ИККИНЧИ
КИТОБ
БЕШИНЧИ ҚИСМ
БИРИНЧИ БОБ
Камина – олийгоҳ толиби
1987 йилнинг 22 августида Тошкент аҳолиси биттага камайиб, Самарқанд
фуқаролари нақ бир кишига кўпайди. Чунки қабул комиссиясининг раиси дўриллоқ
овозда эълон қилди.
– Раҳматов Улуғбек Нусратович! Сиз Самарқанд қишлоқ хўжалик институти
ветеринария факультетининг биринчи курсига қабул қилиндингиз! Табриклаймиз!
Сўнг у қоғоздан бош кўтариб, аланглаганича, нигоҳлари билан,
абитуриентлар орасидан каминани қидира кетди. Гарчанд номим тилга олиниши
биланоқ ўрнимдан турган бўлсам ҳамки, алламаҳалгача илғамади. Нигоҳларимиз
тўқнашгач, юзига табассум суртган бўлди. Мен ҳам жавобан ажабтовур қилиб
илжайдим.
Ғалати. Нега у ясама табассум қилди ва мен ҳам
зўрма-зўраки кулган бўлдим? Эҳтимол ўқишга кирганимдан мамнунлигини изҳор
этмоқчи бўлгандир. Нега бундан қувониши керак?! Раҳматов кирадими, Аҳмадов
кирадими – унга фарқи йўқ-ку! Балки таомил шунақадир: хушхабардан кейин кулиб
қўйиш лозимдир. Яхши гапни киши безрайиб туриб гапирмайди-ку!
Шу тобда ҳамма воқеалар иккинчи даражага ўтиб, нуқул одамларнинг
кулгисини кузатгим келиб кетди. Қабул комиссиясининг раиси худди магнитофондай
ҳалиги гапни (албатта, фамилия номини ўзгартириб) такрорларди ва лабининг бир
чеккаси билан жилла кулиб қўярди. Болаларнинг реакцияси (таъбир жоиз бўлса)
турли-туман бўларди. Бири лаби қулоғига етадиган даражада баралла илжайиб
юборса, тағин бири безрайибгина бош силкиб қўяқолади. Бир бола қозоқчалаб
алланима деди. Назаримда миннатдорчилик изҳор этди. Ҳамма қатори мен ҳам қарсак чалиб қўйдим.
Ҳар ҳолда ўқишга киришим унчалик жўн кечмаганини
таъкидлаб ўтмоғим керак. Биринчи имтиҳондан (биология) «тўрт» қўйишди. Илк
савол – ботаникадан: ўсимлик пояси
хусусида бўлиб чиқди. Мазкур мавзуни яхши билардим: ғўза, ошқовоқ, печак
пояси мисолида тик ўсувчи, ётиб ҳамда чирмашиб тараққий этувчи поялар ҳақида
имкон қадар батафсилроқ сўз юритдим. Жавобимни тугатиб, муаллимга қарадим-у
юзида қилт этган ўзгаришни ҳам сезмадим. Ҳиссиз сукунатга қўшилиб қотиб қолган одамга ўхшарди у.
Йўқ, у хотира ғаладонини хаёлан титкилаб, мени гангитиб қўядиган қўшимча савол
излаётган экан.
– Картошка пояси ҳақида гапиринг!
Картошка пояси. Шунақа қитмирона савол берилиши эҳтимоли борлигини ойим
қайта-қайта такрорлагандилар. Гап шундаки, картошка пояси деганда, кўплар унинг
ер устидаги қисмини назарда тутишади. Аслида эса бу ўсимликнинг ҳақиқий пояси
биз истеъмол қиладиган картошкадир. Ботаникада у шакли ўзгарган поя дейилади
(Ундаги куртакларнинг навбатма-навбат жойлашишига эътибор беришингизни
сўрардим). Жавобим поёнига етар-етмас домла худди ўчакишгандай зарпечак пояси хусусиятларини сўради.
Табиатнинг бу сарғиш гиёҳга ато этган мўъжизавий қудрати ҳақида ҳам
анча-мунча билардим. Ҳеч қайси
ўсимликнинг ҳаёти бу ғалати мавжудотникига ўхшамаса керак. Унда илдиз ҳам, барг
ҳам яшил хлорофилл ҳам йўқ. Борлиги – поя. Уруғдан униб чиққан заҳоти
ён-теграсидаги ўсимликка чирмашиб, унинг ширасини сўришга киришади. Поядан
чиққан тишлар (шакли ўзгарган барглар)нинг ўсимлик танасига ботиши ва ундаги
озиқани сўриб олиш жараёнини кузатиб ҳайратга тушганман. Қизиғи шундаки,
уруғдан унган майса ҳаммаси бўлиб икки сантиметрча ўсади ва соат мили
йўналишида бир икки бор айланиб ҳам олади. Шу орада нимагаки илингудай бўлса,
унга чирмашади. Ё қудратингдан, Табиат!
Дадам бир маҳаллар Самарқанд туманидаги Бадал қишлоғида яшаган
қариндошлари Девкор ота ҳақида гапиргандилар. У кишини Эргаш девкор ҳам
дейишаркан. Умуман азал-азалдан ўша авлоднинг номига «девкор» ибораси тиркалиб
келинаркан. Девкор отанинг кампирлари дадамнинг аммалари бўлганлар. У кишини
негадир қутидор кампир дейишаркан. Нега бундай дейишларини эса дадамнинг ўзлари
ҳам билмадилар.
Девкор бобонинг Катта Фарғона канали ёқасида Усмон Юсупов билан тушган
суратларини район газетасида эълон қилишгани ёдимда. Барваста, девқомат киши.
Мен у кишини элас-элас эслайман. Дадам билан чол-кампирни кўргани боргандим:
икковлари ҳам букчайиб, муштдайгина бўлиб қолишганди.
Бадал қишлоғи марказидаги ҳовузни канал қурилишидан қайтган Девкор ота
бир кечада қазиб, сув тўлдириб қўйган эканлар. Эрталаб ҳамқишлоқлар янги ҳовуз
супасида чой ичиб ўтирган Девкор отани кўриб, роса қойил қолишган, дейишади.
Мавзудан узоқлашиб кетганим учун узр. Зарпечак ҳақида гапираётган
эдим-а. Ўша йиллари колхознинг ўн гектарлик токзорини зарпечак босиб кетибди.
Ваҳоланки, колхоз ана шу токзордан вино тайёрлаш ҳисобига тирикчилик
қиларкан-да. Туман ва вилоятдан не-не зукко агрономлар, донғи кетган олимларни
олиб келишибди, аммо нафи тегмабди. Шунда отахон: «Токзорнинг парваришини менга беринглар,
иложини қиламан» дебдилар. Колхоз раҳбарлари аввал иккиланишибди, кейин рози
бўлишибди. Отахон баҳорда токларни очиб, кундалар остига зичлаб намланган похол
тўшаб чиқибдилар. Ҳамма ҳайрон қолибди, кўпчилик
Девкор отанинг устидан кулибди ҳам.
Ўша йили токларга бирорта ҳам зарпечак илашмабди. Аён бўлишича, отахон
сарғиш текинхўрларни боплаб чалғитган эканлар. Уруғдан униб чиққан зарпечак
майсалари похолга чирмашиб, ўзи ҳам қовжираб қолган экан. Кейин бир олим шу
усулни ёзиб, профессор ҳам бўлган дейишади.
Имтиҳонда булар хусусида батафсил гапириб, эзмалик қилганим йўқ,
албатта. Зарпечак ҳақида билганларимни гапириб бердим, холос.
Иккинчи савол – Мендель ва унинг қонуни ҳақида эди. «Мен
редакцияданман» деган китобларида дадам бу хусусда анча қизиқарли қилиб
ёзганлар. Шунинг учун бўлса керак хотирамга кўчиб, михланиб қолган эди бу
гаплар!
«1860 йилда Чехословакиянинг Брно шаҳридаги мактабнинг физика ва
табиатшунослик фанлари муаллими Грегор Мендель монастир боғида шундай тажриба
ўтказади: у кафтдеккина ерни тимдалаб, жўяк олади. Жуякнинг бирига сирти
силлиқ, иккинчисига усти ғадир-будир нўхат экади. Уларни яхши парваришлайди ва
майсалар гулга киргач, бир-бирига чатиштиради. Ўосил етилгач, қараса,
дуккакдаги донларнинг бир қисми отасига, қолгани онасига тортган экан. Муаллим
келаси йил уларни қайтадан экади ва дурагайлашда давом этади. Яна ва яна. Етти
йилгача.
Кўриниб турибдики, бу тажрибада ҳеч қанақа мўъжиза йўқ. Биз ҳам кўп
жиҳатдан, табиийки, отамиз, онамиз, холамизга ўхшаймиз. Шайхур-раис (Ибн Сино)
ўнлаб касалликлар ҳақида қалам тебратиб, улар авлоддан авлодга ўтишини
Менделдан саккиз аср муқаддам ёзиб қолдирганлар. Аммо Грегор Менделнинг буюк
хизмати шундаки, у биринчи бўлиб, ҳар бир мавжудот ҳужайрасида ирсий
аломатларни олиб ўтадиган аллақандай модда борлигини башорат қилади; ўз
тадқиқотларини аниқ жадвалга солиб, ота-она хислати ёки иллатлари қайбир
авлодда такрорланишини ёзиб қолдиради.
Ўқитувчи вафотидан нақ ўттиз беш йил ўтгач, Европанинг уч мамлакатида
уч биолог олим бир-биридан ҳамда Мендель кашфиётидан бехабар ҳолда унинг
ихтиросини қайтадан кашф этишади. Олимлар ўзаро мукофот талашиб турганда, бу
жараёнларнинг барини оддий бир ўқитувчи анча илгари мукаммал ёзиб қолдиргани
аён бўлади. Шу тариқа ҳалиги жумбоқ моддага ген деб ном берилади. Навқирон
генетика (ирсият) фани шу асосда дунёга келади.
Фараз қилайлик: қора қўчқор ва қора совлиқдан оппоқ қўзичоқ пайдо
бўлди. Бир қарашда бу ирсият қонунига зиддай – ахир, аждодлар тим қора-ку! Аммо
Мендель системасига кўз югуртирсангиз, ҳалиги қўзичоқнинг аллақандай
«бобокалони» ёки «момокалони» оқ бўлганига ишонч ҳосил қиласиз».
Ва ҳоказо ва ҳоказо. Учинчи саволга ўтмасимданоқ муаллим сўзимни кесди.
– Ўтиринг.
– ...?
– Тўрт. Розимисиз?
Маъқуллаб, бош тебратдим. Чунки эрталабдан буён ҳеч кимга «беш» қўйишмаганди.
Кимёдан эса кутганимдай бўлмади. Водород сульфид кислотасининг сифат
реакциясини ёзолмай қолдим. Биринчи зарбадан кейин жавобларим ҳам андак
пайдар-пай ва дудмал чиқди, шекилли, муаллим «уч» қўйди.
Бу нохуш ҳол эди. Конкурс катталиги ва бунинг устига иш стажим
бўлмаганлиги сабаб уч имтиҳоннинг камида иккитасидан «тўрт» олишим талаб
этиларди. Ташқарида мени кутиб ўтирган ойим билан дадамга юзма-юз бўлиб, нима
дейишимни ўйладим – юрагим зириллаб кетди. Дадам аллакимларга бош эгиб илтимос
қилганликларини, ойим кимёвий формулаларни ойлаб миямга қуйганликларини
хотирладим-у, ношудлигимдан ўзим ҳам ўкиниб кетдим.
Улар намчил увотга тўшалган газета устида мўнғайиб, хавотирона
ўтиришарди. Дилимдаги бояги ўксиш аччиқ аламга айланди: уларнинг бировлари анча-мунча
китоб ёзган ёзувчи, тағин бирлари забардаст муаллима бўлсалар-у, мен лакаловни
деб шундай афтодаҳол ва ғарибона ўтиришса. Зинадан тумшайиброқ тушганимдан
бўлса керак, икковлари ҳам нохуш ҳолни дарҳол сезишди.
– «Уч» – дедим, улар савол бермасданоқ. Сўнг қўшиб қўйдим: –
Болаларнинг ярмига «икки» қўйишди.
Йўқ, бу гапни гуноҳимни енгиллаштириш илинжида айтмагандим. Ичкарида
болаларни тутдай тўкишаётганди, бераҳмлар! Ҳар ҳолда ноумид бўлиб чиққанлардан кўра аҳволим тузук
эди.
Дадам билан ойим беихтиёр бир-бирларига қараб сукут сақлашди. Аммо бу
дилгир сукутда ҳайқириқ ҳам, дашном ҳам, далда ҳам мужассамдай эди. Дадам
казо-казоларга яхшилик қилганликларини, улар албатта ёрдам беришини ва камида
«тўрт» олишимни каромат қилган бўлсалар, ойим ҳар гал тайинлардилар: «Кимёдан»
«тўрт» ёки «беш» олмасанг, мактабимда бош кўтариб юролмайман!» Ўа у киши химия
ва биология фанининг қаттиққўл муаллими эдилар. Менинг кимёдан «уч» олишим
ноўнғай эди ойим учун. Лекин «уч» деб аталадиган шу қурумсоқ (студентлар тили
билан айтганда – «международный» баҳо) ҳам кўпларга насиб этмаяпти-ку! Ана,
не-не ўсмирлар кўз ёшларини артиб чиқишяпти; не-не ота-оналар лаънати «икки»дан
норози бўлиб, ректор эшиги олдида навбат кутиб ўтиришибди.
Мен дадам билан ойимнинг бир-бирларига тўкиб солмай, сукут сақлаган
гапларини тахминан шунга йўяр эдим. Яна ким билсин!
Биз жимгина дарвоза томон йўл олдик. Йўл яримлаб қолганда, ёдимга
шеригим – Артур тушди.
У билан эрталаб танишгандик. Тошкентдан келганимни айтгач, негадир
ота-оналар томон имлаб: «Демак иккаламизнинг ҳам одамимиз йўқ эканда»,
русчалади ҳамдард оҳангда. Ташқарида дадам билан ойим туришганини айтмай
қўяқолдим. «Сен ҳам бошқа областдан келдингми, сўрадим». «Йўқ, самарқандликман,
деди ва совуққин қилиб қўшиб қўйди: – Детдомданман». Бу жавобдан кейин шафқат
томирчаларим зарб билан тепакетди. Ўзимни унга имкон қадар яқинроқ олишга
ҳаракат қилдим. «Мединститутга кирмоқчи бўлгандим, қарасам, Самарқанддан жуда
кам олар экан», – деди. Ўшанда оладиганлари ҳам катталар билан серпулларнинг
болалари. Кейин бу ёққа топширдим. Одам доктор бўлдим нима-ю, мол доктор
бўлдим...»
Биз беихтиёр кулдик. Тезда шу нарса аён бўлдики, Артур рус мактабида
таҳсил олган экан; химияни сув қилиб ичган экан ўзи ҳам. Биологиядан менга
ўхшаб «тўрт» олибди. Кейин имтиҳон бошланди-ю, гапимиз узилиб қолди. Ҳар ҳолда уни кутгим, табриклагим келди шу топда.
– Бораверинглар, мен етиб оламан, – дедим дадам билан ойимга чайналиб.
– Нега? – ажабланишди улар,
– Жўрам бор эди, чиқсин.
Орага мавҳумгина жимлик чўкди. Уни ойим буздилар.
– Ким у, жўранг?
– Артур деган. Болалар уйидан.
– Болалар уйидан? – бараварига савол беришди улар ва маъқуллаб бош
тебратганидан кейин бояги серташвиш, жиддий қиёфалари, нигоҳларида некбахтлик,
шафқат аломатлари хувайдо бўлди. Дадам меҳрибон оҳангда давом этдилар.
– Ундай бўлса, биз ҳам қайтамиз!
Йўл-йўлакай тағин Артурни суриштиришди: қандай қилиб болалар уйига
тушган, қаерда яшайди, ўқиши қанақа, миллати нима ва ҳакозо. Табиийки, бу
саволларнинг кўпига жавоб қайтаролмадим. Билганларимни айтгандим – улар ачинганнамо
бош тебратишди.
– Уни ҳам уйга олиб кетамиз, – дедилар дадам, – бирга дарс тайёрлаб
юрасизлар!
– ...
– Ўғлимиз кўп бўлса яхши-да, – орзу-ҳавасларини ҳам ўзларига хос
беғуборлик билан тўкиб солабошладилар дадам, – кейин, кейин икковингни бир кунда
уйлантириб қўяман!
– Хомхаёлсиз, андисиз, – койиб берган бўлдилар ойим, – ҳали у...
Узилиб қолган бу каломда: синалмаган отнинг сиртидан ўтма, деган нақл
ётарди. Аммо дадам ногаҳонда тилло топган қулдай қувончдан тошиб кетавердилар.
Артур ҳақида алланималарни суриштириб, уни интиқлик билан кута бошладилар.
У беш-олти кишидан кейин чиқди ва эшик олдидаги тирбанд оломонга зарра
эътибор бермай, йўлида давом этди.
– Артур! – унинг эътиборини тортишга мажбур бўлдим.
У тўхтаб мен томон юзланди. Кулиб, тўрт бармоғини кўрсатди. Бу ҳолдан
дадам билан ойим ҳам дафъатан қувониб кетишди. Биз беихтиёр ўша томонга қараб
интилдик. Ота-онамнинг жуда ҳам очиқликларидан янги танишимнинг энсаси қотмасин
деган тахминда уни огоҳлантирган бўлдим.
– Дадам билан ойим... (сени табриклашмоқчи).
Дадам барибир жунгина табрикламай, Артурни қучоқлаб олдилар, ўптилар.
Ойим ҳам ийиб кетиб, шакаргуфторликлар қилдилар. Рости гапки, бу ногаҳоний
илтифотлардан Артур хижолат бўлди, ўзим ҳам ноўнғайлик сездим. Биз беихтиёр
йўлда давом этдик. Узилиб қолган
суҳбатни улаш ниятида ойим савол бердилар.
– Артуржон, қанақа саволлар келди, ўғлим?
У билетдаги саволни ва қайтарган жавобини такрорлади. Артурнинг
зукколигига ойимнинг чандон ҳаваслари келди. Дадам унинг ҳаётига оид
алланималарни сўраш учун лаб жуфтлардилар-у, назаримда нозик туйғуларига тегиб
қўйишдан хавотир тортиб, гап ўзанини бошқа томонга бурдилар.
– Энди Артуржон Улуғбекка ёрдам берасан. Икковингга бир хонани жиҳозлаб
бераман. Кейин...
Дадам Тошкентда яшашимизни бу ердаги ҳовлимиз бўшаб ётганини
гапирдилар. Артурнинг ўзини кўрмасданоқ уни фарзанд қилиб олиш нияти пайдо
бўлганини ҳам яширмадилар.
У индамади. Аниқроғи, хушламайгина қўйди. Бекатга яқинлашгач, эса
шошаётганини изҳор этиб, хайрлашмоқчи бўлди.
– Қаёққа борасан, – дедилар, дадам, ажабланиб – биз билан юр. Бирга
бўламиз. Ҳа энди иссиқ-совуқ бор
дегандай... Ёмон одамлар эмасмиз. Ёлғизлик – ёмон!
У рад этди ва совуққина хайрлашиб жўнашга шошилди. Дадам имтиҳондан
йиқилиб чиққан боладай ноумид ва маъюс бўлиб қолдилар. У кишининг бояги
ҳудудсиз ҳаяжонлари ва ҳузурбахш орзуларини лоқайд (тошбағир, десам оғирроқ
бўлар) Артур ўғирлаб кетгандай бўлди. Хомуш тортиб қолган дадамга ойим далда
берган бўлдилар.
– Шукур, бефарзанд эмассиз! Учта Рустамдай ўғлингиз бор!
Дадам ҳамон узоқлашиб кетаётган Артурнинг ортидан ғамза билан термулиб
турардилар.
– Яхши бола эканда, – дедилар, ниҳоят у кўздан ғойиб бўлгач, – тақдири
нечук кечаркин, бояқишнинг?!»
Кейин уйга келиб, учаламиз сўнгги имтиҳон – иншо ташвишига тушиб
кетдик. Мен шпаргалка даракладим, улар таниш-билиш излашга киришдилар. Аммо
имтиҳон арафасида шу нарса аён бўлдики, химиядан кўплар қулаб кетгани сабаб,
болалар мўлжалдагидан оз қолишибди. Шунинг учун ректор бирор кишига «икки»
қўймасликни тайинлабди.
Тағин бирор ҳафтадан кейин каминага студентлик билетини топширишди.
Табиийки, мен ётоқ олмадим. Дадамнинг маслаҳатлари билан бўш ётган
ҳовлимиздаги бир хонани жиҳозламоқчи бўлгандек, бувим билан амаким кўнишмади,
ҳатто енгилгина жаҳлга минишди. «Биз билан тураверади!» дейишди баббараварига.
Дадам билан ойим каминага роса насиҳатлар ўқиб, йўл-йўриқлар кўрсатгач,
тағин Тошкентга жўнаб кетишди.
ИККИНЧИ БОБ
Конспект
Студентликни бошдан кечирган ҳар бир киши унинг учун конспект деган
матонинг нақадар муҳим ва бебаҳолигини обдон ҳис қилади. Айниқса синов-у
имтиҳонлар эшик қоқиб, дилингда зоҳирий бир хавотир ўйғонган дақиқаларда ана шу
увада, бадхат дафтар умидлар саробига айланиб қолади.
Аксар ҳамкурсларим сингари мен ҳам дастлабки кунларданоқ домлаларнинг
ҳар бир каломини апил-тапил қоғозга тушириш пайида бўлдим, албатта. Тезда бу
мураккаб ишнинг ўнғай ройишини ҳам олдим: ичакдек узун гапларнинг лўндароқ
мазмунини «тушириш», бир қатор ибораларни қисқартириш ёхуд шартли тарзда қайд
этишга ўтиб олдим. Шу билан бирга кейин хотирада тикланиши ўнғай бўлсин учун
варақ ҳошиясига бир ё икки-уч калом билан абзац ё саҳифанинг мазмунини қайд
этиб борадиган бўлдим.
Маълумки, ҳар қандай конспектнинг мазмуни уни ўқийдиган домланинг
иқтидори, тажрибаси, салоҳиятига боғлиқ. Тан оламан: айрим фанлардан ёзган конспектларимни
ўзим ўқиб, мазмунини чақолмайман. Улар ғализ, зерикарли, мавҳум. Лекин бу
дафтарлар орасида ибратомузлари, ирфон ўчоғи бўлганлари талайгина. Хоҳишингиз бўлса айримларини варақлаб кўришингиз
мумкин.
1. Анатомия
Бу дафтарни кўздан кечиришингиздан олдин шуни
таъкидлаб ўтишим керакки, анатомиядан дарс берадиган домла етмиш ёшнинг
нари-берисидаги букчайиб, муштдайгина бўлиб қолган профессор. Домла институт
ташкилотчиларидан бири бўлиб, аксарият доцент-у профессорлар у кишининг шогирди
экан. Профессорни каттадан кичик Султон домла, дейишининг боиси – у кишининг
студентларга қараб, гоҳ-гоҳида ички бир илтижо билан «султонларим» деб мурожаат
қилиши эканлигини ҳам таъкидлаб ўтишим керак. Юқори курс студентларининг
(ўзларича ғамхўрлик қилиб) бизга берган маълумотларига қараганда, Султон домла
лекция, семинар пайтларида талабчанликни ошириб, дағ-даға-ю пўписалар
қиларкан-у имтиҳон пайти чумолига ҳам озор етказмаскан.
Тағин: домла институт биқинида урушдан илгари қурилган
икки хонали пастак уйчада ёлғиз рўзгурзонлик қиларкан. Тақдир у кишига хотин,
бола-чақани насиб этмаган экан.
Султон домла аудиторияга илк бор киришдаёқ,
кўпчилигимизда илиқ таассурот қолдирди. У киши сокин одимлаганича
аксариятимизга синчков назар ташлаб олгач. «Ораларингда чўпонларнинг болалари
бўлса қўлларини кўтаришсин», деди. Орқада ўтирган уч лакалов ва андироқ бола
қўрқи-писа қўл кўтаришди. Профессор надомат ила бош тебратди-ю ўша оҳангда
давом этди: «Қани шаҳарлик болалар қўл кўтаришсинчи». Олдинда ўтирган аксарият
студентлар қўл кўтаришди. Профессор индамади, аммо ҳамма ҳақиқат аён эди.
Султон домла чўпон-чўлиқларнинг болаларини зоҳиран ҳисобга олиб қўйишини,
уларга мадад кўрсатишини, ҳатто бошқа фанлардан «икки» олганда ҳам орага кириши
(бизда «танка бўлиш», дейилади)ни айтишганди.
Домла аудитория бўйлаб тағин бироз одимлади-ю, бағоят
ёқимли овозда лекция бошлаб юборди.
* * *
Анатомия вужудимизнинг тузилишини ўрганадиган, тадқиқ
қиладиган фан. Одам ва сут эмизувчи жониворлар вужудининг шакли, ундаги
физиологик жараёнларни эрамиздан илгари яшаб ўтган юнон алломаларидан тортиб,
кечагина медицина, ветеринария ёки биология факультетига кирган студентгача
тадқиқ қилишади, аммо поёнига етишолмайди. Инсон организмининг буюк
тадқиқотчиси Ибн Сино шунча жумбоқларни ечган-у, локинда ҳужайра нималиги, қон
айланиш системаси қанақалигини билмаган. Сиз билан биз буни биламиз. Қаранг:
Ибн Сино билмаганини биз... Аммо шунга қарамай, минг йил муқаддам яшаган
бобомиздан минг марталар бесаводмиз. Тирик организмни тадқиқ қилиш имкониятлари
Х асрга нисбатан чандон устун бўлишига қарамай Ибн Сино асрлар оша бизга йўл
кўрсатади. Зеро Шайхур-раиснинг буюклиги худди ана шунда!
Биз инсон вужуди ҳақида нимани биламиз? Ҳеч вақони билмаслигимизни биламиз, холос! Сизлар инсон
ва сут эмизувчи жониворлар анатомияси ҳамда физиологиясини икки йил давомида
ўқийсизлар. Ана шу муддатда катта денгиздан бир челак сув олгандай бўласизлар,
холос. Чунки у сарҳадсиз. Табиат ўзи шунақа: чексизликни хуш кўради; у
мавжудотни ҳам, унинг имкониятларини ҳам беқамров қилиб яратган.
Мен сизларни инсон вужуди бўйлаб анатомик саёҳатга
олиб чиқаман. Аниқроқ қилиб айтганда, бу хусусда андак тасаввур бериб ўтаман,
холос.
Калладан бошлаймиз. Хўш, нечун табиат инсоннинг бошини
тананинг учки қисмига қўндириб қўйган? Уни масалан, кўкракками, белгами ўрнатса
бўлмасмиди?! Айиқнинг бошига эътибор берганмисизлар: у елкасидан паст бўлади.
Тошбақанинг бош ҳам косасидан баландда эмас. Ялқов деган жониворнинг эса боши
пастга осилган, шохга чирмашган оёқлари доим юқорида бўлади. Демак бўлар
экан-ку! Йўқ, бўлмайди! Инсон айиқ, тошбақа ёки ялқов эмас. У ҳамиша сарбаланд
юриши зарур бўлган олий зот! Нигоҳлари узоқларга қадалиши, қулоқлари сархуш ёки
нохуш садоларни тез илғаб олмоғи учун ҳам табиат инсоннинг бошини мағрур ва
масрур қилиб яратган.
Айрон ош бўлмас, ошқовоқ бош бўлмас, дейишади. Ҳа, инсон боши ошқовоқ эмас, балки бағоят мураккаб
табиий аппаратдир. Бош ҳақида гап кетганда, бир бошдан сўз юритганимиз маъқул.
Сут эмизувчи жониворларда бош бир жуфт мугуздан бошланади. Чунки улар асрлар
оша ана шу шохлари билан ўзларини ҳимоя қилишган, рақибларига ташланишган.
Одамда мугуз йўқ. Кишилар бир-бирларини сўз билан ярадор қилиб, сўз билан
ўлдиришга ўтиб олишган. Афсуски, шундай! Инсоннинг нохуш гапи ҳар қандай
мугуздан хавфли.
Бизнинг бошимиз сочдан бошланади. Ғалати-да, юзда соч йуқ-у калланинг лақаби – жунбош.
Аслида юзда ҳам туклар оз эмас, аммо улар кўзга кўринавермайди. Бошдаги соч
миянинг ташқи палтоси. Мияни уч ҳарф биланмас, тўрт ҳарф билан ми(й)я деб
ёзишга одатланинглар. Бу борада тилчи олимларимиз билан роса тортишиб, уларнинг
ноҳақлигини исботлаганман. Хуллас, мийя совуқ қотмаслиги, зарбага учрамаслиги
учун табиат сочни яратган. Ундай бўлса нега айрим амалдорларнинг бошида соч
бўлмайди? Ғалатида ўзи: аваллари
калнинг устидан кулишган, уни калака қилишган. Боши калнинг кўнгли нозик
бўлади; кўр бозорга бормайди, кал ҳаммомга деган нақлларни яратишган. Каллар
азал-азалдан шумлик, қаллоблик тимсоли бўлишган. Бизнинг замонга келиб ҳам
уларнинг бир қисми алдам-қалдам билан амал курсисини эгаллашди. Бу ҳам
етмагандай: ялтирбошликни нуронийликка ўхшаш фазилат деб эълон қилишди. Йўқ,
эълон қилишмади, ўзларининг ҳаракатлари, нигоҳлари ва жаъмики мантиқ-у
хулосалари билан шуни таъкидлашди, тасдиқлашди. Биз гумроҳлар, тағин уларга
ишониб, алдандик.
Булар бари ҳазил, султонларим! Ҳеч ким зарра кўнглига олакўрмасин. Зотан ўзим ҳам
тепакалман. Ўша амалдорларга тақлид қилиб, шунақа бўлиб қолдим, шекилли. Начора
мансабдор зотига тақлид қилишга ўчмиз! Улар қоринни қўйиб юборишса, биз ҳам
шунга мойил бўлиб қоламиз. Ваҳоланки сочсизлик ҳам, беўхшов қорин ҳам
соғломликдан нишона эмас!
Сержағ чолни афв этинглар! Чалғиб кетдим. Сочда инсон
организми таркибидаги аксар элементлар бор. Ўзим спектрли анализ қилиб, ундан
мис, рух, темир, калий, кальций ажратиб олганман. Урушдан илгари Қизилқумда –
чўпонлар ўтовида ойлаб яшаганман. Қадрдон бўлиб олгач, сочларидан бир тутам олардим-у
конвертга солиб, Самарқандга жўнатардим. Бу ердаги лабораторияда анализ қилиб,
саҳродаги одамлар вужудида қанақа моддалар етишмаслигини аниқлардик.
Маълумки, танамизда айрим элементлар кўпайиб кетса,
модда алмашинуви бузилади. Соч ўзи билан ана шу ортиқча ёки ўлик зарраларни
олиб чиқади.
Биз сочдан кўпроқ ҳуснга зеб бериш – зийнат сифатида
фойдаланамиз. Хотин-қизларимиз причёскасининг адоғига етиб бўлмади! Анатомия ва
санитария жиҳатидан эса буларнинг бари – ортиқча даҳмаза. Аёлми, эркакми – сочи
қисқа қилиб олинган, тоза бўлса кифоя. Гапнинг ўзанини миллий анъаналаримиз
томон буриб, қизларимизнинг узун, қирқкокил сочларига қаршимисиз, деб
сўрашингиз мумкин. Мен анатом олимман. Шу нуқтаи назардан қаршиман. Улама соч,
парик ҳам узун сочдек ортиқча юк. Терида соч пиёзчалари бўлиб, унга кўплаб қон
томирлари, нерв толалари келиб туташган. Соч қисқа ва эркин бўлгандагина, улар
нормал фаолият кўрсатиши мумкин.
Бир афсонада айтилишича, улама сочли аёл у дунёга
борганда, Жаброил унинг кокилларидан тутиб, айлантирганича итқитиб юбораркан. Шунда улама соч унинг қўлида қоларкан.
Терига ўтамиз. Тери Одам Ато билан Момо Ҳаво томонидан деймизми, табиат томонидан деймизми
инсон боласига кийгизиб юборилган ягона ва боқий либос. Биз умр сўнгигача шу
комбинзонни кийиб юришга маҳкум этилганмиз. Бу либос эскирмайди, ғижимланмайди,
йиртилмайди. Мабодо йиртилса ёки кесилса ўзидан ямоқ чиқариб,
битиб кетаверади. Тери таркибидаги хўжайралар, тўқималар, қон томирлари, нерв
томирлари, рецепторлар фаолиятини келаси йил обдон ўрганасизлар. Бу узвларнинг
ҳар бири – алоҳида бир олам. Биргина рецепторларнинг тури ва вазифаси ўнлаб
докторлик диссертациясига мавзу бўлади. Терининг турли қисмларида жойлашган
рецепторлар турфа вазифаларни бажаради. Теридаги рецепторларнинг бири иссиқликни,
иккинчиси совуқни сезса; тилдаги рецепторлардан бири шўрни, иккинчиси
ширинликни аниқлаб беради. Ё қудратингдан, табиат, деб ёқа ушлайсан бундай
пайтда.
Анатомик жиҳатдан ўпишиш – лаб терисини лаб ёки юз
терисига тегизиш, холос. Аммо бу ҳолдан икки томон ҳам лаззат топиб, энтикиб
кетишини кўрсангиз. Баъзан кечки сайрга чиққанимда, ўпишаётган йигит-қизларни
кўриб қоламан. Ёпишиб, яхлит вужудга айланиб кетишади, шоввозлар. Қизларнинг
лабидаги бўёқни еб, ялаб юборишади бу очофат ўғлонлар! Тавба, дейман. Лоақал:
мана бу чол ўтиб кетсин, кейин давом эттирайлик, деган андишага боришармикин,
деб кўзларим мўлтирайди. Йўқ, оч бўридай ялашишаверади! Буларнинг барига ўша
қайсар ва беҳаё рецепторлар айбдор!
Тери – организм ҳароратини мўътадил тутиб турадиган
мўъжизавий қудрат. Энг олий даражадаги шоҳона либос ҳам унинг наздида бир
тийинлик мато. Бизнинг табиий чопонимиз ҳарорат паст бўлганда, ўзидан иссиқлик
ажратади. Терининг бир кеча-кундузда ажратаётган иссиқлиги етмиш литр сувни
қайнатишга баралла етади. Ҳаво
иссиқ пайтларда эса намликни буғлатиб, муътадил ҳолат яратади. Ҳаво таркибидаги
зарарли газлар ҳар қандай қалин либосдан ўтади, аммо терига келганда, тақалиб
қолади – киролмайди. Ғалати.
Жуда ғалати! Тери нафас олади-ю, зарарли газни киритмайди.
Халқда: фалончининг териси қалин, деган ибора бор. Бу
маъжозий маънода айтилган қочирим сўз бўлиб, кўзга кўринмайдиган тери назарда
тутилган, албатта. Табиий терининг қалин, маънавий терининг эса юпқароқ бўлгани
яхши. Яна: ишонмагин дўстингга, сомон тиқар пўстингга, дейишади. Сизлар
бир-бирларингга серсадоқат, маҳбуб бўлинглар, султонларим!
Соч билан теридан кейин табиий каска, яъни бош суяги
бор. Кўрдиларингми. Табиат мийяни нечоғлик муҳофазага олган?!
Буюк рус олими Павловдан инсоният бир умр қарздор..
Олим жониворлар, жумладан, итлар бош мийяси устида талай тадқиқотлар ўтказган.
У кишининг лабораториясида мийя яримшарлари олиб ташланган итлар ҳам
яшайверган. Лекин бу жониворлар, энг аввало рефлексларидан жудо бўлишган.
Рефлекснинг нималиги ёдларингдан кўтарилган бўлса
керак-а?! Ҳозир хотиррасон киламан.
Кўз олдингизга тухумдай келадиган, силлиқ, сап-сариқ, тиллоранг лимонни
келтиринг. Хуш, энди хаёлан пичоқни олиб, бу неъматни паррак-паррак қилиб
кесинг. Юпқароқ, юпқароқ. Унинг шарбати томчилай бошлади. Энди тўхтанг!
Айтинг-чи, оғзингизнинг суви оқдими, йўқми? Оққанда қандоқ. Нечун
организмимизда ана шундай физиологик жараён содир булди?! Ахир, лимоннинг
ўзидан ном-нишон йўқ-ку ҳали! Гап шундаки, бизнинг алданган туйғуларимиз мийяга
сигнал беришди; у ҳам ўз навбатида сулак безларига шира ажратиш ҳақида фармойиш
юборди. Бунинг номи – рефлекс!
Мийя яримшарларидан жудо қилинган итнинг олдига
мушукни қўясизми, суяк ташлайсизми; унга пўписа қиласизми – парво қилмай
ётаверади.
Инсон мийясида ўн тўрт миллионга яқин нейронлар бўлиб,
биз уларнинг бир қисмидангина фойдаланамиз, холос. Қолганлари бир умр бекор
ётишади. Мийяни дангаса қилиб қўйманглар: кўпроқ ўқинглар, ўрганинглар! Майли,
бу мавзуга тағин қайтармиз. Калла чаноғидан ташқарига чиқиб, вужуд бўйлаб
саёҳатни давом эттирамиз.
Пешона инсон ҳаётида тери ёки мийядай салмоқли юмуш
бажармайди. Аммо пешонасиз яшаш қийин. Шунинг учун бўлса керак пешона ҳақида
талай мақол-у ҳикматлар яратилган. Пешанасини силасанг, бўйи ўсади, дейишади.
Бу нақлда кўп жиҳатдан студент билан от назарда тутилган бўлса ажаб эмас. Улар
нималари биландир бир-бирларига муштарак. Студент билан отнинг пешанасини силаб
туриш билан бирга қамчинни ҳам қулдан қўйиш ярамайди. Халқ тағин нақл этади:
пешанасида ёзилган, пешанаси шўр экан, манглайи қора ва ҳоказо. Инсоннинг
пешнасига бирорта ҳарф ёки белги битилмайди; у шўрланмайди, қораймайди.
Анатомик ва физиологик жиҳатдан буларнинг бари ортиқча сафсата. Маънавий
жиҳатдан эса мазкур ҳикматларда қомусий мазмун мужассам.
Султонларим! Мен сизларнинг пешаналарингдан ўпаман!
Манглайларинг ёруғ бўлсин, дейман! Олдиларингга жуда улкан мақсадлар қўйинглар.
Ҳаммаси шунга боғлиқ. Ота-оналаринг, ёр-биродарларинг,
бутун авлод сизларнинг умидларингда!
Энди навбат – қошга. Бир-бирларингга қош қоқмай
турсаларинг, уни ҳам таърифлаб ташлайман. Аслида қош деганни таърифламаган
ошиқни топиш қийин.
Шеъриятимиз алломаларидан бошлаб кечагина қўлига қалам
тутган шоиргача қошни мадҳ этиб, унга ҳамду санолар ўқишган. Ғалатида ўзи: масалан, қўлоққа таққослаб кўрадиган
бўлсак, қош деганнинг инсон ҳаёти учун аҳамияти – денгиздан томчи. Табиат уни
пешанадаги терни кўзга оқиб тушмаслиги учун қўндириб қўйибди, холос. Қулоқчи? У
бўлмаса... Ҳали эшитиш органи ҳақида
батафсилроқ тўхталамиз. Лекин шуни айтиб ўтиш керакки, бирорта ошиқ ёки шоир қулоқни
таърифламайди. Қошинги қаросига хол бўлай аросига, дейишади-ю, қулоғинг
супрасига тарсаки аросига, дейишмайди. Ваҳоланки бу анча зарур, фойдали тадбир.
Демак, қошнинг аҳамияти сизларга равшан. Лекин
қизларимиз у шўрликни ингичка қиламиз, деб табиийлигига путур етказишади.
Қош-қош бўлганига надоматлар чекади. Киприкларнинг қисмати ҳам шунга монанд.
Турфа бўёқлар суркашади, буклашади шўрликни. Ситамкор ва ситамдийда қош-у
киприкларга шафқат қилайлик!
Кўз бағоят мураккаб табиий қурилма. Унинг соққаси зич
оқсил пардадан иборат бўлиб, олдинга қисмда у тиниқ шоҳ пардага айланади.
Тасвир қорачуқлардан ўтиб, гавҳарга тушади. Минглаб нерв толалари эса мийя
билан боғланиб туради.
Бир куни қўлимга кўзи ожизларнинг журнали тушиб қолди.
Унда нуқул кўрларнинг бахтиёрлиги мадҳ этилган экан. Йўқ, мен бунга ишонмайман.
Кўролмаслик бадбахтликдир! Қорачиқ – тақдирнинг инсон фарзандига ато этган энг
бебаҳо неъмати. Тўғри, тақдир инсонга нигоҳ ато этганда, айрим нуқсонларга ҳам
йўл қўйган. Масалан, биз бир вақтнинг ўзида орқани кўролмаймиз. Энса ёки
бўйинда ҳам бирорта кўзча бўлса ортиқчалик қилмасди. Мана мен куйиб-пишиб
плакатдан кўз қисмларини кўрсатаяпман-у, айрим студентлар шеригига кеча кўрган
киносини таърифлаб ўтирибди ёки кўзини қизлардан узмайди. Ҳатто автомашинанинг ҳам орқасида чироқи бор. Кўзнинг
нуқсонларидан тағин бири кечаси кўрмаслигимиздадир. Бойқуш, типратикан,
кўршапалак, каламуш зим-зиё тунда ҳам кўради-ю биз шўрликлар... Бойўғли
деганимиз икки кўзи билан бирайўла икки томонга қарайолади. Ўрнидан жилмаган
ҳолда бўйнини юз саксон даражага буриб, атроф-муҳитни кузатади. Биз бўлсак
шабкўрмиз. Майли, шунисига ҳам шукур! Кўрсичқон ёки чувалчангдай кўзсиз қилиб
яратилсак, дардимизни кимга айтардик?!
Кўриш органининг тағин бир нуқсони ҳақида тўхталмасак,
тасаввуримиз тўлақонли бўлмай қолур эди. Бу ҳам бўлса, кўзни бот-бот шира босиб
қолишидир. Кўзнинг бошқа касалликларини келаси йил ўрганасизлар, мен фақат шира
босиш хасталиги ҳақида тўхталаман. Кўзни шира босса, кўп ҳолларда, пешанага
қийин бўлади. Чунки оқибатда пешана бориб деворга урилади-да. Надоматлар
бўлсинким, менинг шогирдларим орасида ҳам ана шу юқумли касалликка гирифтор
бўлганлар йўқ эмас. Келажакда сабоқ бўлиши учун юқоридаги гапларимнинг остини
чизиб қўйинглар. Имтиҳон пайти сизлардан ғаркўз, сузиккўз, қўйкўз, ўликкўз,
уккикўз каби ибораларнинг анатомик ва маъжозий маъноларини сўрайман. Меҳр
кўзда, дейишса ҳамки ўшанда менинг нигоҳларимдан шафқат изламанглар! У студент
зотини тутдек тўкишдан роҳат топадиган қасоскор ва совуқ қорачуқларга айланади.
Фақат яхши ўқиганларгина пулисиротдан ўтиб олишлари мумкин.
Кўз – гавҳари шамчироқ! Уни бамиқдор эҳтиёт қилинглар,
султонларим! Ҳеч
қандай бойлик унинг ўрнини босолмайди. Мен кун бўйи лекция ўқиб, имтиҳон олиб,
шалвираб қоламан. Уйга қайтишда эса нигоҳим йўлдаги қиз-жувонларга тушади-ю,
чарчоғим ёзилади қолади. Ёпирай! Демак кўзнинг бизга унча аён бўлмаган тағин
бир талай хислатлари бор эканда?! Мен чолки кўзларимни суғориб, йигитга айланар
эканман, сиз – ёшларнинг аҳволларингни тасаввур қилиб кўриш қийин эмас!
Афанди сартарош экан. У мухлисининг сочини
тарашлайтуриб сўрабди: «Оғайни, қулоқ керакми?» «Ҳа, керак», дебди у. Афанди қулоқ супрасини шартта кесиб,
қўлига тутқазибди: «Керак бўлса, олиб қўйинг!» Навбат иккинчи қулоққа келганда:
«Йўқ, қулоқ керак эмас!» дебди. Шунда афанди унинг қулоғини кесиб, итқитиб
юборибди.
Дарҳақиқат, қулоқ керакми, йўқми? Фанда рудимент деган
ибора бор. Яъни эволюциянинг маълум даврида иш бериб, кейин ярамай қолган
узвлар-рудиментлар дейилади. Мен жумладан, қулоқ супрасини ҳам рудиментлар
қаторига қўшардим. Чунки у бўлмаса ҳам баралла эшитаверамиз. Аксарият
ҳайвонларнинг қулоқ супраси ишлайди: зарур дақиқаларда диккаяди, кераксиз
шовқун бўлса шалвираб, овоз йўлларини беркитади. Бизнинг шалпанг қулоқларимиз
онадан тўғилганда қандай диккайиб турган бўлса; умрнинг охиригача бу ҳолатини
ўзгартирмайди. Эҳтимол, ҳамма гапдан воқиф бўлишимиз учун унинг мудом диккайиб
тургани маъқулдир. Лекин, менингча, кўп гаплар студентнинг у қулоғидан кириб,
бунисидан чиқиб кетмаслиги учун бекорхўжа супраларнинг бири букилиб турса ёмон бўлмасмиди?!
Ёки зерикарли мажлис, бемаъни суҳбатлар бўлаётганда иккала қулоқни ҳам
беркитиб, ўз ишингни қилаверардинг.
Қулоқ супраларининг қаққайиб туравериши одамларга
ўтиришмагани учун бўлса керак, унга ўзга вазифаларни юклашган. Вақт ўтиши билан
ўғил болаларнинг қулоқлари тарбия воситасига айланган. Шумтакалик қилган ёки
икки олиб келган болани урмайин, сўкмайин қулоғидан бураб олсангиз, кўзи мошдай
очилади. Ҳа, бундан ажабланманг:
организмдаги узвлар бир-бири билан боғлиқ. Туёғига урсанг, шохи зирқирайди,
дейишади-ку. Шунга ўхшаб, қулоғини чўзсанг, кўзи очилади.
Қиз болаларнинг қулоқ супралари ҳуснни очадиган узвга
айланганини таъкидлаб ўтишим шарт эмасдир. Ҳа, у ўз вазифасини ўзгартирди; молпарастлик билан
олтин, кумуш сингари совуқ металл ҳамда тошларни кўз-кўз қилишга ўтиб олди.
Начора?!
Бу гапларнинг бари қулоқ супраси ҳақида, албатта.
Қулоқнинг ўзи бўлса, эшитиш органи бўлиб, усиз яшаш – машаққат. Одамлар ва
атроф-муҳит билан мулоқот қилишдан маҳрум бўлиб, дилкаш оҳанглардан баҳра
топмаслик – катта йўқотиш.
Табиат бизнинг локаторимизни жуда мукаммал қилиб
яратган, десак адолатдан бўлмасди. Ҳатто ҳашоратнинг мўйлови ёки кўршапалакнинг қулоғи ҳам
ультратовушларни илғаб олади-ю, бизнинг қулоқлар уни эшитмайди. Овоз ҳаво
орқали қулоқ пардасига келиб урилади ва биз эшитамиз.
Султонларим! Шу гапимни у қулоқларинг билан ҳам, бу
қулоқларинг билан ҳам эшитиб олинглар. Самарқанд деган шаҳри азимнинг тўрт
нарсасидан огоҳ бўлиб яшаш керак. Бу – серкарашма қизлар, чапдаст киссавурлар,
ўткир коньяк ва имтиҳон олувчи чоллардир. Мен сизларнинг қулоқларингдан
чўзмайман, юзларингга тарсаки тортмайман, аммо нимаси биландир қулоқ супрасига
ўхшаб кетадиган «икки» қўйиб беравераман! Шунинг учун ўқинглар! ўқинглар!
ўқинглар!
Тағин бир ҳақиқат ёдларингда бўлсин: ҳар қандай енгил
ишга ҳам оғир юмушга киришаётгандай тараддуд ва иштиёқ; ҳар қандай оғир ишга
қўл уришдан илгари енгил юмуш бошлаётгандек совуққонлик бўлсин сизларда.
Майли, энди бурунни таърифлашга ўтамиз. Табиат уни
икки кўзнинг оралиғига қўндирган. Масалан, парранда ва балиқларнинг бурни
кўзидан узоққа жойлашган. Инсоннинг кўзига ишониб бўлмайди-да. Улар бир-бири
билан ғижиллашиб қолмасин, деб табиат шундай йўл тутган бўлиши мумкин. Ихчам,
келишган бурун – юз жозибаси. Картошка ёки нокка ўхшаган бесўнақай, беўхшов бурунлардан
ўзи сақласин! Бир студент иккинчисидн сўрабди: «Икки тешик билан бир тешикни
беркитиш мумкинки?» «Ҳа,
дебди униси, бурнимни оғзингга суқсам шундай ҳол рўй беради; кейин беъмани
саволлар бермайсан!».
Бизнинг бўй илғаш фазилатимиз, масалан, бўриникига
нисбатан арзимас даражада суст. Кулранг йиртқич бир неча чақирим наридаги
ўлжаси ёки рақибининг ҳидини илғайди. Жониворларнинг ҳатто кечаги изларини
ҳидлаб, улар қайси томонга йўл олишганичи тахминлайди.
Биз шўрликларнинг гўзал бурунчаларимиз француз атри
билан арақнинг ҳидини илғашдан ўзгасига ярамайди!
Ҳид билиш инсон ҳаёти учун катта аҳамиятга эга. Бу
хислатимиз бизни талай нохушликлардан огоҳлантиради ва эзгуликларга эш қилади.
Аммо шуни билиб қўйиш керакки, буруннинг бурчи фақат ҳид билиш эмас, у ҳавони
илитиб, ундаги чанг, ғуборларни тутади ва вужудимизни бало-қазолардан сақлаб
қолади.
Буруннинг ана шундай беқиёс хислатлари билан бирга
айрим нуқсонлари ҳам йўқ эмас. У ўзини дуч келган жойга суқишни хуш кўради.
Бунинг эвазига шўрлик қулоқ дашномлар, ҳатто ҳақоратлар эшитади.
Султонларим! Оғиз ҳақида сўз кетганда, оғизга қараб
гапиришга тўғри келади. Лаб ёки аррадай ўткир тишлардан зарра чўчимаса бўлади.
Одамнинг бахтига ҳам, қора қисматига ҳам кўп ҳолларда забон сабаб бўлади.
Шуниси аламлики, гуноҳлари учун тилнинг ўзи жавоб бермай, унинг қасрига юз
шапалоқ ейди, пешана шўрланади, бош маломатларга қолиб кетади. Аввалги
замонларда гуноҳлари учун тилни кесиш одати ҳам бўлган. Аммо тил минбарларга
чиқиб, бундай жазони қоралайвергач, у бекор қилинган.
Тилга ишониб бўлмайди. Айниқса кет амал курсисига
ўтирганда, қўл кўпроқ пул ғижимлаганда, лаб шароб сипқарганда тилнинг валдираши
авж олиб кетади. Инсоният тарихида кўп бошларнинг кесилишига айнан тил сабаб
бўлган. Қилич яраси битар, тил яраси битмас, деган нақлни ёдга олинглар. У
дилозорликкагина эмас, ғийбатга, олдам-қалдамга, маломатга ҳам мойилроқ бўлади.
Майли, тил ҳам ўзимизники. Айбни фақат у шўрликка
тўнкаб ўтирсак инсофдан бўлмас! Лафз деганимиз, кўп ҳолларда юрак билан мийяга
бўйсинади. Кўп ҳолларда ўшалар нохуш кўрсатма беришади-ю, биз тилдан кўриб
юрамиз.
Тилнинг анатомик фазилатларини таърифлайдиган бўлсак,
ҳайратдан ёқа ушлаймиз. Қанд ёки туз парчасини лабга тегизсангиз, ҳеч қандай
фарқни сезмайсиз, лекин тилга тегизсангиз, бирининг ширинлигидан, иккинчисининг
шўрлигидн воқиф бўласиз. Бу – мўъжиза! Тил ўзидан овқатни ҳазм қиладиган
суюқликлар чиқаради; таомни тиш остига муттасил етказиб беради, уни ютиб
юборишга кўмаклашади.
Танаффусгача жиллагина фурсатимиз қолди. Тишни-тишга
қўйиб турсаларинг, ҳадемай ўтиб кетади.
Ўттиз икки тишнинг – ўттиз икки иши бор дейишади.
Дарҳақиқат, курак тишлар бажарган юмушни қозиқ тиш ёки озиқ тиш уддалолмайди.
Тиш суягининг ўзи ҳиссиз бўлса ҳамки, у оғриб қолганда
жонингни олади. Сизларни билмайман-у мен асфальтни бузадиган буровойларни
кўрганимда ҳам ёдимга тиш доктори тушиб, жоним зирқираб кетади.
Тиш деганимиз бир неча узвлардан иборат. Унинг илдизи
жағ суягига ботиб туради. Сиртида эмаль қават бор.
Тиш – меҳнаткаш, бегуноҳ. У масалан, тилни тишламайди.
Тишласа, тил иғвогарлик қилиб, ўттиз иккаласининг ҳам синиб кетишига сабаб
бўлиши мумкин.
Шу билан, султонларим, бугунги машғулотимиз ниҳоясига
етди. Бош ҳақидаги тасаввурларингиз андак бойигандир. Бошларинг омон бўлсин!
Нури нусрат тилайман сизларга!
Саволлар борми?
* * *
Мардумларнинг бир таомилларига эътибор берганмисизлар:
олий даражадаги давралар ва табақаларда, инчунин ҳаяжонли, сарафроз дақиқаларда
бир-бирларининг қўлларини ўпишади улар. Бағоят назокат ва эҳтиром ила ижозат
сўраб, андак таъзим бажо келтириб ўпишади. Қавмлар ва муҳтарам меҳмонларнинг,
кекса боғбонлар ва кибор хонимларнинг ҳам қўлларидан қониқиш ила бўса олишади. Ғалати. Нега энди, масалан, қулоқ, кўз, бурунни эмас,
айнан қўлни ўпишади? Тўғри, кишилар гоҳида бир-бирлрининг лаблари, юзларидан
ҳам ўпиб қолишади. Аммо таомил ва мазмун жиҳатидан бу ҳол қўлни ўпишдан фарқ
қилади.
Лабга – лаб босаётган ошиқ қўрқа-писа, атрофга
аланглаб олади. Чунки мазкур муччида шоирона ва шаҳвоний муддаолар пардаланган
бўлади, ҳамда бу жараён ҳамиша ҳам яхшиликка олиб келмайди. Юздан ўпиш олиш-чи?
Эътибор берган бўлсаларинг, кўпроқ болакайларнинг чаккаларидан чўпиллатиб ўпиб
қўйишади. Болажонларга меҳрлари жўшиб кетганидан шундай қилишади, десак
якровликка йўл қўйган бўламиз. Кўп ҳолларда уларни овутиш, кўнглини кўтариш;
мезбон ва меҳмоннинг меҳрини қозониш учун ҳам шундай маккорона йўл тутишади.
Кўриб турибсизки, буларнинг бирортасини панжалардан ўпишга таққослаб бўлмайди.
Дунёдаги кўпгина элатлар ва миллатлар қўлдан ўпишни эзгу анъанага
айлантиришларининг боиси шуки – жаъми моддий ва маънавий бойликларни меҳнаткаш
қўл вужудга келтиради.
Антрополог олимлар қўл жуда-қадим замонда homo
sapiensнинг олдинги оёқлари бўлган ва эндиликда шамоили, вазифасини
ўзгартирган, деб даъво қилишади. Мен эса қўл бир замонлар одамнинг қаноти
бўлган, деб ҳисоблайман. Зотан у ҳозир ҳам қанотни эслатади. Юраётган, айниқса
югураётган кишининг қўлларига бир лаҳза разм солинг-а: у қўшқанотдай бир
маромда ҳаракат қилади.
Қўл ер ҳайдайди, уруғ сепади, металл қуяди, овқат
пиширади, бешик тебратади, китоб ёзади, қадаҳ уриштиради ва ҳакозо ва ҳакозо.
Хўш, шунчалик бунёдкор ва беназир қўлларни ардоқламаслик, ўпмаслик мумкинми?!
Эркин Воҳидов ёзади:
Юракдай тинмаган асло,
Бу қўллардир, бу қўллардир...
Биз ҳақиқатгўй
бўлишимиз – қўлнинг ножўя ҳаракатларидан ҳам кўз юммаслигимиз керак. Қўл гоҳида
пора олади, ўғирлик қилади, қурол томон интилади, ўлим ҳукмига имзо чекади.
Унинг қилмишларига кўп ҳолларда кўзининг очлиги, мийянинг занглагани, юракнинг
қоралиги ҳам сабаб бўлади.
Бармоқларга таъриф берамиз. Бош бармоқ ўз номига
муносиб – амалдорлик вазифасини ўтайди. Аксар бошлиқларга ўхшаб, жонини кўпам
койитавермайди. Масъул юмушларнинг барини ўринбосари – кўрсатгич бармоқ
зиммасига юклаб қўйган. Ўзи бўлса, қоматини ғоз тутиб, «ҳамма нарса жойида», деб
тураверади. Ҳар қандай вазиятда:
турғунликми, инқилобий ўзгаришлар даврими – ҳолатини зарра ўзгартирмай,
«михдай» деган каломни тилдан қўймайди. Ана шу тадбиркорлиги унга қўл келади:
бошлиқлар бунақаларни қадрлашади. Бош бармоқнинг тағин бир нохуш қилиғидан
воқиф қилиб қўймоқчиман: уни инкор этсангиз ёки кескинроқ танқид қилсангиз,
кўрсатгич ва ўрта бармоқ орасидан бошини чиқариб, зуғум билан мазах ва ҳақорат
қилади. Бу беандишалиги учун ҳеч ким уни жазоламаслигини билади чоғимда.
Ҳарҳолда бош бармоқнинг зукко ва маъруф томонлари оз
эмас. Қўл остидаги панжалар билан аҳил ва яктанлигини айтмайсизми?!
Адолатсизлик, ноҳақлик рўй берганда, айнан бош бармоқ паноҳида мушт бўлиб
тугилишади улар.
Кўрсатгич бармоқ таърифига кенгроқ ўрин ажратамиз. У
ўрта бармоқдан жуссасиз бўлса ҳамки, ундан салмоқлироқ юмушларни бажаради.
Кўрсатгич бармоққа адолат юзасидан баҳо бериб, ютуқлари, нуқсонларини холис
баҳоламоқ керак. Гоҳида у бош бармоққа ишониб, дадил ҳаракатлар қилади,
каттароқ гапириб ҳам қўяди. Минбарга кўтарилиб қолгудай бўлса, ўз номидангина
эмас, мушт, юрак, мийя номидан ҳам гапириб, одамларнинг энсасини қотиради. Шу
билан бирга у халойиққа (гоҳида тўғри, гоҳида нотўғри) йўл кўрсатади. Кўрсатгич
бармоқ танбур ёки чанқовуз чертганда, дилингиз ҳаяжонга, завққа тўлади; у
милтиқ тепкисини ёки бомба тугмачасини босганда, дийдаларингизга ёш қалқийди.
Кўрсатгич бармоқ одамларни курашга даъват этади, маърифатпарварлик билан турфа
манбаъларга қадалиб, зарур нуқталарни кўрсатади.
Қолган уч бармоқ хусусида мухтасарроқ сўз юритамиз.
Улар нисбатан лоқайд; ташаббускор эмас. Ўрта бармоқ шунча серсавлат ва
киборлигига қарамай мустақил иш юритавермайди. Лекин бармоқлар жипслашиб, мушт
бўлиб тугилганда ёки, шапалоқ бўлиб тизилишганда, ўзини чеккага олмайди,
баръакс жонини аямай курашга тушади. Ўрта бармоқдан кейингисини номсиз бармоқ
ҳам дейишади. Лекин уни қадрлашади. Шунинг учун ҳам бу беозор ва ҳалим бармоқни
никоҳ узуклари, олтин ва марваридлар билан безашади.
Чимчилоқ нисбатан жуссасиз бўлса ҳамки, ўзгалар қатори
жон тикиб хизмат қилади. Ўзига зеб беришни хуш кўради. Бош бармоқнинг
огоҳлантиришларига қарамай,бот-бот гаров ўйнаб турадиган нохуш одатлари бор.
Ўзга бармоқлар сингари чимчилоқ фаолиятини ҳам панжалардан ажратган ҳолда
тасаввур қилиш бирёқламалик бўлур эди. Бармоқлар бирлашиб, ақл бовар
қилмайдиган юмушларни бажаради. Масалан, инсон забондан маҳрум бўлса, бармоқлар
тилга киради. Шунда ҳаммадан кўпроқ чимчилоқ «гапиради».
Бармоқларнинг хислат-у хизматлари шу билан
чегараланмайди: улар «кўришади» ҳам. Кўзи ожизлар бармоқлари билан ўқишлари ва
ёзишларини таъкидлашим шарт эмасдир?!
Юқорида мушт ҳақида сўз юритгандим. Вужудимизда ҳажми,
шакли ва тағин алланималари билан муштга менгзаб кетадиган бир қудрат борки, у
билан ҳисоблашмаслик гумроҳлик бўлур эди.
Гап юрак ҳақида кетаяпти!
Юракнинг муштдан фарқи нимада? Муштнинг бир икки
бармоғи бўлмаса ҳам одам бу кемтикликдан катта озор тортмайди. Лекин юракнинг
тугмачадай келадиган қопқоқчаси ишламай қолса ёки сочдай келадиган артерия
томиридан қон ўтмаса, вужуд бу дунё билан видолашишга маҳкум.
Демак уни муштга муқоялаш нодуруст. Моторга ҳам
таққослашади уни. Лекин энг мукаммал мотор ҳам етмиш, саксон ёки юз йил
узлуксиз ишлолмайди. Инсон дунёга келган заҳоти, йўқ, у ҳали она қорнида
бўлганидаёқ юрак иш бошлайди ва соҳибининг сўнгги нафасигача хизмат қилади.
«Оёқ юришдан тўхтади», ёки «Оғиз чайнашдан тўхтади» дейишса, унчалик парво
қилишмайди, аммо: «Юрак уришдан тўхтади» деган калом кишини сескантириб
юборади. Ғалати. Кечаси мийя, қўл,
кўз, оёқ, қулоқ, тил, тиш ва ўзга узвлар дам олишади, аммо бечора юрак бу
ҳаловатдан маҳрум.
Тағин бир ҳақиқат хусусида бош қотирганмисиз?! Табиат
юракни қафаснинг кўзга кўринмас тубига яширган бўлса ҳамки, ғаним пичоқ
санчганда ёки милтиқ ўқталганда шу бечорани мўлжалга олади. Нақадар
адолатсизлик?! Нақадар жаҳолат! Нега энди муштни, қулоқни, бошни нишонга олмай,
юракка қасд қилишади?!
Юракни анатомик жиҳатдан таҳлил қиламиз. Мана бу
плакатда юрак ва унга тушаш узвлар акс эттирилган. Кўриб турибсизлар: у қон
айланиш системасининг маркази – ҳаёт узаги, жон қопчиғи. Булар – бўлмалар,
артериялар, веналар... Султонларим! Имтиҳон пайти юракни ҳовучлаб ўтирмаслик
учун мазкур узвларнинг ҳар бирини обдон ўрганинглар. Буларни билмасдан инсон ва
жониворларнинг ҳаёт тарзини ўрганиш амри маҳол. Бунинг учун эса худди юракнинг
ўзидай меҳнатга, изланишга ўч бўлиш талаб этилади. Атиги уч юз граммлик бир
парча гўштнинг йигирма тўрт соат давомида бажарган иши қувват жиҳатидан ярим
тонналик юкни ўн қаватли бино тепасига чиқариш билан тенг. Ўн қаватли бинога-я!
Уни сифатлаганда фақат меҳнаткашлигини таъкидлаш билан чеклансак адолатдан
бўлмайди. Юрак энг аввало, жўмардлик, жасорат, тик сўзлилик тимсолидир. Йўқ,
юрак бир парча гўшт эмас, у – олов, у – гул, у – беназир қудрат!
Юракка бахшида афсона-ю қўшиқлар ҳангома-ю ҳазиллар
бир талай. Одамлар кўплаб маъжозий номлар ҳам беришган унга: қалб, кўнгил, дил ва ҳоказо. Бу каломларни
бир-биридан фарқлаган ҳолда қўллаш керак.
Маълумки, мардларга тақлид қилишади. Айрим хашаки
шоирларнинг бачкана шеърларидан мисол келтириб ўтирмайман. Баъзи бир
талабаларимиз ўртасига камон тири қадалган юрак тасвирини чизиб, остига ёзиб
қўйишади: «Миша плюс Маша баробар Любовь». Тамиз қани?! Яна бир тоифадаги
довдир бандалар кўкраклари, билакларига юрак тасвирини тушириб, пастроғига
беўхшов қилиб ёзишади: «Не забуду, Катя!» Масхаравозлик! Бу юракдек муқаддас
қудратга шак келтирмоқликдир. Юрак иму-жим захмат чекади, матонатга эш бўлади.
Ундан ибрат олмоқчи бўлганлар ана шу хислатларни ўрганмоқлари, жорий этмоқлари
керак. Юрак билан ўпка кўкрак қафасида жолашган бўлиб, уларнинг муштарак
томонлари анчагина. Юракка ҳам, ўпкага ҳам кислород керак. Бирига маънавий,
иккинчисига табиий кислород. Лекин шунга қарамай юрак мардлик, жасорат рамзи;
ўпка бўлса ҳовлиқмалик, енгилтабиатлик тимсоли бўлиб келган. «Ўпкангни бос!»,
«Ўпканг шишиб кетибди», «Ўпка!» деган дашномлар зинҳор ва зинҳор вазмин, сокин
одамларга нисбатан айтилмайди.
Ўпка дарҳақиқат ҳажман юракдан йирик бўлса ҳамки вазн
жиҳатидан чандон енгилдир. Чунки у асосан ҳаво билан тўлган бўлади. Биз
нафасимизни батамом чиқарганимизда ҳам ўпка пуфакчаларида тағин бир минг беш юз
кубосантиметр ҳаво сақланиб қолади. Ўпкада дарахт илдизидек тармоқланиб кетган ҳаво
йўллари бронхиаль томирлар дейилади. Уларнинг учки қисмида майда пуфакчалар
бор. Ҳамду-сано, хушомад,
мақтов худди ана шу пуфакчаларни қитиқлаб, ўпканинг шишиб кетишига сабаб
бўлади.
Биз кўп синоатлардан воқиф бўлган доно одамлармиз.
Эстрада артистларининг таржимаи ҳолидан ҳам, чет элнинг олди-қочди
детективларидан ҳам хабардормиз. Лекин ўз организмимизни билмаймиз. Инсонга
ҳаёт бахш этувчи ўпка қаерда жойлашганини айтиб беролмайдиган ўпка талабалар,
афсуски учраб туради. Зеро талабаларни айблаб нима қилдим?! Биз – олимлар
коинот асрорларини очдигу, ўпка ишдан чиққанда уни алмаштиришни уддалолмаймиз.
Ўпка кислородни ютиб, карбонад ангидрид чиқаради, деб ёзамиз, холос. Ўпкамиз
тортадиган арава юкининг тобора оғирлшиб кетаётганлиги ташвишли ҳол. У ҳаводан
асосан тоза кислород ва азот олиши керак. Аммо қани ўша – аввалги шаффоф
ҳаволар?! Ҳаво заҳарга тўла бўлса
ҳамки заҳматкаш ўпкамиз ғинг демай, ишлагани ишлаган. Буни кўриб, ўйлаб
қоласан: эҳтимол уни енгилтабиатлик, ҳовлиқмалик тимсоли эмас, вазминлик, сокинлик
рамзи қилиб олиш керакдир?!
Энди кўкрак қафасидан жилла пастроққа – киндик
музофотига тушамиз. Киндикнинг ҳаёт учун аҳамияти йўқ ҳисоби. Инсон она қорнида
бўлган маҳалда эса у ҳаёт риштаси бўлган – киндикка туташ томирлар уни она
вужудига боғлаган. Чақалоқнинг киндиги кесилган заҳоти у асосий вазифасини ўтаб
бўлиб, тананинг марказ қисми бўлиб қолади. Шаҳарлик айрим ўпка болаларнинг:
«Аканг қарағай Самарқанднинг киндигидан» деб кўкрак муштлаганига эътибор
берганмисиз?! Демак, марказда бўлиш шарафли. Ҳатто ўз вазифасини ўтаб бўлган бекорхўжа бўлса ҳамки.
Майли, чалғиб кетмайлик. Хуллас, киндикдан ичкарига
мўралаймиз. Эҳ-ҳе, ашқал-дашқалларнинг ҳисобига бориб бўлмайди. Жигар, меъда,
ичак. Биз уларни ҳазм органлари, халқ бўлса лўнда қилиб, қорин деб қўяқолади.
Жигар талай юмушларни бажаради. Энг аввало, у
вужудимиз фильтри, соқчисидир. Биз истеъмол қиладиган арақ ва бошқа зарарли
моддалар жигарга келиб парчаланади ва кучини йўқотади. Жигар бизнинг толмас ва
садоқатли дўстимиз. Шунинг учун жигар қавмлик, ўта қадрдонлик тимсолига
айланган. Кишилар энг яқинларини жону-жигарим, деб қадрлашади. Жигар – жигар,
дигар – дигар, яъни ўзингники билан ўзганинг фарқи бор дейишади. Энг яқин
одамларидан ажралган кишиларнинг: «Во, жигарим», деб фарёд чекишларига эътибор берганмисиз,
бунинг сабаблари ҳақида бош қотирганмисиз?! Бизга кўз тиккан дардни ўзига
оладиган қалқон ана шу жигардир!
Султонларим! Бир-бирларингга жигар бўлинглар! Агар инсоният шу туйғу билан
яшаса, ер юзида қирғинлар, урушлар, адолатсизликлар бўлмасди!
Қорин бўшлиғида жойлашган ошқозон овқатни ҳазм қилади.
Инсон – ҳаёт гултожи, деймиз. Мадомики шундай экан, у неъматларнинг энг
хушхўрини меъёрига қараб танаввул қилмоғи керак. Амалдачи! Шундай бўляптими?
Бир замонлар одамлар очликдан жон беришган бўлишса, энди тўқликдан – кўп ва
нобоп овқатдан завол топишяпти.
Қорни катталар. Улар тўрт тоифага бўлинишади:
ҳомиладор аёллар, амалдорлар, ишёқмаслар, касаллар. Бу тўрт ҳолатда тўрт усул
билан кураш олиб бориш керак. Ҳомиладор
аёлларни тўққиз ой кутиш, амалдорларни креслосидан жудо қилиш, ишёқмасларнинг
қўлига кетмонни тутқазиб, мушт ўдағайлаб қўйиш, беморларни эса даволаш.
Насиба билан нафснинг фарқи бор, султонларим. Насиба
дегани, бу – яримта нон – роҳати жон демакдир. Ўша яримта нон пешана тери билан
топилган бўлса, албатта. Хўш, нафс нима? Нафси бузуқ ҳайитда улар, дейишади. Ғалатида ўзи: ҳарқанча боққанинг билан ҳам, масалан
хўроз, така ёки бўрининг қорни бунақа бесўнақай бўлиб қолмайди. Бизда эса айрим
эркакларнинг қорни мешкопнинг ўзи. Бунга нафс, аниқроқ қилиб айтганда,
баднафслик сабаб. Сомон бировники бўлса ҳам, сомонхона ўзингники, деган нақлни
унутмаслик керак.
Биз истеъмол қиладиган айрим хўракларни хўроз, така
ёки бўри татиб кўрса, ҳар не дардларга гирифтор бўларди. Жумладан, биз
стаканлаб сипқарадиган арақнинг бир қултумини ҳам улар ичолмайди. Сўнги
йилларда таомимиз такрибида ҳар хил кимёвий моддалар ҳам кўпайиб
кетаётганлигини гапирмаёқ қўяй. Ошқозонимиз эса ғинг демай ишлайверади. Аммо
ҳар қанақа сабру тоқатнинг ҳам чегараси борлигини унутмаслигимиз керак!
Шу билан киндик атрофидаги органлар таърифига якун
ясаймиз. Энди киндикдан бир қарич пастга тушамиз.
. . .
. . . . .
. . .
. . .
. . .
. . . . .
. . .
. . .
. . .
. . .
. . .
. . .
. . .
. . .
. . .
. . .
. . .
. . .
. . .
. . .
. . ?! .
. . .
!!! . .
. . . ?? .
. .
Бўри билан профессорни оёғи боқади, деган нақл бор.
Тан олишим керак, бу мақолни ўзим тўқиганман. Бўри деган жонивор бир оғиз
луқмаи ҳалол деб ҳар куни юз километрлаб йўл босади. Ўлжасини таъқибга олиб ёки
милтиқ тутган жаллодлардан қочиб, тоғ-тош, саҳро кезади. Мен ҳам бўрига ўхшаб
эртадан кечгача кафедра-ю аудиториялар бўйлаб югураман, тикка турганимча
куйиб-пишиб монолог ўқийман. Менинг бир жуфт оёғим кулранг жониворнинг тўрт
оёғи ишини бажаради.
Оёқ ўзга узвлардан кечикиброқ иш бошлайди. Инсон
фарзанди бирор ёшга етгандан кейингина оёққа киради. Тағин: умр поёнида ҳам у
юрак, кўз ёки қўлдан олдинроқ ётиб олади. Лекин шу икки оёқ етмиш-саксон кило
келадиган юкни етмиш-саксон йил кўтариб юришини ўйласангиз, қўлнимас, ана шу
сокин ва захматкаш оёғни ўпгингиз келади.
ЧТЗ деган трактор бўгич эди: тўртала ғилдираги
темирдан бўлса ҳамки икки йил ўтмай оёғи ейилиб кетди. Кейин уларни резина
балонлар билан алмаштиришди. Аммо бу ғилдираклар ҳам бизнинг оёқлардай чидамли
эмас. Тез-тез дами чиқиб туради уларнинг.
Оёқ туфайли биз оламни: янги-янги мамлакатлар,
қитъаларни кашф этдик. «Инсон оёғи етмаган жойлар» деган ибора бор. Эндиликда
инсон оёғи етмаган жойлар қолмади, десак хато қилмаган бўламиз. Ҳатто ойда ҳам оёқ излари бор. Мансур оёқлар фақат
футболчи учун тириклик ва шуҳрат манбаи десак бирёқламалик бўлўр эди. Чавандоз
ёки геологни, чўпон ё ветврачни, студент ёхуд раҳбарни ва энг аввало, бизнинг
ҳар биримиз ўзимизни бир лаҳза оёқсиз ҳолда тасаввур қилиб кўришимиз кифоя.
Оёқни қўполлик тимсоли ҳам дейишади. Гоҳи-гоҳида
эшикни тепиб очганини назарда тутиб, шундай хулосага келишган, назаримда.
Аслида оёқларимиз мардлик ва гўзаллик рамзидир. Биз унинг жасоратларини қисман
таърифлаб ўтдик. Гўзаллиги хусусида сўз кетганда: унинг чақмоқдай бўлиб рақсга
тушганини эслашингиз кифоя. Ёки кибор хонимларнинг оппоқ ва жажжи оёқларини кўз
олдингизга келтиришингизни сўрардим. Мен чолки бу ситамкор гўзалликни кўрганда
шунча энтикиб кетар эканман, сизларнинг хумор ҳолатларингни тасаввур қилиш
қийин эмас!
Тил билан кўрсатгич бармоқни минбарга олиб чиқиб,
ўзлари дарахт илдизларидек панада қоладиган ана шу оёқлардир!
Она заминга тиралиб, ҳаётнинг оғир юкини кўтариб
ўтадиган ҳам ана шу оёқлар!
Юмшоқ тупроққа ботиб, омоч кетидан қадам-бақадам олға
босадиган ҳам ўшалар!
Белида дарди борнинг оёғи қалтирайди, деб
эшитганмисиз? Бу кўпроқ студентларга тегишли. Имтиҳон пайтлари тиззалари
қалтирайдиган азаматларни кўп кўрганман. Ўа, жўмард ва ёвқур оёқлар соҳибининг
афтодаҳоллгидан ор қилиб, ларзага тушишади.
Сут эмизувчиларда оёқ – тўртта, ҳашоратларда – олтита,
қирқоёқда – ўттиз иккита. Фақат парранда билан инсон боласида иккитадан, холос.
Аммо шунга қарамай биз бот-бот ёқоч оёқли ногиронларни учратиб турамиз. Уларни
ким мажруҳ этган?! Бир шеър ўқиган эдим:
Ёғоч оёқ ғичирлайди,
Ғичирлаб хазин
Одамларга баён этар
Серҳасрат арзин:
Мен сада қайрағоч эдим бир замон –
Она ергинамнинг чайир ўғлони
Чорак аср аввал кесиб беомон,
Кесилган оёққа улашди мани.
Чорак аср мадад бўлдим-у аммо
Оёқ бўлолмадим, бўлолмайман ҳам.
Чорак асрдирки менга муаммо:
Мажруҳ этар нечун
Одамни – одам?!
* * *
Мен одамнинг айрим узвлари ҳақида қисқа маълумот бериб
ўтдим, холос. Хўш, одамнинг ўзи нима?
Бу боқий жумбоққа инсоният асрлар оша мукаммал жавоб
тополмайди. Одамнинг аниқ таърифи, теоремаси
ёки формуласи йўқ! Менинг назаримда, одам дегани қаршимда ўтириб олиб,
гапларимга диққат қилаётгандай бўлса ҳамки, хаёлига келган ширин хотиралардан
илжайиб қўядиган студент. Сизларнинг назарингизда эса имтиҳондан йиқитаман, деб
дағдаға қиладиган сержағ профессор. Доктор учун одам – инжиқ бемор, сартарош
учун сочи бот-бот ўсиб турадиган мухлис, ошпаз учун – хўранда; Сталин учун одам
дегани – этик билан эзғилаб кетавериш мумкин бўлган чумоли; Литва шоири
Межелайтис учун эса – оёқларини ерга тираб осмонни кўтариб турадиган беқиёс
қудрат!
Сизлар одам зотини умр бўйи ўрганишларинг лозим.
Бунинг учун энг аввало:
– одамда одамийликни ҳувайдо этишни одат қилинг;
– инсон ўзини ўрганмай, кашф этмай ўзгаларни билиши
ножойизлигини ёдда тутинг;
– инсон фаришта эмас, агар уни фариштага
айлантиришмоқчи бўлишса, одамийлигидан жудо бўлиши хавфи борлигини хотирдан
чиқарманг;
– русларда «медовый месяц» деган ибора бор. Буни
бизнинг Самарқандда «шакармоҳ» дейишади. Шундай қилиш керакки, инсон умрининг
ҳар бир ойи шакармоҳ бўлиб қолсин!
Бу борада сизларга омад ёр бўлсин, султонларим!
2. Генетика
Генетика (ирсият) фанидан сабоқ берадиган домланинг
ташқи қиёфасига қараб ёшини тахминлаш ғалат. Бу новча, сарҳаракат ва сергап
одамни элликда деса ҳам, олтмишда деса ҳам бўлаверадигандай. Вужуди чайир,
мулоҳазалари кескин. Ёшигина эмас, унинг миллати ҳақидаги хулосаларимиз ҳам
дудмал бўлиб қолди. Исми шарифи – Владимир Абдулович Рахметов. Рус тилини сув қилиб ичган одам, лекин ўзбек,
тожик, қозоқ, татар тилларида ҳам гапириб кетаверади. Ўзбекча гапирганда,
бот-бот русча ибораларни аралаштириб юборади.
Владимир Абдуловичнинг илмий даражаси йўқ экан. Юқори
курс студентларининг айтишига қараганда, бир замонлар генлар хусусида илмий иш
ёзган, амма академик Лисенко таълимотига зид чиқиб қолган эмиш. Тағин: домла
имтиҳонда анча қаттиққўл экан, аммо билмай қолсанг нуқул Григор Мендель
таржимаи ҳоли билан ҳозирги генетик олимлардан тўрт-бештасининг исм-шарифини
сўраркан.
Тан олмоқ керак, унинг маърузалари жуда шавқовар эмас.
Конспект саҳифалари: Мендель қонунлари, жадваллари, хромосомалар сони, мутация
ҳолатлари билан тўлиб кетган. Кўпгина ибораларнинг мазмуни ўзимга ҳам қоронғу.
Лекин оммабоп саҳифалар ҳам йўқ эмас. Владимир Абдулович, айниқса
савол-жавобларга кўпроқ ўрин ажратади ва дарснинг охирги дақиқалари завқоварроқ
бўлиб кетади. Танаффусга чиқишга ҳам шошилмай қолади киши бундай дақиқаларда.
Мазкур
саҳифаларни эътиборингизга ҳавола этишдан олдин хотирангизга шуни солиб
ўтишим керакки, айрим дафтарларим, жумладан генетиканинг ҳам муқовасига бош
чаноғини чизиб, тирсак суяклари расми билан крест қилиб қўйганман. Сабаби: бу
конспектларда бешармроқ гаплар анчагина. Начора, шариатда шарм йўқ,
деганларидек, фанда ҳам ҳаёга бориб ўтириш лакаловликдан ўзга нарса эмас. Лекин
бу дафтарлар ўзгаларнинг қўлига тушиб қолиши нохушроқ. Шунинг учун айримларига
ҳалиги расмни чизиш билан қаноатланмай: «16 ёшгача бўлганларнинг ўқиши ман
этилади» деб ёзиб ҳам қўйибман. Маън қилинган дарахт меваси тотли бўлади
деганларидек, амакимнинг тўртинчи синфда ўқийдиган ўғиллари (Баҳодир) нуқул ана
шу конспектларни ўғирлайдиган одат чиқарган.
Хуллас, ирсият дафтарининг айрим саҳифалари
ҳукмингизга ҳавола.
С а в о л. Владимир Абдулович, бир қўшнимизнинг хотини
устма-уст тўртта қиз туғди. Шундан кейин хотини билан ажралишга мажбур бўлди у.
Биламан: сиз буни, эскилик сарқити ёки жаҳолат деб айблайсиз. Аммо лекин: «Ўғил
керакдир йигитга» деган ашула ҳам бор...
Ж а в о б. Мен ирсият нуқтаи назаридан баҳо бераман ва
дарҳақиқат, қўшнингизни жоҳилликда айблайман. Чунки ўғил ё қиз туғилиши батамом
эркакларга боғлиқ. Унинг уруғида игрик хромосомалар бўлгандагина, ўғил туғилиши
мумкин. Акс ҳолда – иложи йўқ!
С а в о л. Хўрознинг жинсий органи борми? Эшитишимча,
ҳаво орқали...
Ж а в о б. Хўрознинг жинсий органи бор. Лаборатория
машғулотида уни операция қилиб, уруғдонини кўрсатамиз.
С а в о л. Тошбақалар ҳам қовушадими? Қандай қилиб? Ҳаммаёғи суяк-ку.
Ж а в о б. Кўзга аранг чалинадиган ҳашоратдан тортиб,
йирик сут эмизувчи ҳайвонларгача зурриёт учун курашишади. Тошбақа деган жонивор
ҳам бу боқий лаззатдан маҳрум эмас. Қизилқумда урғочи тошбақанинг нари билан
қовушганини нақд тўрт соат давомида кузатганман. Шунинг учун ҳам узоқ кузатишга
тўғри келдики, тошбақа дегани ана шу шавқли, ҳаяжонли ишни ҳам бағоят суст,
лоқайд амалга ошираркан. Унинг эркаги урғочисидан анча жуссасиз эди. Шўрлик
эркак имиллаб урғочисининг устига чиқар ва ҳар гал тақирлаб сирғаниб кетарди.
Маъшуқа бунга монелик кўрсатмас, бирор сай-ю ҳаракатга ҳам рағбатсиздай эди.
Уларнинг йилда атиги бир бор бўладиган бу бағоят интим кечинмаларига халақит
бериб қўймаслик учун ўрнимдан жилмай, зимдан кузатардим. Ниҳоят эркак тошбақа
бу гал сирғаниб тушиш жараёнида урғочи билан орқама-орқа чатишиб қолди. Иккала
беҳаё ҳам гарданларини охиригача чиқариб, лаззатданми ёки бизга қоронғу бўлган
ўзга бир туйғуданми бошларини сарак-сарак тебратдилар. Бу шармандалар шу
алпозда анча туриб, роса маза қилади, деб ўйлагандим. Аммо ундай бўлмади –
бирор шарпа ёки кўланкадан ҳадиксирашдими – мода тошбақа беихтиёр йўлга кирди.
Шўрлик нар ҳам ундан ажралмай, орқаси билан эргашди. Қовушганлар анча йўл
юргач, ғурури паймол қилинаётган эркак тошбақага ачиниб кетдим ва уларни
ажратиш илинжисида урғочисининг йўлига оёғимни қўйдим. У бошини ичкари тортиб,
тўхтади, аммо жабрдийда жуфтини қўйиб юбормади. Андак тургач, оёғимни олдим: у
тағин эркагини судраганича йўлга тушди. Жуда раҳмим келди, бечора эркак
тошбақага.
С а в о л. Тошбақа жинсий қониқишдан ҳаловат топади,
дейишга қандай асосларимиз бор?
Ж а в о б. Буни исботлаш учун ё сиз ё мен тошбақага
айланиб кўришимизга тўғри келади. Аммо аввал шуни айтиб ўтишим керакки, табиат
тошбақа деган жониворни яратишда чинакамига эксперимент қилиб кўрганга ўхшайди.
Ҳамма мавжудотнинг скелети организмининг ички қисмида
бўлса, тошбақаники – ташқарисида. Бунинг устига қаттиқ ва оғир юк. Шунинг учун
ҳам у махлуқ дангасалик рамзига айланиб қолган. Тақдир уни шу куйи яратган
бўлса нима қилсин?! Лекин шунга қарамай тошбақани дунё лаззатларидан маҳрум
дейишга асосимиз йўқ. Мадомики кўриш, эшитиш, ҳис этиш қобилияти бор экан,
шаҳвоний эҳтироси ҳам жўш уриши мантиқий ҳолдир.
С а в о л. Асалари оиласида ягона урғочи ари бор.
Бунинг устига у шоҳ. Шундай бўлгандан кейин урчиш ишлари қандай кечади. Шоҳ
билан ҳазиллашиб бўлмайди-ку!
Ж а в о б. Қовушиш жараёни ҳам шоҳона тарзда кечади.
Матка яъни маликаи шаҳаншоҳ бағоят қизиққон ва талабчан. Чунки у ягона бўлгани
сабаб кўплаб тухум қўйиши керак. Ҳар гал унинг шаҳвоний ҳирси безовта қилганда,
қанотларини ғайритабиий қоқиб, мавқейига нолойиқ ҳаракатлар қилади. Унинг
теграсида ҳамиша йигирмага яқин эркак ари парвона бўлиб юради. Асаларичилар
уларни трутен дейишади ва хушламай муттасил камайтириб туришади. Чунки бу
азаматлар нектар ташишмайди, ин қуришмайди, соқчилик қилишмайди. Вазифа ҳам,
қўлдан келадиган иш ҳам битта: маликанинг талабини қондириш. Шу. Қолган йигирма
минг атрофидаги ишчи арини эса табиат қовушиш кайфиятидан маҳрум этган; уларни фақат
меҳнат учун яратган. Хуллас, ҳалиги зотли отларга ўхшаган ҳавобаланд эркаклар
шоҳнинг имо-ишораларини дарҳол фаҳмлаб, ҳаракатга тушиб қоладилар. Айримлари
ташқарига парвоз қилиб, бу тадбир учун хилват манзилгоҳ дараклайди. Мазкур
манзилгоҳ гулларга бой, хатарсиз бўлиши шарт. Кейин малика оилани бир лаҳза
тарк этиб, эркаклар қуршовида ана шу хилватгоҳга йўл олади.
Одатда оилада шоҳ ари бўлмаса, тириклик тарзи ишдан
чиқиши: сардорсиз қолган арилар иш ташлаб, хонани тарк этишлари ва
охир-оқибатда очликдан нобуд бўлишлари керак. Аммо маликаи хубон эркаклар
қуршовида кетаётганини кўриб, муддаони ҳис этишади ва бош кўтармай
ишлашаверади. Хуллас, беҳаё эркаклар кўзлари хумор-хумор боқаётган хонимни
силаб-сийпаб кўз остига олиб қўйилган ҳалиги жойга олиб боришади. Ўша
дақиқаларда уларнинг хушомадгўйлик қилиб, бачканалашиб кетишганини кўрсангиз,
энсангиз қотади: эркак бўлганингизга надоматлар чекасиз. Галварслар
бир-бирларига гал бермай маликага бол ялатишади; юзлари, кўкраклари, беллари
ҳатто ундан қуйисини ҳам ўпишади, ялаб-ялқашади. Бу бетавқифлар ўзининг
устунлигини намойиш этиш мақсадида ҳаводаёқ бир-бири билан ғижиллашиб ҳам
олади. Шу тариқа баттоллар ҳукмфармон соҳибжамолни йўлдан оздиришади: у
шаҳаншоҳлигини батамом унутиб, ана шу маст-аласт оломонга қўшилиб кетади, қўшиқ
айтади, рақсга тушади. Ниҳоят дажамроқ, бақувватроқ ари у билан рақсга
тушаётиб, устига чиқиб олади. Беҳаёлик бошланади. Қолганлар эса маст-аласт рақс
қилаверадилар. Кейин бари поёнига етади: улар ҳеч гап бўлмагандай маконлари
томон равона бўладилар. Аммо энг муҳим ишни бажарган яъни шоҳни уруғлаган эркак
ари майиб бўлиб қолганлиги сабаб шу ерда жон беради.
Зурриёт шу тариқа давом этади.
Бу ўринда чумолининг ҳам ана шундай мутлақо шахсий ва
махфий ташвишлари хусусида тўхталиб ўтиш керакка ўхшайди. Чунки унинг эркаги
ҳам асалариникига ўхшаб, қовушгандан кейин нобуд бўлади. Умр давомида атиги бир
бор кайфу сафо қилиб, нариги дунёга равона бўлиш аламли, албатта. Аммо қовушиш
жараёнининг ўзи шоирона. Маълумки, чумолилар ҳам оилада кўпчилик бўлиб яшашади
ва эркак ҳамда урғочи чумоли вояга етишгач, қанот чиқаришади. Бу орада танишиб
олишади, хуфя учрашувлар бўлиб ўтади. Кейин гапни бир жойга қўйиб, ҳамма ўз
юмуши билан андармон бўлган пайтда жуфтакни ростлаб қолишади. Ошиқи беқарорлар
орзуларни оловлантириб юборадиган озодлик ва висолнинг беҳудуд бир қувончи
билан осмон-у фалакка парвоз этишади. Самода хавф-хатарлар оз эмас: ногаҳоний
шамоллар, очофат қалдирғочлар, фотимачумчуқлар. Лекин қовушиш инстинкти уларни
дадил ва баланд парвозларга чорлайверади. Худди шу пайт мўъжиза рўй беради:
маъшуқа ўз ошиғини опичиб олади. Ошиқ бўлса фурсатдан фойдаланиб... Шундан
кейин бояқиш эркак ари мажолсизланиб, шалвираб қолади ва ерга тушиб, бу ёруғ
оламдан кўз юмади. Урғочи бўлса баръакс, кучайиб ғайратга тўлади. Жуфти
ҳалолини ёддаб чиқариб, серозиқа ва хилватроқ жойга қўнади. Кейин ин қазиб,
тухум қўяди. Шу тариқа янги оила вужудга келади.
С а в о л. Домла, нега мушуклар қовушиш пайтида оламни
бошларига кўтариб бақиришади?
Ж а в о б. Мушук дегани: шум ва беҳаё махлуқ. Куйга
келган маҳаллаларда, айниқса эркаклари кекирдакка зўр беришади. Бу билан,
биринчидан, маъшуқаларини топиб олишади, иккинчидан, ўзларининг йўлбарс
авлодидан эканлигини таъкидлашмоқчи бўлишади. Лекин ўзларинг гувоҳки, уларнинг
овози йўлбарс бақиришдан кўра кўпроқ чақалоқ йиғисига ўхшаб кетади. Қовушиш
жараёнини ҳам кузатганман. Эркаги унча мойил бўлмаётган урғочисини алдаб-сулдаб
том устига олиб чиқди. Кейин эса шилқимлик қилиб, уни бурчакка қадаб борди.
Уёғи пастлик энди, шунинг учун бўлса керак, урғочи кўниб қўяқолди. Эркак мушук
унинг устига чиқиши билан уларнинг иккаласи ҳам баббаравар чинқиришга
тушишди. Бу ҳузурбахш ва тенгсиз
ҳаловатнинг шоду-фарёди эди!
С а в о л. Мен қуённинг қовушишини кўрганман. Эркаги
урғочисининг устига чиққач, жуда тез, шиддатли ҳаракат қилди-ю, ҳисри қониққач,
шалвираб йиқилди. Кейин оёғи осмонда бўлиб ўлиб қолди. Бунинг сабаби нимада?
Ж а в о б. Қуённинг эркаги ҳам урғочиси ҳам жуда
темпераментли бўлади. Шунинг учун эркаги кўпинча мажолсизланиб қолади. Аммо
нобуд бўлмайди, нафасини ростлаб олгач, ўрнидан туриб кетади. Сиз ҳам қуёнга
ўхшаб шошмаганингизда бунга гувоҳ бўлардингиз.
С а в о л. Балиқлар қандай бирлашишади.
Ж а в о б. Балиқларнинг эркаклик уруғлари урғочиларига
сув орқали ўтади.
С а в о л. Илонлар-чи?
Ж а в о б. Улар баҳорда бирлашишади. Хилват жойда
ўнлаб илонлар тўпланиб, бир-бирига ёпишиб олади ва бир неча соатгача базми
жамшид қилишади. Шу билан келаси йил баҳоргача алоқа қилишмайди.
С а в о л. Радиация баланд бўлган жойларда эркаклар
жинсий қобилиятининг йўқолиши ростми?
Ж а в о б. Рост. Шаҳвоний органлари ва асаб толаларини
табиат бағоят нозик, омонат қилиб яратган. Радиация, заҳарли моддалар, зарба,
ҳатто асабийлик ҳам уларни ишдан чиқаради. Умуман табиатнинг зурриёт қонунлари
ва таомилларига билибми, билмайми аралашиш хатодир! Қадим замонларда
подшоҳларнинг ҳарамларида хизмат қиладиган эркаклар атайин бичилган. Яқин
йилларгача эса аҳолиси кўпайиб кетаётган мамлакатлар эркакларининг моясини олиб
ташлашдек ваҳший одат ҳукм сурган. Булар – жаллодлик! Радиация билан инсон
зурриётини нобуд қилиш эса буларнинг баридан чандон батарроқдир.
Гап инсон ҳақида кетяпти. Шахсан мен чорва моллари,
паррандалар ҳатто ҳашоратларнинг ҳам бу интим кечинмаларига аралашишга қаршиман. Масалан, институтимиздаги сунъий
урчитиш кафедрасини батамом ёпиш керак, деб ҳисоблайман. Тўғри. У ерда ўнлаб
доцентлар, профессорлар ишлашади. Улар қўчқор, така ва буқаларнинг шаҳвоний ишларига аралашиб, ана шундай
мартабаларга эришишган. Аммо булар табиийликка, Мендель таълимотига зид-ку! СЖК
масаласи билан ўнлаб докторлик диссертациялари ёқланди, аммо бу усул бекор
қилиниши билан ўша одамлар ўз дипломларини қайта топширишмади. Фан алданди,
жамоатчилик чалғитилди. Ҳозир
эса сигирларни сунъий қочириш афзалликларини ўзларича исботлашмоқда улар. Аммо
суъний урчитиш жониворларни табиий эҳтирослардан маҳрум этади. Фақат шу эмас:
йиллар ўтиб, буқалар сигирларга ирғишни унутишади. Бу эса келажакда қандай
оқибатларга сабаб бўлиши мумкинлигини ман-ман деган олим ҳам айтиб беролмайди.
Ҳозир жинсий тузоқ қўйиш авжига чиқиб кетяпти. Бу ҳам
ғайри-аҳлоқий ҳол. Айрим денгиз жониворларини тутишда модасининг овозини
чиқариб, шундай фойдаланишади. Овчилар машак каклик, бедана овозини
магнитофонга ёзиб олиб, ундан ов қуроли сифатида фойдаланишяпти. Шўрлик эркаклар
чалғиб, тўрга тушишмоқда.
Ўсимликларни муҳофаза қилиш кафедрасининг бир
аспиранти зараркунанда ҳашоратларга қарши курашда уларнинг жинсий органларига
радий билан таъсир этиш мавзусида диссертация ёқлади. Сўзга чиққанлар ана шу
усулнинг иқтисодий афзалликлари хусусида роса сафсата сотишди. Эҳтимол, кимёвий
усул билан курашишга нисбатан бу афзалроқдир. Аммо генетика қонунлари-чи?!
Табиат ўз фарзандларини «зарарли» ёки «фойдали»га ажратмайди. Унинг учун инсон
ҳам ўргимчаккана ҳам фарзанд. Мадомики ҳашоратлр жинсий органларини майиб қилиш
қонуниятга зид экан ва бу иш келажакда қандай оқибатларга сабаб бўлишини билмас
эканмиз, унга қарши кураш олиб бормоғимиз керак!
Ўзбек тили ва адабиёти
Камина таълим олаётган олийгоҳда порахўрлик борми? Ҳа, бор! Лекин амакимнинг таъбирларига қўшилиб:
домлаларнинг бари пора олади, дейиш – гуноҳи азим. Бу даргоҳда Султон домла
Владимир Абдуловичдай пок-ҳалол, диёнатли одамлар анчагина. Надоматлар
бўлғайким, ғирромлар, таъмагирлар ана шундай виждонли кишиларнинг ҳам номига доғ
тегизишади.
Ҳа, порахўрлар бор, улар анчагина. Лекин бармоғимни
бигиз қилиб: мана шу сўхтаси совуқ порахўр, деёлмайман. На маънавий ва на
ҳуқуқий ҳаққим бор бунга. Номи етти иқлимга таралган терговчилар доғда
қолаётган бир пайтда ғариб бир студентга ким қўйибди кўкракка уришни?
Мийиғингизда кулманг. Ишончим комилки, ўрнимда сиз бўлганингизда ҳам айнан
шундай йўл тутардингиз.
Шуларни ҳисобга олиб, қаҳрамонимга ўзга ном танлайман,
аммо шаклу шамойилини бўямай-бежамай тасвирлайман: у билан боғлиқ воқеаларни ҳам
айнан ўзидай қилиб қоғозга тушираман: токи башарасини кўзгуда кўрсин ва виждони
(агар бор бўлса) олдида азоб чексин. Зотан виждон азобидан кўра мустабидроқ
дард йўқдир!
Артур, Сурқаш (сурхандарёлик ва қашқадарёлик болаларни
Сурқаш дейишга кўникиб қолганмиз. Асли номи– Сирож) деган ҳамкурсим билан
институт дарвозасидан чиқиб кетаётганимизда «Волга»сининг пешойнасини бағоят
киборлик билан артаётган амаки эътиборимни тортди. Бу паст юмуш унинг мавқеига
муносиб эмаслигини намойиш этиш учун бўлса керак, латтани жеркинганнамо
тутганича ишларди у.
– Бу одам...
– ... порахўр, – сўзимни кесди Сирож.
Аслида унинг олифталигини қайд этмоқчи бўлгандим,
холос.
– Порахўрлиги шундайгина кўриниб турибди, – қўшилди
ҳангоматалаб Артур.
Начора, Султон домла айтгандай: қулоқ дегани ғийбатга
мойил. Худди ана шу фикрни таъкидлагим келди шу тобди.
– Шиоримиз – ғийбат ва туҳмат. Лекин гумон – имондан
ажратади, деган нақлни ҳам унутмаслигимиз керак.
– Йўқ, бу – ҳақиқат, – ўзиникини маъқуллади Артур.
Унинг ашаддий ҳаромхўрлигини тирноғимнинг учигача ҳис қилиб турибман. Юзини
қара: сигирнинг елинига ўхшайди.
– Афсуски, тирноғингни учини терговчининг папкасига
тикиб бўлмайди, – дедим. – Бақбақасининг таранглиги ҳам таъмагирлигидан далолат
эмас.
Аслида мен уларни қитиқлаб, тергаб қўймоқчи бўлгандим.
Назаримда мўлжалим бехато тегди: ҳамкурсларим қизиқишиб, баҳсу мунозарани давом
эттирдилар.
– Ўша, сен айтган далил менда бор, – кариллади Сирож,
– акам иккаламиз бу хумпарнинг ҳовлисига ўн туп хурмо кўчати оббориб
ўтқазганмиз! Жа бой экан, ж...!
Анчайин эҳтиёткорлигига қарамай Сирож асосий
маълумотни айтиб қўйганди. Энди қолганини ҳам айтмай иложи йўқ эди. Артур
иккаламиз унинг гапларини суғуриб ола бошладик. Сирожнинг дудмалроқ
маълумотларидан шу нарсалар аён бўлдики, бу ҳаромхўр ўзбек тили ва фалсафадан
дарс бераркан ва камида эллик сўм чўзмаган талаба, магарам, мазкур фанни сув
қилиб ичган бўлса ҳамки, баҳо қўймаскан, вассалом!
– Эллик сўм – унинг очний ўқийдиганлар учун белгилаган
ставкаси, – деди ҳамкурсим, – заочниклар учун кўпроқ. Кириш имтиҳонларини эса
сўрамай қўяқолинглар!
Уччаламиз ҳам мушоҳадага бориб қолдик. Мен ортимга
бурилиб, домланинг совуқ сўхтасига кўз ташлаб қўйдим.
– Сен нега энди ниҳол олиб бординг, – сўрадим
Сирождан, – имтиҳонга ҳали анча бор эди-ку! Ё қарзни аввалроқ узиб қўйиш
учунми?!
– Нега энди пул ўрнига ниҳол, – у жавоб беришга
улгурмай саволда давом этди Артур.
Одатда шошқалоқлик билан сирни фош қилиб қўйган кишилар саросимага
тушиб, беўхшов гаплар ёки ҳаракатлар қилишади. Аммо Сирож бундай ҳолга тушмай,
аввалги ҳолатда давом этди.
– Бу, танишларидан натура шаклида ҳам олаверади.
Бухоролик бир бола учта сур тери олиб келганини ўз кўзим билан кўрганман.
– Ғалати,
– тағин кавлаштирмоқчи бўлди Артур– сен ниҳолни баҳорда олиб келгансан,
албатта. У вақтда ҳали студент ҳам эмасдингку! Демак...
– ...
Мен унинг нигоҳларида: хомтама бўлманглар, уёғини
валдираб қўядиган довдирлардан эмасман, деган ифодани ўқиб олдим. Ким билсин,
ўқишга киришига кўмаклашгандир ёки учини курсда ўқийдиган акаси сабаб бўлиб, бу
тўнғизнинг хизматини қилгандир. Одамларнинг мавҳум туйғуларини титкилаш ҳам
одобдан эмас-ку! Шуни ҳисобга олиб, гап ўзанини бошқа томонга бурдим.
– Сур, жуда бой дегин-а, хумпарни?!
– Сўрама. Бунақа данғиллама иморатни биринчи кўришим.
Видео қўйиб берди: каратэни томоша қилдик.
Биз индамай йўлда давом этдик. Аммо ана шу
адолатсизлик дилимни тимдалайверди. Нега бундай бўлиши керак? Нега?
– Нима учун бу каламушни ҳиқилдоғидан тутиб
беришмайди, – сўради Артур.
– Қопқонлар – омонат, – деди Сирож, бир неча сония
сукут сақлагач. Қайси йилиям сиртқилар хабар беришган. Обхэсдагилар номери
ёзилган пулларни бериб, шарт-шароитларни роса ўқтиришган. Бари пулни чўзиб,
баҳоларни қўйдириб олгач, аудиторияга кириб, шаппа қўлга олишган. Тасодифни
қарангки, пул ҳали курсбошида экан. Чунки бу шайтон пулни бир-икки кундан кейин
оларкан-да. Шўрлик староста етти йилга қамалиб кетибди. Шунинг ўзи давогар
бўлиб чиқибди: «Менинг кристал номимни сотиб, пул тўплайдиганларнинг жойи –
авахтада! Сталиннинг Сибирда қурдирган турмалари бўшаб ётибди. Бунақа таъмагирларни
ўша ёққа жўнатиш керак!» дебди.
Мазкур учрашув ва суҳбат хотирамдан қарийб кўтарилган
кунларнинг бирида, кутилмаганда, аудиториямизга шахдам қадамлар билан шу
сўхтаси совуқ кириб келди. Биз ўрнимиздан турдик. Артур, Суркаш учаламиз нигоҳларимизни сирли
тўқнаштириб олдик.
– Ўзбек тили ва адабиётидан, сизларга мен дарс
бераман, – деди у ясама табассум билан. – Фамилиям...
Буни қисмат деса ҳам, кўргилик деса ҳам бўлаверади.
Кафедрада ўнлаб муаллимлар бўлатуриб, айнан шу каламушнинг чангалига тушганимиз
аламли эди, албатта.
У кириш сўздан кейин ўзбек тили ва адабиёти фанининг
моҳиятини мадҳ этишга киришди...
– Сизлар жуда яхши касбни танлагансизлар. Менга
қайтадан касб танлаш ҳуқуқи берилса, ҳеч иккиланмай ветеринария факультетига
кирардим...
Ёлғон! Ясама мулозимат! Носамимийлик!
– ... чунки мол соғлом бўлгандагина, инсон касалланмай
юриши мумкин. Билишимча, кўп касалликлар организмга гўшт, сут орқали ўтади.
Лекин айтинг-чи, ўзбек тилини мукаммал билмай туриб, чўпон ёки молбоқарнинг
қалбига қўл солиш мумкинми?! Мутлақо мумкин эмас! Тил – дил калити, дейишган
боболаримиз. Имоним комилки, қачонлардир ўзбек тилига давлат тили мақоми
берилади ва ҳужжатлар русча ёзилмайдиган бўлади. Унда энди, фақат тил
билганларнинг иши ўнгидан келади.
Бу гаплар жўясиз демоқчи эмасман. Аммо менинг кўзимга
давлат тили ҳам, озиқ-овқат программаси ҳам кўринмасди, нуқул шу ж...га
бериладиган пул гавдаланар, хаёлимни бўлар, кайфиятимни бузарди. Менга алам
қиларди: бу ипирисқининг «Волга»си, данғиллама ҳовлиси, видеоси бор. Менинг
дадам билан ойим... Гап бизда ҳали санаб ўтганларимнинг бирортаси йўқлига ҳам
эмас. Пул беришга мажбур бўлиб қолганимда қандай йўл тутаман, деб ташвиш
чекардим шу тобда. Йўқ, дадам билан ойим тер тўкиб топадиган ҳалол пулни бунинг
ҳаром кафтига тутқазиш мардликдан эмас! Ёдлаб юбораман барини!
– Қошғарий буни алоҳида таъкидлаб ўтган, – давом
этарди домла. – Ўзбек тилининг асосчиси Алишер Навоий – дарвоқе, бу одамнинг
таржимаи ҳолини қаттиқ сўрайман сизлардан – ўз асарларида...
Аблаҳ! Ярамас! Наҳотки қандайдир эллик сўм учун шундай
буюк одамларнинг руҳини безовта қилиш шарт бўлса?! Муқаддас туйғулар, эзгу
меросларни баднафслик ва мунофиқликка хизмат қилдириш бедодлик эмасми, ахир?
Гадо бундан афзал-ку! У ўзининг ночор аҳволини айтиб, садақа сўрайди. Бу нокас
бўлса пул учун тарихни, миллатни, меросни сотиб юборади! Пешанасидан отиш, йўқ,
Эрондагидек оломоннинг кўзи ўнгида осиш керак, бу маразни!
– Бобур форс-тожик тилида ҳам шеърлар битган, лекин
«Бобурнома»ни ўзбек тилида ёзган. У ҳинд тилини ҳам билган. Маркс: «Икки тилни
билган киши икки одамдир», дейди.
Сенинг ўша сигир елинига ўхшаш башарангга оёғим ва ...
им! Томоғингга суяк тиқилиб ўл! Хўш, жуда мажбур бўлганимда мен эллик сўм
орттиришим мумкин ҳам дейлик. Лекин шўрлик Артур нетади?! Менга ўхшаб Самарқандда
меҳрибон бувиси, жонсўз амакиси йўқ унинг. Бутун ҳаёт-мамоти, тирикчилиги – шу
қирқ сўмнинг устида. Олти сўмлик ботинка кийиб юради шўрлик. Туш маҳали
ошхонадан фақат карам шўрва харид қилиб, роса нон бўктиради-ю еб олади.
«Социалистик қашшоқликнинг жабрдийда қурбониман», деб беғубор кулиб қўяди сўнг.
«Нега энди қашшоқлик ҳам социалистик бўлиб қолди?» сўрадим қайси куни.
«Социалистик мусобақа», «Социалистик оила», «Социалистик реализм» бўлгандан
кейин, қашшоқликнинг ҳам олдида бу сўзни қўйса ортиқчалик қилмас, деди у, ўзига
хос донолик ва кесатиш билан. Бу шўрлик минг ўқиган билан ҳам ўзбек тилидан
тузукроқ диктант ёзиши амри маҳол. Чунки рус мактабида таҳсил кўрган. У
организмининг энг зарур талабларини чеклаганда ҳам эллик сўм орттиролмайди.
Оқибатда ўқишни ташлаб кетишга мажбур бўлади. Демак, пора беролмаган ёки
жирканч ишга ғурури йўл бермаган не-не азаматлар бу даргоҳни тарк этишган бўлса
ажаб эмас..., Хўш, чўзганлар-чи? Уларнинг ҳам тақдирига ҳавас қилиб бўлмайди.
Пора берган киши келажакда таъмагир бўлмайди, деб ҳеч ким кафолат беролмайди! Ҳа; ҳалол ва беғубор ёшликни чиркин ботқоққа ғарқ
қиладиганлар ана шунақа таъмагирлардир! Диққатимни жамлаб, тағин унга қулоқ
тутаман.
– ...Амир Темур ва Улуғбек, Охунбобоев ва Собир
Раҳимов тилини билмаслик...
Сарҳадсиз ва кимсасиз саҳро бўлса дейман. Ўша қамалиб
кетган курсбоши, Артур, мен ва тағин талай аламзадалар бу аблаҳни ўртага олиб,
суд қилсак. Биринчи сўзни ўша жабрдийдага берсак. «Биродарлар! Бу одам менга
пул тўпла, деди. Мен каллаварам домланинг гапини икки қилолмадим. Кейин эса
номардлик қилди. Агар ер юзида ҳақиқат ва адолат бўлса, мен қамоқдан чиқиб,
бола-чақамнинг қошига боришим, ўрнимга эса бу ҳўкиз ётиши керак.»
«Тўғри-тўғри», дейишса одамлар. Кейин Артур сўз олса: «Шу одамнинг фикрига қўшиламан,
деса у, ўзини Сталиннинг Сибирда қурдирган қамоқхонасига юбориб, фарзандларини
болалар уйига топшириш керак. Токи улар детдомда вояга етиш нималигини
билишсин!» Кейин навбатни менга беришса. Артурнинг гапидан ўпкам тўлиб кетгани
сабаб ж...нинг бақбақасини мўлжаллаб мушт туширсам. Кейин тағин, тағин...
– Старосталаринг ким, – ногаҳонда савол бериб қолди
домла.
Мен ҳушёр тортдим, чунки ана шу савол машъум эллик
сўмни қўлга киритиш учун қўйилган илк қадам эди-да.
Группа бошлиғи (фамилияси – Ғиёсиддинов, лақаби – Махсумча) тиржайганича ўрнидан
турди.
Майли, ўрнидан туриб турсин, мен эса тағин чекиниш
қилиб, Ғиёсиддинов ҳақид ҳикоя
қилиб бераман.
Ўқишга кирганимизнинг биринчи ҳафтаси эди чамамда. Бир
куни декан ўринбосари шошилинч кириб келди-ю, группа саркори сайлашимиз
зарурлигини айтди. Ихтиёр батамом биздалиги, демократик тарзда иш юритиш –
замон талаби эканлигини таъкидлагач, ҳар эҳтимолга қарши гапираётган оҳангда
қўшиб қўйди.
– Биз деканатда ҳужжатларни кўздан кечириб чиқдик,
ораларингда бир киши – фақат ўртоқ Ғиёсиддинов коммунист эканлар. Бунинг устига икки
йиллик меҳнат стажлари ҳам бор. Ихтиёр тағин сизларда...
Ғиёсиддинов ким экан деб атрофга алангладим; ўзгалардан
жилла бўлса-да, устунлиги сезилмайдиган шу ҳамкурсимиз ўрнидан туриб,
ҳозиргидай тиржайиб турарди. Ҳеч
ким сўзга чиқмаёқ овозга қўйилди – ҳамма қўл кўтарди. Ўша куниёқ Артур унга
Махсумча деб лақаб қўйди. Бора-бора ўзига ҳам махсум деб мурожаат этадиган
бўлдик.
Орадан икки кунлар ўтган эди чоғи. Тушлик қилиб
ўтирганимизда, Махсумча косасини кўтарганича, беихтиёр даврамизга келиб
қўшилди. Бундан муддао: биз (мен, Артур, Сурқаш) билан мумкин қадар яқинлашиш
эканлигини (ҳар ҳолда биз группа «шеф»ларидан эдик) фаҳмлаб олиш қийин эмасди.
Фурсатдан фойдаланиб, Артур сардоримизнинг сардафтарини варақлади.
– Дадам бўрдоқичилик базасида веттехник бўлиб
ишлайдилар, – гап бошлади, у сўзамоллик билан, – паханнинг ягона мақсадлари –
менинг партияга ўтишим билан олий маълумот олишим. Чунки ўзлари ноҳақликка
учраганлар: партияга киролмаганлар, институга ҳам қабул қилишмаган. Шунда у
киши: мен эришмаган орзуга ўғлим эришади, деб мақсад қўйганлар. Партия
билетимни олганимда кўзларидан ёш чиқиб кетди.
Янги «раҳнамомиз»нинг суҳбати эътиборталаб, ҳатто
ғалатироқ бўлиб туюлди бизга. Суҳбатимиз узилиб қолмаслиги учун бот-бот тергаб
қўядиган бўлдик.
– Партияга кириш жуда қийин бўлганмиди?
Артурнинг савол оҳангидан бу масалага чинакамига
қизиқаяптими, кесатаяптими ёки шунчалик ҳангоматалаблик қиляптими – билиб
бўлмасди.
– Ҳа,
осон бўлмади, – деди Махсумча. – Биринчи йил ўқишга балл етмади. Дадам
ҳисобчига шогирд қилиб қўйдилар. Катталар нима деса, бўйин товламай бажариб
юрдим. Кейин паханнинг маслаҳатлари билан парткомга ариза ташладим. Партком: у
деди – бу деди: орқага ташлаб юраверди. Кейин дадам иккаламиз уйига бир-икки
бор емиш олиб бордик.
– Қанақа емиш?
– Шелуха, комбикорм – ишқилиб, қўлга илинганини.
– Қандай, қўлга илинганини, – тубига етгиси келарди
шеригимнинг...
– Ҳа,
ўғрига мол қаҳатми, – кулди Махсумча, – мен девордан ирғитардим, дадам илиб
олардилр. Шундан кейин партком сал қимирлаб қолди: райкомдагилардан лимит олиш
учун битта-яримтасини зиёфат қилиш керак, деди чайналиб. Кейин чўздик.
– Қанча?
– Ҳа,
эй энди...
Буни сир тутгиси келди унинг. Шунинг учун ўқишга кириш
тафсилоти билан қизиқдик. Аён бўлишича, икки йил устма-уст йиқилгач, «канал»
топибди. Қабул бўлганини эшитиб, дадаси ўзидан ҳам кўпроқ хурсанд бўлибди.
Махсумча орзуларини ҳам яширмади: келажакда мазкур бўрдоқичилик базасида
ветврач бўлиб ишлаш ниятида экан.
Шунақа гаплар. Кечқурун уйга келиб, тағин Махсумчани
эсладим. Назаримда тақдирнинг ўзи уни староста қилиб яратгандай эди – чунки
сертавозе бўлиш билан бирга бағоят интизомли, меҳнаткаш, ҳисоб-китобли,
итоатгўй. Аммо шуларга қарамай группада яхши мавқега эга эмас у. Ҳамкурслар фақат орқаворотдан эмас, рўйи-рост ҳам мазах
қилишади, бояқишни. Қизиқда: шўрлик аксариятимиздан кўп дарс тайёрлайди,
тиришади, аммо масалан, кимёдан кислороднинг ажралиш формуласини ёки
биологиядан хужайра таркибини ёзиб, тасвирлаб беришни уддалолмайди. Шундай жўн
нарсаларга фаҳми етмаган довдирнинг органик кимё ёки генетика борасидаги
савиясини тасаввур қилиб кўриш қийин эмас. Шунга қарамай муаллимлар унга «икки»
қўйишмайди: юқорида санаб ўтилган хислатлари, қолаверса саркорлиги эвазига
қониқарли яъни «уч» қўйишади, мабодо «уч»га жавоб бериб қолгудай бўлса, бир
балл сийлаб юборишади. Бундай пайтларда Махсумча кибор ва димоғдор бўлиб
қолади; айрим лакаловроқ болаларни «саҳройи» деб камситади; қизларга беўхшов
ҳазиллар, қочирим гаплар қилади. Чунки «тўрт»ни кўтаролмайди, шўрлик!
Назаримда мен группамиз сардорини салбийлаштириб
қўйдим. Ўзингни эр билсанг, ўзгани шер бил, деган доно нақлни ёдга олиб ва
қўлимни кўксимга қўйиб айтадиган бўлсам – каминанинг ҳам ундан устун томонлари
ошиб-тошиб ётгани йўқ. Махсумчада, кечирасиз, Ғиёсиддиновда мақсад бор. У олий маълумот олиб, базада
ветврач бўлиб ишламоқчи. Шу мақсад йўлида тинмай курашади энди. Мен-чи?!
Биринчи курсда ўқийману ветеринария врачлигини назарим илмайди. Одамлар бу
бад-бўй касб-корнинг нимасига ҳавас қилишларини ҳануз тушунолмайман. Ўшанда
ойимнинг паррандачилик фабрикасида ишлашимни орзу қилганлиги бугун менга
ғалати, ҳатто калтабинлик бўлиб кўринади. Бир бор паррандачилик фабрикасига
бориб, ихлосларим қайтиб кетди. Бадбўй ҳид бир чақирим нариданоқ кўнгилни
оздирарди. Фабрикага яқинлашганим сари очофат пашшалар кўпайиб, жиғимга
тегабошлади. Ичкари кирмаёқ, аҳвол шу даражада забун бўлгач, қолганини гапирмай
қўяқолганим маъқул. Ветврач бизни касалланган товуқлар бўлмасига олиб кирди ўшанда. Бу ердаги паррандаларнинг кўпи ўлган, сасиган;
қолганлари эса чала жон эди. Йўқ, товуқларга эмас, ветврачга раҳмим келди
менинг. Ҳар куни асосий вақтини
ана шу ерда ўтказиш, қоқсуяк товуқларни даволаш... Ажабо, уни тутиб турган куч
нима экан? Товуқ гўштими? Маошми? Касбга меҳрми? Назаримда бу саволга унинг ўзи
ҳам дудмал жавоб берса керак? Бундай жойда ишлашни итимга – ор, мушугимга –
номус деб биламан мен!
Дадам ора-сирада фан билан шуғулланишимни: кандидат,
доктор бўлишимни ҳам орзу қилиб қоладилар. Аммо каллани гиж қилиб, китоб ўқиш,
тадқиқот ўтказишга тариқча тобу тоқатим йўқ. Ўрта мактабда ойим билан дадамнинг
таҳдидларидан чўчиб дарс тайёрлардим. Ҳозир кўп ўқимайман ҳам: лекция пайтида қулоғимда
қолган гапларни такрорлаб, «уч» – «тўрт» оламан. Бир вақтда ойим қон бўлиб
миямга қўйган сабоқлар иш бериб туради.
Артур билан Суркашнинг ҳам Махсумчадан афзал томонлари
йўқ ҳисоби. Лекин бировни камситишга, мазах қилишга уста, азаматлар. Билмадим,
нега бунақамиз?!
Хуллас, «староста ким» деган нохуш савол янграши билан
сардоримиз ўрнидан туриб, ясама товазе билан тиржайиб, бош эгиб турди. Мен
тахминладим: домла бу билан яқинлашиб олгач, пул тўплашни буюриб қолса нима
қилади? Тан олиш керакки, буни ўзига шараф деб билади. Коммунистлиги ҳам,
Сталиннинг Сибирда қурдирган қамоқхоналари ҳам моне бўлолмайди. «Биродарлар,
дейди бизни тўплаб, мана биринчи бўлиб ўзим тўлайман. Энди шароитга қарамаса
бўлмайди.»
Худди шу пайт...
Ҳа, дунё тасодифларга лиммо-лим. Тасодиф дегани
воқеалар ривожинигина эмас, одамларнинг тақдирини ҳам ўзгартириб юборади.
Махсумча тикка туриб, домланинг хизматига шай бўлиб
турганда; ҳаромхўр унинг олдига суяк ташлаб, югурдак воситачига
айлантириш режасини тузаётганда, тасодий рўй берди.
– Каттақўрғонликман денг-а, – сўради домла қитмирлик
билан, – а ўзимиздн экансиз-ку!
– Пул ўлсин-а, пул ўлсин! «Ўзиники» эмиш. Башарангга
сани..!
– Кимлар бор Каттақўрғонда, – давом этди у жавобдан
кейин, – ота-она дегандай...
– Борлар: дадам, ойим...
– Яхши, яхши, бахтли одам экансиз.
– ...
– Дадангиз қаерда ишлайдилар? Балки танирман ҳам.
– Кэбэбэда! (Каттақўрғон бўрдоқичилик
базаси.1
Домла вазиятни ўзгартирмай, бир неча дақиқа турди-ю,
кейин қоши чимирилди, сўнг қовоғи солинди.
Муҳтарам ўқувчим! «Уруш ва тинчлик» фильмидаги Пьер
Безухов билан Долохов ўртасидаги дуэлни кўз олдингизга келтиришга ҳаракат қилиб
кўринг-а. Иккаласидан бировини совуқ гўр кўтаётган рақиблар бир-бирларига
яқинлашади. Унгача қўлига қурол тутмаган, ўқувсиз Безухов тўппончани икки
қўллаб ушлаганича тепкини босади. Тасодифни қарангки, ўқ рақибига тегади. Аммо
Долохов қисматга қасдма-қасд – заррача сир бой бермай, қорни ғарчиллатиб
келаверади. Йўқ, бу ҳол узоқ давом этмайди: оғриқдан шўрликнинг юзи буришади ва
йиқилади.
Айни пайтда домла худди шу ҳолатда эди: КББ деган
ногаҳоний калом унинг қулоғига КГБ бўлиб эшитилди. Бўйнида иллати борнинг оёғи
қалтирайди, сутдан оғзи куйган қатиқни пуфлаб ичади, деганларидек, бу калом
унга ўқдай; йўқ, ўлим ҳукмидай нохуш, қўрқинчли бўлиб эшитилди.
Бу зоҳирий ҳолни Махсумча сезмади; шунинг учун ҳам
ҳолатини ўзгартирмай тураверди. Секин Артурнинг қув кўзларига қарадим:
ногаҳоний саҳнадан мамнунлиги сезилиб турарди унинг.
Тилшунос домла тағин алланималар деб ғўлдираган бўлди,
лекин бу вайсоқиликнинг унинг ўзига ҳам, бизга ҳам кераги йўқ эди.
УЧИНЧИ БОБ
Мунаввар нур
Икки кундан кейин ўзбек тили ва адабиётидан бошқа муаллим кирди ва
ўзини Исохон Исҳоқхонов деб таништирди. Тан олишим керак, бу одамнинг кўзларида
мунаввар бир нур ялтираб кетгандай бўлди; юзидаги илиқ тароват дилимда меҳр
ўйғотди.
Биринчи машғулотда бу одам ҳам асосан, грамматика ҳамда адабиётнинг
моҳиятини улуғлади. Лекин Исҳоқхоновнинг гаплари беназир бир самимияти билан
ажралиб турарди.
Биз унга тез кўникдик. Орадан бирор ҳафталар ўтган эди, чамаси дарсдан
чиқиб, шошилинч ташқарига йўл олаётганимда Исҳоқхонов енгимдан беозоргина
тутганича гап бошлади.
– Улуғбек, дадангиз яхшимилар?
– Яхши, яхши, – каловланиб жавоб бердим, бундай яқинликни кутмаганим
учун.
– У кишини бир кўрмоқчи бўлгандим. Самарқандга қачон келадилар?
– Шу ойда келишлари керак.
– Хабар берасиз-а? Бизнинг қишлоққа самодан НУЖ (номаълум учувчи жисм)1 қўнди. Шуни
газетага ёзардилар.
Еттинчи ноябр байрами (гап 1987 йил ҳақида кетяпти) арафасида дадам
келганларида бўлиб ўтган ана шу мулоқотни айтган эдим, у кишининг қизиқишлари
чандон ошиб кетди.
– НУЖ тушган бўлса, бир қизиқайлик. Ҳарҳолда ғалати-ку...
Исҳоқхоновнинг «Запорожец» машинасига миниб, Туркистон тизма тоғлари
бағридаги Жағалвой қишлоғи томон йўл олдик. Домла нуқул тўлиб-тошиб ўша
ногаҳоний меҳмонлар ҳақида гапирар, дадам бот-бот НУЖ – номаълум учувчи жисм
унинг гапини кесиб саволлар берардилар.
– Сиз кўрганингизда тахминан қанча баландда эди?
– Кўпи билан бирор километр. Цирк биноси борку – шаклу шамойили шунга
ўхшаб кетарди. Ҳажми ҳийла кичикроқ эди лекин.
Бундан аввал ҳам икки бор ташриф буюрган экан. Бизнинг қишлоқдошлар райкомга
одам юборишибди, аммо у ердан бирортаси келгунча кўздан йўқолибди. Ерга тушган
куни, афсуски, мен шаҳарда бўлганман.
– Кўрганлар бордир, ахир?!
– Ҳа, бари билан учраштириб қўяман:
роса гаплашиб оласиз. Аввал ҳамма тумтарақай бўлиб қочибди-ю, кейин...
– Районга телефон қилишмабдими?
– Телефон қаёқда дейсиз?! Қишлоққа борсангиз, унинг афтодаҳоллигидан
чўчиб кетасиз. Хўжалик қарзга ботган: ғалладан ҳам, чорвадан ҳам зарар кўради.
Энди пахтами, тамакими экмаса, бойиб бўлмас экан.
– Ҳа, кейинчи, – гапни зарур ўзанга
бурдилар дадам.
Алламаҳалдан кейин бригадир бир муаллимни, муллани эргаштириб,
ҳалигининг яқинига боришибди. Буларни кўриб, бошқалар ҳам эргашишибди. Бир
маҳал энлеонинг ичидан жаранглаган, ғайритабиий овоз чиқибди. «Эй, одам
авлодлари» дебди...
– Ўзбекчалабми?
– Ҳа, бизнинг Жағалвой лаҳжамизда.
«Эй одам авлодлари, дебди, биз сароб эмасмиз, ҳақиқатмиз! Бизнинг вужудимизда
қон йўқ, хужайра йўқ. Шунинг учун жами офатлардан холимиз. Ҳақиқатни изламанглар, уни яратинглар! Ҳақиқат ҳам бахтдай нисбий нарса эканлигини
унутманглар...»
– Ғалати, жуда ғалати! Кейин-чи?
– Тағин анча гапирган, аммо анчайин файласуфона бўлгани учун ёки
илмийлиги сабабми – ҳайтовур халқ яхши тушунмай қолган. Масалан, ер апельсинга
ўхшашлигини айтиб, унинг ҳозирги ҳолатини гапирибди, Муаллим айрим гапларни
тушунган, холос. Қолганлар апельсин нималигини ҳам тушунишмаган.
– Қизиқ.
– Кейин люк очилиб, бир кўзли бош кўринган.
Одамлар қўрқиб, қотиб қолишган; мулла дуо ўқиган. Кейин оломон
қий-чувлашиб, дуч келган томонга қараб қочган.
– Хўш?
– Бизда Тоштемир деган бола бор. Ўзи телбанамо, ҳафтафаҳмроқ. Отаси ҳам
шунақа эди – андилигини ҳозиргача гапириб юришади.
– Кейинчи?
– Хуллас, шу Тош деганимиз қурқиб қотиб қолганми ёки гаранглик қилиб
қочмаганми – билиб бўлмайди.
– Так?
– Одамлар узоқ-узоқдан кузатишибди. НУЖдан уч девбашара тушиб, ҳалиги
Тош билан роса гаплашишибди. Кейин уни кабинага олиб кириб, осмонга учишибди.
– Қизиқ, қизиқ...
– Одамлар ўксиб қолишибди: шўрлик ўпкасини совуққа олдириб келади, деб
ўйлашибди-да. Чунки отаси ҳам Сибир сургунидан ўпкасини олдириб келгандида.
Йўқ, кўп ўтмай ҳалиги энлео Тоштемирнинг ҳовлисига қўнибди. Тошни уйига
тушириб, ўзлари жўнаб кетишибди.
– Бола соғми?
– Отдай! Лекин лакаловлиги қолган.
– Гаплашса бўладими?
Исҳоқхонов жилла сукутдан сўнг вазмин давом этди.
– Гаплашиш қийинроқ бўлиб қолибди.
– Кеккайиброқ кетганми?
– Табиб бўлиб олган – эшигининг олди доим гавжум.
– Одамлар соғайишяптими, ишқилиб, – савол ортидан савол ёғдирардилар
дадам.
– Биров тузалган, биров баттар бўлган, – деди домла андак сукунатдан
кейин, – бир нарса дейиш қийин. Бир танишимнинг баданига яра тошарди – бормаган
жойи қолмаганди. Шу болага икки бор келган экан, ҳозир тузук.
Дилимда Тоштемирга нисбатан ҳавасми, ҳасадми– ишқилиб, шунга ўхшаш бир
нарса уйғонди. Алланималарни сўраб, аниқлик киритгим келар, аммо катталарнинг
гапларига аралашишдан андиша қилардим.
Шунақа суҳбат қишлоққа кириб борганимизча давом этди. Йўл-йўлакай нуқул
коинотдан келган меҳмонлар хусусида сўз кетди, десам бирқёламалик бўлур эди.
Бошқа мавзулар ҳам эътиборларидан четда қолмади уларнинг. Дадам бир бор ҳатто
каминанинг ўқишим билан ҳам қизиқиб қолдилар.
– Улуғ – яхши йигит, – тарифлади домла жавобан.
– Мен китоб ўқигани, дарс тайёрлаганини ҳеч кўрмайман-ку?!
– Масалан, менинг фанимдан – «беш»га билади. Буларнинг группасида
диктант ёзолмайдиганлар ҳам анча-мунча. Лекин «беш»ни ҳам осонлик билан
қўймоқчи эмасман. Ишлатаман.
Охирги калом менга жумбоқ бўлиб туюлди. Нима демоқчи бўлдийкин?!
– Буни ишлатиш керак, кўпроқ ишлатиш керак,– жон кирди дадамга.
– Улуғбек яхши йигит, аммо қунт, иштиёқ, мақсад етишмайди, – давом этди
муаллим андак танаффусдан кейин, – ҳозир аксар болалар шунақа. Мен билан сиз
тирикчилик, келажак ваҳимасида бошимизни не-не деворларга урганмиз. Булар-чи?!
Бу азаматларнинг хужайраларига ялқовлик вируслари ўрнашиб олган.
Улар беғубор кулишди. Дадам завқ билан давом эттирдилар.
– Ўша Тоштемир деганга кўрсатсак, даволаб юбормасмикан?!
Мен ҳижолат чекдим. Гапни бошқа томонга буришни мўлжаллаётганимда,
домла давом этди.
– Йўқ, бу масала билан ўзим шуғулланаман. Бир йилдан кейин кўрасиз:
қанақа тиришқоқ, қарсиллаган йигит бўлади.
Шундан кейин гап тағин энлеога бурилди: талай тахминлар, гипотезалар
ўртага ташланди.
– Мен ўша гумоноид билан юзма-юз бўлиб қолганда, – деди Исҳоқхонов, –
оғайни, оёғингга бош ураман: бир масалада мадад бериб юбор, деярдим.
– Хўш?
– Юқумли касалликлар ўз йўли билан, аммо маънавий майибларни тузатишга
ёрдам бер, деярдим.
– Кўпми улар?
– Йўқ, кўп эмас. Аммо бу – бағоят хавфли касаллик. Ракдан ҳам, спиддан
ҳам ёмон!
Шундан кейин домла институтимиз ректори Диамат Абдукаримов билан
обкомнинг саркотиби Назир Ражабовни сифатлади.
– Студентларимиз бу йил биринчи бор пахта теримига чиқишмади. Ражабов:
«Ким эккан бўлса, ўзи териб олади, дебди, ҳамма ўз иши билан шуғуллансин!»
– Лекин Тошкентда талабаларни олиб чиқишди, – дедилар дадам.
– Самарқанд – биринчи пойтахтда. Энг эзгу ишлар, ташаббуслар шу ердан
бошланган.
Улар беғубор кулишди.
Жағалвой қишлоғи. Уни таърифлайдиган бўлсак, одатдаги тоғ қишлоқларидан
бирини кўз ўнгингизга келтиришингиз керак. Машина ўтганда чанг кўтарилиб,
алламаҳалгача ҳавода осилиб қоладиган кўчалар, харсанг тошлардан тикланиб,
устига таппи ёпилган пастак деворлар; ҳар бир йўловчига қизиқиш билан
боқадиган бекорхўжа (аниқроғи – ишсиз) эркаклар... Октябр инқилобидан кейинги
йиллар давомида Жағалвойда ҳеч қанақа ўзгариш бўлмаган десак, унчалик тўғри
бўлмас. Ҳақиқатдан кўз юмиш яхшимас:
бетон симёғочларда тортиб келинган электр симлари, яккам-дуккам бўлса ҳамки
усти шиферланган, замонавий уйлар шу ўзгаришлардан далолатдир. Аммо умуман
олганда, айниқса четдан келган кишининг кўзига яққол кўринадиган: қашшоқликнинг
турфа бўёқлари. Бу ерларда деҳқончилик қилиш учун сув, мол боқиш учун яйлов
бўлмагач, бошқа гапу сўзга ҳожат қолмайди, албатта. Аммо айтишларича,
жағалвойликлар буни мутлақ табиий ҳол деб ўйлашганидан бўлса керак, ҳеч қачон
камбағалликдан нолишмаскан.
Машинамиз гуриллаганича тор ва эгри-бугри кўчалардан юқорилаб, мактаб
ҳовлисига келиб тўхтади. Мазкур мактаб урушдан илгари қурилган бўлиб, чоғроқ
дала шийпонини эслатади. Оқланган бўлишига қарамай пойдеворлари шўрланган,
пештоқлари ночор аҳволга тушганди. Ҳовли
спорт майдончасига мослаштирилган: эгри-бугри тол ёғочидан тикланган футбол
дарвозаси (тўрсиз, албатта), турник, ердан бирор қулоч чамаси юқорилатиб
ўрнатилган тўсин кўзга чалинади. Мактабнинг орти эса тоққа туташиб кетган
олмазор боғ.
– Энлео худди ана шу ерга қўнган, – деди Исҳоқхонов, пойимиз остига
ишора қилиб. – Эртаси райондан, областдан одамлар ҳам келишган, ҳатто бу ернинг
тупроғидан ҳам анализга олиб кетишибди.
Бизни кўриб, аввал бир жиккак оқсоқол даврамизга яқинлашди, Исҳоқхонов
билан қуюқроқ кўришди, уни негадир «Эшон бобо» деб улуғлади. Кейин бошқалар ҳам
ўзларини четга олмай, ҳар биримиз билан кўришиб чиқиб, гапга аралаша бошлашди.
– Мана шу боғда, – деди ҳалиги отахон анчадан кейин, – бу йил бирорта
қурт йўқ. Авваллари бирорта мева қолмай остига тўкиларди. Бу йил қиш
келяпти-ю... Бўлмаса дори сепганимиз йўқ.
– Бошқа боғларда-чи, – сўрадилар дадам.
– Уларда олма қолмади, – деди отахон.
– Шредер институтининг олимлари бу ҳолни текширишяпти, – масалага
равшанлик киритмоқчи, бўлди Исҳоқхонов, – ҳақиқатан ҳам олма қурти
топишолмаяпти. Эҳтимол: НУЖнинг нурида зараркунандаларни нобуд қиладиган ёки
қувадиган хислат бордир.
Мен олис-олисларга аланглайман: узоқроқдан бўлса ҳамки, НУЖни кўргим
келади. Шу билан бирга одамларнинг бир-бирларига гал бермай айтаётган гапларига
ташналик билан қулоқ соламан. Негадир, Тоштемирни тезроқ кўргим, у билан
гаплашгим келади.
Суҳбатлардан тағин шу нарса аён бўлдики, боғнинг ёнбошида катта булоқ
бўлган экан. Унинг ичида ширмой балиқлар ғуж-ғуж бўлиб юришаркан. Булоқ бўйи
азиз жой – Жағалвой отанинг қадамгоҳлари бўлиб, одамлар узоқ-узоқлардан
зиёратга келишишаркан. Қайси йилиям булоқ сувини кўпайтирмоқчи бўлишибди –
юқоридан мутахассисларни таклиф этишибди. Улар эса ўз навбатида булоқни
чуқурлаштириш, кенгайтиришни маслаҳат беришибди. Сўнг экскаватор келиб, ҳамма
ёқни алғов-далғов қилиб ташлабди. Чашманинг асрий сукунати бузилиб, унинг
соҳиллари дабдала бўлибди. Лекин сув бўлса, кўпайиш ўрнига камайиб кетибди,
балиқлар бу манзилгоҳни тарк этибдилр. Бу ҳам ҳолва. Қишлоқнинг этагида
яшайдиганларга сув етиб бормаслиги сабаб дилсиёҳликлар, жанжаллар бошланибди.
Минг йиллар давомида бир ота-онанинг фарзандидай, бўлиб яшаган ҳамқишлоқликлар
адоватли рақибларга айланибдилар.
– Увол бўлди, – деди отахон, – шу ердги мозорни бузиб, чилонжийдани
қулатишди. Гуноҳи азимдан қўрқишмади. Бизарам чурқ этмадик. Мана энди. Ким нима
деса майли, лекинда ўша осмондан келганлар Жағалвой отанинг руҳлари. У киши
безовта бўлдилар. Биз гумроҳларни қарғадилар.
Бир амаки латифанамо гапни ҳикоя қилиб берди. Коинот меҳмонлари
келиб-кетгач, райондан лекторлар, олимлар келиб мажлис ўтказишибди. «Бу
гапларнинг бари сизнинг тасаввурингизда содир бўлган, дебди, лектор. Илмий
нуқтаи-назардан баҳолайдиган бўлсак, фанда иллюзия деган ҳолат бор. Ҳозирги қайта қуриш даврида ҳамма аллақандай мўъжиза
кутяпти. Бу мўъжиза бировнинг кўзига НУЖ, тағин биронинг кўзига ногаҳоний табиб
бўлиб кўриниши табиий».
НУЖни кўришдан умидимни узгач, лоақал булоқнинг ҳозирги ҳолатини кўргим
келди. Тошга ўхшаб қотиб қолган балчиқлар уюлиб ётган соҳиллар нохуш манзара
кашф этганди. Ҳавзадаги сув лойқа бўлгани
сабаб, диққат билан тикилдик, аниқроғи, қолган-қутган балиқларни кўргим келди.
Уларни учратолмадим, аммо тасаввуримда улар бу ерни бетамом тарк этмагандай
эдилар.
Машинамиз мотори гуриллади – биз Тоштемирникига қараб йўл оладиган
бўлдик.
Пойдеворига ҳам, пештоқига ҳам бирор пишиқ ғишт терилмаган пахса
деворли, пастак уй. Бу вайронада бирор беморнинг шифо топишига негадир ишонгиси
келмайди кишининг. Шошилинч тарзда тўкилган, лекин текисланмаган шағал уюмлари
устида навбат кутиб ўтирган одамлар аллақандай асабий, тушкун эдилар. Ана шу
одамларни мазкур вайронага етаклаб келган дард руҳларини пажмурда қилиб
қўйганди. Бир аёл йиғма каравотга чўзилтириб қўйган мажруҳ ўғлига термосдан чой
қуйиб берар, уни овутарди. Машиналарнинг номерларига қараб, уларнинг Хоразм,
Қашқадарё, Жиззах ва бошқа вилоятлардан келганини англаб олиш мушкул эмасди.
Айрим «Жигули»ларнинг ичида беморлар инқиллаб ётишарди.
Эшикка яқинлашишимиз билан одамлар бизга ёвқараш қилиб, норози оҳангда
гап ота бошладилар.
– Хўв, очирадга қаралсин!
– Инсоф ҳастми?
– Икки суткадан бери...
Тоштемирни кўришим қийинлашишидан хавотирим ошди. Йўл бошловчимиз –
Исҳоқхонов ҳам вазиятни ҳисобга олиб, иккиланиб қолди, умид билан атрофга
аланглади; таниш одам тополмагач, менга юзланиб, паст овоз билан деди:
– Нари томондан бориб киринг-у, Тоштемирга мен келганимни айтинг. У...
Орқа томон ҳам тиканаклар ўсиб ётган, ташландиқ жой экан. Анча қийналиб
бўлса ҳамки ҳовлига кирдим-у, бу ердаги афтодоҳоллик, пала-партишлик дилимни
ғаш қилди. Кимлардир (шифо топгани учун бўлса керак) янги каравот, стол-стул,
гилам олиб келган, аммо улар келтирилган куйи ётарди.
Ёғоч карт устида бир беморни кўздан кечираётган киши Тоштемир
эканлигини дарҳол тахминладим. Йўқ, у кўпам «бола» эмасди – камида мен тенги
эди. Лекин анча масофаданоқ унинг дарвешона ҳолати кўзга ташланарди. Халқда:
сал етишмайди, деган ибора бор. Назаримда имиллаб ишлаётган ва мен кўришга
орзуманд бўлган Тош ҳам шунақадай эди. Оёғига калиш кийиб олган (пайпоқсиз),
кимдир унга инъом этган костюм катталиги сабаб шалвираб турарди.
Тоштемир менга эътибор ҳам бермади. Ҳатто Исҳоқхонов домла келганини айтганимдан кейин ҳам
анграйиб, ишида давом этаверди. Ҳафсалам
анча пир бўлиб, гапимни такрорладим.
– Эшон бовоми, – сўради у карахт оҳангда.
Мен маъқуллагач, имиллаб дарвоза томон йўл олди. Мен кузатиб турдим: у
Исҳоқхоновни кўриб, ажабтовур илжайди, алланима деб ғулдиради. Буни кўрган
кишилар хайрихоҳлик билан йўл бўшатдилар.
– Бу киши – ёзувчилар, – деди домла ичкари киргач, дадам томон имлаб. –
Тоштемирга, – сен билан гаплашгани келганлар.
Суҳбатдошимизнинг юзида қилт этган ўзгариш ёки ифода ҳувайдо бўлмади.
Бепарво давом этди:
– Майлида. Бу ерга милисасидан ҳам келган, райкомидан ҳам.
Бу ноўрин жавобдан Исҳоқхонов ҳижолат тортиб, гап ўзанини бошқа томонга
бурди.
– Меҳмон – Тошкентдан. Бу киши одамларнинг устидан ёзадиган ёзувчи
эмас. Бошқача. Сан меҳмонни бир текшириб
кўр!
Тоштемир уйқусирагандай бўлиб турди-ю, илтимос оҳангида деди:
– Яхшилигимизни аямаймиз. Энди меҳмон пахта масаласини ҳал қилиб
берсалар.
Дадам иккаламиз ҳеч нарса тушунмадик. Аммо Исҳоқхонов бош тебратиб,
маъқуллаб қўйди.
– Бу гапни ўзим тушунтираман.
– Шароф Рашидовга ҳам ёзгандик, ҳал бўлмовди.
– Ҳал бўлади, ҳал бўлади, – гапга
якун ясашга шошилди домла.
Ниҳоят у дадамдан устки кийимларни ечишни сўради. Дадам плашчларини
ечиб, менга тутқаздилар. Менинг қизиқишим чандон ошди. Тоштемир иккала қўлини
бамайлихотиргина олдинга чўзди, панжаларини озод ёзганича дадамнинг юзларига
яқинлаштирди. Мен енгилгина хавотир тортдим. Сўнг бармоқларини дадамга
тегизар-тегизмас қилиб, пастга туширабошлади. Шунда унинг қўлларидан нигоҳимни
узиб, бир лаҳза юзига қарадим-у батамом
бошқа одамни кўрдим: Тоштемирнинг қиёфасида аввалги довдирликдан зарра ҳам
нишон қолмаганди, худди операция ўтказаётган жарроҳдай жиддий эди у. Бармоқлари
кўкрак қафасдан сал пасайиши билан нотинч қалтирайбошладилар, сўнг тағин
хотиржамлик касб этишди. Тиззадан пастлашганда ҳам унинг қўллари қалтирагандай
бўлди.
Ва ниҳоят қаддини кўтариб, дадамга ҳижолатомуз юзланди. Баримиз
нафасимизни ичимизга ютиб, унинг хулосасини кутабошладик.
– Меҳмоннинг беллари чатоқ! Желудкалари билан оёқлари ҳам касал.
Ёпирай! У ҳақ эди. Дадам 1975 йили қишда Шофиркон туманида бир хўжалик
фаолиятини ўрганаман деб шу дардни ортириб олганлар. Қиш бўйи ўт ёқилмагани
сабаб колхоз меҳмонхонасидаги кўрпалар қат-қатигача музлаб кетган экан-да. Бод
ҳозиргача суякларини зирқиратади у кишининг. Кейинроқ эса бунга ошқозон
касаллиги ҳам қўшилди. Лекин оёқларидан нолиганларини эшитмаган эдим.
– Энди қандай қилиб тузатамиз бу дардларни, – савол бердилар дадам
андак мушоҳададан кейин – Тоштемирга умид билан термулиб.
У алланималар деди, лекин яхши тушунолмадим. Негадир вирусларни тилга
олди. Инсон вужудининг хужайрадан тузилиши ва унда қон борлигини қоралади.
Дадам қайта-қайта ўз дардларига даво сўрадилар. Исҳоқхонов ўртага кириб, ёрдам
беришини сўраганди – у рози бўлди. Ҳар
ҳафта бир бор келишлри зарурлигини айтди. Тағин андак мулоқотдан кейин катталар
суҳбат мазмунини НУЖга буришди. Лекин Тоштемирнинг бу хусусда гапиргиси йўқ
эди.
– Аввал ерни кўрайлик, кейин осмонни, – деди.
Ҳа, айни лаҳзада дадам учун ҳам ўша НУЖдан кўра
сиҳатлари ҳақида бош қотириш зарурроқ эди. Тоштемир беўхшов кулиб, райком
котибини бир сеансда даволаб юборгани билан мақтаниб қўйди. Бизнинг
хайрлашишдан ўзга чорамиз қолмаганди – навбат кутиб турганларнинг тоқатлари тоқ
бўлаётганлигини ҳар биримиз чуқурроқ ҳис қилабошлагандик.
Дадамнинг таклифлари билан НУЖни кўрган бригадир ҳам муаллимга ҳам
учрашадиган бўлди. Аммо бригадир мажлисга кетиб қолгани сабаб учрашишнинг иложи
бўлмади. Муаллим бизни яхши қарши олди, кўрганларини газеталарга ёзиб
юборганини гапирди. Аммо у ҳам асосан эшитганларимизни такрорлади. Менга
янгилик бўлгани: гуманоидларнинг кийимлари ҳам, юзлари ҳам симобранг эканлиги,
кўзининг қорачўғи йўқлиги бўлди. Муаллим шунингдек, уларнинг гапидан ҳам анчайин
кўпроқ илғаб қолганлигини кўрсатди. Жумладан, улар жағалвойликларни: энг бахтли
ва энг бахтсиз одамлар, деб атабди. Тағин: ҳамма офатлар ва фалокатларга вирус
ва аллақандай нарса сабаб бўлаётганини, улар қон билан хужайрада яшашини
гапирган экан.
Қайтишда ҳам асосан эшитганларини мушоҳада қилишди улар.
– Наҳотки меҳмонлар бирорта ашёвий далил қолдиришмаган бўлишса, –
сўрадилар дадам.
– Буниси жуда қизиқ, – муҳим нарса ёдига тушгандай жонланди домла, –
Самарқандда яшайдиган бир ҳамқишлоғимиз қишлоққа келганда, мактаб ҳовлисидан худди апелсинга ўхшаш тош
топиб олади. Юмалоқ, ранги қизғиш. Кейин: «буни менга ўша меҳмонлар беришди»,
деб гап тарқатади. Тошга қизиқиш ошади. Бир олим лабораториядан текшириб
кўрмоқчи бўлиб нақ юз сўмга сотиб олади. Таҳлил қилиб кўришса, тош билан темир
қотишмаси экан. Бу ҳақда газетага ҳам ёзишди. Орадан кўп ўтмай лаборатория
ходимлари бир сирдан воқиф бўлиб қолишади: қарашса лабораторияда пашша билан
таракан1(суварак) батамом йўқ
экан. Тасаввур қиласизми: қўшни хоналарда бор-у... Бунга ўша апелсиннамо тош
сабаб, деб гумон қилишади. Кафедра мудирининг отаси рак бўлиб ётган экан. Бир
киши нуқул чолнинг пашшасини қўриқлаб ўтираркан. Шу одам синаб кўриш учун тошни
олиб бориб, дадасининг ёстиғи остига қўяди. Пашша йўламай қолади. Бу ҳам ҳеч
гапмас. Ўлим тўшагида ётган одам эрталаб тилга кириб овқат сўрайди. Тағин бир
кундан кейин оёққа туриб кетади.
– Қизиқ, жуда қизиқ, – ҳайратлари ошди дадамнинг.
– Шундан кейин ҳалиги тилсимли тошга талош бошланади. Бизнинг ҳамқишлоқ
бориб, «пулингни ол, тошни бер», дейди, у бермайди. Бир армани унга эллик минг
сўм баҳо қўяди. Бошланади талатўп. Йигирма ўттиз киши тилло топган қулдай
ташланишади унга. Шу орада тошни биров ўғирлайди. Ҳозиргача йўқ у. Самарқандни титкилаб чиқишди. Бу билан
мафия шуғулланган деган гап бор.
– Ишқилиб, топилар, батамом йўқолиб кетмагандир, – умид билдирдилар
дадам.
– Ким билсин энди – чет элга чиқиб кетган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи
эмас.
Катталарга қўшилиб мен ҳам надомат чедим. Балки бу муъжиза тошда
вируслар ва бактерияларни нобуд қиладиган нур бордир, балки у билан ракдан
ташқари, спид, вабо, инфарктни ҳам даволаш мумкин бўларди. Эҳ одамлар, одамлар!
Нега бунча хариссиз?!
– Самарқандда бир яҳудий, – давом этди Исҳоқхонов, – «Сеҳрли апельсин»
деган кооператив очиб, ўшанга ўхшаш соққалар ясади. Лекин роса пулни ишлаб
олди.
Биз баралла кулиб юбордик.
Мен орзуларни оловлантирадиган хомхаёллар оғушида сузардим: шу сеҳрли
соққа менда бўлганда нима қилардим, деб хаёл сурардим. Энг аввало бирорта
ярамас ўғирлаб қўймаслиги учун белимга боғлаб олардим. Тоштемирга ўхшаб,
одамнинг кўнгли тортмайдиган табиб бўлмасдим: оқ халат кийиб олиб, яхши
муомалалар қилардим одамларга. Энг аввал камбағал, ҳалол одамларни даволардим.
Бир тийин ҳақ олмасдим улардан. Амалдорлар, бойваччалардан пича олардим...
– Тоштемир пахта масаласини гапирди – тушунолмай қолдим, – ширин
хаёлимни бўлиб, домлага савол бердилар дадам.
Домла андак эслолмай турди-ю, сўнг хотирлади.
– Ҳа, атрофдаги пахтакор хўжаликлар
биздан анча бой. Шунинг учун бизда ҳам пахта эксин, дейишади.
– Ахир, сув чатоқ-ку?!
– Давлат пахта экдирадиган бўлса, сувини етаклаб келади. Гадо бўлиб
юриш тоза жонга теккан.
Анча танаффусдан кейин дадам сукунатни бузиб, Исҳоқхоновнинг ижодий
ишлари билан қизиқдилар, бир вақтлар яхши шеърлар ёзганини эсга солдилар.
Исҳоқхонов ҳижолат тортгандай бўлди.
– Халқ мақоллари, маталлари орасида, – деди ниҳоят, – бағоят
ҳозиржавоблари, ўткирлари кўп. – Аммо улар чапанироқ, айримлари бешармроқ. Ана
шунақаларини тўплаб, сал юмшатишга, маданийлаштиришга бел боғлаганман.
– Масалан?
– Масалан, бўри қарисини сийлабди, қариси – барисини.
Дадам беғубор кулдилар. Домла давом этди.
– Онагни қози сўкса, дардингни кимга айтасан?!
– Яхши.
– Кўрганни – кетини бурган енгибди.
– Тузук.
– Булбулнинг инидай жой.
– Бўлади.
– Ҳам ғўрлик, ҳам пешгирлик.
– Давом этинг.
– Менга тегмайдиган қозонда бўтқа қайнасин.
Шавқовар ва ҳозиржавоб мақоллар Самарқандга кириб боргунимизча давом
этди.
Хайрлашишдан олдин катталар келаси ҳафта олимлр билан тағин Жағалвойга
бориб, НУЖ жумбоқларини тадқиқ қилишга келишб олишди.
ТЎРТИНЧИ БОБ
Фақат хўроз ҳақидамас
Ўзбек тили ва адабиёти фанидан конспект дафтаримни варақлаб, завқовар
саҳифаларни топишингиз амри маҳол. Грамматиканинг чигал қоидалари, жўн
диктантлар, турфа мавзулардаги баён ҳамда иншолар... Исҳоқхононинг анчайин
талабчан муаллим эканлигини таъкидлаб ўтишим керак. Масалан, Артур бир амаллаб
диктант қораласа, қувониб «беш» қўядию, мен нисбатан мураккаб мақолаларни
таржима қилганимда ҳам бу баҳони кўзи қиймагандай бўлиб тураверади. Аммо бундан
заррача ўкинмайман, баръакс ҳазил аралаш хасислигига шаъма қилиб, айтганини
дафтарга тушириб келавераман.
– Агар, – деди бир куни очилиб, – бирорта парранда ёки жониворнинг
ҳаётини кузатиб, дафтарга тушириб келсангиз, чўнтагимда олиб юрган ягона «беш»ни
сизга тақдим этардим.
Мен баҳога унчалик қизиққаним йўқ, аммо вазифа қизиқарли бўлиб туюлди.
Зоологиядан фенологик назорат ўтказиб, қалдирғочнинг ин қуриш жараёнини
кузатгандим. Нар ва мода қалдирғоч соатига неча бор лой ташиди-ю уни қай тариқа
ёпиштириб кетганини қоғозга туширгандим. Аввалига ана шу жараённи жилла
кенгайтириб, чуқурлаштириб, домлага тақдим этмоқччи бўлдим. Кейин фикримдан
қайтдим – шундай самимий одамга нисбатан алдам-қалдам иш тутгим келмади. Кейин
эса ўйлаб-ўйлаб ҳамқишлоғимиз Рофе амакининг даканча лақабли бахтиқаро
хўрозининг қаламга оладиган бўлдим.
Мазкур воқеани дафтарга туширишдан олдин уни бор бутунлиги билан ҳикоя
қилиб бермоқчиман.
Аввало шуни ёдовар қилиб қўйишим
жоизки, бу саргузашт фақат хўроз ҳақидамас. Шунинг учун гапни унинг соҳиби –
Рофе амакидан бошлаганим ўринли.
У киши Самарқанддаги «Красный двигатель» заводида ишлайди; билишимча,
тракторлар учун поршенлар ясайди. Рофе амаки хушфеъл ва муте одам. Муте одамлар
хоксор бўлишади, аммо шуниси ёмонки, дуч келган қаланғи-қасанғи уларни оёқости
қилиб кетгиси келаверади. «Бизнинг заводдай яхши корхона йўқ, дейди кулибгина
Рофе амаки эрталаб ушлаб кетишади, кечқурун келтириб, қўйиб юборишади».
Автобусда олиб бориб, олиб келишларини таъкидлаш яхши, албатта. Аммо киши ўзини
бу оҳангда ерга уриб гапиришига не ҳожат?!
Камбағал бўлса ҳамки, бундан зиғирча дилғаш бўладиганлардан эмас у
киши.
Рофе амаки яшайдиган ҳовли катакдайгина бўлиш билан бирга учбурчак ҳам.
Сабаби: ота-она вафотидан кейин даргоҳ учга бўлиниб, мазкур оилага теккани шу
бўлиб қолган. Тўғри, тақсимот пайтида анча-мунча дилсиёҳликлар ҳам бўлиб ўтган.
Рофе амаки-ку ўз вазминлигида турган, аммо хотинлар бир-бирларини роса балчиққа
булашган. Девордармиён акасининг хотини Офият (қўшнилар Офат келин дейишади.
Унга худонинг ўзи тенг келсин). Рофе амакининг гадодай қашшоқлигини, хотинининг
бозорчилигини ( у жияк тўқиб сотади) юзига солган. Аммо гап Рофе амакида ёки
унинг ночор аҳволи, катакдай (учбурчак) ҳовлиси хусусида эмас, балки бирданига
кўпчиликнинг оғзига тушган... дакан хўрозида.
Биз таърифламоқчи бўлган жангари хўрозни Рофе амакининг хотини
Панжакент бозоридан харид қилганида чий-чийлаб юрадиган жўжа бўлган. Жияк
сотгани борган аёл оловдек товланаётган жўжаларни кўриб, ҳаваси келади ва
бештасини сотиб олади. Унинг биттаси йўлда нобуд бўлади, қолганларининг
иккитаси хўроз, иккитаси макиён бўлиб чиқади.
Кунлардан бирида амакининг еттинчи синфда ўқийдиган ўғли икки
жўжахўрознинг жиққамушт бўлиб уришаётганини кузатиб туради-ю, ғолиб чиққанига
меҳр пайдо қилади.
Тағин бир куни ҳалиги бола даканчанинг ўз акси билан уришаётганидан
воқиф бўлади. Кимдир деворга суяб қўйган тошойнадаги акси билан чинакамига жанг
қилиши уни қизиқтириб қолади. Сўнг бу шавқовар спетаклни бот-бот такрорлаб,
хўрозча шижоатини дадасига, дўстларига ҳам кўрсатади.
Орадан бир йил ўтиб, даканча таниб бўлмас даражада ўлғаяди. Ана
паҳлавонларга хос виқор билан қадам босишлар-у, амалдорларга хос дўқ-пўписалар!
Оёқлар йўғон, узун; панжалар темирдек бақувват, нигоҳлар қарчиғайникидек ўткир,
тирноқлар шамширдек тез. Дўриллаган овозларда зардаю важоҳат! Қўшни
ҳовлилардаги хўрозларгина эмас, итлар ҳам зириллаб қолишади ундан.
Даканчанинг қўшни ҳовлидги рақиби хусусида сўзлашдан аввал бу
даргоҳдаги одамлар ҳақида тағин бир бор тўхталиб ўтишга тўғри келади. Мазкур
ҳовлида Рофе амакининг акаси жангари хотини билан яшашини айтиб ўтган эдик.
Ўшанда – овсини жўжа харид қилганини эшитиб, бу аёл бирайўла ўнта оқ жўжа олиб
келади. Улар ҳам балоғатга етиб, олди тухумга кирганини айтиб ўтишим керак,
албатта.
Даканча ўшанда илк бор баланд деворга сапчиб чиқди-ю, чиннидай оппоқ
товуқни кўриб, юраги ҳипқириб кетди. Томирларида шимол қони гупираётган бу
оқтомоқнинг кўкраклари бағоят бўлиқ, дудоқлари силлиқ, оёқлари жажжи эди.
Даканчанинг хўрозларга хос шаҳвоний ҳирси кўпириб турганда бошқа товуқлар ҳам
пайдо бўлиб қолишди. Бу ойимтиллаларнинг ҳам бари оқ либосда бўлиб, ўзлари
сервиқор-у серноз эдилар. Наҳотки шунча таннозни қўриқлайдиган, уларнинг
эҳтиросини қондирадиган хўроз бўлмаса?! Йўқ, бор экан, аммо шуниси ғалатики,
уни расман товуқлардан фарқлаш мушкул эди: ранги оқ, бўйни, оёғи қисқа. Фақат
шалпайган тожи, осилган бақ-бақасига қараб ажратса бўларди. Даканча бир лаҳза
иккиланиб қолди. Унинг пастга тушгиси, ўша оппоқ паризодга мавҳум туйғуларини
изҳор этгиси, донлар топиб бериб, кейин бебош эҳтиросларини қондиргиси келди,
аммо табиат ато этган инстинкт, хавотир бунга йўл бермади.
Ҳовли поёни пастак тутчазорга туташиб кетган. Пилла қурти учун экилган
тутчазор товуқларнинг энг мақбул сайргоҳи. Даканча мазкур хилватгоҳда юрган оқ
товуқларни учратиб қолди-ю, ички бир қумсаш билан илк бор учратгани – оқтомоқни
излади. У чеккароқда ёлғизгина сайр қилиб юрарди. Даканчанинг шаҳвоний
туйғулари гупириб кетди. Бориб андак хушомадгўйлик, шакаргуфторлик қилмоқчи
бўлганда, ҳалиги оқ хўроз қоматини ғоз тутиб, қа-қалаб қўйди: аниқроғи,
даканчани сўкди, падарқусур! Гарчанд бу пўписа табиий ҳол бўлса-да, даканчага
ботиб тушди. Ҳа, у ҳақорат эшитиб
кетаверадиган лакалов, ҳезалаклардан эмасди: жавобан зардалироқ овоз чиқарди ва
икки хўроз дуэлга чоғланаётган рақиблардай беҳудуд ғазаб билан бир-бирларига
юзма-юз бўлдилар; бўйин патларини ҳурпайтириб, ваҳму важоҳатларини намоён
этдилар. Улар ғазабнок нигоҳларини бир-бирларига қадаганча тикилиб қолишди. Йўқ
агар рақиби бирини бўлиб ташланмаса, даканча, мухбирлар тили билан айтганда,
низони тинч йўл билан бартараф этишга тайёр эди. Модомики, оқлар томон ҳамжиҳат
бўлиб яшашга рози бўлмас, киборлик қилар экан, унинг ҳам хўрозлик ғурури
жунбўшга келиши табиий. Рақиб унинг нақ тожини мўлжалга олиб, ҳужум қилабошлади.
Аммо табиат дакан хўрозлар тожини қисқа, қаттиқ қилиб яратганини ҳисобга
олмаганди у. Зум ўтмай ўзининг шапалоқдай тожи қонаб, курашишга халақит
берабошлади. Кейин эса оқларнинг мағрур саркардаси ўз қаршисида навқирон ва
анча-мунча курашларда чиниққан хўроз пайдо бўлганини ич-ичдан туйди, шекилли
чекиниб қўяқолди. Таомил талабига кўра: даканча уни нарироққанча таъқиб қилиб
борди-ю сўнг ҳеч гап бўлмагандай барини унутди. Аввал ўша оқтомоқ соҳибжамолга
яқинлашиб, унга алланималар топиб берди, хушомадлар қилди. Сўнг... начора, хўрозчилик. Кечгача эса бошқа ойимтиллалар
билан ҳам «шўхлик» қилиб қўйди.
Эртаси эса оқтомоқ тутзорга чиқавермагани сабаб боғ эшикдан кириб
борди. Шундай бўлиши табиий ҳолдай оқ хўроз ҳам ўзини бир чеккага олди. Бевафо
товуқлар хўжаларидан кўра даканчага кўпроқ ҳабиб бўлиб, мойилликларини изҳор
этишган бўлишса ҳамки, у кўпроқ ўз малаги билан бўлди.
Шу тариқа даканчага тегишли ҳудуд сарҳади кенгайиб, у мазкур
музофотнинг ҳокими мутлақи бўлиб бораверди. Эндиликда тутчазорни четлаб ўтадиган
Обидашт ариғигача бўлган катта империя унинг тасарруфига ўтган эди. Ариқнинг
нарёғида ҳам аллақандай хўрозлар овозини бот-бот эшитар, уларни зоҳиран
хушламас, барини буйсундиргиси келарди. Ҳа, бу атрофдаги талай хўрозлр у билан муросаю мадора
қилишдан ўзга йўл йўқлигига ишонч ҳосил қилгандилар. Ана шу забту зафарларнинг
бари унга куч ва ғурур ато этар; маҳорати ҳам такомиллашиб, тўлишиб борарди.
Бир куни даканча тутзор оралаб ҳарбий саркардаларга хос виқор билан
юрганда, Обидашт томондан азимжусса хўроз нописандлик билан бостириб
келаётганини кўриб қолди. У ўз авлодидан, яъни даканлар сулоласидан бўлса ҳамки
жуда серсавлат, оёқлари ғайритабиий узун, йўғон; овозида оқсуякларга хос зарда,
худписандлик, ашрафлик зоҳир эди.
Кутилмаган кибор меҳмон (балки босқинчи деса ўринли бўлармиди) Обидашт
ариғининг нарёғидаги данғиллама ҳовлида яшашини, Қиём қимор деган бойваччанинг
эркатойи эканлигини, лағат1 (тепувчи) лақаби билан бутун воҳага донг таратганини, ҳар
якшанба Афросиёбда бўладиган хўроз жангларида иштирок этиб, соҳибининг ҳамёнини
қаппайтиришини; хўжаси бу арзандани канакунжут, қони сизиб турган тузланмаган
гўшт билан боқишини даканча билмасди, албатта. Лекин мулкини топтаб келаётган
бу худписанд кучли ва маккор эканлигини ҳис этиб, дили хуфтон бўлди. Табиат ато
этган азалий таомилга кўра қоматини адл тутиб, акбарона қақиллаб қўйди: бу
ерларни сўрайдиган заминдор борлигини аён қилди. Лаънати лағат бўлса шавкати ва
нописандлигини атайин ошкорароқ намоён этиб, ҳирс тўла нигоҳларини товуқлардан
узмаганича қадамини тезлаштирди. Вой, ғаркўз! Сурбет! Сендақа задагоннинг
зорини!... Бу ердагилар чумолимидики, оёғинг остига алиб, эзғилаб кетаверасан?!
Даканча макиёнлар орасидан яккакифт бўлиб чиқди-ю, рингга тушган боксчидай
чоғланиб турди. Ногаҳоний келгинди саросималанмай, ортиқча ҳаракат қилмай,
бошини жилла ҳам қилиб, босиқлик билан кузатиб турди. Даканча андак
шошқалоқлик, қизиққонлик ва жаҳл билан унга ташланди ҳамда илк зарбдаёқ кўксига
санчилган тиғдан жони зирқираб кетди. Ҳа, лағат фақат чўқиб олишнигинамас, бирайўла оёғи
билан тепиб, ханжардек ўткир тирноқларини ғанимининг кўксига санчишнинг кифтини
келтириб қўярди. Навбатдаги ҳужумдан сўнг даканча гангиб кетиб, орқаси билан
йиқилди, лекин чапдастлик билан ўрнидан туриб, беомон ва тенгсиз жангни давом
эттирди. Қаршисидаги куч раҳм-шафқатсиз бўлиш билан бирга оғир вазнли эди.
Даканча рўпарасида чандон устун ғаним
турганини ҳис қилди ва ноилож, умрида биринчи бор чекинди. Лекин дилидаги
беҳудуд бир интиқом, ғазаб ёлқинланиб қолаверди. Начора, ал-қасосул минал ҳақ,
деган талаб фақат жамиятда эмас, табиатда ҳам ҳувайдодир.
Шундан кейин даканча бирор ҳафтагача тутчазорга қадам қўймади. Бу
муддатда у учбурчак ҳовлига ҳам чиқмади, десак ноўрин бўларди – бот-бот
қўшниникига ҳатлаб, оқтомоқ билан учрашиб турди. Аммо ҳалиги мустабид золим
билан юзма-юз бўлишга ҳамон юраги дов бермасди.
Чекиниш ҳамиша ҳам мутлақ мағлубият эмас. Чунки, йиқилган курашдан
тўймас деган қоида амал қилиб туради-да. Шунинг учун, гарчанд, юзи андак шувит,
юраги зоҳиран зириллаган бўлса ҳамки, эрталаб деворнинг устига чиқиб, бир икки
бор зардали қичқирди-ю, ўзини тутчазор томонга отди. Ҳар қалай куни билан лаънати муштумзўрдан дарак
бўлмади. Шунга қарамай, дилининг аллақаеридаги хавотир уни сергакликка даъват
этиб турарди. Лекин кўп ўтмай яккаҳокимлик иштиёқи устун келиб, қанотларини
қоққанича дағдаға қилиб қўйди: кейин соҳибжамоллар даврасида айш-ишрат қилиб
юраверди.
Эртаси тушга яқин устига девдай бўлиб бостириб келаётган лағатни кўриб
чўчиб кетди у; чекинмоқчи ҳам бўлди-ю, аммо макиёнлардан, айниқса, оқтомоқдан
ҳижолат чекдими ёки умуман ғурури йўл бермадими – жангга ҳозирланди. Энди
даканча ўткир тумшуқларини ишга солиш билан бирга иккала оёғини ҳам шашт билан
олдинга чўзарди. Тўғри, у кўпинча мўлжални аниқ ололмас, аммо бу билан ўз
вужудини ногаҳоний зарбалардан ҳимоя қилишга улгурарди. Золим ёв унинг
бақбақаси ёки тожини мўлжалга олаётганини фаҳмлаб, маневрлар (таъбир жоиз
бўлса) билан бошини олиб қочишни ўрганди. Бечора даканчанинг кўкси, бўйнидаги
патлар юлиниб, бот-бот боши ва кўксига тиғ санчилгандай бўлар, аммо буларнинг
барига сабот билан чидаб берар, ҳар бир зарбдан сабоқ чиқаришга ҳаракат
қиларди. Зум ўтмай даққоқ ва бераҳм рақибидан, ҳарбийлар ибораси билан
айтганда, талай тактика ва стратегияларни; ҳийла-найрангларни ўрганди. Аммо шуларнинг
барига қарамай ҳар зарбдан кейин у орқага сурилиб кетар, чунки бундай пайтда
лағатнинг оғир вазни иш бериб қоларди. Даканча тағин чекинди. Чунки лағат уни
тобора деворга қисиб бораётганди.
Бокс ва футболда: муҳофазанинг мақбул усули – ҳужум, деган ҳикмат бор.
Эртаси даканча кураш майдонига дадил чиқди-ю, ҳеч иккиланмай зилдай оғир,
илондай маккор ғанимига ташланди. Икки томони тутлар билан тўсилган ўтлоқ
устига талай заррин патлар тўкилди, нозик майсалар топталди. Бу гал даканча
шунга ишонч ҳосил қилдики, агар у оёқларини ерга маҳкамроқ тираб, гавдасини
олдинга зарб билан ташласа, чекинмаслиги мумкин экан. Энди оёқларини ишга
солиш, бошини муҳофаза қилиш билан бирга рақибининг оғир зарбига ҳам туриб
беришни ўрганиб олди. Тағин: қараса, лағат икки қанотини андак ёзиб жанг қилар
экан. Бу билан тана мувозанатини сақлаб қолади ва даканчадай йиқилиб кетмайди.
Сўнгги раундларга келиб, ҳолдан батамом тойган боксчиларни
кузатганмисиз? Улар ашаддий рақибликларини ҳам унутиб, бир-бирларига осилганича
нафасларини ростлаб олишади. Қирпичоқ бўлиб ўришаётган хўрозлар шу ҳолга
тушишди: бир-бирларига елкама-елка суяниб қолишди. Худди шу лаҳзада лағат тағин
бир пинҳоний макрини ишга солди: даканчанинг тожидан тишлаб, уни ерга босди.
Оғриқ азобидан бечоранинг кўз ўнги қоронғулашиб кетди; ўлиб қолишдан чўчиди.
Шунинг учун ҳам аввал жон талвасасида фарёд чекди, кейин эса золимнинг
чангалидан чиқиб бадар қочди. Лағат уни
қувмай қўяқолди, чунки ўзи ҳаддан ташқари чарчаган эди.
Даканча жаъми ҳийла-ю найрангларни ўрганиш билан бирга муҳим, ҳа, жуда
муҳим бир ҳақиқатни англаб олди: ғаним унга қараганда кексароқ эди – унга
нисбатан тезроқ чарчаб қоларди. Ғалатида:
тажриба-ю савлатдан ташқари куч ҳам бор, аммо ана шу қувват сарфлангач, уни
тиклаб олиш қийинроқ кечади. Буни унинг ўзи ҳам яхши билади. Шунинг учун
қувватни бағоят хасислик билан харжлайди, ўзини у ёқ бу ёққа ташламай, турган
жойида жанг қилади.
Даканча бу гал узлуксиз ҳужум уюштирди. Ёвлашиб қолган бу икки вужуд
энди бир-бирларига умуман тикилиб туришмас, аниқ маром, шиддат билан
ташланишар, чекинишни эса ҳеч ким хаёлига келтирмасди.
Ўйлаб қоласан киши: нега табиат жаъми мавжудотларнинг эркак зотини
бир-бирига ўчакиштириб қўяди? Нечун бу
азоблар – мардликнинг машаққат синовлари?! Мулк учунми? Ор-номус учунми? Жуфти ҳалол
учунми? Ахир, биз уларни онгсиз мавжудот деб биламиз-ку! Бу ҳаракатларнинг бари
авлоддан авлодга ўтиб келаётган инстинкт деб ҳисоблаймиз. Гоҳ-гоҳида бу илмий
хулосага шубҳа билан қараб қолади киши. Наҳотки бу ҳаяжонли, саботли ва гўзал
кураш онгсиз олишув бўлса ?! Наҳотки тафаккур зарраси бўлмаса: бу ҳийлалар,
шижоатлар ва тағин алланималарда?!
Майли. Биз табиат қонунлари ҳақида нимани ҳам билардик. Кўп
ҳақиқатларни билмаслигимизни биламиз, холос. Билмаганимиз учун ҳам инкор этиб
қўяқоламиз. Чунки бу усул жўн, осон.
Узоқ олишувлардан сўнг батамом ҳолдан тойиб, оёқ босишга ҳам мажоли
қолмаган бу эркаклар оғизларини каппа-каппа очганларича икки томонга бабаравар
чекинишди. Мазкур ҳолни шарҳлайдиган бўлсак, табиатнинг яшаш учун кураш деб
аталадиган қонунини ёдга олишимиз, унинг мантиқини мададга чақиришимиз зарур
бўлиб қолади. Мазкур қонуният талабига кўра тирик мавжудот ўз авлодидан бўлган
душманини ўлдириши мумкин эмас! Кучлар тенг келганда, низоларга чек қўйилиши
шарт!
Тўғри, қайсар одамлар бу талабни оёғости қилишди, улар бир-бирларини
ўлдириш учун не-не маккорликлар, ёвузликларни ишга солишмади?! Майли чалғиб
кетмайлик: гап одамлр ҳақидамас, жониворлар хусусида кетяпти-ку!
Лағат шу даражада чарчадики, айни пайтда қочишга ҳам мажоли қолмаганди.
У чекинди – рақиби Обидашт ариғигача қувиб борди.
Афсуски. Бу ҳам ҳали тўла маънодаги зафар эмасди. Ғанимни нақ катагигача қувиб бормай хотиржам бўлиш
ясама тантана ҳисобланарди.
Ўтган кунлар давомида жароҳатлар битиб, курашга бўлган ташналиклари
ошди ва душанба куни тушга яқин юзма-юз бўлдилар улар. Якшанбада эса лағат
Афросиёбдаги даврага тушиб, Арабхона ҳамда Панжакентдан келтирилган икки номдор
хўрозни қочиргани, Қиём қиморни тағин бир ярим минг сўмлик ютуқ соҳиби
қилганини; зафарнинг тотли нашидаси фақат хўжасини эмас, хўрозни ҳам сарафроз
этганини даканча билмасди, албатта.
Ҳакам: «бокс» дея беомон ва бешафқат курашга фатво
берганидек, иккала хўроз ички бир ҳукму даъват билан кураша тушдилар. Бугун
сўнгги жанг бўлиши, тутчалар орасида бошланган интиқом ё учбурчак ҳовлида ёки
Обидашт ариғининг нарёғидаги серҳашам даргоҳда якун топмоғи мантиқ тақозоси
эди. Қонли машмашаларга барҳам бериб, зафар замзамасини суриш пайти келганди.
Жанг давом этарди!
Табиатнинг тағин бир жумбоғи хусусида хаёл суриб қоласан киши.
Атрофдаги товуқлар, ҳатто хўрозлар ҳам ор-номус, ҳаёт-мамот жангига ўта бефарқ,
беъэтибор эдилар. Одамлар бўлганда, бир-бирларини ажратиб қўйишарди. Йўқ,
ажратишдан олдин аллақандай манфаатларни кўзда тутиб, тарафкашлик қилишарди ва
зиддият жиддиятга айланиб кетарди. Табиатда эса буларнинг ҳеч бирига ҳожат йўқ.
Ўрмонда кучлилар яшайди, деган қонуниятни эшитган чиқарсиз?! Табиат кучлиларни
сийлайди. Мадомики шундай экан, улар ўз қудратларини мардона намоён этмоқлари
шарт!
Даканча чекинди. Аммо бу ҳийла эди. Икки қадам ортга, бир қадам олдинга
деганларидек, лағат уни озроқ бўлса ҳам қувиб борса, ҳолдан тезроқ тойиши
эҳтимолдан узоқ эмасди-да! Лағат қувди, чунки умр бўйи шон-шавкатларга, олқиш-у
саноларга сазовор бўлиб келган бу азамат учун чекиниш ўлим билан баробар эди.
Аммо кутилмаганда рақаби ортга бурилди ва аввалгидан ҳам шиддатлироқ ҳужумга
ўтди. Ногаҳонда гангитиб қўядиган устма-уст зарбалар ўз кучини кўрсатабошлади.
Кураш уйига яқин жойда бўлаётгани учун ҳаттоки қадрдон девор ҳам дилига мадад
эди унинг. Лағат қочишга мажбур эди. Обидашт ариғидан ўтиб олса, уёғи
рўшноликдай бўлиб туюларди.
Йўқ, навқирон ёв учун Обидашт ариғи марра чизиғи эмас экан. Даканча
ариқдан қандай зарб билан ўтган бўлса, ўша шашт билан қувиб бораверди. Бундай
бўлишини кутмаган лағат тағин тўхтаб, ортига ўгирилди, аммо бечора шу даражада
ҳолдан тойган эдики, рақибининг биринчи зарбасиданоқ умбалоқ ошиб кетди. Кейин
эса патлари сийраклашган кўкраги, чайир бўйнига тушаётган беҳисоб зарбалардан
халос бўлиш илинжида нажот қалъасига қараб қочди. Жонларига тегиб кетган эди –
буларнинг бари!
Ҳовли ўртасида баланд, ҳашамдор шийпон қурилган бўлиб,
унда уч шермаст забту зафарлари ҳақида сершавқ суҳбат қуришарди. Буларнинг
андак сарбаланди, сармаст ва зармасти Қиём қимор бўлиб, меҳмонлар (иккаласининг
ҳам номи – Ҳасан) савдо ҳамда чайқов билан
шуғулланадиган, гоҳи-гоҳида хўроз уриштирадиган, аммо бу борада омадлари
унчалик чопмай юрган бойваччалар эди. Қиём қимор такрорларди.
– Генага айтдим: ўша мақтаган итингни олиб кел, агар хўрозим бир чўқишда
қочирмаса ноль олтимни1(“Жигули”) олиб кетавер!
Бу гапдан (гарчанд такрор бўлса ҳамки) меҳмонлар қаҳ-қаҳ этиб кулишади,
лағатга ҳамду санолар ўқишади.
– Йўқ, арабни айтаман, арабни, – сарафроз бўлиб, овозини тағин
баландроқ пардага кўтаради мезбон, – етти юзни санаб берди-ю, хўрозининг
бўйнини шарт узиб ташлади, даюс! Ай, баччағар, жониворда нима гуноҳ?! Жаллод!!
Ҳовлида қувишиб юрган хўрозларни Қиём қимор дастлаб
илғамадими ёки эътибор бергиси келмадими – буни айтиш қийин. Кейин эса
ногаҳонда шапалоқ егандай ёки устига совуқ сув сепилгандай қотиб қолди.
Уни шуҳратларга эш қилаётган, шарақ-шарақ пулларга кўмаётган хўрозини
(гарчанд афтодоҳол бўлса ҳамки) таниб қолганди. Ҳа, туйғулари уни алдамаганди: оғизни каппа-каппа очиб,
қаноатларини беҳол ёзганича, рамақдажон бўлиб қочаётган хўроз, афсуски, унинг
арзандаси эди.
Қиём қиморнинг кўз ўнги қоронғулашиб кетди. Кемаси ҳалокатга учраб,
ноумид қолган кишидай руҳи тушди; иснод ва номусдан вужудига титроқ кирди.
Кейин эса лоп этиб ёдига деворда илиқлик думила милтиғи тушди.
Йўқ, у ҳалиги арабдай жўмард эмасди – мана шу баланд айвон, пишиқ
ғиштдан тикланган иморатлар, дарвозахонада ялтираб турган «Жигули»; қолаверса
қанчадан қанча завқли, ғурурли дақиқаларни ато этган лағатни отиб ташлолмасди.
Иззат-нафси, ғурурини оёқости қилган лаънати даканчани аспаласопинга жўнатишга
аҳд қилганди у. Шундагина қасосга ўч дили бироз таскин топиши мумкин эди.
У шашт билан қуролни олиб чиққач, Ҳасан (биринчиси) жуда вазминлик билан унинг қўлини
тутди.
– Тўхта, жўра, жаҳл келса, ақл қочади. Сен ҳалиги баччағар арабдай
қизиққон бўлма! Жониворда нима гуноҳ?!
– Қўйвор...
– Йўқ, ногаҳонда милтиқ отиш бехосият иш!
Жўяли гаплар! Шундай эмасми?! Аммо бу одам дўстини инсофга чақирганда,
ана шу ишнинг фақат «гуноҳ эканлиги», «бехосиятлигини» назарда тутди, десак
бирқёламалик бўлур эди. Ҳасан ҳам
узоқни кўрабиладиган, маккор корчалонлардан эди. Лағатдек донғи кетган хўрозни
олдига солиб келаётгн қаҳрли куч, доимо ғолиб, НАВҚИРОНЛИК эканлигини
тирноғининг учигача ҳис этганди у. Бу навқирон қудрат тасодифий эмаслигини
туйиш билан бирга, ички бир ҳирс юрагини таталаб, ана шу ғолибни қўлга
киритишга даъват этабошлаганди. У лағатнинг бу мағлубиятидан зоҳиран мамнун
эди; бир вақтлар унга харидор бўлганлиги, аммо беш минг сўмни тилга олганда ҳам
қайсар Қиём кўнмаганлигини эслади. Энди эса худо, ол қўлим, деса.. Ким бўлди
экан – бу зафарбахш хўрознинг нусрат соҳиби???
Қиём тепкини босмади. Йўқ, бунга фақат дўстининг мантиқли маслаҳати
сабаб бўлгани йўқ. Ногаҳонда унинг ҳам худбин дилида ана шу қиличдай кескир
хўрозни қўлга киритиш нияти пайдо бўлганди. Лекин у бўғзига тиқилиб келган
қаҳру заҳрини кимгадир сочиши керак эди. Овозини ғайритабиий кўтариб, ўғлини
чақирди, лағатни кўздан қочириб қўйгани учун бешарм гаплар билан сўкди уни.
Бола йиғлаб юборди.
Фақат янги манзилгоҳни эмас, улфатларнинг харис дилларини ҳам забт
этган бу зафар соҳиби Рофе камбағалга тегишли эканлигини аён бўлгач, дўстлари
сингари иккинчи Ҳасан ҳам дафъатан енгил тортди.
Сабаби: Рофе амакининг хотини билан узоқ қариндошлиги бор эди. Аёлининг гапини
эри икки қилолмаслигидан ҳам воқиф эди у. Нима қилиб бўлса ҳам хўрозни қўлга
киритиш керак!
Табиийки, даврадошларнинг мастликлари тарқалди, гурунгга совуқлик
тушди. Улар бир-бирларига ясама илтифотлар, ноўрин тавозелар қилиб тарқалишди.
Биринчи Ҳасан такси тутиб, тўғри «Красный
двигатель» заводига йўл олди. Рофе амакини ноўнғай бир ҳайратга солиб, дастгоҳи
ёнидан четга олиб чиқди. Йўл-йўлакай режалаштириб келган мўлжалларини ишга
солди.
– Бемаҳалда излаб келганимдан ажабланманг, – деди ясама
ҳазил-мутойибалардан кейин, шу уйингиздаги товуқларни бизга совға қиласиз. Ҳавасим келди.
Рофе амаки бу одамнинг нагоҳоний ташрифидан қанчалик ажабланган бўлса,
томдан тушган тарашадай таклифидан тағин ҳам анграйиб қолди. Нима дейишини
билмай энсасини қашлади, дудуқланди. Суҳбатдоши уни ноўнғай вазиятдан чиқарди.
– Менга айтинг: уйда нечта товуқ бор?
– Хўроз-у макиён – тўртта. Хотин бултур Панжакентдан...
– Шу тўртталасига неча пул берай, – унинг сўзини кесди Ҳасан, – Эркакчасига дангал қилиб айтаверинг!
– ...?!
– Хотинингиз нари борса икки сўмдан олгандир. Шундайми? Мен
тўртталасига юз сўм бераман. Бўптими?
– Майли.
– Кам бўлса айтинг...
Бу валламатлик эмас, қитмирона занчалишлик эди, албатта. Рофе амаки
кўнгач, харидини кечқурун олиб кетишга сўз берди. Аммо ишдан қайтган Рофе амаки
остонасидан ҳатламаёқ уни интиқлик билан кутиб ўтирган Қиём қимор жону ҳолига
қўймай «бир пиёла чой»га таклиф қилиб қолди. Рофе амаки рад этмади, лекин тўкин
дастурхон атрофида қимтиниб ўтирганича коса тагида қанақа нимкоса борлигини
тахминлар, нафс деган оч юҳо инсон боласининг қадр-қийматини тупроққа
қориштиришини хаёлига ҳам келтирмасди.
– Сизга ишим тушиб қолди, – хўрозингизга ҳавасим келиб қолди.
Тарбияласа бўладиган жўжага ўхшайди.
– Боя Ҳасан...
Уёғини айтолмади. Суҳбатдоши устма-уст, пайдар-пай саволлар бериб,
заводда бўлган гуфтигу тафсилотларини сўраб олди.
– У юз сўм деган бўлса, мен минг бераман!
Рофе амаки енгилгина сесканди, кейин эса нима дейишини билмай сукут
сақлади. Машшойихлар эса: сукут – аломати ризо, деб қўйишган.
Бояқиш Рофе амаки бугунги саргузаштларини тўлиб-тошиб ҳикоя
қилаётганда, хотини уни тўхтатди.
– Унисига ҳам, бунисига ҳам сотмаймиз. Ҳасан (иккинчиси, албатта) икки минг берадиган бўлди.
Қашшоқлик! У инсоннинг оловланадиган орзулари устига сепиб туриладиган
совуқ сув; у мақсад куртакларини чилпиб турадиган занглаган қайчи; у нафасни буғадиган илон; у юрагингни санчиб
турадиган мустабид оғриқ! Бу офатдан кимнинг холос бўлгиси келмайди дейсиз? Умр
бўйи қўлига икки минг сўм пул тутмаган рўзғор учун бу омад барча эшикларни
очадиган саодат калити бўлиб туюлди! Эҳ, эр хотиннинг гапзанонлари нақадар
латофатли, сершавқ бўлиб кетганини кузатганингизда эди ўшанда! Орзулар сароби
уларни юксакликларга кўтарар; бийрон ва бир-бирларига меҳрибон қилиб қўйганди.
– Беш юзини шундай бригадирга тутқазиб, тутчазордан тўрт сотих ер
оламиз, – деди аёл, – шундан кейин ҳовлимизга кирган кишининг кулгиси келмайди,
у чоркунжак бўлади. Кейин тўйлар қиламиз.
– Билганингни қил, – рози бўлди эри, – менга икки юзини берсанг,
санаторияга бориб келардим – зора шу оёқ оғриқдан қутулсам...
Аёл аллақандай бисотларни тилга олаётганда, биринчи Ҳасан кириб келди. Эр-хотин ноўнғай ҳолга тушишди.
Меҳмон гапнинг индаллосиданоқ кеч қолганини тушунди. Вале умидини узмай
дангалчилик қилди.
– Одамнинг лафзи ҳалол бўлиши керак. Аслида биринчи савдо ҳисоб.
Мадомики ким ошди бўлса, бунисидан ҳам қайтадиганлардан эмасмиз. Икки ярим минг
бераман. Маъқул бўлса, ўғлингиз хўрозни элтиб берсин.
У чиқиб кетиши билан даканчани олиб кетиш учун Қиём кирди ва воқеа
ривожини эшитиб, ғазабланди; орқага тисарилмай, тағин минг сўм қўшадиган бўлди.
Оила мавҳум бир фалокатдан, ногаҳоний омадсизликдан хавотирга тушди,
эҳтиёткорликни оширди. Хўрозларини назардан қочирмаслик билан бирга унинг
баҳоси тағин ошишига илҳақ бўлиб ўтиришди. Лекин ногаҳонда тилга тушган
даканчага аниқ нарх белгилашолмас, бунга қувваи ҳафизалари ожизлик қилар, фалон
минг сўм пул ҳам уларни аврашдек, йўлдан уришдек бўлиб туюларди; қатъийлик
етишмасди, бояқишларда.
– Мен охирги марта келяпман, – деди бир куни Ҳасан зарда билан, – минг қўйлининг иши бир қўйлига
тушибди: яхшилаб ўйлаб олинглар – ноль олти «Жигули»мни номларингга ўтказиб
бераман.
Улар тағин сукут сақладилар. Вале бу сукут аломати ризо эмасди, балки
туманли бир дудмаллик эди. – Рофе ака, ўзингиз ўйлаб кўринг, – давом этарди
харидор, – шунча йил заводда ишлаб, бирингиз икки бўлмади. Бу мошин билан икки
кунда бир ойлик маошингизни ишлаб оласиз!
У машинасининг нархи бозорда йигирма минг эканлигини таъкидлаб, бундай
омад кишининг эшигини фақат бир марта қоқиши мумкинлигини ҳам қистирди.
– «Жигули» бўлса «жигули», – деди ундан кейин келган Қиём, – меникининг
мотори уникидай ноль учникимас. Ранги ҳам молочный. Ҳозир десангиз ҳам калитни тутқазиб кетавераман.
Рофе амаки хотинига қаради, аммо аёл ҳам бундай катта масъулиятни
гарданига ололмасди. Буни ҳис қилган Қиём қимор ўйлаб ўйлаб кўриш учун бир
ҳафта муддат белгилади.
Дафъатан катта бойликка эришган қашшоқ киши нимаси биландир ногаҳонда
занжирини узган қулни эслатади. Бу қулни ҳали озод ҳам, бахтли ҳам деёлмайсиз.
Чунки у тайёр эмас буларнинг барига.
Даканчанинг ҳаёти мушкуллашиб қолганди. Уни кўпинча қамаб қўйишар,
аҳён-аҳёндагина озодликка чиқаришарди. Жонивор эса биқиқ катакка кўниколмас,
оқрухсор нозанинини, бирёғи Обидашт ариғигача чўзилиб кетган ўтлоқларни дард
билан қумсарди.
Бир куни катакдан чиқди-ю, ички интиқлик билан қўшни ҳовлига ўтди.
Шукурки, оқтомоқ шу ерда экан. Улар бағоят хушдиллик ва дилафрўзлик билан
донлашиб юрган пайтда қайданам ҳовли соҳибаси пайдо бўлди, даканчага ҳасад
билан узоқ тикилиб қолди. Ахир, бу қандай бедодлик – унинг овсини «Жигули»да
юрса-ю... Барига мана шу хўроз сабаб. У эса ҳаммаси бўлиб икки қадам нарида
юрибди.
Офият (Офат) катакка дон сепиб товуқларини қамади, ҳатто оқтомоқ ҳам
кирди. Аммо даканча сергакланиб, бегона катакка кирмади. Йўқ, аёлнинг ҳали аниқ
режаси йўқ эди. Бу машъум мўлжал кейин пайдо бўлди. Нима бўлса ҳамки, даканчани
гумдон қилиш керак! Шундагина овсини ундан устун бўлолмайди. Ҳамма тенг бўлиши лозим!
Эртаси у бир нечта маккажўхори донини бигиз билан тешиб (эҳ, макри минг
туяга юк бўладиган аёллар!) ип ўтказиб қўйди. Бошқа товуқларни қамаб, фақат
оқтомоғни ёлғиз қолдирди. Мўлжалдаги вақтда даканча келиб, сайр қилиб юрганда,
чиркин ниятини амалга оширишга киришди: уларга оз-оздан дон сепиб, ўзига
кўниктирабошлади. Кейин аёл навбатдаги қадамни қўйди: бир ҳовуч маккажўхорини
сепиб юборди. Даканча шоша-пиша ўшалардан бирини ютиб юборди. Устидан бир нечта
дон егач, ҳиқилдоғидаги ногаҳоний оғриқни, аллақандай куч уни силтаганини ҳис
қилди. Чунки аёл ипнинг нариги учини тортаётган эди. У қичқирмоқчи бўлганди,
овози ҳам чиқмади.
Офият ўлжасини ҳовлиққанича ошхонага олиб кирди, аммо қандай қилиб
унинг жонини олишни режалаштирмагани сабаб, бир лаҳза каловланди. Сўнг бир
оёғини хўрознинг кекирдагига, иккинчисини кўкрагига қўйиб, жониворнинг устига
чиқди. Даканча нола чекиб, ғийқиллади, оғзидан қон келди. Аёл алламаҳалгача
оёғи остидаги вужуд жон талвасасида қалтираётганини ҳис қилиб турди. Тағин бир
неча дақиқадан сўнг гардани шалвираб қолган ўлжасини эски дастурхонга ўраб,
катта пақирга солди. Шундан кейингина дафъатан енгил тортди, аммо аллақандай
хавотир ҳам уни муттасил таъқиб этарди. Машъум қилмишига ҳеч ким гувоҳ
бўлмаганига ишониш учун, бошини деразадан чиқариб, атрофга аланглаб олди.
Кўп ўтмай Обидашт ариғининг тезоб тўлқинлари устида лопиллаб оқиб
кетаётган дастурхонга деярли ҳеч ким эътибор бергани йўқ. Унинг ичида бахтиқаро
даканчанинг жасади борлигини ким ҳам ҳаёлига келтирибди дейсиз?!
Ҳа, маккор аёл жиноятини яшириш учун шу ўнғай йўлни
танлаганди.