суббота, 1 декабря 2018 г.

УЧИНЧИ ҚИСМ


УЧИНЧИ ҚИСМ
ЎТТИЗИНЧИ БОБ

Менинг ойижоним

Бундоқ ўйлаб қарасам, мен сизга бувим, ўртоқларим, ҳатто муаллимларим ҳақида анча батафсил ҳикоя қилибман-у, бу ёруғ оламдаги энг яқин кишим – ойим хусусида узуқ-юлуқ гаплар билан чегараланиб қолибман.
Биз Тошкент (аниқроғи, Калинин райони)га кўчиб келгунимизча мен меҳрибон моможонимнинг бағрларида вояга етдим. Шу туфайли бўлса керак, ойимнинг меҳрига зориққанимни эслолмайман. Фақат жонажон Самарқандни тарк этганимиздан кейингина, она меҳри, деган муқаддас туйғуни чуқурроқ, теранроқ туя бошладим. Оила, деб аталадиган мукаммал вужудни ойимсиз тасаввур қилиш мудҳиш эди. Чунки, у киши ана шу соғлом вужуднинг уриб турган юраги эдилар. Лекин надоматлар бўлсинким, бизни дея ўз юракларини анча эрта хасталантириб қўйдилар у киши.

Ойимнинг фақат биз – фарзандларгагина эмас, дадамга, қариндошларга, ҳатто қўни-қўшниларга ҳам борлигини бахшида этадиган жонсўз сиймо эканлигини анча кейин тушундим. Йўқ, буни шунчаки ҳамду сано, деб ўйламанг. У кишининг жонфидолигига ўнлаб мисоллар келтиришим мумкин. Бир воқеа хусусида гапириб берсам, ўзингиз ҳам бунга ишонч ҳосил қилишингиз турган гап.
Аниқ ёдимда: 1 Май байрами (1983 йил) арафаси. Айвонда ўтириб олиб, дарс тайёрлаётган эдим. Ойим ромдан бошларини чиқариб, одатдагидек енгилгина хавотир билан укаларимни кузатиб ўтирган эдилар. Бир маҳал у киши зорланиб, менга мурожаат қилиб қолдилар.
– Улуғжон, қўлимни тут, ўғлим...
Мен картдан ирғиб пастга тушдим. У кишининг ранглари докадай оқарган, вужудлари ҳолсизланиб қолганди. Ойимни суябгина картга ўтқазганимдан кейин, юракларини ушлаб, кўзларини юмдилар.
– Нима бўлди, – сўрадим билинар-билинмас қалтираётган бармоқларидан ушлаб.
«Ҳеч нима», дегандай бош тебратдилар бийим. Укаларимга бирор кор-хол бўлганидан хавотирга тушиб, дарҳол пастга қарадим. Йўқ, Моҳинбону Фирўзни кўтариб юрар, Дилафрўз билан Мирзо болакайлар даврасида эдилар. Одатда, ойим – қаттиқ қўрққан, дафъатан ҳаяжонланган пайтдагина шу куйга тушарди. Ён-атрофларга ҳам аланглаб назар ташладим, лекин дилга дард бўлиб ботадиган бирорта нохушликни кўрмадим. Бэла муаллима болаларга озорбойжончалаб хотиржамгина дашном берар, тўғримиздаги уйнинг йўлаги олдида таниш амаки эски «Москвич» моторига уннарди. Фақатгина бир аёлни ҳисобга олмаганда, бу ердагилар деярли таниш эдилар. Мен нотаниш аёлга разм солди ва эътиборимни, энг аввал унинг соябони ўзига тортди. Бу соябон (кейин билсам, японча экан) гулсафсарнинг оч бинафша рангида бўлиб, соҳибасини қуёшдан тўсиб турарди. Аслида қуёш ҳам унчалик куйдирадиган даражада эмасди. Лекин бу қотмагина хоним сохти-сумбати, рангпарлиги андак бўлса ҳам бузилишини хуш кўрмайдиганларга ўхшарди.
Дарвоқе, гап соябонда ҳам эмас. Бу аёлдан ойим нега бунчалик ваҳимга тушиши, жон ҳовучлаши керак?! Бизнинг микрорайонда бегона одамларнинг бот-бот пайдо бўлиб туриши янгилик эмас-ку!
– Бийижон, нимадан қўрқдингиз-а? – ажабланиб сўрадим.
Ойим такроран сарак-сарак бош тебратди.
Йўқ, у кишини унчалик қуён юрак деб бўлмасди. Самарқанддаги мактабимизда болакайлар зир қақшашарди ойимдан. Қимор ўйнаётган ёки бирор ножўя иш қилаётган бебош шатрамаларга «Шаропова (ойимнинг фамилияси шунақа) келяптилар!» – дейишса бас – бари тум-тарақай бўларди. Дадам ҳафталаб командировкага кетганда ҳам ҳайҳотдай, бунинг устига дару деворсиз ҳовлида бизни она бургутдай зийраклик ҳамда меҳрибонлик билан қўриқлаб ётардилар. Ойижоним туфайли мен мактабда кўкрак кериб юрардим.
Янги манзилгоҳга кўчиб келганимиздан сўнг турфа нохушликлар сабаб бўлиб, ойим зиғирча кўнгилсизликдан ҳам ҳадиксирайдиган, чўчийдиган, гоҳо тунлари нохуш тушлардан фарёд чекиб уйғонадиган бўлиб қолдилар. У кишининг илк юрак-дардларига ўзим сабаб бўлдим ва бу хусусда алоҳида тўхталишга тўғри келади.
Кўчиб келганимиздан икки кун ўтгач, ойим мен билан Моҳинбонуни эргаштириб, ҳовлисида терак, акация ва эманлар айқашиб ўсиб ётган мактабга (унинг пештоқига «Ойбек номидаги 14-ўрта мактаб» деб ёзилганди) олиб бордилар. Мактаб директори Ҳалима Турдиева хушбичимгина аёл экан. У бизни иссиқ қарши олди.
– Мен ўқитувчиман – дедилар ойим салом-аликдан кейин, – кексалар айтгандай, нону насиба тортиб, шу юртларга келиб қолдик.
Ҳечқиси йўқ – гапни илиб кетди директор ҳам табассум билан тасалли берган бўлиб, – мен ҳам, масалан қашқадарёликман.
– Мени ташвишга соладиган нарса, – давом этдилар ойим, – болаларимнинг тақдири. Дадаси иккаламиз уларни ростгўй, ғурурли қилиб тарбиялашга ҳаракат қилганмиз. Янги жойда бирор киши уларни андак бўлса ҳам камситиши, иззат-нафсига тегиб қўйишидан жуда-жуда қўрқаман.
– Бу гапларни хаёлингизга ҳам келтирманг, – деди директор кулиб, – мактабимиз намунали ўқув даргоҳи ҳисобланади. Яқинда биринчининг ўзлари байроқ топширдилар.
Ўша куни синф раҳбаримиз – рус тили ўқитувчиси Светлана Петровна мени болалар билан таништириб, ўзаро иноқ бўлишимизни тайинлади ва олдинги партага ўтқизди. Ойим қайта-қайта хайрлашиб чиқиб кетар экан, томоғимга шўртаккина туйғу тиқилгандай бўлди. Лекин бу бегона болалар мени йиғлоқига чиқаришмасин, деб хаёлимни бошқа томонга чалғитдим.
Орадан бирор ҳафта ўтгач ойимга ҳам қўшни 45-мактабдан ўз таъбирлари билан айтганда «озгина иш» топиб беришди. Кейин синглим Дилафрўзни ҳам ўша мактабга ўқишга олиб кетдилар.
Тан олишим керак, дастлаб синфдошлар (айниқса, қизлар) каминани анчайин эъзозлашди. Табиийки, мен ҳам муҳитга мумкин қадар тезроқ сингишиб кетиш учун ўзимни эркин, хушмуомала тутишга ҳаракат қилдим. Аммо, айниқса, дарсда жавоб бераётганимда айрим болалар ўзаро шивирлашиб нутқимни, аниқроғи, самарқандча шевамни мазах қилаётганини фаҳмлаб қолдим. Бора-бора эса улар устимдн куладиган, очиқчасига мазах қилдиган одат чиқаришди. Бу ҳол эса мени жуда тутақтириб юборарди. Табиатан  андак баджаҳллигимни ҳам тан олишим керак, албатта. Шунинг учун уйда қаҳрга миниб қолсам, дадам таниш мақолни такрорлаб қоладилар: «Қоранинг қони чиққунча, сариқнинг жони чиқади». Хуллас, бир куни катта танаффус пайтида А. деган бола билан худди шу хусусда ғижиллашиб қолдик. «Бу опасини бийи деб чақиради», деди-ю, қаҳ-қаҳ отиб кулди у. «Онани  «опа» дейиш – бориб турган бефаҳмлик», дедим жаҳлга миниб. Иккаламиз шу тариқа санлашиб турганда, бир новча бола рақибимни киш-кишлаб қолди. «Пачакилашиб ўтирасанми – сол башарасига, тожикнинг!» Мен чидаб туролмадим: ҳалиги новчанинг нақ башарасини мўлжаллаб зарб билан мушт туширдим. У дод деди. Худди шу пайт кимдир гирибонимдан тутди ва гугурт чўпи учидаги фосфор солиб отиладиган ясама тўппончани юзимни ўнглаб, резинани босди. У гумбирлаб кетди, ўнг кўзим чимиллаб оғриди ва икки қўлим билан уни беркитдим. Ҳадемай ўқитувчилар, завучимиз Мария Ғаффоровна етиб келишди.
Мен шу топда ўзимдан кўра ойимдан кўпроқ хавотир торта бошладим. Мени бу ҳолда кўрса, не кўйга тушаркин, бояқиш?! «Тез ёрдам» мени шифохонага олиб кетди. Докторларнинг бири қўйиб, иккинчиси кўзимни текшираётганда, ойим пайдо бўлдилар.  Врачлар йўл бўшатишди. Ойижоним худди гўдакни қучоқлагандай, мени бағриларига босдилар, киприклари орасидан симоб томчисидай ёш сизиб чиқди. Кейин эса биринчи бор ҳаво етишмаётгандай оғизларини каппа-каппа очиб нафас олдилар, беихтиёр юракларини чангалладилар. Докторлар мени қўйиб ойимга дори ичиришди, муолажа қилишга киришишди, қайта-қайта далда беришди.
Йўқ, қорачиғим зарарланмаган экан, фақат мижжаларимга аллақандай заррачалар қадалибди, холос. Лекин менинг қорачиқларимни четлаб ўтган сочмалар ойимнинг юрагини тешиб ўтганини анча кейин ҳис қилдим. У киши бир умрга хастадил бўлиб қолишларини ўшанда хаёлимга ҳам келтирмагандим.
Ойимнинг иккинчи бор юрак тутқаноғига Аббос муаллимнинг кичик ўғли Иоска (Юсуф), аниқроғи, уни машина нўқиб кетиши сабаб бўлди. Бу нохуш ҳол шундайгина йўлагимиз олдида юз берди. Қизил «Жигули» Иоскани уриб кетди-ю, бир неча қадамгача сургаб борди. Болакайни биринчи бўлиб ойим ердан кўтариб олдилар. Шўрлик Иоска халоскорини топгандай, икки қўли билан ойимнинг бўйнига чирмашди. Унинг юзидан сизаётган қон ойимнинг елкаси бўйлаб оқишда давом этди. Ҳадемай Бэла муаллима фарёд чекканича югуриб келди. Аммо қалт-қалт учиб тушаётган Иоска карахт қўллари билан бийижонимни тағин ҳам қаттиқроқ қучоқлаб олди. Мен унинг бу ҳаракатидан: «Нечун мени бу куйга солиб қўйдинг, ойижон?!» – деган дашномни уқиб олгандай бўлдим.
«Тез ёрдам» уни олиб кетди. Ранги докадай оқарган ойижоним менга мажолсизгина суяндилар. Миллиард кишиларнинг ўпкаси учун етиб ортадиган ҳаво – ойимга келганда, тағин камлик қила бошлади ва бу жуда ачинарли эди.
Хуллас, шунақа гаплар. Мана ойим бугун тағин юрак чангаллаб ўтирибдилар. Ўқ отилган эмас, ҳеч кимни машина ҳам ургани йўқ. Демак, шу фалокатларга тенг келадиган бир нохушлик яқин.
Мен зудлик билан ойимга сув, дори бердим. Алламаҳалдан кейин масала андак равшанлашгандай бўлди.
– Улуғжон, – дедилар у киши, – пастга қара-чи, укаларинг ўйнаб юришибдими?
– Ўйнаб юришибди, – дедим ҳозиржавоблик билан.
– Анову аёл кетдими?
– Қайси? Соябонлими? Ҳа, кетди!
Бийим енгил тортгандай бўлди. Демак, ҳамма гап арвоҳга ўхшаган ўша хонимда. Балки, у ёвуз ниятли кишидир: укаларимни ўлдирмоқчи бўлгандир? Эҳтимол, уларни ўғирлаш пайидадир?! Балки, ашаддий жосусдир... Хуллас, ўйлаб ўйимнинг тубига етолмасдим.
Шундай қилиб, бу жумбоқ сирлигича қолди.
Мен аёлни қарийб ёддан чиқарган эдим. Ўша куни мактабдан қайтаётиб, уни ногаҳонда автобус бекатида учратиб қолдим ва беихтиёр сесканиб тушдим. Чўчиб кетишимнинг боиси сизга равшан бўлса керак: мабодо ойим унинг бехосият шарпасини сезиб қолса, не ҳолга тушади, деб хавотир тортгандим-да. Мен соябонли аёлни зимдан кузатмоқчи бўлдим. Аммо у шиддат билан келаётган «Волга»ни тўхтатиб, орқа ўриндиғига ястанганича ўтириб олди-ю, жўнаб кетди. Менинг эса хаёлларим паришон бўлиб қолди. Кейин уни учратиб қолганимдан ойимни воқиф этиб қўйгим келди-ю, тағин мулоҳазага бориб қолдим.
Эрталаб дадам ойимга дашном бердилар:
– Тушингизда нола чекдингиз! Нимадан қўрқасиз?...
У кишининг узилиб қолган каломидан: «...ахир, ёнингизда мен борман-ку», деган мазмунни ўқиб олиш қийин эмасди.
Ғалати. Ўша тун ўзим ҳам нохуш тушдан уйғониб кетдим. Эмишки... уйимизга чипор илон кириб қолибди. Ойим жон талвасасида қичқириб, ўрнимиздан жилмай туришни тайинлабдилар. Атрофга ҳар қанча алангласам ҳамки газандани учратолмасмишман. «У зонтикнинг ичига кириб кетди», дермишлар ойим ташвишланиб.
Эҳ, ланъат! Лаънат бўлсин барига!
Тасаввуримда мудҳиш қора кучга айланиб қолган соябонли хонимни учинчи бор новвойхона олдида учратиб қолдим. У ёлғиз эмасди: ойим раҳбар бўлган IX «Б» синфида ўқийдиган бола билан бирга эди. (Айрим андишаларга кўра бу боланинг номини шартли равишда Меҳрож деб атамоқчиман). Сафсар гулли зонтик кўтарган аёл яккам-дуккам томчилаётган ёмғирдан ҳимоя қилиш учун Меҳрожни ўз пинжига тортиб олганди. Ногаҳонда онам пайдо бўлишидан чўчиб, атрофга аланглаб қўйдим. Кейин ўзимни босиб олиб, уларни кузатдим. Аёл Меҳрожнинг костюмдаги чангларни қоққан бўлар, тугмаларини назокат билан ушлаб қўяр ва нималар ҳақидадир эҳтирос билан гапирарди. Меҳрож эса аёлнинг сеҳрли кўзларига тикилиб қолганди. Гарчанд, одамларнинг ўзаро суҳбатларига қулоқ тутиш одобсизлик ҳисобланса ҳамки, ўша томонга қараб силжий бошладим. Аммо соябонли аёл навқирон суҳбатдошининг пешонасидан ўпиб, у билан хайрлашди-ю, жўнаб қолди. Меҳрож ҳам нон харид қилиб, хаёллар оғушида уйига жўнади. Мен эса аллақандай ғулғулали, васвасали ўйлар исканжасида қолгандим. «Нима жин уриб Меҳрож унинг домига тушиб қолдийкин?» «Бу Ёсуман аёл ойимнинг ўқувчисини нималар деб авради экан?» «Ойим булардан воқиф бўлса, ҳоли нима кечади?» Хуллас, сарҳисобсиз, сарҳадсиз эди ўйларим.
Ана шу учрашувни ҳам онамдан сир тутишга аҳд қилдим, аммо хато қилган эканман. Буни эса кейинроқ фаҳладим. Мазкур хато хусусида сўз юритишдан олдин сизни Меҳрож ва унинг оиласи билан таништиришга тўғри келади.
Меҳрожлар қаршимиздаги уйнинг биринчи қаватида яшашади. Биз уларникига бир неча бор меҳмон бўлиб ҳам борганмиз. Тўғри, дастлаб Меҳрожнинг ойиси – Махфират хола меҳмон бўлиб келгандилар бизникига. У киши олиб келган «Сказка» деган тортни укаларим билан бир зумда паққос туширгандик. Бу аёл ойим билан асосан ўғли хусусида гаплашганди. Унга алоҳида эътибор беришни, назоратга олиб, яхши ўқитишни илтимос қилганди ўшанда.
– Меҳрож ўзимнинг ўғлимдай гап, – дедилар ойим ўшанда, – айтмасангиз ҳам, бор меҳрим – бахшида.
Аёл – Меҳрож оиладаги ягона фарзанд эканлигини таъкидлаб, у ота-онанинг ёруғ оламдаги ягона умидлари эканлигини аллақандай шикастта оҳангида гапирди. Негадир раҳмим келди у кишига.
Махфират хола иккинчи гал келганда, бизни ҳам уйига таклиф қилди. Дадам бир-икки кун иккиланиб юрдилар-у, ниҳоят ойимнинг қистови билан рози бўлдилар.
Илк меҳмондорчиликда менга аён бўлган нарсалар ҳақида сўз юритадиган бўлсам, гапни Махфират холанинг меҳмоннавозлиги, пазандалигидан бошлашга тўғри келади. Стол шунақа ҳафсала билан безатилгандики, ҳайратга тушмай иложингиз йўқ эди. Синги қилиб пиширилган қатлама, сомсалар; ранго-ранг винегредлар, салатлар; кейинроқ сузилган шўрва, манти... буларнинг бари уй бекасининг юксак дидидан далолат берарди. Махфират хола атрофимизда гиргиттон бўлар, турфа неъматлар билан сийларди.
Меҳрожнинг дадаси архитектор экан. У киши ҳам дадам билан улфатлашиб қолди. Улар аслида Ленинободдан бўлиб, бир неча йил Чимкентда ва бошқа жойларда ҳам яшашибди. Тўрт йил муқаддам шу районга кўчиб келишган экан.
– Нону насиба, нону насиба, – дедилар дадам бу гапни эшитиб, – мана биз ҳам...
Шу тариқа улар билан борди-келди қиладиган бўлиб қолдик. Ҳар сафар ҳамнишин бўлганимизда, аёл ўғлидан гап очар, унинг табиатидаги заррача ўзгаришдан  ҳам ташвишга тушаверади. Махфират холани тушуниш қийин эмасди. Менинг ойим беш фарзандига тақсимлаган меҳр-муҳаббатини у яккаю-ягона жигаргўшасига бахшида этганди. Бу аёл таърифга сиғмайдиган даражада оилапарвар эди.
– Мен шу аёлнинг бир фазилатига тан берганман, – дедилар бир куни дадам, уларникидан қайтиб келгач, – ҳар гал борганимизда бу аёл диван билан шкафни ёки телевизор билан китоб жавонининг ўрнини алмаштириб қўйган бўлади. Шу билан уйга файз киргандай, гўёки бошқа хонадонга кириб қолгандай бўласиз.
– Мен Махфират опадан энг аввал пазандаликни, дастурхон безашни ўрганишим керак, – тан олдилар ойим, грузинча дейсизми, арманча дейсизми –  қотириб қўяди.
Мавзудан тағин чекиниб кетганим учун узр. Гоҳида шунақа йўл тутишга мажбур бўларкан киши. Футболчи ҳам дарвозани мўлжалга олган ҳолда, тўпни ёнга, орқага ошириб туради-ку.
Хуллас, соябонли аёл билан Меҳрожнинг суҳбат қуриши менга батамом тинчлик бермай қўйганди. Орадан бирор ҳафта ўтгач, бу мулоқотдан ойимни воқиф қилиб қўйишга қарор қилдим.
– Бийи, – дедим бир куни у киши хотиржам ўтирганда, – ҳалиги аёл Меҳрожларнинг қариндошими?
Ойим сергак тортди, аниқроғи, сесканиб тушди. Саволимга савол қайтарди.
– Сен уни кўрдингми?
Ҳа.
Ойимнинг авзойи ўзгарди. Жиддийлашиб, савол беришда давом этди. Барини батафсил гапириб берганимдан кейин мени уришишга киришди.
– Гўсала! Шунча вақтдан бери оғзингга талқон солиб юрибсанми?! Хумбош!
Мен бошимни ҳам қилиб ўтирдим. У киши ўзини босиб олгач, менга буюрди.
– Югуриб бор, Меҳрож акангни чақириб кел! Бийим чақиряптилар, химиядан консултация ўтказармишлар, дегин.
Афсуски, Меҳрож билан ойимнинг мулоқотларини тинглашнинг иложи бўлмади. Ойим уни меҳмонхонага олиб кириб, роса койиётганлари, изза қилаётганларини ҳис қилиб турдим. Гоҳида қулоғимга узуқ-юлуқ гаплар ҳам чалиниб қоларди. «Мен сенга айтгандим-ку, ўша жодугар билан гаплашмагин», деб. Меҳрож алламаҳалгача жим турар,  сўнг ғўлдираб қўярди. Ойим овозларини пасайтириб, уни койирдилар. «Махфират опа эшитса, ўлиб қолади-ку!»
Кейин Меҳрож уйдан қизариб-бўзариб чиқди-ю, бошини ҳам қилганича жўнаб қолди. Назаримда хавф-хатарнинг машъум шарпаси чекингандай бўлди. Бу дилсиёҳликлар, нохушликларнинг барига ўша соябонли аёл сабаб эканлигини ҳис қилсам ҳамки, масаланинг туб моҳиятига етолмай, азият чекардим. Ўша аёлнинг машъум арвоҳи қайта пайдо бўлмаслигини жуда-жуда истардим. Лекин надоматлар бўлсинким, ундай бўлиб чиқмади.
Орадан қанча вақт ўтганини аниқ эслолмайман. Бир куни эшигимиз қўнғироғи узиб-узиб жиринглади. Мен одатдагидек, шошилинч илгакни туширдим ва кутилмаганда, қаршимда турган... соябонли аёлни кўрдим. Қўрқиб кетдим, ҳеч нима демай, эшикни қарсиллатиб беркитдим.
– Ким у? – сўрадилар ойим.
– Соябонли аёл, – дедим гуноҳ иш қилиб қўйгандай писиниб.
Ойим бир лаҳза қотиб қолдилар, кейин эса ўктамлик билан бизга кўрсатма бера бошладилар.
– Моҳинбону, столни беза, Улуғ, чой қўй!
Дадамга эса илтимосу илтижо оҳангида буюрдилар.
– Муаллим, сиз кетиб қолманг! Дилимга қувват бўлинг!
Чақирилмаган меҳмонга ойимнинг ўзлари пешвоз чиқдилар. Уларнинг юзма-юз келишлари мен кутгандек-нохушлик билан бошланмади. Аксинча, икковлари ҳам дилларидаги ҳад-ҳудудсиз ғазаб ва нафратларини жиловлаб, сохта табассум билан анча қуюқ ҳол-аҳвол сўрашишди.
– Раҳмат, Рухсора Шароповна, – деди назокат билан соябонли аёл, – мен сизни худди шундай тасаввур этгандим. Туйғуларим зарра бўлса ҳам алдамаганини қаранг-а!
Ойим бош силкиб маъқулладилар ва уни меҳмонхонага таклиф этдилар. Мен чой олиб кирдим. Аёл ҳамон сўзида давом этарди.
– Шу ҳам ҳаво бўлдими? Эрталаб осмон очиқ эди, зум ўтмай ёмғир қўйиб берди.
– Баҳор ҳавоси-да, нима дея оламиз, – кулиб елка қисдилар ойим, – деҳқонларга ҳам қийин бўлди.
Мен эса ажабланардим. Наҳотки бу аёл ана шу мужмал гапларни муҳокама қилиш учун келган бўлса?!
Наҳотки, онамнинг, бутун оиламизнинг таҳлика-ю, ташвишлари замирида ана шу жўн гаплар ётган бўлса?!
Йўқ, ундай эмас! Уларнинг икковлари ҳам ролларини боплаб ижро этаётган актёрларга ўхшашарди шу тобда. Уларнинг юракларидаги гапни мен тахминан қуйидагича изоҳлаган бўлардим:
Ойим. Сен – ярамас илонга кўзим учиб турган эмасди. Тезроқ дардингни айтгин-у тўёғингни шиқиллат!
Соябонли аёл. Сен – ипирисқи муаллима йўлимга тўғаноқ бўляпсан. Ҳали совунимга кир ювмабсан!
Ойим. Ёмонлигингдан ҳам худо сен – гўрсўхтани ана шунақа бахтсиз қилиб яратган!
Соябонли аёл. Илоҳо, у сани ҳам бахтиқаро қилсин!
Ойим. Сан гуноҳларга ботган бандасан – қарғишинг ўзгагамас, ўзингга уради.
Йўқ, улар ҳамон табассум ила, сокин гаплашишар, Орол денгизининг қуриётганлиги, Афғонистондаги воқеаларни сўзлаб, надомат билан бош тебратишарди.
Эҳ, макри минг туяга юк бўладиган аёллар!
Энг зукко дипломатлар ҳам ип эшолмайди сизнинг олдингизда!
– Мен бир бахтсиз аёлман, – мақсадга андак яқинлашмоқчи бўлди меҳмон.
Лекин ойим, кутилмаганда унга нохушроқ зарба бериб юборди.
– Ўзини қоралаган ва бахтидан нолиган кимсалар ўзгаларни ҳам ёмонлаш, бахтсизлигини юзига солиш мақсадида шундай йўлни танлашади.
– Қўрқманг, сизни ёмонламайман, – заҳарханда қилди меҳмон.
Ҳарҳолда, мақтагани келмаган бўлсангиз керак, – истеҳзоли кулди ойим.
Ҳа, тўғри лекин рост гап ҳам совуқ бир нафрат ва ғазаб билан айтилса, туҳматга ўхшаб кетар экан. Биз аёллармиз – назокатдан ўзи маҳрум этмасин!
– Узр. Бунинг устига сиз менинг меҳмонимсиз, – икки қадам орқага чекинган боксчиларга ўхшаб, гап ўзанини ўзга ёққа бурдилар ойим.
Улар тағин бош мавзудан чиқиб, гўшт ва сутнинг ноёблиги, қимматлигидан нолиб кетишди.
– ...картошка деганнинг ўзи нима, – давом этарди меҳмон, – бир килосини тўрт сўм деб ўтирибди, сўхтаси совуқлар! Гўштдан қиммат-а, гўштдан!
– Ойлик олиб яшайдиганлар қийин, – қўшилдилар ойим, – амалдорларга эса барибир: уйларига келтириб ташлашади.
Рақиблар ҳамон асосий масалага яқинлашишдан чўчишарди. Шунинг ўзи ҳам бош мавзу оловдек лов этиб ёниб кетадиган эканлигидан далолат берарди. Аммо муддао теграсида от суриб юриш билан иш битмасди ахир! Шунинг учун ойим мақсадга ўтдилар.
– Мен ҳақимда сизга Меҳрож гапирган бўлса керак-а?
Ҳа, ҳа ҳурмати жуда баланд экан сизга.
– Меҳрож – мўмин-қобил бола, жавоб бердилар ойим, – андак соддалиги бор, холос.  Бўлмаса ўзи онасига ўхшаб тиришқоқ.
– Лоақал тиришқоқлигимни эътироф этганингиз учун қуллуқ! Синчков экансиз! Начора: олма остига тушади-да!
Ойим андак ҳушёр тортиб, давом этдилар.
– Мен сизни эмас, Махфират опани назарда тутяпман.
Орага сукунат чўкди. Пружина юмшаш ўрнига баттар таранглашгандай бўлди. Меҳмон ғазаб ва ҳаяжонларини имкон қадар жиловлаб, аввалгидан ҳам пастроқ пардада давом этди. У овозига ёқимлилик беришга уринса-да, зарда ҳамда кесатиқ оҳанглари сезилиб турарди.
– Унинг ҳақиқий онаси – мен эканлигимни бинойидай биласиз!
У ойимнинг юзига бир лаҳза синчков назар ташлаб, фикридаги ўзгаришларни уқиб олишга ҳаракат қилди. Сўнг овозини кўтариб, давом этди:
– Шунинг учун ҳам соямдан сесканасиз!
– Овозингизни кўтаряпсиз, демак, сиз ноҳақсиз, – дедилар ойим.
– Йўқ, ҳақиқат именна баланд овоз билан айтилиши керак! Токи у ғофил бандаларни уйғотсин! Бу – менинг шиорим! Бошқасини тан олмайман! Тан олмайман! Меҳрожни тўққиз ой вужудимда олиб юрганим – ҳақиқат!
– Халқимизда бир мақол бор, – фикр айтмоқчи бўлдилар ойим. Лекин суҳбатдоши у кишининг гапини лабидан юлқиб олди.
– Вой, мақолга бало борми?! Меҳрожнинг томирларида менинг қоним оқаётганлигини тан оласизми? Зеро бу ҳақиқат ҳар қандай мақол-у афоризмдан қудратли-ку!
– Биз жазавага тушиб кетяпмиз!
Меҳмон тағин алланима балоларни гапирди. Надомат чекиб, кўзига ёш олди. Бу курашда ойим бой бериб қўйишидан чўчиган дадам ниманидир баҳона қилиб, ичкари кирдилар. Ҳалиги аёл вазиятни батамом ўзгартирди, ўзини хору хасдай забун кўрсатиб, дадамга илтижо қилишга киришди.
– Домла, лоақал сиз мени тушунинг! Сизни журналист-ёзувчи дейишди. Суриштириб келса, қонун ҳам мен томонда. Наҳотки, мавжуд қонунни, адолатни ҳимоя қилмасангиз?!
Дадам каловланиб қолдилар. Сўнг савол бердилар.
– Боланинг кўнгли ким билан бўлишда?
– Гап худди ана шу ерда, – бурролик қилди аёл, – эндигина кўндираман, деганда, Рухсора Шароповна уни йўлдан уряптилар!
– Йўқ, сиз уни йўлдан ураётганда, мен болага ҳақиқатни айтдим, – дедилар ойим. – Агар Махфират опа оналик қилолмаган бўлса кетавер, дедим! Ёки нотўғри айтибманми?!
– Нима кераги бор эди бу гапларнинг?! Нечун бу зуғумлар, ситамлар?! Тушунсаларинг-чи, ахир, мен ўшанда уни болалар уйига топширишга мажбур эдим. Гўрингда тўнғиз қўпгур қайнонам билан ярамас эрим...
– Биз учун бу тафсилотларнинг кераги йўқ – унинг сўзини бўлдилар ойим. – Ҳамма гап шундаки, Махфират опа уни ўн олти йил бағрида эъзозлаган.
– Лекин, – тағин ойимнинг сўзини кесди суҳбатдоши ва чап маммасини икки қўллаб ҳовучлаганча, давом этди, – мана бундай қилиб сут эмизгани йўқ!
– Сутингизни сиз ҳам болангиздан дариғ тутгансиз. У аёл бўлса, чақалоқнинг иштончаларини ювган, тушларида чўчимасин, деб бағрига босиб ётган, ўгайлигини бирор нокас айтиб қўймасин деб, шаҳарма-шаҳар кўчиб юрган! Бу ҳазилакам жасорат эмас! Бундай пайтда бағритош одам ҳам шафқат қилади, инсоний туйғулари жунбушга келади.
Орага мавҳумгина сукунат чўкди. Монологлар гуёки тугаб қолгандай эди. Лекин соябонли хоним овозини пасайтириб, киноялигина давом этди.
Ҳа, шафқат керак! Фақат у аёлга эмас, мен ҳам раҳму шафқатга муҳтож ва дахлдор одамман! Келинглар, бундай қиламиз: сиз менга болаларингиздан бирини беринг – олиб кетавераман! Махфират хола ҳам жабр кўрмайди, мен ҳам. Ахир, сизларда беш фарзанд-ку! Бунинг устига сизлар замоннинг пешқадам, гуманист кишилари. Коммунист бўлсаларинг ҳам ажабмас?!
Балконда бу гапни эшитиб ўтирган Моҳинбону иккаламиз чўчиб кетдик. Синглим бегона бир аёлга эргашиб кетишни кўз олдига келтирди, шекилли, дил тўла дард билан йиғлаб юборди. Шукурким, ойим шиддат ила қарши зарбага ўтдилар.
– Сиз жўжаларини ҳимоя қилиш учун ўзидан неча чандон кучли калхатга ташланган товуқни кўрганмисиз? Ёки ини бузилган мушук ҳали кўзи очилмаган боласини авайлабгина тишлаб, ўзи билан олиб кетганини кузатганмисиз? Ахир, биз инсонлармиз-ку!
– Катта ҳарф билан ёзиладиган, – гап суқдилар дадам.
– Мен жигаргўшаларимни ана шу она товуқдай бало-қазолардан ҳимоя қилдим, мушукдай авайлаб олиб юрдим. Сизга ўхшаб, туғасолиб, етимхонага топшириб юбормадим!
Молодец, мамаша!!!
– Қисматимни юзимга соласиз, деб ўйламагандим, – андак бўшашди аёл, – лекин бизнинг ҳар биримизни қандай кўргиликлар кутаётганидан бехабармиз.
– Мени тушунмадингиз, – давом эттирмоқчи бўлдилар ойим, аммо суҳбатдошлари бунга имкон бермади.
– Гапни айтиб қўйиб, «мени тушунмадингиз, ундай демоқчи эмасдим», дейиш бориб турган мунофиқликдир!
Ойим ҳам овозларини кўтариб, аллақандай чигал иборалар билан рақибларининг ножинслигига шаъма қилдилар. Машмаша авжга чиқа бошлади. Боядан бери сукут сақлаб ўтирган дадам фалсафа суқдилар.
– Бир донишманд айтган экан: икки киши жанжаллашаётган бўлса, билки, айб ақллисидадир. Ваҳоланки, икковларингни ҳам ақлли аёллар деб биламан. Бир пиёладан чой ичиб, ўзларингни босиб олинглар.
Дадам бунга ҳам қаноат қилмай, пиёлаларга чой қуйиб баҳсгўйларга узатдилар. Мавзуни бошқа ёққа буриш, вазиятни мўътадиллаштириш илинжида боягина газетадан ўқиган хабарларини ҳикоя қилишга киришдилар.
– Капитализм ҳақиқатан ҳам инқирозга учради. Англияда сигарет, наша чекувчилар орасида ўн олти-ўн етти ёшли ўсмирлар ҳам бор экан. Эрондаги пахта плантацияларида ҳатто ўн тўрт ёшли болаларни ҳам ишлатишаркан. Американи айтмай қўяқолай: негр автомашина харид қилса, ҳафталаб қозонни қантариб қўйишга тўғри келаркан.
Бу топда халқаро аҳволга бало бормиди?! Дадамнинг ўзлари ҳам буни ҳис этдилар, шекилли, сирғаниб чиқиб кетдилар. Аёллар баҳсни қолган жойидан давом эттиришди. Аввал аста-секин, кейин эса анча жиддий мунозара бошланиб кетди. Соябонли аёл ойимдан Меҳрожга йўл кўрсатмасликни сўрар, гоҳида пўписага ўтар, аммо нуқул рад жавобини оларди. Машмаша авж пардаларида кўтарилганда, Моҳинбону иккаламиз тағин хавотирга тушдик. Бу гал дадам уларнинг олдига анча жаҳл билан кирдилар.
– Энди бундай, синглим, – анча салмоқ билан зардалигина гап бошладилар у киши, – хотинимнинг юраги ҳаста. Бунақа қилсангиз, касал бўлиб қолади. У ҳали бизга керак!
– Хўш, менчи? Мен ҳам инсонман! Онам бахтли бўлсин, деб туққан! Ёзувчи экансиз – маслаҳат беринг, йўл кўрсатинг!
У ўзига хос сўзамоллик билан жабрдийда ва жафокаш эканлигини исботлашга киришди.
Ҳукуматимиз ғамхўр, – далда бердилар дадам,– бизнинг жамиятда бахт учун курашган одам бенасиб қолмайди. Сиз ҳам детдомдан бирорта бола олиб, вояга етказинг! Ҳа, энди...
Бу холис маслаҳат аёлга мутлақо ўтиришмаганини унинг авзойидан уқиб олиш қийин эмасди.
– Менинг ўрнимда бўлганингизда, именно шундай қилармидингиз? – сўради у истеҳзо билан.
Дадам нима дейишни билмай андак дудуқландилар, сўнг иддао аралаш овозларини кўтардилар.
– Шу, бизни тинч қўйинг, илтимос! Дилсиёликка ҳеч тобим йўқ!
– Мен ҳеч нима демайман, – деди аёл тағин бир оз давом этган нохуш гуфтигўдан кейин, – ўзига ҳавола қилдим: қизларингиз мендек бахтиқаро бўлсин!
Дадам тутақиб кетдилар. Кўзлари ола-кула бўлиб, юзлари таниб бўлмас даражада ўзгарди. Кейин ҳалиги аёлга қараб бақириб юбордилар.
– Тур-ей, жипириқ!
– Маданиятсиз!
Чақирилмаган меҳмон ташқарига чиқиши билан соябонини олдиму, ғизиллатиб бориб, қўлига тутқиздим ва эшикни ёпдим.
Ойим дадамнинг кўкракларига бош қўйиб, йиғлашга тушдилар.


ЎТТИЗ БИРИНЧИ БОБ

Ногоҳ болта ботди чинор жисмига...

Тошкентга кўчиб келганимиздан кейин бизни биринчи бўлиб йўқлаб келган киши – дадамнинг ўртоқлари Садриддин амаки бўлдилар. У киши умр йўлдошлари билан бир талай майда-чуйда (Самарқанднинг пўлоти нони, шўрданак ва ҳоказо) кўтариб келдилар. Бир кеча меҳмон бўлишди, тирикчилигимиз, қўшниларимиз, кайфиятимиз билан қизиқишди. Улардан ке­йин дадамнинг собиқ ҳамкурслари Мўмин амаки Шерқулов келдилар. Сўнг амаким, тоғам, қариндошлар, қўшнилар... хуллас, ёлғизлатиб қўйишмади.
Шу орада ўзимиз ҳам дадамнинг ишхонадагилари ва бошқа ўртоқларини меҳмонга чақирдик. Одил Ёқубов, Машраб Бобоев, Неъмат Аминов сингари казо-казо ёзувчилар меҳмонимиз бўлишди.
Самарқанддаги  ҳовлимизда меҳмондорчилик учун жамики шароитлр бўлса-да, одамлар аҳён-аҳёнда келишарди. Бу ерда эса аксинча: шароит кўнгилдагидай эмас-у, турли жойлардан келадиган хуштакаллуф меҳмонларнинг кети узилмайди.
Бугун дадам эргаштириб келган меҳмон – амаким тенги, йўқ, у кишидан ҳам ёшроқ – тахминан йигирма тўрт-йигирма беш ёшларда эди. Меҳмонни таърифламоқчи бўлсам, унинг қорачадан келганлиги, новчалигини алоҳида таъкидлаб ўтишга тўғри келади. Темир (кумуш) тишлари йирик-йирик бўлиб, қоп-қора мўйловчаси остида яққол кўзга чалиниб туради. У ҳақда тағин нима десам бўларкан ?! Кийимлари  уринганлиги, эскирганлигиданми ёки бошқа сабабданми хижолат  чеккан,  ҳадиксираб  турганга  ўхшаб  кетарди. Бошқа меҳмонларга ўхшаб қорачиқларида севинч нурлари жилоланмас, аксинча, атрофга дардчил ва маҳзунроқ боқарди.
Дадамнинг – ойимга берган қисқа ва андак мавҳумроқ ахборотидан менга шу нарса аён бўлдики, унинг номи – Ҳожимурод (дадам шунчаки, Ҳожи дардилар) экан. У тўғри қамоқдан чиқиб келаётганини эшитгач, ойим нимадандир хавотирлангандай бўлдилар. Менинг эса қизиқишим чандон ошиб кетди. Негадир бизнинг замонамизда одамларни тиканли сим ортида тутиш тасаввуримга сира ҳам сиғмасди. Бунинг устига Ҳожимурод дегани қотилга, хоинга ёки жосусга ўхшамас, зотан, ёмон ниятли одам бўлса, дадам сира ҳам эргаштириб келмаган бўлардилар. Кўз ўнгимдан эса, киноларда кўрганим – қутурган овчаркаларга эргашиб юрадиган ва ўзлари ҳам ана шу кўппаклардай қопоғон фашистлар, концлагер деб аталадиган машъум қисматгоҳда очликдан силласи қуриган, қоқсуяк одамлар гавдаланаверди. Не-не уқубатларни бошдан кечирган бувим замонага шукроналар ўқиганда, дадам хорижий юртларни ёмонлаганда, муаллимларим бизга берилган бахтдан энтикиб яшашимиз зарурлигини бот-бот такрорлаб турганда, шундай навқирон кишининг қамалишини тасаввур қилиш жўн иш эмас, албатта. Демакки, ё бу одам жуда ёмон, ёки уни қамаганлар ўша фашистлардек тошбағир.
Талай саволларимга  жавоб топиш илинжида нуқул дадам билан меҳмон атрофларида парвона бўлиб юравердим, устма-уст чой дамлаб келдим, бир чеккада дарс тайёрлаган киши бўлиб, зимдан меҳмонни кузатдим, унинг гапларига қулоқ тутдим.
Дастурхон бошида кўп гапирилмади. Меҳмон дадамнинг устма-уст ва шу билан бирга андак пайдар-пай саволларига мухтасаргина жавоб қайтарар, тафсилотларни гапиришни эп кўрмас ёки нохуш хотираларни эслашни хушламасди. Дилидаги аллақандай беҳудуд нафратми, армонми очилиб гапиришга, табассум қилишга монелик қилар, гоҳида бир нуқтага узоқ тикилиб қолар, бошини билинар-билинмас тебратиб, надомат чеккандай бўларди.
– Беш йил, – деди у сиқиққина қилиб, дадамнинг: «Кўришмаганимизга неча йил бўлди», деган саволига жавобан.
– Ўшанда мактабда ишлардингиз-а?
Ҳа, пионервожатий эдим.
– Эсимда, эсимда: газетада босилган мақолангизни ҳам кўрсатгандингиз.
– Шеърларимни ҳам.
– Бир шеърингизни ёдлаб ҳам олгандим.
Дадам аввал андак эслаб олдилар, сўнг бир оз тутилиб, гоҳида меҳмоннинг мададига суяниб, шеър ўқидилар.

Ҳаётда рўй берар ғаройиб ишлар:
Воажаб, воажаб нечун кишилар
Бурро тўтиқушни, ҳассос булбулни
Қафасга солишар,
Аммо ҳеч қачон
Маъшум бойқуш,
Ё шум зағизғон
Қафасга солинмай, озод юради,
Даврон суради.

Меҳмон билинар-билинмас жилмайди. Шунда унинг кўзларида нури мунаввар йилтиллаб кетди. Бу нур меҳмонга шоҳисталик ва шафиқлик ато этгандай бўлди. Шу тариқа Ҳожи (мурод) ўз сардафтарини бирин-кетин варақлашга киришди. Йўқ, у кўпроқ ўша пайтда ёзган ҳаётбахш, қувноқ шеърлари, ҳамду сано билан йўғрилган мақолаларини тилга олиб, ўзининг ношуд, нотавонлигидан надомат чеккан бўлди. Ўтган йиллар давомида бошидан кечирган мусибатлари кўзини мошдай очиб қўйганини таъкидлади.
Алламаҳалдан кейин меҳмонхонада дадамга ва Ҳожи акага ўрин солмоқчи бўлаётганда, ўзим учун ҳам кўрпа олиб кирдим. «Майли, дедилар ойим ҳам, – эркаклар бир уйда ёта қолишсин.»
Лекин биз ярим тунгача ухламадик.
– Ярамас терговчи креслога ўтқазди-ю, давом этарди меҳмон, икки билагимдан унинг суянчиғига, тўпиғимдан оёғига зичлаб боғлади. Қимирлолмай қолдим. Кейин бошимни қучоғига олиб, бор кучи билан чапга буради. Азбаройи шакартомирим узилгандай бўлиб кетди. «Бўйнингга ол, деяпман, бўйнингга ол», дерди нуқул.  Ўзим тенги ўзбек бола-я! Ўйлаб ўйимга етолмайман: бу даражада ваҳшийлашишга қачон улгурди экан?! Қачон? Наҳотки мунис оналаримизнинг дилкаш аллаларини, хушовоз ҳофизларимизнинг дилбар қўшиқларини тингламаган; Қодирийни, Айнийни, Ойбекни ўқимаган бўлса, бу йиртқич?! Унгача биқинимга роса тепишган, уриб тишларимни синдиришганди, фашистлар! Хуллас, ўлиб қолишдан қўрқдим-у, бўйнимга олдим.
– Барибир, хато қилибсиз, – унинг сўзини бўлдилар дадам.
Меҳмон ҳам андак жимиб қолди. Сўнг ўзгача оҳангда давом этди.
– Домла, кечирасиз, аччиғингиз келмасин: юмшоққина ўринга чўзилиб олиб, бу гапни айтиш осон. Баданингизга озгина игна суқилса, қанча азият чекасиз. Ҳатто ари чақишидан ҳам чўчийсиз. Менга дўзах азобини рўпара қилишди, дедим-ку! Инсон улар учун азбаройи май қўнғизидек гап эди. Истаса, товони остига олиб, эзғилаб кетаверарди, олчоқлар! Ҳибсга олган кунлари кэпэзэга ётқизишди. Ишонасизми: беш кишилик хонага ўн олти кишини тиқиштиришди. Аш-шу ўпкамиз учун ҳаво етишмай қолди. Деразани очиб қўйишни илтимос қилдим, аммо-лекин кўнишмади. Ҳавони, табиат бериб қўйган ҳавони раво кўришмади-я! Тасаввур қиляпсизми? Шундай одамлардан мурувват ва адолат кутиш мумкинми? Ҳеч қачон! Йўқ, мен ўшанда ҳам мурувват ва адолатдан умидимни узмаган эдим: судга ишонардим. Ўша ерда монолог ўқиб, ҳақиқатнинг бешафқат зарбаси билан уларни мажақлаб ташламоқчи бўлгандим.
– Хўш, кейинчи? – давомини эшитишга шошилдилар дадам.
– Барини рад этдим судда: ичганим ҳам йўқ, ҳеч кимга қўл ҳам кўтарганим йўқ, бари туҳмат! – деб туриб олдим. Бу ерда биқинимга тепишмади, тишимни синдиришмади, кекиртагимни ҳам тоблашмади. Ҳатто «сиз-сизлаб» муомала қилишди. Аммо-лекин рад этиб бўлмайдиган уйдирма фактлар, далиллар билан ҳиқилдоғимдан тутишди улар. Сўзни биринчи бўлиб ярамас Т.га беришганди, у раис билан партком ўргатган ўша гапларни худди тўтиқушдек такрорлади: «...бир касалванд одамман. Тўй-маърака ҳам камдан-кам бораман! Желудка чатоқ. Правления мени гражданской оборонага бошлиқ қилиб қўйгандан бери,  ичкиликни оғзимга олганим йўқ. Ўша куни жин урди-ю, бир борай, дедим. Энди қишлоқчилик. Хизмат қилиб юрган эдим, бир маҳал укамиз – Ҳожимуроджонни кўриб кўриб қолдим. Сал кайфи бор эканми, ҳар хил пичинг гаплар қилаверди. Текинхўр ҳам деди, нон емас ҳам. Аввал индамадим – бир касалванд одам бўлсам... Кейин: «Укажон уйинга бориб ёт, кайфинг ошиб қолибди», дедим «Сен – ипирисқи манга ақл ўргатасанми?» – деб гирибонимдан олди. «Ман мухбирман, ёзувчиман, уруғингни қуритаман, сан иблисни!» – деди. Укамиз ҳазиллашдими, чиндан қилдими – билолмадим. Бир маҳал денг, итариб юборди, бошим бориб бетонга тегди. Ўлдириб қўймасин деб, дод солдим. Одамлар етиб келишди. Мен бир касалванд одамман. Шундан бери бош оғрийди денг. Докторлар сатресение, дейишяпти».
Ҳа, чечанлик қилибди, – тан олдилар дадам, – эгри мўридан эгри тутун чиқади, деб бежиз айтишмаган.
– Кейин сўзни гувоҳларга беришди. – давом этди Ҳожи ака, – улар ҳам «жабрдийда»нинг гапини тўла-тўкис маъқуллаб чиқишди. Охирида сўзга чиқиб, барини рад этдим: мен хизмат қилиб юрганда, аблаҳ Т. маст ҳолда гирибонимдан олгани, зўрға қочиб қутулганимни гапирдим. «Лекин суд ҳайъатидан илтимос, балки, талабим шуки, – дедим, – аш-шу спектаклни бош режиссёрини топиш шарт. Булар – учаласи ўшанинг кўрсатмаси билан ўқувсизгина рол ўйнаётган артистлар! Модомики шундай қилинмас экан, сизлар – қонунларимиз ҳимоячиларидан ихлосу эътиқодларим бир умрга сўнади». Адвокатим ҳам роса чираниб кўрди, аммо бизда адвокатнинг гапи сариқ чақага олинмаслигини ўшанда қаердан ҳам билай?! Қарангки, врачларимиз ҳам сотилган экан: медэкспертиза мутасаддилари Т. жиддий жароҳатланганлиги, бунинг устига менинг қонимда анча-мунча алкогол борлиги хусусида ҳужжат беришибди. Муҳрида илоннинг расми акс этган бу увада қоғозларни рад этишга қудратим етмасди, албатта: саксон саккизинчи моддани қўйиб, нақ тўрт йилга кесиб юборишди, ножинслар!
– Ярамаслар! – жаҳлга миндилр дадам ва бир оз сукутдан кейин давом этдилар. – Лекин, барибир раиснинг сиздан бунчалик қасос олиши сабабларини тушунолмадим.
– Сабаблари кўп бўлса керак, газетада ҳаммаси бўлиб беш қатор шеърим босилганди.

Порахўр читтакни тутиб, зағизғон,
Деди: бу одатдан кеч, текинтомоқ.
Сенга айтавериб, йиртилди томоқ.
Читтак ҳам порани узатиб шу он
Деди: бу йиртилган томоққа – ямоқ!

Раиснинг порахўрлигини билардим, аммо лақаби зағизғон эканлигини ҳаёлимга ҳам келтирмагандим. Умуман бу шеърни ёзишда ҳеч кимни назарда тутган эмасман. Аммо-лекин раисга қаттиқ ботган экан. Ундан кейин бир мақоламиз чиқиб қолди. Районимизда ресторанлар, маишатгоҳлар кўп қурилаётганлиги, лекин поликлиника, мактабларга кам эътибор берилаётганлигини ёзган эдим. Бунга колхозимиздан ҳам мисоллар келтиргандим. Бир куни раис чақириб қолди. Қарасам, авзои чатоқ. Гапни ҳам чувалаштириб ташлаяпти денг. «Ҳожимурод, мақоланг чиққан экан, тасдиқланмай турибди-ку. Район раҳбарлари дарғазаб... Бу мақолангга неча сўм беради ўзи? Ҳа, майли, гап бунда эмас. Энди рестораннинг очилиш маросимига ким келганини биласан-а? Шахсан ўзлари... Шунинг учун бир нарса ёзсанг, аввал сўрашинг керак». Раис билан бўлган мулоқотимизни редакциядагиларга айтгандим: «Ноъмақул қилибди, сўраш шартмас!» де­йишди. Бу гал қишлоқ магазинларида арақ жуда кўплиги, китоб эса умуман йўқлигини ёздим. Бир ҳафта ўтмай тўйхонада мана шу мунофиқликни уюштиришди.
– Бу ҳақда редакциядагиларга хабар бердингизми?
– Район газетасидан тортиб – Бирлашган Миллатлар Ташкилотигача такрор-такрор ёздим. Тариқча нафи бўлмади. Илоннинг ёғини ялаган раисимиз қилгиликни қилиб қўйиб, дадамга далда ҳам берибди: «Бўлган иш бўлди, бирор йилдан кейин ўзим чиқариб оламан.» Отамиз ҳам содда-да, туллакнинг шу гапига лаққа тушибди. Колхозимизга Шароф Рашидов келганда, арзга кираман, деган экан, умуман яқинлаштиришмабди. Кейин оғайнилардан пул тўплаб, Москвага йўл олаётганда: «Ундай қила кўрманг, айб ўзимдан ўтган эди», деган мазмунда мактуб йўлладим.
– Нега ундай қилдингиз? – ажабландилар дадам.
– Зукко одамлар ашшундай маслаҳат беришди, – деди ва бир лаҳза сукутдан кейин давом этди, – Емел деган шефимиз бор эди, казармада. Лақаби шунақа эди унинг.
– Русми, – сўрадилар дадам.
– Миллатини билмайман, эҳтимол метис бўлса, аммо-лекин ўзбекча ҳам, тожикча ҳам гапираверарди. Русчани-ку қийиб қўярди. Ўша айтдики, ҳозирги амалдорлар орасида зармасти кўп, улар отангни бир кориҳол қилиб қўйишдан ҳам қайтишмайди. Фаррух, Ато амаки деган шерикларим ҳам буни маъқуллашди.
– Да, бу гапда жон бор, – қўшилдилар дадам ва беихтиёр сўрадилар: – Емель дегани қанақа шеф эди? Назоратчими?
– Йўқ, ўзимизнинг маҳбуслардан.
– Нима жиноят қилган?
– Эй, бу катта тарих.
– Одам ўлдирганми? – қизиқишлари сўнмади дадамнинг.
– Йўқ, мусичага ҳам озор бермайдиган одам. Гаплари ҳам тагдор, жўяли. Улар шунчаки битиб кетган амалдорлар, порахўрларнинг бойлигини тортиб олишган. Пугачёвга ўхшаб...
Ғалати, – қизиқишлари ортди дадамнинг, – олганларини булар ҳам ночор кишиларга тақсимлаб берганми?
– Назаримда ундай қилишмаган, барини жамғаришган. Лекин жа-а тадбиркорлик билан иш кўришган улар. Бўрига ўхшаб, нуқул изларини йўқотиб юришган. Бугун Тошкентда бирорта ҳаромхўрни тунашса, эртаси Бухоро ёки Қаршида бошқа бир муттаҳамни қон қақшатишган.
– Да, қизиқ, – суҳбатдошларини тергаб қўйдилар дадам. Менинг кўз ўнгимда эса «Капитан қизи» фильмидаги воқеалар узуқ-юлуқ бўлиб гавдаланди. Бойлигидан ажралиб, хонавайрон бўлган ҳокимлар, қасоскор казаклар ва уларнинг тадбиркор саркори.
– Емелнинг одамларидан тўрт-бештаси фақат разведка билан шуғулланган. Аш-шу пати юлинадиган товуқ қаердан қўшимча даромад қилади, жамғармани қаерга қўяди, уйида қачон, ким бўлади – барини аниқлашган. Гоҳида телефон қилишган, монтёр, страхование агенти бўлиб уйларига киришган, қаерда нима борлигини чамалаб кўришган. Ҳамма нарса аён бўлгач, Емел юзига ниқоб кийиб, икки шериги билан бостириб кирган. Кўп хоналардан эллик, юз минг сўмлаб пул ёки бойлик ўмариб чиқишган. Шуниси қизиқки, жабрдийдаларнинг аксарияти шикоят қилишмаган.
– Бош ёрилса, дўппи остида, – дедилар дадам.
– Йўқ, милиция аш-шу бойликларни қаердан топганини суриштириб қолиши мумкин-да.
– Пул кетса кетсин, обрў кетмасин.
– Партбилет ҳам, – қўшиб қўйди Ҳожи ака ва сўзида давом этди, – лекин бу дунёда бир умр чап бериб яшаб бўлмайди-ку! Улар Навоий шаҳрида қўлга тушишган. Операциянинг обдон пухта тузатилмаганлиги чап берган, бояқишларга.
– Хўш, қизиқишлари тағин ошди дадамнинг. Ўзимнинг ҳам вужудим қулоққа айланиб, меҳмонни тингладим.
– Йўқ, операцияни ҳам жа-а хом, деб бўлмайди. Ашаддий бир порахўр терговчининг изига тушишган, улар ўшанда. Ҳамма нарса аён бўлгач, Емелнинг шерикларидан бири терговчига ички ишлар министрлиги номидан телеграмма йўллаб, зудлик билан Тошкент­га етиб келишини тайинлайди. Терговчи учиб кетгач, тунда Емел ҳалиги уйнинг сигнал тугмачасини босади. «Хўжайинингиздан телеграмма келди», дейди ичкаридан овоз берган бекага ва у эшикни қия очиши билан суқулиб ичкари киришади-ю, тўппончани тўғрилашади. Тасодифни қаранг-ки, ҳалиги аёл эрини кузатиб қўйиб, ўйнашини таклиф этган экан.
Шу ерга келганда, дадам кулиб юбордилар: меҳмон бир лаҳза жимиб тургач, давом этди.
Ҳалиги ўйнаш буларни терговчининг одамлари, деб ўйлайди, шекилли, қўрқиб кетиб, ярим яланғоч ҳолда иккинчи қаватдан сирғаниб тушади-ю, ўзининг Емелнинг шериклари ўтирган машинага уради. Ҳайдашни буюради. Табиийки, улар кўнишмайди. Шунда прокурорлигини айтиб, пўписа қилади. Шу тариқа саннашиб турганда, одамлар тўпланадилар, милиция пайдо бўлади. Уларни олиб кетишади.
– Емел-чи, – сўрадилар дадам. Дарҳақиқат, шу топда мени ҳам қароқчиларнинг ўша сардори қизиқтираётган эди.
– У ўзини чеккароққа олади. Ҳар қалай пулига ишонади. Аммо-лекин ҳалиги ўйнаш ҳақиқатан ҳам прокурор бўлиб чиққандан кейин дўстларни қўтқаришнинг иложи бўлмай қолади. Бунинг устига ишнинг рафтори ҳам ўзгача тус олади. Ножинс прокурор қуйи­даги мазмунда тушунтириш хати ёзади: дўстимни кузатгани келсам, андак кечиккан эканман, шунда бека дастурхон ёзиб, анор, анжир қўйди. Мен энди улардан танаввул қиламан, деб турганда, бу қароқчилар бостириб киришди.
– Вой корчалон-ей, – дедилар дадам.
– Судда, – давом этди меҳмон, баҳсу мунозара авж олиб, масала чигаллашиб турганда, орқада ўтирган Емел ўрнидан туради. «Хўш айтинг-чи, дейди у прокурорга, – анору-анжир еб ўтирган бўлсангиз, нега ташқарига ярим яланғоч ҳолда югуриб чиқдингиз?»
Прокурор саросималаниб қолганда, судья Емелнинг кимлиги билан қизиқади. «Мен уйга бостириб кирган ўша қароқчи бўламан»! – дейди у. «Буни исботлаш керак», дейди судья. «Мен йўл қўйган хато – бунинг исботи, дейди Емел, – ўшанда ўйнашлар қучоқлашиб ётиши мумкинлигини ҳисобга олмаганман». Хуллас, ҳужжатлар қайта терговга оширилди ва бир неча ойдан сўнг суд Емелни етти йил муддатга озодликдан маҳрум этади.
– Шерикларини-чи, – қизиқдилар дадам.
– Гап шунда-да, Емел бор айбни бўйнига олиб, уларни қутқариб қолади. Аммо-лекин Емел дегани қамоқда ҳам шоҳона яшади. Чунки шериклари дуч келган итнинг оғзига пул билан уришарди. Баракда туғилган кунини нишонлади, денг, маҳоват эмас-у, юз шишалар арақ билан коньяк қуйиб берди.
– Қамоқда ичимликни қаердан топишади, – қизиқиб қолдилар дадам.
– Назоратчиларнинг ўзлари олиб келишади. Аш-шу турма бошлиғи ҳам Емел билан соз эди. Зиёфатга казо-казолар келишди. Мен ўшанда «Тушкунлик» деган шеъримни ўқиб бергандим, Емелнинг кўзларидан ёш чиқиб кетди.
– Демак, яхши шеър экан-да, – унинг сўзини бўлдилар дадам, – қани эшитайлик-чи.
Орага мавҳумгина сукунат чўкди. Ҳожи ака паст ва маҳзун оҳангида шеър бошлаб юборди:

Бу тун бобожоним кирмиш тушимга
Эркалаб сўзламиш марҳум мўйсафид:
Қўйгин, кеча қолгин золим дунёдан
У дунё – бебақо
Сердард, ноумид.
Бу дунё ғуссасиз, ғамсиз, жигарим.
Пулга зориқмайсан – пулсиз бу олам.
Буйруқ бермас бунда одамга одам
Ташвишдан, ғийбатдан қутулгун абад...
Бу ерда асаблар эркиндир бирам...
Бу ерда, бу ерда ҳатто йўқ ўлим
Келақол бўтам!

Улар тағин жимиб қолишди. Сўнг меҳмон давом этди.
– Шу-шу бўлди-ю Емел билан ака-ука бўлиб қолдик. «Истасанг, – деди у, – мен шерикларимга айтиб, раисингни гумдон қилишим мумкин.»
– Да, – ажабланардилар дадам.
– Кўнмадим. Аммо-лекин қўли узун эди, шоввознинг. Пул бор эди-да! Жини ёқтирмаган тийиқсиз назоратчиларни танобини тортиб қўяр ёки умуман ишдан бўшатиб юборарди. Орада уч-тўрт кунлаб бедарак бўлиб ҳам кетарди. Лекин жамғарган пули бир умрга етса керак! Ўзи ҳам айш-ишратнинг гадоси эди.
– Пул одамни бахтли қилиши мумкин эмас, – ўз ақидаларини айтдилар дадам. Айниқса, қинғир йўл билан топилгани.
– Мен панжара ортида шунга ишонч ҳосил қилдимки, – деди Ҳожи босиқлик билан, – бизда пул деган нарса, истаган эшигингни очадиган сеҳрли калит экан. Пулинг бўлса, қамоқхонада ҳам жаннатдагидай кун кўрсанг, пул бўлса, йўлингдаги ғовни, нохуш рақибни олиб ташласанг, пул бўлса, ўқишга кирсанг, шифохонага жойлашсанг... Пулсиз маҳбусларнинг қадри – қумурсқадан ҳам паст эди.
– Фақат маҳбусларникигина эмас, – дедилар дадам бу гал хайрихоҳ оҳангда.
– Энди у ерда инсон қадри – сариқ чақага тенгда. Шунчалик хўрлашдики..
– Хафа бўлманг, тақдим, – далда берган бўлдилар дадам.
– Йўқ, хафа бўлмайман! Кўзим мошдай очилди. Қамоқ сабоқ бўлди. Қисматга қасдма-қасд яшашни ўргандим.
Бу билан меҳмон нима демоқчи бўлганини англолмадим. У бир лаҳза сукут сақлагач, сўзида давом этди:
– Пул топиш керак, пул! Ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам.
– Қамоқ сабоқ бўлди, дегандингиз, демак, ундай эмас эканда, – надомат билдирдилар дадам.
Меҳмон тағин жимиди. Мен уни ухлаб қолди, деб ўйлагандим. У эса хотираларини мушоҳада тарозисига солиб кўраётган экан.
– Лагерда Фаррух деган рассом бола билан дўстлашиб қолдик. Олтин йигит эди. Шу айтардики, ҳаётда ҳар ким ўз дидига яраша сабоқ олади. Мадомики мен олган сабоқ сизга ўтиришмаган экан, начора, домла?!
У ўзини оқладими, дадамни айбламоқчи бўлдими, ҳайтовур яхши тушунолмадим. Шу топда мени Фаррух деган рассом йигит кўпроқ қизиқтириб қолганди. Не гуноҳ қилиб ҳибсга тушиб қолдийкин, шўрлик?! Ҳар қалай дадам жонимга ора кирдилар.
– Бу, рассом қанақа ножўя иш қилиб қўйган?
– Эй, бир фалокат! Ўзи рассомларнинг табиати ғалати бўлади. Болага ўхшаб кетишади улар. Тушуниш керак, бояқишларни. Фаррух ҳам тасодифан тушган.
– Қандай? – шошилдилар дадам.
– Бола пақир дарё бўйидаги бир теракни яхши кўриб қолган.
Дадам кулдилар.
– Одам итни, мушукни, какликни яхши кўриб қолиши мумкиндир, аммо...
– Аш-шуда, ишонишмайди, – деди Ҳожи ака, – Фаррух ўша азимжусса теракни таърифлашга тушса, ўзингиз ҳам меҳр пайдо қиласиз унга. Танасига икки кишининг қулочи зўрға етарди, дейди. Сағриси жимирлаб турадиган оппоқ дулдуллар бўлади-ку. Теракнинг бадани ҳам шунга ўхшаркан. Ҳатто шамол бўлмаганда ҳам барглари бир маромда дилкаш хониш қилиб ётаркан. Мен аш-шу таърифлардан кейин «Бойсундаги оқбадан терак», деган шеър ёздим. Ҳоҳишингиз бўлса, ўқиб бераман, аммо лекин узунроқ.
– Майли, кейин ўқирсиз, – дедилар дадам, – аввал Фаррухни гапиринг: нима жин уриб қамалиб қолди?
– Фаррух бора-бора ўша теракни ҳар куни соатлаб томоша қиладиган, бошқа ёқларга кетганда, соғиниб қоладиган бўлади.
– Хўш?!
– Кейин зўр ҳафсала билан унинг расмини чизишга киришади. Бир куни эрталаб бўёқ-мўёқларини кўтариб келса, терак одам бўйи баландликдан арраланиб, шохлари ерда хоку туроб бўлиб ётган эмиш. Табиийки, Фаррух тутақиб кетибди, оташин бўлибди: «Мен хун оламан, унинг кушандасидан!» – дебди. Бир донишманд айтган экан: «оғзимдан чиққан сўз – менинг ҳокимим, бўғзимда қолган калом эса қулим». Жаҳл билан Фаррухнинг оғзидан чиққан ўша сўз – кейинроқ кишанга айланишини ҳеч ким хаёлига келтирмаган албатта. Маълум бўлишича, бир ҳамқишлоқларининг асалариси кўчиб, шу терак кавагига жойлашган экан. Асаларичи ҳарчанд қилса ҳамки, ариларни чиқариб ололмабди; кейин азимжусса теракка арра солибди. Бўлган гап шу! Орадан бир неча ой ўтгандан кейин – Фаррух дарёдан ток билан балиқ овлаётганда...
Негадир меҳмоннинг каломи узилиб қолди. Ва дадамга савол билан мурожаат қилди:
– Кўрганмисиз, шунақа балиқ овлашни?
– Ўзим овлаганман, – ҳозиржавоблик қилдилар дадам ва сўзларини далиллаш учун бўлса керак, тафсилотини ҳам ҳикоя қилишга киришдилар.
– Симнинг бир учини илгак қилиб, симёғочдаги токка уладигу бўёғини сувга ботирдик. Зум ўтмай балиқлар, қурбақалар чалқанча бўлиб чиқаверишди.
– Фаррух ҳам шундай қилган-да, – давом этди Ҳожи ака, – қирғоқдаги болалардан бири балиқлар оқиб кетишидан чўчиб, ўзини сувга отади ва зум ўтмай қалқиб чиқади. Уни ток урган бўлади. Яна тасодифни қарангки, ҳалиги бола асаларичининг ўғли экан. Фаррухнинг бундан бир неча ой олдин айтган ҳалиги гапи ўзгача маъно билан протоколларга қайд этилади. Шундай қилиб, қамаб юборишади.
Меҳмон жимиди. Дадам ҳам индамадилар. Мени эса уйқу боса бошлади. Орадан қанча вақт ўтганини эслолмайман, бир маҳал уларнинг ғўнғиллаб гаплашишларидан уйғониб кетдим.
– ...тожик эди-ю, паспортига «ўзбек» деб ёзилганди, Ато амакининг. Ўзи – асли бухоролик. Икки марта партиядан ўчирилиб, уч марта қамоққа тушган эди, шўрлик.
Ҳа, демак...
– Йўқ, йўқ, у ерда қотиллар ҳам, безорилар ҳам бор эди, аммо Ато амакининг қип-қизил пролетарлиги билиниб турарди. Биз қомоқхоналар билан бирга комсомол комитети учун маъмурий бино қурдик. Эрталаб солдатлар қуршовида ишга жўнардик. Қутурган овчаркалар, вишкадаги сўхтаси совуқ соқчилар, ранги заҳил назоратчиларга биз кўникиб кетдик, лекин Ато амаки нафрат билан қарарди буларнинг барига. «Сен ана шу газандаларнинг расмини чиз, – дерди Фаррухга, – токи келажак авлод биз комсомол штабларини қай тарзда қурганимиздан воқиф бўлсин!» Фаррух бўлса аш-шу Ато амакини расмини чизди. Бўйи баравар қилиб... худди тирикдай. Емел: «Менинг портретимни шунақа қилиб чизсанг, минг сўм бераман,» деди. «Мени кечирасиз, Емел ака, – деди Фаррух, – сизнинг расмингизни чизолмайман.» У ерда Ато амакидан бошқа ҳеч ким ёлчитиб ишламасди ҳам. Чунки жон куйдириб ишлаганни занғар маҳбуслар хуш кўришмасди. Шунга қарамай Ато амаки баримиздан илгарилаб кетарди.
Уйқу киприкларимни қаттиқроқ исканжага ола бошлади. Меҳмоннинг гапи қулоғимга узуқ-юлуқ бўлиб кирарди. Ора-чурада тушимга ҳам ана шундай чала-чулпа воқеалар кириб, хотираларим билан чалкашиб, чувалашиб кета бошлади. Концлагер, инсонни ғажиб ташлайдиган даражада қонга ташна овчаркалар тушимга кирдими ёки хотирамда чарх урдими – ўзим ҳам эслолмай қолдим. Итдай вафодор жониворни одамхўр йиртқичга айлантирган кишилар ким эканлигини ўйладим, улардан зоҳиран нафратландим.
– ...Эллигинчи йили пахта заводини кўтаради, Ўзбекистон бўйича биринчи ўринга чиқаради. Шунда унга орден беришади. Тошкентда орденни тантана билан тақиб қўйгач, бир пиёла чой узатишади. Ато амаки одати бўйича чойни ичиб, унинг шаммасини деразадан ташқарига итқитиб юборади.
– Хўш, хўш, – тергаб қўйдилар дадам суҳбатдошларини.
– Кўриниб турибдики, бу ҳаракатда бирорта бадбинлик ёки ғайритабиийлик йўқ. Аммо чойнинг юқини ташқарига отиб юбориш унга ўн йилга тушишини ўзи ҳам, суҳбатдошлари ҳам ўшанда хаёлларига келтиришмаган, албатта. Чунки чой юқи дераза ортида ўрнатилган Сталин бюстининг бошига бориб тўкилишини тасаввур қилиб ҳам кўришмаган-да, улар.
Уйқум баттар хуруж қилди. Аммо Ато амакининг тақдирини билиш истаги ундан устун келиб, иккала тирсагимга суяниб олдим. Оқланиб келгандан кейин, – давом этди меҳмон, шаҳар яқинидаги колхозга ҳисобчи, бригадир бўлади. Кейин раисликка кўтаришади. Ато амакининг айтишича, олтмишинчи йилларнинг ўрталарида гўшт тайёрлашни кўпайтириш ҳақида қарор чиққан экан.
Ҳа, Хрушчёв пайти эди, – маъқулладилар дадам, – шахсий моллар билан отларга қирон келганди.
– Ато амакининг колхозида икки юз бош зотли қорабайир бор экан. Отахон аш-шуларни гўштга топширилган қилиб расмийлаштиради-ю, барини Қизилқумга ҳайдаттиради. Олти ойдан кейин келган ревизия эса бу найрангни англаб қолади. Ато амакини бу гал кўзбўямачиликда айблашади: партиядан ўчириб, ишини терговга оширишади.
– Бечора, бечора...
– Билмадим неча йил ҳам ётиб келгандан кейин Бухородаги пахта заводига ишчи бўлиб киради. Энди боши шунча деворга теккан одам қобил-мўмин бўлиб юриши керак-ку. Йўқ, отахон ундай қилмайди. Етмиш тўққизинчи йили шахсан Брежневга хат ёзиб, обкомнинг биринчи секретари билан унинг ҳомийлари пул-у олтин тўплашда Бухоро амиридан ўзиб кетишганини маълум қилади. Улар хатни негадир текшириш учун обкомга қайтаришди. Албатта, партия раҳбарини амирга таққослаш – гуноҳи азим. Бунинг устига, табиийки, текшириш пайтида, саркотибнинг пора олганини кўрдим, деган мард топилмайди. Шундай қилиб, шўрлик Ато амакини туҳматчи сифатида етти йилга қаматишади.
Орага бир лаҳза сукунат чўкди. Ҳадемай тушимга дарё соҳилидги азимжусса терак кирди. Унинг устида ўтирган Ато амаки қўлида илондек тўлғанаётган симнинг учини сувга ташлаб юборибди. Аммо балиқ тугул қурбақа ҳам қалқиб чиқмабди. Ато амаки аламдан йиғлай бошлабди.
– ...чол йиғлаб юборди, – тағин Ҳожи аканинг овозидан уйғониб кетдим. «Обком котиби қамоққа тушса ҳам сенга ўхшаб ёвғон ичиб ўтирмайди, – деди Емел, – у бутун авлодини пул билан таъминлаб қўйган». «Йўқ, Емел, – деди Ато амаки, – сен билан мен бошқа олам, бошқа давр одамларимиз. Менга илк бор партия билети беришганда йиғлаб юборгандим. Чунки у менинг эътиқодим эди!» «Улар эса сенинг аслида сароб бўлган эътиқодингга тупуришди: ярамас билетни икки бор бериб, икки бор ҳам қайтариб олишди, уч бор турмага ташлашди». «Бу гал, – деди отахон, – қамоқдан чиқсам, арбобларга ёзиб юрмайман. Халққа мурожаат қиламан! Фарзандларнинг насибасини қирқиб,  бойлик жамғараётган нафси ўпқонларга қарши бош кўтариб чиқинглар, дейман! Ҳафлатда ётманглар, ўз халқини, миллатини талаётган амалдорларни тошбўрон қилинглар, дейман»... «Сени тутиб, тағин қамашади», деди Емел. Отахон жимиб қолди. Кейин йиғлади. Дард билан, хазин ва беадад умидсизлик билан йиғлади.
Меҳмон тин олди. Дадам алланима дедилар. Мен гапни охиригача эшитолмай ухлаб қолибман. Уйғониб кетганимда, меҳмон шеър ўқирди.

Болта ботди, ногоҳ чинор жисмига
Бир ингради дарахт, тўкди аччиқ ёш.
Ажаб, ўт кетса ҳам бор вужудига
Йиғламас эди-ку, берарди бардош?!
Болта сопин таниб, чекканди қайғу,
Ахир, ўз шохидан бўлган эди у.

Ҳожи ака бошқа бир шеърни бошлаганда, уйқу кучлилик қилди-ю, буларнинг бари тушимга улашиб кетди. Атрофи тиканли сим билан ўралган пахта заводи эмиш. Бунт устига чиқиб олган Ҳожи ака муштини ҳавода серпиб шеър ўқирмиш. Синчиклаб қарасам, у Ҳожи ака эмас, Ато амаки бўлиб чиқибди. Кейин Ато амаки ҳам Ҳамзага айланиб қолибди. У эса икки қатор шеърни такрорлармиш:

Уйғон, уйғон, уйғон...
Ётма ғофил бандалар!!!


ЎТТИЗ ИККИНЧИ БОБ

Манглайи қора чол

Мазкур санатория хусусида сўз юритадиган бўлсам, энг аввало, унинг табиати бағоят дилкаш ва бетакрор эканлигини таъкидлаб ўтишим керак. Санатория остонасидан ҳатлашингиз билан вужудингизга майин ва салқингина шабада урилади, дилингизга роҳат бахш этади. Озгина одимлашингиз билан сув сепилган намчил асфалт йўлак иккига бўлинади. Тўғрига кетадиган бўлсангиз, азимжусса чинорлар, тераклар, эманлар, липаларнинг шохлари бир-бирига айқашиб кетиб, ўзига хос «бошпанали» сайргоҳ барпо этганига ишонч ҳосил қиласиз. Икки томондаги дарахтлар ўз вақтида зичлаб ўтказилгани учун бўлса керак, уларнинг таналари бағоят тик ва ҳайратомуз даражада узун бўлиб туюлади.
Бу йўлак сизни ошхона, кўл ва боққа олиб боради.
Чап томондаги йўлка ҳам шунақа сўлим. Шундайгина асфалт юзига оқ бўёқ билан «Саломатлик сўқмоғи» деб ёзилгани жуда ўринли эканлигига тезда ишонч ҳосил қиласиз. Ҳадемай, дарахтлар орасида пойдевори оқ мармар билан безатилган кўп қаватли бино кўзга ташланади. Бу – бош корпус.
Биз истиқомат қиладиган хонача ана шу корпуснинг биқинида. У пастроқ, кўримсиз, зах. Бизга айтишларича, бир рус аёли (врач) урушдан илгари шу ердаги минерал сув таркибини ўрганиб, биринчи бор беморларни даволаган экан.  Ўша пайтларда бу кўримсиз хоначада унинг ўзи ҳам яшаркан, беморларни ҳам қабул қиларкан. Кейин – йиллар ўтиб, шифохона кенгайиб борган, албатта.
Биз келганимизда хонамизда сим кроватлар қўйилган экан. Кўрпа-тўшакни олгач, ётоғимизни ҳам ҳолба-қудрат безашга ҳаракат қилдик.
Назаримда мен гапни анчайин ўртасидан бошлаб қўйганга ўхшайман. Санаторияга келиб қолишимиз тафсилотини андак гапирмасам, тасаввурингиз айқаш-уйқаш бўлиб кетиши ҳеч гап эмас.
Мен каникулга чиқиб, нима қилишимни билмай, дадамнинг таъбирлари билан айтганда, сандироқлаб юрган, кунларим эди. Катталар Самарқандга жўнатишга ваъда беришди-ю, аммо табиийки, бажаришмади. Худди шундай кунларнинг бирида ойим – дадамга жуда муҳим гапни айтадигандай, эътибор талаблик билан дедилар:
– Муаллим, менинг синфимдан тўрт-бешта болани  санаторияга ишга сўрашаяпти. У ерда помидор, зардолу, олма теришармиш.
– Хўш, – сергакландилар дадам коса остида нимкоса борлигидан шубҳаланаиб.
– Ўн-ўн беш кун ишлашади. Шароит жуда яхшимиш.
– Так?! Иннайкейинчи?
– Шуларга Улуғни ҳам қўшиб юборсакми, дегандим-да.
Дадам яна батафсилроқ сўраган сари у киши бурро жавоб қайтариб, боришим зарурлигига урғу беравердилар. Баҳсу-мунозара, одатдагидек, дадам жимиб қолгунча давом этди ва икки кундан кейин биз мактаб ҳовлисида тўпланадиган бўлдик.
Шерикларим – юқори синф ўқувчилари эди. Уларнинг орасида ёши ва жуссаси кичиги ҳам мен эдим. Шунинг учун ҳам ойимнинг ногаҳонда: «Улуғбек, сен буларга раҳбар бўласан», деган таклифи ноўнғай, ҳаттоки ғалати бўлиб туюлди. Кейин билсам, нигоҳлариданоқ анча-мунча  қувлиги сезилиб турадиган новчароқ ўсмирнинг ҳар номи Улуғбек экан; ойим ўшани бизга саркор қилиб тайинлаган эканлар.
Адашим ҳақида яна ҳам батафсилроқ гапирадиган бўлсам, шериклари у билан маълум даражада ҳисоблашиб иш кўришини таъкидлаб ўтишим керак. Улуғбек ҳазил-мутойибага уста бўлиб, жини ёқтирмайдиган кишиларни писанда қилиш, уларнинг қиёфасига киришни ҳам кифтини келтирар экан. У бизни қабул қилиб олган, кўмаклашган Ғайбулла амаки деган қоровулга, биринчи куниёқ Герасим деб лақаб қўйди. Дарҳақиқат, у «Муму»даги Герасимга жуда ҳам ўхшаб кетарди. Елкалари баҳодирона, нигоҳлари ёқимтой эди, бу амакининг. У гунг эмасди, аксинча кўп гапирарди. Ғайбулла амакининг ити ҳам бор эди. Эгасининг ёнидан жилмайдиган бу чўпон ити шу йил дунёга келган бўлиб, тайинлироқ лақаби ҳам йўқ эди. Эгаси гоҳида Олапар, гоҳида Рэкс деб чақирарди. Аммо бу ёқимтой итни адашим Муму, мен Бўри деб атадим. Унга Бўри деб лақаб қўйишимнинг боиси шундаки, ёш бўлса ҳам олди оёқларининг болдирлари йўғон, панжалари бақувват эди, жониворнинг. Бўри гарчанд ўз хўжасини жуда яхши кўрса ҳамки, бошқалардан ҳам бегонасирамасди. Эркалаб сўз қотишингиз билан оёқларингиз остига чалқанча ётиб олиб, мурувват кутарди. Шунда унинг кўзлари ғариб ва бечораҳол боланинг нигоҳларига ўхшаб кетарди.
– Бугун ўрик терамиз, – деди Ғайбулла ака эртаси қуёш чиқар-чиқмас, – қоровулхонадан челак олиб чиқинглар.
Биз ошхона ёнидан ўтиб, катта боққа чиқдик. У тиканли сим билан ўралган бўлиб, қаровсизликдан анчайин ночор аҳволга тушганди. Бефаҳм ошпазлар овқат қолдиқлари, картошка, пиёз пўчоқларини дуч келган жойга ағдаришганди. Фаррошлар  ҳам уларга ўчакишгандай турли-туман увадалар, дори-дармондан бўшаган шишалар, ишдан чиққан асбоб-ускуналарни шу ерга келтириб тўкишганди. Сасиб-бижғиб ётган бу ахлатлар олдидан тезроқ ўтиш учун жадалроқ юрдик. Аммо ичкари кириб ҳам дилимиз равон бўлмади. Сувсизликдан қовжираган ниҳоллар, остига тўкилганича ачиб ётган олма, ўриклар нохуш манзара касб этганди. Боғнинг пойида помидор, картошка экилган бўлиб, уларнинг ҳам палаклари қаровсизликдан бужмайиб қолганди. Ўртароқда эса плёнка тўшалган бўлиб, устига кимдир пала-партишлик билан ўрик ёйганди.
Ҳадемай Ғайбулла ака узун ходани олди-ю, оёқларини андак кериб олганича, ғарқ пишган бир ўрикни қоқишга тушди. У дарахт шохларига зарб билан урганда, мева дув этиб тўкилар ва биз териб улгуролмасдик. Мен қоровулнинг мева қоқишини бир лаҳза кузатиб, «Муму» ҳикоясида Герасимга берилган таърифни эсладим.
«... узун ва маҳкам елка пайлари худди пишангдек гоҳ кўтарилиб, гоҳ тушиб турар эдики, ана шу пайтларда уни томоша қилиш жуда ҳам мароқли эди.»
Ғайбулла амаки ҳадемай қўшни дарахтга ўтиб кетди. Биз қоқилган мевани пешма-пеш териб, плёнка устига ёйишга киришдик. Бу юмуш қарийб тушгача давом этди. Кейин дам олдик.
Ёдингизда бўлса, И.Тургенев (бу машҳур ёзувчига бот-бот мурожаат қилаётганим учун узр) ишбоши Гаврила ҳақида шундай деб ёзади: «Гавриланинг сирли кўзларига ва ўрдак тумшуғига ўхшаш бурнига қарабоқ, бу одамни ишбоши қилиб, тақдирнинг ўзи тайинлаган деб ўйлаш мумкин эди.»
Мазкур жумлани ёдга олишимнинг боиси шундаки, бу даргоҳда ана шу Гаврилага ҳам жуда ўхшаш бир амакини учратиб қолдим. Хоҳишингиз бўлса бу ҳақда батафсилроқ гапириб беришим мумкин.
Санаторияга келганимизнинг учинчи ёки тўртинчи куни эди чамамда. Ғайбулла амаки бизни бош врачнинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари кутаётганини айтиб қолди ва зудлик билан унга эргашдик. Дарвоза олдидаги қоровулхонанинг шундайгина рўпарасида ёғоч карт қўйилган бўлиб, унда икки қўлига суяниб олганича бош врач ўринбосари (Бу ерда уни каттадан кичик «зам» деб атаркан) ўтирарди. Йўқ, унинг кўзларини сирли ёки бурнини ўрнидан тумшуқ деб бўлмасди. Аммо сохти-сумбати, муомаласи иш йўриғини андак бўлса ҳам кузатган киши уни тақдирнинг ўзи ишбоши қилиб тайинлаган, деган хулосага келиши турган гап эди. Кичикроқ амалдорларга хос ясама камтарлик ва ҳақиқий киборлик, ишбилармонлик ва жоҳиллик сингари таърифу тавсифга сиғмайдиган хислат ва иллатлар унинг қиёфасида акс этиб турарди. Замнинг қаршисида эса Ғайбулла амакидан ташқари сантехниклар, тракторчилар, шофёрлар, монтёр, боғбон ва менга таниш бўлмаган ўн беш чоғли киши подшои оламдан мурувват кутаётган гуноҳкор бандалардай (эҳ, бизнинг ўзбеклар!) қўлларини қовуштириб, бошларини бечораҳол эгиб туришарди. Зам бўлса бу ҳолдан роҳатланганданми ёки одамларга яна зуғум ўтказиш, уларни муте қилиш учунми бошини хам қилганича сукут сақларди. Мен унинг қиёфасига разм солдим. Лекин бу мансабдорнинг асабийлиги ёки хушфеъллиги, хафалиги ёки мамнунлигини аниқлаб ололмадим. Унинг ярим жиддий қиёфасида фақат ишни, интизомни ўйлайдиган жонсўз киши акс этгандай бўлар, лекин киши бу ҳолатнинг самимийлигига унча ишонмасди. Ишбошининг қиёфасига қараб ички кечинмаларнигина эмас, ёшини ҳам чамалаш амри маҳол эди. Чунки уни қирқда ёки элликда деса ҳам бўлаверарди.
Ниҳоят у бошини кўтарди. Таниш тракторчига юзланди.
– Мотор нима бўлди?
Бу ердаги бандаи-мўминлар, шу жумладан тракторчи ҳам кўп йиллик тажрибаларга таяниб, бу чиновникка қай ҳолда қандай жавоб беришни обдон кифтини келтирадиган ижрочиларга айланиб қолишганди.
– Бугун олиб келаман! – деди кутилмаган ҳозиржавоблик билан.
Зам индамади, тағин бошини эгди: минглаб одамлар тақдирини ҳал қилаётган саркардадай оғир ўйга ботди. Унинг қиёфасида файласуфона ўйчанлик билан бирга аллақандай бечораҳоллик ҳам акс этиб кетди-ки, мен унга зоҳиран ачиндим.
Зам бу гал новчароқ кишига юзланди.
– Ман санга шефнинг топшириқларини айтган эдим-а?!...
Узилиб қолган бу каломда аллақандай таҳдид бор эди. Ҳалиги одам буни сезиб, овози енгилгина титраганча, зорланибгина жавоб қайтарди.
– Олиб бордим, лекин ҳалиги одам кўнмади. Шу оддий вентил ҳам бўлаверади, никеллангани шарт эмас, деди.
– Бундай пайтда забон керак? – овозини андак кўтарди ишбошимиз.
– Шеф шундай дедиларми, демак бир гап бор! Балки нозикроқ одамдир – кўнглини топиш керакдир. Бугун кириб тушунтир: главврачнинг топшириқлари, де. Келиб қолибсиз, энди занглаган вентиль сизга тўғри келмайди, дегин.
– Хўп!
Орага одатдагидек, бир лаҳза сукунат чўкди. Ишбоши кутилмаганда, Ғайбулла акага юзланди ва уни койишга тушди.
Ғайби, сан болаларни ишлатмаяпсан-ку! Қўлингдан келмаса – айт! Буларнинг сроги ҳадемай тугайди. Кейин қолган ишга қор ёғади.
Ғайбулла амаки ўзини оқлаш илинжида алланима деб ғулдуради. Иши жуда кўплигидан шикоят қилди. Зам бир парда паст тушиб, насиҳатомуз давом этди.
Ҳа, энди ўзингдан қоладиган гап йўқ. Шеф боғ томонга ўтиб қолсалар, асаблари бузилади. Бу болаларнинг ўзи келиб қолгани йўқ. Казо-казоларга телефон қилдилар. Ҳа энди санга ишонгандан кейин ...
Биз ноўнғай ҳолга тушдик. Дарҳақиқат, кейинги кунлар ишимизнинг тайини бўлмай қолганди. Шунинг учун мажлис тугаши билан боққа қараб йўл олдик.
Ғайбулла амакининг кайфи бузилган, бизнинг олдимизда иззат-нафси андак топталган бўлса ҳамки, сир бой бермасликка ҳаракат қиларди.
Бугун ишимиз анча баракали бўлди. Икки пақир олма териб, ошхонага элтиб берганимиздан кейин, кечгача ўрик тердик. Тушликни ҳам шу ернинг ўзида қилишга тўғри келди. Ғайбулла амаки биринчи бор бизнинг даврамизда ўтириб чой ичди ва очилиброқ гаплашди. Адашим бундан фойдаланиб, унга турфа саволлар бера бошлади.
– Главврач жуда кексайиб қолганга ўхшайди-я!
Ҳа, етмишдан ошди.
– Нега пенсияга чиқмайди?
Ғайбулла амаки атрофига аланглаб олди.
– Пенсияга чиқса, ўлиб қолади!
У кўзларимизга аланглаб боқиб чиқди, бу гап «ўзаро» эканлигини таъкидлагач, сўзида давом этди: – Чунки, бу ер – жаннат-да. Эрталаб «Волга» уйидан олиб келади. Санитаркалар унгача чой, кофе тайёрлаб қўйишади. Кейин танишларига телефон қилади. Инсоф билан айтганда, бу санаториянинг катта каламуши ўша. Болаларининг барига машина, ҳовли-жой олиб берди. Катта ўғлини бултур хлопзаводга директор қилиб қўйди.
Биз индамадик. Суҳбатдошимиз бироз ўзгача оҳангда давом этди.
– Лекин қўли узун чолнинг! Айтганини ундириб олади. Мана бу боғ колхозники эди. Бир куни санаториямизга Шароф Рашидов келиб қолдилар. Ишларимизни кўрдилар. Кейин: «Биздан нима талаблар бор?» деб сўрадилар. Шунда главврач уддабурролик қилди: «Талабимиз битта: у ҳам бўлса, сизнинг соғлигингиз. Халқимизнинг бахтига соғ-саломат бўлсангиз бас!» деди. Биз шундай атрофда халқа бўлиб турган эдик, қарсак чалиб юбордик! Қарсак тингач, чол давом этди: «Аммо-лекин жойимиз андак торлик қилиб қолди. Колхознинг мана шу боғини ҳам олсак, жаннат қилиб юборардик.» Биз тағин қарсак чалдик. Шароф Рашидов, ҳа-ям демадилар йўқ ҳам. Аммо эртасиёқ казо-казолар келиб, боғни бизга ўтказди. Бу ерда бир боғбон бор эди. «Муаллим» дердик, раҳматлини. Рўзғори каттароқ эди. Мактабдан тирикчилиги ўтмай қолиб, шу обпартов жойни боғ қилганди. Бечора буёғи Ўратепа, буёғи Самарқанддан ниҳол келтириб ўтқазди. Ёнидан пул тўлаб, булдозер ёллади. Колхоз раҳбарлари ҳам қараб туришган эмас, ёрдам беришди, албатта. Шундай қилиб, боғ бизга ўтишини эшитиб, муаллим жуда норози бўлди. Тирикчилиги шу боғдан эди-да. Москвагача ёзди денг – наф бўлмади. Бултур ўлимидан бирор ой олдин, муаллим менинг олдимга келди. «Ғайбулла, деди шикаста овозда, инсонга бир қулоч ер кифоя дейишади, лекин бир қулоч замин ўликка етаркан. Мен ерсиз, боғсиз яшолмасканман. Сен бошлиғинга айт: мени лоақал боғбон қилиб олсин. Бутун санаторияни мева билан таъминлайман. Сизлар боғни кўз олдимда нобуд қиляпсизлар.» Ўйлаб қарасам, гапида жон бордай, мани бир ўзим бу боққа қаролмасам. Бир куни шефнинг кайфи жойида бўлганда, минг бир истиҳола билан муаллимнинг гапини айтдим. «Ҳалиги бизнинг устимиздан ёзиб юрган манглайи қорами», деб сўради у. Нима дейишимни билмай қолдим. Чол эртасигаёқ боғнинг атрофига тиканли сим торттирди. Мендан қаттиқ аразлади. Уч ҳафтагача саломимга алик олмади.
– Олмаса-олмас, – деди адашим нописандгина қилиб.
– Эй, ёмон кек сақлайди. Бир врачимиз бор эди. Мажлисга десангиз, чолни сал танқид қилди. «Корпусни кенгайтириш керак, токи колхозчи-ю, рабочийлар ҳам даволансин», деди. Шеф сўзга чиқиб: «Мен келганимда, бу ер бойқушлар сайраб ётадиган хароба эди. Шу корпусни қурдирдим,  участкани кенгайтирдим, дедим. Яхшиликни билиш керак-да! Бизнинг иш тутишимиз кимга маъқул бўлмаса – тўрт томони қибла!» Кейин олти ойгача ҳалиги врачнинг саломига алик олмади. Ариза ёзишга мажбур бўлди, бояқиш!
Шу суҳбатдан кейин менда бош врачни кўриш иштиёқи пайдо бўлди, ва эртаси кечки маҳал кабинети олдида туриб, чиқиб кетаётганда учратиб қолдим. У мармар зинапоядан эҳтиёткорона тушиши билан «Волга» ичида ўтирган норғулгина шофер шошиб тушди-ю, орқа эшикни очди. Атрофда турган уч тўрт киши чолга қараб қўл қовуштиришди, башараларига табассум суртишди.
Букчайиб, муштдай бўлиб қолган бу чолнинг юзида озгина бўлса ҳам файз ёки нуронийлик аломати йўқ эди. Қўл қовуштириб турганлардан бири (тепакал) тиржайиб борди-ю, чолнинг қўлтиғидан олди, йўлма-йўл ўз дардини изҳор қилди. Шеф мийиғида кулиб, унинг гапини маъқуллаб турди. Машинага яқинлашгач, ҳалиги тепакал аллақандай қоғозни чолга узатди ва қўлидаги папкани икки кафтига олиб, столча ясади. Чол қоғозни папканинг устига қўйиб, бармоқлари қалтираганча имзо чекди. Тепакал уч марта «раҳмат!» деди.
– Мендан салом денг, – қўйиб қўшиб қўйди у, – камина у кишига ҳам яхшиликлар қилган.
Бош врач шофёр ёрдами билан имиллаб кабинага кирди ва орқа ўриндиққа чўкиб ўтирди. Машина кўздан ғойиб бўлгандан кейин ҳам унинг қиёфаси, ҳаракати алламаҳалгача кўз ўнгимда акс этиб турди.
– Мен бугун шефни кўрдим, – дедим, хонага қайтгач, шерикларимга.
Чунки уларга зиқна ва руҳсиз қария ҳақида гапириб бергим келаётганди шу тобда.
– Биз уни сендан аввал кўрганмиз, – деди адашим ва Неъмат деган болага қараб сирли кулиб қўйди. – Чол мажлис ўтказди. Кейин роса йиғлади.
У шундай деди-ю, чолнинг қиёфасига кириш учун букчайди, юзини шоптолиқоқдай буриштириб, башарасини бечораҳол одамга ўхшатди ва унинг гапларини мазах қилишга киришди. «Қишлоқди болалари келиб, кўлда чўмилади, балиқ овлайди, локинда ҳеч ким кўрмайди. Ҳамманинг кўзи кўр! Қоровул учун ҳам, завхоз учун ҳам мен ишлашим керак. А энди яхшиликни билларинг-да! Шу даргоҳда ишлаб, бола-чақангни боқяпсанми – нонингни ҳалоллаб егинда, манглайи қоралар!»
Биз кулдик.
– Кейин йўтал тутиб қолди, бояқишни, – қўшилди Неъмат.
– Сўнг йиғлади, шўрлик, – деди адашим.
– Йиғлагани йўқ, – шубҳа билдирди Неъмат, – назаримда кўзи шилпиқ: ўқтин-ўқтин ёшланиб туради.
– Йиғлади, – овозини андак кўтариб, ўзиникини маъқуллади адашим.
– Чолга ҳеч ким гап қайтармаган бўлса керак, – сўради шериклардан бири.
– Кичик каламушларнинг бари манглайи қорага бош эгиб, гапини маъқуллаб турди, – деди адашим.
Улар зам билан ошпазнинг шеф наздидаги муте ва сертакаллуфлигини ҳам роса мазах қилишди.
Якшанба – бу ерда сокин кун. Амалдорлар, врачлар келмагани устига, дам олувчиларнинг ҳам аксарияти башанг кийиниб, шаҳарга жўнашаркан. Биз балиқ овига отланиб турганда, хонамизга Ғайбулла амакининг ити кириб келди. Ҳаммамиз бу беозор жониворни эркалашга тушган эдик ҳамки, эгаси остона ҳатлаб қолди.
– Энди сизларга битта хизмат бор, – деди салом-аликдан ва андак ҳазил-мутойибадан сўнг, – узоқ-яқиндан тўрт-бешта дардман одамлар келган. Шулар ваннага кириб чиқиши керак. Савобини бўлиб оламиз. Аммо главврач билиб қолса, мендан чинакамига аразлайди. Шунинг учун бу ишнинг ҳидини чиқармаслигимиз даркор. Энди битталаринг дарвозадан ташқарида турасизлар, «пашша» пайдо бўлса, хабар берасизлар. Битталаринг шу одамларни паналатиб турасизлар. Мен ваннахонада бўламан, биттанг менга ёрдам берасан. Қолганлар одамларни битта-битта эргаштириб боради. Бирортаси суриштириб қолгудай бўлса ҳам: «Бу киши адам, мени кўргани келган», дейсизлар. Лекин бозор бўлиб кетмасин.
Қоровулнинг дарвоза олдидаги тору танггина хоначасида ўн чоғли киши ҳадиксирабгина ўтирарди. Бу бечоралар шифо излаб келган бетоблар эканлигини заҳил юзларидан, букчайган гавдаларидан, машъум қўлтиқтаёқларидан билиб олса бўларди. Улардан бири бу лоқайд жамиятнинг лоқайд одамларида андак раҳму шафқат уйғотиш илинжида бўлса керак орден, медалларини тақиб олган бўлса, яна бирининг нигоҳларидаги илтижо-ю тавалло юрагингни эзиб юборар, сени ноўнғай аҳволга солиб қўярди. Она табиат жамики фарзандлари учун тенг саховат қилган оби ҳаётни жамият харислик билан мана шу одамлардан дариғ тутганлигининг боиси ҳозиргача менга қоронғу!
Ўрта ёшларда бўлса ҳамки ҳассага суяниб олган бир амакининг ёнига тушиб, ваннахонага эргаштириб бордим. Жамики беморлар сингари у ҳам ўз дардидан шикоят қилишга тушди.
– Оёғим қақшаб оғрийди, болам! Бормаган жойим қолмади. Бултур десанг келиб чўмилган эдим. Кўрмагандай бўлиб кетдим. Кейин тағин бошланди.
Мен индамадим. Аниқроғи, катта ёшдаги бу нотаниш одам билан қай йўсинда муомала қилишни билмай қолгандим. У давом этди. – Месткомимиз икки йилдан бери ваъда беради, аммо путёвка тополмайди. Путёвка дегани қорни катталардан ортмайди, шекилли. Ҳа, майли, бу тийиқсизларнинг ҳам танобини тортадиган кунлар келар.
У бир вақтлар пиллакашлик фабрикасида ишлагани ва ўша ерда бодга чалинганини ҳикоя қилиб берди.
Иккинчи бемор анчайин ёш ва қоқсуяк эди. Дарду ситам зўрлигидан асабу аламнинг таранглигиданми – ҳайтовур у менга сўз қотмади. Аммо ваннахонага олиб борганимдан сўнг Ғайбулла амакига берган изоҳидан колхозда тракторчи эканлиги, икки йилдан бери жигари зирқираб оғришини англаб олдим. У ваннага кириш олдидан қоровулимизга пул чўзди. Ғайбулла амаки ҳам худди шундай бўлиши керакдай, пулни бамайлихотиргина олиб, кўкрак чўнтагига солиб қўйди. Бу ҳол негадир дилимга ғашлик солди.
Қоровулхонага келсам, беморлар анчагина гавжумлашиб қолишган экан. Бу гал икки кишини эргаштириб бориб, Ғайбулла  акага одамлар кўпайишганини айтдим. У ўйланиб қолди.
– Адашинг икковинг, – деди кейин, – ҳамма одамларни боққа эргаштириб боринглар. Ўша ерда навбат кутишсин. Бўлмаса бозор қилиб юборишади, бу саҳройилар!
Дардкаш «саҳройилар» бизга итоаткорлик блан эргашишди. Мен уларни ўрик, олма билан сийладим.
– Бу боғ ҳам бизга ўхшаб касалланиб қолибди, – деди бир азимжусса отахон, – мени ишга олса, бу боғни қўлинг ўргилсин қилиб берардим. Ойлик бермаса ҳам, майли. Ҳафтада бир-икки бор иссиқ сувга кирсак бас!
Бу таклифни Ғайбулла амакига айтмоқчи бўлдим-у, аммо фойдаси бўлмаслигини ўйлаб, индамадим. Кечгача айрим беморлар икки мартадан чўмилишга улгуришди. Ўзбекчани билмайдиган, русчани ҳам қийналиб гапирадиган (унинг миллатини билаолмадим) бир чол келаси ҳафта ҳам келишини узоқ тушунтириб, Ғайбулла амакимга «аванс» берди.
Кулбамизга алламаҳалда қайтдик. Эрталаб эса бизга бошқа топшириқ беришди.
– Дарахтнинг устига чиқиб, олма, ўрик терасизлар, – деди Ғайбулла амаки, – кейин вазага солиб, нозикроқ одамларнинг хонасига қўйиб чиқасизлар. Шеф бу одамларнинг кўнглини топиш керак, деди.
Қоровул бизга челак улашди ва ўша «нозикроқ одамлар»нинг ётоғи номерларини берди. Адашим иккаламиз бош врачдан ташқари етти кишини мева билан сийлашимиз керак экан.
Биз биллур вазага ток барги тўшаб, устига дид билан, олма, ўрик териб чиқдик.
– Биринчи бўлиб шефга кирамиз, – деди шеригим.
Дарҳақиқат, адашимга ҳам, менга ҳам чолни яқинроқдан кўриш, у билан гаплашиш иштиёқи тинчлик бермай қўйганди.
Қабулхонада ҳеч ким йўқ экан. Шеригим бу ҳолдан қувониб, ичкари шошилди. Иккаламиз остона ҳатлаб, баббаравар салом бердик. Бош врач юмшоқ креслога ботиб ўтирар, у тағин ҳам кичрайиб қолгандай бўлиб кўринарди. Лекин чолнинг ортида девор баравари қилиб чизилган расм салобатли эди. Унда мамлакатимиз (СССР) сардори билан республикамиз оқсоқолининг бўй бараварли қиёфалари акс эттирилганди. Уларнинг кўкракларидаги орден ва медалларнинг саноғига етиб бўлмасди. Бу икки саркор, негадир менга телевизорда мамнун қўшиқ ўқиётган ҳофизларни эслатди.
Адашим аввал ўйлаб қўйган режасига биноан рол ижро этишга киришди. Вазани шефнинг шундоққина олдига қўйди-ю, орқаси билан тисарилиб олдимга келди ва шу ердаги муте одамларга ўхшаб, қўлини қовуштириб турди. Мен ўзимни кулгидан зўрға тийиб турдим.
– Отинг нима, – ниҳоят минғирлб сукунатни бузди шеф.
Шу топда унинг учун исмимизнинг заррача ҳам аҳамияти йўқ эди. Буни илтифот деб билгани учун шунчаки сўраб қўйганди у. Адашим буни ҳис этди, албатта ва ёлғон гапирди.
– Отим – Болтақул, отахон!
Чол кулди. Ғудурлаганича сўз бошлади.
– Бизнинг ҳам Болтақул деган қоқвош шогирдимиз бўгич эди. Кейин номини ўзгартириб, Тельман деб қўйгандик. Ҳозир энди биринчи котиб. Бутун районни сўрайди.
– Менинг ҳам орзуим – биринчи бўлиш, – бурролик қилди Улуғбек.
Бу гапдан чол ийиди.
– Балли, балли, ана шундай бўлиш керак. Орзу қилибсанми, албатта, етасан. Мен ўттиз икки ёшимда райижроқум раиси бўлганман. Мана шу санаторияга ишга келганимда, манглайи қоралар йўлни ҳам асфалт қилишмаганди.
У ўзини пойинтар-сойинтар мақтаб кетди. Кўп одамларга яхшиликлар қилганини эслатди. Икки марта мажлис ҳайъатида республика сардори билан ёнма-ён ўтирганини батафсил гапирди. Шу пайт телефон жиринглаб қолди. Биз кетишни ҳам, кутишни ҳам билмай иккиланиб турганимизда, чол «сизларга жавоб» дегандай бош тебратиб ишора қилди.
Ҳа майли, – деди шеф билан мулоқотдан қониқмаган адашим, – юр, энди бошқаларига кирамиз,
Учинчи палатада бизни оппоқ кўйлакли, ўрта ёшлардаги киши қаршилади. Вазани қўлимиздан олиб, стол устига қўйди. Ўтиришимизни таклиф этди. Мана ана шу одамни ошхонада ва «саломатлик сўқмоғида» кўрган эдим. У менга маъқул бўлганди. Бугун ҳам у биз билан бамаъни муомала қилди.
Ўн олтинчи хонада эса бунинг батамом аксига дуч келдик. Спорт формаси кийиб олган, қорни қаппайган, эллик ёшлардаги киши бошини иккала кафтига қўйганича шипга қараб ётарди. У ҳатто саломимизга алик ҳам олмади. Бу одамни бадбашара деса ҳаққингиз кетмасди: йўғон бўйнидаги ажинлар шарбати сиқиб олинган анорга ўхшарди. Бақбақалари ҳам қон тепгандек қип-қизил эди. Хонадаги қуланса ҳид терникими ёки ичкиликдан кейинги бадбўйликми – фарқ­лаб бўлмасди. Стол остидаги, тумбочка ёнларидаги ҳали очилмаган қоғоз пакетларга қараб, ана шу тўнғизни кўргани келадиган одамлар оз эмаслигига ишонч ҳосил қилса бўларди.
– Биз мева олиб келдик, – деди шеригим, гарчанд бу гапга заррача ҳожат бўлмаса ҳам. Жавобан у бошини билинар-билинмас тебратди. Аммо шеригим ана шу махлуқни гапга солиш, писханд қилишга чинакамига жазм қилганди.
– Яна нима истайсиз? Айтинг, олиб келамиз!
Орага сукунат чўкди. Бизнинг жавобга интиқ бўлиб туришимиз уни тутақтириб юборди.
– Заҳар! – деди баландроз овоз билан кесатиб.
Адашим лаб жуфтлади, назаримда: «Ҳозир топиб келаман» демоқчи бўлди. Суҳбатдошимизнинг шуурсиз, тунд қиёфасида нохуш аломатлар пайдо бўлганини кўргач, чўчиб фикридан қайтди. Биз саросималаниб, ташқарига чиқдик. Иккаламизнинг ҳам дилимизда аллақандай ваҳм пайдо бўлганди.
Ўн учинчи хонада бизни эллик билан олтмиш ёшлар орасидаги, сочлари жингалак, ўзи ҳам жиккакроқ киши қарши олди.
– Буни ким бериб юборди? Главврачми? Яхши ...
Адашим ўзига хос ясама хуштакаллуфлик, итоаткорлик билан унинг гапини маъқуллаб турди.
– Нечанчи синфда ўқилади, – сўради у шеригимдан.
– Ўнга ўтдим.
– Шоирлардан кимларни биласизлар?
– Навоий, Ҳамза, Ҳамид Олимжон ... кўп ...
– Шамс Қамарничи?
– Биламан, у кишини телевизорда кўргандим, – ёлғонни қалаштирди адашим.
– Ўша Шамс Қамар – мен бўламан, деди у, – мана  китобларимни кўринглар.
Шоир бизга тўрт-бешта юпқароқ китобларни кўрсатди. Сўнг янги ёзган шеърларидан ўқиб беришга киришди. У ҳарчанд чираниб, қўлларини серпиб ўқимасин, зум ўтмай зерикдик. Ниҳоят шоир бизга ҳазил шеър ўқиб бермоқчи бўлди. Менинг тушунишимча, унда бир қизча кийимларини дазмоллагандан кейин бувисининг юзини ҳам дазмоллаб ажинларини йўқотмоқчи бўлади. Шоир шеърни ўқиб бўлиб, қаҳ-қаҳ отиб кулди. Шеригим ундан ҳам баландроқ кулди. Мен зўрма-зўраки илжайиб қўяқолдим.
– Яна ҳазил шеър ўқийинми, – сўради шоир шеригимдан, унинг ясама қаҳ-қаҳасига алданиб.
– Йўқ, биз шошиб турибмиз, – деди адашим, – ҳозир еттинчи хонага киришимиз керак.
Шоир негадир кўзини биздан олиб қочди.
– О, у табаррук хобгоҳда Маликабону яшайдилар. Лутфан у кишига бағишлаб баллада ёзмоқчиман.
Хонада икки аёл чой ичиб ўтиришган экан. Мен уларни ҳам минерал сув фавворачаси олдида бир неча бор кўрган эдим. Шоир тилга олган Маликабону шеригига нисбатан ёшроқ, орастароқ эди. Бу аёллар бизга худди оналаримиздек, опаларимиздек муомала қилишди. Чой, шоколод билан сийлашди, ўқишларимиз билан қизиқишди. Ўрикни татиб кўргач, боғбонга ва бизга таҳсинлар айтишди. Мезбонлар жиддий бўлишгани учун шеригим ҳам ўзини жиддий, баодоб тутди.
Бешинчи палатада эса тағин ғалатироқ одам билан учрашишга тўғри келди. Қирқ беш-эллик ёшлардаги озғин бир амаки эди у. Эшикни очди-ку, остонада туриб қолдиқ. Мезбон бизни ичкарига таклиф этиш ўрнига бошдан оёқ разм сола бошлади.
– Ким бериб юборди? – ниҳоят дона-дона қилиб сўради у қўлимиздаги вазага имлаб.
– Главврачнинг шахсан ўзлари, – ҳозиржавоблик қилди шеригим.
– Нима мақсадда?
– Нозик одамларнинг кўнглини олиш учун.
– Обор! – деди у ва беихтиёр қўшиб қўйди: – Прокурор Муртазоев шунча йилдан бери совға олмаган ва бундан кейин ҳам кристалдай бўлиб қолади.
Қолган хоналарда бунақа ғайритабиий одамларни деярли учратмадик. Кечқурун, илтимосимизга кўра, Ғайбулла амаки биз мулоқотда бўлганларга бирма-бир изоҳ берди.
– Ўн олтинчи палатадаги ҳўкизнинг фамилияси Тайлоқбоев. Базада мудир. Ҳар йили бир ой ётиб кетади. Пули кўп, занғарнинг. Аблаҳ қўл остида ишлайдиган ўн етти ёшли қизни ... Раҳбар ота бўлиши керак-ку. Бу бўлса ... Қиз боланинг ота-онаси муаллим экан, роса югуришди, ёзишди, бояқишлар. Лекин ҳақиқатдан  кўра бунинг чўнтагидаги пуллар ғолиб келди. Менга қолса чиқариб отардим, дарахтга осардим, даюсни!
– Битта шоир ҳам бор экан, – давомини тинглашга шошилди адашим.
Ҳа, лекин ҳашаки, ҳаннот шоир. Устимиздан у ёқ-бу ёққа ёзиб юрмасин деб, шеф ўшанга ҳам мурувват кўрсатиб туради; аниқроқ қилиб айтганда, олдига суяк ташлаб қўяди. Шоир ёмон одам эмас-у, аммо жуда лақма. Шеър ўқиб, энсангни қотираверади.
Ғайбулла амаки аёлларга жуда яхши таъриф берди. Лекин прокурор ҳақида гапирганимда тутақиб кетди.
– Вой, занғар-эй! Совға олмаган эмиш?! Мана шу шефповуримизнинг нақ икки мингини қуртдай санаб олди. Ишдан қайтаётганда, шаппа ушлаган экан, халтасидан анча-мунча гўшт, сариёғ чиқибди. Ҳалиям осон қутулди. Бунинг чангалига тушган одам соғ чиқмайди.
Биз санатория ҳаётига шу тариқа тез ўрганиб, мослашиб олдик. Адашим эса бу ердаги кўпгина одамларга таасиб этиш, уларнинг устидан кулишни авж олдириб юборди. Биз эса бунинг оқибатидан бот-бот хавотир тортиб қолардик.
– Болалар! – деди у бир куни тантанавор оҳангда, – чолга, ишбошига, Тайлоқбоевга бағишлаб шеър ёздим. Ҳеч ким йўқлигида хоналарига қўйиб чиқаман. Мана буниси главврачга бахшида:
Манглайи қора чол,
Қўлингга қалам ол
Аризангни ёз-у
Пенсияга жўнаб қол!
Биз мириқиб кулдик ва шу билан алланимадан ҳадиксираганимизча, шеригимизни бу йўлдан қайтаришга уриндик.
– Сен қолиб бошқалардан қасос олади, – деди Неъмат, – бировга жабр қилиш яхшимас.
Адашимнинг ишбоши билан Тайлоқбоевга ёзган ҳазил шерлари ҳам кулгили ва ҳайратомуз эди.
Эртаси кечки овқатдан чиққанимиздан кейин адашим яна эътиборимизни ўзига қаратди.
Ҳозир сизларга Маликахоннинг ҳажрида юрган лакалов ошиқларни кўрсатаман.
Унинг таклифи билан биз «саломатлик сўқмоғи» ёқасидаги скамейкага ўтириб олдик ва шериги билан қаерданам Тайлоқбоев пайдо бўлди ва ўзига хос қўрслик билан аёлларнинг йўлини тўсди.
– Маликахон, шу скамейкага бир пас кетимизни қўяйлик.
– Узр, бошқа вақт, – чап бериб, олдинга ўтди аёл.
– А қон қимангда, – деди Тайлоқбоев ўша бефаҳмлик билан.
Аёллар бир-бирларига қараб, маъноли кулишди ва йўлда давом этишди. Мутлақо тескари томонга кетаётган ҳардамҳаёл шоир ҳам аёлларни кўрди-ю, орқасига бурилди. Аёллар буни ҳис қилиб, андак саросимада қолишди, шу шилқимдан қутулиш илинжида бўлса керак – ўнгга – фаввора томон бурилишди. Аммо Шамс Қамар бари бир уларни таъқиб этди ва етиб олгач, ёнидан қоғоз чиқариб, сурбетлик ҳамда мижғовлик билан шеър ўқий бошлади. Биз шеърни эшитолмадик, аммо ана шундай кап-катта одам ўзини хору-хасдай ерга уриши – ўта бачканалик бўлиб туюлди. Шу билан бирга бечора аёлларга ҳам раҳмимиз келди. Бундай назокатсиз, бошқача қилиб айтганда, молтабиат одамлар билан дам олиш – бориб турган азоб эканлигига ишонч ҳосил қилгандек. Чунки шоирдан кейин ҳам икки нотаниш киши уларга хушомадгўйлик қилишди.
– Бугун тунда барини лақиллатаман, – деб қолди бир маҳал адашим.
– Спектакл қўясанми? – сўради Неъмат.
Ҳа, комедия.
 Мен бу гапга унчалик ҳам эътибор бермагандим. Кечаси соат ўн иккиларда адашим эндигина ухлаётган шерикларни уйғотди.
– Туринглар, ҳозир спектакл бошланади. Фонтан майдончасини саҳна ҳисоблашга тўғри келади.
Биз эринибгина ўша томонга юзландик. Ярим тун бўлгани учун у ерда зоғ ҳам учмасди.
Ҳозир саҳнага санаториямизнинг бефаҳм айиғи – Тайлоқбоев чиқади.
Дарҳақиқат, зум ўтмай, кимсасиз майдончага ҳовлиққанича Тайлоқбоев кириб келди. Атрофга аланг-жаланг қараб олгач, скамейкага ястаниб ўтириб олиб, кимнидир кутабошлади.
– Энди саҳнага шоир Шамс Қамар ташриф буюрадилар, – деди адашим тантанавор оҳангда.
Ва ҳаммамизни ҳайратда қолдириб, бир қўлда гул, бир қўлда қоғоз (эҳтимол, шеър бўлса) тутган шоир пайдо бўлди. У оппоқ кўйлак кийиб, галстук боғлаб олганди. Шоир Тайлоқбоевни кўриб, ҳақиқатдан ҳам айиққа дуч келгандай чўчиб кетди, кайфияти бузилди. Тайлоқбоев ҳам унга ёвқараш қилиб қўйди.
– Бу рақиблар бир-бирлари билан гаплашишмайди, – шарҳлади адашим.
Ҳақиқатан ҳам улар яқинлашишмади, бир-бирларига сўз ҳам қотишмади.
– Исқирт прокурор кечикяпти, – бетоқланди адашим, – наҳотки келмаса?!
Йўқ, келди. Ўзига хос эҳтиёткорлик, туллаклик билан пайдо бўлди у. Аввал дарахт панасидан мушукдай мўралаб, шоир билан Тайлоқбоевни узоқ кўзатди. Кейин бетоқатлана бошлади. Ниҳоят, сабри чидамади, шекилли, тиржайиб ўртага чиқди-ю, шоир билан гапга киришиб кетди. Шамс Қамар муштини серпиб шеър ўқидими ёки алланима ҳақида гапирдими – эшитолмадик. Аммо прокурор Муртазоев ёлғондан қаҳ-қаҳ отиб кулди.
– Тузук, тузук, Муртозоев ўз ролини ёмон ижро этмаяпти, – завқланди адашим.
«Комедия»ни мириқиб томоша қилаётганимизда ва бу ҳолдан таажжубимиз ортиб бораётганда, қаерданам навбатчи врач пайдо бўлди. Ҳалигиларга насиҳатомуз алланималар деди. Назаримда ярим тунда бу ерда юриш ножойизлигини уқтирди.
– Эҳ, финални бузди, ярамас, – жаҳлга минди Улуғбек.
– Финал қизиқмиди, – сўрадик.
– Яна учта галварс келиши ва булар жанжаллашиб қолиши кутиларди.
Биз кулдик ва бунинг боиси билан астойдил қизиқиб қолдик. Адашим биздан сир тутмади.
 – Бу ўпкаларнинг бари Маликахоннинг номидан: «Ярим тунда сизни фонтан олдида кутаман», деган мазмунда хат олишган.
Тағин гуриллаб кулдик. Улуғбек давом этди. – Бу хатни ўзим ёзиб, хомтамаларнинг хонасига қўйиб чиққанман.
Даврамизда тағин кулги янгради. Мен адашимнинг довюраклиги ва заковатига қойил қолгандим.
Муддатимиз охирлаб қолган кунларимиз эди. Ногаҳоний нохуш хабардан санатория сесканиб тушди: чолнинг ўғли қўлга тушибди.
Биз бунга унчалик эътибор берганимиз йўқ. Аммо санаториянинг оддий фаррошидан тортиб, амалпараст ишбошисигача ўлимга маҳкум этилган маҳбуслардай ғамгин ва ноумид бўлиб қолишди. Одамлар деярли ишлашмас, бурчак-бурчакда тўпланиб, хавотирона шивирлашар, алланималарни муҳокама қилишдан чарчашмасди.
Мен кинолардан беадад ёв бостириб келаётган шаҳарлар фуқароларининг руҳлари шалвираб қолганини кузатганман. Бу одамлар ҳам нимаси биландир ўшаларга ўхшаб кетишарди.
Бизни батамом унутишди, шекилли йўқламай қўйишди. Ҳатто муддатимиз тугагандан кейин ҳам ёдга олишмади. Ойим бу ерда ишлаганимиз учун маълумотнома олишни тайинлаган эдилар. Лекин бош врач бўлмаса, бу хумбошлар бирорта ҳужжат беришмаскан. Чолнинг эса қораси кўринмай, қолганди. Қабулхонага сўнгги бор борганимизда котиба қиз: «У кишининг қон босимлари ошиб кетган, ҳаливери келмасалар керак», деган дудмал жавобни берди.
Биз эртаси, ноилож йўлга чиқдик. Автобус бекатига турганимизда, адашим санатория «каламушларига» сўнгги бор қалтис ҳазил қилди. У телефон будкасига кирди-ю, шефнинг қабулхонасига қўнғироқ қилди. Овозини дуриллатиб гап бошлади.
– Алло ким бу? Ҳа, котибами. Хўш, дарҳол ходимларга хабар беринг: бошврач оламдан ўтдилар. Ҳа, ҳа давления. Тақдир! Жаноза-бугун! Ҳа, ҳа...
У трубкани шартта жойига илди. Баримиз чўчиб кетдик, атрофга қайта-қайта аланглаб олдик.
Санаториядан анча узоқлашганимиздан кейингина мириқиб кулишга киришдик.


ЎТТИЗ УЧИНЧИ БОБ

Бойтўра

   Бизда қашшоқлар, камбағаллар йўқ, лекин кам таъминланган оилалар анчагина. Ҳаётда ҳамма нарса – ҳатто ҳаётнинг ўзи ҳам нисбий. Ҳар қанақа камхарж оила тўкин рўзғорга нисбатан камбағал ёхуд қашшоқ ҳисобланади. «Бўлса – ҳотам, бўлмаса – мотам» ёки «Бой бир кун ўлади, камбағал ҳар куни», деган нақл­лар бежизга тўқилмаган. У ҳамма жамиятда ҳам амал қилади.
Дадамнинг бу файласуфона гапларини қувваи ҳофизам идрок этганича мушоҳада қилаётганимда, у киши давом этдилар. – Фараз қилайлик, қўшнилардан бири – амалдор; иккинчиси – кутубхоначи, санитар ёки фаррош дейлик. Албатта, ҳалиги мансабдор қўшнисига нисбатан икки-уч баравар кўп маош олади. Эҳтимол, бунга ҳам қаноат қилмай, пинҳона пул топар. Боз: амалдор дегани ноз-неъматни арзон нархда, қийналмай харид қилади ёки олиб келиб беришади. Ўзи ҳам, оиласи ҳам автобусга, таксига пул тўлашмайди, чунки хизмат машинаси гижинглаб турган дулдулдай уларга мунтазир. Кўнгли тусаса, амалдор ҳар йили чет элга саёҳат қилади. Бу одам учун ўзига ёки ўғлига қимматбаҳо палто харид қилиш – хамирдан қил суғургандай жўн иш. Шўринг қурғур қўшни-чи?! Бу рўзғорда каттадан-кичик диқиллаб яшашга маҳкум этилган. Қарз деган буғма илон ҳамиша ҳиқилдоғини қисиб туради уларнинг. Камбағал қўшни, яъни кам таъминланган оила чет эл саёҳатини орзу ҳам қилаолмайди. Бу даргоҳда отадан қолган палтони ўғил, ундан қолганини укаси кияди.
Дадам бир неча лаҳза мушоҳадага бориб қолдилар ва диққат билан тинглаётганимга ишонч ҳосил қилгач, давом эттирдилар.
– Эҳтимол мен бир оз ошириб юборгандирман. Фақат амалдормас, жумладан, профессор билан фабрика ишчиси, отарчи билан оддий инженер ва ҳоказоларнинг турмуш тарзида ҳам ер билан осмонча фарқ бор. Ё ба зари, ё ба зўри, ё ба зори! дейишади. Тирикчиликнинг бу бешафқат қонуни одамларни нимага ҳам айлантирмайди дейсан?! Масалан, қишлоқда ёки маҳаллада қўшнилар орасидаги тафовутни уларнинг иморатиданоқ англаб олиш мумкин. Данғиллама иморатда бой, энг яхши таъминланган; пастак ва хароб хоналарда эса ёмон таъминланганлар яшайди. Этажда эса бир қарашдаёқ бу тафовутни англаш амри маҳол. Бетон деворлар одамларнинг мавқе ва даражаларини яширади. Лекин зукко ва синчков одам ана шу хонадонларга кирмасданоқ, бой ёки камбағални, қисман бўлса ҳам аниқлаб олиши мумкин.
– Қандай қилиб, – қизиқдим.
– Масалан бизнинг домда одамлар деярли ром ўрнатиб бўлишди.
Лекин тўртта балкон ўз ҳолича турибди. Эҳтимолки, ана шу хонадонларда яшайдиганларнинг қўли андак калталик қилаётгандир?!
Бир неча дақиқадан сўнг ромимиздан бош чиқариб қарасам, қаршимиздаги уйларнинг ҳам ҳар бирида беш-олтитадан балкон ҳувиллаб ётибди. Бора-бора бу сирли балконлар худди оҳанграбодай ўзига тортадиган бўлиб қолди мени. Ажаб, кимлар яшар экан бу даргоҳда?! Уларнинг қашшоқлигига, кечирасиз, кам таъминланганига нималар сабаб бўлдийкин?! Адолатсизликми? Ялқовликми? Ичкиликми? Жамиятми? Тузумми?
Орадан неча кун ўтганини эслолмайман. Бир куни ана шу ромсиз балконларга аллақандай суқ билан қараб кетаётиб, уларнинг бирида VII «Б» синфида ўқийдиган Бойтўрани кўриб қолдим. Илиқ бир умидбахшликданми ёки бошқа туйғуданми, ҳайтовур қувониб кетдим. Пастдан туриб, учинчи қаватдаги Бойтўра билан одатдагидан кўра қуюқроқ саломлашдим.
Энди Бойтўра хусусида. Йўқ, шошмайлик, аввало ўтган йилдан буён кўпчиликнинг кўзига машъум кўриниб қолган ана шу балкон ҳақида сўз юритмоқчиман.
Бу хонадонда аввал бир милиционер яшарди. Хушфеъл, хушчақчақ (гарчан милиционер бўлса ҳам) амаки эди у. Намозигар маҳаллари хотини ва ёлғиз қизи билан сайрга чиқишни хуш кўрарди. Лекин шум қисмат бундай дилхушликларни кўп кўрди бояқишга.
Бир куни қизчаси пуфлаб шишириладиган катта коптогига талпиниб, балкондан тушиб кетади. Буни кўриб турган қизалоқнинг ойиси дил тўла дард билан фарёд чекиб йиқилади ва тақдирнинг бу нагоҳоний ҳамда бешафқат зарбасига тоб беролмай, деворга суянганича, жон беради.
Олам эса тасодифларга тўла. Қизалоқ бўлса ўтирган ҳолатда коптогининг устига тушади-ю, сапчиб кетади. Унинг бирор ери лоақал лат ҳам емайди.
Ёдимда: эрталаб эшик олдида қора чопон кийиб, бел боғланган эркаклар пайдо бўлишди ва марҳумани машинага солиб (айтишларича, Фориш томонларга) олиб кетишди. Кейин милиционер ҳам бу машъум хонада яшайолмади, шекилли, аллақаерга кўчиб кетди. Балкон бир неча ойгача ҳувиллаб ётди.
Мен Бойтўрани билсам ҳамки, улар айнан шу уйда яшашларидан бехабар эдим. Унинг ўзини илк бор мактабимиз ҳовлисида, русча синфда (мактабимизда рус ва ўзбек синфлари бор) ўқийдиган болалар даврасида кўрганман. Оҳудай хуркаклик билан кўзлари жовдираб турган Бойтўрани баттол болакайлар тинмай мазах қилишарди.
– Вот он – настоящий бай!
– Шапка – английский, пальто – французкий, башмаки – японский.
Ҳаво совуққина бўлишига қарамай, у бошяланг эди. Йўқ, пальтосини ҳам «французча» деб бўлмасди унинг. Бойтўра учун анча калта ва тор бўлиб қолган бу ки­йимнинг тўрт тугмаси тўрт хил бўлиб, иккала енгининг учидаги иплар титилиб кетган эди. Ботинкаси ёзлик бўлиб, кўчиб кетган тагчарми мис сим билан боғлаб қўйилганди. Бунинг устига, Бойтўра уни пайпоқсиз кийиб олганди. Бу ҳол аслида кулгилимас, ачинарли эди. Унинг ёнини олмоқчи бўлдим-у ҳалиги шумтакаларнинг кўплигидан андиша қилиб қолдим. Лекин ночор ва ноўнғай ҳолда қолдириб ҳам кетмадим: имлаб чақирдим, сўнг эргаштириб кетдим. Шу-шу – иккаламиз яқинлашиб қолдиқ. Дарсдан ҳам кўп ҳолларда бирга қайтадиган бўлдик.
Бойтўралар оиласи дарҳақиқат «кам таъминланганлиги»га бир неча бор ишонч ҳосил қилдим. Жумладан, унинг мактаб буфетига яқинлашмаслиги, бирорта газета-журналга обуна бўлмаслиги ҳам ана шу фикримни тасдиқларди. Бу нохушликлардан Бойтўранинг ўзи ҳам хижолат чекиб, қимтиниб юрарди. Мабодо йўлда ўрис болалар кўрингудай бўлса, ҳадиксираб бошқа йўлдан юришни таклиф қилиб қоларди. Ҳайтовур, ғурури йўл бермаганиданми ёки андак мақтанчоқлиги сабаб бўлибми – алланималарни баҳона қилиб қоларди.
Каптарни қирғий қувганда у ини томон эмас, мутлақо бошқа ёққа қараб учишини ўқиган эдим. Чунки қонхўр рақиб унинг палапонларидан воқиф бўлиб қолиши нохуш ҳолда. Бойтўра ҳам уйидаги сир-асрорлардан мутлақо оғиз очмас, уйига ҳам таклиф этмасди. Лекин мен уни бот-бот уйимизга олиб келардим.
Бечора бўлса ҳамки, хасис ёки қизғанчиқ эмасди у. Роликли, конкимни инъом этганимда беҳад қувонди ва ерда олачалпак қор бўлишига қарамай ҳайдаб юрди. Шу билан бирга болаларнинг бирортаси сўраб қолса, рад этмай берар ва унинг ортидан завқу-шавққа тўлиб термулиб қоларди.
Бойтўранинг ўқишини унчалик мақтанадиган деб бўлмасди. Кундалигида «тўрт» билан «икки» нисбатан кам бўлиб «уч» кўпроқ учрарди. «Беш» ларим ҳам бор-у, лекин кундаликка қўйдирмаганман» деярди у бу ҳақда гап кетганда сал мақтаниб.
Мана, Бойтўра билан яхшигина танишиб олдингиз. Энди юринг уларнинг эшигини тақиллатамиз ва ижозатларини кутамиз.
Бойтўранинг дадаси хийла қотма, соқоллари ўсган сергап амаки.
Пайдар-пай гапиришидан кайфи борлигини англаб олиш қийин эмас. Унинг либослари униққан, уринган, ғижимланган бўлиб, бу либослар ичидаги жисми ҳам шу ҳолга тушгандай эди. Оила бекаси тирикчилик деб аталадиган очкўз юҳо шарбатини роса сўриб, тупуриб юборган неъматга ўхшарди. Нуқул жавраб гапирадиган бу аёлнинг вужуди қоқсуяккина эканлигини ҳам таъкидлаб ўтиш ортиқчалик қилмас.
Бойтўранинг тағин бир акаси, бир синглиси, уч ўғил укаси бор. Акаси аллақайси билим юртида ўқийди.
– Саккизинчи битирсам, мен ҳам ўша ерга бораман, – дейди Бойтўра, – билим юртида янги усти-бош беришади.
Энди уйдаги жиҳозларга кўз югуртириб чиқамиз. Уччала хонада ҳам бирорда кроват йўқлиги – бу уйда каттадан-кичик шундайгина ерда ётишидан далолат берарди. Ҳарҳолда шифонер, шкаф, совутгич сингари заруратларга ҳам кўзим тушмади. Негадир емакхонага қўйилган, бурагичи ўрнига темир чойнакнинг жўмраги суқиб қўйилган, корпуси оқиш плассмассадан ясалган, экрани ҳийла кичикроқ телевизор бор эди. Иситиш батареяларга қатор чит иштончалар ёйилган бўлиб, хонани уларнинг бадбўй ҳиди босганди.
Бу оила аслида Фориш тоғлари бағридаги бир қишлоқдан бўлиб, кейин Мирзачўлга кўчма бўлган экан. Бойтўранинг дадаси у ерда аввал совхоз ишчиси, ке­йин магазинчи бўлибди. Ҳаётлари ҳам анча фаровон бўлган экан ўшанда. ЎҲар хил ирим-сиримларга ишонадиган Бойтўранинг нақл қилишича, Вадим деган аллақандай чолнинг ҳовлисини харид қилишлари жаъми кулфатларнинг боши бўлган эмиш, «Форишлик бобом: «Ўлик чиққан уй бехосият бўлади», десалар ҳам, дадам қулоқ солмадилар», дейди у шу хусусда гап кетганда. Улар ўша машъум ва сертаҳлика ҳовлида бир йил ҳам яшамай, дадаси катта камомад қилибди. «Бунинг барини, дейди Бойтўра, ўша букир буғалтир қилган. У документларни атайин бузиб, чалкаштириб қўйган. Чунки дадам бир бор унинг муттаҳамлигини исботлаб берган-да!»
Қамалиб кетмаслик учун дадаси ҳовли-жойни, ҳатто уйдаги жиҳозларни ҳам арзон-гаровга пуллабди, ёр-биродарларидан қарз кўтарибди. Тақдир чап қўлини чўзган оила шундан кейин ўзини ўнглолмай қолибди: дадаси тузукроқ иш тополмабди, ичкиликка берилибди ва ниҳоят, кун кўрмасанг, кўчиб кўр, деган нақлга амал қилиб, бизнинг микрорайонга келиб қолишибди.
Яна бу ерга кўчиб келишларига ўша қизи балкондан тушиб кетиб омон қолган милиционер сабаб бўлган, у ҳам асли форишлик бўлиб, булар билан қавмлиги бор экан. Бойтўранинг дадасини ишга (сув хўжалиги идорасига боғбон-қоровул қилиб) жойлаштириб қўйган ҳам ўша хушфеъл одам экан.
Хуллас, шунақа гаплар ...
Бир куни Бойтўра билан уларникига борганимда зимдан дадасига разм солдим ва унинг ўйчан, масъум қиёфасида дардли изтиробгами, ботиний исёнгами ўхшаш бир туйғу акс этганини кўрдим. Камхаржликнинг қақшол оғриғи унинг суяк-суягидан ўтиб кетган эди. Бола-чақа наздида ана шундай ожизу нотавон бўлиб қолиш аламли эди, албатта.
Қайсибирам кинода кўргандим: бетайин безориларми, аллақандай аламзадаларми хотини, болалари билан кетаётган художўй одамни оёқлари остига олиб роса тепкилашди. Шунда ҳалиги жабрдийда ўрнидан туриб, худога илтижо этди: «Эй, парвардигор, бола-чақам олдида шунчалик шармисор қилгунча, омонатингни олиб қўяқолсанг бўлмасмиди?!
Аччиқ қисмат Бойтўранинг дадасини ҳам ана шу жабрдийда художўй ҳолига солиб қўйганди. Лекин билишимча, бу одам аламини арақдан олишга кўникиб ҳам қолганди.
Пулсизлик. Бундай пайтларда дадам бот-бот такрорлаб турадиган қурама дубайтлар ёдига тушади кишининг.
Пулсизлик нимадир, бизлардан сўра,
Саксонинчи йиллар саргардонлигин...
Ёки;
Пул! Сени кашф этгандан буён,
Ҳажрингда зориқиб яшайди инсон!
Ёхуд:
Совуқ металл, увада қоғоз
Ҳамон оз, оз, оз!
Бойтўранинг ойисини эса бунчалик тушкунлик исканжасида қолган, деб бўлмасди. Бечораликнинг жамики зарбаларига қалқон бўлиб келаётган бу курашчан аёлнинг дилини умидбахш орзулар батамом тарк этмаганини унинг далдакор сўзларидан ҳам сезиб олиш қийин эмасди. Бу аёл ана шу яхши кунлар умидида эри, болаларига ҳам юқтиришга ҳаракат қиларди.
– Майли. Золимларга худо инсоф берсин! Мен ишга кираман, ойлик оламан. Ҳадемай ўғилларимиз ҳам топармон-тутармон бўлишади. Сиз ҳам ўша қур­ғур арақни ташлайсиз ...
– Лекин мен иприсқи букрининг бошини олмагунча, аламдан чиқмайман! – деди у дилидаги беҳудуд интиқомни босиб. – Мени хонавайрон қилди, ҳамширағар!
– Худонинг унга аталган жазоси ҳам йўқ эмасдир...
Сал сукунатдан кейин бечора аёл эрини нохуш хаёлларидан чалғитиш умидида анча тантанавор оҳангда давом этди.
Ҳозир мен боплаб макаронпалов пишираман. Мазза қилиб еймиз!
Бойтўранинг дадаси индамади. Аёл давом этди. – Шукур қилишни ҳам билиш керак. Уйида бир чимдим макарони билан бир бурда нони бўлмаган одамлар қанча?! Бировлар қамалиб кетяпти, бировларга ажал тегяпти. Худога шукур: биз сиҳат-саломатмиз!
Бунақа машмашалардан озрурдадил бўлган Бойтўра сирғаниб ташқарига равона бўлди. Мен ҳам беихтиёр унга эргашдим. Иккаламиз одатдагидек, микрорайонимиз ортидаги сокин зовур томон йўл олдик.
– Бу зовур эмас, зовурча, – деди Бойтўра етиб келганимиздан кейин, у ўзига аллақандай ички ғурур билан, – чўлдаги зовурлар катта дарёга ўхшайди. Уйи­мизнинг орқасидаги зовур хавфли эди.
– Нега? – тергаб қўйдим.
– У ерда алвасти бор эди.
Кулгим қистади.
– Ваҳима қилма, – дедим.
– Ишонмайсан-а, Улуғ, – деди гинаомўз – ахир, мен бир неча бор овозини эшитганман, ўзини кўрганман.
– Қанақа экан?
– Барзангидай! Ҳамма ёғини жун босган. Кўзлари ёнади!
– Қаерда кўрдинг?
– Кечаси деразамизни тақиллатди. Биз қўрқиб, овоз бермадик. Парданинг ортидан қарасам, сочлари ўсиб, елкасига тушган ажина. Алланималар деб ғулдирайди де. Фақат иккита сўзини эшитиб қолдим.
– Нима деди?
– Золото, золото, – деди-ю, ўша қамишзорга қараб кетди.
– Ажина ҳам русча гапирарканда, – ёлғонини фош қилмоқчи бўлдим унинг.
– Нега гапирмас экан? Ҳозир русчани ҳамма билади.
– Ёлғон.
– Нон урсин – рост! Форишлик бобом: «Бу Вадим чолнинг арвоҳи, ҳовлисига қизилча кўмган бўлса, ўшанинг илинжида келган, бундай пайтда Кулҳу оллоҳу аҳадни ўқиш керак», дедилар. Менингча бўлса, у арвоҳ эмасди, ҳақиқий алвасти эди. Авваллари қамишзордан эчки бўлиб маърагани, мушук бўлиб миёвлаганини юз марта эшитганман!
Дилимда енгилгина хавотир пайдо бўлди. Шабадада чайқалиб ётган қамишларга эҳтиёткорона назар ташлаб чиқдим. Шеригим бўлса ҳамон ваҳимали гапларни ўзига хос ҳаяжон билан гапирарди. – Лекин адамнинг тахминларича, у арвоҳ ҳам, алвасти ҳам бўлмай Вадим чолнинг бошини олган ўша шериклари эмиш.
– Уни – шериклари ўлдиришганми, – қизиқишим тобора ортиб борарди.
– Менингча, шерикларимас, алвастилар бошини олишган. Тобутга қўйишганда, боши бир жойда турмай, юмалаб кетаверган. Кейин суянчиқ қўйишган.
– Бошини танасидан батамом жудо қилишганмиди?
Ҳа-да.
– Нега? Бир бошдан батафсилроқ гапирсанг-чи!
– Вадим бобо ондатра териси билан қундуз терисини телпак қилиб сотарди. Жа-а бой эди, қурғур! Тиллоси кўп, дейишарди унинг. Лекин даргоҳига бирорта бегона одамни йўлатмасди. Ҳовлисида немис овчаркаси бўларди. Бир куни десанг, Вадим чолнинг уйини милиция босади. Райцентримиздан биров «олтини бор» деб ёзиб берган, дейишади. Улар тиллони топишолмайди, аммо чолнинг ертўласини излаётган бир милиционернинг оёғини ногаҳонда қопқон қисиб қолади. Шу баҳона бўлиб, синчиклаб ўрганишса, чол бу қопқон билан мушук тутаркан. Унинг терисини ошлаб, боплаб бўяркан-у телпак тикаркан. Одамлар қундузники деб сотиб олишаркан. Ондатра ўрнига бўлса эчки терисини ишлатаркан. Ана шу қилмишлари учун қамаб юборишди уни.
– Хўш, кейинчи? – дилимдаги хавотир аллақандай ғулғулага айланган бўлса ҳамки қизиқишим устун эди.
– Вадим чол уч йил деганда кириб келди. Кейин овчилик билан машғул бўлди. Қўшотари билан чўлдан сайғоқ, тоғдан алқор отиб келарди. Гоҳида тириклай тутиб оларди.
– Сотишгами?
– Шундай бўлса керак. Тоғда бир ғор бор экан. Қишда ёввойи каптарлар, какликлар, тоғ эчкилари ана шу қоронғу ғорга кириб жон сақлашаркан. Вадим бобо фонарини олиб кираркан-у, жониворларни қийналмайганига тутиб оларкан. Кейин бўлса, бошини кесиб, қопга соларкан. Юқорида турган шериги пешма-пеш тортиб олавераркан. Бир куни шериги қопни тортиб олиб, шундай ағдарса, ичидан Вадим чолнинг боши юмалаб кетибди.
Рости гапки, этим жунжикиб кетди, хавотирим тағин ошди. Аммо афсона ёки ҳақиқатлигини аниқлаб бўлмайдиган ана шундай мароқли суҳбатдан воз кечиш ҳам жўн иш эмасди. Ҳалиги одам дод деворибди, – давом этарди Бойтўра, – ҳаллослаганича милицияга югурибди. Кейин галалашиб ғордан Вадим чолнинг бошсиз танасини тортиб олишибди.
– Қотилни топишдими?
– Йўқ, тополмади. Милиция бошлиғи буни Вадимнинг қамоқда орттирган жўраларидан кўрибди. Форишлик бобомнинг айтишларича, ана шу жониворларнинг деви бўлармиш. «Морбозро мор мекушад, оббозро об мекушад», дедилар у киши, буни ўша девлар қилган. «Менингча бу – алвастиларнинг иши».
– Бойтўра, тур кетамиз, жўра, – дедим атрофга қўрқа-писа қараб олгач.
У, йўқ демади. Йўл-йўлакай эса суҳбатни узилиб қолган жойидан давом эттирди.
– Кейин чолнинг ўғиллари ҳовлини сотишга қўйишди. Дадам бобомнинг гапларини ерда қолдириб, сотиб олдилар. Оқибат бунақа бўлди.
Мен Бойтўра билан хайрлашдим-у, ҳатто подъездимизга ҳам қўрқа-писа кирдим. Бурчакдан аллақандай кўланка чиқиб, кекирдагимдан оладигандай бўлаверди. Тушимда ...
Майли, қўяқолинг – бувим нохуш тушларни гапирма, дегандилар.
Бир куни ойимга бу ночор оила ҳақида гапириб берган эдим, у кишининг шафқат томирчалари зарб билан уриб қолди. Ҳафта ўтмай, мактаб ошхонасидан Бойтуранинг ойисига иш ҳам топдилар. Кейин Бойтўра ҳам ўша мактабга ўқишга ўтди. Шунга қарамай мен у билан бўлишни, бебош болалардан ҳимоя қилишни канда қилолмадим.


ЎТТИЗ ТЎРТИНЧИ БОБ

Диалог ва монологлар

Бугун – 1985 йилнинг сўнгги, серташвиш куни. Уйдаги юмушлар одатдагидан анча мўл бўлиши турган гап. Шунинг учун ҳам бирор баҳона билан сирғаниб ташқарига чиқишни мўлжаллаб турганимда, дадам муддаоимни англаб қолдилар, шекилли, буйруқ оҳангида дедилар:
– Улуғ, телефоннинг олдида ўтир – Самарқандни заказ қилганман – амакинглар билан гаплашиб олайлик. Нол еттига телефон қилиб, коммутатордан суриштириб тур, бўлмаса ёддан чиқариб юборишади, падарқусарлар!
Буни – ипсиз боғланиш, деса бўлади. Тақдирга тан бериб, шу соқов телефоннинг атрофида тимискиланиб юравериш керак энди.
Чамаси ярим соатлардан кейин коммутаторга русчалаб нималар дейишни мўлжаллаб олдим-у, нол еттини тердим. Аммо кутилмаганда телефонимиз батамом бошқа линияга уланиб қолди. Бир аёл бағоят меҳрибон ва навозишли оҳангда давом этарди.
– ... қадрингиз жуда ўтивотти. Қоронғу тушаверса, бу кичкинангизнинг икки кўзи эшикда бўлади. Шляпангизни кўрсатиб, бир нималар деб чулдирайди денг...
– Ҳа.
– Камчилик йўқ – биздан хавотир тортманг! Ёлғизлатиб қўйишмаяпти: идорангиздан гўшт, колбаса, арақ об келишди. Шоферингиз хабар олиб турибди.
Ҳа.
– Суви яхши эканми? Шароити тузукми ишқилиб?
Ҳа.
– Бел оғриғингиз йўқолдими, дадажониси?
Ҳа.
– Ялта – Тошкент эмас, иссиқроқ кийиниб юринг. Ёзда боринг, дедим, иш кўп, деб орқага сўрдингиз. Ордона қолсин шу иш.
– А-а-а.
– Кеча дадам қовун олиб келдилар. Хоразмники экан.
– Да!
– Магазинларни айланганингизда, у кишига ҳам тузукроқ нарса олишни унутманг. Кексаларнинг кўнгли нозик бўлади.
Ҳа.
– Болаларингизнинг ўқиши яхши. Мана, бари атрофимда навбат кутиб ўтирибди. Алишер билан гаплашасизми?
Ҳа.
– Салейкум, ада!
– Ўқишларинг тузукми, опангга ёрдам беривоссанми?
Ҳа.
– Менга қара, гаражнинг калитини олгин-у, кириб мошиннинг бардачигини оч. Ичида битта арақ билан иккита минерал сув бор. Шу сувларни уйга об кир. У ерда музлаб қолса, мошинни расво қилади. Тушундингми?
– Ада, нима девоссиз?! Мошинни сотдик-ку. «Волга» оламиз, деб ўзийиз...
– А? Опангга бер!!
Ҳа, дадажониси...
– Бу, мошин турибдими?
– Вой, дадажониси, ичвоганмисиз, дейман нима бало. Январда «Волга» беради...
– Кечирасиз, бу ўн уч ўн беш ўн учми?
– Телефонимизми? Йўқ, унақамас!
– Аввалдан шундай демайсизми?! Лақма аёл экансиз-ку!
– Бефаросат.
– Сочи узун, ақли калта.
Ҳўкизвой ...
У трубкани шарақлатиб жойига қўйди. Мен беихтиёр кулиб юбордим.
Ҳа, Улуғ. – ичкарида ойимга кўмаклашаётган дадам қизиқдилар.
– Шунчаки ўзим, – дедим ва беихтиёр сўрадим, – дада бу йил «Жигули» оламизми?
– Китоб чиқсин қани ...
Алламаҳалгача кўз ўнгимга харид қилинажак машинамизни келтириб, ширин хаёллардан завққа тўлиб ўтирдим. Бир неча дақиқа ўтгач, коммутаторга телефон қилиб, икки аёлнинг суҳбатига шерик бўлиб қолдим. Улар русчалаб нарх-наво ҳақида баҳслашишарди. Аёллардан бири қайта қуриш сабаб бўлиб арақ, шакар, гўшт қимматлашиб кетишини асослашга ҳаракат қилса, иккинчиси бунинг аксини каромат қиларди. Менга уларнинг суҳбати мароқли бўлиб туюлмади. Ғиж-ғиж рақамлар ва фактларнинг мағзини чақолмасдим. Бунинг устига бегона кишилар суҳбатини тинглаётганимдан дадам воқиф бўлсалар... Дастакни ўрнига қўйиб, алламаҳалгача ойимга ёрдам бердим.
Бу гал коммутатор жавоб берди. Самарқандни сўраган эдим, билдираб алланималар деди. Сўнг трубкада икки эркакнинг вазмингина гуфту гўйи давом этди.
– ... бизда илон кўрдингми?
– Илон? У яхши. Мен ундан ёмонлик кўрмаганман.
– Мендан нима ёмонлик кўрдинг? Кесатмай, очиқроқ гапиравер.
– Ўзинг барини балодай биласан. Яхшилигингга муҳтож бўлиб қолганимда, мурувватингни дариғ тутдинг. Бу – ёмонлик эмасми, ахир?!
– Касов узун бўлса, қўл куймайди, деб эшитганмисан?
– Ўша ипирисқиларнинг қўлидаги косовга айланиб қолганинг аянчли-да!
– Слушай!
– Ўзбекча гаплашаверайлик энди. Онамиз ўзбекчалаб алла айтган, қишлоқда катта бўлдик ...
– Қайсар ва эзма одамсан!
– Бу дунёнинг остига ё эзма етади ё кезма, деган экан бир донишманд. Мен остига етишни, тушунишни истайман.
– Йўқ, именно тушунишни истамаяпсан! Сен землягимсан-ку! Қандай қилиб ёрдам бераман?! Тирсак яқин бўлган билан тишлаб бўлмайди-ку! Тарафингни олсам, бюро нима дейди?!
– «Земляк»нинг ўзбекча атамалари кўп: ҳамзамин, қишлоқдош. Бу – бир, иккинчидан, ўшанда қўлламасанг ҳам бетараф қолишинг мумкин эди-ку!
– Шеф бетарафларни ёмон кўради. – Умуман маҳаллийчилик билан миллатчилик принципсизликдир.
Ҳамюрти билан миллатдошига носамимийлик қилишчи? Бу жойизми? Нақадар пуч мантиқ!
– Менга қара, бу ҳарактеринг билан қандай қилиб қирқ беш йил яшадинг? Қандай қилиб, тағин йигирма-йигирма беш йил умргурзонлик қиласан?! Сен зиммамдаги масъулиятни бундай тарозига қўйиб кўрсангчи!
Ҳа, ҳа, биламан, ҳозир мақтасанг – мақталасан! Ўшаларга қараб тиржай, ўшаларни мақта. Лекин ишончим комилки, виждонинг сени исканжага олаверади. Бундан кўра мустабид дард йўқ! Дадамга жаназа ўқитганим учун ишдан олдиларинг-а! Нақадар ножўялик! Ҳалиги райком котибини – адашмасам, фамилияси Шерқулов эди – қабристонни обод қилгани учун не-не маломатларга гирифтор қилдиларинг. Одамлар нима дейди?! Сенга ҳам, Опага ҳам, Эшонга ҳам тақдир жанозани, бир қулоч қабрни раво кўрмасин, деб қарғамайдими?! Сизлар ...
– Халқ душмани, демоқчимисан! – Майли, нима десанг, деявер. Шу гапларни телефонда гапираётганингни ўзи ҳам бефаҳмлигингдан далолат. Лекин билиб қўйки, бу дунёда тариғи пишганнинг товуғи бўлмасанг, уни кўролмайсан!
– Бундай қилиб тариқ егандан кўра, гўнг титган афзал-ку, ахир!
Мен чўчиб кетиб, дастакни жойига қўйдим. Ва икки аламзаданинг дардли суҳбатини мушоҳада қилиб кўрдим. Қанақа зиддиятлар, асоратлар бўлмайди бу дунёда?!
Ногаҳонда телефон жиринглаб, хаёлларимни тумтарақай қилиб юборди. Мен бувимнинг дилкаш овозларини эшитиш илинжида трубкани кўтардим, аммо аллақандай овсинлар суҳбатига уланиб қолдим.
– ... мен айтмай, сиз эшитманг, овсинжон. Дадам бу дунёда тузукроқ кун кўрмай кетдилар. Душманлари кўп эди – босмачи, деб қамаб юборишди, гўрингда тўнғиз қўпгурлар! Ҳеч бўлмаса, нариги дунёлари рўшно бўлсин деб қабрларига қора тош заказ қилдим. Мармарга номларини ўйдириб, атрофига Қуръони Каримдан оятлар ёздирдим. Хўжайин билан тошни қабристонга бешикастгина олиб борсак, биров денг дадамнинг мозорлари устига пишиқ ғиштдан сағана қуриб қўйибди.
– Вой, ўлай ...
– Бориб қарасам, Инқилоб ая деган бир аёлнинг расмини солиб, «Босмачига қарши курашган актив аёл эди», деб ёзиб қўйибди.
– Вой, ўлай.
– Жоним халқумимга келди, денг овсинжон. Дадамнинг ёмон кўрганлари шу аёл эди: ёвлашиб қолишган экан, қўлга тушиб, қамалиб кетишларида ҳам шу безурёд сабаб бўлган экан. Суриштириб билсам, гўрингда тўнғиз кўпгўр селсоветдагилар адашиб, унинг қабрини дадамники билан чалкаштириб юборишибди.
– Вой, ўлай.
– Овсинжон, ҳукумат мени отса отиворсин, дедим-у, жаҳл билан болтани олиб, барини бузиб ташладим. Хўжайинга ҳам бир эски кетмон топиб бердим. Эртаси уста топиб келиб, оладиганингни ол-у, мана бу тошни ўрнатиб бер, дедим. Шомгача десангиз, айтганимдай қилиб беришди. Буниси майли-ю, овсинжон, шундан бери тобим йўқ. Сал бўлмаса ўлиб қолувдим!
– Вой, ўлай.
– Ўша кечаси десангиз, тушимга дадам билан Инқилоб ая кирибди. Икковлари денг бир-бирларига қараб нуқул йиғлашармиш.
– Вой ўлай.
– Эрталаб ўрнимдан туролмай қолсам бўладими?! Аввал «скоропомош»ни чақиришди. Докторлар дори-дармон қилгандан кейин хўжайин домлани эргаштириб келдилар. Бир ҳафтадан сўнг сал ўзимга келдим. Ҳозир ҳам уйқу йўқ. Хоб дорилар зиғирча наф бермаяпти.
– Вой, ўлай! Эшитган бўлсам, инсон эмасман-а, овсинжон! Бўлмаса – борардим.
– Э, ҳозир бировдан гиналайдиган замон эмас!
– Ўзи одамлар жинни бўлган, овсин. Менинг Ялламадаги тоғам денг оламдан ўтдилар.
– Вой эшитмабмиз-ку!
Ҳа, туйқусда шунақа бўлиб қолди – битта-яримтага хабар ҳам беролмадик.
– Касал эдиларми?
– Йўқ, ўғрилар ўлдиришибди, овсин. Тоғам магазинга қоровулчилик қилардилар. Тирикчилик дегандай, одамларнинг ҳожатини чиқариб турардилар. Носми, арақми ...
Ҳа, уяти йўқ, овсин, тирикчилик шерни тулки қилибди. Ўттиз икки тишнинг ўттиз икки иши бор, деган экан машшойихлар.
– Ўлигингни хабари келгур ўғрилар роса дўппослаб, пуллари, арақларини олиб кетишибди. Бошларига қаттиқроқ тепишган эканми, золимлар больницада ...
– Во-о-ой...
– Хўжайин моргдагилар билан гаплашиб, жасадни тушдан кейин олиб келдилар. Юзлари маматалоқ бўлган, десангиз, таниб бўлмайди. Бола-чақалари чирқиллайди, денг энди оҳу-зорига бағри тош одамнинг ҳам дийдасига ёш келади. Буниси ҳам майли, овсин, мурдашув ювиб чиқди-ю, «марҳумнинг оғизларида тилло тишлари бор экан, ҳозир қабрдан ҳам тунайдиган ўғрилар чиққан, тишларини олиб қўйиш керак» деб қолди.
– Вой.
Ҳаммамиз анграйиб қолдик. Тоғамнинг бирорта тишлари тилло эмасди. Ўттиз икки тишлари ҳам соппа-соғ эди. Кириб қарасак, ўлигингни хабари келгур духтурлар адашиб, бошқа одамнинг жасадини бериб юборган экан!
– Во-ой!
– Эркаклар тағин моргга боришди. Суриштириб билишса, «Партсъезд» колхозининг кассири билан алмаштириб  юборишган экан тоғамни. У шўрлик ўша куни аварияда ўлиб, духтурларнинг қўлига тушган экан.
– Во-ой!
– Мен айтмай, сиз эшитманг, овсин. Бунда қисматни душманингизга ҳам раво кўрмасин! Кассирнинг одамлари денг, тоғамни кўмиб бўлишган экан. Вой, бечора тоғажоним, деб йиғлайман, бошингизда етти ёт бегоналар садр тушдими, сағир қолган болаларингиз бошқа бировнинг жасади устида нолаю фиғон чекдими?! Эй худо, дейман бундан ҳам баттар кўргилик борми?! Қайси гуноҳларимиз учун бундай қисматга дучор қилдинг?!
– Во-ой!
– Кейин десангиз, икковларини ёнма-ён қўйишди. Катта мулла бор экан, шундай қилсаларинг, Мункар Накирлар адашишмайди, дебди. Энди ўликни ҳам алмаштирасанми, денг-а?! Бу сенга қўлқопмиди, этикмиди?! Ҳа, олган ойлигининг тешиб чиқсин! Ўлигингни хабари келсин! Нега ҳукумат буларни чиқариб, пешонасидан отиб ташламайди?!
Аёл шундай деди-ю, йиғида давом этди. Менинг кўнглим эзилиб кетди ва трубкани жойига қўйдим. Кўз ўнгимда эса чуввос солиб йиғлаётган хотин-халаж, кўзида ёши ғўлтиллаб турган болалар, қабр устида қироат қилаётган домла намоён бўлди.
Яна бирор соатлардан кейин телефон давомли жиринглади. Линияда Самарқанд эканлигини ҳис қилиб, ҳаммамиз аппарат атрофига ўралашиб олдик. Дадам амаким билан саломлашиб олгач, бувимни суриштирдилар. Ҳадемай моможонимнинг янгроқ, қадрдон овозлари янгради.
– Болаларинг яхшими?
Ҳаммаси яхши! Мана, интиқ бўлиб ўтиришибди.
Бирор дақиқадан кейин дастакни қўлга олдим ва менга илк бор алла айтган, афсоналар сўзлаб берган меҳрибон овоздан энтикиб кетдим.
– Улуғжон, яхшимисан? Сани жуда соғиндим.
Ҳа, ҳа тузук, дедим, негадир қуруққина қилиб.
У кишининг саволлари, менинг дудмал жавобларим охирига етмаёқ, дастакни Моҳибону қўлимдан юлқиб олди.