ИККИНЧИ ҚИСМ
ЙИГИРМА
БЕШИНЧИ БОБ
ЛЎЛИ ҚИЗ
Почтачимиз
Офарин амаки «Известия», «Литературная газета», «Ўзбекистон маданияти»
газеталари, бир талай журналлар билан бирга бот-бот мактублар ҳам олиб
келадилар. Турли тоифадаги танишлар турфа мавзуларда расмий ёки норасмий хатлар
ёзиб туришади дадамга. Дадам уларни зудлик билан ўқиб чиқадилар ва айримларига
эринибгина жавоб йўллайдилар.
Бу
мактубни эса Ургут районида яшовчи Ҳаким ...ев деган киши йўллаганди. У тез қўлдан-қўлга
ўтди, ҳатто қўни-қўшнилар ҳам ўқишди ва ҳаяжонга тушишди. Мен учун эса у ўта
зерикарли, мавҳум бўлиб туюлди. Аммо у сиз учун қизиқарли ёки ибратли бўлиши
ҳам мумкин.
Эринмасангиз,
ўқиб чиқинг.
«Ҳурматли ...ака!»
Мен
газетада босилган лўлилар ҳақидаги хикоянгизни ўқиб чиқдим ва қўлимга қалам
олдим. Уларни меҳр билан тасвирлагансиз. Ҳаяжонландим, аниқроғи, дардим янгиланди. Шу муносабат
билан бошимдан ўтган бир воқеани ҳикоя қилиб бермоқчиман. Эҳтимол у кимларгадир
ибрат бўлар.
Бу
гапга йигирма йилча бўлиб қолди. Ўрта мактабни битириб, институтга кириш учун
биринчи бор Самарқандга боргандим ўшанда. Сершовқин Сиёб бозорининг Бибихоним
масжиди олдидан ўтиб кетаётганимда, ўрта ёшлардаги, қорамағиз бир аёл менга
мурожаат қилиб, эски танишлардек имлаб қолди. Соддагина кийинган бу аёлга ажабланиб
боқдим; андак иккиланиб турдим-у, ҳурмат юзасидан унга яқинлашдим.
–
Балагинам, худои таоло сани кўзларингга нури фаришта ато этибди, умрингни узоқ,
ризқингни фароғ қилибди. Йўқ, дема, йўқ, дема. Бало-ю қазоларнинг садағаси
қилиб, ярим сўмми, бир сўмми бер – ман кароматларни гапириб берай.
Бу
аёл фол очувчи лўли эканлигини шундан кейин фаҳмладим. Йўлимда давом этмоқчи
бўлгандим, у енгимдан беозоргина тутиб, гапда давом этди.
–
Балагинам, сани олдингда катта тоғ турибди, ҳозир фикру-зикринг ўша билан банд.
–
Тўғри, – тан олдим, – ўқишга киришга келганман. Айтинг қани, кироламанми,
йўқми?
–
Биласан-ку, қуруқ қўл билан фол очиш – ножоиз. Жонингни садағаси қилиб, бир сўм
бер – сиру асрорингни, дўсту, душманингни, омаду ноомадингни, ризқу рўзингни
ойнадай кўрсатай. Рост гапирмасам, насиб қилмасин.
Тоғам
бари бўлиб ўн сўм пул тутқазганди. Тежаб сарфлашимни ҳам ўн марталаб
тайинлаганди. Шунга қарамай ва гарчи фолга ишонмасам ҳамки, аёлнинг кафтига бир
сўм қўйдим. У пулни шоша-пиша камзулининг чўнтагига солганича жаврай кетди.
Лекин тез гапиргани, ўзбекчани бузиб талаффуз этгани, мантиққа унчалик эътибор
бермаслиги сабабли мазмунини тўла англаб олиш амримаҳол эди. Аёлнинг узундан
узоқ жаврашларидан менга шу нарсалар аён бўлдики, олдимда турган ўша тоғдан
осон-омон ўтиб олармишман, жуда яқин одамимнинг руҳи менга мадад бўлармиш.
Менинг душманларим ҳам бор экан, лекин улар муддаоларига етишолмасмиш. Бир
қизни мажнунона севиб қоларканман-у, унга етишолмасканман. Умрим узун бўлармиш,
аммо нимадандир қониқмай, дилгир ва дилғаш бўлиб яшармишман.
–
Агар номимни айтсангиз, тағин бир сўм берардим, – дедим қайсарлигим тутиб.
–
Балагинам, бу бизга нораво: пиру устозларимиз бадқаҳр бўлади, – деди тағин пул
чўзишимдан умидвор бўлиб.
Атрофдагилар
қизиқувчанлик билан бизни кузатишаётганини сезиб қолдим-у давом этдим.
Ҳужжатларимни тиббиёт институтига топширган эдим,
айримлар ваҳима қилиб юборишди. «У ерга кириш учун фалон пул керак», «Кўрпангга
қараб оёқ узат».
Лекин
мени ҳеч қандай таъмасиз қабул қилишди. Мактабда яхши ўқиганим имтиҳонларга
пухта тайёрланганим учун бўлса керак, барча саволларга бурро жавоб қайтардим.
Ўқишга кирганимни эшитиб, онамнинг кўзларига ёш қалқди. Лекин тоғам бир неча
кунгача ишонқирамай юрди. Ишонч ҳосил қилгандан кейин эса мен билан фахрланиб
қўядиган, «ёрдам бергани»ни таъкидлайдиган бўлди.
Дадам
вафот этгандан кейин, тоғам ойим иккаламизни қаромоғига олганини – сўнгроқ –
ақлимни таниб билганман. Тоғамнинг хўжалигида иш шу қадар беҳад-у беҳисоб
эдики, меҳнатга яроқли ҳар бир одам эртадан кечгача худди аравакаш отдай тиним
нималигини билмай меҳнат қиларди, Ойим, тоғамнинг хотини, болалари билан
даладан тамаки барги юлар, кечқурун алламаҳалгача уларни битталаб бесўнақай
игнага тизарди. Тамакига яхши ҳақ тўлашгани учун бўлса керак, ҳатто ҳовлисининг
супаларигача қадаб тамаки ўтқазарди. «Бир туп райҳоннинг ўрнига тамаки
қадасанг, фалон сўм фойда оласан», деб таъкидларди у.
Институтга
кирган йилларим қишлоғимизда бирорта врач йўқ эди. Иван Тимофеевич деган
фельдшер (уни ҳамма Иван бобо дерди) от миниб, қишлоқма-қишлоқ кезар,
хонама-хона эринмай кирар, ҳол-аҳвол сўрар, беморларни даволар, болаларни
эмлар, хоналарни дизенфекция қиларди. Одамлар уни ҳамон эҳтиром ила эслашади.
Чунки у ўша ибтидоий шароитда ўзи дори-дармон тайёрлар, чиққан қўл-оёқларни жойига
солар, хуллас бор имконини ишга туширар. Одамлар қатиқ, вино, товуқ совға
қилишса, рад этмасди. «Иван бобо тоза спиртни ҳам ичаолади», дейишарди
ҳайратланиб.
Иван
Тимофеевич пенсияга чиқиб кетгандан кейин қадри билиниб қолди. Унинг ўрнига
келган доктор хонасидан чиқмайдиган, бунинг устига беморларнинг нуқул район,
шаҳарга юборадиган бўлиб чиқди. Медпунктдан оддий грелка, йод, тоза пахта топиш
ҳам амри маҳол бўлиб қолди ўшанда. Шунинг учун бўлса керак, тўртинчи
курслигимдаёқ доктор сифатида танилиб қолдим. Таътилга келган кунларим қўшни
қишлоқлардан ҳам мени излаб келадиган бўлишди.
Ўша
куни ойимнинг ёнида чўнқайиб олиб, тамаки тизаётган эдим. Ойим кимларнингдир
қизлари бўйга етганини, сочи орқаси билан битта бўлганини гапираётганди. Бир
лўли аёл кириб келдию, суҳбатимиз узилди. У менга дафъанат бозордаги фолбинни
эслатди. Аёл ойим билан қуюқ кўришди, иккиламизни узоқдан-узоқ дуо қилди.
–
Дугона, сизга айтган ўғлим мана шу, – деди ойим фахр билан мен томон имлаб, –
ўзи духтир: кўп одамларни тузатди.
У
ажабланиб, менга тикилди ва гапга киришиб кетди. Эрининг хасталаниб қолганини,
қизи ўқимоқчи бўлаётганини, лўлиларнинг асрий урф-одатларини писанд
қилмаётганини, раис уларни фермага ишга таклиф қилганини қаторлаштириб ташлади.
–
Хўжайинингиз нима касал бўлган, – қизиқдим у бир лаҳза тин олиши билан.
– Қорни оғрийди, болам. Рад қилади. Худонинг қаҳри
келди...
– Мени олиб боринг, кўрай; иложи бўлса даволайман, –
дедим.
Аёл
бундай таклифни кутмаган эди, сергакланиб менга тағин бир бор назар ташлаб
чиқди. Негадир саволли нигоҳларини ойимга қадади. Ойим жавобан тағин мени
мақтаб кетди.
– Қорин оғриғини ҳам даволайди, бош оғриғини ҳам...
Шундай
қилиб, бир неча дақиқадан кейин биз уларнинг тўқай ёнидаги чодирига қараб йўл
олдик.
–
Лўли хола, – дедим у жаврашдан тин олгач, – раис ишга чиқинглар, деган бўлса
тўғри гапирибди-ку. Ахир шундай арзончилик, омончилик замонда ҳам ҳалиги қилиб
(тиланиб, деган калимага тилим бормади) юрадими киши?!
–
Одатимиз, балонгни олай, одатимиз. Худо бизни шунинг учун яратган.
Суҳбатдошим
гап орасида узуқ-юлуқ қилиб бир афсона гапириб берди. Унда ривоят қилишича,
жуда қадим замонда, қайсибирам мамлакатда шоҳ лўли қизга уйланибди. Ҳукмфармо овга кетган кунларининг бирида мулозимлар
қарашса, малика: «Садақа қилинглар, айланайлар, хайр қилинглар», деб ўзи
токчага қўйган нон бурдаларини териб юрган эмиш. Подшо шикордан қайтиши билан
уламолар бу воқеани оқизмай-томизмай гапириб беришибди. Шаҳоншоҳ оташин бўлиб,
хотинидан бу ҳолнинг сабабини сўрабди. «Одатимиз шу, дебди малика, бусиз
туролмаймиз».
Ҳадемай айқашиб ўсиб ётган ва бир ёғи тўқайга туташиб
кетган толзорда латта-путталардан қуроқ қилиб тикилган пастак чодир кўзга
ташланди. Атрофида моллар ўтлаб юрар, бу маскан аллақандай сирли бўлиб
туюларди. Шу тўқай ҳақидаги талайгина афсоналар ёдимга тушди. Базм қуриб
ўтирган жинлар, эчки қиёфасига кирган ажина ва ҳоказо. Тунлари бу ердаги
шоғолларнинг чинқириғи, бўриларнинг увлашини ўзим ҳам бир неча бор эшитганман.
–
Қўрқмайсизларми, – сўрадим беихтиёр.
Лекин
саволим жавобсиз қолди: аёл хавотирона овоз берди.
– Ханифа-а-а!
Чодирдан
китоб қўлтиқлаган, қорамағиз қиз чиқди; ажабланиб, менга бош-оёқ назар ташлади.
Сўнг нигоҳларини ойисига қадади. Унинг ана шу қарашидан: «номаҳрам кишини
эргаштириб келишга бало борми», деган дашномни уқиб олдим. Дилим андак ғаш
бўлди. Лўли аёл қизига ўз тилида гапира кетди – тушунишимча, менинг
табиблигимни маълум қилди, ичкарини тартибга келтиришни тайинлади.
Чодир
ташқарисидан кўримсиз, увада бўлса ҳамки ичкари саранжом-саришта эди. Ўртада
эски кўрпачаларга ўралган чол букчайганича ғамгин ётар, ўзи ҳам қоқсуяк бўлиб
кетганди. Бояги қиз бўлса шубҳали нигоҳ билан ҳар бир ҳаракатимни таъқиб
этарди; аёл эса ҳамон жаврарди. Назаримда у эрига мен тўғримда гапирарди. Бемор
алламаҳалгача сукут сақлаб турди-ю, юзини нохушгина буриштириб қўйди.
–
Амаки, қаерингиз оғрийди, – сўз бошладим мумкин қадар меҳрибон оҳангда.
–
Қорни оғрийди, – унинг ўрнига жавоб қайтарди аёл ва такрорлади, – озорики
тортади – ҳадди йўқ! Худога нола қиламан...
Чолга
термометр қўйдим, фенондоскоп билан юрагини тингладим, қорнининг қаери,
қачондан бери оғришини обдон сўраб олдим. Беморнинг гапларига қараганда, у
хроник гастритга чалинганди. Режимсиз, пала-партиш овқатланиш оқибати эди бу.
–
Бугун зубтурум қайнатиб беринглар, эртага дори-дармон олиб келаман, – дедим, –
ҳафта-ўн кунда ўтиб кетади.
Отахоннинг
юзида бирор ифода пайдо бўлмади, лекин лўли аёл билан қизи бир-бирларига ички
бир қониқиш билан мамнунгина назар ташлаб қўйишди. Бу хурсандчиликда икки туйғу
мужассам эди: биринчидан, оила саркорининг соғайишидан умид, иккинчидан, уларни
ҳам қўлловчи, меҳрибонлик қилувчи маҳрам кишилар борлигини ҳис қилиш туйғуси
эди. Зотан бир умр камситилган, яккаланган киши ўзига мададкор, такягоҳ
топганда, қандай аҳволга тушишини тасаввур қилиб кўриш қийин эмас. Бу хуррам ҳолат
менга ҳам юқди ва лўли аёлнинг таклифидан кейин у кўрсатган пўстакка ихлос
билан ўтирдим; чой ҳўплаб, қаршимдаги қизга кўз қиримни ташладим. У хушқомат
бўлиш билан бирга, қошлари пайваста, нигоҳлари жиддий эди. Қишлоғимизнинг
казо-казо қизлари менга кўз қири ташлашни, имкон бўлиши билан гап қўшишни хуш
кўришарди. Ҳанифа бўлса нигоҳларини
ҳам, ўзини ҳам менга олиб қочаётганди. Жавобан мен ҳам бепарво бўлишга аҳд
қилдим. Аммо кўп ўтмай унинг қанақа китоб ўқиётганига жуда-а қизиқиб қолдим.
Муқовада «Олеся» деб ёзилганди. «Қанақа китоб ўқиётганингни айтсанг,
кимлигинингни айтиб бераман» деган нақл бор. Аммо мазкур китобга қараб, Ҳанифага баҳо беришдан ожиз эдим– чунки А.Куприннинг бу
қиссасини ўқимагандим.
Чодирдан
қайтиб, қишлоқ кутубхонасига кирдим. «Олеся»
рус тилида бўлса ҳамки тушунарли, равон эди.
Қиссада
рус зиёлиси Иван Тимофеевичнинг (собиқ фельдшеримизнинг адаши) қишлоққа ҳордиқ
чиқаргани келиб, лўли қизи Олесяни оташин муҳаббат билан севиб қолганлиги
тасвир этилганди. Иван Тимофеевич Олеся учун ҳамма нарсага тайёр, лекин мағрур
қиз йигитнинг бу мажнунона ҳолатига эътибор бермайди. Ниҳоят, не-не уқубатларда
Олесянинг кўнглига йўл топади ҳам. Шунда жоҳил мужиклар бундан воқиф бўлиб,
лўли қизни сеҳргарликка айблайдилар ва қишлоқдан кўчириб юборадилар. Олесянинг
қорамағиз қиёфаси, доно мушоҳадалари кўз ўнгимдан кетмай қолди. Ҳанифа билан унинг орасида аллақандай муштараклик
бордай эди.
Эртаси
зарур дори-дармонларни олиб, чодир томон йўл олдим. Оила аъзолари билан эски
танишлардек саломлашдим; беморнинг сиҳатини суриштирдим. Унга ҳеч қандай
ўзгариш йўқ эди. Зудлик билан бир неча қошиқ гидрокарбонат магний (ичимлик
сода) ни бир коса сувда обдон эритиб, чолга узатдим.
–
Шуни ичиворинг, оғриғи қолади.
У
косани қўлига ҳам олмади. Савол назари билан хотини, қизига қаради. Дилимда
нохуш ҳис уйғонди: демак, менга ишонмаяпти.
–
Отахон, ичинг, мен докторман – одамларни даволайман, деб қасам ичганман.
Қизи
билан хотини ҳам далда беришди. Бемор дорини сипқориб бўлгач, ични юмшатадиган,
вужудни қувватга киритадиган дори, дармон-дорилар бердим. Ҳанифага тушда ва кечқурун дори тайёрлаб бериш
йўлларини ўргатдим. Шу баҳона бўлди-ю, иккаламиз беихтиёр гаплашадиган бўлиб
қолдик. Лекин у барибир мен билан мулоқот қилишга иштиёқманд эмасди.
Эртаси
келсам, отахон қиблага қараганича намоз ўқиётган экан. Муолажалар ўзини
кўрсатганидан қувондим. Оиладагиларнинг ҳам хурсандчилиги беҳудуд эди.
Тағин
бирор ҳафтадан кейин биз Ҳанифа
билан эркинроқ гаплашадиган бўлдик. Ҳаммаси бўлиб, у тўртинчи синфни битирган экан холос.
Самарқанд шаҳрида биринчи синфни тожикча тугатиши билан оила Каттақўрғонга
кўчибди. Бу ерда бир йил ўзбекча ўқишга тўғри келибди, сўнг Навоий шаҳри
яқинидаги геологлар пасёлкасида икки йил русча таълим олибди.
–
Қишлоғимиздаги мактабга кирсангиз яхши бўларди, – дедим синовчан назар ташлаб,
– ўнинчи синфга қабул қилишар. Зарур бўлса, орага тушаман. Ҳарҳолда одамлар орасида...
–
Одамлар орасида, дедингизми, – ажабланди у, – бунинг нимаси яхши? Назаримда
улардан узоқроқ бўлиш афзал...
Қизнинг
узилиб қолган каломида аллақандай таънали маломат бордай эди. Шунинг учун
қизиқувчанлигим сўнмади.
– Хўш, нега энди?
–
Назаримда одамлар бир-бирларини камситиш, нописандлик қилиш, асабларини эговлаш
учун яратилгандай...
–
Нотўғри, – рад этдим, – одамлар бир-бирларига меҳрибон бўлмоғи шарт. Жамиятдан
узилиб қолган кишининг бахтли бўлишига ишонмайман!
–
Жамиятдан эмас, ватандан ажралганлар бахтиқаро бўлади, – давом эттирди у.
–
Тўғри, лекин...
Мен:
«Ватан – жамият деганику» демоқчи бўлгандим, у сўзимни кесди.
–
Мана, бизнинг авлодга ўхшаб. Осиё лўлисими, Европаникими – фарқи йўқ.
–
Тушунмадим, – тан олдим.
У
уқдира бошлади.
–
Биз аслида Покистоннинг Мўлтон шаҳриданмиз. Хунрез душман шаҳримизни босиб
олиб, боболаримиз, момоларимизни ер юзига сочиб юборган. Ватанидан ажралган
эса... Халқим тиланчи, фолбин бўлиб қолган.
Табиийки,
мен бундай маълумотлардан бехабар эдим,
теран мушоҳадалардан ҳайратга тушдим.
–
Кўп нарса кишининг ўзига ҳам боғлиқ, – суҳбатимиз узилиб қолмаслиги учун
эътироз билдирдим, – одамлардан ўзини олиб қочмаса, аралашса эл бўлади. Мана,
раиснинг таклифини ҳам рад этибсизлар. Ваҳоланки...
–
Раис бизни фермага таклиф этди. Эҳтимол сиз буни илтифоту эҳтиром деб биларсиз.
Аммо масалага чуққуроқ қараш керак. Тамакига яхши ҳақ тўлашяпти, шунинг учун
фермадагилар ҳам далага кетиб қолишди. Энди у ерга ишлайдиган одам керак.
Бунақа ғамҳўрликни кўп кўрганмиз. Айниқса сизнинг ҳамқишлоқларингизга ишониш
қийин. Пуллари кўпайган сари жоҳиллашади
улар. Эшитганмисиз: девона гурез маст одам, маст гурез зармаст одам.
– Нотўғри, – рад этдим, андак жаҳл билан.
–
Аччиқчангиз келдия, – вазиятни юмшатди Ҳанифа, – ё ғурурингизга тегиб қўйдимми. Майли ҳарҳолда
ўтган йили мачитда бўлиб ўтган воқеа ёдимиздан чиққани йўқ.
Ёдимга
лоп этиб, қишлоқдошларимнинг ўша шармандали қилмишлари тушди. Дарҳақиқат
аввалари бунақа нобакорликлар бўлмасди бизда. Тамаки эвазига катта ҳақ оладиган
айрим кишилар уни «ювадиган» одат чиқаришди. Бир неча кунлаб маст бўлиб
юришлар, бақириқ-чақириқлар авж олди. Ўша куни бир тўда бадҳоҳ бойвачаллар
обдон ичишади. Инсоний қиёфасини йўқотган баъдавийлардан бири: «Давай, бориб
лўлиларнинг қизини ...миз», деб
қолади. «давай», дейди бошқалари ҳам. Ўша кузда қишлоғимиз мачитига лўлилар
қўнганини эшитган эдим. Мачитнинг қулаган устунларини ўша лўлилар тиклашганини
мўйсафидларимиз мамнуният билан таъкидлайдиган бўлишганди.
Хуллас,
ҳалиги қутирган тўда ваҳший бўриларга ўхшаб мачитга бостириб боради. Қарашса
бир лўли чол намоз қироат қиляпти. Таомил бўйича, намоз ўқиятган кишига жаллод
ҳам халақит бермаслиги керак. Аммо бу нобакорлар чолга ҳам хотин халажга ҳам
ташланиб қолади. Аёллар ўзларини четга олишади. Мўйсафидни эса оёқ остига
олишади. Ўзингиз тасаввур қилиб кўринг-а: бола-чақанинг кўзи ўнгида мўйсафид
оталарини оёқ остига олиб тепкилаш тубанлик эмасми?!. Лекин шундай қилишади.
Улар қишлоқдошларимизни қарғаб, қарғаб кўч кўлонни кўтаришади.
Ҳанифанинг хозирги таънаси ўринли эди. Мен жавобан ҳеч
нима дея олмадим. Биз жимиб қолдик. Гапни бу нохуш хотирадан бошқа ўзанга буриш
талаб этиларди.
–
Сиз билан Олеся ҳақида гаплашмоқчи эдим, – кўнглимда тугиб юрган ниятимни юзага
чиқардим.
–
Майли.
–
Мен унинг тақдирига ачиндим: улар бир-бирларига етишолмай қолганликлари аламли.
–
Йўқ, аксинча, етишмагани мақул.
–
Хўш, нега, – менга ёқинқирамади унинг жавоби.
–
Етишган билан бахтиёр бўлишолмасди.
–
Қўшилмайман, – эътироз билдирдим.
–
Муҳаббат дегани кўпинча бир-бирига етишгунча олов олиб, сўнг сўниб қоладиган
ўткинчи туйғу.
–
Шоирлар асрлар оша улуғлаб келган олижаноб туйғуни шунчалик камситиш, ерга уриш
мумкинми?!.
–
Билмадим, Бизнинг қизлардан бирортаси бошқа миллат ёки элат вакилларига тегиб,
бахтиёр бўлганини ҳеч ким эслолмайди.
Мен
алланечук бўлиб кетдим. Дилимда оловланаётган умид учқунларига совуқ сув
сепилгандай бўлди.
–
Наҳотки, муҳаббат аллақандай миллат ёки эътиқод танласа, – шу баҳонада мақсадга
ўта бошладим, – наҳотки, шунча китоблар ўқиган зукко қиз уни қадрламаса,
тушунмаса.
–
Ҳаётни китоблардан ўрганарканмизда энди, – киноя қилди
у.
Шу
тариқа алламаҳалгача давом этган баҳсимиздан сўнг мен қўл қўтардим. Унинг
мушоҳадалари ҳақиқатдан ҳам, ҳаётий ва асосли эди.
Чол
тузалиб кетгандан кейин ҳам уни «даволагани» келавердим. Биз Ҳанифа билан кўп мавзуларда баҳслашсак ҳамки, у ҳамон
нигоҳларини яширишга ҳаракат қиларди, юрагига қўл солмоқчи бўлсам, ғуссага
ботгандай бўлиб, гапни бошқа томонга бурарди. Ўксиб кетардим бундай
дақиқаларда.
–
Сизни кўзларингизда аллақандай сеҳр бор, – дедим меҳрим жўшиб, – лекин ишвагар
қорачиқларингизни мендан яширишингиз нохуш.
–
Чунки сизни сеҳрлашни истамайман. Кўз билан сеҳрлаш бизнинг қонимизда бор.
Олеся ҳам Иван Тимофеевични сеҳрлаб қўймаганда, бунчалик маломатга қолмасди.
Менинг бир аммам бор эдилар. Раҳматли сеҳрлаш йўли билан кўп касалларни
даволардилар.
–
Мен бунга ишонмайман, – фикримни яширмадим.
–
Биламан, ишонмайсиз. Фолга ҳам ишонмайсиз.
–
Ишонмайман! Бир фолбин аёл менга умр бўйи дилгир ва дилғаш бўлиб яшашимни
айтганди. Мана, кўриб турибсиз – бахтиёрман. Чунки ёнимда сиз борсиз!
–
Майли, ишонманг. Ихтиёр. Лекин айтингчи, сиз қоранайманлик Боймурод мўйлов
деган кишини танийсизми.
–
Танийман.
–
Шу одам аммамга ўғил тутинганди. Аммам вафот этганда, бел боғлади, маъракаларга
бош-қош бўлди. Чунки аммам ўша одамни ўлимдан олиб қолганлар.
–
Қандай.
–
Боймурод аканинг оёғи шишиб оғриганда, докторлар: рак бўлибсиз, тиззангиздан
пастини кесиб ташламасак, ўзингиз ҳам нобуд бўласиз, дейишган. Боймурод ака
бўлса: «Жарроҳлар қўлида чок-чок бўлгандан кўра бола-чақамнинг олдида жон
берай», дейдию касалхонадан қочади. Тасодифан уларникига аммам кириб қолади. Ҳол-аҳвол сўраб, дуо қилади. Сўнг беморнинг оёғини
кўриб: «Ўн кунда даволайман», дейди. Эртаси исириқни янчиб, сувга ивитади-ю
оёқнинг буғинларига боғлайди, унинг кўзига тик боқиб, сеҳрлай бошлайди.
–
Қандай қилиб, – шошиб сўрадим.
«Бу
Мадинадан келтирилган маккаи санонинг уруғи. Жуда ҳам ноёб дори», дейди
ҳалигини кўрсатиб. Агар ўн кун деганда ҳассани ташлаб ўрнингдан туриб
кетмасанг, ҳарна бўлай. Батамом тузалганингдан кейин битта эчкичангни берсанг
кифоя.
«Улоқ
ҳам гапми, лўли момо, дейди Боймурод ака, бир умрлик ўғлингиз бўламан».
Ишонасизми,
бемор нақ етти кун деганда ҳассасини
улоқтириб ташлайди. Ўнинчи куни ҳовлисини айланиб югуради.
–
Бундай бўлиши мумкин, – мойил жилмайдим, – аввало ўша чаласавод докторлар
нотўғри диагноз қўйишган – шишни рак деб ҳисоблашган. Анализларни нотўғри
олган, нодонлар. Исириқ ҳам кўмаклашгандир, шу билан бирга аммангизнинг ишонтириш қобилияти иш
берган. Медицинада буни психотерапия дейишади.
–
Демак, илмий асослар ҳам бор эканда, – ҳайратланди суҳбатдошим. Аммамнинг
кўзида сеҳр бор экан, демак, менда ҳам бўлиши мумкин.
–
Балки шундайдир, – ён бердим.
У
мени кузатиб қўймоқчи бўлганди, ойиси рўйхушлик бермади – алланималар деб
чақириб олди.
Мен
зўр бериб тожикчани ўргана бошладим. Ҳанифанинг нақл қилишича, вақт ўтиши билан лўлилар ўз
она каломларини унутиб, бутун Хуросон ва Моварауннаҳрда давлат тили бўлиб
келган тожик тилига ўтишган экан. Гарчанд улар ўзбекчани яхши билишсада, ўзаро
нуқул тожикча гаплашишарди.
Ҳанифа билан бўладиган баҳсларимиз боқий бўлишини
истардим, албатта. Мен қишлоғимиз, ҳатто колхозимизда тополмаган доно
суҳбатдошни шу кўримсиз тўқайдан топиб олгандим. Ўзимча талай режалар туза
бошладим. Ҳанифага шу йилиёқ
уйланаман, уни ўқитаман. Ҳеч
қачон уни ранжитмайман, бевафолик қилмайман. Унинг ота-онасини ўзимникидай
ҳурмат қиламан. Уларга ҳақиқий ўғил бўламан.
–
Ҳаким ака, –
номимни ширин бир латофат билан тилга олди кунларидан бирида кўзларимга
тик боқиб, – сиз бағоят беғубор одамсиз. Қалбингиз жуда тиниқ. Дадам билан
бибим сизни ўз ўғилларидек яхши кўришади. Сиз лўлиларни камситишни хаёлингизга
ҳам келтиролмайсиз. Шунақа тарбиялангансиз.
–
Сизни кафтимда кўтариб юраман, – дедим биринчи бор, – оиламизнинг эрка келини
бўласиз.
Кейин
биз бошқа жойларда учрашадиган, муҳаббат, келажак ҳақида жўшиб, сархуш суҳбат
қурадиган бўлдик. Фақат тўй ҳақида сўз очилганда. Ҳанифанинг кўзларида ўша нохуш ғамза пайдо бўлар,
тоғамми, онамми, уни камситиб қўйишларини ўйлаб, дили ғуссага тўларди. Мен уни
бу ҳолатда кўришни ҳеч ҳам истамасдим. Шунинг учун ҳам зўр бериб овутишга
тушардим.
–
Ҳаким, – деди ойим бир куни хаёлларим билан банд бўлиб
ўтирганимда анча андиша, мулоҳаза билан, – тоғанг бошингни боғлиб қўяйлик,
деяпти. Ҳозир нон синдириб
қўйсак, кейинроқ тушириб оламиз. Ҳадемай тамакининг пулини бериб қолишар.
Гап
шундаки, боягина лўли хола келганди, ойим иккаласи алланималарни узоқ
гаплашишганди. Мен катталарнинг бу хайрли ишларидан қувондим, аммо ўзимни имкон
қадар оғир тутиб, жавоб беришга шошилмай турдим.
–
Тоғанг уч-тўрт кишини юбормоқчи. Бир олдингдан ўтайлик, дедик.
«Бунга
Ҳанифа қандай қараркин. Ҳар ҳолда бояқиш қизни огоҳлантириб қўйиш керак-ку».
–
Лўли хола розими, – сўрадим беихтиёр.
Ойим
эшитмадими, тушунмадими қайта сўради. Саволимни такрорлаганимдан кейин
ажабланиб қолди. Негадир дилимда ногаҳоний ғусса пайдо бўлди ва томоғимни
буққандай бўлди.
–
Тоғам кимникига одам юбормоқчи?
–
Қайнотасиникига, ўғлим. Янгангни синглисини кўргансанку. Тахтапушти сочи билан
битта.
–
Керак эмас! – Бўғзимдан отилиб чиқди бу садо.
Ойим
қўрқиб кетди, ранги қув учди, атроф-теваракка аланглади. Саросимланиб, менга
илтижо қила бошлади.
–
Жон болам, бу гапни тоғанг эшитмасин!
–
Эшитса ҳам майли, мен Лўли холанинг қизи – Ҳанифага уйланаман! Бошқаси керак
эмас!
Ойим
изиллаб йиғлашга тушди. Менинг азму қароримдан воқиф бўлган тоғамнинг
одатдагидек, бўйин томирлари бўртиб чиқди. Муштини тукканича атрофга
қасоскорона аланглай бошлади.
–
Сезгандим барини! Кўнглимдан ўтувди. Энангни... лўлилар бу болани иссиқ-совуқ
қилган. Бу лакалов, довдирнинг хабари йўқ. Вой онангни...! Вой хамширангни
...сан тиланчиларни!.
–
Сўкманг, уларни! – биринчи бор овозимни кўтариб, тоғамнинг юзига тик қарадим.
Бу важоҳатимдан сесканиб тушди у ва анча насиҳатомуз давом этди.
–
Йўқ, бундай каллангни ишлат. Келиб-келиб лўлига уйланасанми?! Тиланчигая?!
Одамлар нима дейди?! Менинг устимдан кулишадику. Ўйлаб кўр!
– Барини ўйлаб кўрганман, – мухтасар қилдим, – гапим –
битта!
–
Ҳа, майли, ўзинг биласан, – деди зарда билан, – лекин
сени инс-жинс қилишгани аниқ! Лўли дегани кўзи билан макрлаб қўяди одамни.
Кўрганки, ўқиган бола...
Бир
маромда сокингина умргурзонлик қилаётган хонадонимиз зум ўтмай тус-тўполон
бўлиб кетди. Янгам алланимани таъна қилиб улоқтирди. Ойим бўлса уларга қараб
хавотирона жовдирарди. Мен бўлсам бу ноҳуш холатни енгишни, унга барҳам беришни
ўйлардим. Эртаси Ҳанифа
билан учрашиш, у билан ЗАГСдан ўтиб қўйиш режаларини ўйладим. Унинг дилида
заррача шубҳа уйғотмаслик учун, бугунги дилсиёликларни ундан батамом сир тутиш
керак эди. Чунки у хонадонимизнинг эрка ва бокира келини бўлажагини қасамлар
ичиб айтганман. Қизнинг бу ишончига осонлик билан эришганим йўқ, албатта.
Бунинг учун не-не изтироблар чекмадим?!.
Тоғам
одатдагидек, чопонини елкасига ташлаб аллақаёққа чиқиб кетди. Оиладаги
машмашалар ҳам тинди. Кейин туни билан кўзимга уйқу келмади. Режалар ва
гумонлар калламда айқашиб ётарди. ЗАГСдан ўтгач, Ҳанифани шаҳарга олиб кетишни, квартирада яшаш, уни ҳам
ўқитишни аввалданоқ бўйнига қўйган эдим. Агар Ҳанифа ҳамшира бўлиб олса, иккаламиз умримизни
ҳамқишлоқлар саломатлигига бахш этишимиз мумкин бўлади. Медпунктни
кенгайтирамиз, янги бўлимлар очамиз. Фарзандларимизни ўқитамиз.
Эрталаб
шошилинч тўқайга йўл олдим. Аммо бу ерда жуда мунгли ҳолнинг устидан чиқдим.
Қадрдон чодирнинг ўрнида ҳеч вақо йўқ эди.
Улар
куч-кўлонни шошилинч кўтаришган бўлишса керак, латта-путталар тартибсиз ва
паришон сочилиб ётарди. Мен талвасага тушгандай бўлиб, бир парча хат ёки
ёдгорлик излай бошладим. Гарчанд ҳеч вақо тополмаган бўлсам ҳамки дилимдаги
умид сўнмади. «Улар узоққа кетиб улгуришмагандир», деган шуур билан югуриб
тепаликка чиқдим. Уфққа туташиб кетган сўқмоқ ғарибона ҳувиллаб ётарди.
«Эҳтимол улар мачитга кўчишгандир, шундай қилишган. Бир қадам бўлса ҳам
одамларга яқинлашиш, уларнинг меҳр-оқибатларидан баҳраманд бўлишни ўйлашган.
Бунинг устига салқин ҳам тушиб қоляпти».
Мен
мачит томон девонавор ҳолатда югурдим. Назаримда Ҳанифа, ҳа ўша ғамгузор ва сеҳргар Ҳанифам қадимий мачитнинг ўймакор устунига суяниб, мени
кутяпти. Менинг телбадай ҳолатимни кўриб, қаҳ-қаҳ отиб кулиши аниқ.
Эҳтимол,
дадаси ҳам қиблага қараб намоз қироат қилаётгандир.
Мен
ҳаллослаб югурардим. Одамлар ортимдан ажабланиб кузатишарди. Мажнунона
ҳолатимнинг боисини билишмасди.
Мачитга
келиб, энг аввал заҳарли кимёвий моддалар ва минерал ўғитлар уюмини кўрдим.
Уларнинг қўлланса ҳиди гуп этиб димоғимга урилди. Дилимни беҳузур қилди. Майда
ўймакорлик билан безатилган устунлар мунғайиб тургандай эди.
Мен
карахтланиб қолдим. Энг сўнгги умидим, илинжим ҳам сароб бўлиб чиққанди мен
бахтиқаронинг! Нима қилишимни, қаерга боришимни билмасдим. Бир вақтлар мана шу
айвонда намоз ўқиётганда роса калтакланган бегуноҳ чолдай афтодаҳол ва пажмурда
бўлиб қолгандим. Дилим лахта-лахта қон
эди!
Кейин
бир кори ҳол бўлиб уйга қайтдим. Эртаси ҳам индини ҳам изладим. Лекин улар
сувга тушган тошдай бедарак эдилар.
Ҳанифа қаерда бўлса ҳам бир энлик хат йўллар, деган
умид бир йилгача дилимга қувват бўлиб юрди. Аммо бояқиш почтачи ҳам умидвор
нигоҳларимдан кўзини олиб қочар, мен сўрамасимданоқ елка қисарди.
Сўнг
ўзимни ўқиш, иш билан овутадиган бўлдим.
Дипломимни олгач, медпунктга бош врач қилиб қўйишди. Зарур
медикаментлар, ашёларни жамғаргач, қурилишга зўр бердим. Колхознинг, соғлиқни
сақлаш идораларининг мадади
билан терапевт, нервопотолог, педиатр кабинетлари ишга тушди.
Бир йил орасида медпункт амбулаторияга айлантирилди.
Гоҳида
ярим тунгача ишлашга тўғри келарди. Ҳанифанинг ҳажри дилимни ўртаганда ёки ҳаддан ташқари
чарчаганимда ҳеч кимга кўрсатмай бир оз спиртга сув аралаштириб ичиб юбордим.
Шунда томирларим бўйлаб сархуш бир туйғу югургандек бўларди.
Аммо
бу масалада ҳам омадим келмади.
Обкомга
болалар ўлими олдини олиш масаласи муҳокама қилинган экан. Шунда бизнинг район
раҳбарларини ҳам роса дўппослашибди. Чунки болалар ўлими бўйича бизнинг район
биринчи ўринда экан-да.
Таомил
бўйича обком йиғилишининг қарори районда ҳам муҳокама қилинди. Биринчи котиб, район соғлиқни сақлаш бўлимининг
мудирини, колхоз раҳбарлари, врачларни хумордан чиққанча танқид қилди. Ана шу
машъум рўйхатга менинг ҳам фамилиям тушиб қолган экан. Казо-казолардан кейин
менга сўз беришди. Аслида мен ҳам бошқаларга ўхшаб: «Танқид тўғри, барини
бўйнимизга оламиз, камчиликларни тузатамиз», деганимда ҳеч гап бўлмас экан. Мен
ношуд бўлсам негадир ҳақиқатни гапиришни лозим топди.
–
Колхозимизда болалар ўлими камаяяпти, аммо унинг проценти ошмоқда.
Менинг
бу гапимдан ҳайъатдагилар ажабланиб, бир-бирларига маъноли назар ташлашди. Бир
лаҳза тин олдим-у гапимни рақамлар, фактлар билан исботлашга киришдим.
–
Авваллари бизда болалар ўлими унчалик ҳисобга олинмаган. Атайин яширилган. Энди
биз тўғри регистрация қиляпмиз. Шунинг учун аввалги йилларга
таққослаганмизда...
–
Баҳона изламанг, – сўзини кесди биринчи.
–
Лекин болалар ўлимини камайтириш фақат биз – докторларга боғлиқ эмас.
–
Ҳа, кимга боғлиқ? – биринчининг саволида нохуш зарда
бор эди.
–
Тамаки майдонларини кенгайтиришяпти. Ҳатто боғча болаларини ҳам тамаки тизишга олиб
чиқишяпти, унинг зарарли шираси овқат билан ошқозонга тушяпти. Эмизикли аёллар
қўлларини ҳам ювмай болаларига сут, овқат беришади.
–
Сиз гапни айлантиряпсиз, – овозини андак кўтарди биринчи таҳдид билан, –
айбингизни соқит қиляпсиз. Таклифингизни айтинг!
–
Тамаки майдонларини қисқартириб, боғ-роғларни кўпайтириш керак!
Менинг
бу таклифим анжуман аҳли учун томдан тараша тушгандай ғайритабиий бўлиб туюлди.
Айримлари устимдан кулишди, бошқалар залдан туриб луқма ташлашди. Биринчи котиб
қовоғини баттароқ уйиб, шаҳодат бармоғи
билан мени кўрсатганча, бошлиғимга негадир русчалаб буйруқ берди.
–
Снять!
Севимли
машғулотимдан айрилиб қолгандан кейин тағин илк муҳаббатимни беҳудуд бир дард
билан қумсайдиган бўлиб қолдим. Унинг ҳушқомат рухсори кўз ўнгимдан кетмай қолди.
Негадир унинг кўкрагига бош қўйиб, ўксиб – ўксиб йиғлагим, ғамгузор дардлардан
фориғ бўлгим келарди.
Кўп
ўтмай рентген хонасини очиб мени ўшанга мудир қилиб қўйишди. Ойимнинг оҳу
воҳлари, қистовларга чек қўиш учун қўшни қишлоқда бир (қари) қизга уйландим
ҳам. Бояқиш аёл тўйдан кейин кўп ўтмай ер олиб, тамаки экиш зарурлигини миямга қуя бошлади.
Дарҳақиқат, биз моддий масалада қўни-қўшнилардан анча кейинда қолиб кетган
эдик.
Шунақа
гаплар. Мен қоронғу хонага яшириниб олиб, одамларнинг кўкрак қафасини суратга
тушираман. Тамаки чекиб ўпкасини хасталантириб қўйган, ароқ ичиб, меъдаларини
ишдан чиқарган қишлоқдошларимни койиб қўяман. Ишдан қайтиб, хотиним ва қизим Ҳанифанинг ёнларига чўнқайиб оламан-у тамаки тизаман.
Кейин қонни қиздирадиган нарсаларнинг бирортасидан бир-икки қултум ичиб
юбораман.
Бир
вақтлар лўли қизни мажнунона севиб қолганимни одамлар ҳазил-чин аралаштириб,
ҳамон юзимга солишади, ҳазил-мутойиба қилишади. Мен индамай қўя қоламан. Бу
гаплар энди унчалик таъсир этмайди. Тақдирга тан берганман.
Менга
кейинроқ аён бўлган бир аччиқ ҳақиқат ҳақида ёзмоқчиман: маълум бўлишича,
ўшанда тоғам, ҳамқишлоқларим бориб, Ҳанифаларни сўкиб-сўкиб, ҳайдаб юборган экан. Ана шу
гапни эшитиб, дилимда ногаҳоний исён пайдо бўлди. Кейин бехудуд ғазабимни босиш
учун бир пиёла тоза спиртни ичиб юбордим.
Уйга
лўлилар келиб қолишса, хотиним, одатдагидек, ҳазил аралаш киноя қилади:
–
Ҳанифа, тур қизим, дадангнинг уруғларига қарашвор. Бу
киши ўксиб юрмасинлар.
Бу
танъа ҳам менинг дилгир ва ғаш қалбимда ҳеч қандай ҳис уйғотмайди. Фақатгина
бир маҳаллар бозорда менинг тақдиримдан фол очган лўли аёлнинг кароматлари
тўғри чиққанидан ажабланиб қўяман.
* * *
Дадам
шоша-пиша унга жавоб хати ёздилар. Кейин негадир ҳаммадан бирдан Лўли момони
эслаб қолишди. Бедарак бўлиб кетганидан хавотирга тушишди. Момомнинг
маслаҳатлари билан у кишиникига меҳмон бўлиб боришга қарор қилишди.
ЙИГИРМА
ОЛТИНЧИ БОБ
БУВИМ, БУЗУРГМЕҲР ВА АНУШЕРВОН
Самарқанд.
1986 йилнинг мукаррам ёзи.
Дадамнинг
яқин дўстларидан бири, Самарқанд Давлат университетининг доценти Аслиддин
Қамаров бу гал ногаҳонда тўрт киши билан кириб келдилар. Таништириш
тафсилотларидан шу нарса аён бўлдики, ҳамроҳлари ҳам зукко олимлару камарбаста
аспирантлар экан. Улар жилла сипойи бўлиб, бири (ёш бўлиишга қарамай) кўзойнак
тақиб олган, новчароғининг бўйнига фотоаппарат осилган эди. Сал ўтмай гапнинг
ройишу рафторидан аён бўлдики, ногаҳоний меҳмонлар (ўзлари бот-бот
такрорлагандай) дадамни кўргани ёки новча-найнов амаки айтгандай, оилавий
суратимизни олганимас, балки бувимнинг нодир китобларидан воқиф бўлиш илинжида
қадам ранжида қилишган экан. Улар нозиктаъб меҳмонга хос такаллуфларнинг
кифтини келтиргандан сўнг муддаога яқинлашищди.
–
Билишимча, – деди Аслиддин амаки, – холамуллода3 анча-мунча қадимий китоблар бор. Щуларни би-ир
кўздан кечирсак, савоб иш бўлардида. У гал келганимизда хашакироқларини
кўрсатдилару нодирлари қолиб кетди. Шунинг учун ҳам сизнинг келишингизни пойлаб
юрган эдик.
Дадам
ҳам зудлик билан маъқуллаб, чаққон ишга киришиб кетмадилар. Маъруф мезбонга хос
шакаргуфторлик ва надоматлар изҳор этдилар.
–
Ҳа, анча-мунча китоб бор, – дедилар ниҳоят, – у йиллари
илтимос қилсак, ўқиб берардилар. Энди кўздари хиралашиб қолди. Машрабхон4 қаерданам бир кўзойнак олиб келган экан, шу
билан қийналиб ўқийдилар. Араб имлосини ўрганишга
неча бор жазм килдим-у, вақт ажратолмай, ҳафсаласизлик қилиб қолиб кетди.
–
Ҳар ҳолда қанақа қўлёзма китоблар борлигини билсангиз
керак, – деди меҳмонлар жўрабошиси синовчан мўлтираб.
–
Билишимча, Яссавий, Шерозий, Навоий, Сайидо, Али Яздий, Фароғий бор.
Қолганларини билмайман. Айримларининг муқоваси йўқ.
–
Қолганларини мана биз биламизда, – деди меҳмонларнинг чағиркўзлиси.
Биз
ҳазил-мутойиба, енгил латифагўйлик билан бувим ўтирган карт томон йўл олдик. Бу
ерда ҳам қуюқ (ва андак чучмал) салом-аликлар, энсани қотирадиган мулозиматлар
бўлиб ўтди.
–
Бийи, – ниҳоят мурожаат қилдилар дадам, – меҳмонлар китобларингизни би-ир
варақлаб кўришмоқчи. Қўрқманг, олиб кетишмайди.
Бувимнинг
чеҳраларида жилла ҳам ҳайриҳоҳлик аломати кўринмади.
Шунинг
учун бўлса керак, уларнинг кўзойнаклиси ўзини андак художўйроқ қилиб кўрсатишга
ўтди.
–
Энди, холамулло, китоб кўриш – кори хайр. Муҳаммад Мустафо...
–
Холамулло, мени таниган бўлсангиз керак-а, – унинг сўзини бўлди Аслиддин амаки,
– қавчинонлик Қамариддин бобонинг ўғиллари бўламан. Бир бор келган эдим.
–
Ўшанда китобларни кўрсатганман, – дедилар бувим ҳийла совуққина қилиб.
–
Йўқ, бу кишиларга нонсандиқда қулфлаб қўйган китобларингизни кўрсатинг, –
дедилар дадам.
–
...
Бувимнинг
бир сукутлари дадамни ҳам, меҳмонларни ҳам андак хавотирга солди. Шунинг учун
жўр бўлишиб, у кишига ҳамду-сано ўқишга киришишди. Ҳайтовур мақтовлардан ийидиларми ёки ноилож қолдиларми
– бувим ўринларидан жилдилар.
–
Улуғ, югур, – буюрдилар дадам менга, – китобларни кўтаришиб келасан.
Бувим
зоҳирий бир нохушлик билан қулфни очар эканлар, дадамни койиган бўлдилар.
–
Бу – китоб булса – дуч келганга кўрсатиш
ножоизлигини ҳафтафаҳм даданг тушунмаса.
Мен
сукут сақладим. Гапларини маъқуллаб турмаганим у кишига ўтиришмади. Шунинг учун
бўлса керак таҳдидона оҳангда сўрадилар.
–
Қўлинг ювилганми?
–
Совунлаб ювганман, – дедим тажанглик билан.
У
киши қулфни очиб, духобага ўралган бир китобни чақалоқни кўтаргандай авайлаб
олдилару уч бор ўпиб, тағин жойига қўйдилар. Кейин қолган китобларни қўлимга
нондай қилиб тахлайбошладилар.
– Сен комсомолсан-а, – сўрадилар аллақандай киноя
билан тўрт қирраси куйган китобни узатар эканлар.
–
Йў-ўқ, – вазиятга қараб юмшоқ
гапирдим.
–
Урушдан аввал комсомоллар уйма-уй юриб, китобларни тортиб олишди. Кейин гулхан
қилиб ёқишди, имонинг куйгурлар! Бир замонлар Чингизхоннинг аскарлари ҳам
шунақа килишган экан. Али Яздий шундай деб ёзгандар.
Индамай
қўяқолдим. Нима ҳам дейиш мумкин?! Бувимнинг феълларини биламан. Бунинг устига
ўттизинчи йилларнинг айрим комсомоллари жоҳиллик қилган бўлса, мен жавоб
бермайман-ку!
–
Бари шуми, – қаноатланмай сўрадидар дадам.
–
Шу, фақат Қуръони шариф қолди, – дедилар бувим.
Муқовалари
гажакдор ҳошиялар билан безатилган, сарғайиб кетган саҳифаларининг қат-қатидан
дилни енгилгина энтиктирувчи дилкаш ҳид анқиб турган китобларни кўриб
меҳмонларнинг кўзлари ўйнаб кетди. Лекин таомил юзасидан сабр-бардош қилиб
турдилар. Аслиддин амаки бир китобга қўл чўзиши билан қолганлар ҳам оч эчкидай
ёпирилишди.
–
Бу Маликаи Хубон экан, – дедилар Аслиддин амаки бир китобни орқа томондан
вараклаб.
–
Ҳа, буни раҳматли дадаси бир қўйга алмаштириб
олгандилар,-меҳмоннинг фикрини маъқуллаб, тағин қўшиб қўйдилар бувим: – Униси
Яссавий – бобомдан қолган, Камол Хўжандий ҳам – ота мерос.
Шу
тариқа даврада ғала-ғовур бошланиб кетди. Меҳмонлар ҳаяжон ила бир-бирларига
сўз бермай, китобларни чўқилаб ўқишга ва таърифу тавсифлашга тушиб кеташди.
–
Мана Мир Навоий, – деди меҳмонларнинг ёшроғи тантана оҳангида овозини андак
кўтариб.
–
Қани ўқинг, қани ўқинг, – далда беришди даврадагилар. Меҳмон жилла бўлса ҳам
сансоларлик қилмай, сухандонларча қироат билан шеър ўқишга киришди.
Сўздурки
нишон берур ўлукка жондин
Сўздурки
берур жонга хабар жонондин
Инсонни
сўз айлади жудо ҳайвондин
Билким,
гуҳари шарифроқ йўқ ондин.
–
Ҳай-ҳай, сўз ҳақида бундан ошириб бир нарса дейиш
мушкул, – дедилар дадам.
Қолганлар
ҳам у кишига жўр бўлиб ҳазрат Навоийни улуғлашта киришишди. Навқирон меҳмон
одоб ила қулоқ солиб тургач, тағин қироатда давом этди.
Кўнгулни
орит барча ёмон ҳислатдин,
Ким
яхши қилиқ далил эрур раҳматдин,
Бадхўйлик
ул ваҳшат эрур шиддатдин,
Ким
элға холислик йўқ ул ваҳшатдин.
Ҳажрингда менинг сабрима жуз нуқсон йўқ,
Кўнглум
аро ғайри нолаю афғон йўқ,
Жонимға
ҳаёт умиди худ имкон йўқ,
Йўқ,
йўқ, сабр йўқ, кўнгул йўқ, жон йўқ.
Улар
тағин шеърият султони Мир Алишерга офаринлар ёғдиришди, Мазкур рубоийлар сабаб
бўлиб, ёмон кимсаларни; хуш ва нохуш воқеаларни ёдга олишди.
–
Бу китобни амакимнинг қизи берган эди, – изоҳ бердилар бувим, – у кишининг
ўзларини ўттиз еттинчи йили тўйхонадан олиб кетишган.
–
«Халқ душмани» деб айб қўйишганми, – шошиб сўради фотоаппаратли меҳмон.
–
Билмайман, – дедилар бувим, – уйида эски китоблар борлиги учун шундай қилишган
экан. Кейин болалари китобларни тақсимлаб юборишди.
Меҳмонлар
тағин ўзаро баҳсу мунозарага киришиб кетишди. Чаламулло, чалазиёлиларни
жаҳолатда айблагач, «Одобнома» деган китобдан парчалар ўқишди.
–
Мана буни бир ўқинглар, – дедилар бувим меҳмонлар эътиборини тўрт қирраси
куйган бояги китобга қаратар эканлар. Кўзойнак таққан меҳмон бу муқовасиз
китобни қўлга олди, биринчи саҳифасини очиб, даврадагиларнинг эътиборини
батамом тортиш илинжида андек сукут сақлади. Ҳамма мунтазир бўлгач, ўқишга киришди.
–
Бисмиллоҳи Раҳмони-р Роҳим! Ривоят қилурларким, қадимда руди Кўҳак* бўйинда Раҳмонқул
ибн Абдулло отлиғ бир заминдор рўзгурзонлик қилур эрди. Худои таоло бу марди
маъруфга Хотами Тойдек саховат, тавонгарлик* ато этти. Анинг тасарруфинда бисёр ғуломлар,
нодимлар, деҳқонлар бор эрди ва алар инчунин хушбахту сарфароз эрдилар. Хокисор
мардумлар Оллоҳга сажда қилур эрдиларки, токи ул Раҳмонқули ибн Абдуллоға умри
дароз, ризқи фароғ ато этгай.
Заминдори
савобталабнинг сояйи давлатиндаги бандалар шукрлар қилур эрдиларким,
саховатпеша соҳиб хизматинда камарбастадурлар, босабаб тўқдурлар, хотиржамдурлар,
эминдурлар; ушбу вақтичоғлиқдан ўзга нарса истамайдурлар.
Валек
ибн Абдулло қаноатбахш эмасди. Дер эрдики, хизматимда уч хотун ва лак-лак
малайлар ҳозиру нозир. Локинда таассуфлар бўлғайким, қўл остимдаги ғуломлар
кашшоқ дағи ночордурлар. Баримиз Муҳаммад Мустафоғо умматдурмиз, у дунёю бу
дунёмиз ягонадур, магарким шундоқ экан, ҳамма тенгу фаровон бўлмоққа лойиқ.
Заминдор
бу ҳолдин чунонам ташвиш, изтироб чекар эрди, надомат тортарди. Беш маҳали
намоз худои таолоға илтижо айлаб, камбағалларга барор тилар эрди.
–
Алқисса бу марди орифнинг парвардигори оламга илтижоси бутурур.
Эй
худойим, эшит оҳу зоримни,
Адо
этдинг равнақу бароримни
Ман
берайин қашшоқларга боримни
Беш
бармоқни пасту баланд этдинг-о!
Тамоқимдан
ўтмай қолди ризқу рўз,
Деҳқонларим
тер тўкади шабу рўз
Ман
сояда хотун билан дилафрўз
Имонимни
қийма-қийма этдинг-о!
Ўн
саккиз минг оламга сан саждагоҳ,
Кофур
ўлай зарра этсам оҳу воҳ,
Камбағалга
мурувват эт, эй оллоҳ
Нечун
они туфроққа тенг этдинг-о?!
Заминдорнинг
Ғулом отли ғуломи бу илтижодан зор-зор чун абри
навбаҳор йиғлаб айтқони бутурур.
Қиблагоҳим,
каломингни олурман,
Аждодимга
содиқ бўлиб қолурман
Ғуломдурман, ғулом бўлиб ўлурман
Ва
айтурман, бу қисматга шукрона!
Ҳар рўзимни пешонамга битди ул,
Насибамни
туфроқ аро септи ул
Сани
соҳиб, мани ғулом этти ул
Қорним
тўқдур бу ҳимматга шукрона!
Раҳмонқул
ибн Абдулло бу тадбири некка оҳу зор ила етишмоқ мушкуллигига имон келтирди ва
амал қўллашга бел боғлади. Шабу рўз фикр юритдики, аларни бахтнок айласа. Ва
алқисса тасарруфиндаги бандаи мўминларни чорлаб деди:
–
Эй, жигаргўшалар, инсон зурриёти якка-ю ягона худога бандадур ва бандага банда
бўлмоғи ғалат. Баски шундоқ экан, сизлардан ғуломлик занжирин ечурман. Бугундан
ҳисобан озодсиз, чор тарафингиз қибладур.
Ғуломлару боз хизматкорлар
заминдорнинг бу аҳду паймонидан хуррамлик топмай, билъакс хомуш торттилар ва
дедиларким: «Бизга шафқат қил! Қаён ҳам борурмиз?! Биз гумроҳларни мукаррам
даргоҳингдан пеш қилма!»
Эшит бизни, эй соҳиби
саховат,
Бошимизга
солма кулфат, маломат.
Даргоҳингда
тупдик омад, ҳаловат
Кўча-куйда
сарсон қилма, қиблагоҳ!
Бунда
ҳозир ризқу рўзу дастархон,
Юмушингни
дариғ тутма, эй султон!
Тургин
дунё тургунича соғ-амон
Даҳр
аро абгор қилма, қиблагоҳ!
Раҳмонқул
надомат чекди. Ва лекин бу бенаво бандаларни сарафроз кўрмоқ фикри они тарк
этмади. Шабу рўз бисёр мулоҳазалар юритти ва аларға эрк ато этмоқ ниятинда
замин берди, амочу жуфт ва дағи тухм берди. Дедики, нимарса олурсизлар,
таъмагар эмасдурман.
Локинда
ғуломлар нобарор эрдилар. Алар қай маҳал тухм сепмоқ ва бо бозорда савдо килмоқ
бо дағи худодан ёмғур тиламоқ ҳунаридан бенасиб эрдилар. Раҳмонқул дилхун
бўлиб, ушбу юмушларга хам қўл урди. Локинда ҳарчанд қилмасун худо ғуломлар
юмушига рафтору ривожни дариғ тутди. Бу ҳам мисли оздек, алар Рахмонқулга қулоқ
тутмай шайтонга эш бўлдилар. Шабнишин бўлиб дедиларким, заминдор жуфт берди,
мададу маслаҳат берди. Тузук бўлур эрдиким, хотунчасини ҳам саҳоват этса. Китоб
кўрмаган бу жахо-латпарастлар кўрнамаклик қилмоққа дўзах азобини уйламадилар ва
бадниятлари ила гуноҳи азимга йўл очдилар. Бу почапойлучларнинг* нияти бадидан
воқиф бўлган Раҳмонкули ибн Абдуллонинг худога ноласи бутурур.
Эй
худойим, гуноҳимни афу эт,
Ройишингга
андак хилоф этдим-о!
Пешонаси
қаро бўлсин ғуломнинг
Мен
аларни мисли тавоф этдим-о!
Бой
эрдилар бобо, бобокалоним
Қул
аждодин аларға ёр этдим-о!
Икки
дунё мани учун тору танг
Гуноҳимни
ўзим бисёр этдим-о!
Ниҳоят
меҳмонлар китобдан бощ кўтардилар. Сўнг алламаҳалгача мазкур ҳикоятни муҳокама
қилиб, турфа фикру мулоҳазалар баён этишди. Ҳаяжонларини батамом босиб олгач, мумтоз китобларни
варақлашда давом этишди.
–
Биродарлар, – деди ниҳоят меҳмонлар сардори кўзлари ёниб, – бу Шайхур Раиснинг* китоблари бор экан. Ана шу китобнинг ягона
нусхаси Теҳрон кутубхонасида бор деб, ўқиган эдим. Каранглар-а...
Улар
ногаҳоний илҳақлик ила ўша томонга интилишди ва аллақандай тоза эҳтиром ила
сарғайган саҳифаларни варақлаб парчалар қироат қилишди.
–
Бу китоб ҳали ўзбекчага таржима қилингани йўқ – деди кўзойнакли амаки дадамга,
– агар сиз шу эзгу ишга қўл урсангиз, савоб бўларди-да!
Новча
амаки бувимнинг рухсатлари билан китобларнинг айрим саҳифаларини суратга
туширди. Кейин улар ўша қуюк мулозаматлар билан кетишга рухсат сўрадилар.
Эртаси
дадам хақиқатдан ҳам таржимага киришдилар. Бувимга ялиниб-ёлвориб, ҳар куни
бир-икки бетдан ўқитар ва форс-тожик тилидан ўзбекчага ағдарардилар.
Ҳоҳишингиз бўлса китобдаги ҳикоятлардан бири билан
танишишингиз мумкин.
* * *
Одил
Анушервоннинг рўзгорида ҳеч нимарса ҳикматдан кўра қадрлироқ саналмасди ва ул
аср ҳакимлари ҳам ҳаммадан эътиқодли ҳамда қаноатбахш эдилар.
Бир
куни Анушервон Бузургмеҳрни ҳузурига чорлаб, деди:
–
Истардимки, мумтоз насиҳатлар тингласам, уларда сўзлар сиқиқ маъно теран бўлса.
Бузургмеҳр
бир йил муддат сўраб мазкур ҳикматларни жамлади ва уларни «Зафарнома» деб атади
ҳамда Анушервонга элтди. Унга (Анушервонга) маъқул тушди, тасарруфидаги бир
шаҳарни унинг (Бузургмеҳрнинг) хусусий мулкига илова этиб, ушбу каломларни зар
ҳарфлар билан битишни буюрди. Китобни доим ёнида тутиб, кўп вақтини унинг
мутолаасига бахш этадиган бўлди.
Бузургмеҳр
сўзга оғиз очиб деди:
–
Устозимдан савол айлардим, у жавоб қайтарарди,
Дедим:
–
Эй, устоз, худодан нима тилайинки, унда жаъми яхшиликлар жамулжам бўлсин?
Деди:
–
Уч нарса:сиҳатлик, эминлик ва товонгарлик ,
Дедим:
–
Ишларимни кимга ишониб қолдирай?
Деди:
–
Ул одамгаки, асл шоҳиста бўлса.
Дедим:
–
Ким билан эмин бўлай?
Деди:
–
Ҳасадхўр бўлмаган дўст билан.
Дедим:
–
Биҳиштга сазавор қиладиган нарса недур?
Деди:
–
Ёшликда илм олмоқ, ҳақ иш билан банд бўлмоқ.
Дедим:
–
Одамлар олдида мўътабар этадиган айб нимадар?
Деди:
–
Ўз ҳунаридан воқиф этмоқлик.
Дедим;
–
Дўст ношоиста ва номақбул чиқса, у билан орани қандоқ қилиб узмоқ керак?
Деди:
–
Уч восита ила: зиёратига – кўришга кам бориш, ҳол сўрамаслик ва ундан ҳожат
истамаслик.
Дедим:
–
Ишлар ҳаракатга боғлиқми ёки тақдирга?
Деди:
–
Ҳаракат тақдирни яратади.
Дедим:
–
Ёшлардаги қайси хислатлар кадрли ва кексалардаги қайси яхшиликлар афзал?
Деди:
–
Ёшлардаги андиша-ю, жасорат ва кексалардаги донишмандлик ҳамда сокинлик.
Дедим:
–
Кимдан ўзимни тортай, токи орамиз узоқ бўлсин?
Деди:
–
Лаганбардор, хушомадгўй, фирибгар, хасис; бировнинг ҳақига хиёнат қиладиган
одамлардан.
Дедим:
–
Сахий ким?
Деди:
–
Ул ким саховат этса-ю, дилшод бўлса.
Дедим:
–
Ул нимадир, одамлар излашади-ю, истаганча топишолмайди?
Деди:
–
Уч нарса: сиҳатлик, шодлик, мухлис дўст.
Дедим:
–
Яхшилик мақбулми ёки ёмонликдан нари юриш?
Деди:
–
Ёмонликдан нари юриш жами яхшиликларнинг дебочасидир.
Дедим:
–
Айб саналадиган хислат недур?
Деди:
–
Саҳоват, магар у миннатли бўлса.
Дедим:
–
Донишмандликдан далолат берадиган фазилат недур?
Деди:
–
Ростгўйлик.
Дедим:
–
Мардликдан далолат берувчи жасорат недур?
Деди:
–
Агар қодир бўлсанг, кечирмок.
Дедим:
–
Оқиллар қиладиган яхшиликларнинг қайбири қадрлироқ?
Деди:
–
Ёмонни ёмон йўлдан қайтаришлари.
Дедим:
–
Одамларнинг қилмишларидан қайбири зиёнлироқ?
Деди:
–
Уларнинг одамлардан яшириб бўлмайдаган жами айблари.
Дедим:
–
Тирикликнинг қайбир соатлари зое кетган ҳисобланади?
Деди:
–
Бировнинг ҳақига яхшилик қилиш имкони бўлиб, уни дариғ тутган дақиқалар.
Дедим:
–
Кимнинг ўгитларига қулоқ тутган киши хор бўлмайди?
Деди:
–
Аввал муаллимларнинг, кейин оқиллар ва ота-онанинг.
Дедим:
–
Ҳаётнинг ҳаловати нимада?
Деди:
–
Фароғат ва эминликда.
Дедим:
–
Ўлимдан баттари недур?
Деди:
–
Бенаволик.
Дедим:
–
Дўстликни барбод қиладиган иллат недур?
Деди:
–
Тўрт нарса: буюкларнинг – бахиллиги, донишмандларнинг -худписандлиги, аёлларнинг – беҳаёлиги ва
эркакларнинг – ёлғончилиги.
Дедим:
–
Одамларнинг ишини барбод қиладиган нарса недур?
Деди:
–
Ситамкорларнинг таърифи.
Дедим:
–
Дунё кимлардан товондор (қарздор)?
Деди:
–
Донишмандлардан.
Дедим:
–
Нетайки табибга ҳожат қолмасин?
Деди:
–
Кам еб, кам ухлаб, кам сўзла.
Дедим:
–
Оқил ким?
Деди:
–
Кам гапириб, кўп тинглайдиган, кўп биладиган.
Дедим:
–
Хорлик недан?
Деди:
–
Танбаллик ва бадахлоқликдан.
Дедим:
–
Ранж недан?
Деди:
–
Ёлғизликдан.
Дедим:
-Ҳамият-у номусни барбод этадиган нарса недур?
Деди:
–
Таъма,
Дедим:
–
Жаҳонда устунлик недандур?
Деди:
–
Беминнат хоксорликдан ва саховат кўрсатиб, мукофотдан воз кечмоқликдан.
Дедим:
–
Дунёда нима нишли (заҳарли)?
Деди:
–
Икки нарса: подшоҳларнинг тундлиги ва товондорларнинг бахиллиги. Дедим:
–
Хоксорлик недур?
Деди:
–
Юзи ёруғлик ва ўз-ўзидан мамнунликдур.
Дедим:
–
Кимдан тадбир сўрайин?
Деди:
–
Уч фазилатли: пок, яхшиларга муҳаббат қўйган ва билимдон одамлардан
Дедим:
–
Яхшиларнинг яхшилиги нимада?
Деди:
–
Хоксорлик, беминнат саховат ҳамда мукофот таъма қилинмаган хизматида.
Дедим:
–
Ул нимадурким, одамлар доим эҳтиёж сезадидар?
Деди:
–
Уч нарса, хирадманд (доно) янада донороқ одамларга, мард ҳарбийлар билан
суҳбатга, ожизлар хийлакорликка, ва зоҳид (тарки дунё қилганлар) агар инсофли
бўлишса ибодатга.
Дедим:
–
Одамлар хушҳол эслаб юрадиган нарса нимадур?
Деди:
–
Уч нарса; муомалада зуғм ўтказмаслик, ёлғон демаслик, тил билан бировни
ранжитмаслик.
Дедим:
–
Билим олсам, нимага эришаман?
Деди:
–
Агар бечора бўлсанг, бузург-у номдор бўласан, агар қашшоқ бўлсанг, товонгарга
айланасан, агар машҳур бўлсанг, тағин ҳам машҳурроқ бўласан.
Дедим:
–
Мол-мулкни нималардан аямаслик керак?
Деди:
–
Қавмлардан одамларнинг ҳақини узиш, ота-она эҳтиёжларини қондириш, душманни
дўстга айлантириш ва дўстни душман билан яраштиришдан.
Дедим:
–
Ул нимадур ейилмайди лекин кишини тўқ тутади?
Деди:
–
Яхшилар суҳбати, ёр дийдори, ярашиқ чопон, мўътадил ҳаммом, муаттар ҳид.
* * *
Луқмони
Ҳакимдан: «Доно ким?» деб сўрадилар.
Деди:
–
Дунё неъматларини охиратгача сақламаган киши.
Дейишди:
–
Тавондор ким?
Деди:
–
Ақли тўкис бўлган киши.
Дейишди:
–
Ҳеч ким билмайдиган, кўрмайдиган, лекин интиладиган
манзил недур?
Деди:
–
Оқибат.
Дейишди:
–
Баҳраманд бўладиган кишини охир-оқибатда қурбон қиладиган ширинлик недур?
Деди:
–
Ҳасад.
Дейишди:
–
Хароб бўлмайдиган бино нима?
Деди:
–
Адолат.
Дейишди:
–
Охир-оқибат ширинликка айланадиган аччиқлик нима?
Деди:
–
Сабр.
Дейишди:
–
Охир-оқибатда аччиқликка айланадиган ширинликчи?
Деди:
–
Шошмашошарлик.
Дедилар:
–
Қанақа либос ҳеч қачон эскирмайди?
Деди:
–
Яхши ном.
Дейишди:
–
Қайси душман ҳамма дўстлардан кўра яқинроқдир?
Деди:
–
Нафс.
Дейишди:
–
Одамлар қайси касалликни даволашдан ожиз?
Деди:
–
Аблаҳликни.
Дедилар:
–
Қайси дарддан одамлар ўзларини чеккага олишмайди?
Деди:
–
Ишқдан.
Дейишди:
–
Ҳамма пастликдан паст бўлган баландлик недур?
Деди:
–
Кибр.
Дейишди:
–
Қайси либос эркагу аёлга яхшилик олиб келади?
Деди:
–
Ростлигу поклик.
Дейишди:
–
Уйқу нима?
Деди:
–
Енгил ўлим.
Дейишди:
–
Ўлим нима?
Деди:
–
Боқий уйқу.
Дейишди:
–
Ҳамма хуррамликларнинг боиси недан?
Деди:
–
Буюклар сўзидан.
Дейишди:
–
Охир-оқибатда нохуш манзилларга олиб борадиган йўл недур?
Деди:
–
Мазлумлар ва бечораларга зулм.
ЙИГИРМА
ЕТТИНЧИ БОБ
ЗИЁРАТ
Биз
Шоҳи зинданинг беш асрдан бери очилиб ёпиладиган боғдоди эшигидан киришимиз
ҳамоно, дадам Американи кашф этган Колумбдай ҳаяжонга тўлиб, завқ-шавқ билан
монолог ўқишга киришдилар.
–
Дунёнинг бирор қитъасида бунақа обида йўқ. Бу ерда еттинчи асрда арабларга
қарши куращда қурбон бўлган суғдий билан кечагина, яъни йигирма биринчи аср
арафасида овқатдан заҳарланиб ўлган йигитча ёнма-ён ётишади. Уларни асрлар ҳам,
мазҳаблар ҳам ажратолмайди. Мана бу зиналарни санаб чиқиб, санаб тушинг –
адашиб кетмасангиз, гуноҳлардан ҳолисиз.
Рости
гапки, мен бу сафсаталардан зерикабошлайман. Чунки аввал келганимда ҳам шунга
ўхшаш таъкидларни тинглашга тўғри келган. Бир-бирига ўхшаш ялтироқ қошинлар,
соқов мақбаралар, тору танг йўлаклар, баланд-баланд зиналар ҳам файзли эмас.
Булардан кўра шортик кийиб олган чет эллик чолларни кузатиш мароқлироқдай.
Уларнинг ёшига ярашмаган чаққонлик билан, ҳовлиққанча фото ва кино
аппаратларини ишга солишлари, туршакдай бужмайиб қолган кампирларнинг
алланималар деб чулдираши, таржимонга бот-бот мурожаат этиши; ғужанак бўлиб
олган афтодаҳол гадо ғалатироқдай.
Чет
элликлардан нигоҳимни узиб, дадамнинг бугунги меҳмонларига разм соламан. Боя
ҳикояни ўртасидан бошлаганим учун уларни таништириш имкони бўлмай қолганини тан
олишим керак, албатта.
Меҳмонларнинг
сарғишроғи – Москвадан – таржимон, иккинчиси-Тошкентлик. Дадамнинг нақл
қилишларича, журналист экан; бир маҳаллар бирга ишлашган эмиш.
Улар
ҳайрат оғушида эдилар. Москвалик таржимон бошини батамом орқага ташлаганича
кадимий, ўймакор устунга, беҳисоб вассаларга тикилиб қолган эди. Ногаҳоний
мўъжиза билан юзма-юз бўлиб қолгандай гажакдор нақшларни оҳиста пайпаслаб
кўрар, қониқиш ила бошини сарак-сарак тебратарди. Тошкентлик меҳмон эса
вужудлари қулоққа айланиб, дадамни тингларди. Бундан руҳланган дадам янада
ҳаволаниб, баланд пардаларда давом этардилар.
–
Мана бу – Қозизода Румий мақбараси. Қўш гумбазли. Бўёқларига қаранг – беш
асрдан бери зарра хиралашгани йўқ. Кимёгарларимиз унинг таркибида ўттиз хил
элемент борлигини аниқладилар. Тадқиқот эса давом этяпти. Қозизода Румийни
Жалолиддин Румий билан чалкаштириб юбормаслик керак. Бу киши шоирлик
қилмаганлар; асосан математика, астрономия билан машғул бўлганлар. Аввал Амир
Темур саройида бош мунажжимлик, кейин Улуғбек расадхонасига раҳбарлик
қилганлар, Қори Ниёзийнинг қайд қилишларича, Қозизода Румий билан у кишининг
шогирди Али Қушчи Нютон биномини ўша пайтлардаёқ ёзиб қолдиришган экан. Айрим
манбаъларга қараганда, машҳур Зижи Кўрагонийни
ёзишда ҳам бу киши иштирок этганлар. Ўзлари асли римлик – шунинг учун
Румий дейишади.
–
Энциклопедияда Қозизода Румийни Туркиянинг Бурса шаҳридан деб ёзишган, – деди
Тошкентлик меҳмон. – Амир Темур Боязид Султонни мағлуб қилгач, у ердан бир
талай олимларни ҳам олиб келган.
Улар
уччовлашиб, шу масалани муҳокама қилакетишди. Лекин англашимча, бир тўхтамга
келишаолмади. Менинг эътиборимни эса Қозизода Румий қабри қаршисида чўнқайиб
олиб, тиловат қилаётган икки отахон тортди. Улар ховучларини очганларича узоқ
дуо ўқишди.
–
Бу ерда ўнлаб мақбара ва гумбазлар бор, аммо уларнинг бирортаси иккинчисини
такрорламайди, – давом этдилар дадам ва ўнг томондаги обидани кўрсатдилар, –
мана бу сағана кимники эканлиги маълум эмас. Қайсибирам бетавфиқ унинг –
устидаги мармарни қўпориб кетган. Бу ерда
шоир ётибдими, жаллодми, маликами – билиб бўлмайди. Аммо гумбазга
қаранг, гумбазга – у саккиз қиррали. Эрон усталари қурган деб тахмин қилишади.
Чунки Теҳронда ҳам шунақа мақбаралар бор экан-да.
Биз
Қусам ибн Аббос қабрини зиёрат қилаётганимизда дадам тўтиқушдай тағин ўша
машҳур афсонани такрорладилар.
–
Бу қабрдан йилнинг маълум фаслларида сирли садо янграйди. У темирчининг
сандонга муттасил болға ураётганини эслатади. Эмишки, бир замонлар душман мўру
малахдай бостириб келганда, суғд лашкарлари шу ерга кириб яширинганмиш. Ҳозир улар қилич ясаётганмиш– қачонлардир чиқиб,
душманга зарба беришармиш.
Мен
астойил қулоқ тутдим, аммо ҳеч қандай садо эшитмадим. Меҳмонлар ҳам бу овозни
илғашмади.
–
Мен бир неча бор эшитганман, – дедилар дадам, андек иккиланганимизни сезиб.
Қадимий
чорпаҳил ғиштлар қалашиб ётган тор йўлакдан ўтиб, устини хас-хашак босган,
айримлари чўкиб кетган қабрлар оралаб юрдик. Бир маҳал асфальт йўлак бошланди.
Унинг икки томонидаги қабрлар анчайин серҳашам эди. Қора, оқ мармарлардан боқиб
турган эркакларнинг қиёфасида амалдорларга хос виқорми, замзамами намоён эди.
Дадам
тушунтирищда давом этдилар.
–
Ўн бешинчи асрда аристократиянинг қабристони алоҳида бўлганидек, ҳозир ҳам улар
киборликларидан қолганлари йўқ.
–
Ҳатто қабрда ҳам, – қўшиб қўйди меҳмонлардан бири.
–
Мана бу одам ўн йилдан кўпроқ амалдорлик қилди, – дедилар дадам – қора мармарга
ишора этиб,– мамлакатда қайта қуриш бошланиши билан сирлигина вафот этди.
–
Қандай сирли, – қизиқди москвалик меҳмон.
–
Ҳали-вери ўладиган эмасди-да, – дедилар дадам, – беҳосдан...
–
Одамнинг жони омонат нарса, – деди суҳбатдошлари , – чирт этиб узилиб кетиши
ҳеч гап эмас.
–
Эл оғзида бу одам ҳакида турфа ривоятлар юрибди.
–
Хўш?
–
Гўёки у тирик эмиш. Ўрнига бошқа марҳумни кўмдириб, ўзи жуфтакни ростлаб
қолганмиш.
Бу
жавоб фақат меҳмонларнигина эмас, мени ҳам қизиқтириб қолди. Ажабландим: бир
бойвуччанинг ўрнига бошқа бегуноҳ қамоққа олинганини ёки пул аралашиб, ўзга бир
ўсмир Афғонистонга жўнатилганини эшитган эдим. Аммо нариги дунёга...
–
Нега ундай қилиши мумкин, – ажабланди меҳмон.
–
Металл* жамғариб қўйган бўлса, ажралиб қолмайин;
дегандир-да. – ўсмоқчилади Тошкентлик меҳмон.
Улар
шу мавзуда бир муҳлат баҳслашиб олишди. Дадам меҳмонларнинг мунозараларини
бўлиб, узилиб қолган каломларини давом
эттирдилар.
–
Хуллас, бир ҳамшаҳаримиз бу одамни вафотидан олти ой ўтгач, Чита шаҳридаги
бозорда учратиб қолади.
–
Йўқ-ей, – ажабланди меҳмон.
Мен
тафсилотни эшитиш илинжида қулоғимни динг қилдим.
–
Ха, ҳалиги ҳамюртимиз ўша ёққа майиз олиб борган экан, кўриб қолибди: мужикка
ўхшаб соқол қўйворган, кийимлари ҳам алланечук эмиш. Овозидан, қадам олишидан
таниб қолибди. Ҳеч сир бой бермаса ҳамки,
шубҳага тушибди, баччағар. Майиз харид қилмаёқ, туёғини шиқиллатибди.
Меҳмонлар
тағин баҳсу мунозарага киришиб кетишди. Мен эса ҳангоманинг давомини
эшитишга илхақ бўлиб турдим. – Орадан уч ой ўтгач, университетда ишлайдиган бир
домла «марҳум»ни Москвадаги меҳмонхонада кўриб қолади. Андак лакаловлик қилиб,
салом беради-ю, бориб кўришади. Бир маҳаллар «Жигули» олишга кўмаклашганини
айтиб, миннатдорлик изҳор этади. Ишонасизми, шу одам Самарқандга келиб,
сирлигина ўлиб қолди.
Меҳмонлар
кулишди. Мен эса ачиндим. Кўз ўнгимга сабил қолган «Жигули» келди.
–
Демак, мафия аниқ ишлаган, – деди тошкентлик меҳмон.
–
Лекин бу кўча гаплари бир-бирига унчалик қовушмайди, – давом этдилар дадам, –
биров уни тоғдаги қишлоқда муллалик қилиб юрганини айтса, бошқаси Эронга ўтиб
кетганини тахмин қилади. Балки булар бари сафсатавозликдир, ҳангомадир...
–
Аммо бу одам шаънига самарқандликлардан илиқ гапларни ҳам кўп эшитганман, –
деди тошкентлик меҳмон ва марҳумни анча сифатлади.
Биз
совуқ мармарлар оралаб йўлда давом этдик. Бир қабр устига мўъжазгина мис ҳайкал
ўрнатилган бўлиб, унинг остида «Ҳожиқурбон Ҳамидзода» деб ёзилган, икки қатор тожикча шеър
битилганди. Тошкентлик меҳмоннинг кўзлари ногаҳонда нурланиб кетди; ҳаяжондан
вужуди енгилгина қалтиради.
–
Ҳожиқурбон ака журналистикани биздан уч йил олдин
битиргандилар, ўша пайтдаёқ
университетда машҳур эдилар; гаплари бағоят тагдор, пурмаъно бўларди.
–
Начора – қисмат. Лаънати авария...
Оқ
ва қора мармарлардан ишланган навбатдаги сағана жуда башанг эди.
–
Бу одам хам собиқ мансабдорлардан, – давом этдилар дадам.
–
Хизматлари каттами?
–
Билмадим, ҳар қалай сангтарош оқ ва қора мармарларни тенг ишлатибди-ку. Бунда
бирор ҳикмат бордир.
Биз
йўлакнинг поёнига қараб энганимиз сари сағаналар кичрайиб, ҳашамсиз бўлиб
борарди. Биз негадир очиқ қолдирилган қабр қаршисида тин олдик.
–
Мана бу қабр...
–
... ўз эгасини кутмоқда, –
дадамнинг каломларини давом эттирмоқчи
бўлди москвалик меҳмон.
–
Йўқ, бу очофат лаҳат ўлжасини комига тортолмай, алданиб қолди, – дедилар дадам.
Ажабландим.
Чунки бунақасини сира эшитмагандимда.
Меҳмонлар ҳам сукут сақлаб, дадамнинг оғизларини пойлашди. Буни ҳис этган дадам
иззатталаблик билан бир лаҳза тин олдилар. Тошкентлик меҳмоннинг тоқати тоқ
бўлиб, тергаб қўйгандан кейингина давом эттирдидар.
–
Бизда Зомини деган маҳалла бор. Тарихий манбаъларга қараганда, улар бир неча
аср муқаддам Зоминдан келиб қолишган экан. Аммо тожиклашиб кетишган. Шу
маҳаллада Маҳмуди жўжа деган одам бор; паррандачилик фабрикасида ишлайди.
Тегирмонда туғилган сичқон сахий бўлади, деганларидек, бутун маҳалласини жўжа
билан таъминлайди. Шу одамнинг ўғли Афғонистонда эди. Бир куни: «Бола нобуд
бўлди», деган нохуш хабар келди. Аскарлар
сандиққа солинган йигитни олиб келишди. Ўзим ҳам боргандим – анчайин
тантана билан кўмишди.
–
Очишдими?
–
Йўқ, рухсат бўлмади! Лекин буёғини эшитинг. Орадан икки кун ўтгач, шу парранда
фабриканинг бир ходими Тошкентга бориб, аэропортда ҳалиги «марҳум»ни кўриб
қолибди. Кўзларига ишонмасмиш, бояқиш, «Сен хақиқатан ҳам ўзимизнинг Маҳмуд
аканинг ўғлимисан», деб сўрармиш бот-бот. «Ҳа, дебди у, аммо мени учратганингизни ҳеч кимга
айтмаслигингиз керак». «Нега?» ажабланибди экспедитор. «Москвага жуда муҳим
топшириқ билан кетяпман». «Қанақа топшириқ?» «Бу – ҳарбий сир, чайналибди
солдат, ҳатто самолётдан тушиш ҳам ман қилинган, аммо ҳаво айниганлиги учун бир
соатга ижозат беришди». Экспедитор деганини биласиз-ку – қилни қирқ ёрадиган
туллак бўлади. Кўнглига ўт тушибди. Самарқандда бўлиб ўтган нохуш гапларни сир
тутиб, аскарнинг дилидаги асрорларни суғуриб олаверибди. «Полковникнинг ўзи
чақириб, шу документларни Москвага олиб борасан», деди, калаванинг учини
чиқарибди ўсмир. Экспедитор ҳалиги дипломатни қўлга олиб, салмоқлаб кўрса,
зилдай эмиш. Тўхта, дебди, бу ерда бир асрор борга ўхшайди. Аэропортда ҳомуза
тортиб ўтирган, бир ҳардамҳаёл милиционерга учрашиб, бошлиғини суриштирибди,
унга бағоят муҳим гапи борлигини айтибди. Экспедитор бошлиққа барча тафсилоту
гумонларини гапириб, дипломатда ҳужжатлармас, пул борлигидан шубҳаланаётганини
баён этибди. «Афсуски, биз ҳарбий операцияларга аралашолмаймиз», дебди у
нонемас ҳам. «Ундай бўлса аралашадиган одамнинг телефонини беринг», дебди
эзмалик билан. Ўзи бу дунёнинг остига ё кезма етади ё эзма деган гап бор.
Шундай қилиб, бошлиқ қарасаки, тагига етмаса қўймайдиган қайсарлардан. Телефон
қилиб, бир полковникни чақирибди. Ҳалиги
полковник дипломатни қўлга олибди-ю: «Бу пул эмас, наша» дебди. Зудлик билан
комиссия тузиб очишса, дарҳақиқат ... Лекин дипломатнинг ичидан бир машъум
мактуб ҳам чиқибди. «Гена! Ҳавфсизлик учун
бу солдатни гумдон қилиш керак!
Унинг уйига юборилган гробда айтган нарсаларинг бор. Мен боргунча ҳидини
чиқарма...» деб ёзилган экан.
Шундай
қилиб, оператив группа тузишибди, Бу ерга келиб хабар олишса, темир тобутни
аллақачон ўмариб кетишган экан, хумпарлар! Барини қўлга тушириб, қамаб
юборищди.
–
Солдат тинчми, ишқилиб, – хавотирланди москвалик меҳмон.
–
Ҳа, у ҳам жўжапурушлик қиляпти,
Биз
йўлда давом этар эканмиз, меҳмонларнинг бири қўйиб, иккинчиси бу қабоҳатга қўл
урган олчоқларни лаънатлашарди. Лекин менинг хаёлларимда бошқа нарсалар
айқуш-уйқаш эди.
Биз
қисматлар кўргазмасида давом этдик.
–
Энди мана бу қўш қабр ҳақида гапираман, – дедилар дадам, – бу ерда тоға билан
жиян ёнма-ён ётишибди.
–
Демак, улар бир кунда...
–
Улар бир-бирларига жуда меҳрибон бўлишган. Дўконларда пахта танқис бўлиб қолган
ўша йилларда магазинга пахта келиб қолади, «Менга қара, жиян, дейди тоға,
иккаламиз бир той пахта харид қилиб қўйсак дегандим – кўрпа-тўшак, дегандай...»
«Ҳа, ҳа, келинингиз ҳам айтиб юрганди», маъқуллайди у.
Улар пахтани тоғанинг эски «Москвич «ига ортиб, уйга олиб келишади. Тоға симни
ечиб, тойнинг ўртасида иккига тақсимласа...
У
киши шу ерга келганда, одатдагидек тин олдилар. Мен бетоқатланиб, воқеанинг
давомини тахминлай бошладим. Эҳтимол, пахта тойи орасидан ҳам наша чиққандир;
балки тоға харислик қилиб, кўпроқ олмоқчи бўлгандир жомадаронлик қилишгандир.
–
... пачка-пачка пул целлофанга ўралиб, тахлаб қўйилган экан.
–
Бечора тоға-жиян, – уларга ачинди меҳмон.
Мен эса ажабландим. Чунки тоға-жиянга ҳавасим
келиб турганди-да, шу тобда. Қани-ку, мен ҳам...
–
Улар саросимага тушишмайди. Тоға кўпни кўрган, кайвони одам эмасми – пулнинг
устини пахта билан енгилгина ёпиб, савол назари билан жиянига қарайди.
«Кўпроғини сиз олинг, дейди жиян, менга озроқ тегса ҳам розиман». «Йўқ, жиян,
дейди тоға, нима бўлса , ўртасидан
арралаймиз. Ранда, теша қилиб юрмаймиз» . Лекин ҳидини чиқарган – номард! Ҳатто хотинга ҳам...
Гап
шу ерга келганда меҳмонлар беихтиёр кулишди ва негадир шундай қизиқарли
суҳбатдан чалғиб кетишди.
–
Тўғри, – деди москвалик меҳмон, – ҳамма гапни оламга ёядиган – хотин! Сталин
нима учун уруш йиллари атрофидаги арбобларнинг хотинларини қамаб қўйган. Ҳарбий кенгаш режаларини билиб қолишса, гапнинг ҳиди
чиқиб, душман сирдан воқиф бўлишини ўйлаган.
–
Лекин бу – ўта жаллодона усул.
–
Бир киши катта қўйни сўйибди-ю, қопга солиб, ертўласига кўмибди, – дадам
мавзуга яқинлашиш ўрнига тағин ҳам йироқлащдилар. – Хотинига айтибдики: жаҳл
устида ярамас солиқчини сўйиб қўйдим; огоҳ бўл – оғзингдан гуллаб қўйма! Эртаси
маст бўлиб келиб, хотинини дўппослаб қолибди/атайин/. Аёл фарёд солиб
қозигами, милисагами – ишқилиб, арз-додларни сўрайдиган маҳкамага борибди. Эри
қотиллик қилганини тўкиб солибди, албатта. Ҳалигилар ертўлага кириб қарашса... «Хотинимни синаш
учун шундай қилган эдим», дермиш овсар.
Шунга ўхшаб...
–
Овсар эмас, туллак экан, – деди меҳмон.
–
Энди хотинни дўппосласа – жим ўтирмайди-да, – деди жавобан москвалик меҳмон.
–
Барибир, айтмаслиги керак эди, – деди шериги. – Шарқда шунақа.
–
Шарқ ахлоқи ҳеч қачон мунофиқликни ёқламаган, – эътироз билдирди москвалик
меҳмон. Мен Ибн Сино билан Ҳофизни ўқиб,
бунга тағин бир бор имон келтирдим.
Шундан
кейин Сино билан Ҳофизнигина эмас, Улуғбек билан
Донишнинг ҳам руҳи безовта қилинди; уларнинг буюклиги, эминлиги, устиворлиги
таъкидланди. Дадам меҳмонларнинг диққатини тортишга мажбур бўлдилар.
–
Биродарлар, биз мавзудан четга чиқиб кетдик–ку! Мен сизларга тоға-жиян
қисматини гапираётган эдим.
−Ҳа, ҳа, давом этинг.
–
Хуллас, уларга йигирма беш мингдан тегади. Икковлари ҳам имкон қадар босиқлик
билан иш тутиб, машина харид қилишади, қизларга бисот, иморат дегандай...
–
Тирикчилик.
–
Хуллас, орадан бир ярим йил ўтиб, шўрлик тоғани терговга чақириб қолишади.
«Сизда эллик минг сўм пул бор, дейди терговчи, қитмирона синчковлик билан, шуни
ўз қўлингиз билан топширмасангиз, фалон моддага биноан...» Тоғанинг капалаги
учиб кетади – ахир, мол балоси – жон балоси, дебди машойихлар. Бунинг устига
савил қолгур пул сарфлаб қўйилган. «Жияним хабар бердими», сўрайди тоға беҳудуд
ғазабини тийиб. «Йўқ, хотини келиб айтди», дейди у ҳийлакорлик билан. Тоға
уйига келади-ю, қўшотар милтиғини олиб
чиқиб, жиянини отиб ташлайди. У аслида аёлни отмоқчи бўлади-ю, аммо ажали
қистамаган эканми, уни тополмай, жиянини аспаласопинга жўнатади.
–
Жаҳолат, – деди меҳмонлардан бири.
–
Йўқ, бу – монокультура оқибати, – деди иккинчиси.
–
Униси ҳаммас, буниси ҳам, – дедилар дадам. – Бу бориб турган лакаловлик. Жиянда
тариқча айб йўқ экан! Унинг хотинида ҳам. Барига «Озодлик» радиостанцияси сабаб
бўлибди.
–
Қандай?! – ажабланишди ҳамроҳлар.
–
Бизнинг пахта заводимиз билан Россиядаги тўқимачилик комбинати корчаллонлари
орасида хуфя шартнома бор экан. Улар пахтани жўнатиб, орқасидан телеграмма йўллашаркан. Бу телеграммада
рақамдан бўлак ҳеч вақо бўлмаскан. Мазкур рақам эса орасига пул яширинган пахта
тойининг номери бўларкан. У ердаги муттаҳам пулни санаб оларкан-у, фалон тонна пахта олдик, деб қоғоз
жўнатаркан. Ошириб кўрсатилган ана шу ҳужжат асосида булар банкадан пул
ўмаришаркан.
–
Да, айланма қаллоблик, – деди москвалик меҳмон.
–
Бир куни «Озодлик» радиостанцияси: «Олти миллион тонна пахта етиштирадиган
ўлкада ярага босадиган бир сиқим пахта топиш амри маҳол. Одамлар қашшоқ:
супрасини қоқсанг, чанг чиқмайди», деб «туҳмат»қилибди . Республиканинг собиқ
раҳбарлари душманнинг бу янги иғвосидан тутақиб, ўша куни жўнатиладиган ҳосилни
халққа сотишга қарор қилибдилар. Ҳалиги
пахта тойи бора-бора тоға-жиянга тегиб қолибди. Бир ярим йилдан кейин пахта
заводининг директори қўлга тушиб, милиса ҳиқилдоғидан олгач, бор гапни айтибди.
Изқувар терговчилар номерига қараб суриштириб боришса, шу дўконга тушган экан.
Пахта харид қилганларнинг барини сўроғдан ўтказаётганда, тоға соддадиллик
қилиб, лақиллаб қўйибди. Бўлмаса терговчи билмаган экан.
–
Хўш, кейинчи?
–
Кейин тоға жиянни отади-ю, болохонасига чиқиб олиб, ўзини ҳимоя қилади. Отишма
бошланади. Йўқ, ўқ тегиб ўлди, шўрлик. Уларни ёнма-ён кўмишди.
Меҳмонлар
надомат ила бош тебратишди. Негадир терговчини роса айблашди. Биз йўлда давом
этдик ва давр тақозоси билан кичрайиб қолган, илма-тешик бўлган қабр қаршисида
тўхтадик.
–
Шоҳи зиндада афсона ёки ҳақиқатлигини билиб бўлмайдиган жумбоқлар бир талай, –
дедилар дадам, – мана бу қабр Қозим ака деган эронийга тегишли. Ҳақиру фақир одам эди, раҳматли.
–
Демак, Самарқандда эронийлар ҳам яшашади, – сўради меҳмон.
–
Ҳа, уларнинг маҳаллалари, колхозлари бор. Лекин
ўзбеклашиб, тожиклашиб кетишган. Паспортларига ҳам «ўзбек» деб ёзилган.
Дадам
эронийлардан чиққан машҳур кишиларнинг номини тилга олдилар, уларни бирма-бир
сифатладилар. – Хуллас, биз тағин мавзудан чалғиб кетдик, – дедилар у киши. –
Мана шу қабр устида гоҳи-гоҳида ярим қулочча келадиган нақшин илон пайдо
бўлади. Уни ўзим кўрганим йўқ, аммо гувоҳларнинг нақл қилишича, қизғиш, яшил
рангда товланаркан. Одамдан унча чўчимаскан ҳам.
–
Мумкин, – тасдиқлади меҳмон, – бу мўъжиза эмас.
Мен
учун эса бу ҳол негадир мўъжизавий бўлиб туюлди. Хатто енгилгина хавотирга
тушиб, ҳас-хашаклар орасига кўз югуртириб қўйдим.
–
Лекин шуниси мўъжизаки, – давом этдилар дадам, – ўша илон – илон эмас!
–
Марҳумнинг руҳи, демоқчимисиз, – қизиқди меҳмон.
–
Билмадим! Ҳарҳолда бир ҳикмат бор.
–
Масалан?
–
Қозим ака уч фарзанд кўрганлар-у, аммо норасидаларнинг бари бир ёшга тўлмай
нобуд бўлган. Бу кишининг ўзи операция пайтида узилди. Тасодифни қарангки, ўша
пайтда хотини оғироёқ экан.
Аёлнинг
кўзи ёришиши олдидан тушига эри кириб: «Фарзанд кўрган кунинг ўзга қиёфада
кириб бораман – чақалоқни бало-қазолардан сақлайман», дебди. Шундай қилиб денг,
гўдак дунёга келган куни уйда мана шу илон пайдо бўлади.
–
Буниси энди афсона, – шубҳасини яширмади тошкентлик меҳмон.
–
Мен ҳам дастлаб шундай деб уйлагандим, – дедилар дадам, – аммо ўша илонни
кўрганлар билан гаплашгандан кейин фикримдан қайтдим.
–
Хўш, хўш, кейинчи?
–
Аёл дастлаб сесканиб юрибди-ю, кейин кўникибди. Айрим кунлари илон бешикнинг
ичига кириб, чақалоқнинг пойида кулча бўлиб ётаркан. Аёл уни меҳрибон оҳангда
койиб ҳайдаркан. Шу тариқа чипор оиланинг эркин аъзосига айланиб қолибди.
Уйдагилар уни бир зум кўришмаса, қумсайдиган, дараклайдиган одат чиқаришибди.
Бир йилдан кейин эса ўз-ўзидан йўқолиб қолибди. Одамларнинг айтишича, мана шу
қабрдаги илон ўша чипор эмиш.
–
Эҳтимол, – деди сариқ сочли меҳмон, бу гапдан таажжубга тушиб. Бошқалар ҳам
ажабланишди ва турфа тахмин, эҳтимолларни баён этищди.
Биз
тағин бир неча қабрлар пойида тин олиб, марҳумларни хотирладик, Аммо бу одамлар
ҳақида тасаввурим бўлмагани учун зерикабошладим. Назаримда ҳар бир қабрда илон
бордай эди.
Катталар,
айниқса машҳур созанда Ҳожи Абдулазиз
ибн Абдурасул ҳамда академик Воҳид Абдулло қабрлари наздида сукут сақлаб, бу
сиймоларни эҳтиром ила хотирга олишди; алламаҳалгача уларнинг хислатларини
санашди.
Биз
Шоҳи зиндадан кеч қайтдик.