанин бўлишгани учун ҳатто ҳис-туйғулари ўтмаслашиб қолган киши ҳам беихтиёр тамшаниб қўйиши турган гап.
Мен Сарани дафъатан танидим. Гарчанд опа-сингиллар бир хил (оппоқ) либосда ва эгизакдек ўхшаш бўлишса ҳамки, тасаввуримда унинг сўзлари, ҳаракатлари қайта тикланди.
Биз хушомадлар қилиб, уларга жой кўрсатдик.
Биринчи қадаҳ, албатта, ана шу ўтиришнинг бош сабабчиси – Обий учун кўтарилди.
Катта куёв музикачилар олдига бориб чулдиради, таржимон ҳам топилди ва унинг муддаосини тушунтириб берди. Машшоқлар бош силкиб, розиликларини билдирдилар, сўнг айрим чолғувчиларни алмаштирдилар, баҳслашиб, созларни қайтадан жўр қилишди.
Кўп ўтмай нотаниш, аммо дебочаси биланоқ дилни энтиктирувчи оҳанг сел бўлиб оқабошлади. Виолончел, флейта ва яна алланималар жўрлигидаги бу куй шарқ ва ғарб оҳангларининг бетакрор уйғунлиги эди. Айрим фильмларда Мексика тангоси, лўлилар, испанлар рақсидаги гоҳида сокин, гоҳида кескин ҳаракатларни кузатиб, ҳайратга тушган дамларимни эсладим.
Шу пайт нигоҳларимиз Сара (уни шундай деб атақолай) билан тўқнашди ва унинг қорачуқларида нур ялтираб кетгандай бўлди. Вужудида исён уйғонаётганди, бу нозаниннинг! Чунки қадрдон оҳанг зўр бериб, даврага чорлар, фақат ҳаёми, андишами унинг ҳарир этакларидан тортиб тургандай эди.
Сара жўшқин туйғуларини ортиқча жиловламади: яланғоч қулочларини кенг ёзиб, ўртага тушди. Аввалига унинг ҳаракатлари батамом эркаклар рақсини эслатди менга. Бағоят кўҳли бу гулчеҳрага йигитлар рақси бунчалик ярашишини худо ҳаққи, хаёлимга ҳам келтирмагандим. Эҳтимол, айрим жувонларда эркаклар хос қатъият, жасоратни кўриб, тасанно айтган дақиқаларингиз бўлгандир?! Ана шундай ҳолат оғушида эдим мен.
Кейин эса оппоқ, чиройли оёқлар оҳангга ҳамоҳанг рақс қилабошлади. Улар аввал секин, сўнг тезроқ мармар полга урилиб, ноғораникига ўхшаш садо чиқарабошладилар. Зал жонланди – нигоҳлар жиддий аммо сеҳрли вужудга қадалганди.
Сиз «қайроқ» рақсини биласиз, албатта. Бунда раққоса бор вужуди билан ўйинга тушган ҳолда, ҳовучлари орасидаги тошларни ҳам сайратиб юборади. Машшоқлар ритми, нотасини бузмай, баръакс уларни тўлдиради, мадад беради.
Океан ортидан ташриф буюрган бу кино юлдузи эса айнан пошналари билан янги куй яратар ва бу ҳамоҳанг овоздан ўзи ҳам сармаст давра айланарди.
Қарсаклар, қийқириқлар янграйбошлади. Шуниси ғалатики, унинг ўзи ҳам туйғулари жунбушга келганда ҳамоҳанг қийқирар ва бу ҳам дилларни зоҳиран ларзага солар, сармаст кайфиятларни тағин оловлантирарди.
Бу орада биз раққосадан деярли кўз узмаган ҳолда шундай қудратли санъатни бизга мерос қилиб қолдирган яхши одамлар учун қадаҳлар кўтардик. Ўадемай кайфим ошди – кўз ўнгимда сарҳадсиз океан, соҳилга бир меъёрда урилаётган тўлқинлар, денгизчилар, негрлар гавдаланди. «Интурист» ресторани уммон ўзра чайқалиб-чайқалиб сузаётган кемага менгзарди.
Эҳ, бетакрор эди буларнинг бари!
Эҳтимол, менинг бу дунёқарашимни айбга йўйарсиз. Ўрта мактаб ва институтда русча ўқиганим сабабми ёки бошқа нарсанинг таъсирими – Европа, Америка қитъаси нодир оҳангларини азалдан яхши кўраман.
Айбласангиз ҳам майли, Тошкент телевидениесидан кўра Москва каналларини ёқтираман.
Бунинг учун бот-бот дашномлар ҳам эшитиб тураман, аммо начора...
Майли, рақсга қайтайлик. Ажабо, нечун одамлар боқийликни байроқ қилиб, ўлмас оҳанглар, рақслар яратадилар: тағин ҳайкаллар тиклайдилр, китоблар ёзадилар? Ўлимга, Азроилга қасдма-қасд шундай йўл тутишади, деб ўқигандим аллақаерда.
Ўлим ҳақ дейишади. (Кўп ҳолларда у ноҳақ ҳам бўлади) Қаттол Азроил гадони ҳам, президентни ҳам аямайди. Мана шу раққосани, шўх-шодон қийқираётган (фақат ўзбек, тожик эмас, рус, инглиз, япон ва бошқалар бор булар орасида) хушчақчақ оломонни худди гул дасталагандай қайчилаб кетиши аламли, албатта.
Лекин одамлар ҳам ожиз эмас! Қани Азроилнинг кучи етса, улар яратган санъатни ўлдириб кўрсинчи!
Ўамма нарса вақтдан, аниқроғи, ўлимдан қўрқади, дейишади. Лекин вақт ё ўлим ҳам боқий санъатдан чўчиса ажаб эмас!
Фалсафавозлик қилганим учун узр. Эҳтимол, бу ичкиликнинг таъсири бўлса...
Аслида ҳар қандай санъатни, айниқса рақсни сўз, фалсафа билан изоҳлаш, ифодалаш мушкул. Уни фақат мириқиб томоша қилган киши ютади. Келинг биз ҳам томоша қилайлик!
Жувон ҳамон одамларнинг завқига завқ улашиб, давра айланарди. Дафъатан кескин ҳаракатлар, маневрлар ўрнини «Танавор» ёки «Муножот» тушаётгандай сокинлашиш эгаллар, раққоса юзида ғамзами, дардми зоҳир бўлар, бундай лаҳзаларда ўкинган вужудни қўчгинг, овутгинг, шакаргуфторликлар қилгинг келарди.
Ногаҳонда ҳаяжонли нигоҳларим Обийга ва унинг иккинчи қизига тушди. Обийнинг кайфи баланд эди, официантга ана шу раққоса, яъни Мексика кино юлдузи унинг қизи эканлигини ифтихор ила уқдирарди. Сўнг ёнидаги қизи томон имлаб, алланималар деди. Қизи эса шоҳисталик ила опасининг хиромон ҳаракатларини беҳудуд ҳавас, ташналик ила томоша қилар, завқдан қорачиқлари ёнар, нимадандир сескангандай бўлиб кетар ва бундай лаҳзаларда дуркун кўкси силкиниб қўярди.
Рақс – бетакрор санъат. Аммо уни томоша қилабилиш, ҳайратга тушиш ҳам ҳунар эканлигига имон келтирдим ўшанда.
Назаримда айнан шу мусиқа санъатида ҳали фанга аён бўлмаган асрорлар анчагина. Биргина мисол келтирмоқчиман. Синглим Моҳинбоннинг атиги бир ёшли қизчаси (Ситора) бор. Радио, телевизордан шўхроқ оҳанг янграб қолгудай бўлса, билаклари, бармоқларини ҳамоҳанг тебратиб, чунонам рақсга тушадики, ажабланмай илож йўқ. Ахир, ҳали гапиролмайдиган, тик туролмайдиган қизча-я! Эҳтимол бошқа барча санъатлардан фарқли ўлароқ, Одам Ато билан Момо Ўаво уни қонимизга сингдириб юборгандир, генларимизда бордир, бу ҳиссиёт?!
Рақс санъатининг олий босқичи – муз устида балетни томоша қилганмисиз? Раққосанинг ўз жуфти билан (муз устида сирғаниб юришнинг ўзи бир мўъжиза) гоҳида сокин, гоҳида кескин ҳаракатларини кузатиб, юрак ҳовучлаганмисиз?
Бу гапларни беҳудага айтаётганим йўқ. Инсоният имкониятлари беҳудуд эканлигини намойиш этадиган ана шу санъатга ҳам лоқайд қарайдиганларни кўрганман. Дарвоқе, бу мўъжизани фақат кўнглида завқи бор одамгина идрок этиши мумкин.
Ичкилик сеҳрими, туйғулар жунбушими – ҳамон давра айланаётган Сара назаримда муз устида сирғанаётгандай бўлиб кетди. Ўрнимдан туриб, аввал оёғим остига термулдим, кейин уни томоша қилаётганлар сафига қўшилдим. Назаримда сармаст оломон даврада машҳур Мексика юлдузи ўйнаётганлигини сезиб қолганди. «Виктория!», «Мария!», «Сара», деган мурожаатлар янграйбошлади. Кимдир инглизчалаб: «Яшасин, Мексика!» деди.
Оҳанг авж пардаларга кўтарилди. Раққоса кескин сакраб, қийқирди. Шунда унинг этаклари, кўтарилиб, оппоқ кўйлагига қарийб ҳамранг сонларни кўриниб кетди. Бир йигит (ўзбек ё тожик бўлса керак), Саранинг устига хазонрезгидай қилиб пул сочиб юборди. Қайдандир болакайлар пайдо бўлишди, кейин ошпазлар, официантлар оч эчкилардай пул теришга тушдилар.
Бу ҳол негадир раққосанинг завқини сўндирди. У ўйинга якун ясади.
Орадан бир неча дақиқа ўтиб, чолғувчилар ўзга оҳангни бошлагач, шеригим (кичик куёв) тоза ҳавога чиқиб келишни таклиф этди. Бу маъруф одам билан бўладиган бир неча дақиқалик мулоқот тасаввурларимни ағдар-тўнтар қилишини ва охир-оқибатда ҳаёт йўлимни бошқа ўзанга буриб юборишини хаёлимга келтирмагандим ўшанда. Унинг теран мушоҳадалари, сиқиқ ва радикал мулоҳазалари онгимга тоза ҳаво бўлиб кирди.
Суҳбатдан шу нарса аён бўлдики, у аввал республикамизда министр ўринбосари бўлиб ишлаган экан, кейин катталар билан келишолмай, Москвага кетиб қолибди. Раҳбарларимизни, жумладан вилоят ҳокимини ҳам яхши биларкан, аммо уни мақтамади, бўш-баёвликда айблади.
– Қайси куни кабинетида гаплашиб ўтиргандим, бир киши важоҳат ила кириб келди. Кейин билсам, ишдан олинган ҳокимлардан бири экан. «Менга иш топиб берасан!» деди сан-санлаб. «Халқнинг ҳисобидан ҳашаматли иморат қурмаслик керак эди», деди буниси. «Ўзинг қўрмаяпсанми!» ўшқирди у. Билдимки, тили қисиқ.
– Ўа-да, асосий ишлар қолиб кетяпти, – қўшилдим, – Самарқанддаги заводлар бирин-кетин тўхтаяпти, қишда газдан ҳам маҳрум қилишяпти.
Шундан кейин мавзу беихтиёр менинг тақдиримга кўчди. Аввал фабрика ҳақида сўради.
– Қарзга ботганмиз. Уч миллион сўмга яқин.
У надомат ила сарак-сарак бош тебратди. Ва давом этди.
– Бўғзигача қарзга ботган бундай афтодаҳол хужайинга хизматкор бўлиш арзимайдиган иш. Бизда бу фабрикаларнинг келажаги ҳақида бир нарса дейиш қийин.
– Дори-дармон йўқ, озиқада калория жуда паст, – давом этдим.
– Агар сотишса, бирорта корпусини харид қилиш керак, – деди маслаҳат оҳангида, бир дақиқалик сукунатдан кейин. – Қарз керак бўлса, мен ёрдам бераман.
Унинг валламатлиги меҳримни жўш урдирди.
– Бу – дилимдаги орзу, – ҳаяжонимни яширолмадим, – аммо айрим концелярия каламушлари хусусийлаштиришнинг бориб турган душманлари-ку!
– Биламан, – надомат чеккан бўлди у, – айнан шу масалада келишолмай кетганман.  Қаранг: Мустақиллик эълон қилинганига олти йил бўлаяпди-я! Буларни  барибир сотишади, аммо вақтни беҳуда совуришгани қолади.
– Ўша яҳудийга сотишганда ҳам сақлаб қолиш мумкин бўларди, – давом этдим, – бу тариқа барбод бўлиши турган гап! Мен ўттиз минг товуқ сиғадиган корпуслардан бирини олардим. Дон билан дорини ернинг остидан бўлса ҳам топардим. Оғайниларим, дўстларимни ишга қўярдим, уларга яхши ҳақ тўлардим...
– Модомики сотишмас экан, бу ердан кетиш керак – ўйчанлик билан маслаҳат берди меҳмон. – Бизнесга! Умр беҳуда ўтмасин!
Худо ҳаққи, бу ҳам дилимдаги сархуш сароб эди. Аммо ветфакда беш йил ўқиб...
– Ветеринария соҳасида ҳам бизнес қилиш мумкин, фикримни уққандай давом этди суҳбатдошим. Масалан, фирма очиб, Россиядан дори-дармон олиб келиш, чет эл фирмалари билан боғлаиш мумкин. Савдо ёмон бўлмас...
Ўидояткорлик бор эди бу зукко одамнинг гапларида. Биз тағин жимиб қолдик. Хаёлларим чувалашиб кетди.
– Самарқандда ветаптека борми, – сўради у.
– Йўқ. «Зоответснаб» бор, аммо у ерда ҳеч вақо йўқ.
– Тем более...
Индамадим. Бирор тўхтамга келишим учун фурсат керак эди.
Биз ичкари кирдик. Энди кўзимга ҳеч нарса кўринмас, ҳатто Сара ҳам эътиборимни тортмас, фикру зикрим бояги таклифдан алғов-далғов эди, аниқроғи, ҳозирги сепилган уруғ ниш уриб, мени безовта қилаётганди.
Тағин икки соатлардан кейин биз аэропортга чиқдик. Бу ерда Сара мендаги руҳий ўзгаришни сезди, шекилли, беихтиёр гаплашди.
– Айтингчи, Самарқанднинг ўз конституцияси борми?
Бир лаҳза каловланиб қолдим. Савол анчайин тўмтоқ бўлиб туюлди хаёлимда. Лекин Мексикада ҳар бир штатнинг ўз конституцияси, парламенти борлиги ёдимга тушиб, барини тушундим.
– Йўқ, Самарқанд штат ёки давлат эмас, вилоят.
– Барибир конституция керак. Чунки бу ерда миллат ва обидалар кўп.
Шу тобда сиёсат ҳақида сафсата сотишга заррача тобим йўқ эди. Гап ўзанини беихтиёр бошқа томонга бурдим.
– Санъат ҳар қандай сиёсатдан устунлигини намойиш қилдингиз. Сиёсатчи ҳар қанча зукко бўлса ҳамки, уларни ҳамжиҳат қилолмайди. Сиз турли миллат вакилларини...
– Сиёсатда бир нақл бор, – сўзимни кесди у, – ёшликда экстремист, кексаликда компромис бўлмаган одам нормал эмас. Раққос ҳам шунга ўхшаш. Фақат ёшлигида... Боксчига ўхшаб... Кейин тамом. Боксчи тренер бўлади, раққоса балетмейстер. Ўар ҳолда бизнинг Америкада шундай.
Хайрлашиш олдидан қизлар, куёвлар менга илтифотлар қилишди, Обийдан бохабар бўлиб туришимни сўрашди, визиткалар беришди. Чол қизлари билан хайрлашатуриб, кўзларига ёш олди.
Такси тутиб, Обийни ўша машъум «обком ўлган уй»га олиб келдим. Жет бизни кўриб, беҳад қувонди, оёқларимиз остида чалқанча ётганича, мурувват кутабошлади.
– Сен итсан – ҳеч нарсани билмайсан,  – унга сўз қотабошлади Обий,  – бу дунёда ёмонлар бирлашади, яхшилар эса... Во! Шуни биласанми? Бугун ичмасам бўлмасди. Энди оғзимга олмайман. Балки оларман...
Уни бир амаллаб ичкарига олиб кирдим. Безатилганича бир зайлда турган столни, айниқса кўзни ўйнатувчи шишаларни кўриб, чеҳраси тағин ҳам очилиб кетди.
– Улуғ, мани ҳурмат қиласанми...
Жавоб қайтармадим, уйга айтмай чиққаним учун жуда шошилаётган эдим. Чала-чулпа хайрлашиб, ташқарига чиқсам, аллақандай кўланкалар юрибди. Мазкур кўча ва уй ҳақидаги олди-қочди гаплар ёдимга тушиб, юрагим увишиб кетди. Ўзимни қайта ичкари олиб, деразадан кузатдим. Қарасам, таниш қиёфалар: директор ўринбосари, участка милиционери, халқ демократик партиясининг фабрика бўйича саркотиби. Ажабланиб, ташқари чиқишим билан улар мени ўраб олиб, хавотирона саволга тутакетишди.
– Раҳматов, – одатдагидек фамилиямни айтиб мурожаат қилди партия маъмури, – ҳаммаёқда дув-дув гап – бошқа қитъадан (сайёрадан демоқчи) меҳмонлар келибди.
Нима дейишни бир лаҳза ўйлаб турдим. Нафсиламбирини айтганда, бу одамни жиним сўймасди. Фабрикада унинг лақаби Баёнқул. Бирор товуқбоқарни иккита тухум билан тутса ҳам, кабинетига олиб кириб, «Баёнот ёз!» дейди. Қитъа билан сайёранигина эмас, баёнот билан тушунтириш хатини ҳам фарқлолмайдиган тўнгу такаббур одам. Шунинг учун қувлигим тутди.
– Ўа, меҳмонлар келишди – мен улар билан бирга эдим, – дедим.
Уччовлари ҳам менга яқинлашиб, гапнинг давомини эшитишга ошиқишди. Жим тураверганим учун милиционер тергаб қўйди.
– Гапиринг!
– Нимани?
– Қанақа одамлар экан, нималар дейишди?
– Уларга ваъда бериб қўйдимда – ҳеч кимга оғиз очмайман, деб. Маъмурларимизнинг ҳафсалалари анчайин пир бўлди.
– Идорага юринг, – деди ниҳоят «зам», – директор кетмай ўтирибдилар. Ўзлари билан гаплашинг.
Ўозир бош тортсам, милиционер жоҳиллик қилиши (мастлигимни рўкач қилиб, тегишли жойга олиб кетиши) мумкинлигини ўйлаб, уларга эргашдим. Йўл-йўлакай сўз қотиб, мендан гап олмоқчи бўлишди, аммо қайсарлигим баттар тутди.
Директор кетиб қолганми ёки бирор юмуш билан чиққанми – ҳарқалай кабинети бўм-бўш экан. Улар бошлиқни дараклаган бўлишди, сўнг партия котиби олдимга бир варақ қоғоз қўйди.
– Директор номига баёнот ёзинг! Кўрган-билганларингизни...
Жуда ноўнғай, танг аҳволда қолгандим. Негадир андак жаҳлим чиқди.
– Бошимда одамлар қаққайиб турса, баёнот ёзолмайман!
Улар хушламайгина чиқиб кетишди. Мен ручкани олиб, ёзишга киришдим.
«Самарқанд паррандачилик фабрикасининг директори Вафоев С.га ветврач Рахматов У. томонидан.
АРИЗА
Мени эгаллаб турган вазифамдан озод этишингизни сўрайман».

Имзо чекиб, числони (1995 йил, 1 май) ёзиб, столга қўйдим-у, сирғанибгина чиқиб кетдим.


СЎНГ СЎЗ ЎРНИДА

Саломалайкум!
Бу – мен – Улуғбекман!
Бугун – 2007 йилнинг 10 март куни.
Китобга сўнгги нуқта қўйилганидан етти йил ўтиб, (у тўлалигича нашр этиладиган бўлган) хотима ёзиш зарурати туғилиб қолди.
Китоб бошдан оёқ ҳужжатли эмас, албатта. Дадам бадиий хаёлотга ўрин бериб юборган саҳифалар анчагина. Фақат ёзишнимас, қисқартиришни ҳам уддалаш керак, деган ақидага буйсунган дадам талай бобларнинг баҳридан ўтдилар. Оқибатда хронологик узилишлар рўй берди: айрим қаҳрамонларнинг тақдири ноаён бўлиб қолди. Мазкур кемтикни тўлдириш илинжида баъзи маълумотларни ёдовар қилмоқчиман.
Оиламиз 1991 или Тошкентдан Самарқандга қайтиб келди ва надоматлар бўлғайким, бувим оламдан ўтдилар.
Ўзим паррандачилик фабрикасидан кетгач, Гагарин кўчасида ветеринария дорихонаси («Самветдори» корхонаси)ни очдим. Турмуш ўртоғим – Мадина корхонамизда ҳисобчи. Икки ўғил, икки қизимиз бор.
Дадам билан ойим нафақада.
Сингилларим Моҳинбону билан Дилафрўз ҳам оилали, фарзандли.
Укаларим Мирзо ва Феруз ҳам ўзим билан.
Тағин ким?
Дўстим Артур – АҚШда ветврач.
Обийни Мексикага олиб кетишди.
Асарнинг давоми йўқ. Дадам олтмишдан ошдилар ва: «Ёзувчи ҳам ўз вақтида нафақага чиқиши керак», деб биладилар.
Шунақа гаплар.
Тағин саволлар бўлса, бемалол сим қоқинг.
Самарқанддаги хизмат телефоним ва факс 2343939. Дадамнинг телефон номерлари 2243762.

БАХАЙР!