суббота, 1 декабря 2018 г.

ОЛТИНЧИ ҚИСМ


ОЛТИНЧИ ҚИСМ
БЕШИНЧИ БОБ

Бир гуруҳ ўртоқлари

Бас! Етар!
Зерикарли конспектларимни қўлингизга тутқазиб, уларни ўқишга қистайверишим инсофдан эмас. Қуруқ илмий ахборотлар, мавҳум иборалар меъдангизга тегиб бўлгандир?! Одамлар ҳақида, уларнинг турфа тақдирлари; қолаверса ҳангоматалаб ҳодисалар хусусида кўпроқ қалам юритишим зарур чамамда. Ойнайи-жаҳон, рўзнома ва ойномалар афсона ёхуд ҳақиқатлигини аниқлаб бўлмайдиган турфа ҳангомалар, (беқарор сиёсат, НУЖ, миллатлараро жанглар) хусусида жар солаётган бир пайтда талабанинг ҳаммабоп бўлмаган дафтарини титкилаб ўтириши, эҳтимол вақтнинг заволидир.

Алқисса, узоқ мулоҳазалардан сўнг, андак орқага ўгирилиб, Султон домланинг чигал ва хомуш тақдирини қаламга олишга бел боғладим. Хотирангиз панд бермаса, анатомиядан дарс берган ана шу маъруф муйсафид ҳақида юлуқроқ бўлса ҳамки гапириб ўтган эдим. Бағоят хушхусан, ориф бу профессор институт ташкилотчиларидан бири бўлганлигини, бош корпус биқинидаги эски, пастқам уйчада яшашини айтган эдим. Султон домла (исму шарифлари Инқилоб Давлатович) ҳаётидан сўз юритишимга сабаб, у кишининг бандачиликни бажо келтиргани бўлди. Ўринларида чалқанча ётган ҳолда жон берибдилар. Икки кунгача бундан ҳеч ким хабар ҳам топмабди. Домладан дарак бўлавермагач, излаб боришса, эшик ичкаридан берк эмиш. Аввал овоз беришибди, кейин хавотирга тушиб, очишибди. Докторлар Султон домлани карбон газидан (аниқроғи, кислород етишмаслигидан) жон берган, дейишибди. Чунки домла газ печкасини ёқиб, ҳамма тирқишларни беркитган экан-да.
Видолашув учун тобутни олийгоҳ фойесига қўйишди. Домланинг захиллашиб кетган юзини кўриб, рости гапки, сесканиб кетдим. Чеҳрасидаги нуронийлик ва тароват ўрнини ўлимнинг совуқ сояси эгаллаганди. Ўнг томонда қора либос кийган бир жувон дилхуну дил­ғаш бўлиб йиғларди. (Кейин билсам: асранди қизи Клара экан). Алам ва ҳажрдан юз қиёфаси ўзгариб кетган бир амаки унга сабру бардош тилади, овутган бўлди. Мотам лентаси боғлаганлар орасида менга таниш ва нотаниш домлалар талайгина эди.
Митингда одамлар ёниб-кўйиб гапиришди. Ректор Инқилоб Давлатовичнинг таржимаи ҳолини гапириб бергач, одамлар бирин-кетин сўз олиб, домланинг меҳнаткашлиги, одамохунлиги, ҳалоллигини қайта-қайта тилга олишди. Менга ҳаммадан ҳам Ленинграддан келган новча профессорнинг сўзи маъқул бўлди ва хотирамга кўчиб, михланиб қолди. «Ҳақиқий олимлар, афсуски, ўлимидан кейин қадр топади, деди у, одамлар марҳум ҳақида очиқроқ, самимийроқ гапира бошлайдилар. Кўпларнинг унга бўлган муносабати ўзгаради. Билишимча, Инқилоб Давлатович ҳам шу тоифадаги одамлардан эди. Калифорния дорилфунунида бўлганимда, Инқилоб Давлатовичнинг тадқиқотлари, тақдири хусусида кўп саволлар беришганди. Унинг ватандоши бўлатуриб, тўла жавоб қайтаролмаганимдан ҳамон ҳижолат чекаман». Сўз олганлар бир-бирларини бот-бот такрорлаган бўлсаларда, талайгина маълумотлар олдим. Домла гарчанд анатомия ва физиологиядан дарс берса ҳамки, аслида энтомология соҳасида кандидатлик диссертацияси ёзган: асалари ҳамда қон сўрувчи каналар ҳаёти устидан тадқиқотлар ўтказган экан. Шу билан бирга умуртқалилиар анатомияси ва физиологиясига оид ёзган дарслиги Москвада чоп этилиб, вазорат ҳамда нашриёт конкурсида биринчи ўринни олибди. Китоб талай чет тилларга ҳам таржима қилинган экан. Бир олим Султон домланинг фалсафа ҳамда генетика билан шуғулланганини айтиб, талай мисоллар келтирди.
Эртаси рўзномаларда шапалоқдайгина таъзиянома чиқди. Унда Инқилоб Давлатовичнинг таржимаи ҳоли бағоят мухтасар ва қуруқ қилиб ёзилганди. Фалон йили туғилди, диссертация ёқлади, кафедра мудири бўлиб ишлади, профессорлик унвони берилди ва ҳакозо. Остига эса: «Бир гуруҳ ўртоқлари» деб имзо чекилганди.
Мен беихтиёр ўйга толдим: ким бўлди экан бу «ўртоқлар»?! Тириклигида қўллаб-қувватлаган, дили маҳзун дақиқаларда дилафрўзлик қилган дўстларимикин ёки...
Агар кутубхонамиз директори Ўткир Расулов бир оз кўмаклашишимни сўрамаганда, ҳикоямга шу қаторнинг ўзидаёқ нуқта қўйган бўлардим.
Султон домла вафотидан чамаси ўн кунлар ўтгач, дарсдан чиқиб уйга йўл олаётганимда Ўткир акага дуч келиб қолдим. У киши одатдагидек, ўқишларим билан қизиқиб, дадамнинг сиҳатларини сўрадилар.
– Яхши, яхши, – такрорладим йўлда давом этиш илинжида.
– Қизларга сал кўмаклашиб юборасизми, – деб қолди у киши кутилмаганда, – Султон домланинг китоб-журналларини саралаб, кутубхонага ташишаяпти. Кўп нарса экан.
Рад этолмадим.
Домла яшаган уйга таъриф бериб, у урушдан илгари қурилган, кўримсизгина иморат эканлигини айтган эдим чоғи. Аммо ичкарига кириб ҳам кўнглим алланималардан ўксиб кетди. Шундай забардаст олим, фидойи фуқаронинг поллари, шувоқлари кўчган уйчада яшаши дилимни ғаш қилди. Қишлоғимиздаги ночорроқ кишининг уй-жойи ҳам бундан ҳашамлироқ эканлигини таъкидлаб ўтишим ортиқчалик қилмас. Фирузранг халат кийиб олган кутубхона қизлари бурчак-бурчакда ўтириб, китоб-журналларни саралашар, уларни  бирма-бир рўйхатга олишарди. Тағин бир аёл боғламларни пешма-пеш кутубхонага таширди.
Султон домла билан видолашган куни ҳаддан ташқари куйинган чайир амаки (кейин билсам, домланинг ёшликдан дўсти Суғдий (Камол) амаки экан. Қизларга қисқа-қисқа кўрсатмалар берарди. Унга салом бериб, ёрдамга юборишганини аён қилдим. Вале ишбошининг юз ифодасида қилт этган ўзгаришни илғамадим.
– Опага кўмаклашинг, – деди ниҳоят китоб ташиётган аёл томон имлаб.
Дасталаб боғланганлар орасида «Биология» журналининг эллигинчи йилларда босилган, сарғайиб кетган юпқа сонлари билан бирга «Вестник Академии наук СССР», «Генетика», «Вопросы философии», «Пчеловодство» журналлари ҳам бор эди. Икки боғлам журнални кўтариб, беихтиёр манзил томон қатнай бошладим. Бироздан кейин иш кўламини чамалаш ниятида журналлар, папкалар, қўлёзмалар, китобларга тағин кўз югуртирдим. «Большая Советская энциклопедия»дан тортиб, Толстой, Достоевский, Диккенс, Эмил Золянинг танланган асарларигача бор эди. Араб ва лотин алифбосида битилган қадимий китоблар алоҳида жовонга терилганди. Тағин бир жовонда инглизча, немисча китоб-журналлар саришта қилиб тахланганди.
Шомгача тўртдан бирини ҳам ташиб улгуролмадик уларнинг.
Эртаси дарсдан сўнг кирмоқчи эмасдим, аммо Султон домланинг руҳи-хотирасига бўлган эҳтиромим ҳаққи тағин бош суқдим. Бу гал Суғдий амаки қўлёзмаларни тахлаб, тартибга солишимни сўради. Китоб жавонларининг сандиқчалари ва ғаладонларига солиб қўйилган папкалар, қалин дафтарлар муқовасига қўлёзма мавзуси, ёзилиш муддати қайд этилганди. Бир қиз уларни қизиқиш билан варақлаб, ўқиётганини кўриб, мен ҳам чўқилаб-чўқилаб кўз югуртирдим. Ёзувларнинг аксари рус тилида бўлиб, анчайин илмий эди. Фенологик кузатишлар, давомдор формулалар, кимёвий занжирлар, графиклар... Кечга яқин бир ғаладондан домланинг кундалиги чиқди. Бу дафтарлар ўзбек тилида битилганди. Дуч келган саҳифасини очиб кўз югуртирдим-у, қизиқишим чандон ошди. Султон домла чигиртканинг жинсий алоқасини жуда қизиқарли қилиб ёзганди. Мендаги ҳангоматалабликни ҳалиги амаки илғаб қолиб, хайриҳоҳ бош тебратиб қўйди. Анча дадиллашиб, ўзга саҳифаларни ҳам ўқишга тутиндим.
Ён дафтар билан танишишга ошиқмаслигингизни сўрардим. Унда мароқли саргузаштлардан кўра илмий каломлар, шахсий кечинмалар, зерикарли қайдлар, фактлар, рақамлар сероброқ. Талай саҳифалар саросима ҳолатда чалакам-чатти ёзилгани сабаб уни ўқиш – амри маҳол. Тағин қалтис бир томонини эътибордан истисно қилиш мумкин эмас: ён дафтарда институт, шаҳар ва жумҳуриятнинг қатор олимлари, раҳбарлари (эндиликда собиқ) тилга олинган. Домла уларнинг айримларини улуғлаган бўлса, баъзи бирларини лаънатлаган. Инқилоб Давлатовичнинг яқин кишилари (Суғдий ҳамда Клара)нинг ижозати билан домланинг ҳаётига оид бўлган ва ҳеч кимнинг шаънига ботмайдиган, ибратомуз саҳифаларни кўчириб олдим. Улар билан танишишингиз мумкин. Аммо бу кўчирмалар Султон домланинг ҳаёт, фаолияти ҳақида тўкис маълумот беради деёлмайман. Чунки ихтиёримиздаги қирқ саккиз дафтарнинг ҳар биридан икки-уч бетдан ололдим, холос. Бу эса дарёдан бир неча челак сув олгандай гап.
Тағин: айрим жумлаларни таҳрир этганим ёки қавс­да изоҳ берганимни ҳам айтиб ўтишим керак.
ОЛТИНЧИ БОБ

Кундаликнинг сараланган саҳифалари

9 09 45

25 га кирдим. Суғдий шу дафтарни тақдим этди. Унга кундалик ёзиб бораман.
Кечқурун Фаттоҳ, Камол, Толиб келишди. Қизлар ва орзулар ҳақида сафсатавозлик қилдик. Суғдийнинг шеъри ўпкамнинг пуфакчаларини қитиқлаб юборди. Мақтов – сийлов. (Фаттоҳ) микробиологиядан диплом иши олибди. «Энди боринглар, хўжайин соат 10 дан кейин ҳеч ким кирмасин деган», дедим. Шўрликлар ранжишмай, уйга равона бўлишди. Ўзлари ҳам ижарада-да– шаҳарликларнинг феълини билишади.
15 06 49
Мавзуни тасдиқлашди: «Ишчи ари хоботоги (тумшуғи)ни узайтиришда Кавказ ва Ўрта Осиё зотларини дурагайлаш самаралари». Менга сўз беришди. «Бедазорларнинг гектардан 250 ўрнига 50 кг, асал оляпмиз, чунки нектар чуқурда бўлгани сабаб ари тумшуғи қисқалик қиляпти. 200 кг асал қуриб, тупроққа қоришяпти. У дастурхонни безасин. Агар асалари тумшуғини 5 мм дан лоақал 8 ммга етказсак тағин 50 кг бол бизники бўлади. Қолган 150 кг ни олиш билан келажак авлод шуғулланади. Ўзбекистонда 500 минг га бедазор борлигини ҳисобга олсак, қанча асал олиш мумкинлиги равшанлашади».
Илмий раҳбарим маъқуллади, тўлдирди. «Фақат беда эмас, себарга, нўхат, акация каби дуккаклилар гулини ҳам табиат ари учун ноқулай қилиб яратган. Шунинг учун тадқиқотнинг аҳамияти катта», деди. «Дурагайлаш, танлаш кўп вақт талаб қилади, деди нотаниш олим, ундан кўра Кавказ ариларини келтириб, иқлимлаштириш ўнғай». У ҳақ эмас. Бундай тажриба самара бермаган – Кавказ арилари шароитимизга мослашолмай нобуд бўлишган, тирик қолганлари кам маҳсулот берган. «Генетика (ирсият) қонунлари билан ҳисоблашиш шарт, деди Н., табиат ариларимиз тумшуғини 5 мм қилиб яратган бўлса, бунда бирор ҳикмат бордир. Эҳтимол, айнан тумшуқнинг узуни бизнинг шароитимизда халақит бериб ҳам қолар?!» Бу мулоҳаза ҳеч ким муносабат билдирмади, чунки илмий асослар йўқ эди.
3 06 51
Мусибат! Оғир мусибат! Фаттоҳдан ажралдик,. Нақадар маъруф, хокисор, жонфидо одам эди-я! Орадан бирор соатлар ўтмай хотини ҳам ҳаётдан кўз юмди. Сўнгги дақиқаларда икковларининг ҳам ҳароратлари кескин ошиб, бошларига қаттиқ оғриқ кирди. Алаҳлашди, шўрликлар. Докторлар харчанд қилишса ҳамки нафи бўлмади. Диагнозни сир тутишди. Назаримда бу – ўлат! Ўлат, вабо, бўғма, сил батамом тугатилди, деб эълон қилингани сабаб шундай йўл тутишди чоғи. Балки микроб каламуш орқали Фаттоҳга ундан хотинига ўтгандир. Аслида ўлатнинг бу тури жонивордан инсонга юқмаслиги керак эди. Эҳтимол каламушни ёрганда унинг қони яра ёки тирналган жойи­дан тўқималарига ўтгандир?! Эҳ, Фаттоҳ! Сен ҳали керак эдинг-ку – фанга, миллатга, менга! Оламга келиб нима ҳам кўрдинг?! «Инқилоб, деди сўнгги дақиқада алаҳлаб, Кларани сенга топширдим – хўрлатиб қўйма!» Бечора Клара бу мусибатлардан бехабар ҳолда, лагерда ўйнаб юрибди.
Фаттоҳнинг кашфиётини ҳам сир тутишяпти. Чет эл айғоқчилари бохабар бўлмасин, деб бу хусусда гапиришни ҳам таъқиқлашди. Чинакам фан билан қуролланган олим – қудратли куч. Ф. ўлмаганда, микробларни бизнинг фойдамизга ишлатишнинг кўп қирраларини очарди. Афсус. У минглаб кишиларни каламуш балосидан озод қилди. Ногаҳонда кўпайиб кетган кемирувчилар галасини рўзномалар «иккинчи фашизм» деб ёзди. Омборларни қуритиб, одамларнинг хонадонига ҳам ташланишаётганди, падарқусурлар! Унга қарши сафарбарлик наф бермади. Шунда Ф. ярамаслардан бир нечтасини тутиб, қонига ўлат микробларини юқтириб, қўйиб юборди. Улар оғиз ўпишиб кўришаркан. Шу тариқа касаллик бир-бирига юқиб қирила бошлашди. Ф. тадқиқотни шу ерда тўхтатганда ҳеч гап бўлмасди. Мана, оқибат! Алвидо!
1 07 51
Кичик хонамни бўшатиб, жиҳозладим. Клара учун кароват, шкаф қўйдим.
Бир қучоқ гул териб, кутиб ўтирган экан. Йўл-йўлакай чулдираб, таассуротларини гапирди, ҳаяллашгани учун дадаси билан ойисидан аразлаган бўлди. Тўғри қабристонга йўл олдик. Гулни иккига бўлдим. «Иккала қабрга қўй», дедим, дийдаларимни зўрға тийиб «Нега, амаки», сўради хавотирланиб. Унинг нозик бармоқлари қалтиради. Мен ётиғи билан бор ҳақиқатни гапириб бердим. Катта қиз бўлиб қолганини таъкидладим. Йиғламади. Назаримда болаларга хос ғўрлик мусибат кўламини тасаввур этишга монелик қилди. Уйга олиб келиб, энг маҳбуб каломлар ила далда бердим, овутдим.
Энди ёлғиз эмасман – қизим бор. Ҳаётимни унга ва фанга бағишлайман!
3 08 51
Клара билан совхозга бордик. Муаллим (асаларичи) шу ерда экан. Дурагайланган она ариларни мақтамади. Улар асабий, дангаса, деди. Тажриба қутилари назоратдагидан атиги 2,7 кг кўп бол берибди. Ваҳоланки уларнинг хоботоги 1,5 см узун. Мўлжал бўйича 1,4 ҳисса кўп маҳсулот бермоғи керак. Ғалати тафовут.
Муаллим билан узоқ гаплашиб қолдик. Закий одам. Асалари оиласи ҳақидаги мавзуни инсон рўзғорига улади ва уйланишим зарурлигига шаъма қилди. Аллақандай жувонни анча-мунча таърифлаб ҳам қўйди. «Қизим ўгайлик ситамини тортишидан қўрқаман», дедим.
Клара иккаламиз шприц билан тўплаган нектарларни лаборатория текширувидан ўтказдик. Сув камайиб, органик кислота, эфир ёғи, сахароза кўпайибди. Бу – яхши!
15 08 51
Мўйлов тағин келди. Энди уни кўрганда, кўзим қонга тўлмайди, муштим тугилмайди: хотиржам гаплашаман. «Жияннинг боласини (Клара) кўргани кевдум» деди. Меҳмон қилдим. У билан  илк учрашувни эслайман. «Мен Паттони тоғаси бўламан» дегандан кейин уни дўстимнинг таъзиясида кўрганимни элас-элас хотирладим. Зоҳирий яқинлик, қадрдонлик туйиб турганимда, устимга совуқ сув сепилгандай бўлди. «Жияндан қоған сағирни об кетгани кевдум» деди. Бу ёруғ оламда ягона такягоҳимдан ажраб, қўлим осилиб қоладиган бўлди. Кемаси ногаҳонда ҳалокатга учраган ғариб йўловчидан ўксиб кетдим. Беҳудуд жаҳлимни жиловлаб, қизимни бу тасодифий қишлоқига бермасликни ўйлай бошладим. Негадир бу жоҳилнинг қўлига тушган Кларанинг тақдири аянчли бўлади, деган фикр бошимга тўқмоқ бўлиб урилабошлади. Шу тобда бир форс донишмадининг: «Курашда жаҳли чиққан енгилади», деган нақли тушди. Ўзимни босиб, вазминлик билан гаплашабошладим: пайдар-пай саволлар бериб рақибимни синадим. Колхозда ишлашини, етти фарзанди борлигини айтди. Хотини ҳам у билан келиб, ташқарида кутиб турган экан. Кларани кийинтириб кетиш учун ўзларича либослар олиб келишибди. Гап орасида мўйлов ҳатто «ҳукумат» ҳам у томонда эканлигини шаъма қилиб ўтди. Қонун рақибим томонда бўлиши дилимни тағин ҳам хуфтон этди. Аммо умидларим сўнмаган эди. «Биринчидан, Фатто фарзандини менга васият қилиб қолдирган, дедим, иккинчидан, қизим сизлар билан кетишни истамаса керак!» Бу гапни ишонч билан қатъий қилиб, аммо жаҳлга эрк бермай айтганим сабаб, мўйлов жавоб тополмай каловланди. Шу жўнгина  ҳақиқат олдида эсанкиради. Бу – ярим ғалаба эди. Аён бўлдики, мўйлов мен тасаввур қилгандай жоҳил, чапани, якров эмас, кўплаб ўзбек деҳқони сингари содда, ишонувчан, бечораҳол киши экан. Эр-хотин ноилож қолиб, Кларани кўришга рухсат сўрашди. Дилимдаги ногаҳоний қаҳр ўрнини шафқат эгаллади – уйга олиб бордим: аёл қизимни қучоқлаб йиғлаб юборди. Раҳмим келди. Аммо Клара ҳамон бегонасираб тураверди. «Булар қариндошлар бўлишади,  қишлоқда яшашади. Сени олиб кетгани келишибди» дедим. Клара ўзини бағримга отиб, ҳиқиллаганича йиғлашга тушди. Меҳмонлар ноўнғай саросималанишди. «Йўқ, нотўғри тушунма, гап оҳангини юмшатдим, меҳмон бўлиб борасан, бирор ҳафтадан сўнг ўзим олиб келаман». Клара бунисига ҳам кўнмай кўз ёши тўкишда давом этди. «Бўпти, дедим уни бағримга босиб, сени ҳеч кимга бермайман!» Рости гапки, ногаҳоний ва мутлақ ғалабадан аввал қувонган бўлсам ҳамки, кейин надомат чекдим. Назаримда биз – катталар озурдадил, мурғак вужудни манфаатларимиз чиғириғига солиб, роса эзғилагандай эдик. Бу борада мен мўйловдан ҳам кўпроқ жоҳиллик қилгандим.
Бу гал мўйлов ўзга мақсадда келибди: ўғлини агрофакка киритмоқчи экан. Ёрдам беришни гарданимга олдим.
18 03 52
Ура! Ёқладим!
«Аспирант бағоят мураккаб мавзуга қўл урган, деди тақризчи, бу ишни давом эттириб, докторлик қилишини маслаҳат берардим. Ленинградлик профессор мазкур мавзуда бизда ҳеч ким тадқиқот ўтказмаганини, АҚШлик Томпсон деган киши изланганини, аммо яхши натижаларга эришмаганини айтди. Эътирозлар ҳам бўлди. «Арининг тумшуғи узун бўлгани сари у юза ва қуюқ нектарни олишга қийналади» деди кавказлик доцент.
Мен билан бу ерга (Краснодар) Толиб, Шамс келишган. Суғдий келмади. Эҳтимол, пули йўқдир, шўрликнинг. Толиб буни садоқатсизликка йўймоқчи бўлганда, эътироз билдириб, ғийбатнинг йўлини тўсдим.
Нашриёт вакили диссертация асосида китоб ёзиб беришимни сўради, рози бўлдим.
20 02 53
Клара касалланиб қолди. Ҳарорати кўтарилиб кетди – жуда қўрқдим: хаёлимга нохуш гаплар кела бошлади. Докторларга худонинг зорини қилиб ялиндим. Мунаввар оламда мен ғарибнинг шу мурғак вужуддан ўзга бирор такягоҳим йўқлигини изҳор этдим. Қаерданам Суғдий пайдо бўлди, таниш докторларини ишга солди. Томоғи шамоллаган экан, холос. Енгил тортдим. Фойеда алламаҳалгача гаплашиб ўтирдик. «Шоир, ёзувчининг Самарқанддек чеккароқ шаҳарда яшаши – катта йўқотиш», деди у. «Шоирлар қишлоқда туғилиб, Парижда ўлади», дедим. У Тошкентга кетиши ёхуд ўзга ишнинг этагини тутмоғи керак, назаримда. Таҳририятдагилар ишга олишмаётган экан.
2 09 56
Ректор чақирди. Қишлоқларга чиқиб, партиянинг янгича аграр сиёсатини тарғиб қилишимиз керак экан. Обкомдан айтишибди. Толиб билан унинг юрти Паст Дарғомга борадиган бўлдик. «Коммунизм» колхозида бизни яхши кутиб олишди. Зиёфат уюштиришди. Назаримда Т. ўзини ўзгачароқ тутиши керак эди. «Одамларни тўплаб жўрмайлик, йўлланмани беринглар, қўл қўяман», деди раис. Кулгим келди. Анча-мунча киши тўпланди. Негадир мен уларни тинглагим келарди. Сўз олганлар мухтасар қилиб замонага, партияга шукроналар ўқишди. Янгича аграр сиёсат тўғрисида гапирдим. Одоб билан тинглаётгандай бўлиб кўринишса ҳамки, фикр-зикрлари ўзга ёқда эди уларнинг. Нега жалб қилолмадим? Т. маст бўлиб қолди, валдиради. Уйга келиб ҳам одамларни ўйладим; нечун улар лоқайд?! Балки ҳар қандай янги раҳбар, ўзгача сиёсат ҳам деҳқондан кетмонни қаттиқроқ уришни талаб қилишини мендан чуқурроқ ҳис қилишар, кўпни кўрган бу одамлар?!
13 09 56
Проректорга кириб, микробиологиядан тадқиқот ўтказиш ниятида эканлигимни айтдим. Инсон ҳамон кўзга кўринмас рақибларнинг қурбони бўлаётганига мисоллар келтирдим. У латтачайнарлик қилиб, дудмал жавоб қайтарди: аллакимлар билан маслаҳатлашиш зарурлигини уқдирди. Микробиология кафедрасининг мудири ҳам қувватламади, ўз соҳам – (энтомология) билан шуғулланишим зарурлигини ўқдирмоқчи бўлди. Аслида насибасига шерик бўлишимдан чўчиди, хумпар! Иккаласи ҳам тенгдошим, дўстим, аммо мени тушунишни исташмайди. Мен аслида уларнинг ўзига мадад кўрсатмоқчиман: фанга, халққа хизмат қилмоқчиман, холос. Сино: ҳавода чанг-ғубор бўлмаса, инсон минг йил яшайди, деганда ҳаводаги микробларни назарда тутган. Буни исботлаш керак! Инсон кўзга кўринадиган рақиблари устидан ғалаба қилди, аммо кўзга кўринмайдиган кучлар унинг юраги, миясини кемирмоқда, қонини бузмоқда. Булар микроблар, бактериялар вируслар; булар ҳасад, ғийбат, очкўзлик...
22 06 59
Шошилинч обкомга чақиришди. Россиядан келтирилган қора-ола зотли моллар касалланиб нобуд бўлаётган экан. Котиб масалани тушунтирди, унга андак сиёсий бўёқ ҳам чаплади. Ўзбекистон ҳукуматининг қарори билан сигирлар талай вилоятларга  келтирилган экан. Қиммат нархда. «Уларнинг нобуд бўлиши фақат иқтисодий жиҳатдан эмас, сиёсий томондан ҳам хато», деди у. Қора-ола сигирларнинг ҳар бири 4000 литр сут беришини таъкидлади. Бош ветврачнинг маълумотига кўра касаллик аломатлари: молнинг ҳарорати кескин кўтарилиб, қон сиябошлаган, муттасил қалтираган. Ўафта ичида тўрттаси нобуд бўлган. Тағин 6 қорамол оғир ҳолатда. Дорилфунундан келган кекса генетик. Л. миграциянинг бундай усулини қоралади. «Сигирларни Европадан олиб келишдан аввал биз билан маслаҳатлашиш керак эди, энди – кеч», деди жаҳл билан. Котиб аччиқланди. Баримизни сиёсий оқсоқликка айблади. Партия к. хўжалик маҳсулотларини кўпайтириш масаласини қўйганини, бунинг учун сермаҳсул моллар зарурлигини ётиғи билан уқтирди. «Жайдарининг сути оз бўлса ҳам ёғлилик даражаси баланд, бу жониворлар қон сийиб ўлмайди, биз уларнинг шароитини яхшилашимиз керак», деди жавобан Л. «Бўлган иш бўлди, деди котиб, энди буёғини кўрайлик. Ҳозир мададларингга муҳтожмиз. Бир-икки авлод олсак, кейин мослашиб кетади. Ветеринар, генетик ва ҳашоратларга қарши курашувчи олимларни тўплашдан муддао ҳам худди ана шу».
Назаримда уларнинг иккаласи ҳам ҳақдай.
Кутубхонада китоблар, диссертацияларни варақладим. Кавказда ҳам шунга монанд касаллик бор экан, аммо моллар нобуд бўлмаскан. Касалликни қўзғатувчи пироплазмиз микробини қон сўрувчи ҳашоратлар тарқатаркан. Ҳалати: чивинмикан, канамикан, сўнамикан? Мазкур ҳашорат қон сўраётганда микроб мол организмига ўтиб, эритроцитни емираркан. Микроб ҳашорат қонида ойлаб уйқу ҳолатида бўлиб, сут эмизувчилар хужайрасига тушиши билан оммавий кўпайиши ғалати ҳол эди.
1 07 59
Ҳафта ичида тағин 4 сигир ўлди. 7 таси касал. Улар сув ичмай қўйишди. Қолган сигирларнинг ҳам маҳсулдорлиги паст. Чуқурлар қазиб, сувга тўлдирамиз, унга дўст, креолин аралаштириб, молларни бирма-бир чўмилтирамиз. Лаънати кана заҳарланиб ўляпти. Жуда ноўнғай усул. Чанқаган сигирлар заҳарланган сувни ичиб қўйиб ҳам нобуд бўлишди. Заҳар сутга иниши аниқ. Тупроқни, сувни заҳарлаяпмиз. Атрофларни дизенфекция қилишимиз, қонхўрларни қўлда териб турганимизга қарамай лаънати кана камаймаяпти. Ғалати, қаердан келяпти экан, бу текинхўрлар? Жумбоқ устига жумбоқ. Демак, аввал шу саволга жавоб топмоқ керак.
5 07 59
Эврика устига эврика! Топдим!
Ньютон дарахтдан узилиб тушган олмани кўриб, ернинг тортиш кучи ҳақидаги қонунни кашф этганидай бўлди. Кана чақавергани сабаб кароватимнинг тўрт оёғига ҳам консерва қутиси қўйиб, ичига дўст олдим. Барибир чақаверди. Бу қанотсиз махлуқ қандай қилиб мени топаётганлигини билиш илинжида кароватимда ярим яланғоч ҳолда ётиб, пойлай бошладим. Ҳали уйқу босмасданоқ қорнимнинг устига бир кана пайдо бўлди. Уни қаердан келганини чамалаб турганимда шипдан тағин иккитаси қорнимга космонавтлар тили билан айтганда «юмшоқ қўнди». Уларнинг маскани шип эканлигига энди шубҳам қолмаганди. Ногаҳоний кашфиётимдан беҳад қувондим.
23 07 59
Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, ярамас кана шипда, дарахт шохларида 6 ойгача ҳаракатсиз ётаркан. Пастда ўлжа пайдо бўлган заҳоти ўзини унинг устига отиб юбораркан. Тағин: ўлжа келганини унинг қонидаги мой кислотаси ҳидидан аниқларкан. Қопқон ясадим: шишаларга мой кислотаси солиб, ҳар ер – ҳар ерга қўйдим. Қонхўр каналар ёпирилиб келиб, кислотага тушиб ўлабошлади.
Янгилик ҳақида газеталарда ёзишди. Бизни Марказкўмнинг биринчи котиби қабул қилиб, миннатдорчилик билдирди. «Энди бу усулни жорий этиш керак», дедим. «Яхши кашфиёт ўз-ўзидан ҳам тарқалади, деди, ҳозир ҳамма жойда қопқонлар ясашяпти». «Ишни тўхтатиб қўймаслик керак», дедим, иммунолог олимлар сигир қонига оз-оздан пиро-плазмиз юбориб, уларнинг бардошлилигини ошириш зарур». «Ўзгалар мени қувватлашди. Қора-ола энди бизда яшаб қолади! Лекин ҳамон табиат жумбоқларининг сарҳадсизлиги ҳақида ўйлайман. Пироплазмиз кана қонида, кананинг шипда ойлаб ўлжа кутиб ётишида қонуний яқинлик кўраман. Ана шу жумбоқни очиш фанда чинакам кашфиёт бўларди. Инсонни, чорва молларини ҳам зарур бўлган пайтда олти ойгача ухлатиб қўядиган ўша сеҳрли модда ажратиб олинса эди. Эҳтимол бундай модда айиқ организмида ҳам бордир?! Фанга хўжайра, ядро ва протоплазмаларни чуқур тадқиқ қиладиган забардаст олимлар, электр заррабинлари бўлган замонавий лабораториялар керак! Ҳукумат бор маблағи янги ерларни очишга сафарбар этмай ана шу муаммоларга ҳам харжлаши керакка ўхшайди.
11 03 61
Вольтер (Франсуа Марк Вольтр – 1694 – 1779 – фаранг файласуфи) дунёқарашларимни остин-устун қилиб юборди. Бу одам Руссо, Дидро, Кеплер, каби даҳолар билан тенг турса керак. Эҳтимол устун ҳамдир. Ўарҳолда улардан кўра самимий ва дангалроқдай.
Талабаларга лўнда қилиб, аср фалсафани ўргатишимиз керак. Илмий коммунизм, атеизм, сиёсий иқтисод фанларининг соатлари кўп. Бу фанлардан дарс берадиганлар орасида қибор, ғийбатчи, таъмагир махсумчалар анчагина. Ўалати: улар қишлоқдан келганда камтарин, ҳалол, уятчан йигитчалар бўлишган-ку?! Шаҳар буздими ё кераксиз фанларнинг кераксиз маддоҳларига айланиб қолишдими, шўрликлар?! Бу болакайлар табиий фанлардан жуда олисда. Табиатни билмаганимиз сабаб ҳам инкор этишга ўтиб олдик: динни ҳам, генни ҳам. Чунки инкор этиб қўяқолиш ўнғай. Лоқайдликнинг мақбул мантиғи. «Сен шубҳаланишни биласанми?» деб савол беради Вольтер. Ўа, шубҳаланишни билиш керак. Ғоялардан ҳам, ҳукуматдан ҳам. «Табиатни ўрганиш, уни тадқиқ қилиш учун унга тўғри савол бера билмоқ керак», дебди Вольтер. Шундай йўл тутганимизда табиат ҳақида ҳеч нарса билмаслигимизни англаб қоламиз. Мана, қаршимда олов ёнаяпти. Нега унинг ранги қизғиш? Не сабабдан у тирикдай тўлғаниб, рақсга тушади? Аланганинг тутунга айланиш нуқтаси қаерда? Сув кислород билан водороддан иборат. Иккаласи ҳам ёнувчи модда, аммо оловга сув сепсангиз ўчади. Жуда жўн жумбоқларга ўхшайди. Аслида эса бу саволлар ўз кашфиётчиларини кутиб ётган докторлик диссертацияларидир.
1 06 61
Қизим туғилган кун. Ўн бешга кирди. Унинг тақдиридан бот-бот ташвишга тушаман. Ўқиши тузук, аммо она меҳрини туймай ўсаётганлиги ўз асоратини намоён қилиб қолади. Андиша, урф-одат таомил масаласида оқсоқроқ. Эҳтимол, русча мактабга қўйишимнинг оқибатидир бу?!
Лаънатилар асабимни қақшатишди. Вилоят рўзномасида талай олимларни танқид қилишибди. Мени ҳам: «Асалари ёки аллақандай ҳакканинг тумшуғини узайтиргандан кўра ишлаб чиқаришга наф берадигн тадқиқот ўтказиш керак эди», дебди нодон мухбир. Бунда аллақандай «дўстларим»нинг қўли борга ўхшайди. Таҳририятдагилар билишмаса ҳамки ўша галварслар биларди-ку, нафини! Майли, садқаи асаб! Тағин: Толиб бухоролик қўйчивоннинг ўғлидан қоракўл тери ўндирибди. Нақадар пасткашлик! Бунақа институт керак эмас! Лоақал битта порахўр бўлган ўқув даргоҳини ҳам беркитиш керак! Акс ҳолда у эпидемия ўчоғи бўлиб қолади. Бундай нотавонлардан таълим олган талабанинг келажакда ҳалол бўлиб қолиши амри маҳол.
Шомда дўстлар келишди. Толиб ҳам. Сир бой бермадим, аммо аввалгидай очилиб гаплашолмадик. Сен эзгу туйғусан, боқий ҳақиқатсан – самимият!
12 12 62
Докторлик билан шуғулланишимни маслаҳат беришяпти. Дўстлар ҳам ректоратдагилар ҳам. Биологик кураш мавзусида тадқиқот ўтказишим тарафдори улар Диссертация... Юрагим зириллайди. Кўплар биосулни ягона нажот йўли деб билишади. Менда шубҳалар бор. Тулкиларга қарши тозилар, канага қарши майнақушларни кўпайтириш билан курашиш кулгили бўлур эди. Тирик хўжайралардан таркиб топган биологик оламни тартибга солиб, йўналтириб турадиган бир қудрат бор. Унинг номи – Табиат! Табиатнинг эса ички ишларига аралашавериш ҳаммага ҳам мурод йўли бўлмаган.
Илмий кенгашдагилар ўргимчакканага қарши унинг кушандаларини ишга солишимни маслаҳат беришяпти. Майли, бир кўрайчи, зора далаларимизга пуркаладиган оғунинг андак бўлса ҳам камайишига, шудрингларимиз беғубор бўлишига ҳиссам қўшилса...
24 07 64
Кларани олиб, савхозга бордим. Дипломатларнинг аввалги кузатиши тузук эди. Бу гал назорат барг остидаги ўргимчакканалар кушандалардан кўра кўпроқ кўпаяётгандай. Буниси нохуш ҳол, албатта! Лабораторияда кўпайтирилган кушандалар дала шароитида тоб беролмаяпти. Назорат баргларнинг ҳар бирида ўрта ҳисобда 13,5 зараркунанда бор. Фойдалилари эса озайиб кетяпти.
Кечқурун Бей-Биенко, Шванвич китобларидан ҳам саволларимга жавоб тополмадим. Бей-Биенко зарарли ҳашоратларнинг касалликларини тарқатишни тавсия этади. Аммо бу микробларнинг номи тилга олинмаган. Инглизча китобларда ҳам.
7 11 64
Ўргимчакканага қарши биологик усулда курашиш ҳозирча истиқболга эга эмас, деб эълон қилдим. Шу билан бирга икки йиллик изланишимдан воз кечганимни билдирдим. Илмий кенгашда: «Фанни, одамларни, келажакни алдашни истамайман!» дедим. ўала-ғовур бошланди. Профессор З.нинг бармоқлари қалтираб, лаблари учиб, мени калтабинликка, нигилистликка, ҳатто бузғунчиликда айблашга киришди. Шўрликни тушуниш мумкин: шу мавзуда диссертация ёзиб, кариллаб юрганди. Менинг «манифестим» унинг ғирт ёлғончилигини фош қилди. Начора, ҳақиқат! Бу одам биоусул бўйича фан доктори бўлса ҳам қайси ҳашаротга, қачон қанча олтингугурт сепишдан ўзгасини айтолмайди. «Ҳашаротларга қарши энг самарали усул – олтингугурт сепиш», деган жумлани бот-бот такрорлаб туради. Аммо менинг икки йиллик кузатишларим бунинг батамом аксини кўрсатди. Ўргимчаккана олтингугуртга қарши иммунитет пайдо қилибгина қолмай, уни еб «маст» бўладиган даражага етган экан.
Хуллас, ўргимчакканага қарши курашишдан ҳозирча ожиз эканлигимизни қуйидагича асосладим.
1. Инсон табиий мувозанатни бузиб, аксар майдонларга ғўза экди. Натижада ана шу ўсимлик зараркунандаси бўлмиш ўргимчаккана кўпайиб кетди. Биоусулни йўлга қўйиш учун энг аввал табиий муҳит керак: ғўза билан бирга беда, ғалла, сабзавот, озуқа экинлари...
2. Сурункали заҳарли модда қўллаш оқибатида ўргимчаккана унга бардошли бўлаборган, кушандалари эса баръакс ёппасига нобуд бўлади. Айниқса дефолиация пайтида экологик мувозонат бузилиб, йил буйи қилган тоат-ибодатинг бир пул бўлади.
3. Тараққий этган мамлакатларда ҳам кимёвий усулдан батамом воз кечилгани йўқ. Модомики шундай экан, бир ўргимчакканага қарши биоусулда курашамиз деб аюҳаннос солишимиз ножоиздир.
4. Бу ишга кўпроқ микробиологларни жалб қилиш зарур. Бунинг учун замонавий ускуналар билан жиҳозланган лабораториялар, маблағ керак!»
Сўз олганларнинг деярли бирортаси мени қўлламади.
18 12 66
Менга тикилиб турган юз жуфт, эҳтимол ундан ҳа кўпроқ нигоҳларга қасдма-қасд тикилганимча, анатомия ҳамда физиология мўъжизаларидан ваъз ўқийман. Талабалар фикрларимни шоша-пиша дафтарга тушириб, оч эчкидай кўзларимга термулишади. Қирқ беш дақиқа давомида бирортасининг кўзида лоқайдлик кўрмайман, ўзаро гаплашишгани, хаёли оққанини ҳам ҳис этмайман. Бу ҳол менга куч, ғайрат ато этади. Ва завқу шавққа тошиб, монолог ўқийвераман. Қўнғироқ чалингандан кейин ҳам аудиториядан чиқишимга имкон беришмайди: саволлар, саволлар, саволлар... Мен ҳам вақтимни тариқча аямай беғубор ёшликнинг маънавий эҳтиёжини қондиргим келаверади; бундан ҳаловат топаман.
Аммо ҳаргал маърузадан сўнг кафедрага кириб таъбим хира бўлади. Навқирон нигоҳларнинг бояги беғуборлиги, ташналиги ўрнини мавҳум, мижғов муҳит эгаллайди. Ўрта даражадаги ёки ундан ҳам паст бўлган олим ва олимчаларга хос ғараз, нописандлик, кибр самимиятга раҳна солади. Улар гапни чувалаштириб, анатом олиб бўлмай туриб бу фандан маъруза ўқиётганимга шаъмалар қилишади-ю, зарра хижолат тортмай мен ёзган дарслик асосида дарс ўтишади.  Булар ўзларича: «Ғийбат – суҳбатнинг гули» деган нақл яратишган. Занчалишлик билан ғийбат қилишдан ҳаловат топишади: ҳукуматни, институт, кафедрадагиларни, бир-бирларини...
11 11 69
Назаримда омад мендан батамом юз ўгирганга ўхшайди. Клара қайтиб келди. Ўзи – оғироёқ. Рўзғорида ғурбат борлигини билардим, аммо ҳарчанд қилсам ҳамки сабабига фаҳмим етмасди. Аввал аразлаб келганда, алдаб-сулдаб эргаштириб бордим; қайнона, қайнотаси билан гаплашиб бирор тўхтамга келолмадим. Назаримда улар ҳам, қизим ҳам баббаравар ҳақдай ва ноҳақдай эди! «Рўзғорларини ажратиб домга кўчирсак, яхши бўларди», дедим. Аммо шу топда қайнона билан қайнотанинг ўксик нигоҳларига боқиб, уларга ачиндим. Чунки куёв – ёлғиз фарзанд. Қиз бола, албатта она тарбиясини кўриб вояга етиши шарт! Қаттиққўл ва меҳрибон, серпўписа ва насиҳатгўй она! Ўеч ким, ҳеч нима бу зотнинг ўрнини босолмайди. Қизим ҳаётидаги ана шу кемтиклик кўпроқ панд берганди назаримда. Мен галварс ҳам нуқул ҳашоратлар билан банд бўлиб, қизим тақдирини ўйламай қўймадиммикин?!
21 02 71
Сурункали тиш оғригига ўхшаш мавҳум бир ғашлик дилимни эзади. Очилмаган сўқмоқлар, навбат кутиб ётган жумбоқлар, ўз кашфиётчиларини кутиб ётган асрорлар лак-лак. Йўқ, буларни ҳал қилмай халқни бахтли қилиш мумкин эмас! «1980 йилда коммунизм қурамиз, бунга қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш ва химиялштириш туфайли эришамиз!» деган шиорлар кўпайиб кетди. Аввал тадқиқотлар ўтказиб, асослаш зарур. Ўша пайтга бориб бир квадрат метр тупроқда қанча чувалчанг ёки фойдали микроорганизмлар қолишини ҳеч ким ҳисоблаб чиққани йўқ. Ҳукуматнинг экономик режалари экологик томондан асосланмаган.
16 12 73
Суғдий келди. Уни соғинган эдим. Юртдошларимиз эртанги мунаввар кун, тўкинлик, эрк ҳақида баҳсу мунозаралар юритаётганда биз ҳибсга олинаётган, сургун қилинаётган шоирлар, олимлар тақдиридан ғуссалар чекдик. Балки бу реалликдир. Эҳтимол, омадсизлик аломатидир. Ўа, омад деган қайсар қўноқ Суғдийнинг ҳам эшигини қоқмай қўйди. Ўз номидан ёзиб чиқаролмагач, асарлари тепасига ҳинд, араб, форс, турк ёзувчилари тахаллусини қўйиб эълон қилишга ўтиб олди. Унга эса таржимон сифатида ҳақ тўлашади. Ўтган йил ана шу чалкаш ва омадсиз тақдирини қоғозга тушириб, машҳур ҳинд адиби номидан чиқарди.
14 07 74
Тошкентдаман. Юсупов помидоридан харид қилиш учун Олой бозорига кирдим. Фақат бир кишида бор экан. Шунинг учун навбат кутиб қолишга тўғри келди. Помидорпуруш чолга нисбатан дилимда ғаразга ўхшаш ғашлик ўйғонди. Шу навни менга ўхшаган бир заҳматкаш  олим яратган. Бу бўлса ўзгалардан икки-уч ҳисса қиммат пуллаб, чўнтак қаппайтиряпти. Нақадар адолатсизлик! Олим зотини қадрламаган жамият эса инқирозга юз тутиши муқаррар!
Хаёлимга бу гаплар ўз-ўзидан келмаганди албатта. Кеча академик М. билан тўйда бўлдик. Тўй соҳибидан ўзга ит ҳам танимади бизни. Бир маҳал оинаи жаҳонда сухондонлик қиладиган қиз эри билан кириб келганда, гувв этиб ўша томонга ўгирилишди. Шивир-шивир қилиб, сухандон қизга ҳамду санолар ўқишди. Кимлардир у билан танишлигидан керилиб қўйди. Ўксиб кетдим. Москва дорилфунунида бўлганимда аспирантлар, талабалар мени таниб қолиб, ўртага олишганди. Саволлари сарҳадсиз эди уларнинг. Рўзномалар менга ҳамду сано ўқишганди. Ўз ватанимда бўлса... Ҳар йили Канада, АҚШ, Москва, Ленинград университетларидан юзлаб мактуб, бандерол, китоб оламан. Мен-ку майли-я, академик М.ни танишмагани аламли. Бу одам биринчи бўлиб Ўзбекистон тупроқлари ва экологияси картасини яратди. Тупроқнинг табиий унумдорлигини сақлаш масаласида академик Лисенкога, турли тоифадаги амалдорларга қарши чиқиб, беҳад азиятлар чекди. Шу тупроқ, шу одамлар деб тортди-ку бу азобларни!
Харидор сийраклашиб қолгани сабаб помидорни олдим-у, деҳқонни ҳангоматалаблик билан гапга солдим. «Биродар, мени яхши кўрганим Юсупов помидори, дедим, мағзи қовунга, йўқ, гўштга ўхшайди; шакли юракни эслатади». У маъқуллади, мен давом этдим. «Баримиз бу навнинг аълолигини биламиз, мақтаймиз, уни пуллаб, чўнтагимизни қаппайтирамиз-у, яратган селекционери билан қизиқмаймиз.» «Сиз олимми», сўради деҳқон андак ёқинқирамай. Зоҳирий мамнуният билан маъқуллаб, бош силкиб қўйдим. «Олим зотини жиним суймайди», деди у жавобан дуппа-дурустдан. Бунисини кутмаган эдим, албатта. Унинг нонкўрлигини юзига солишни ҳам, қўл силтаб кетишни ҳам билмай, иккиланиб турганимда давом этди. «Бу навни яратган ўша Карим Юсупов – мен бўламан!». Қотиб қолдим. У давом этди: «Чударенко деган навни бизнинг шароитимизда етти йил дурагайлаб, танлаш йўли билан яратганман буни. Ўшанда газеталар роса шов-шув кўтарганди. Аммо дарҳол эсларидан чиқариб юборишди. Буниси ҳам майли – олимларимиз кўтара ғирромлик қилишди: механизация учун нобоп деб, тасдиқлашмади. Бари ҳам сизга ўхшаб, ҳосилга ҳамду сано ўқийди-ю, уни оддий деҳқон яратганини ҳазм қилолмайди. Суф-ей сизларга!»
9 09 79
Набирам Мирзамаҳмудни мусиқа мактабига эргаштириб боришни, йўл йўлакай у билан суҳбатлашишни хуш кўраман. Кафедрада, уйда, кўчада беғуборлик, дангалчилик самимиятдек эзғу туйғуларга ташна бўлиб яшайман. Шунинг учун беш яшар боладаги хислатлардан дилим равшанлик топади. «Бобо, дейди чулдираб, сиз ўлиб қолсангиз, ойим роса йиғласалар керак-а?!» «Ҳа» дейман бу беғубор саволдан ранжимай. «Мен ойимнинг йиғлашларини ёмон кўраман» дейди у ҳадиксираб. «Ундай бўлса ўлмаганим бўлсин» дейман суҳбатимиз узилиб қолишидан чучиб. Биз йўлда давом этамиз. У чулдираб алланималарни ҳикоя қилади. «Бобо, дейди кейин овозини пасайтириб, ҳеч кимга айтмайсизми?» «Йўқ» дейман. «Ойимни битта амаки ўпди». Аввал қаҳрга миндим, кейин қизиққа бошладим. Аммо қолганини айтмади. Мен билан очилиб гаплашадиган шу набирам билан Суғдий. Ҳатто қизим ҳам бақамти ўтириб гаплашмайди.
11 12 79
«Жумбоқлар гўшаси» китобимнинг икки бобини машинкадан чиқардим. Биринчи бобда акулалар, уларнинг юқумли касалликка дучор бўлмайдиган ягона мавжудот эканлигига таъриф бердим. Америка олимларининг унинг тўқималарига рак, вабо, ўлат микроблари юборишганда ҳам таъсир этмаганини қаламга олдим. Тағин: сувда яшовчилар орасида фақат ана шу океан йиртқичининг ҳаво пуфакчасидан маҳрумлиги билан боғлиқ жумбоқларни тасвирладим. Иккинчи боб: бадбўй ҳид таратадиган ҳашоратлар ҳақида. Кўпгина қўнғизларнинг бадбўй ҳид чиқариб, рақибларини гоҳида ҳушдан ҳам кетказиши қизиқтириб  қолганди мени. Текшириб кўрсам, ўша газ таркибида гидрохинин ҳамда водород аралашмаси бор экан.
9 01 83
Мактубларга жавоб йўлладим. «Америка» ойномаси таҳририятига «Ўргимчаккана ҳаётидн бир кун» деган мақолани жўнатдим. Лекин юрагим зириллаб турибди. Ваҳоланки бу мақолаларда тузумга зарофат етказадиган бирор калом йўқ.
8 06 84
Буюклар ҳаётининг тадқиқ қилинмаган қирралари ҳали кўп. Ғалати қонуниятлар бор бу сирли оламда. Уларнинг аксарияти пакана бўлишган экан: Арасту, Афлотун, Бетховен, Кант, Моцарт... Тўғри, Толстой сингари новчалари ҳам учраб турган. Даҳолар бир неча соҳа билан шуғулланишган. Аристотель, Форобий, Беруний, Сино... Ҳозир бутун бошли бир илмий тадқиқот институти ана шу фанларнинг шахобчалари билан шуғулланади. Аксар буюк одамлар: Бобур, Эдгар По, Беҳбудий, Фурқат, Бруно, Свифт, Лондон умрларини сайру саёҳатда ўтказишган. Мен ғариб чегарадан нарига ҳам чиқолмадим. Канада, ГФР олимларидан таклифномалар келганди, аммо бўйдоқлигимни важ қилиб қўйишмади. Нақадар пуч мантиқ! Буюк алломалар бу тор дунёга сиғмай ўзларини ўлдиришган ёки шунга ҳаракат қилишган: Арасту, Толстой, Руссо, Ламарк, Сарой Мулк Хоним... Мен ҳам гоҳ-гоҳида серғусса оламни тарк этгим келади. Сўнгги дақиқаларда жон азобида ўлганларга ҳавасим келмайди. Ўнғай усул – СО гази...
7 08 87
Калтабинлик! Ёзувчилар, публицистлар, журналистлар ғўзани ёмонотлиққа чиқаришга, қоралашга тушдилар. Жами мусибатлар ва дилсиёҳликларга шу гиёҳ сабаб қилиб кўрсатиляпти. Кечагина уни «оқ олтин» деб таърифлаган кишилар бугун анчар дарахтига тенглаштиришмоқда. Кишилар эътиқоди, меҳрини экиндан, заминдан совутадиган ҳар қандай мафкура ғайри-ахлоқийдир! Ўзбекистонда бундан кейин ҳам госсипиум (ғўза) экилади ва одамлар унда ишлайдилар. Аввал буйруқ кучи даъват этган бўлса, энди сўм қудрати далага олиб чиқиши керак уларни. Баски шундай экан, эътиқодлари учун байроқлар, насибалари учун дастурхонлар, гўдаклари учун йўргаклар тўқиладиган экиндан одамларнинг ихлосини қайтариш ноинсофликдир!
ЕТТИНЧИ БОБ

ҚАЙДНОМА

Суғдий билан Кларанинг топшириғига кўра Султон домланинг қўлёзмалари орасидан унинг васиятномасини ҳам роса излаб, тополмадим. Аммо дафтарлар орасидаги муқовасига «Қайдлар, афоризмлар ва ҳикматлар» дегани қўлёзма чиқди, бу ҳам диққатга молик экан. Мазкур дурдоналарни домла турли манбаълардан тўпламаган, аксинча ўзи ижод қилган. Улар сизнинг ҳам ақлингиз ва қалбингиз ганжинасини бойитади, деб умид қиламан.
*  *  *
Одамларни тушуниш қийин. Уларнинг аксари оғма ва беқарор. Қишлоқ ёшлари шаҳарга интилашди-ю, бир азобда ўрнашиб олгач, қолган умрларини шаҳар ва шаҳарликларни ёмонлаш, ғийбат қилиш билан ўтказишади. Ёки кексаликни олинг. Ҳамма ҳам мўйсафид ёшларга етишни орзу қилади. Унга етиб олгандан сўнг эса кексаликни лаънатлашади. Ўзлари танлаган касбу-корни, сайлаган депутат ҳамда ҳукуматни ҳам ёмонлашгани-ёмонлашган улар.
*  *  *
Статистика – ҳақгўй ва даққоқ қария. Фоизма-фоиз айтиб беради: одамлар қанчага кўпайгани, жиноят қанча ошгани; нон истеъмол қилишнинг кўтарилиш кўрсаткичи, гўштнинг қимматлашуви... хуллас ҳаммасини. Аммо энг муҳим кўрсатгич – инсоннинг нечоғлик бахтли ёхуд бахтиқаро бўлганлигини айтишдан ожиз у.
*  *  *
Ташвиш сени ташвишга солмагунча сен ташвишни ташвишга солма!
*  *  *
Халойиқ серқатнов йўл бўйича икки гадонинг ғижиллашиб қолганига гувоҳ бўлганман.
– Сен, ипирисқи иккинчи бор бу ерга келсанг, уриб оёғингни синдираман. Бу ер учун ойида эллик сўм тўлаганман!
– Вой, паст-ей! Эллик сўм дейди-я! Мен юз сўм бериб чиқдим, бу жой учун.
Йўлда давом этар эканман ўйладим: ким экан анашу гадолардан ҳам бож ўндирган? Албатта, амалдор! Тиланчидан ҳам паст турган ярамас!
*  *  *
Йўқ, миллатни ер ости бойликлари фаровон қилолмайди. Халқ заковатли, уддабурро, тежамкор бўлгандагина бири икки бўлиши мумкин.
Бир кўза олтини бор довдирдан, қўлида яхши ҳунари бўлган хушфеъл ва ишчан одам бой ва бахтлидир.
*  *  *
Биз кўп соҳаларда қадимги юнонларнинг ихтироларини қайта кашф этиб юрибмиз. Айниқса, биология ва тиббиёт соҳаларида фаннинг юза қатламидамиз. Ваҳоланки, инсониятнинг келажаги кўп жиҳатдан ана шу икки фан тараққиётига боғлиқ.
*  *  *
Ақ, ақл, ақл! Бирламчиси шу! Жамият ва миллатга кўплаб ақлли ёш-олимлар, шоирлар, файласуфлар керак! Уларни бало қазодан асрайлик!
*  *  *
Сиз ногаҳонда севиб қолдингиз. Лекин у эртанги ёки кечки. Бу ишқ кимларнингдир ҳаловатига зомин, кўз ёшларига боис. Ана шунда бу бевақт муҳаббат балосидан дўқ-пўписалар, панд-насиҳатлар эмас, фақат анатомия фани совутиши мумкин. Бунинг учун севгилингизни эслаган, кўрганда унинг сочлари ва қошларини инсоннинг ҳамма жойида (кафт ва товон бундан мустасно) чиқадиган жамики сут эмизувчиларникидан фарқ қилмайдиган жун эканлигини, унинг юзи ҳеч қанақа ойга, ширмойга ўхшамаслгини, балки остида мой безлари, артериялар бўлган тери эканлигини, ингичка бели умуртқа поғона ва ҳазм бўлган овқатлар ўтадиган ичакдан иборат эканлигини назарда тутсангиз бас!
*  *  *
Бир корчалонни билардим. Иши тушган кишини жуда устакорлик билан сифатлаб, ийдириб юборар ва ишончини қозониб, истаган куйга соларди. У билан жиддийроқ қизиқдим. Билдимки, у ўз қурбонининг иллатини илғаб олиб, ўша ернинг хўжайраларини ҳузурбахш қитиқлаб қўяркан. Бир саводсиз профессорни ўз соҳасининг катта донишманди, халтурачи шоирни истеъдод соҳиби; порахўрни – ҳалол, қурумсоқни – Ҳотамитой деб таърифлаганига гувоҳ бўлдим. Ниҳоят у мени ҳам «улфат одам» деб, таърифлади. Тўғри, ке­йинги пайтларда ташвишларим кўпайиб, вақтни қиз­ғанганим, танҳоликни хушлаб, одамёқмас бўлиб қолганим рост.
*  *  *
Сен болам, табиий фанларнинг иқтидорли олими бўлишинг мумкин. Мадомики шундай экан, сиёсатга меҳр қўйишинг, зоҳиран амалга интилишинг ғалати, сенинг ўрнинг парламент ва ҳайъатлар эмас, лаборатория ҳамда тажриба далаларидир.
*  *  *
Бу соҳага мардикорлар эмас, чинаками хўжайинлар керак. Сен яхшиси, кооперативга бориб қўяқол. Шунда рўзғорингга ҳам, эҳтимол жамиятга ҳам кўпроқ наф келтирарсан.
*  *  *
Даҳоларни даҳо қилган меҳнат ва истеъдоддир. Улар ҳар қандай шароит ва вазиятда ҳам иштиёқ билан ишлашган, ишлашган.
Ҳозир Архимед тирилиб келиб: «Менга таянч нуқтани беринглар, ер шарини силжитаман» деса мутассаддилар қандай жавоб қайтаришларини тасаввур қиламан.
РЕКТОРАТ. Афсуски, бу масала билан биз шуғулланмаймиз. Ариза ёзиб, юқори ташкилотларга мурожаат қилинг. Аризангизда ана шу ишнинг халқ хўжалигига қанча наф келтиришини кўрсатинг.
ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИ. Ҳурматли ўртоқ Архимед! Сизнинг бундан олти ой муқаддам ёзган фалон рақамли хатингиз яқинда бўлиб ўтган кенгашда кўриб чиқилди. Бир неча кекса академикларимиз сўз олиб, нуқтани сизга бериб юборишга қарши чиқдилар. Таянч нуқта ўзимизга керак дейишди. Шунингдек, кўп олимлар Архимед деган олимни танимасликларини айтдилар. Шунинг учун бизга ёки бошқа идораларга мурожаат қилганингизда туғилган жойингиздан маълумотнома (миллатингиз кўрсатилган бўлиши керак) ўқув юртини битирганингиз ҳақидаги ҳужжатнинг асл нусхаси, сўнгги иш жойингиздан ва доктордан ҳужжат илова қилиш керак.
ВАЗОРАТ. (Биринчи мактуб) Ер қатламининг силжиши оқибатида вайрон бўлган мактаблар ва илмий тадқиқот институтлари қурилиши шу йилнинг иккинчи кварталида ўтказиладиган қўшма йиғилишда кўриб чиқилади.
(Иккинчи мактуб) Ҳурматли ўртоқ Архимед! Бизга хат ёзишни бас қилинг! Сиздан олдин мактубига Аристотель, Гиппократ, Пифагор деб имзо чеккан кишиларни руҳий касалликлар шифохонасига жўнатишга мажбур бўлганмиз?
УНДАН ЮҚОРИ ТАШКИЛОТ. Ерни қимирлтиб нима қиласиз? Экстремистлар билан империалистларнинг қимирлатгани етиб ортади ўзи! Биз ташаббусни бўғмоқчи эмасмиз, албатта! Майли, депутатлар кўришсин.
БИРИНЧИ ДЕПУТАТ. Газимизни олиб кетишди, олтинимизни олиб кетишди, энди таянч нуқтамизни ҳам олиб кетишмоқчими?
ИККИНЧИ ДЕПУТАТ. Агар валюта билан ҳақ тўласа, бериб юбориш керак!
РАИСЛИК ҚИЛУВЧИ. Демак масала аввал институтда, академияда ва бошқа тегишли ташкилотларда ўрганилиши керак, ундан кейин муҳокамага қўйилсин, деганлар қўл кўтаришсин. (Ҳамма қўл кўтаради).
*  *  *
Фараз ва фантазияни хомхаёлдан фарқ қилмоқ керак. Энг улуғ кашфиётлар фараз ва фантазиядан бошланган. Фараз ўлжанинг изига тушган овчини эслатади. Уёғи эса унинг жасурлиги, сабр-тоқатига боғлиқ!
*  *  *
Ижодкор учун ёш мутлақ нисбий кўрсатгич. Қирқ ёшда қариб қолган ёки худди шу санада иш бошлаб, донг таратган ижодкорларни биламиз.
Сўнгги нафасигача ўзини навқирон ҳисоблаган кишига ҳавас қилса арзийди.
*  *  *
Ҳар ернинг тулкисини ўша ернинг тозиси билан овлаш керак, дейишади. Мабодо ўша тозилар ҳам тулкига айланган бўлишсачи?!
*  *  *
Мухбирлар билан мулоқотда бўлишга ошиқаверма. Улар сен туфайли ўзларини тарғиб қилишга мойил бўлишлари мумкин.
*  *  *
Оиланг, авлодинг ва миллатингни ўзинг эмас, ўзгалар тарифласин!
*  *  *
Бир латифанома ҳангома.
Ҳусан деди: мен Ҳасан акамдан нақ бир соат кичикман. У кишидан катта бўлишим мумкин эди-ю, аммо оламга келишда, аввал сиз чиқинг, деб мулозимат билан ўтказиб юборганман.
*  *  *
Буниси топишмоқнамо гап.
Қора сигир оқ сут, қора товуқ оқ тухум беради. Хўш ўзи қора бўлмай қора ишлар қиладиган сут эмизувчини топинг.
*  *  *
Йиғлама азизим! Кел сенинг кўз ёшларингни артиб қўяй. Нималарга қодир эканлигимни ҳали кўрсатаман у номардларга!
*  *  *
Ошириб юборма чироғим, ошириб юборма! Ошириб юборилган сифат – хушомадга, танқид – ҳақоратга, дори – заҳарга, меҳр – қаҳрга, ҳазил – зилга айланишига ишончим комил.
*  *  *
Абдулла Қодирий «Ўтган кунлар»ни шу кеча-кундузда ёзса, унинг муҳокамаси тахминан  қуйидагича бўларди.
ЁЗУВЧИ. Инимиз Абдулла Қодирий яхши ният билан роман ёзибдилар. Аммо роман қоралаш учун ниятнинг ўзи кифоя эмас, албатта. Ўзим ҳам роман ёзганча қанча ҳикоя, қиссалар эълон қилганман. Чехов бир умр роман ёзишни орзу қилган, лекин ёзолмаган. Мен гапни чўзиб ўтирмайман. Тан оламан: қўлёзмани тўла ўқиб чиққаним йўқ, аммо бодрингнинг тахирлигини билиш учун уни ҳаммасини еб кўриш шарт эмас. (Залда кулгилар) Аввало авторнинг ўзига Жулқунбой деб тахаллус танлагани менга ўтиришмай турибди. Жулқунбой (Залда кулгилар). Бизда костюм, шими йиртилиб юрган кишини жулқунбой дейишади. Лекин бу киши... Майли, гап тахаллусда эмас. «Мавзуни мозийдан, яқин ўтган кунлардан, тарихимизнинг энг кир, қора кунлари бўлган кейинги «хон замонлари»дан белгиладим» дейди. Ўртоқлар, ўтмишни шунча йил қоралаб келганимиз етар. Қоралайвериб, шу кунга етиб келдик. Бундан беш-олти йил илгари бўлганда ҳам бу гап долзарб ҳисобланарди. Ўозир – қайта қуриш даври. Биз ўтмишни ҳурмат қилмасак... Яна тишга тош бўлиб тегадиган жой. Қўлёзманинг иккинчи саҳифасида Отабек кекса Ўасаналига: «Бизга чой қайнатиб беринг» дейди. Бизнинг ўзбекда кексаларни жуда ҳурмат қилишган, ўртоқлар!
Хуллас, Абдуллажон асари устида жиддий ишлаши керак. У киши Ҳамза мукофотига сазовор бўлган романларимизнинг барини ўқиб чиқмоғи шарт. Майли мен ҳам бир китобимни тақдим этаман, бундан характер яратишни ўргансин.
ТАНҚИДЧИ. Бу асар онгимиз ва ақлимизга маънавий озуқа бераоладими? Бу саволга «ҳа» деб жавоб қайтариш қийин. Қандай ёзиш керак, деб эмас, қандай ёзмаслик керак, деб савол берилса, ҳеч иккиланмай шу қўлёзмани кўрсатиш мумкин бўлур эди. Бу бир сентиментал қисса бўлиб, ёзувчининг «мен»и индивидуаллик касб этмаган ва концепция жиҳатдан оқсоқ. Асар ўртасидан ўтган «қизил ип» гоҳида сунъий. Муаллиф ўзича феодал давр инқирозларини интригалар билан чизади. Хроникал фактлар, ўзгача қилиб айтсак, рационал мағз реалистик картинага айланмайди. Абдулла Қодирий Орол муаммосини ҳам, миллатлараро муносабатларни ҳам атайлаб четлаб ўтади. Бундай асар китобхон дидини ўтмаслаштириб қўяди.
НАШРИЁТ ХОДИМИ. Автор қўлёзмани бултур олиб келган эди. Жой йўқ, десак ҳам қолдириб кетди. Мен ўқиб фикрларимни айтганман, лекин бу кишига тушунтиролмаяпман. Бир эмас икки бор ички тақризга бердик. Асар ижобий баҳо ололмади. Бу йил қоғоз миқдори уч ҳисса қисқарди. Бултур туширган қўлёзмаларимиз босилмай турибди. Ўнта названияни саксон саккизинчи йилга ўтказишга мажбур бўлдик. Нашриёт ҳам хўжалик ҳисобига ўтди. Комитет фойда бермайдиган китобни чиқарма деяпти. Ҳомий топиш керак бўлади. Шунинг учун илтимос: расмиятчилик бўлса ҳам қўл кўтариб, протоколни тасдиқлаб берсаларинг. (Ҳамма қўл кўтаради).
*  *  *
Ғам ема, азизим, ғам ема!
– Йўқ, ғам мени еяпти.
*  *  *
Йўқ! Уч, тўрт ёки ўн йилда ҳаммаси яхши бўлиб кетмайди. Чунки ҳар қандай шароитда ҳам бизнинг талаб эҳтиёжларимиз давр тараққиётидан олдинда туради.
*  *  *
«Бахтиёр кексалик» эмиш. Мен бунисига ишонмайман!
*  *  *
Тежамкор билан хасиснинг фарқи бор. Уларнинг бири бойийди, иккинчиси қашшоқлашади.
*  *  *
Минбарларга бот-бот кўтарилиб, мажлис аҳлини ўз қарашларига даъват этадиган кишини тез юрадиган соатга ўхшатардим. Одамларга эса тўғри юрадиган соат керак!
*  *  *
Халқ адашмайди, у ҳамиша ҳақ, дема. Халқ кўп адашади, ноҳақликлар қилади. Ахир халқ ҳам сен билан мендай кишилар гуруҳида.
*  *  *
Агар суҳбатдошинг далил ва асосларга ҳам кўнмай якровлик қилиб тураверса, баҳслашишни бас қил!
*  *  *
Бир замонлар денгиз сигири деган жонивор бўлган. Сут эмизувчилар оиласига мансуб бу ҳайвон бир оз сигирга, бир оз тьюленга ўхшаган. У сув остидаги кўкатлар билан озиқланган. Ҳозир бу жониворнинг расми сақланиб қолган, холос. Гўшти хушхўр бўлгани учун одамлар қириб юборишган уни.
«Қизил китоб»га ўхшаш «қора китоб» ҳам ташкил этиб, диназаврлар, мамонтлар, денгиз сигирларини ҳам ёзиб  қўйиш зарурга ўхшайди.
*  *  *
Бу одам кўзгуга боққанда, аввало ундаги доғни кўради.
*  *  *
Концелярия каламушлари
*  *  *
Ғалати: Ўрта Осиё халқларининг барида «дўст» ва «душман» сўзи бирдай.
*  *  *
Одамларнинг сен билан ҳисоблашишларини ҳис қилиб туриш мароқли.
*  *  *
Йўқ, бу тўпланганлар халқ ғамида эмас. Уларнинг ҳар бири ўзининг устун томонини намойиш қилиш иштиёқидадир.
*  *  *
Сени номдор ёзувчи қилган истеъдодинг эмас, балки атрофингдаги кишиларнинг лақмалигидир.
*  *  *
Шаҳар кўрган эчки.
*  *  *
Ҳозир нотиқлар ва журналистлар ўтмишни, мар­ҳумларни ва мавҳумликни танқид қилишни авж олдириб юбордилар. Биз токи ўз-ўзимизни танқид қилига ўтмас эканмиз, бурилишга эришишимиз қийин бўлади.
*  *  *
Бозордан айрилманг, бозордан! Пештахтанинг нар­ёғида турасизми, бериёғидами – барибир у сизни бурро, тежамкор, хушфеъл қилади.
*  *  *
Унинг ойнаи жаҳон дастуридан ўзга нарса ўқиганини эслолмайман.
*  *  *
Адабиётда омади чопмаган не-не азаматлар ўзларини сиёсатга уриб, анча-мунча шуҳрат эгаси бўлишди. Эҳтимол сен ҳам шундай йўл тутарсан?!
*  *  *
Қамиш ва қиёқлар айқашиб ётган ерга қулоқ сол. Инграганга ўхшаган нолалар чалинади қўлоғингга. Бу ботқоқликка айланаётган тупроқ фарёдидир.
*  *  *
Диогеннинг бочка ичида яшаганини пеш қилаверма. Ҳарқалай ўша бочка ичидаги шароит бетон уйдагидан ёмон бўлмаса керак?!
*  *  *
– Шамол бўзлаяпти.
– Товба!
– Ой теракка илиниб қолди.
– Овсар.
– Чўққи новвотга ўхшайди.
Ғалати-ку...
– Томоғимга тиқилар туйғу!
– Сув ич, гўсала!
– Сен сўқирсан, тўнка замондош!
– Бу бола айниганга ўхшайди!
*  *  *
Сен бузилдинг! Кечир, биз катталарни, ўсмир!
*  *  *
Совуқ қабр. Очкўз юҳо! У сен билан мени кутгани кутган!
*  *  *
Оила учун яшаш худбинлик эмиш! Безурёдлар, бағритошлар фалсафасига ўхшаб кетади. Шундай эмаси?!
*  *  *
Барига минбар сабаб! Ўша бошсиз, ҳиссиз ёғоч лақиллатди бизни! Келинглар, ёқиб ташлаймиз, лаънатини!
Одамларни икки юзламачи қилаётган микрофонини ҳам...
*  *  *
Виждоннинг ўтмаслашиб қолишига тириклик тарзи ва нопок дўстлар сабаб бўлади.
*  *  *
Улуғ бўлсанг, улуғларни улуғла!
*  *  *
Сен икки миллатнинг қадимий дўстлиги ҳақида мисол келтираверма. Яхшиси, уларнинг манфаатлари тўқнашган тугунни кўрсат ва биз биргаликда уни ечиб юборайлик.
*  *  *
Икки киши жанжаллашса, айб – ақллисида. Икки миллат жанжаллашса, айб – зиёлиларда!
*  *  *
Войдод! Ҳуқуқшунослик ва тиббиёт куллиётига ҳам пора бериб киришяпти. Инсон тақдири... Билмадим... Бор-ей!!!
САККИЗИНЧИ БОБ

ҲАРБУ ЗАРБ

Хотирам панд бермаса, сиз билан 1988 йилнинг ёзида хайрлашгандик. Мазкур бобда бир йиллик ҳаётим, яъни юқорида тилга олган санадан 1989 йилнинг мукаррам ёзигача бўлган давр ҳақида нақл қилмоқчиман.
Биринчи курсни битиришим билан (Самарқанд қишлоқ хўжалик институти, ветеринария факультети) ҳарбий комиссариатдан чақирув қоғози келди ва докторлар мени отдай соппа-соғ деган хулосага келишиб, зудлик билан сочимни тарашлаб олишимни талаб қилишди.
Июл ойининг 28 санасида ойим, амаким, қариндошлар (дадам Тошкентда эдилар) каминани вокзалга олиб чиқишди. Жами маслаҳатлар-у насиҳатларни сабру бардош билан тинглашга тўғри келди.
Самарқанддан Украинанинг Днепродзержинск шаҳрига бўлган сафарга таассуротлари ва ҳангомаларини қаламга олиш, эҳтимол, унча зарур эмасдир. Бизга раҳнамолик қилган офицер талабчан, интизомли одам экан. Деярли ҳеч ким унинг йўриғидан чиқмади.
Ҳарбий карантин деб аталадиган тадбирдан кейин бағоят тантанали тарзда қасамёд қабул қилдиришди. Баримизга тўтиқушга ўхшаб, Совет Иттифоқига хизмат қилишга, ҳурб зарб асрорларини қунт билан ўрганишга, интизомли бўлишга сўз бериб, байроқ ўпдик.
Кейин қисмларга бўлишди. Мен (рус тилида анча бурро гапирганим учун бўлса керак) ҳарбий самолётлар механиги курсида таълим оладиган бўлдим.
Командирлар ҳатто нимани ўрганаётганимини ҳам уйдагилардан, бегона кишилардан сир тутишни бот-бот такрорлашарди. Аммо шунга қарамай айрим маълумотларни ошкор этишга журъат этмоқчиман. Чунки мазкур «сир»лар ҳеч кимга заррача зарар етказмаслигига ишончим комил.
Дастлабки ҳафтада Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушида фойдаланилган ҳарбий самолётларнинг турлари, қувватини ўргатишди. Ундан кейин эса МИГ маркали бомбардимончи самолётимизнинг контроль-ўлчов асбобларини ўргатабошлашди. Ҳарбий муаллимлар бағоят қаттиққўл эдилар – двигатель, навигация асбобларини қисмма-қисм ўргатиб, эртаси сўрашарди ҳам. Техника хавфсизлиги масаласига эътибор бағоят кучли эди. Сабаби; бундан бирор ой муқаддам аллақандай курсант учувчи ўриндиғига ўтириб, тахометрни тозалаётган пайтда қўли курсини юқорига итқитиб юборадиган тугмачага тегиб кетган экан, осмонга учиб кетибди. Докторлар ўлим чангалидан зўрға қутқариб қолишибди шўрликни.
Хуллас, нақ тўрт ойдан кейин имтиҳонлардан ўтдим ва каминага ҳарбий авиация механиги, деган гувоҳнома тутқазишди. Сўнг Омск шаҳридаги ҳарбий қисмга ишга жўнатишди.
Умримнинг анчагина саҳифалари ана шу шаҳар билан боғлиқ бўлгани учун у ҳақда айрим маълумотларни санаб ўтишим ортиқчалик қилмас.
Омск Сибирдаги энг йирик шаҳарлардан бири ҳисобланади. Шаҳар кесиб, Иртиш дарёси ўтади. Атрофда ўрмонлар, текисликлар, бутазорлар, кўллар бир талай. Шу билан бирга завод-фабрика ҳам кўп бу ерда. Аҳолиси – асосан руслар.
Мен одатда, парвоздан олдин самолётларнинг ўзимга тегишли қисмларини кўздан кечириб, уларнинг ишга яроқлилиги ҳақидаги ҳужжатга имзо чеккач, шаҳар айланаман, қизлар билан танишиб (яшириб нима қилдим) уларни ўрмон, дарё сайрларига таклиф этаман. Гўшаларнинг сокинлиги, қизларнинг хушфеъллигидан дилим завққа тўлади.
Нақ бир йилдан кейин ҳукумат олий ўқув юртларида таълим олган собиқ студентларни ҳарбий хизматдан озод этиш ҳақида қарор чиқарди. Шу билан мен ҳам аскарлик погонини ечиб қўйдим.
Кўриниб турибдики, бир йиллик хизматим ҳеч қанақа ҳарбу зарб билан ўтгани йўқ. Вақт нуқтаи назаридан тарозига солиб кўрадиган бўлсак, умр анчайин беҳуда ўтганлигига ишонч ҳосил қилмай илож йўқ. Лекин ўзгалар икки йил хизмат қилишини эслаб, андак тасалли топган дақиқаларим ҳам бўлган.
Аскарлик давримни ана шу қуруқ хабарнома билан якунласам, ўқувчиларим дилгир бўлишлари мумкин. Шунинг учун ҳам бу даврда содир бўлган унутилмас воқеалардан айримларини ҳикоя қилиб бермоқчиман.
Омскдаги ҳарбий қисмга келганимнинг биринчи ҳафтаси эди. «Шаҳар кўрганим», инчунин рус, ўзбек, тожик тилларида равон гапирганим учун бўлса керак, одамлар билан тез тил топишиб кетдим.
Ўша куни кечки овқатдан кейин ётоққа кираётганимда барваста бир аскар русчалаб (украин лаҳжасида) ўта нописанд сўз қотиб қолди.
– Эй, сен! (Эй, ты!).
Тўхтаб, унга разм солдим: сўқумдай гавдаси, ўта қўпол муомаласидай қиёфаси ҳам нохушроқ эди унинг.
– ...дўконга чиқиб, икки пачка сигарет олиб кел, – давом этди у.
Бир лаҳза иккиланиб қолдим: қандай йўл тутсам экан. Бу ерда янги одам эдим – танишларим мўл бўлгани билан дўстларим йўқ ҳисоби эди. Шунинг учун ҳам бу даққи каззоб билан зиддиятга бормай, тил топишиш керак, деган хулосага келдим. Бунинг устига ўзим ҳам дўкондан пайпоқ харид қилишни мўлжаллаб турган эдим. Кўндим.
Аммо эртаси...
Бу орада менга шу нарса аён бўлдики, ҳалиги тўқимтабиат қашқадарёлик бир ўзбек болани нақ хизматкорга айлантириб олган экан. Унинг пули, либосларини тортиб олиш билан бирга, кийимларини ҳам ўшанга ювдириб оларкан, жоҳил! Ҳамзаминим яқинда ўзга қисмга ўтиб кетибди. Бу занғар ўзга чўри дараклаб юрганда мен келиб қолган эканман. Йўқ, бунақаси кетмайди!
...кечки маҳал тағин иш буюриб қолди.
– Эй, сен! Мана буларни ювиб қўй!
У оёғининг учи билан кирланган пайпоғи, ички кўйлагини кўрсатди.
– Ювмайман! – дедим кескинлик билан.
У шашт билан яқинлашди-ю, юзимга тарсаки туширди.
– Ювасан!
Эҳтимол сиз ҳам ҳаётингизда ана шундай ноўнғай ва ноилож вазиятга тушгандирсиз?! Дилозорлик ва нописандликни ғурур деб биладиган молтабиатлар билан муроса қилиш унчалик жўн иш эмас, албатта. Бундай пайтда нима керак? Жасоратми ёки муроса. Менимча вақт керак! Ўйлаб олиш, мушоҳада қилиш учун. Ҳалиги ҳўкизвой худди шундай шароит яртиб берди менга. Тарсаки туширди-ю, чиқиб кетди.
Мағлуб бўлсам ҳамки, у билан яккама-якка муштлашишни ўйлаб, ғусса чекиб турганимда, бир озорбайжон аскар олдимга келди-ю, алланималар деди. Саросималаниб гапирганиданми ёхуд ҳали хаёлларимни жиловлаб олишга улгурмаганимданми – тушунолмадим. Фақат «мусулмон», «гардаш», «бирлашмоқ» деган узуқ-юлуқ каломларинигина илғайолдим холос.
Бу йигитнинг фамилияси Гусенов эканлигини, ака-ука эгизаклар бирга хизмат қилишларини билсам ҳамки, акасини укасидан фарқлолмасдим.
Аваллари русча муомала қиладиган Гусейнов энди негадир нуқул ўз тилида чулдирарди. Гапини яхши илғаб  ололмаганимни ҳис қилди, шекилли имо-ишора билан секин тушунтиришга ўтди. Бу некбиннинг узоқ уқдиришларидан шуни билдимки, биз – мусулмонлар зудлик билан бирлашишимиз зарур экан, акс ҳолда ғайридинлар бизни оёғости қилишаркан.
– Тўғри, яхши гап, – дедим илиқлик ва эминликни сезиб.
Тасдиғимдан қувонган суҳбатдошим далда ва маслаҳат беришда давом этди. Ҳозир гаплашиб бояги сўқумнинг жазосини беришимиз керак экан. Бунинг учун мен помирлик Давлатшо ҳамда қўқонлик, туркманистонлик болаларни гапга солишим, кўндиришим керак экан. Гусейнов бўлса татар, авар болаларни эргаштириб келаркан.
Бу ҳамдилликдан хурсанд бўлдим.
Давлатшо деганимиз кенг ўмровли, сарғишдан келган, камсухан йигит. Бу ерга келганимдан бери унинг бирор киши билан мулоқотда бўлганини кўрмаган эдим. Ўзи ҳам мудом қовоқ уйиб, асабийдай бўлиб юради. Шунга қарамай, у мени тез тушунди. Ҳалиги жоҳилнинг қилмишидан воқиф бўлган экан шекилли, ғазаб алангасида турган экан. «Мусулмонлар уюшмаси»ни тузиш қўқонлик ҳамдиёрларимга ҳам жуда маъқул тушди. Аммо туркман йигитларни ўша пайтда тополмадим.
Кўп ўтмай рақибим пайдо бўлди ва таҳдидона менга ўгирилди.
– Эй сен! Ювмабсан-ку?!
Жавобимни ҳам кутмай, мен томон мушт тугиб келаётганда, кимдир унинг бўйни, жағи аралаш мушт тушириб қолди. Мен бу ногаҳоний ҳомийни биринчи бор кўришим эди. Аммо танидим: бу некқадам мусулмон эди. Шу пайт ғалати бўлди – Давлатшоҳ ғанимга ташланиб, уни оёғи остига олди. Гуёки пурвиқор тоғлар бағридан, серчашма гўшалардан ажралиб, тилбилмас муҳитга тушиб қолганига, мусофирчилик, ғарибликнинг жами азиятларига сабаб бўлган кишини топгандай унинг кекиртагидан тутди. Галалашиб, зўрға қутқардик.
Рақиб ўрнидан турди. У аввалгидай мансур ва нописанд эмас, баракс пажмурда вужудга айланганди. Атрофига хавотирона аланглаб, кўзларидан ўт чақнаб турган, қасосга ташна мусулмонларни кўрди. «Ну, ребята, зачем», деди зорланиб.
– Сен – деди Гусейнов, – ҳозир баримизнинг пайпоқларимизни ювиб берасан. Бўлмаса...
У дарҳол кўнди. Аммо болаларнинг бирортаси пайпоғини ечиб бермади.
Содир бўлган ана шу воқеа мушоҳада талаб, албатта. Ўзим ҳам ҳамон у ҳақда бот-бот ўйлаб қоламан. Ҳар қандай зулм ва истибдодга қарши бирлашмоқ керак, деган хулосага келиб қўйганман. Хўш, нега ўшанда ғайридинлар ҳам бирлашмади? Улар кўпчилик эдику. Назаримда дўстлари адолатсизлик учун жазо олганлигини тушунишганди улар.
Тағин бир ҳангоматалаб воқеа.
Ёз кунларидан бирида кичик Гусейнов йўқолиб қолди. Ҳаммамиз хавотирга тушдик. Икки кундан кейин эса ўрмондан унинг жасадини топишди. Полк сесканиб тушди.
Сафдошимиз бошидан ўқ еганди.
Ким бўлди у олчоқ, қотил! Топиб, тошбўрон қилиш керак, онағарни!
Гусейновнинг Озорбайжондан келган қавмлари бу ҳолни очиқдан-очиқ «мусулмонларга қарши террор» дейишди, нима бўлса ҳам қотилни топиш масаласини талаб қилишди. Ўзимизнинг ҳарбий саркардаларимиз бўлса, бу пинҳоний ўқни Совет армиясига қарши кучлар отган, деган хулосага келишди ва тергов органлари олдига масалани кўндаланг қилиб қўйишди.
Талаб қилиш, масала қўйиш, турфа тахминларни қалаштириш осон, албатта. Аммо чеки кўринмайдиган ўрмондан номаълум бир овчини топиш жўн иш эмас.
Шу машъум ҳодисадан кейин бизнинг ўрмон сайрига чиқишимизни таъқиқлаб қўйишди. Шаҳарга ҳам фақат гуруҳ-гуруҳ бўлиб юришимизга ижозат берилди.
Шаҳардаги шов-шувлар, қисмимиздаги норозиликлар авж олиб турган бир пайтда қотиллик тағин такрорланди. Бу гал соҳилда чўмилаётган бир аёлга ўқ тегди. Бераҳм овчи жувоннинг киндигидан бирор қарич пастроқни мўлжалга олганди. Докторлар (худо уларнинг имонини берсин) бу жабрдийданинг ҳаётини сақлаб қолишди. Аммо шаҳардаги ваҳима бундан ҳам авж пардаларга кўтарилди. Тахминлар, гумонлар, дегандай. Медэкспертиза аскар билан аёлни бир киши узоқ масофадан отган, деган хулосага келди. Шундан кейин қисмимиздаги бир полковник масалага тағин равшанлик киритди: машъум ўқ 28 калибрли карабиндан ёхуд дурбинли снайпердан отилган, деб ёзди у газетада. Бу қуроллар, айниқса снайпер икки километр масофадан ҳам бехато ураркан-да. Овози ҳам деярли эшитилмаскан савилнинг. Шундан кейин терговчилар гуруҳининг бошлиғи Тарасов деган киши, ана шундай қуроллар фақат ҳарбийларда бор, демак қотиллик шаҳар теграсидаги қисм кишилари билан боғлиқ, деган хулосага келибди. Бундан бизнинг командирлар тутақиб кетишибди. Фақат шубҳа, гумонлар эмас, норозиликлар ҳам авж олиб кетди.
Навбатдаги қўрғошин бир амалдорга насиб этган экан денг. У ўйнаши билан ўрмонда юрганда, ўқ кекиртагидан тегибди. Ўйнашининг қўлида жон берибди, бояқиш. Мутахассислар ўқ юқоридан туриб (дарахт ёки бино) отилган, деган тахминни айтгач, милиция солдатлар билан ҳамкорликда бутун ўрмонни тит-пит қилиб чиқишибди. Аммо одам овчиси бағоят маккор экан – ўзидан бирорта из, ашё, тахмин учун имкон ҳам қолдирмаган экан.
Галдаги қотилликка ўзим ҳам гувоҳ бўлдим. Давлатшо иккаламиз шаҳар портидан кичик кемага миниб, сайрга чиққандик ўшанда. Кема бир неча километр йўл юриб, орқага қайтиши керак эди. Аммо бу гал негадир ҳалиги манзилдан ҳам ўтиб, илгарилаб кетаверди. Бу ҳам етмагандек, лапанглаб, тик соҳилга қараб кетаверди. Ҳаммани ваҳима босди. Тўтиқушга ўхшаб, шаҳарга ҳамду сано ўқиётган қиз жон талвасасида ичкари кирди-ю, у ердан фарёд чекиб чиқди. Аён бўлишича, ўқ капитаннинг нақ пешонасидан теккан экан. Мукка тушганича ўлиб қолибди, бечора. Бусиз ҳам қўрқувда юрган одамлар талвасага тушиб қолишди. Бир одам ўзини дарёга ташлаб юборди. У сузиб чиқдими, чўкиб кетдими – билолмай қолдим. Кема биқини билан бориб, қирғоққа урилди – мувозанатини тутолмаган кишилар устма-уст бўлиб йиқилишди. Кўп ўтмай одамлар ёрдамга келдилар.
Шаҳар ваҳима оғушида қолганди. Ҳамма жойда – дўкон-у ошхонада, бекат-у ётоқхонада ҳам шу гап эди. Галдаги қурбон ким бўларкин, мабодо мен эмасмикинман, деган нохуш ўй кишиларни тинч қўймасди. Одамлар ноиложликдан милицияни, тергов органларини ва ҳатто ҳукуматни ғийбат қиларди.
Ҳа, тезроқ топиш керак эди ўша бераҳм, тошбағир қотилни!
Тергов гуруҳи ҳарбий прокуратура билан ҳамкорликда қуролларни қайта рўйхатдан ўтказганда, йигирма учта милтиқ (автомат, карабин, снайпер) кам чиқиб қолди. Командирларимиз типирчилаб қолишди.
Ҳарбий соҳада интизом ва ҳисоб-китоб қатъий дейи­шади. Балки бир вақтлар шундай бўлгандир, аммо ҳозирги ҳарбийларни жуда ҳам садоқатли, ҳалол деб бўлмайди. Начора ҳарбийлар ҳам шу жамиятнинг бир бўлаги – мадомики, одамлар аввалгидай эмас эканлар, буни погон таққан кишилардан талаб қилиш – чикора?!
Узоқ вақтгача йўқолган қуролларнинг мутасаддисини топишолмай овора бўлишди. Ҳужжатларда нуқсон йўқ, айбни бўйнига оладиган мардни топиш мушкул. Лекин калаванинг учини топган терговчилар ўтган йил истеъфога чиққан бир ? полковникни айблашади. У анча-мунча тархашлик қилиб туради-ю, аммо фактлар, далиллар олдида бош эгади – «ишдан чиққан милтиқларни овчиларга инъом қилганини» айтади. Занғар, занчалиш! Отангнинг мулкимиди?! Уни қамоққа оладилар. Назаримда терговчилар ҳам қамчини ишга солишган бўлишса керак, ҳалиги подполковник 28 калибрли снайперни эллик ёшлардаги, ранги захилроқ кишига юз сўмга сотганини айтишга мажбур бўлади.
Ўтган ўн беш кун давомида тағин тўрт киши (қозоқ чол, Тарасов гуруҳининг бир терговчиси, «Жигули» шофери ва студент машъум ўққа учади). Калаванинг учини топган терговчилар ҳам ишни тезлаштирадилар. Ҳар куни юзлаб судланган, судланмаган, шубҳага олинган одамларнинг ўзини,  суратини кўрсатишади ҳалиги милтиқпурушга. Аммо бир миллион киши яшайдиган улкан шаҳардан бунақасини топиш осон кечмайди.
Шаҳар мажлислар залида ўтказилган матбуот конференциясида баҳсу-мунозара узоқ давом этади. Бир ўқитувчи сўз олиб, терговчилар батамом бошқа томонни титқилаб юборишганини айтади. Қотилни собиқ амалдорлар, брежневчилар, қайта қуриш душманлари орасидан излаш керак, дейди. Чунки улар халқ норозилигини ошириш учун шундай йўлни танлашганини тахминлайди.
Бош терговчини эса муаллимнинг фикридан кўра қиёфаси кўпроқ диққатини тортади. Чунки у эллик ёшлардаги, ранги заҳилроқ кишиб бўлиб чиқадида. Ўша куниёқ унинг суратини, кейинроқ эса ўзини подполковникка кўрсатишади. У эса иккиланади.
Ҳарҳолда уни ҳам тушуниш керак. Бундан неча ойлар муқаддам атиги бир лаҳза кўрган одамимизни биз ҳам яхши таниёлмасак керак.
Муаллимнинг таржимаи ҳоли эса мусаффо бўлиб чиқади. Умр бўйи милиция остонасидан ҳам ҳатламаган экан, шаҳардаги энг яхши адабиёт ўқитувчиси ҳисобланаркан.
Бу гал милиция, хавфсизлик комитети, солдатлар ҳамкорликда пухта операция ўтказишади. Бир балиқчи навбатдаги ўққа учиши билан тахминан икки километр радиусдаги масофани ўраб олиб, ҳар бир кишини обдон текширувдан ўтказишади. Ногаҳонда шу ҳудуддан ҳалиги муаллим ҳам чиқиб қолади. Шубҳаси ортган терговчи тартиб-у таомилни йиғиштириб қўйиб, муаллимни дарахтга тирайди, хиқилдоғидан бўққанича биқинига тўппонча тирайди: милтиқ қаердалигини сўрайди. Қўрқиб кетган ўқитувчи ҳалиги машъум снайперни дарахт кавагидан топиб беришга мажбур бўлади.
Суд қанақа ҳукм чиқарганидан бехабарман. Чунки хизматдан қайтганимда тергов давом этаётганди. Ва надоматлар бўлсинким, одамларни нишонга олишга муаллимни қандай куч мажбур этганини ҳам билолмай қолдим.
Эҳтимол, илк бор овга чиқиб, бирорта жониворни учратолмагандир ва милни беихтиёр бахтиқаро озорбайжонга тўғрилагандир?! Шундан кейин шаҳардаги шов-шувлар ўзини ҳам ҳаяжонга солгандир. Русларда «А»ни айтдингми, «Б»ни ҳам айт, деган нақл бор. Кейин тағин...
Балки шунақа касалликка дучор бўлгандир?!
Билмадим, билмадим... Инсоннинг дили ғаладон эмаски, титкилаб истаган нарсангни топсанг...
ТЎҚҚИЗИНЧИ БОБ

АРТУР

БОЛАЛАР УЙИ. (Детдом). Ота-онасиз ёки қаровсиз қолган болалар учун давлат томонидан очилган тарбия муассасаси. Асосан икки хил бўлади: мактабгача тарбия ёшидаги (3-7 ёшли) ва мактаб ёшидаги (7-18 ёшли)...
Дастлаб б. уйлари 1918 йили ХКС-нинг декрети билан етимхоналар асосида ташкил этилганди. Кейинроқ Ўзбекистонда бойлардан мусодара қилинган катта бино ва боғ-роғларнинг кўпчилиги б у. ихтиёрига берилди.
Ўзбекистондаги б у. сони 44 та бўлиб, уларда 7166 бола тарбияланади (1970.)
Энциклопедиядан

Курсдош дўстим Артур ҳақида ёзганларим ёдингизда бўлса керак. Магарам, такрор бўлсада, таъкидлаб ўтмоғим жоизки, у бағоят зукко, сердард, сермулоҳаза ва шу билан бирга мавҳумроқ одам. Танишганимиз, дўстлашганимизга икки йилдан ошган бўлишига қарамай, Артур камина учун ўқилмаган китоб, ечилмаган жумбоқ.
Бу дўстим учала (ўзбек, тожик, рус) тилда лаҳжасиз бурро гапиради. Мулоҳаза-ю хулосалари мантиқли, гарчанд, гоҳида нописанддай, ҳатто бағритошдай бўлиб туюлса, ёқинқирамай қолса ҳамки, кўпчилигимиз зоҳиран унга қараб интиламиз, жўяли гапларига, фалсафий мушоҳадаларига муштоқлик сезамиз.
Артурнинг болалар уйида вояга етганини эшитиб, дадам илк бор дафъатан довдираб, ҳа йўқ, бе йўқ, уни ўғил қилиб олишга ошиққанларини айтган эдим. Аммо ана шу мўлжал-у муддаолар ҳам сароб бўлиб қолганлиги, ўзгача қилиб айтганда, Артур у кишининг оловланиб турган орзуларига совуқ сув сепиб юборгандан сўнг ҳам уни дараклаб турадиган,  уйга эргаштириб келишимни бот-бот тайинлайдиган бўлдилар. Дўстимнинг одамовлиги эса бунга монелик қилар, деярли ҳечкимникига ҳам бормасди. Назаримда ўзининг ташвишлари етарлидай эди.
1987 йилдан, яъни ўқишга кирганимдан кейин ўтган давр мобайнида у билан анчайин қадрдонлашиб қолдик. Биринчи курсни битириб, иккаламиз ҳам армияга жўнадик. Шунда ҳам хат ёзишиб турдик. Аммо мен ҳис-ҳаяжон билан битилган уч-тўрт қоғозли мактубларимга бир неча каломдан иборат дудмалгина жавоблар йўлларди, холос.
Қисса кўтоҳ, дўстимнинг ижозати билан унинг ўзи ҳикоя қилган монолог-сардафтарини эътиборингизга ҳавола этмоқчиман.
...Ўшанда нақ ўн иккида эдим. Ногаҳонда ўз ота-онам бўлишини беҳудуд дард билан қумсаб қолдим. Майлига, деярдим хаёлан ўзимга ўзим: улар ўқишмаган, кекса, хунук бўлишса ҳам... Дадам қулоғимдан чўзиб, таҳдид билан қўй ёки сигирни боқиб келишни, ер ағдаришни ёхуд ўзга ишларни тайинласа; ойим саҳар чоғи ўйғотиб, сувгами, сутгами юборса ҳам майлига. Ишқилиб, улар бўлишса бас! Йўқ, йўқ, ота-она бағрида ўсган болалар учун бундоқ ҳаваслар батамом бегона. Аслида ана шу саркаш туйғу, лаззатбахш умид аввал ҳам бот-бот ўзини ёдовар қилиб турар, локинда бунақа беҳудуд дарга, енгиб бўлмас орзуга айланмаганди. Эҳ! Бизнинг детдомда Зоир араб деган баджаҳл ва анчайин жоҳил бир қоровул бўгич эди. Эҳтимол, узоқ авлодлари араб бўлишгандир, аммо ўзи ва оиласи аксар самарқандликлар сингари ярим ўзбек, ярим тожикка айланиб қолганди. Девордармиён қўшни бўлиб, рўзғорини детдом ҳисобидан тебратарди. Ошхонамиздан ортиб қолган овқат-у чиқиндилар ҳисобига икки-учта новвос боқишарди. Ҳовлимиздаги дарахтлар остига ҳам беда, маккажўхори экиб олишарди. Оила камбағалгина, ҳалол яшарди. Ташландиқ кроват, стол-стулларни ҳам директорнинг рухсатисиз олишмасди. Зоир амакининг тўрт ўғли бор эди, бари бизнинг мактабда ўқишарди. Иккинчиси (Зокир) билан синфдош эдик. Гоҳида ошхонамизга таклиф этиб, сариёғ, колбаса билан сийлаб турардим.
...Бундай дақиқаларда дадасидан чўчиб турарди. Ҳа, фарзандларига нисбатан қаттиққўл, ҳаттоки жоҳилроқдай эди у. Бизга қиладиган шакаргуфторлигини кўп ҳолларда ўғилларидан дариғ тутар, бот-бот уларга бақириб ҳам қоларди. Мўъжазгина ҳовлиларида бўлганимда, ҳар қадамда талабчан, серзарда одамнинг қўли борлигини фаҳмлаб олардим. Зоир амакининг хотини касалвандроқ эди. Эри ўғилларини уришаётганда, хавотири чандон ошиб турар, гоҳида зорланибгина орага кирар, вазиятни юмшатиш илинжида бўларди. Ана шуларнинг барига қарамай хаёлимга: «шу оила мени (бешинчи) ўғил қилиб олмасмикин» деган умид келиб қолди. Муносиб фарзанд бўлардим, ғинг демай, ҳамма юмушларни бажариб қўярдим. Садоқат, ихлос билан... Бунгача эса ота-онамни роса дараклаб, энди уларни ҳеч қачон тополмаслигимга ишонч ҳосил қилганимини ҳам айтиб ўтишим керак, албатта. Майли, бу хусусда кейин тўхталарман. Зоир амакига ўғил бўлиш илинжида у кишига ўзгача эҳтиром кўрсатадиган,  астойдил кўмаклашадиган бўлдим. Мендаги бу ўзгаришлардан амакининг ўзи ҳам, ўғиллари ҳам, қолаверса тарбиячимиз ҳам ҳайрон эдилар. Ниҳоят, ўйлаб-ўйлаб, ана шу зоҳирий туйғумни Зокирга изҳор этишга қарор қилдим. У негадир лоқайдгина тинглади ва дадасининг раъйини сўрайдиган бўлди. «Ойинг менинг ҳам ойижоним бўлади, дедиб тошиб, ака-укаларинг – жигарларим. Ҳужжатларни кейин ҳам расмийлаштираверамиз, рози бўлишса – бас! Тариқча оғирлигим тушмайди. Ҳаммаларингдан кўпроқ ишлайман. Тушунсанг­чи: бу ерда тургим келмаяпти. Мен, мен...» Уёғини айтолмадим. Аммо мен бахтиқаронинг бу ниятим ҳам хокитуроб бўлди. Эртаси Зокирнинг шалвираган, ноумид қиёфасига кўзим тушди-ю, барини тушундим. «Даданг нега кўнмадилар», сўрадим, у лаб жуфтламасданоқ. «...номинг ҳам маъқул бўлмади – мусулмон боласи бўлганда бошқа гап эди дедилар. Биз араб авлодиданмиз...» дудуқланди, охирида гуноҳкорона. Бу – кўргилик, зирқироқ қисмат эди. Номимнинг бир-икки ҳарфи ўрин алмаштирганда, масалан Азнурми, Анзурми бўлганда ҳам етимлигим барҳам топиб, ота-онали, ака-укали бўлиб қолармидим. Бошимни силайдиган одамлар бўларди. Кейинчалик тағин бир ҳақиқатни ҳис этдим, гап фақат номимда ҳам эмас экан – «қўлим ҳалолланмаганлиги» мақсадимга монелик қилибди. Менинг иззат-нафсим оёқости қилинган, умидимнинг мур­ғак муртаклари топталган эди. Эҳ, оғир эди бу дамлар. Шу-шу Зоир амакидан ўзимни четга оладиган бўлиб қолдим. Жонимга қасд қилмоқчи бўлдим-у, аммо ота-онам вафот этган бўлишса ҳамки қавмларим бордир, уларнинг топишим мумкиндир, деган умид мени йўлдан қайтарди. Қариндошлар хусусида сўз юритишдан аввал ота-онамнинг ногаҳоний қисмати ҳақида гапиришим зарурга ўхшаб қолди.
1970 йилнинг куз кунларидан бирида Тошкент томон бораётган «Москвич» Булунғурдан бироз ўтгандан сўнг катта тезликда келаётган МАЗга ўрилади. Шофер ўша заҳотиёқ жон беради. Аммо автомобил миршаблари, докторлар етиб боришганда унинг ёнидаги аёл ҳали тирик бўлади. Бояқиш «болам, болам», дея нолиш қилганича, атрофни тартибсиз пайпаслайди, илтижолар қилади. Қарашса, оёқ остида йўргакланган бир чақалоқ чалажон бўлиб ётибди. Йўлда аёл ҳам жон беради, аммо гўдакни сақлаб қолишади. Ўша балокаш болакай менман, Артурман! Аслида, мен ўлиб, улар тирик қолишганда тузук бўларди. Сағир бўлиб яшагандан кўра... кўплар мени арманими, яҳудийми деб тахминлайди. Аслида ўзбекман. Онам айнан ўзбекчалаб, «болам, болам» деб зорланганини эшитган милиция ходими ҳозир ҳам ҳаёт. Фамилияси – Меликов. Гўдаклар уйида мени ана шу одамдан Айрапетян деган аёл қабул қилиб олган ва ному насабсиз гўдакни Артур деб атаган. У ўша ГАИ ходимини ўз дафтарида негадир Мелников деб қайд этган ва кўп ўтмай менга фамилия излашганда  Мелников деб қўяқолишган. Шундай қилиб, тақдирнинг қалтис ҳазили билан жабрдийда бир ўзбекнинг кимсасиз қолган гўдаги Артур Мелников бўлган. Кейинчалик тарбиячимиз Шоира опа мадади билан ота-онам, қариндошлар изини излаб, Айрапетян билан учрашдим. «Гўдаклигингда кўп йиғлардинг» деди аёл хотираларини жамлаб. Нега кўп йиғлаганимнинг боисини эса, йиллар ўтиб тобора кўпроқ, теранроқ ҳис этяпман. Майли, мавзудан чекинмайлик. Ўша армани аёл калаванинг учини топишда ҳам кўмаклашади: унинг мадади билан Меликовни топдим; қариндошлар ҳақида узуқ-юлуқ маълумотларга эга бўлдим. ГАИнинг собиқ ходими анчайин қариб қолган экан. Рўпарасида бундан ўн икки йил муқаддам чалажон бўлиб ётган болакай турганини эшитиб, ўпкаси тўлиб кетди. Муҳими, ота-онам ҳақида мухтасар бўлмасада айрим гапларни билиб олдим. Бу маълумотлар анчайин тумтоқ эди. Ҳатто исм-шарифлари, тураржойлари ҳам ёдида қолмаган экан. Икковлари ҳам Тошкентда аспирантурада ўқишаркан. Ургутданми, Китобданми – ишқилиб ўша томондан қариндошлар келиб, марҳумларни олиб кетишганини ҳам кўрган экан. Кейин эса салла ўраган бир амаки билан паранжили аёл чақалоқни (мени) олиб кетишмоқчи бўлишибди. Аммо батамом тузалмагунимча докторлар беришмабди. Кейин мени гўдаклар уйига (ҳали детдомгамас) топширишганда изимни йўқотишганми, ёки излаб келишган бўлишса ҳам беришмаганми – буниси менга қоронғу. Айрим дудмал маълумотларга қараганда, ўша саллали амаки бир амалдорнинг чўнтагига пул суққанда (эҳтимол мени олиш учундир) у жанжал кўтариб, акт тузган экан. Йиллар ўтиб, ўша саллали амаки билан паранжили аёлни бот-бот ўйлайдиган, ички бир интиқлик, безовталик билан қўмсайдиган бўлиб қолдим. Балки ўша эркак туғишган амакимдир, тоғамдир... хотини билан ҳамон мени дараклаб, армонда юргандир. Балки аёл аммамдир, мени ўйлаб ғусса чекаётгандир. Мен эса етихонада қавмона илиқ каломга зор бўлиб ётибман. Ўшаларни топганимда эди... Оғушларига олишарди, албатта. Тоғам: «икки товоқ ош қилиб, қўлингни ҳалоллаймиз», деса ҳам ғинг демасдим. Икки йил, ҳа, икки йил ана шундай илҳақлик билан яшадим. Дадам ва ойимдан таш­қари ўша наслу насабимнинг ҳам сиймоларини тасаввуримда яратиб, уларга ҳудудсиз меҳр қўйдим. Кўча куйда ихчам салла ўраган ёхуд ёпинчи ёпинган аёлларни кўрганимда, алланечук бўлиб кетардим. Шундай кунлардан бирида тушимга дадам кирибди. Ўзим тасаввур қилгандай хушқомат, маъруф экан у. «Мана, дебди енгил оҳ тортиб,  савил қолгур диссертацияни ҳам ёқлаб олдим.  Машинага мин – сени қавмлар билан таништирай». Қувониб, унинг ёнидан жой олибман; сойликлар, тепаликлар ортда қолабошлабди. Мабодо қаршимиздан МАЗ чиқиб қолмасин, деб енгил хавотир тортармишман. Ҳадемай бир қишлоққа етиб келибмиз. Қарасам, очиқ майдонда итлар галаси бир аёл билан эркакни ғажиб ётган эмиш. Салласи чувалиб кетган амаки итларга суякми, пулми бермоқчи бўлибди. Кейин ўйғониб кетдим. Ҳақиқатан ҳам ҳовлида итлар ғашланиб, аккиларди. Зоир амаки кимнидир русчалаб сўкди, уни «бродяга» деди. Сўнг итлар ҳам жимишди – атрофга сукунат чўкди. Ҳадемай вақт ҳам шу сукунатга ўхшаб қотиб қолгандай бўлди ва нақ бўғзигача балчиққа ботган кишидай инграб юбордим. Эртаси тарбиячимизга тушимни гапириб бердим. Йўқ, таъбир сўраш учун эмас, ўша номаълум қишлоқларга бориб, жигарларимни дараклаш илинжида эдим. Локинда опамиз хайрихоҳ бўлмади. Назаримда нималардандир чўчиди. Аммо ноумид ҳам қолдирмади: муносиб ота-она топишга сўз берди. Шу орада детдомимизга кўзи ожиз эр-хотин фарзанд илинжида келди-ю, навбатда турган болалардан ҳеч бирининг боргиси келмагач, мен ўртага чиқдим. «Обдон ўйлаб олдингми, Артур» қайта-қайта сўрашарди директоримиз билан тарбиячимиз. «Ҳа, дедим, улар рози бўлишса – бўлгани. Қўлларидан етаклаб, йўлларини мунаввар қилиб юраман». Эр-хотин ҳассага суяниб, диванда мўнға­йибгина ўтиришарди. Шу икки дилга нури мунаввар ато этиш эзгулик эди, албатта. Директоримиз мени бўлажак отам ва волийдам рўпарасига эргаштириб борди-ю: «Мана, сизларнинг фарзандларингиз», деди. Шунда аёл ўрнидан турди, энтикканича мени бағрига босди ва йиғлаб юборди. Фақатгина онаизорларига хос бўлган муаттар ҳиддан карахтланиб қолдим ўзим ҳам. Бағри меҳру ҳароратга лиммо-лим эди унинг. Мен дафъатан онаизоримни топгандай бўлдим. Томоғимга тиқилиб келаётган шўртак туйғуни ютиб, аёлни қучиб олдим, бошимни елкасига қўйиб, гўдакдай йиғладим. «Бу – яхши бола, деди Шоира опамиз хайрлашарканмиз, уни – сизларга, сизларни худога топширдим».  Мен дўстларим билан хайрлашдим. Катта кўчагача уччаламиз ҳам сукут сақлаб бордик. Лекин бу сукунатга не-не надоматлар, ҳайқириқлар мужассам эди. Кўчани кесиб ўтиш олдидан сукунатни ўзим буздим. «Ойи­жон, қўлингизни беринг, мен олиб ўтаман».  Уларнинг уйлари биринчи қаватда экан. Ҳаммаёқ сарамжон, саришта эди. Бир хонани мен учун жиҳозлаб, ҳам қўйишган экан. Кейин меҳмон кутишга тараддуд бошланди. Мен ҳам ишга берилиб кетдим. Кечқурун талай кўзи ожиз кишилар тўпландилар. Аммо диллари равшан эканлиги сезилиб турарди уларнинг. Ойим ва дадам билан шунчалик кўришишса ҳамки, мени бағирларига босиб, ўпишарди. Ҳадемай кайф қилишди ва эркаклар жўр бўлиб, «Сайдинг қўябер сайёдни»ни бошлашди. Мени ғалати туйғу чўлғади. Магарам бу ашулани авваллари ҳам тинглаган бўлсамда, ўзгача сеҳр билан таъсир қилабошлади у. Гуёки ана шу одамларнинг бари ва уларга қўшилган камина ҳам жаллод овчининг тузоғига тушган оҳуга ўхшаб кетардик. «Бечора экан мендек, бечора экан мендек, бечора экан...»
Назаримда тақдиримнинг нохуш кемтиги тўлаётгандай эди. Эҳтимол уларнинг ҳам... Бу шўрликларнинг йўлларига чароғон бўладиган фарзанд зарур эди, менга эса бошимни силаб турадиган ота-она керак. Йўлимга интиқ бўладиган, тобим қочса, пешанамга бормоқ босадиган, далда берадиган, тергайдиган одамлар бор! Меҳмонлар кетгач, уйни йиғиштирдик. Кайфи ошиб қолган дадам ҳамон энтикканича гапирар, ойим жимгина идиш-товоқ юварди. Биринчи тун уйқум келмади, тақдиримнинг кейинги варақлари қанақа рангда бўлишини ўйлаб тонг оттирдим.
Эртаси дадамни паспорт бўлимига олиб бордим. Анчайин расмиятчиликлардан сўнг уларнинг фамилия­сига (Нуриев) ўтказишди. У ердан Артур Нуриев бўлиб чиқдим-у, мактаб томон йўл олдик. Мени олтинчи синфга қабул қилишди. Болаларнинг аксари тожик бўлишса ҳамки, дарс ўзбек тилида ўтаркан. Бу ҳолдан қувониб, янги ҳаётни бошлаб юбордим.
Она-отам уйда супурги ясашарди. Қил-чўтка фабрикасидан хомашё (сим, ёғоч, сунъий қил, боғланмаган чойсупурги) келтириб беришарди. Дадам билан ойим сандалдайгина дастгоҳда ўтириб, навбатма-нав­бат ишлашарди. Бу юмушни тез ўзлаштириб олдим, аммо мени кўп ишлатишмасди – аяшарди. Она меҳри деган бағоят тиниқ ва муқаддас туйғунинг устиворлигини илк бор туябошладим. Онажоним бошимни бағрига  босиб,  бармоқлари  билан  сочларимни майин тараганда, шакаргуфторликлар қилганда бахтдан ҳип­қириб кетардим. Келажакда доктор бўлиб, унинг қорачиқларига гавҳари мунаввар ато этишни ўйлардим. Гоҳида дадамнинг кайфи ошиб, овозини бир парда кўтариб гаплашганда ойим – оналарга хос инстинкт билан чўчиб, жон ҳовучлаб турар, менинг нозик туй­ғуларимга тегиб қўйишидан хавотир тортар, унга хушомадлар қиларди. Дадамни ҳам тушуниш керак эди, албатта. Сўқир қисмат бу дунёнинг бетакрор ранглари, турфа чеҳраларини кўришдан бенасиб этган, умри чўтка ва супурги ясаш билан ўтиб кетаётган, тирикчилик деган ғирром аравани тортишдан ўзгани билмаган бу одам учун арақ ягона умид, тасалли, таянч нуқтаси эди.
Тан олишим керак – мен бағритош одамман. Эҳтимол, вақтида меҳрга қонмаганим сабаб шунақа бўлиб қолгандирман?! Кўп ҳолларда ойимнинг чексиз меҳр-муҳаббатига муносиб жавоб қайтаролмай қолардим; баръакс бошимни силамоқчи бўлганда, бурилиб кетардим, шакаргуфторликлар қилаётганда сўзини кесардим. Чунки буларнинг бари аллақандай ялтоқланиш бўлиб туюларди менга. Фарзанд меҳрига ташна аёл ҳар гал чанқоқлигича қолаверарди.
Лекин...
Лаънат барига! Мени ўша гўдаклик чоғимда таъ­қиб этган шумшук қисмат бу ерга ҳам етиб келди. Ойимни ток урди. Дазмолнинг сими яланғочланиб қолган экан – айнан менинг шимимни дазмоллаётганда... Мени мактабдан олиб келиб, қора чопон кийгизишди. Кўп йиғламадим. Эҳтимол, дийдаларим вақтида тош бўлиб кетгандир, балки сармаст ҳаёт ортидан аллақандай фалокат келишини ҳис этгандирман – буни каромат қилиш қийин.
Биз барча расм-русумларни адо этдик. Шундан ке­йин дадам тағин кўпроқ ичадиган, жоҳиллик қиладиган бўлиб қолди. Тўғри, ҳушёрлик пайтида надомат чекар, узр сўраган бўлар, валек ичиб олиши билан тағин ўша жаҳолат нуқси юзга урарди. Мен эса бардош билан ўтказардим барини. «Агар сен шумқадам бўлмаганингда, хотиним ўлмасди», деди у бир куни. Суяк-суягимдан ўтиб кетди бу маломат. Эҳтимол, у ҳақдир?!
Бош олиб кетишдан ўзга йўлим йўқ эди. Аммо қаерга бориш, нима иш қилишни билмасдим. Инсон боши тошдан қаттиқ деганларидек, мен манглайи қорани ҳеч қаерда, ҳеч ким кутмаётганди. Эрталаб сут олишга чиқдим-у, уйга қайтиб бормадим. Алламаҳалгача кўча-куйда санқиб юргач, дилимда ногаҳоний ғулғула, мавҳум хавотирланиш уйғонди. Бу кеча қаерга, бориб тунашни чамалаб, бирор тўхтамга келолмасдим. Болалар уйига қайтиб бориш оғир эди – уердаги рўйхатлардан ўчирилгандим, ўзгача қилиб айтганда, детдомдан насибам узилганди. Шунда қайбирам газетада ҳозирги қамоқхоналар ҳақида ёзилган мақола ёдимга тушди. Унда маҳбусларнинг ҳаётига ҳавасми, ҳасадми бор эди. Эҳтимол мухбир ошириб юборгандир, аммо ётадиган жойи, нону насибасининг тайинлиги аниқ. Болалар уйидан учирма бўлган қисматдошларимнинг аксари бир-икки йил давомида қамоққа тушишининг айрим сабаблари равшанлашаётгандай эди назаримда. Лекин расмиятчилик асосида ташкил этилган жамиятимизда мақсадга эришиш (ҳатто қамоққа тушиш) унчалик жўн иш эмаслигига тезда ишонч ҳосил қилдим. Қандай қилсамки, ўша одамлар даврасига тушсам, деб ўйлардим. Алламаҳалгача кўча кезгач, шаҳар марказидаги истироҳат боғида (албатта, Максим Горький номидаги) скамейкада ўтириб, турфа режалар тузабошладим. Шу пайт қаршимдаги йўлакда бир келинчак пайдо бўлди. Сулув эди у. Қомати, ҳуснидан нуқсон топиб бўлмасди. Эҳтимол куёв билан шу атрофларда учрашмоқчи бўлгандир. Шуни ўйладим-у, негадир ўша қалиққа нисбатан дилимда ҳасад ўйғонди. У аблаҳнинг ётадиган жойи, ризқ-рўзи тайин бўлиш устига, шундай соҳибжамолни ҳам бағрига олиб ётади. Бу қандай ноҳақлик, бедодлик?! Гуноҳим нимада?! Худди шу алам шайтони лаъйинга айланиб, мени васвасага солабошлади! Келинчакнинг бошидаги бухороча зардўзи дўпписини, тилло билагузугини тортиб олмоқчи бўлдим. Қўлга тушсам ҳам, тушмасам ҳам – фарқи йўқ! Нимадан бошлаб, нима билан тугатишни тағин бир бор чамалаб  турганимда, худди ниятимдан огоҳ бўлгандай келинчак хавотирга тўла нигоҳларини менга қадади. Алланечук бўлиб кетдим, гўзаллик қаршисида маҳв бўлиб қолгандим. Нигоҳларимни яшириб, шум ниятимдан ўзим ҳам надомат чекабошладим. Лаънат барига. Ўйлаб-ўйлаб, қаршимдаги  радио-телевизор дўконининг яхлит ойнасини синдиришга аҳд қилдим. Бундан ҳеч ким озор тортмайди, мени эса милиция олиб кетади. Тош излаб, кўчанинг нарёғига ўтган эдим, одамлар давра бўлиб, ниманидир томоша қилаётганини кўриб қолдим. Бош суқиб қарасам, уватга ўтириб олган ўрта ёшлардаги амаки қўлидаги уч дона карта билан қимор ўйнарди. Карталарнинг иккитаси қора, биттаси қизил эди. У ширакайф одамга ўхшаб, картани сузаётганда ҳар гал дудуқланиб: «Қизилини топсанг ютасан, қаросини топсанг, бой берасан», деган жумлани тўтиқушдай такрорларди. Даврадаги тўрт-беш киши йигирма беш, эллик сўмликларни ўртага ташлаб, нуқул ютишарди. Қолганлар андиша қилиб, ўзларини чеккароққа олишарди. Картанинг қизилини топиш жуда жўндай бўлиб туюлди назаримда ва пул ишлаш илинжида чўнтагимдаги ўн сўмликни ўртага ташладим, лекин дарҳол ютқазиб қўйдим. Жуда алам қилди. Бир маҳал анча барвасти ва ширакайф амаки келиб, ўйинга қизиқиб қолди. Кейин нарироқда лоқайд турган новча шеригини чақириб, у билан гаплашиб олгач, юз сўмликни тикди. Аммо у ҳам ютқазиб қўйди. Аслида тўғри кўрсатгандай эди, аммо назаримда қандайдир қаллоблик рўй берди. Йиқилган курашга тўймас, деганларидек, у анча қизишиб, тағин пул тикди. Бу гал қўли баланд келди. Аммо шундан кейин устма-уст бой бераверди. Аламзадалиги ошиб, бирайўла икки юз сўм тикканда, бир кўзойнакли амаки ўйинга аралашиб қолди. «Ўша картага мен уч юз бераман» деди у. Дудуқ (карта сузаётган қаллоб) картани очмай, тағин оширадиганлар борми, деган маънода атрофга аланглади. Барвастининг шериги юз сўм қўшиши билан, кўзойнакли киши тағин оширди. Бай минг сўмга келганда тин олишди. Ҳалиги барваста амаки шеригидан пул олаётганда, қаллоблик рўй берди: дудуқ кўзни шамғалат қилиб, бағоят чаққонлик билан карталар ўрнини алмаштириб қўйди. «Ғирромлик қилди», бақириб юбордим. Шу пайт кутилмаганда ёнимда туриб одамларни ўйинга даъват этаётган ҳалиги кузойнакли амаки юзимга тарсаки тушириб юборди – кўзимдан ўт чақнагандай бўлди. Ногаҳонда давра тус-тўполон бўлиб кетди – барвасти амаки қаллоб дудуқни оёғи остига олиши билан уч-тўрт киши уни аёвсиз тепабошлади. Шунда биров қаттиқ хуштак чалди – тўрт-беш киши ёв келгандай ўзини чеккага олди. Милиционерлар картавоз билан бирга барвасти амакини, кўзойнакли қаллобни, мени машинага тиқиштиришди. Ҳеч ким савол бермаган ва тингламаётган бўлсада, одамлар бир-бирларига гал бермай, ўзларини оқлашар, мусичаи бегуноҳ қилиб кўрсатишарди.
Бўлинмада бир капитан бизни сўроққа тутди. Жабрдийда барваста бор гапни айтиб бергач, дудуқнинг чўнтагини титишди, аммо ундан карта ҳам, пул ҳам чиқмади. Кўзойнакли ипирисқи бўлса кутилмаганда мени киссавурликка, ўша барвасти кишини менинг ҳомийимга чиқариб қўйди. Гапга аралашаман, деганимда капитан сўзимни кесиб тураржойимни суриштирди. Мен олтинчи болалар уйини тилга олдим. Қолган гапларимни тинглагиси ҳам келмади унинг. Назаримда ҳаммаси равшандай эди... Кейин эса мен учун нохушроқ ҳол рўй берди – инспектор мени мотоциклга миндириб, рулни детдом томон бурди. Болалар уйи пешанамга битилган қисмат эканлигига тан бериб, қаршилик кўрсатмадим.
Энди мен бирор кишига фарзанд бўлиб орзусидан ҳам воз кечган эдим. Лекин кўп ўтмай тақдирнинг ўзи мени отага айлантириб қўябошлади. Тенгдошларим орасида пешанаси кўпроқ деворга теккани ўзим эдимда. Улар бот-бот маслаҳат-у мададимга муҳтож бўлиб туришарди, атрофимда жипслашишарди. Ўша йили саккизинчи синфга икки қиз, уч ўғил қатнардик. Ўша пайтдаёқ ўн саккиздан кейинги тақдиримиз хавотирга солабошлаганди бизни.

Ўн саккиз ёшга тўлиб, болалар уйини тарк этган ўсмирлар ва қизларнинг тақдири аянчли. Бу ёшлар ҳаётнинг аёвсиз имтиҳонларига тоб беролмай, кўп ҳолларда букилиб қо­лиш­япти. Энг ёмони, уларнинг бир қисми қамоқхонага тушмоқда. Гулдай қизлар қаллоблар, қўшмачиларнинг ифлос чангалига тушиб қоляпти. Бунга эса уларни тергаб турадиган, тўғри йўлга соладиган раҳнамоларнинг йўқлиги сабабдир.
Педагог сўзидан.
Буларнинг бошини бирлаштиришим, тақдирига ҳидояткор бўлишим лозим эди. Биз умр охиригача оға-ини бўлишга қасамёд этдик.
Аслида биринчи синфга борганимизда беш ўғил, тўрт қиз эдик. Ёдимда: биринчи сентябр куни тарбиячимиз тантана билан мактабга етаклаб борди бизни. Аммо мактаб остонасидан ҳатлашимиз биланоқ «детдом болалари» эканлигимиз билан ажралиб қолабошладик. Бу ётсираш, аниқроқ қилиб айтганда, нописанд­ликнинг асл сабаблари ҳамон менга аён эмас. Болакайларининг қўлларидан етаклаб олган кибор ота-оналар ҳам, серташвиш, серҳаяжон муаллимлар ҳам, ҳатто лакалов болалар ҳам бизга зоҳирий ачиниш билан қарашаётгандай бўлишарди. Шу маҳзун нигоҳларнинг ўзи ҳам сени хору хасдай беқадр эканлигингни бот-бот ёдга солаверарди. Биз ўшандаёқ уюшишимиз зарурлигини ҳис этдик. Баримизни рус синфига қабул қилишди. Чунки детдомда асосан русча савод чиқаргандикда. Номимиз сингари миллатимиз ҳам омонатроқ эди бизнинг. Ўзбекми, тожикми, русми... фарқсиз эди. Йил ўтмай бир кишига камайиб қолдик. Дилора деган нозик-ниҳол қизимизнинг ота-онаси топилди. Бундан баримиз қувондик. Ғалати бўлди ўзи ҳам: тарбиячимиз Шоира опа қизалоқнинг ота-онаси топилганини айтгандан сўнг нигоҳларимиз дарвозадан узилмай қолди. Бояқиш Дилоранинг ҳаяжонини гапирмаёқ қўяй. «Улар мени топиб келишларини билардим, дейди нуқул, ойим билан дадам тушимга ҳам киришган. Ойим ўзимдек ориққина аёл». Бир куни кечқурун ҳовлимизга «Волга» келиб тўхтади. «Дилоражон, келишди», қичқирди Шоира опамиз. Дилора ҳувиллаб йиғлаганича, машина томон югурди. Йўқ, ундан тушган аёл нозикниҳол эмас, баръакс хомсемизгина эди. Шиддат билан югуриб борган Дилора бир лаҳза иккиланиб турди-ю, кейин йиғлаганича аёлнинг бўйнига ёпишди. Биз ҳам аллақандай интиқлик, ташналик, умид билан ўша томонга чопдик. Синглимиз аёлнинг қўллари, бўйинларидан ўпар, пайдар-пай гиналар, койинарди. «Нега мени ташлаб кетдингиз? Нега хабар олмадингиз?» Аёл ҳам кўзларига ёш олди, қизалоқни бағрига босганича, қалтираб, надомат ила бош тебратди. Биз – сағирлар шу дақиқадан кабирга айланган. Дилорага дил тўла дард билан тикилиб қолдик. Сўнг ноўнғай, ясама тавозелар ила кузатиб қолдик.
Кейинроқ англасам, булар бари – Шоира опамиз ўйлаб топган театр (аниқроғи, сценарий) экан. Ўша эр-хотин жуда бадавлат бўлишса ҳамки тирноққа зор эканлар. Кейин фарзанд олишга қарор қилишибди. Эр-хотин аввалроқ келиб, баримизни зимдан кузатишган ва Дилорага келганда диллари андак жизиллаган экан. (Дилоранинг асл ойиси – эрга тегмаган студент қиз бўлиб, уни туғруқхонада қолдириб кетган экан).
Хулласи калом, бирор ҳафта ўтар-ўтмас биз – синфдошлар синглимизни кўргани борадиган бўлдик. Шоира опамизнинг маслаҳати билан гул ва торт сотиб олдик. Мен энг аввало, бу хонадондаги ҳашам ва дабдаба ҳақида гапиришим керак. Шахсан ўзим мармар фавворани, кибор товусларни, оғочлари тўласинча ўймакорлик қилинган, деворлари ганчкор айвонларни ҳеч кўрмагандим. Ичкаридаги юмшоқ креслолар, улкан пианино, рангли телевизор, видео... Баримиз (ҳатто опамиз ҳам) бу бойликлар олдида андак каловланиб, ўзимизни қандай тутишни билмай қолдик. Қадамимиз, ҳаракатларимиз, сўзимиз ножўя чиқиб қолишидан хавотиримиз ошди.
Дарвоқе, Дилора ҳақида. Унинг либослари шунақа шоҳона, кулгилари жарангдор эдики. Синглимиз ҳар биримизни қучоқлаб ўпишга рози эди, аммо биз нимадандир ийманардик, аниқроғи тафовут деган қайсар ҳақиқат кимлигимизни ёдга солаверарди. Дастурхондаги ноз-неъматларнинг айримлари бизга нотаниш эди; уларни егимиз келаётган бўлсада, тупугимизни ютиб, қўлимизни узатмасдик. Хайрлашар эканмиз, Дилоранинг ойиси келиб туришимизни сўраган бўлди, лекин шу билан бирга қизи бахтли бўлиши учун ўз ўтмишини унутиши зарурлигини ҳам нозик шаъмалар ила аён этди. Ўйлаб қарасам, унинг машъум ўтмишини ёдга солиши мумкин бўлган бахтиқаролар фақат биз эдик.
Олтинчи синф пайтимизда тағин бир кишига камайдик. Зуҳур деган дўстимизнинг отаси (ҳақиқий) қамоқдан қайтиб, ўғлини олиб кетди. Хотинини пичоқлаб (хиёнати учун) ҳибсга олинган экан, Зуҳур мўмин бола, содиқ дўст эди. Шунга қарамасдан, у ҳам биз билан боғлиқ риштларни батамом узиб кетди.
Еттинчи синфга боришимиз арафасида Февзи деган дўстимиз мактабнинг тўртинчи қаватидан йиқилиб, ўлди. Бу хусусда батафсилроқ ҳикоя қилиш учун андак чекиниш қилиб, гапни ибтидодан бошлашим керак чоғи. Ўша йили вилоятимизга Қодиров деган киши саркотиб бўлиб келди. Бу одам иш бошлаши билан ҳақиқат ёки афсоналигини англаб бўлмайдиган шов-шувлар кўпайди. Биров: Қодиров навбатда туриб гўшт харид қилганини гапирса, тағин бироз: унинг стадионда футбол тепганини сўйларди. Булар бари ғайритабиий эмас, албатта, аммо киборли амалдорларга кўникиб қолган кишилар учун ғалати эди. Биз болакайларга тағин шу нарса аён бўлдики, Қодиров Термездаги болалар уйида тарбияланган экан. Бу эса дилимизда унга нисбатан илиқ меҳр уйғотди. Болалар  уйларида бўлиб, етимлар билан суҳбатлашаётганлиги, уларнинг ҳақига хиёнат қилганларнинг думини тугаётганлигидан ҳам воқиф бўлдик. Афсуски, бу одам бизнинг детдомга келмади. Аммо Қодировнинг сағирларига бўлган ҳайриҳоҳлигидан айрим корчаллонларнинг фойдаланиб қолиши бизга қимматга тушди. Бунинг тафсилоти эса қуйидагича. Болалар уйида вояга етган, кейин комсомолда, милицияда ишлаган бир аёл саркотибга кириб, болалар уйига, айнан детдомда тарбияланган кишилар директорлик қилиши зарурлигини таклиф қилади. Бу гап Қодировга ўтиришади. Хуллас, кутилмаганда ўша аёл (уни шартли равишда К. хоним деб атамоқчиман) бизга директор бўлиб келди. У ишни (аксар амалдорлардек) интизомдан бошлади. Зоир мўйлов ишдан четлаштирилди ва ўрнига Улуғ Ватан иштирокчиси бўлган баджаҳл чол келди. Бу одам кун бўйи дарвоза олдидан жилмас, рухсатсиз кириб, чиқишга ижозат бермасди. Физкультура муаллимимиз ҳам янгиланди. Бу одам К. хонимнинг эри эканлигини бирор ҳафтадан кейин англадим. Аммо тубан ва қабиҳ эканлиги у ишдан кетгандан сўнг аён бўлди. Ана шу ипирисқи биринчи ҳафта юқори синфдан тўрт ўғил болани ажратиб олиб, самбони ўргатадиган бўлибди. Илк йиғилишда асосан кураш ва гомосексуализм ҳақида сўз кетибди, буларнинг ҳар иккаласи ҳам эркак киши учун зарурлигини шаъма қилибди. Иттифоқо ўшалар орасида Февзи ҳам бор экан. У ҳам индамай қўяқолибди. Бирор ҳафтадан кейин унинг руҳи пажмурда бўлиб, шалвираб қолди. Ҳарчанд қилсам ҳам бунинг тагига етолмадим. Гап шундаки, К. хоним анчайин миллатчи эди. (Ўзи қайси миллатга мансублигини билолмай қолганман). Ҳатто Зоир амакининг араблигини қандайдир кесатиш билан гапириб юргани ёдимда. Бир куни йиғилиш бўлди. Аёл бизга халқаро аҳвол хусусида гапиратуриб, мавзуни беихтиёр қрим-татарлар масаласига буриб юборди. «Қрим-татарлар хоинлик қилишгани учун, Сталин уларни кўчириб юборган», деди. Хуллас, билибми, билмайми Февзининг юрагига ханжар санчди у. Февзи ўз миллатини севар, уни улуғлашга мойил эди. Йўқ, фақат шу қабиҳ туҳмат учун ўзини ўлдирмаган экан у. Ундан бешбаттар ёмон маломатга дуч келибди, бояқиш. Ўша физкультура ўқитувчимиз (тилим бормайди) гомосексуалист экан. Февзидан... Ҳам хотини ҳам эри томонидан таҳқирланган дўстимиз жонига қасд қилган, албатта. Унинг ўлимини эҳтиётсизлик оқибатига йўйишди. Биз етимлар учун югуриб, ҳақиқатни юзага чиқарадиган мард топилмади. Февзининг ногаҳоний ўлимидан қанча ғусса чеккан бўлсам, уни кўмиш маросимидан ҳам шунчалик ўкиндим. Ишдан четлатилган бўлишига қарамай жаноза ўқишга келган Зоир амакини эшикдан киритишмади, калтабинлар! Ана шу оғир дақиқаларда қайғуришдан кўра аксар катталар фалокат оёқ остида эканлигига урғу беришар, негадир ўзларини оқлашарди. Бу ноҳақлик ва носамимийликлар аламимни чандон оширганини тасаввур қилиш қийин эмас. Такрор айтаман, ўшанда ўн тўрт ёшда эдим, лекин шунга қарамай дўстимни қабрга қўяётганда, пичирлаб К. хонимдан қасос олишга қасамёд қилдим. Аммо умр бўйи бирорта жониворга озор бермаган, камситилган, ўкситилган мендай бир бола учун бу унчалик жўн иш эмаслигини кейин ҳис этдим. Тасодифларнинг ҳам ўз қонуниятлари бор, дейишади. Тасодифлар гоҳида одамларнинг тақдирини ўзгартириб юборади. Гап шундаки, бир куни Зоир араб ўғли Зокирни савалаб қолди. Билсам, уларнинг бир қўзиси бангидевана уруғини еб нобуд бўлибди. Қўйларни ана шу гиёҳ бўлган жойда боққани учун тазирини берган экан. «Бангидевона уруғини К. хонимнинг овқатига солсам, ўлмасмикин» деган фикр келди хаёлимга. Бирор ҳафтадан кейин Зокирдан ана шу бутани кўрсатишни илтимос қилдим. Ва меваси добулғага ўхшаган ана шу бадбўй бутанинг уруғидан билдирмай бир ҳовуч олиб, қоғозга ўрадим.
К. хоним одатда эрталаб ишга келганда, навбатчи бўлган бола унинг столига бир стакан қаҳва билан бир стакан қатиқ қўйиши керак эди. Ошхонага навбатчи бўлганимда унинг таомига бангидевона солишни режалаштирдим. Галим келганда, ҳаяжонланмай уруғни янчдим-у уни қаҳвага солдим. Тахминан бирор соатдан кейин К хонимни «Тез ёрдам» олиб кетди. Бир кундан сўнг, «К. хоним жуда оғир эмиш, уни кимдир заҳарлабди», деган овоза тарқалди. Докторлар келиб, ошхонамиздаги таомлардан намуналар олиб кетишди. Ўша куни К. хонимни кўргани борган Шоира опа алаҳлаётганлиги, ҳеч кимни танимаётганлигини айтди. Йўқ, у (ҳарқалай) соғайди. Лекин даргоҳимизга ҳам қайтиб келмади. Ўаёт аввалги – равон изига тушди.
Шу тариқа камая-камая ўнинчи синфгача уч ўғил (камина, Рафиқ, Мирдас) ва икки қиз (Умида, Клара) етиб келдик. Мен ўғил болалардан кўра қизлар ҳақида кўп қайғурардим, уларга бирор кори-ҳол бўлишидан чўчиб яшардим. Сингилларимни назардан қочирмасдим, кўчага ёлғиз чиқармасдим. Лекин ҳарбий хизмат бари ишларимни барбод қилди. Майли, бу ҳақда кейин.
Ўнинчини битириб, ветфакка кирдим. Медфакка кирмоқчи эдим-у, ўтиб кетишимга кўзим етмади. Шаҳарда ўқиганларни қабул қилишмаскан. Рафиқ бўлса педагогика институтнинг филология факультетига ҳужжат топширди.
Адабиётга меҳри баланд эди – шеърлар ёзарди. Келажакда болалар уйи ҳаёти хусусида китоб ёзиш нияти бор эди. Лекин ҳужжат топширгач, шу нарса аён бўлдики, ректорнинг рўйхатига тушмагач бола умуман киролмаскан. Шоира опамиз не-не азиятлар ила қабул комиссиядагиларга илтижо қилибди. Аммо... Кўп ўтмай Рафиқни ҳарбий комиссариатга чақириб, олти ойлик ўқишга жўнатиб юборишди. Мирдас бўлса ўша йили консерва заводига (ётоқхонаси борлиги учун) ишга жойлашди. Умиданинг узоқ бир қариндоши топилиб, уни кооперативга (муқова тайёрлайдиган) ишга олиб кетди. Клара ҳам техникумга киролмай, пиллакашлик фабрикасига ишга кирди. Ўша маҳаллари ҳафта сайин улардан хабар олиб турардим. Германияга жўнатишгандан кейин ҳам эринмай барига хат ёзиб, жавоб талаб қилиб турдим. Шу орада нозанин ва масъум синглим Кларадан хат узилиб қолди. Зудлик билан Мирдасга хат йўллаб, ундан хабар олишни тайинладим. Маълум бўлишича, Клара ошхонага ишга (идиш, товоқ ювишга) ўтиб кетибди. Бунга эса ўша фабрика атрофида яшовчи бетайин болалар сабаб бўлган экан. Аблаҳлар тархашлик қилиб, жону ҳолига қўйишмаган назаримда. Шундан кейин дарагини йўқотиб қўйдим.
Армиядан қайтиб...
Йўқ, аввал бунинг тафсилотини гапириб берай. Бизнинг взводда Турғун деган оқдарёлик бола бор эди. Русчани билмагани, шаҳар кўрмагани сабаб бўш-баёвроқ эди. «Дедовшина» деб аталадиган даққоқлар учун бу айни муддао, албатта. У ярамасларга пайпоқларигача ювиб берадиган малайлар керак. Аслида кишининг ғурурини паймол қиладиган  бу иллат билан детдомда танишганман. У ерда ҳам каттароқ, кучлироқ ўсмирлар ўз-ўзидан ҳукмфармо бўлиб қолишади.
Сўзнинг қисқаси, бизнинг взводда бир грузин бола уч ўзбек (жумладан, Турғун ҳам) ва бир тожик болани зир югуртириб юрган экан. Бир куни у Турғунга дўкондан сигарет келтиришни буюрганда, жавобан: «пошёл...» деворди. Малайидаги ногаҳоний ўзгариш грузинни ғалати ҳолга солди. Аслида эса бу ногаҳоний ўзгариш эмасди: мен ўша итоаткор йигитчаларни тўплаб, роса тарғибот ўтказгандим – бирлашиб ҳужум қилсак, ўзимиз ҳоким бўлиб қолишимизни ўқтиргандим. Хуллас, Турғундан ҳақорат эшитган ҳалиги зўравон мушт тугиб ўрнидан туриши билан биз ҳам шайланиб келдик. Атрофни ўраган қасоскор мусулмонларни кўриб чўкиб кетди, бояқиш. Зарда билан қўл силтаб, «бусулбаны» деди.
Қисса кўтоҳ, Турғун уйига хат ёзиб, мен ҳақимда ҳам ҳикоя қилган экан. Кутилмаганда унинг ойисидан мактуб олдим. «Артуржон, деб ёзганди она, менинг олти ўғлим, уч қизим бор. Агар сен еттинчи ўғил бўлиб келсанг, бошимиз осмонга етарди. Келинни ҳам ўзим топардим. Йўқ, дема, болам». Бошимдаги ташвиш-у масъулиятларни бу бояқиш аёлга тушунтириш осон эмасди. Лекин шунга қарамай, қайтишда Турғунга ҳамроҳ бўлдим. Аёл ўғлидан аввал мени бағрига босиб, ҳувиллаганича йиғлаб юборди. (Эҳ, ўзбек аёллари – меҳри беҳудуд фаришталар!) Қавм-у қариндошлар ҳам бор меҳрларини нисор этдилар менга. Бир-икки кундан кейин уларнинг рухсати билан одамларимни дараклаб йўлга тушдим. Биринчи бўлиб, Мирдасни топдим – у ҳамон ўша заводда ишлаётган экан. «Ака-укаларнинг бари соғми», шошиб сўрадим, қучоқлашиб кўришгач. У кўзига ёш олиб, Рафиқнинг қамалгани, Кларанинг эса ном-нишонсиз йўқолганини гапирди. Оҳ, оғир эди бу зарба мен учун.
Аввал Рафиқнинг қамалиши тафсилоти. Инсонга жуда кўп нарса керакмас, уйда уни кимдир кутиб турса бас, дейди шоир. Аммо аксар етимхоналарнинг болалари сингари ҳарбий таълимдан қайтаётган Рафиққа ҳам пешвоз чиқадиган одам топилмайди. Ўзим Самарқандда бўлганимдаку, ёлғизлатиб қўймасдим-а! Хуллас, самолётдан тушиб, қаёққа боришни билмай, гарангсиб турганда, бир амаки югуриб келиб, эски қадрдонлардек ҳол-аҳвол сўрайди. Бу ҳам етмаганидек, товозе билан қўлидан жомадонини олиб, ташқарига равона бўлади. Рафиқ беихтиёр унга эргашади. Ҳалиги амаки «Жигулиси»нинг багажига жомадонини жойлаб, Рафиқни кабинага таклиф этади. Йўлга тушишар экан ҳарбий хизмат қаерда, қандай ўтганлиги билан қизиқади. Шу куйи машина чорраҳага етиб келади. «Қаёққа ҳайдайин», сўрайди шофер. «Билмайман» елка қисади Рафиқ. «Уй қаерда», «Уй йўқ». «Нега йўқ?» «Детдом боласиман». Ҳалиги амаки тўнғиллаб машинани бир чеккага олади, ҳафсаласи пир бўлганини яширмай, бу гапни тайёрагоҳда айтиш зарурлигини эслатади. Ҳа, аскар болаларни уйига элтиб, анча-мунча пул, совға-салом олишга кўникиб қолган таъмагирнинг ҳолатини ҳис этиш қийин эмас. Йўқ, у Рафиқни тушириб юбормайди – шафқат томирчалари тепиб қолади: аскар йигитчани уйига олиб боради, меҳмон қилади. Кечга яқин эса телефонда ким биландир гаплашиб, Рафиқ ҳақида қисқа-юлуқ маълумот беради, унга иш, ётоқ дараклайди. Сўнг тағин «Жигули»га миниб, Дарғом канали томон йўл оладилар. Хилват жарликлар, тўқайлардан ўтиб, бетон деворлар ва плиталардан чала тикланган бино қаршисида тўхташади. «Тоштемир ака сизга шерик топиб келдим», дейди, қоровулхонадан чиқиб, савол назари билан тикилган амакига. «Тўлаган биладими», сўрайди у. «Ўа, у билан келишдим» дейди шофер.
Ҳа, буни омад деса бўлади. Кимсасиз етим, қўналғасиз бир сағир учун таппа-тайёр иш жойи, ётоқ катта омад эканлигини ҳамма ҳам ҳис этавермаслиги мумкин. Рафиқ бу жойни қурувчиларнинг омбори бўлса керак, деб тахминлайди. Дарҳақиқат расмий ҳужжатларда сув қурилиши трестининг чала биноси ҳисобланган бу панагоҳ маскан аслида машина ўғриларининг омонатгоҳи эканлигини кейинроқ фаҳмлайди. Ўғрибошининг одамлари қўлга тушган чорчархаларни шу ерга яширишаркан. Рафиқ Тоштемир чолдан ана шу ҳақиқатни англагандан кейин ҳам чўчиб тушмайди, дилида ваҳима уйғонмайди, андак ажабланади, холос. Аслида оқибат ва қисмат ҳақида ўйлаб кўрмаслик ҳам болалар уйи муҳитининг аччиқ мевасидир. Оилада (эҳ, у муқаддас даргоҳ) ота-она болаларини турли бало-қазолардан, ногаҳоний фалокатлардан чўчитиб туришади, бу дунёда ўз эшикларидан ташқари касалхона, қамоқхона, қабристон эшиклари ҳам борлигини ёдовар қилишади; жиноят кўчасига оёқ қўйиш оқибатларини ўн чандон ошириб, боланинг дилида ваҳима-ю ғулғула солишади.
Рафиқни бу ерга олиб келган амаки ҳам мафиянинг одами экан. У асосан аэропортда, вокзалда кира қилиб юраркан. Бир-ярим овсар шоферлар машиналарини очиқ қолдириб кетишлари билан бу ёққа ҳайдаб келавераркан. Кейин ўзи ҳалиги жабрдийдани топиб, далда бераркан, дилида умид ўйғотаркан ва охир-оқибатда эгасига қайтариб сотаркан.
Ўғрилар орасида бир озорбойжон йигит, Гена деган рус ҳам бор эди. Улар ҳафтада бир-икки «Жигули» ёхуд «Москвич» олиб келиб, ўзга машинада чиқиб кетишарди. Бу машиналар кўп ҳолларда қисмларга бўлинарди.  Тоштемир  амакининг  айтишича, бу иккаласи машинага минишаркан-у, чеккароқ чиққач, шоферга тўппонча тирашаркан.
Рафиқ бу ерда олти ойлар чамаси хизмат қилгач, кимдир Тошкент-Самарқанд йўлида ўғрибошини отиб кетади. Икки кундан кейин эса бу ерни ҳам милиция босади.
Бу ҳеч гап эмас. Рафиққа уч йил иш беришган экан. У чиқиб келади. Аммо Кларанинг кўргилиги анча маҳзун. Мирдаснинг бир таниши уни пинҳоний фоҳишахонада кўрган эмиш. Мен бир азобда ана шу одамни топиб, айрим тафсилотларни сўраб олдим. Унинг нақл қилишича, мазкур ғархона микрорайондаги ...уйнинг биринчи қаватида жойлашган бўлиб, тўғридан-тўғри бориб кирилавермаскан. Бағоят пин­ҳон тутишаркан. Айрим ресторану меҳмонхоналарда (у ўша одамларнинг аниқ номларини ҳам айтди) ўзларининг одамлари бўларкан. Суҳбатдошим бу фоҳишахона хусусида изтиробли ҳақиқатларни гапириб берди. Унинг хўжайни бир маҳаллар катта лавозимларда ишлаган, уч-тўртта эрни, анча-мунча ўйнашни янгилаган бузуқи аёл экан. Гулдай қизларни алдам-қалдам билан қўлга тушириб, шу куйга гирифтор қиларкан. Жумладан, ўқишга келган қизларга жой бераркан, пул тўларкан, кейин тўсатдан тўнини тескари кийиб олиб, қарзни талаб қиларкан. Акс ҳолда милицияга... Шунда уларга ён босган бўлиб, учинчи йўлни – бегона эркак қўйнига киришни тавсия қилиб қоларкан. Бу манжалақи, айниқса болалар уйидан чиққан қизларга кўпроқ тузоқ қўяркан, Чунки...
Мен Кларани шу ифлоснинг чангалидан қутқаришга бел боғладим. «Табассум» ресторанида «маст бўлиб» чиқдим-у швейцарга (ўша аёлнинг одами) юзландим. «Шу тунни бирор жонон билан ўтказиш учун борлиғимдан кечардим», дедим. «Нечун бу гапни менга айтаяпсан», савол назари билан тикилди у. «Ўзингни гўлликка солма, кўмаклаш» дедим илтижо оҳангида. Асосий масала қолиб кетиб, у мен билан мутлақо бошқа нарсаларни гаплашиб кетди. Ўатто сиёсатга ҳам аралашиб, айрим депутатларни лаънатлади ҳам. Гап орасида эса қаерда ишлашим, тураржойим билан ҳам қизиқди. Бундай саволларга аввалданоқ жавобим тайёр эди. «ВАЗ устахонасида ишлайман, Самарқанд райо­нида яшайман, тағин қанақа саволлар бор» сўрадим. Швейцар бошқа савол бермади. Жавобан телефон номерини териб, кимнидир чақирди. Аввал ресторан ҳақида гапирди, бугун товуқ олиб келишганини билдирди. Кейин мен ҳақимда узуқ-юлуқ маълумотлар берди.
Эшикдаги тугмачани босиш олдидан ҳаяжонданми, қўрқувданми бармоқларим қалтираб, тиззаларим ўз-ўзидан букилиб кетаверди. Чол айтгандай қилиб, тўрт бор устма-уст босганимдан кейин қаршимда қорувли бир амаки пайдо бўлди. Салом-аликдан кейин швейцар чолнинг саломини етказдим. Ичкарида диққатга молик ҳеч нарса йўқ эди. Мен фақат бир нарсадан – Кларага юзма-юз бўлишдан қаттиқ хижолат ва хавотирда эдим. Мезбоннинг таклифи билан анча уринган дивандан жой олдим. Шу пайт бегона овоздан воқиф бўлиб, олтмиш беш – етмиш ёшлардаги аёл чиқиб келди. Ёшига ярашмаган пардоз-андоз, ёлғон ишвалар, ясама табассумлар... бу – ўша эканлигидан далолат берарди. Ўа, бу – ўша менинг (эҳтимол сизнинг ҳам) синглимни фаҳш йўлга ундаган, пул учун гулдай норасидаларни қурбон қилган, аблаҳ қўшмачи! Мен юзимга зўрма-зўраки табассум суртиб, манжалақини ўлдириш учун бир неча дақиқа бўғиб туриш ёхуд бошига болта билан тушириш кифоя деган фикрни хаёлимдан кечирардим. «Паспортингиз ёнингиздами» минғирлаб сўради аёл. Ёнимда бирорта ҳужжатим йўқ эди, мен узр сўраган бўлдим. «Абдуллаев тузук юрибдиларми», «Юрибдиларку» дедим мен ҳам лоқайдгина, аммо бу одамнинг кимлиини билмасдим. (Кейин билсам ВАЗнинг бошлиғи экан). У кейин соғлиғим, даромадим билан қизиқиб, анча қаноатбахш жавоблар олди. Шундан кейин ҳалиги қорувли амаки мени ташқари олиб чиқиб, рўпарадаги эшикка тўғрилади. Ҳатто ичкарига олиб кириб, диванда ялпайиб ўтирган, юзларига бўёқ чаплаган сариқ қиз билан таништириб ҳам қўйди. Менинг юрагим дақиқа сайин қаттиқроқ тепар, ҳозир Клара пайдо бўлса ўзимни қандай тутишимни ўйлардим. Эҳтимол уни уришим, сўкишим ножўядир. Бояқишни ана шу ифлос даргоҳга етаклаб келган бадбинлик, муҳтожлик ва ҳидоятсизлик бўлгандир. Бирорта жигаргўшаси бўлганда, бу ҳолдан номус қиларди, йўлдан қайтарарди. «Уятчан йигитчага ўхшайсиз-а» ҳазиллашмоқчи бўлди ёнимдаги қиз русчалаб. Мен нима деб жавоб қайтаришни билмасдим. Бахтиқаро Кларани, бу жирканч қафасга тушган қизларни ўйлардим. «Ота-онанг борми?» сўрадим қиздан. Унга нечун бунақа савол бердим, аслида нима демоқчи эдим – ўзим ҳам билмайман. Балки булар бари паришонхотирликдир, алаҳсишдир?! Шу пайт бошқа бир қиз қаҳ-қаҳ отиб кулганича кириб келди. Мен уни танидим – бу Клара эди. У маст бўлиши устига ярим яланғоч ҳолатда эди. Ўрнимдан ирғиб туришим билан у юзимга тикилиб, шундай беҳаё гапни айтдики, умримда бундай таҳқирланганимни эслолмайман. «Клара!» дедим зарда билан. У жавобан яланғоч кўкрагини очиб, ўша гапини такрорлади. Мен унинг юзига тарсаки тортиб юборишим билан диванда ўтирган қиз чинқириб юборди. Зум ўтмай мени шу ерга олиб кирган амаки пайдо бўлди, қаҳр билан қўлимдан тортиб ташқарига олиб чиқди ва подъезд зинапоясидан тушаётганимизда бўйним, елкам аралаш мушт туширди. Мен мўнкайиб кетдим, аммо йиқилмадим. «Амаки...» Мен бу муштумзўрга: «Амаки, сизнинг ҳам қизингиз, қолаверса, опангиз бордирку!» демоқчи эдим, аммо у тағин юзимга тарсаки тортди. Ҳовлидан чиқиб, ювиниб  олдим.
Кларадан батамом ажралганимга ишонч ҳосил қилгандим. У мен учун ўлган эди. Йўқ, бу бегуноҳ қизни фақат қўшмачи аёл ёки анаву муштумзўргина эмас, у билан бўлган ҳар бир ярамас замондошим ўлдирганди. Пажмурда гавдамни зўрға судраб қадам босар эканман, шу уйнинг бошқа қаватларида яшовчи одамлардан, милиционерлардан, раҳбарлардан бутун жамиятдан нафратланардим. Мен армияда бўлганимда гулдай синглимни ўлдирган ана шулар ҳам эди! Лаънат барига!!
Ҳозир Мирдас иккаламиз ижарада яшаймиз. Рафиқ ҳам чиқиб қолса керак. Уни кутиб олишга, албатта чиқамиз. Уччовлашиб, ишласак, ёмон бўлмас... Пул тўплаймиз, уйланамиз. Фарзандларимиз етимлик нима эканлигини билмаслиги учун ҳамма ишни қиламиз.
Худодан сизнинг фарзандларингизга саодат тилаймиз!