ЕТТИНЧИ ҚИСМ
ЎНИНЧИ БОБ
Амалиёт
Тўртинчи курс хотимасида – ёзга келиб, тўрт ойлик амалий машғулотга,
яъни практикага борадиган бўлдик. Декан ўринбосари Комил деган дўстим билан
қўшни туманга йўлланма берар экан, илтифот ифодасила обдон уқдиришга ҳаракат
қилди.
– Шу тўрт ойда тўрт йиллик сабоқ оласизлар. Назария бошқа, амалиёт
бошқа. Қийинчиликлар ҳам бўлади, аммо уларни енгишни ўрганайлик.
У амалиётда бўлган йилларини хотирлаб, ўзини анча-мунча улуғлаб қўйди.
Начора, амалдорчилик...
Домланинг фақат бир гапидан: яъни бошқарма бошлиғи бизни иш, ётоқ билан
таъминлашидан дилимизда илиқ умидлар уйғотди. Ўзим, ҳар қандай қийинчилик
бўлса, «ғинг» демай ишлашга аҳд қилдим.
Биз бошлиқни кўролмадик. Котиба йўлланмани кўргач, эшикни тўсиб,
ветеринария бўлимига киришимизни тайинлади.
Бу торгина хонадаги амаки ҳорғин, асабийдай эди; у йўлланмани
ўқиётганда юзида бирор нимарсани ўқиб олиш илинжида разм солдим, валек қилт
этган ўзгариш сезмадим. Назаримда ана шундай тор хонада фикр, дунёқараш,
тафаккур ҳам тор бўлиб қоладигандай эди.
Кейин амаки, қутилмаганда, чаққон ҳаракат қилиб,
деворни муштлади, шеригим «пиқ» этиб кулди. Билсам: қўшни хонадаги
ходимини шу тариқа чақираркан.
Зум ўтмай бир бақалоқ хизматга шай бўлганидан сўнггина фаҳмладим буни.
Улар аввал қайбирам колхозда
нобуд бўлган бузоқлар хусусида гаплашишди. Аллақандай актларни суриштиргач, бошлиқ мақсадга ўтди – бизни
жойлаштириш зарурлигини уқдирди.
– Практикантларни олмай қўйишди,
– деди бақалоқ.
Унинг расмийроқ забони қандайдир
мешчан фалсафаси менга эриш туюлди.
– Нега олмайди, – бошлиқ, гарчанд бундан хабардор бўлсада, овозини
амалдорларга хос зарда билан кўтариб,
телефон дастагини олди. Унинг бу кескинлигидан ички бир қониқиш туйган бўлсам
ҳамки, тезда бақалоқ ҳақлигига ишонабошладим. Бояқиш ҳарчанд уринмасин уёқдан
надомат ё рад жавоби келаётгани аён эди.
– Бу – Ждановми, – таҳдид билан сўради бу гал номер тергач ва жавобини
тинглар-тингламас саволда давом этди: – ким бор? Раисми, замми, ветврачми...
– ...?
– Ҳа, Сариқулов, – давом этди анча
сукутдан сўнг, – бу бруцеллёз нима бўлди? А, бошқа колхозлар эмлаб чиқди.
Сизлар... Ҳа, вакцинани топиш керакда! Ҳозир шунақа замон!
– ...?!
– Ничево, ҳаммамиз ҳам студент бўлганмиз.
– Тағин андак мулозиматлар, йўл-йўриқлардан сўнг Комил иккаламиз
автобус бекати томон йўл олдик.
Дўстим Комил хусусида илгарироқ ҳикоя қилишим керак эди. Аммо ҳеч
бўлмаганда, кеч бўлган яхши ёки эзгуликнинг кечи йўқ, деган нақлларга амал
қилиб, уни мухтасаргина тарифлаб ўтаман.
Асли самарқандлик. Дадаси Сирдаёрда каттагина лавозимда ишлайди. Аммо
шунга қарамай уйидан «стипендия» олмайди у. Ҳар ҳафта боришда камёб нарсалардан оливолади. Келишда
ҳам. Курсимиздаги талай қозоқ болаларни кийим-кечак билан таъминлаб туради.
– Бизга ҳеч кимнинг кўзи учиб тургани йўқ, – деди у бояги муомалалардан
ранжиганини яширмай. Мен далда берган бўлдим.
Колхозга келиб, биринчи учрашган кишимиз ветврач эмас, врач бўлди.
Идорага раҳбарларни дараклаб келган бу одам ногаҳонда ҳасратдошларини учратиб
қолгандай, дардларини тўкиб солабошлади.
– Бунақа амбулаторияни ёпиш керак! Ақалли йод йўқ. Бинт нима ўзи – шуни
ҳам тополмайман.
Янги танишимиз сергап экан: фермага қараб йўл олар эканмиз, тинмай
гапирар, бир мавзудан бошқасига осонгина ўтиб кетаверарди.
Колхоз Эргашев номига қўйилган бўлса ҳамки, одамлар Жданов дейишга
кўникиб қолишган экан. Врачнинг ҳикоя қилишича, хўжаликни аввал марҳум райком
котиби номига қўйишмоқчи бўлишибди. Ўша саркотибнинг катта лавозимларда
ишлайдиган қавмлари казо-казоларни қўлга олиш билан қаноатланмай, кўп хоналарга
ҳам кириб, масалани тушунтиришибди, розилик олишибди. Кейин катта мажлис
чақирилибди. Масалан овозга қўйиладиган дақиқада бир муаллим (амалдорларнинг
талай режаларини барбод қиладиган ҳам аслида муаллимлар) сўз олиб, хўжаликни
унинг биринчи раиси Хўжаев номи билан аташни таклиф қилибди. Ўттизинчи йилларда
раислик қилган бу одам фамилияси Хўжаев бўлганлиги учун (Файзулла Хўжаевнинг
думи деган баҳонада) «халқ душмани» деб аталган ва беному нишон кетган экан.
Оломон ғала-ғовур қилиб, иккиланиб турганда, ҳайъатда ўтирган прокурор қонуни
пеш қилиб: «Бу – колхозчиларнинг умумий йиғилиши. Таклифни деҳқон-ми,
чорвадорми айтганда – овозга қўйиш мумкин бўларди», дебди. Бу дастакда
аллақандай қитмирликми, адолатсизликми борлигини ҳис қилган одамларнинг
норозилиги тағин ошиб (ахир, муаллим ҳам етти ёт бегона эмас-ку) бир тўхтамга
келолмай турганда, Махфират деган бир сут соғувчи ўрнидан туриб, ҳа йўқ, бе йўқ
шовқин солибди.
– Илойим катталарга қирон келсин! Биттаси ҳам Нурмат акани эсламади. Ҳаммани эсидан чиқди. Кўр бўғурлар!
Гап шундаки, Нурмат ака деган киши урушдан қайтиб шу колхозга раис
бўлган экан. Вақтида мухбирлар бу одамнинг фронтдаги жасорати, колхоздаги фидойиликларини
ёзиб, роса гонорар ишлашган эмиш. Уларнинг қоралаган қоғозларига ишонадиган
бўлсак, Нурмат ака партия билетини окопда олган, бир бор лагерга тушиб, ўша
ердан ҳам қочган экан ва ҳакозо ва ҳакозолар. Орада районда ишлаб келган
йилларини чеклаб ташлайдиган бўлсак, ўттиз йил раислик қилибди. Жуда хоксор,
зукко, ҳалол одам экан раҳматли. Тўй-маъраканинг бошида тураркан, колхознинг
ҳар бир тийинини тежаркан. Бир бор райком бюроси ишдан олганда, одамлар тўполон
қилиб обкомга боришган экан – тағин тиклаб қўйишибди. Лекин ноҳақликни
қарангки, шу одам ҳам «пахта иши» («ўзбеклар иши», «кремл иши») билан қамоққа
олинибди. Суҳбатдошимизнинг бу хусусдаги ҳикояси дийдамни намлатди.
– Каттақўрғон турмасининг ертўласига ташлашди. Қўлимиз ишга бормай
қолди. Одамлар гуррас-гуррас бўлиб, бу ёғи Тошкент, бу ёғи Самарқандга йўл олишади.
Бир мошин ҳар куни Каттақўрғон жўнайди. Раиснинг овозини эшитгани. Бир куни мен
ҳам бордим. Қамоқхонанинг орқасида бир труба бор экан. Ертўладаги бадбўй ҳид
чиқиб тураркан ундан. Бозорвой деган бригадиримиз шу трубага оғизни қўйиб,
раисни чақирди. Бир маҳал уёқдан садо келди. Салом-аликдан кейин пахтанинг
аҳволини сўради. «Сув йўқ, қовжираб қоляпти» деди бригадир. «Чашмани олдини
боғлат, – деди раис, инженердан насос олиб, сувни чиқар! Лапашанг бўма.
Одамларнинг насибаси...:» Кейин ҳалиги аёл саломлашди. «Махфират, яхшимисан,
энажон? Тўйингни қилдингми?» сўради раис. Аёл жавобан увиллаб йиғлашга тушди.
Шошиб трубага оғиз қўйдим. «Раис бово, раис бово, дедим, индамади. Кейин
қаттиқроқ чақиргандим, ичкаридан: «Пошёл н...!» деди бир тўнгу такаббур овоз. Сўнг
бир соқчи келиб, баримизни ҳайдаб юборди.
Хуллас, Нурмат ака бир йил ётиб, оқланибди. Аммо энди у батамом бошқа
одам экан: касалвандлиги устига, камгап, хуркак, одамови...
Ҳаммаси бўлиб, бир ҳафта яшабди Нурмат ака.
«Концлагердаги фашистлар бўлардан кўра раҳмдил эди» дебди ўлими олдидан.
Оллоҳ у кишининг жойини жаннатдан қилсин!
Хуллас, одамлар, бир мушт бўлиб, бир овозга айланиб, хўжаликни шу
одамнинг номига қўйдириб олишибди.
Фермага етиб келганимизда эътиборимни энг аввало унинг пештоқидаги ёзув
тортди: «Жданов номли колхознинг сут-товар фермаси». Лакаловлар!
Колхоз молхоналарининг манзараси каминага нотаниш эмас. Уларнинг аксари
ташқи жиҳатдан зўрма-зўраки замонавий бўлса ҳамки, ичкарида ҳар қадамда
ибтидоийликка дуч келаверасиз. Ночор ва ориқ молбоқарлар ва улардан ҳам
баттарроқ (таққос учун узр) сигирлар; бадбўйлик, дидсизлик, жўнлик,
зўрма-зўракилик, шафқатсизлик....
Колхоз ветврачи (Сариқулов) билан учрашув ҳам маҳзун дилларимизга
илиқлик бахш этмади. Қора халати уриниб кетган, кирза этиги чиркин; тахминан
қирқ ёшлардаги чайир, ўйчан кишини кўз ўнгингизга келтиринг-а.
Йўқ, келажагим бундай афтодоҳол бўлишини сира-сира истамасдим.
Хоксор, мулоҳазали экан бу одам. Касбу кор, тирикчиликдан нолимади.
Бизнинг институтни битирган экан, айрим домлаларни йўқлаб, сиҳатликларини
суриштирди. Мавзу касбу корга келиб тақалганда, у мухтасаргина қилиб:
– Ҳозир инсонга дори йўғу, молга
бўлсинми, – деди.
Кейин эса бруцеллёз, сил касаллиги кўпайганлиги, шу алпозда чорвачилик
боши берк кўчага кириб қолажагини надомат ила сўзлади.
Ветврач бизни уйига ҳам олиб борди. Тирикчилик тарзи ҳам жўнгина экан
унинг. Ўсмир ўғли дастурхон ёзиб, чой, нон, мева қўйди. Сариқулов кўрпачага
ёнбошлаган заҳоти мизғиб қолди.
Бу хонадонда мени андак таҳликага солган бир ҳол хусусида гапириб
ўтишим керак. Ҳалиги ўсмир эшикдан чиқаётганда,
бирдан қалқиб кетди ва узала тушиб йиқилди. Отаси югуриб бориб, уни босди. Ҳа, кўтармади, баръакс босди. Комил иккаламиз
бир-биримизга савол назари билан қараб, безрайиб қолдик. Ўсмир тартибсиз
типирчиларди.
Кейин билсам, йигитча қўянчиқ касалига гирифтор бўлган экан. Бу дард
хусусида эшитган эдим, аммо бунчалик ваҳимали бўлишини тасаввур қилиб
кўрмагандим.
Қисса кўтоҳ, биз ферма меҳмонхонасида уч кунча яшадик. Ўша Махфират опа
чой, нонимиздан хабар олиб турди. Кейин ортиқчалигимиздан ноўнғайликка
тушабошладик. Илтимосимиз билан ветврач ҳужжатларимизга имзо чекди. Унда икки
ой давомида мазкур колхозда ветврач ёрдамчиси бўлиб ишлаганимиз, жамоа ишларида
актив иштирок этганимиз ва бошқа «хислатларимиз» баён этилганди.
Уйда бекор санқиб юришим, укаларим билан сану манга бораверишим дадамни
қаҳрлантирди ва дўстлари Садриддин ака Аҳмедовнинг ёрдами билан каминани паррандачилик фабрикасига мавсумий ишга
жойлаштирдилар. Бу ердаги кушхонага «ёлланма» ишчи бўлиб олдим. Ёлланма деган
каломни қўштирноқ орасига олишимнинг боиси шундаки, бу ерда бир тийин беришмаса
ҳамки ишга жойлашиш машаққат экан.
Иш бошлангандан кейин мен тезда англаган ҳақиқат шу бўлдики, фабрикада
оддий фаррошдан тортиб, директоргача тухум ёки товуқ ўмариш пайида бўларкан.
Ҳа, бу чинакамига СОЦИАЛИСТИК хўжасизлик эди!
Қиладиган юмушим жўн: тиғ урилиб, боши шалвираб ётган, иссиқ сувга
ботириб олинган товуқ патини чаққонлик билан юлиб, тасма устига қўяман;
нарироқда турганлар ичини тозалайди ва ҳакозо. Шалдираб сув оқиб ётгани учун бу
ер зах; бадбўй, аммо шунга қарамай ҳеч ким ишидан нолимайди. Айрим юмушларни
осонлаштириш учун мосламалар ҳам келтирилган, валек уларни ҳам ўрнатиш
саъй-ҳаракатини қилишмайди: одамларни қисқартириш хавфини пеш қилишади – ахир,
уларнинг ҳам бола-чақаси бор-ку!
Бу корхонанинг ўнғайлиги шундаки, иш куни тугаши билан меҳнат ҳақини
олиб кетаверасан. Натура тарзида. Аслида бир кунлик юмуш учун иккита товуқ олиш
керак. Аммо лекин беш-олтитагача ўмаришмаса кўнгиллари жойига тушмайди.
Биринчи кун ойим нима иш билан шуғулланганимни суриштиргач,
оқизма-томизмай айтиб бердим.
– Сен товуқ олмадингми, – сўради у киши.
– ...?!
– Одамлардан ажралиб, ола зоғ бўлиб қолма.
– Мен маъқулладим.
Кунлардан бирида (Гап 1992 йилнинг ёзи ҳақида кетяпти) фабрика бўйлаб
янги гап тарқалди. Бундан кўплар сесканиб тушишди. Юлаев деган бир яҳудий бутун
фабрикани хусусий қилиб олармиш. У асли бухоролик бўлиб, ҳозир Австрияда
яшармиш. Одамлар ўрнига автоматлар ишлармиш, бирор дона тухумни ҳам олгани
қўймасмиш...
Бу гаплар кун сайин авж олар, назаримда кимдир уларни зўр бериб
тарқатаётгандай эди. Бора-бора Юлаев деган ном худди Берия, Гдлянддай совуқлик касб этабошлади.
Бир куни «жуҳуд келди, жуҳуд келди» бўлиб қолди. Рост
экан. У инкубаторни,
товуқхоналарни, омборни кўрибди. Тушга яқин кушхонамизга келиб қолди.
Йўқ, қорачадан келган бу жиккак одамнинг нигоҳларида мен ҳеч қандай бадбинлик
кўрмадим. У директоримиз ва ёнидаги бизга нотаниш кишиларга диққат билан қулоқ
тутар, енгил тавозе билан маъқуллаб қўярди.
Ўша куни ҳокимиятда (мажлисга дадам ҳам қатнашибдилар) мазкур масала
муҳокама қилинибди. Дарҳақиқат, Юлаев фабрикани харид қилгач, тўрт юз кишини
ёки одамларнинг етмиш фоизини қисқартиришини айтибди. Директорнинг тўрт
ўринбосаридан бирортаси ҳам керак эмас, дебди. Албатта, бундай рафтор
раҳбарларимизга ўтиришмабди: ишсизлар кўпайишига қарши чиқишибди. Шунда Юлаев
иккинчи йўл борлигини айтибди: «Майли, дебди унда янги цехлар очиб, товуқ
тирноғидан мунчоқ, тумшуғидан пласмасса, патидан ёстиқ, нурисидан ўғит
тайёрлаймиз. Аммо фабрика тирқишларини беркитаман!»
«Фабрика тирқишлари». Улар шунчалик беҳисоб ва сирлики... «Проходной»
деган жойдан ҳам унча қийналмай олиб чиқиш мумкинлигига қарамай, турли
чиқиндилар орасига, трактор ўриндиқлари остига солиб, белларига боғлаб,
девордан итқитиб олиб чиқишади товуқ ва тухум деган неъматни. Дадамнинг
мулоҳазаларича, бу тирқишлардан милиция, прокурор ва ҳокимятдаги казо-казолар
ҳам...
Хуллас, Юлаевдан норозилик ошиб бораверди. Ҳатто маҳаллий амалдорларимиз ҳам уни орқаворотдан
«буржуй», «капиталист», «эксплуататор» деб ҳақорат қиладиган бўлиб қолдилар.
Норозиликдан чўчишдими, юқоридан кўрсатма бўлдими – ҳарҳолда мажлис ўтказиб,
масалага андак равшанлик киритадиган бўлишди.
– Ҳар қандай капиталистдан кўра, –
деди бош зоотехнигимиз бизга битта товуқбоқарнинг манфаати устун туради.
Бошқа оҳангдаги гаплар ҳам бўлди. Бир киши Юлаевни андак қўллаб
гапирди. «Юлаев бизни тупикдан олиб чиқмоқчи. У дўкон очиб, ходимларга товуқни
арзон нархда сотишни йўлга қўяди».
Аммо уни минбарадан тушириб юборишди. Мажлис фабрикани яҳудий
ихтиёригамас, коллектив мулкига айлантириш ҳақида қарор чиқарди. Лекин шунга
ҳам қарамай, бирор ҳафтадан сўнг қоровулхонага чет эл аппарати келтиришди.
Эндигина тин олаётган шов-шув тағин авж олди. Эмишки, Юлаев Тошкентдаги бир
мансабдорга доллар бериб, ишини тўғрилабди. Бу аппарат ким нима илаштириб
чиқаётганини кўрсатиб турармиш.
Фабрика меҳнат аҳлининг кўзига балодай кўринаётган бу мато кўп ўтмай
чилпарчин қилиб ташланди. Буни эшитиб, Юлаев фабрикадан воз кечибди. Бундан
жамоа енгил тортди.
Аммо лекин шунга қарамай кўпчиликка, жумладан каминага ҳам зарари тегиб
кетди фалокатнинг. «Яҳудий олтмиш фоизга қисқартираман, деган бўлса, сизлар
лоақал йигирма фоиз одамни камайтиринглар» деб кўрсатма келибди, ўзимизнинг амалдорлардан.
Шу талатўпда мен ҳам «сокрашение»га тушиб қолдим.
Эсиз, семиз-семиз товуқлар!
Товуқ туфайли эндигина мавқеим ошиб бораётганди-я!
Мен бағрингга, албатта қайтаман, птицефабрика1
ЎН БИРИНЧИ БОБ
Асаларининг ички ва ташқи интизоми
Интизом деган тушунчани «ички» ва «ташқи»га ажратиш мумкинми? Мумкин
бўлса, бу каломнинг тафовут чизиғи қаерда?
Ёдингизда бўлса, марҳум профессор Султон домла ҳақида қалам тебратган
эдим. Интизом хусусида гап кетганда, лоп этиб шу маъруф инсон ёдимга тушади.
Боиси – мен ҳали умримда бунақа интизомли кимсани учратмаганман.
Масалан, Султон домла институтдаги порахўрлар билан (улар отнинг
қашқасидай аён) қўл бериб кўришмасди. Тасаввур этинг: фаррош билан ҳам, қоровул
билан ҳам кўришадиган ва бақамти гаплашадиган шундай обрўманд одам ўзини зиёли
деб ҳисоблаган тўнг-у такаббур доцент ё профессорга дуч келганда,
билинар-билинмас ияк қоқиб ўтиб кетаверарди.
Ректор ёки ОБХССдан чўчимай қолган (порахўрликни исботлаш қийин) бу
олғирлар тариқча маъмурий ҳуқуққа эга бўлмаган Султон домладан ҳайиқишарди,
ундан ҳижолаткорона ҳадиксираб юришарди. Эҳтимол, маънавий жазо дегани шу
бўлса?!
Назаримда Султон домладаги айнан ички бир интизом, ғурур нопокларга қўл
узатишга монелик қиларди.
Тан оламан, менда бунақа одат йўқ, Порахўрми, қаллобми, – тил топишиш
пайида бўламан.
Атрофимдаги бандаларнинг ҳам аксари шунақа, оғмароқ.
Тағин. Султон домла студентлигидан бошлаб, умрининг сўнгги кунигача
кундалик ёзганини айтган эдим. Олтмиш уч
йил давомида бугун нима ишлар қилганлиги, эртага қанақа вазифаларни бажариш
зарурлигини ипидан игнасигача ёзиб бориш учун энг аввал ички интизом, сўнг
қатъият, ирода керак. Ўқиб кўрганман, бу
қораламалар қуруқ фактлардан иборат бўлган зерикарли ахборот эмас; тафсилотлар,
изтироблар, хатолар, табассумлар акс этган шавқовар китоб.
Эҳ, ашраф боболар!
Биз ғийбатчи авлод сиздақа
интизомли бўлганда эдик...
Буларнинг барини ички интизом, маданият дейдиган бўлсак, ташқиси
ҳаммага кўриниб турадиган ойна. Ишда, меҳмондорчиликда, далада қанақа кийиниш;
минбарда, аёлларга тавозе пайтида, хўжайинлар ёхуд гумашталар олдида олдида
ўзини тутиш ва бошқа юзлаб аломатлар шулар жумласидандир. Қора костюмингизга
сочингиздан тушган кепаки (қазғоқ, перхот) инмаганми, дилкаш вужудингиздан
билинар-билинмас муаттар ҳид келадими, пайпоғингиз билан рўмолчангизда доғ
йўқми ва ҳакозо ва ҳакозолар.
Майли, булар бари муқаддима. Энди муддаога ўтайлик.
1992 йил баҳорига келиб, дадам Андижони қишлоғида яшайдиган Фазлиддин
ака Султонов деган хушфеъл амакидан уч қути асалари олиб келдилар.
– Бўлди энди, ҳаммамиз асаларичилик билан шуғулланамиз, – дедилар
тантанавор. – Буларни кўпайтирамиз.
Кейин ўзим ҳам асалари билан астойдил қизиқиб қолдим. Унинг фақат
интизомигина эмас, жамоа лидерининг тактика ва стратегияси, ҳокимият учун
курашлар, норозлик намойишлари ҳайратимни оширди. Шунинг учун ҳам унинг атиги
бир кунлик ҳаётини қоғозга туширишга аҳд қилдим.
Йўқ, интизом масаласида ҳам бу жониворларни ибрат қилиб кўрсатиш
ниятида эмасман. Табиат ва жамият қонунларининг уйғунлигига ишора этиш ё
экологик муаммони ўртага қўйиш ҳам бош муддаом эмас.
Ундан ҳар бир киши ўзи излаган моҳиятини кашф этиши истагидаман.
* * *
Одатдагидек, борлиққа фараҳбахш шуъла таралиши билан оилада безовталик,
бесарамжонлик бошланди. Ҳамма ҳам ўзига
ёд бўлиб кетган хизматни сидқидилдан, беминнат бажаришга киришди.
Бу оиладаги юмушлар шу қадар беададки, эрта тонгдан қоронғу тушгунча,
баҳордан қора совуқлар бошлангунча тиним нималигини билмай ишлашса ҳамки,
чексиз ташвишларнинг охири кўринай демайди. Ҳатто тунда ҳам, қаҳратон қишда ҳам ишлашга тўғри
келади. Табиатнинг яшаш учун кураш қонуни, оиланинг темир интизоми,
тирикчиликнинг жамики таомиллари шунга даъват этади уларни!
Шоҳ бу тун ҳаловат топмади. У сўнгги йилларда анча кексайиб, кам уйқу,
ҳар нарсадан ҳадиксирайдиган бўлиб қолганди. Бу тун ҳам аллақандай хавотирдан
уйқуси ўчиб, ўзига тегишли мулкнинг бир қисмини кўздан кечириб чиқди. Назарида
– қаердадир подшоликка даъвогар малика вояга етаётгандай бўлиб туюлаверади.
Йўқ, беҳуда шубҳаланган экан: оила осуда эди. Қоровуллар сергак турганлиги,
ишчилар тунги сменада ҳам кундузгидай тиним билмай меҳнат қилаётганлиги унга
таскин, тасалли берди.
Мана энди олдинда – тағин серташвиш тонг. Қоронғу тушгунча марафонча
югурадиган кишидай бор қувват ишга солиниши, асаблар таранг бўлиши керак. Шоҳ
бутун оила масъулиятини зиммасида тутиб туриши, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган
инстинкт, интизом қонунларининг заррача бўлса ҳам бузилишига йўл қўймаслиги,
ҳаммани назардан қочирмаслиги зарур. Бу – осон эмас!
Одатдагидек, бугун ҳам у ишни олти қиррали бежирим бешикчаларда вояга
етаётган ёш авлодни кўздан кечиришдан бошлади. Катакдан чиқмоқчи бўлаётган
аричаларнинг ини устидаги юпқа пардани очишга кўмаклашди. Индан чиққан
аричалардан бирини завқ билан кузатди. Қанотларини енгил қоқаётган бу мурғак
арича бугун ўйнаб-кулади: болалик гаштини сўради. Эртадан бошлаб эса ҳамма
қатори меҳнат қилади, рўзғорга наф келтиради. Йўқ, болалик даврони учун бир кун
жуда кам муддат эмас. Инсон умрига таққослганда, икки йилга тенг деган гап. Ҳа, бу жонивор (шоҳ билан эркак ари бундан мустасно)
қирқ кунча умр кечиради холос. Захматкаш ишчи ариларнинг умрини машаққатли
меҳнат қисқартиришини шоҳ яхши билади. Бундан надоматлар чекади. Бу митти
заҳматкашлар тақдирга тан бериб, ўша дашту далаларда жон берадилар. Ҳатто, жасадлари ҳам оила учун юк бўлишини исташмайди
улар.
Шоҳ оиладаги қирқ минг ишчи арини, йигирмадан зиёд текинхўр эркакларни
шахсан танийди, тақдирдан уларга омадлар тилайди. Ҳар оқшом оила жамулжам бўлганда, қадрдон гўшага
қайтолмай йўлда жон берган ишчи ариларни эслаб қайғуради, уларни ибрат қилиб
кўрсатмоқчи бўлади.
Шоҳ учун бунақа ташвишлар оз эмас. У тонг билан соқчилар ишини бир
сидра кўздан кечириб чиқмаса – кўнгли тинчимайди. Чунки соқчилар ёш:
тажрибасизлик қилиб бирор кори ҳолга йўл қўйишлари мумкин.
Соқчиликка навқирон арилардан мақбули йўқ. Улар ўз умрини шоҳга
мулозимлик қилишга бағишлаган эркак арилардан ёки туллак бўлиб қолган кенжа
ишчилардан афзал. Ёш арилар оиланинг ички ва ташқи талабларига хиёнат
қилишмайди: мунофиқлик, дангасалик, айёрликдан нафратланишади.
Лекин шоҳ улардан кўп хавотир тортади. Чунки бу азаматларда соқчига хос
ҳушёрлик, куч-қувват бор-у, аммо тажриба етишмайди. Оиланинг маккор душманлари
бундан устамонлик билан фойдаланишади. Оила сардори бу душманлардан ҳамиша
хавотирда бўлади. Улар озчилик эмас.
Бели ингичкадан келган сарғиш ари бор. Асалари бўриси дейишади, бу
ёвузни. Кўпинча эшик олдида пойлаб туради-ю, нектар олиб келаётган арига
ташланади. Жиғилдондаги заррадай ширинлик учун ўша ернинг ўзида нобуд қилди,
бадкиркор! Бу жаллоддан хабар топган соқчилар югуриб чиқишади, аммо йиртқичга
бас келиш осон дейсизми?! Бояқиш соқчилар бу нохуш хабарни зудлик билан
маликага етказадилар. Аммо табиат жониворларга насиба улашаётганда, шу ҳолни
раво кўрган бўлса начора?! Тўғри, бундай дақиқаларда шоҳ ҳаяжонланади, оилани
ҳушёрликка чорлайди, нобуд бўлганлар ўрнига янги кучлар юборади, лекин душманга
қарши ҳаммани сафарбар этолмайди. Бир-икки ари деб оила тақдирини хавф остида
қолдириш яхши эмас-у! Гап фақат бунда ҳам эмас. Она табиат душманга қарши оммавий
тарзда курашишни фақат чумолиларга ато этган.
Йўқ, маликаи тождорни ташвиш, таҳликага соладиган асосий рақиб бўри
эмас. Ундан кўра каркунак хавфлироқ. Минг лаънатлар бўлсин – бу йиртқич
паррандага. У асалари инлари устида парвоз этиб, бол ташиётган ариларни тутиб
ёяверади. Ишчи арилар жон талвасасида унинг комига ниш ҳам санчадилар, лекин бу
жоҳилга заҳар кор қилмайди. Осмонда каркунак пайдо бўлиши билан соқчилар
безовталаниб оилани огоҳ этадилар. Шунда шоҳ жонини ҳовучлаб туради.
Йиртқичнинг қорни тўйиб, нари даф бўлмагунча арилар парвозини таъқиқлаш ҳақида
фармон беради.
Бу ҳам ҳолва. Соқчиларнинг тажрибасизлиги, айрим ишчиларнинг бефаҳмлиги
оқибатида гоҳида оилага варроа деган япон канаси кириб қолади. Ана шу балодан
сақласин! Эпидемия! Ҳукмрон аввал
бу зараркунанда ҳақида тасаввурга ҳам эга эмасди. Ўтган авлоду аждодлар варроа
нималигини билишмаган. Чет элдан келиб
қолган дейишади. Ўтган йил уч-тўрттаси хонага кириб қолган экан, оила йил
давомида азият чекди. Ўша зараркунандани илаштириб келган лакалов арини
лаънатлади, уни каркунак еб кетмаганидан, бўри ёриб ташламаганидан надоматлар
чекди. Эшик олдидаги турган соқчиларни ҳам лаънатлади. Аммо энди булар бари
бефойда эди. Каналар аллақачон исқирт эркак ариларга ёпишиб, уларнинг қонини
сўраётган, кўплаб насл бераётган эди.
Бир кун қопқоқни очган асаларичи одатига кўра уларга сўз қотиб қолди.
– Эҳ, жониворлар, кана босибди-ку сизларни!
Унинг анчайин ноумид бош чайқаганини кўриб, шоҳ ўксиб кетди. Чунки умид
ягона шу одамда эди. Хўжайин ҳар қандай душмандан кучли, тадбиркор эканлигини
биларди.
У ҳақиқатан ҳам ишончни оқлади. Кечқурун арилар жам бўлгач, тирқишларни
беркитди-ю, қандайдир мослама билан иннинг ичини қиздира бошлади. Жониворлар
ҳали бунақа дўзахий жазирамага дуч келмаган эдилар. Вужудни қовурадиган қайноқ
ҳароратдан ҳамма жон талвасасида уёқдан буёққа зир югурарди. Бардоши тугаган
каналар эса беҳол бўлиб тутдай тўкила бошлади. Хўжайин уларни осонлик билан
супуриб олиб, ёқиб ташлади.
Асалари жамиятини аслида шоҳ эмас, ишчи арилар тутиб турадилар. Кишилик
жамиятидаги сингари тирикликнинг жами ташвишлари ана шу меҳнаткашлар зиммасида.
Нектар ташиш, уни гул чангига аралаштириб, бол тайёрлаш, мумкатаклар ясаш,
хоналарни тозалаш.. эҳ-ҳе, чеки йўқ юмушлар. Шунинг учун ҳам шоҳ ишчи
ариларнинг муттасил кўпайиб туришини истайди.
Лекин улардан ҳам огоҳ бўлиб туриш керак. Ногаҳоний бадкиркорликлари
йўқ эмас. Бирор кори ҳолдан норози бўлиб қолишса, бадқаҳр оломонга айланишади.
Агар оилада бошқа бир навқирон саркор пайдо бўлиб қолса, ишчи ариларнинг
осойишталиги, албатта, бузилади. Чунки бир гуруҳ экстремистлар ўша томонга ўтиб
олиб, номойишкорона гуруҳбозлик қилишади. Улар нима талаб қилишаётганини ўзлари
ҳам аниқроқ билишмайди, аммо иш ташлаб, шовқун-сурон кўтариб, оила тинчини
батамом бузишади. Ҳаёт ритми шу тариқа издан
чиқади. Шуниси ёмонки, бу оломон гоҳида ҳокимиятни ҳам қўлга олади. Кейин собиқ
шоҳ ва унинг яқинларига нисбатан адолатсизликлар қилишади.
Ҳозирги шоҳ ҳам ҳокимиятга шу тариқа эришганди. Ўшанда
у мумкатакдан бош кўтариб чиқиши билан, аввалги ҳукмдорга тиш қайраб юрган
ариларнинг тўполончилари у томонга ўтиб олишди. Кейин бошқалар ҳам шу гуруҳга
қўшила бошладилар. Кампирнинг мижғовлиги, инжиқлиги уларнинг жонига тегиб
кетган бўлса ажаб эмас. Ҳукмдор бундай
бўлишини кутмаган эди, албатта. Чунки ҳар қандай шоҳ, ҳоким ўзини дунёдаги энг
адолатли раҳнамо деб ҳисоблашга кўникиб қолган. Ваҳоланки, капиршо бағоят
эҳтиёткор ҳам эди. У ҳар куни оилани кўздан кечириб чиқар, тахтга даъвогарлар бўлса,
уларни мурғакликдаёқ қатл қилдирарди. Ҳар қандай гуруҳбозликнинг олдини олар, бир ярим баджаҳл талабгорларни
асал, катак билан сийларди. Исёнкор оломон билан тил топишиш жўн иш бўлмаса
ҳамки, кампиршо уларга дилафрўзликлар қилиб, йўлга солиб оларди.
Ўшанда арилар нақ иккига бўлиниб қолишди. Асосий кучлар янги малика
томон ўтиб, кампиршо билан ялтоқ эркаклар, даққи ишчилар, хизматкорлар қолишди.
Кампиршо усталик қилиб дипломатия йўлини танлади: ўзига тегишли мулозимлар,
содиқ ариларни эргаштириб, хонани тарк этиш, яъни истеъфо беришга қарор қилди.
Чунки вазият қалтис эди; у ҳокимият учун курашишдан кўра жонни сақлаб қолиш
зарурлигини тақозо этарди. Қолган умрни бирор гўшада ҳаловат билан ўтказиш
мумкин эди.
– Ие, янгилик-ку! Бечора кампирни нима қилдиларинг?
Кампирнинг қисматини у биларди. Хўжайиннинг нигоҳларида ачиниш ҳам,
мамнунлик ҳам зоҳир эди. Бу – табиий ҳол. Собиқ шоҳ кўп йиллар садоқат билан
хизмат қилди, унинг раҳбарлигида анча-мунча асал олинди. Лекин у кексайиб ҳам
қолганди. Кўп тухум қўйолмас, тез ҳориб қоларди. Оилага эса ишчан, талабчан,
навқирон раҳбар зарур эди. Ҳа, навқирон
шоҳ ана шу зарурат юзасидан ҳокимият тепасига келганди. У дастлабки кунларда
оила билан танишди, режалар тузди. Кейин эса ғайрат билан ишчиларни
кўпайтиришга, ишлаб чиқариш қувватини оширишга киришди. Насл қанчалик кўп
бўлса, асал ҳам мўл бўлишини биларди. Лекин йиллар ўтиб, тадбиркорлиги ошди,
ютуқлари, хатоларини чуқурроқ ҳис этадиган бўлди. Дастлаб асаларичига
сидқидилдан эътиқод қўйди, уни барча ариларнинг такягоҳи деб билди. Аммо кузга
келиб ундан ранжиди. Чунки жониворлар йил бўйи не-не машаққатда ташиган болни у
ўта харислик билан тортиб олди. Лоақал чорагини ҳам қолдирмади. Қаршилик
кўрсатмоқчи бўлган ариларни бераҳмларча ўлдирди. Оилада нохушлик, норозилик бошланди.
У эса аросатда қолди: бир ёқда хўжайин, бир ёқда арилар.
ЎН ИККИНЧИ БОБ
«Концлагер товуқлари»
Асосий муддаога ўтишдан олдин сизни Самарқанд паррандачилик фабрикаси
бўйлаб саёҳат қилдириш, зерикарли бўлса ҳамки иқтисод ва ветеринарияга оид
ибораларни қаторлаштиришни вазиятнинг ўзи тақозо этаяпти.
Мазкур фабрика байтари (ветврачи) Пушкарга ўринбосар бўлиб ишга
жойлашганимга ҳам олти ойлар чамаси бўлиб қолди. Энди мазкур даргоҳнинг
паст-баландини анча-мунча биламан.
Фабрика олтмишинчи йилларнинг ниҳоясида ташкил топган. Унинг илк
директори рус аёли бўлган экан. Шундан бери ўнлаб яхши-ёмон саркорлар келган. Ҳозирги ишбошимиз – Сафо Вафоев – асли бухоролик бўлса
ҳамки руслашган зиёлилардан. Институтда рус гуруҳини битирганимни айтганимдан
бери – камина билан ҳам шу забонда гаплашади. Русча ўқиганлар зукко бўлишини
таъкидлаб туради. Одамлар уни мақташмайди ҳам, ғийбат ҳам қилишмайди.
Фабрика товуқ гўштидан ташқари ҳар кун ўттиз беш – қирқ минг дона тухум
беради. Режа – олтмиш минг. 1975 йили фабрика ҳозирги қувват билан беш юз минг
дона тухум берган экан. Унинг нархини олти тийинга туширишса ҳам харидор
топилавермайди. Шунда маҳсулотни камайтириш ҳақида кўрсатма келади, аммо уни
уддалаш қийин бўлади. Ҳозир (1993)
бор саъй-ҳаракатлар бунинг акси: мажлислар, шиорлар, раҳбарлар билан
мулоқотлар, ислоҳотларнинг руҳи тухум билан парранда гўштини кўпайтиришга
қаратилган. Лекин уддалаш осон эмас.
Мен ишлайдиган саноат зонаси («промзона» дейишади) фақат тухум
етиштириш билан шуғулланади. Бундан ташқари фабрикада жўжаларни вояга
етказадиган, наслли тухум етиштирадиган бўлимлар бор. Албатта, фабриканинг ўз
қўрғони (поселкаси) озуқа цехи, қушхонаси, лабораторияси ва ҳакозолари ҳам йўқ
эмас.
Бизнинг зонада ҳар бирига ўттиз минг бош парранда сиғадиган олтмишта
товуқхона бор. Шундан нари-бери ўнтаси банд. Қолганлари ҳувиллаб ётибди. Бундан
ташқари бешта товуқхонанинг томлари, деворларини ўмариб кетишган. 1992 йили
австриялик яҳудий фабрикани харид қилиш пайига тушганида (бу ҳақда ёзганман)
раҳбарлар биноларни ҳам пуллашга тушган дейишади. Эҳтимол, шундайдир.
Ўз зонамиздаги товуқларнинг касаллигини аниқлаш, олдини олиш, даволаш
мен билан Пушкар бошлиқ гуруҳ зиммасида. Ветбригадамизда етти санитар аёл ҳам
бор. Посёлкада яшайдиган бир рус ва татар аёлдан ташқари аксарият тоққа туташ
Оҳалик (аслида Оҳаклик) қишлоғидан қатнаб ишлайди.
Мен эрталаб соат тўққизда (ҳозирча дадамнинг «Жигули»лари билан) ишга
келаман. Пушкар иккаламиз санитарларга иш тақсимлагач, кечаси ўлиб қолган
товуқларни териб чиқамиз ва акт тузамиз. Эпидемия бўлмаган даврларда ҳар куни
(аниқроғи, туни) эллик-олтмишта товуқ нобуд бўлади. Қайси касалликдан ўлганини
аниқлолмасак, бош ветврачга ёки лабораторияга у ерда ҳам шубҳа бўлса,
илмий-тадқиқот институтига олиб борамиз. Лекин бу ҳол аҳён-аҳёнда содир бўлади.
Шўрлик товуқлар ньюкасл дардига мубтало бўлганлиги беш панжадай равшан.
Ньюкасл – аслида Австриядаги
шаҳар. Касаллик вируси илк бор шу ерда аниқланган бўлса ажаб эмас. Бундан бир
неча йил муқаддам Ўзбекистонга тарқалган.
Дардга йўлиққан товуқнинг иштаҳаси йўқолиб, ҳолдан кетади, гавдаси
шалвираб қолади. Ҳарорати 44 даражагача
кўтарилади; нафас ололмай, бўғиқ овоз чиқаверади. Сўйиб кўрилса, кекиртаги
шилимшиқ маддага тўлган бўлади.
Касаллик вируси тупроқда, нурида бир неча ойгача тирик қолиши мумкин. У
ёввойи паррандаларга ҳам юқади. Шунинг учун ҳам ветеринария қоидасига кўра,
товуқхоналарга бегона одам нари турсин чумчуқ ёки мусича киришига ҳам йўл
қўймаслик керак!
Ньюкаслдан ташқари парранда чечаги, колибактерин сингари касалликлар
ҳам учрайдики, уларнинг аломатлари ҳақида сўз юритсам, зерикиб қолишингиз ҳеч
гап эмас.
Биз тушгача – аравага қўшилган қирчанғи отдай-тинимсиз ишлаймиз. Ўлган
товуқларни крематорийга элтиб куйдириш; поллар, панжаралар, охурларни ишқорли
ёхуд формалинли сув билан ювиш; бегона одамлар кирмаслигини назорат остига
олиш; аптекага, идорага қатнаш; озуқага витамин аралаштириш... Эҳ, қай бирини
айтай! Гоҳида юқори (Тошкент, Самарқанд)дан навбатдн ташқари вакцинация ўтказиш
ҳақида кўрсатма кетиб қолса, санитарлар йиғлагудай бўлишади. Тасаввур қилинг:
юз мингга яқин товуқни бир-бир тутиб, бурнига дори томизиб чиқишга тўғри
келади.
Ҳориб қолганимиз учун ҳам тушгача ишлаймиз. Аёлларимиз
тушликка талай товуқ, тухум пишириб (текин бўлгач) Пушкар иккаламизни
чақиришади. Бад аз таом – калом, деганларидек, биз чой ичиб гаплашиб ўтирамиз;
ишга қулимиз бормайди. Бир-ярим бошлиқларнинг қораси кўрингудай бўлса,
алдам-қалдам ишлаган бўламиз. Бу бадбўй, узлуксиз ишга уч-тўрт соат уннаш кифоя
деган, даққоқ хулосага келиб қўйганмиз.
Тушки суҳбут-у ғийбатларимиз поёнига етар-етмай ҳар биримиз ўз
улушимизни илиб чиқиш ташвиши, аниқроғи, ваҳимасига тушамиз. Бу жўн иш эмас.
Эшик олдидаги дарбондан деярли чўчимаймиз. Уларнинг ўзи қўлимизга оч эчкидай
термулиб туради. Аммо директор ўринбосари, қоровуллар сардори, юрист,
назоратчилар бошлиғи, халқ демократик партияси котиби... хуллас, даққи нозирлар
(аёлларимиз ибораси билан айтганда, «эс-эсчилар») пайдо бўлиб қолса, бир дона
тухум илиб чиқиш ҳам машаққатли бўлади. Бахтга қарши, бу ҳол бот-бот
такрорланиб туради. Қўлга тушиш хавфли: ҳайдаб юборишади, бераҳмлар!
Хуллас, соат мили тўртдан ўтар-ўтмас аёллар Зайнаб деган жувонни
«разведка»га юборишади. У «проходной» деб аталмиш қилкўприкдан ташқари идора
атрофларини ҳам кўздан кечириб чиқади ва шубҳага ўрин бўлмаса, ҳар биримиз
олтмиш-етмиш донадан тухумни сумкамизга солиб, устига халатимизни бостирамиз.
Бу ерда биздан ташқари товуқбоқарлар, механиклар ҳам бор. Ўшалар йўл бошлаб
бергач, ортларидан эргашамиз.
Сафнинг олдида Пушкар бўлади. У катта портфелига камида юзта! тухум
солиб олади. Чолни тинтишмайди: ёши анчага бориб қолган, галстук таққан, шляпа
кийган доцентни шарманда қилгилари келмайди. Лекин шунга қарамай жон ҳовучлаб
одимлайди. У фақат бир кишидан – фабрика бош ветврачи Суръат Асқаровичдан
чўчийди.
Суръат Асқарович ўрта ёшлардаги, серғайрат, чечан, серзарда одам.
Фабрика бўйича фақат шу одам бирорта тухум олиб чиқмаган, дейишади. Мен унинг
ҳалоллигига ишонаман! У директорга ҳам, юқоридан келган нуфузталабларга ҳам
рўйи-рост, тикка гапираверади. Боиси – тили қисиқ эмас!
Бир бор (шўролар пайтида) вилоят
раҳбарлари Москва телевидениеси мухбирини олиб келишган. Мухбир собиқ молдўхтир
экан: эшик олдида Суръат Асқаровични имтиҳон қилиб қолади – ветеринария
қоидаларини сўрайди. Жавобдан қаноат ҳосил қилгач, ичкарини кўздан кечирмоқчи
бўлади. «Ветеринария қоидаси бўйича, ичкарига кириш мумкинмас!» дейди. Суръат
ака. Бизнинг бошлиқларимиз ғазабга минишади. Лекин барибир у ўз сўзида туради.
Суръат Асқарович ўз ишининг устаси ҳам. У товуққа бир қарашдаёқ қанақа
дардга дучор бўлганини бехато айтади.
Кечирасиз, чалғиб кетдим. Қилкўприкдан ўтишдаги «жасоратимиз» ҳақида
гапираётгандим. Олдинда чол ва ундан кейин камина – ўлимга тикка бораётган
ботирдай – қадам ташлаймиз. Мендан кейин татар опа (Шафиқа) Зайнаб ва бошқалар.
Бояқиш Зайнаб жуда қўрқади, унга раҳмимиз келади. Назоратчилар тўдаси бўлмай
дарбоннинг ўзи ўтирганда ҳам: ранги-рўйи бир ҳол бўлади, бечоранинг! Бундай
пайтда Шафиқа уни койийди, дадилликка даъват этади, зарур бўлганда сумкасини
қўлига олади.
Бир куни худди шу алпозда олға қараб кетаётганимизда «эс-эсчилар»
десанти пайдо бўлиб қолди. Улар орасида биз тилга олган ипирисқилардан ташқари
милиция формасидаги нозир, камера кўтарган ўпкавой ҳам кўринди. Сесканиб
тушдик: овлов ногаҳоний ва қаттол эди. Орқага қайтиб бўлмасди. Оёғини кериб
турган бу занғарлар барини кузатишаётганди. Сталин ибораси билан айтганда:
«Орқадаги кўприклар бузилган ва ҳатто ўқ тегса ҳам олдингга қараб йиқилиш шарт»
эди. Мен Пушкарга зорланиб боқдим. Йўқ, бу қарашимда: «Эй буюк оғам – рус! Бизни
олға чорла, токи эс-эсчиларни мудофаа чизиғидан улоқтириб ташлайлик», деган
даъват зоҳир эмасди, балки «Менинг ҳам ўлжамни олиб чиқсанг, ўласанми, чол»
деган ўтинч, зорланиш муҳайё эди. Лекин унинг нигоҳларидан: «Ўзим мададга
муҳтожман», – деган дардни илғаб олдим. Шўрлик Зайнабнинг беҳуш бўлиб
йиқилишига бир баҳя қолганда, Шафиқанинг мағрур овози жаранглаб қолди:
«Қўрқманғиз! Явузлар алар! Аларнинг ўзлари настоящий ўғри! Биз олған оқчага бир
нарса бермай! Бизга ёқинлашсанг, ...ни узиб қўлингга бераман! Паразитлар!».
У овозини тобора кўтарар, дағдаға соларди. Шу алпозда Зайнабнинг
қўлидагисини ҳам олди-ю, олдинга тушиб, назоратчилар томон дадил бораверди.
Бизнинг ҳам дилимизда журъат пайдо бўлди ва унга эргашдек.
Бизга индашмади – жанжалдан чўчишди.
Бу аёлни аввал икки бор қўлга тушириб, ишдан ҳайдашган экан. Аммо у
касаба союз, судга қатнаб қайта тикланибди.
Аслида Шафиқа ҳақдай! Бизни тинтийдиган, таҳликага соладиган бу насби
юҳоларнинг бирортаси Суръат акадай инсофли бўлганда ҳам майли эди. Улар
товуқдан ташқари қоплаб ем ҳам олиб кетишади, ошна оғайниларини сийлашади-ю,
виждон томирчалари «қилт» этмай бизни қийнашади. Э, садқаи одам... Одамкушлар
ҳақидаги бир ривоятни эшитганмисиз? Улар бир бегуноҳни ўлдириб, дарёга
ташламоқчи бўлганда, биттаси дермиш: «Тўхтанглар, бомдодни ўқиб олайлик»! Катта
гуноҳ қилиб, ўзини художўй ҳисоблайдиган ўша хунрезлар нимаси биландир ана шу
сўхтаси совуқларга ўхшаб кетади. Начора, майда балиқлар ҳамиша каттасига ем
бўларкан-да!
Шафиқа опа беҳудага маошимизни тилга олмади. Ойида олтмиш минг
сўм-купон атрофида пул беришади. Ўзингиз таққослаб кўринг: бир килограмм гўшт
15 минг, бир буханка нон 150, шаҳар автобуси 50 сўм-купон. Нарх-наво кун сайин
сапчиб боряпти. Шундай пайтда маош ҳисобига кун кўраётганларга шон-шарафлар
бўлсин, дейсан!
Эҳтимол шунинг учун ҳам тушлик пайтида аёллар эзмалик билан, бир
замонлар директорлик қилган сахий амакиларни алқашади. Олиб чиқилаётган тухум
(гоҳида товуқ) она сутидай ҳалол эканлигини таъкидлашдан чарчашмайди.
Ветбригадамиздаги тағин бир аёл – Люда (Людмила Дмитриевна) тўғрисида
гапирмоқчиман. Ўттиз беш – қирқ ёшлардаги бу жувон ёшлигидаги жозиба ва
тароватларини йўқотмаган: шу бадбўй ишга ҳам озода кийиниб, дилни энтиктирувчи
атир сепиб келади. У Пушкар иккаламиз билан русча, зоотехник, механик билан
ўзбекча, аёллар билан тожикча гаплашади. Пушкар шу ерда туғилган бўлса ҳамки,
ўзбекча, тожикчани ўрганишга рағбати йўқ – чунки у кетмоқчи. Людмила Дмитриевна
кетолмайди...
У бир вақтлар зоответеринария техникумини битирган, лаборант бўлиб
ишлаган. Бу соҳадаги салоҳияти ман-ман деган байтардан кам бўлмасада,
маҳмаданачилик қилмайди. Дам олиш пайтлари ўқиган китоблари, кўп серияли
фильмлардан ҳаяжонли ўринларини ўзгача ишва билан гапириб беради. Фақат бир
масалада бизнинг ҳеч биримиз, ҳатто мутахассислар, олимлар билан ҳам
келишолмайди. Люда: парранда касалликлари инсонга юқади, деган қатъий хулосага
келиб қўйган. Бу борада мисол-у асослари лак-лак. Ожизланиб, касалланиб қолган
товуқлари қушхонага топшириш ҳақида кўрсатма берган раҳбарларни халқ душманига
чиқаради. Тушлик пайтида товуқ гўшти емайди; уйидан олиб келганларини тановул
қилади. Зайнабнинг айтишича, товуқ гўштидан аллергияси бор экан. Албатта,
доцент унинг фикрини рад этиб, мисоллар келтиради. Товуқ вируслари юқадиган
бўлса, биз аллақачон ньюкаслга дучор бўлиб – қирилишимиз муқаррарлигини
такрорлайди.
Бу борада ўзимнинг ҳам ақлим қосир. Талай адабиётларни варақлаб чиқдим
ва барибир, бу борада аниқ тўхтамга келолмадим. Назаримда бу соҳада ўнлаб
докторлик диссертациялари ўз кашфиётчиларини кутиб ётгандай. Бир китобда
лейкоз, аллергик дардлар инсонга юқиши чала-чулпа ёзилган-у қолган сўроқларга
жавоб йўқ.
Людмила Дмитриевнанинг эри 1978 йили Тимирязев ветеринария академиясини
битириб, шу ерга (Люда билан) ишга келган экан. У қисқа вақтда ўзини кўрсатибди
ва лаборатория мудирлигига кўтарилибди. Бирор йилдан сўнг эса фабрика
товуқларига ўлат тегибди. Товуқхоналар ёппасига бўшаб қолаверибди. Лекин бу
касаллик бизда сир тутилар экан. Люданинг эри ҳар куни ўнлаб товуқларни ёриб,
буни исботлашга, ошкор этишга ошиқаркан. Бир куни операция пайтида унинг
бармоғини тиғ тилиб кетибди. Икки кун ўтгач, ҳарорати кескин кўтарилиб, ўлиб
қолибди. Унинг ҳам дардини сир тутишибдими, аниқлашолмабдими – буниси
дудмалроқ.
Оҳаликлилар бу йигитни қишлоқ қабристонига қўйишибди, ғамзада Людага
сабру бардош тилашибди. Эри вафотидан кейин фарзанд кўрганда: аёллар
навбатма-навбат туғруқхонага қатнаб туришибди, чақалоқни олиб келишибди ва
ҳакозо.
Аёллар ҳозир ҳам Людани эъзозлашади, уринтиришмайди, дарвозадан чиқишда
ўртага олишади. Ишга келмаган кунлари юмушини бажариб, прогул ёзишга монелик
қилишади.
Люда посёлкада Шафиқа яшайдиган – бу ерликларнинг таъбири билан
айтганда – «обком ўлган уй»га қўшни. Буни шарҳлайдиган бўлсак, тағин орқароққа
қайтишга тўғри келади.
1975 йили вилоятнинг мафкура бўйича котиби ўз ўйнаши билан шу ердаги
меҳмонхонага норасмий, яъни ҳуфёна ташриф буюради. Албатта, туни билан кайфу
сафо, ҳалиги ишлар... Эрталаб улар чиқишвермагач, қоровул хавотирланиб, эшикни
тақиллатади. Садо бўлавермагач, фабрика раҳбарларига хабар етказади. Улар ҳам
ошиқ-маъшуқни уйғотолмагач, эшикнинг ошиқ-маъшуқини бузишади. Қириб қарашса,
бахтиқаро ўйнашлар ваннада Одам Ато билан Момо ҳаво либосида бандачиликни бажо келтириб қўйишибди. Тўполон бўлиб
кетади: милиция, экспертиза дегандай... Лекин ўлат касалини яшириш зарур
бўлганидай, бу нохушликни, унинг асл сабабларини яшириш пайида бўлишади.
Мушукка ўғирланган гўшт тотли ёки одамларга тақиқланган дарахт меваси ширин
бўлади, деганларидек, одамлар бу жумбоқ билан астойдил қизиқиб, турфа тахминлар
тўқиб чиқарадилар. Ана шу ҳодисага йигирма йил бўлганига қарамай, аёлларимиз
ҳамон афсона ё ҳақиқатлигини англаб бўлмайдиган гапларни аллақандай ҳадик билан
такрорлашгани такрорлашган.
Ўйнашлар ваннага киришлари билан кимдир ташқаридан туриб, қувурга ток
тегизган эмиш; аёлнинг қавмлари иккаласини ҳам бўғиб ташлаган эмиш; коньякка
заҳар солинган эмиш; котибнинг рақиблари мафия билан келишган эмиш... Нуқтаи
назарлар, феълу атворларга қараб хулосалар ҳам ранго ранг. Масалан, Люданинг
хулосасига кўра: улар тамадди қилган товуқ гўшти яхши пиширилмаган: уларга ўлат
юққан. Шафиқа билан Зайнаб нуқул котибнинг ўзини айблашади, лаънатлашади.
Бола-чақали, бунинг устига ахлоқ-одоб бўйича «катта ит» бўлатуриб, шилта
йўллардан юрган, ҳаромхиштаклик қилган ҳезалак ҳангининг жазоси шу, деган
фикрдан тойишмайди.
Хуллас, мазкур воқеадан кейин «хосиятсиз» меҳмонхонани ёпиш ҳақида
кўрсатма бўлибди. Директор уни шофери билан кассирга тақсимлаб берган экан,
Шафиқа ҳам ғалва кўтариб, бир хонасини эгаллабди. Отнинг ўлими – итнинг
байрами, деганларидек, маъшуқаларнинг фожеасидан қувонганини ҳам яширмайди у.
Люда билан Шафиқа Зайнабни яхши кўришади, унга кўмаклашишади. Кейин
билсам, раҳм-шафқат томирчалари уриб, меҳрибонликка даъват этаркан. Ҳаёт шўрлик Зайнабга чап қўлини чўзган экан. Эндигина
йигирма беш баҳорни қаршилаган бу келинчакнинг ҳам қайнонаси, ҳам эри руҳий
касалликка дучор бўлишибди.
У келин бўлиб тушган Обидзода оиласининг сардори олтмишинчи йилларда
Душанбега ўқишга кетиб, кейин аспирантурада таҳсил кўрган, фалсафадан
диссертация ёқлаган: шу шаҳарда уйланиб, ўғил кўрган экан. Ўғли Абдусамад ҳам
ота изидан бориб, институт, аспирантурани битирибди. Аммо Тожикистонда
нотинчлик бошланиб, ёқлолмабди. Шу орада Ислом Уйғониш партияси лидерлари уни
ишга олиб, маош тайинлашибди. Абдусамад уларнинг ҳужжатларини ёзар, гоҳида
намойишларда сўз олиб, нутқ ҳам сўзларкан.
Хонадоннинг почта қутисига ташлаб кетилган машъум хат барча
кўргиликларнинг дебочаси эканлитини улар қаердан хам билишсин?! «Бо зуд аз инчо
куч! Баръакс сар мезанем! Мухлат-10
руз!» (Бу ердан зудлик
билан кўчиб кет! Акс ҳолда бошинг кетади! Муҳлат – 10 кун)
Хуллас, бу ултиматумдан оила
сесканиб тушибди. Бундай руҳдаги хатлар ўзга миллат вакилларига ёзилаётган
бўлсада, тожиклар мустасно экан. Дилларида, эҳтимол адашишгандир ёки шунчалик
пўписадир, деган юпанч бўлишига қарамай хавотирлари чандон ошибди.
Абдусамаднинг ойиси бир вақтлар руҳий касаликка дучор бўлиб, тузалиб кетган
экан. Аммо ногаҳоний таҳликадан сўнг дарди тағин қўзиб қолибди: уни шифохонага
ётқизишибди. Кўп ўтмай шифохонага емак олиб борган Обидзода қайтиб келмабди –
уни отиб кетишган экан. Ёр-оғайнилар марҳумни бир азобда Оҳаликка олиб
келишибди, бел боғлаб, расм-русумларни жойига қўйишибди.
Йил оши берилгач, Абдусамадни уйлантиришибди ҳам. Бу даргоҳга,
шўрпешана Зайнаб келин бўлиб тушган экан. Никоҳнинг эртаси – ҳамма
қуда-қудағайлар уй-уйига жўнаб, келин-куёв тушакка киргач ва тун ярмига етиб,
эҳтирос билан иш бошлашгач...
Эй худо! Қисматнинг буёқлари нақадар ранго-ранг. Бир донишманд
айтганидек, бу дунёда бахтлилар бир-бирига ўхшайди, аммо бахтиқаролар ўзга-ўзга
бўлади! Эҳ, ташна лаблар, қониқмаган ҳислар!!! ...эшик зарб билан тақиллайди. «Очинглар, мен Азроилман, жонларингни
олгани келдим» дейди ташқаридан йўғон, ясама овоз. Бечора Зайнабнинг тили
калимага келмай қолади. У зор-зор, чун абри навбаҳор йиғлаётганда, овознинг
оҳанги ўзгариб, ингичка тортади, аёлнинг зорланишига айланади. «Абсамаджон!
Қўрқяпман! Мени кўлобликлар отиб кетмоқчи. Хат ташлаб кетишди...» «Бу менинг
ойим, тушунтиради Абдусамад қаллиғига, – касалланиб қолган». Кейин ташқари
чиқиб, ойисини тинчитади. Эртаси аёлни шифохонага олиб кетишади.
Тўйдан кейин бирор ой ўтар-ўтмас Абдусамад Душанбега бориб келади-ю,
ваҳима билан Зайнабдан сўрайди.
– Шу яқин орада концлагер борми?
– Қанақа концлагер, – ажабланади келинчак.
– Самолёт қишлоғимиз устидан ўтгандан кейин концлагер пайдо бўлди.
Бараклари, тиканли сим билан ўралган деворлари, крематорий трубалари яққол
кўриниб турибди.
Зайнаб кулибди.
– Бу музофотда ҳеч қанақа концлагер йўқ. У бизнинг птицфабрикамиз.
Самолётда шунақа кўринади. Товуқхоналар баракка ўхшайди, ҳаром ўлган товуқларни
крематорийда куйдирамиз.
Қуёвнинг нотинч нигоҳларидаги девонавор хавотирланиш, меров шубҳа
йўқолмайди, негадир рафиқасига ишонқирамайди.
– Сен душманнинг маккорлигини билмайсан, – дейди у, – иблислар
концлагер қуриб, бу паррандахона деса, ишониб кетаверасан. Охир-оқибатда ўша
машъум газ камерасида сен билан мени ҳам жизғанак қилишади, фашистлар! Илоҳим
адашган бўлайин-у, келиб-келиб қишлоғимиз биқинига ажал фабрикасини қуришгани
геноциддан ўзга нарса эмас!
Зайнаб баҳслашмай қўяқолибди.
Бир куни, аниқроғи, тун ўйғонса, куёв одатдагидек нариги хонада
ғўнғиллаб, китоб ўқиётган экан. Эрининг нуқул овоз чиқариб ўқишига кўникиб
қолган Зайнаб эътибор бермайди. Лекин унинг уйқуси қайтиб келмайди ва эрининг
жумлаларини илғаб олишга ҳаракат қилади.
«...йўқ, йўқ, Сталиннинг Сибирда қурдирган авахтахоналари бўшаб ётибди.
Айтинг, бизнинг қишлоқда концентрацион лагер қуришдан муддао нима? Микрофонни
менга беринг? Микрофонни...».
Зайнаб ажабланиб, диққатини оширади.
«Эй, аҳли мусулмон! Бунинг бошқа томони бор. Улар ўзбек билан тожикнинг
орасина нифоқ солишмоқчи. Йўқ, сен мусулмон бўлсанг, бу икки халқнинг қадимий
дўстлиги ҳақида вайсивермай, манфаатлари тўқнашган нуқтани кўрсат, биз уни икки
қўллаб ечайлик! Ахир, тугунни бир қўл билан ечиб бўлмайди-ку! Эй мусулмон! Сен
яхшиси, бизнинг партияга аъзо бўл! Алҳамдуллилоҳ, мусулмонмиз! Оллоҳ ва халқ
иродасига таяниб иш кўрамиз. Парламентда, ҳокимиятда ўз ўрнимизни демократик
йўсинда эгаллаймиз. Энг муҳими, ислом дини эркинлигидир. Агар сен чиндан ҳам
Аллоҳга банда, Муҳаммадга уммат бўлсанг, ло илоҳаилло-лоҳу Муҳаммадун
расул-уллоҳ, маҳаллийчилик, миллатчилик қилма. «Зеро оллоҳ учун барчамиз
баробармиз! Бизнинг уйғониш партиямиз қонун олдида барча фуқароларнинг
тенглиги, дин-у диёнат, намойиш, матбуот эркинлиги тарафдори! Яшасин Ҳумайний! Микрофонни беринг! Микрофонни.. Большевиклар
етмиш йил давомида табаррук саждагоҳларимизни, муқаддас китобларимизни топтаб
келдилар. Агар биз бир муштга айланганимизда, бундай бўлмасди».
Зайнабнинг хавотири ошади, Абдусамаднинг олдида кимдир бор, деган
хаёлда ўрнидан туриб, қўшни хонага бош суқса, эрининг якка ўзи, қўлини серпаб
нутқ ирод қиляпти!
«..Барча лавозимларда ҳамон собиқ коммунистлар ишлаётгани инсофданми?!
Бу – инқилоб эмас! Бу – хиёнат! Бизнинг сафларимиз кенгайиши керак! Биз зулм ва
камситишнинг, адолатсизликнинг ҳар қандай кўринишларига қаршимиз! Биз дунёда
энг бой ер усти ва ер ости захираларига эгамиз! Баски шундай экан, зориқиб,
садақа сўраб яшашга тоқат қилолмаймиз! Агар бундан кейин ҳам мўмин, мулойим
бўлиб қолсак, оллоҳ кечирмайди!».
Шу ерга келганда Зайнаб ажабланиб томоқ қирган бўлади ва сўрайди.
– Кимга гапиряпсиз?
– Мана буларга, – дейди у дераза томон имлаб.
– Бу ерда ҳеч ким йўқ-ку?!
Икковлари ҳам бирдан жимиб қолишибди, кейин Зайнаб дил тўла дард билан
йиғлаб юборибди. Абдусамад ҳам аянчли ҳол содир бўлганини ҳис этибди, шекилли,
Зайнабни қучоқлаб. ўксиб-ўксиб йиғлабди. Дийдалари шашқатор бўлибди,
бечораларнинг.
Эртаси Абдусамадни ҳам шифохонага олиб кетишибди.
Руҳий касалликлар шифохонасига Тошкент-Термиз шоҳкўчаси билан борилади.
Бизнинг фабрика у томонга тескари. Аввал шаҳарга тушиб, бошқа автобусга минишга
тўғри келади. Уч ойдан буён ҳар якшанба Зайнаб иккита товуқ пишириб, қайнонаси
билан эридан хабар олиб келаркан. Абдусамад ҳар гал товуқни олиб, бир саволни
такрорларкан. «Бу қоқсуяклар, концлагер товуқларими?». Зайнаб озуқа танқислиги,
дори-дармон камчиллигини айтиб, товуқлар чўп-устихон бўлиб кетгани боисини
тушунтиришга ҳаракат қиларкан. «Биламан, деркан эри, ўз фикрида қолиб, бечора
товуқларнинг ризқини ҳам ўмаришяпти. Улар большевиклар билан тил бириктиришган.
У ердан тезроқ кетишинг керак! Келажак авлод кечирмайди».
Шўрлик Зайнаб йўл-йўлакай ҳам дийдаларини тиёлмай келаркан-у, келаси
ҳафта учун бир жуфт товуқ олиб чиқиш ғамида бўларкан.
Бизнинг зонадан товуқ олиб чиқиш жўн иш эмас. Биринчидан, товуқбоқар,
бригадир ҳар бир паррандага жавоб беришади. Иккинчидан, товуқ билан қўлга
туширишса...
Шу хусусда бош қотириб юрганимда, лоп этиб имконият юзага келиб қолди.
Эрталаб эллик учта товуқ мурдасини териб акт тузаётганимда, бригадир сирли
жилмайиб, алланима демоқчи бўлди.
– Духтур, шуни акруглят қилинг: олтмишта ёзинг!
Унинг гапириб олишга имкон яратиб, мойил боқдим. – Ярми ўзингизга, –
давом этди у, – чиқариб бериш шарти билан.
Иккиланиб қолганим сабаб, ҳадеб кўндиришга уннарди. Чол (Пушкар) ҳар куни
ўнта товуқ ёзиб, ярим пулини олишини ҳам яширмади. Дарҳақиқат, бу ногаҳоний
таклиф, тасодифий имкониятдан каловланиб қолишим табиий эди. Кейин ногаҳонда
ёдимга дадам тушиб, кескин рад этдим. Куни билан ўйлаб юргач, эртаси бригадирга
ўзим юзма-юз бўлдим.
– Ҳафтасига бешта товуқ қўшаман,
шунинг иккитасини Зайнабга берасизми?
– Қайси Зайнаб? Эри жинни...
– Қайнонаси ҳам. Ўшаларга олиб боради.
– Бўпти, – деди у, – уйининг олдидан ўтаман-ку – ташлаб кетиш қийин
эмас. Улуғбек бериб юборди, дейман...
– Буни айтишнинг кераги йўқ!
ЎН УЧИНЧИ БОБ
Пала-партиш
– Тақа-тақ, тақа-тақ, – худди ана шундай аниқ саноқ билан садо чиқаради
релслар. Бирор сония ўтар-ўтмас тағин ўша рақам такрорланади. Ана шу муттасил
маром кишини аллалаб, карахт қилади. Бунинг устига вагоннинг бир меъёрда
тебраниши қўшилиб, тезроқ ухлатиш пайида бўлади.
Бундай лаҳзаларда бир-бирига ўхшамаган, алғов-далғов тушлар кўраман.
Узуқ-юлуқ кинокадрларга ўхшаб кетади улар ёки телевизор каналлари тугмачаларини
бирма-бир босганингизда турфа мамлакатлар, одамлар, воқеаларга; куйлар,
садоларга гувоҳ бўлганингиз янглиғ, боши ҳам, охири ҳам бўлмаган, содир бўлган
ёки хаёлга келмаган ҳолатлар
қаторлашаверади.
Бекатларга яқинлашганда, ғилдиракларнинг чолғуси ўзгаради: «тақа-тақ»
деб такрорланаётган оҳанг орасидаги муддат чўзилаборади ва бора-бора улар:
«пала-пар-тишш, пала-пар-тишш» деяётгандай бўлади.
Она алласининг рафтори андак бўлса ҳам ўзгарганини сезиб, бедор
бўладиган шўх, қайсар болакайдай мен ҳам ўйғониб кетаман; пала-партиш
тушларимни эслаб, уларни тартибга соламан; тарихи, таъбирини чамалаб кўраман.
Кўп ўтмай вазмин вагонлар жойидан жилади ва буларнинг бари қайтадан
такрорланади.
Гулистон шаҳридан келяпман.
Ҳамкурс дўстим Комилникига меҳмон бўлиб боргандим. Шу
қишли-қировли кунларда (1994 йил, январ) уни соғиниб ёки бекорчиликдан йўлга
чиққаним йўқ. Зарур юмуш чиқиб қолди. Гап шундаки, Комилнинг дадаси Сирдарё
вилоят ветснаби, ўзбекча қилиб айтадиган бўлсак, ветеринария ашъолари
идорасининг бошлиғи. Бош ветврачимизга шу гапни айтиб қўйиб, бошим балога қолди.
Жавобан, бориб дори-дармон суриштиришимни илтимос қилаверди. «Озгина антибиотик
билан витамин топиб келсангиз бўлгани, деди зорланиб, пул сўрайдими, тухумми
директордан ундириб бераман».
Бу ерга келишда ҳам поездга чиққандим. Аммо уч-тўрт йилдан бери поездга
чиқмаганим сабаб, унинг бу даражада хароб ва афтодаҳол бўлганини хаёлимга
келтирмабман. Тер ва бадбўй пайпоқ, пайтаваларнинг ҳидидан қуланса бўлиб кетган
вагонлар, тўғри келган жойга ўтирадиган ёки нос тупурадиган бефаросат одамлар,
олиб-сотарларнинг латта-путталари билан тўлиб кетган йўлаклар... Ҳар бир ўринга иккитадан, учтадан билет сотишибди,
шайтонлар! Ётиш нари турсин, ўтиришга жой йўқ. Бир азобда қўшни вагонга ўтсам,
бу ерда одам ҳам тирбанд. Бунинг устига вагон ойналари сингани сабаб – изғирин.
Худо ҳақи, хўрлигим келди. Ҳеч бир ерда
аҳвол бунчалик ночор ва назоратсиз бўлмаса керак, деб ўйладим. Булар бари инсон
қадр-қиймати, ҳақ-ҳуқуқини оёқости қилиш бўлиб туюлди менга.
Комил паррандачилик фабрикасининг кушхонасида ветврач экан. Ишхонасида
бўлганимда, семиз-семиз гўштбоп бройлер товуқларни кўрдим ҳамда дўстимнинг
мавқеи, имконияти каминадан чандон устунлигига ишонч ҳосил қилдим. Бундай
имконият билан анча-мунча тугунларни ечиш мумкин эди.
Ўғли билан дўстлигимиз ҳурмати учун бўлса керак, дадаси айтганларимни
топиб берадиган бўлди. «Тухум олиб келинг, ўша машина билан дори олиб кетасиз»
деди. Мен беҳад қувондим.
Эртаси дўстимга поездда беҳад озор чекканимни, иложи бўлса автобусда
қайтишимни айтдим. «Буни ўзим ҳал қиламан», деди у. Ҳал қилди ҳам: станцияга чиқариб, бошлиқ билан
гаплашди.
– Бир мечкай тўртта ўринни сотиб олган, – деди проводник. Шунинг
купэсига қўяман, лекин ҳалақит бермай борасиз...
Купэга кирганимда, бу одам ухлаб ётганди; унчалик эътибор беролмадим.
Юқори қаватга оҳистагина чиқиб, ёнбошлаб олгач ва поезд тезлигини оширгач,
ғира-ширада шеригимга назар ташладим. Бу одамнинг гавдаси бесўнақай, ўзи семиз
эди. Унга бир ўрин эмас, купэ ҳам торлик қиладигандай бўлиб туюлди. Атрофга
тартибсиз сочилган либослари, магнитофон, газет-журналлар, виски, шарбатлар;
чала ейилган гўшт. Амалдор бўлса керак, деган фикр ўтди хаёлимдан. Ана шундай
тоифадаги ишкамбалар менда ҳеч қачон илиқ таассурот қолдирмаган. Уларнинг сўзи
билан иши бирлигига шубҳам бор. Шеригимнинг боши билан бирлашиб кетган йўғон
бўйни, елинга ўхшаш юзига қараб, ўта беғам банда эканлигини англаб олиш қийин
эмас. Ҳақиқий раҳбарнинг эса беғам, бепарво бўлишга ҳаққи
йўқ. Бу нуфузталаб мечкай шўролар замонида ҳам амал курсисида ўтирган, тўйиб
еган, тўйиб ухлаган; болалари, қавмларини қийналмай ўқишга, ишга жойлаштирган;
ҳаловатда яшаган бўлса ажаб эмас. Энди эса истиқлол меваларининг энг сараси шу
каламушники. Бу ҳирстабиат мустақилликни мадҳ этатуриб, ундан нафс йўлида
фойдаланмаяпти, деб айтишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Эҳтимол, хусусийлаштириш
ҳақидаги фармондан фойдаланиб, уч-тўртта ҳовли, автомашина харид қилгандир;
миллий ҳамда чет эл банкаларида маблағи бордир. Халқнинг аҳволи билан сариқ
чақачалик иши йўқ, хумпарнинг!
Эҳтимол ошириб юборгандирман. Ҳар ҳолда ҳамхонанг ҳақида дарҳол нохуш хаёлларга
бориш, одамнинг гавда тузилишига қараб, ички дунёсига баҳо бериш
калтабинликдир! Гуноҳ қилган бўлсам, кечир, худойим!
Кўп ўтмай уйқу истаги поезднинг шовқунидан, ҳамхонамнинг хуррагидан
устун келиб, ухлаб қолибман. Алламаҳалдан сўнг проводникнинг хирри овозидан
ўйғониб кетдим.
– Жиззах, Жиззах! Тушадиганлар борми? Давай!
Мен билан бирга шеригим ҳам бош кўтариб, атрофга аланглади. Сўнг
пайпаслаб, нимадир олиб еди, ичди ва дарҳол ухлаб қолди. Уйқусираб, алланималар
деди, аммо пойинтар-сойинтар жумлаларни англаб ололмадим. Сўнг уйқу элитди.
– Ғаллаорол, Ғаллаорол! Тушадиганлар борми? Давай!
Назаримда тушадиганлар топилмади, аксинча анча-мунча кишининг
туртиниб-суртиниб минганлиги, уларнинг узуқ-юлуқ гаплари эшитилиб турди. Бир
неча эркак, аёл эшигимиз қаршисидан жой олишди, шекилли, Ҳаллаорол шевасидаги гаплар эшитилиб турди.
– Жай жўқма?
– Жай жўқ.
– Ордона қоғур.
– Мана жерга кетингди қўй.
– Тиғилиб кетибдику!
Кўп ўтмай улар жимишди, бир эркакнинг овози ажралиб қолди.
– Бир жиянимиз тажикка теккан.
Жилда олти-жети бориб келаман. Қатиқ олдим, жонғоқ олдим.
Аёл киши унинг сўзини бўлиб, ўз ҳасратини тўкиб солабошлади.
– Ун тағи қиммат бўганимиш. Жер жутгур! Пенсам жетмиш минг. Барига жети
кило пиёз бераман, дейди. Танани сотдик.
Бошқа аёл унинг гапини илиб кетди.
– Акам танасини сотиб, буғдой оған эди. Шуни нонини жеб, болалари ўлиб
қолди. Духтир: «Кампирчопон жеган», дебди.
– Проводникнинг таниш овози шовқинни босди.
– Қани, билет олинглар! Давай!
Ҳамма жимиди. Бир аёлнинг зорланиши эшитилди.
– Пул жўқ, айланай. Дуо қиламиз!
Проводник овозини тағин кўтариб, алланималар деди. Кимлардандир пул
санаб олаётгани аён бўлди. Кўп ўтмай бояги суҳбат давом этди.
– Дўканчи қарзга бермайман, деди. Қирғинга берай, барингди дедим.
– Қизимга даптар оберай, деб қатиқ оборсам, биров сўрамади-я?!
Бу гапни эшитиб, Сиёб бозорида кўрганим – маҳзун ҳол кўз ўнгимга келди.
Қишлоқдан келган аёллар тизилиб ўтириб, чакки сотишарди. Уларнинг олдидан
шошилиброқ ўтиб кетаётганимда, азбаройи совуқдан онасининг пинжига тиқилибгина
турган етти-саккиз ёшлардаги қизалоқ эътиборимни тортди. Совуқдан бурни,
қулоқлари қизариб кетганди, бечоранинг. Йиртиқ калишидан шолғомдай қизарган
бармоқлари чиқиб турарди. Ачиниб кетдим. Ногаҳонда у билан нигоҳларимиз
тўқнашди ва жуда умидвор, илтижоли боқди кўзларимга. Назаримда: «Амакижон, шу
қатиқни сотиб олинг, озгина пулга зориқиб қолдик» дегандай эди. «Қатиқ неча
пул», сўрадим унинг ойисидан. Аёл дафъатан қувонди, шошиб қолди. «Айланай, неча
пул берсангиз майли. Ҳадемай
автобусимиз кетиб қолади. Мана бунга дафтар олиб бермоқчи эдим...». Мен
санамаёқ пул узатдим, у ҳам қатини очмай, чўнтагига солди ва икковлашиб илдам
бозордан чиқиб кетишди. Шундан кейин ўша маҳзун ва ночор ҳолат кўз ўнгимдан
кетмай қолди, ачиниб юрдим. Бу бечора иссиқроқ жемпер кийишдан; китоб, ширинлик
харид қилишдан маҳрум. Балки отаси ҳам йўқдир: ўлгандир, ташлаб кетгандир,
бемордир... Ночор болалик. Нима қилиш керак?! Бу саволга жавоб тополмадим.
Олдинда – бешак, мунаввар кунлар!
Купедошим тағин ўйқусираб, узуқ-юлуқ гапирабошлади. Диққатимни оширдим.
«Яхши, яхши; халқни боқиш керак, керак, керак», деганигина англаб ололдим.
«Халқни боқиш керак». Бу жумлани мажлисларда, телевидение, радиода бошлиқлар
тилидан бот-бот эшитиб тураман. Шундай боплаб талаффуз қилишади-ки, беихтиёр: «Одамларнинг
тақдири шунинг қўлида экан-да» деган хаёлга бориб қолади киши. Аммо ҳақиқатнинг
юзига тик қарайдиган бўлсак: бу ҳийла, ғирромлик, алдам-қалдам иш тутиш. Халқни
бунақа жипириқ одамлар нари турсин, подшоҳлар ҳам боқолмайди. Аксинча халқ
боқади барини: семизини ҳам, ориғини ҳам; ҳалолини ҳам, нафси ўпғонини ҳам; ўз
халқини сотадиганини ҳам, севадиганини ҳам...
Туш кўрсам, идорамиз олдида катта анжуман эмиш. Туманимиз ҳокимаси
(ҳамма уни «Ойти» дейди) нутқ сўзлаётган экан. «Айрим иқтисодий қийинчиликларга
қарамай, мана шу касалхонани қисқа вақтда ишга туширдик» дебди. Ҳамма қарсак чалибди.
Ёдимда – бир куни ишга борсам, аёлларимиз: «Ойти мебиён, ойти мебиён» (Опа келадилар, Опа келадилар) , деб шипшиб, саросима бўлиб туришибди. Кейин
баримизни йўлакларни тозалаш, дарахт таналарини оқлашга олиб чиқишди. Бу ўринда
шуни қисдириб ўтишим жоизки, мен Ойтини фақат телевизорда кўрганман. Табассум
билан бир нималар деганди ўшанда. Аёлнинг ўтмишига, эркакнинг келажагига қараб
баҳо берадиган бўлсак, камина танийдиган амалдор аёлларнинг ўтмиши унчалик
жозибали эмас. Ҳа, майли.
Унинг фабрикамизга ташриф буюриши ҳақидаги шов-шув анча кунлардан бери
юрарди. Билишимча, фабриканинг қарзи эвазига унинг тўрт қаватли идорасини олиб, соғлиқни сақлаш бўлими
ихтиёрига беришмоқчи экан.
Йўқ ўша куни ҳокима опа келмади. Аммо идора икки қаватли бинога
кўчирилди.
Мен бу ҳодисага унчалик эътибор берганим йўқ, аммо Людмила Дмитриевна
тутақиб кетганини айтиб ўтишим керак. «Бу қанақа гап? Паррандахоналар орасида
касалхона бўладими?! Ёзда пашша босиб, сасиб кетадиган жойда-я!
Тушимда «проходной»да турган эмишман. Рентген табло эркагу аёл
иккитадан тухум олиб чиқаётганини кўрсатиб турган эмиш. Юлаев (фабрикани сотиб
олмоқчи бўлган яҳудий) уларга пўписа қилармиш: «Хароб бўласизлар, хароб
бўласизлар...».
Поезднинг овози ўзгарди. Уйғондим. Проводникнинг таниш овози янгради.
– Разъезд, разъезд! Тушадиганлар борми? Давай!
Яна кимлардир минди, нотаниш овозлар эшитилди: «...Давлат тилида гапир»
дедим. «Мен давлат биланмас, хотиним билан гаплашяпман» деди у. «Биров худонинг
бандаси, биров банданинг бандаси», деди дўриллоқ овоз. Аёллар эса ҳамон ҳасрат
қилишарди. «Бунингди Жиззахдаги дўхтирга олиб бор. Берда дари жўқ», деди...
Биз тағин йўлга тушдик.
Тушимда уни – аёлларимиз таъбири билан айтганда, Ойбақабегимни
кўрибман. Вой, сенинг рафторингдан, во сенинг карашмаларингдан! «Бу бадбўй
товуқхонада ишлашни итимга ор, мушугимга номус деб биламан», дебди кибр билан.
«Ундай бўлса нима қилдик», сўрабман. «Юринг, эркин қушдай узоқ-узоқларга парвоз
қиламиз; ғийбатчи хотинлардан, мижғов эркаклардан, таъмагир амалдорлардан
қутуламиз». «Менинг хотиним бор-ку?!» «Хотин – оёқдаги кишан; ҳақиқий эркак эса
кишан киймаслиги керак». Иккиланиб турганда, уйғониб кетибман.
Қиз бошини илкис кўтарди, менга қизиқиш билан қаради, ўзгача оҳангда
жавоб қайтарди. «Мана, мен борман!». Шу тобда ҳазилга ҳушим бўлмаса ҳамки унинг
мастона боқиши оловланаётган феълимга сув сепгандай бўлди. Чиқиб кетар эканман
негадир ёдимга қадимги Рим аристократ аёлларининг бичилган қуллар олдида қип
ёланғоч чўмилишлари тушди. Бу ҳаромилар мени ўша қулларга тенглаштиргандай эди.
Иззат-нафсимга тегишганди.
Қайтиб келишим билан аёлларимиз аллақандай шубҳа, кесатиш, огоҳлантириш
оҳангида саволга тута кетишди. «Ойбақабегим ўтирган эканми, кўз сузиб?» «Сизга
қармоқ ташламадими?» «Нега боргандингиз?» «Нималарни сўради?» Кейин эса
сўроқлар танқидгами, ғийбатгами айланиб кетди. «Бети қурсин беҳаёнинг!».
«Нечтаси билан...» «Қарашмаси ортиқча».
Узоқ давом этган мағзаварезликдан каминага шу асрорлар аён бўлдики, эри
бўлатуриб, бошқалар билан... Ҳатто айрим
раҳбарлар билан ҳам... Эри лакалов эмиш. «Шў хар шавад, зан ғар мешавад»1 деди бир аёл бу ҳақда гап кетганда.
Ойбақабегим (асли номи ўзгача) идорада, лабораторияда ҳам ишлашга улгурибди. Бу
ерда ҳам кўп ишлолмасмиш. Отаси ўзбеклашган араб, онаси рус экан ва ҳакозо,
ҳакозолар.
Орадан қанча вақт ўтганини билмайман. Иккинчи бор дорихонага
кирганимда, у ёлғиз экан. Шунинг учун кўнглимда завққа эш хавотирлик ўйғонди.
Қурғур шундай ҳам серхумор нигоҳ ташладики, юрагим гупиллаб урабошлади. Нима
учун келганим, гапни нимадан бошлашим хаёлимдан кўтарилди.
Араб ва рус қонининг пайвандидан кўзни ўйнатадиган, ҳайратга соладиган
гибрид (таъбир жоиз бўлса) вужудга келганини тан олмасликнинг иложи йўқ эди.
Бетакрор сулув эди у! Баланд дуркун қомат ва унга монанд бўлиқ кўкрак; қоп-қора
соч, қош, киприк; оппоқ чеҳра, бўйин, билаклар. Ўар қандай таъриф-тавсиф
ғариблик қилиб қоладиган нозанин эди у; буни билар, намойиш этишнинг ҳам
кифтини келтирарди. Либос кийиш, сочни турмаклаш, енгилгина пардоз-андозда
Оврупо ва Осиё анъаналари уйғунлашиб, сеҳрли жозиба бунёд этганди.
Мени айблашга шошилманг. Бундай малоҳат олдида ҳар қандай эркак ҳам бир
лаҳза каловланиб қолиши табий ҳолдир.
«Келинг, Улуғбек», деди у билинар-билинмас тавозе, моҳир сухандонларга
хос ҳийла, қош чимириш билан. «Демак, номимни билади», ўйладим ва бу ҳолдан
зоҳиран қувондим. У менга яқинлашди, димоғимга фаранг атрининг дилни
энтиктирувчи ҳиди урилди, сархуш бўлдим. «Номимни қаердан биласиз», кулибгина
сўрадим. «Ўаммасини биламан: ҳаворанг «Жигули»нгиз борлигини, уйланганинигизни,
бошқа гапларни ҳам...»
У охирги жумлага урғу берди. Нимани назарда тутаётганини тахминлолмаган
бўлсам ҳамки, суриштиришга, андиша қилдим. Унинг сийнабандидан кўпчиб чиққан
тиқмачоқдай кўкрагига ҳирсу ҳавас билан тикилиб қолдим. Аёлларимиз уни
кўролмасдан, ҳасад билан ғийбат қиладигандай бўлиб туюлди назаримда. Бир неча
дақиқа гаплашиб қолдик. Нималар хусусида сўз юритганимиз ёдимда йўқ, зотан
бунинг аҳамияти иккинчи ўринда эди. Нималар ҳақидадир ваъда бердим, мақтаниб
қўйдим, шекилли. Биз арзимаган гапдан завқланиб кулардик, туйғуларимиз бетиним
туғён этарди. Бошлиқлар ҳақида ғалати латифа ҳам айтди у. Бир киши
балиқфурушга: «Раҳбар балиқлардан иккитасини тортинг», дебди. «Улар қанақа
бўлади», ҳайрон бўлиб сўрабди у. «Мана бу калласи йўқлари», жавоб берибди
харидор. Шу орада уч-тўрт киши кириб келди, улар аллақандай ҳужжатларни
суриштиравергач, ортиқчалигимни ҳис этиб, чиқиб кетдим.
Шу-шу сеҳрли даргоҳ мени оҳанграбодай тортадигн, шивирлаб чорлайдиган
бўлиб қолди. Аммо аёлларимизнинг маломатларидан чўчиб ва бунинг устига мени
тағин кўпроқ қумсашини истаб, кам кирардим.
Бу гал кирганимда, шукурки, у тағин ёлғиз экан. Суҳбатимиз тез қовушди.
Қарангки, дунёқарашларимиз ҳам ҳамоҳанг чиқиб қолди. У қимматчиликдан, ноинсоф
амалдорлардан нолиди; фабрикани чет эллик яҳудий харид қилганда, ҳаётимиз
фаровон бўлишини каромат қилди.
«Бу раҳбарлар ўшанга ҳам йўл беришмасди» фикримни айтдим. «Ўа, СССР
пайтидаги шишкаларни жавоб бермагунча, жизнь яхши бўлмайди», қўшилди у.
Аслини олганда, сиёсат ёки иқтисод ҳақида сафсатавозликнинг мавруди
эмасди, аммо аллақандай устунликларимизни намоён этиш, тағин аллақандай
эҳтиросларимизни жиловлаш учун сўзамоллик қилардик. Бу гал у тағин ўзгача
кийинганди: шевалари, тавозелари аввалгисига ўхшамасди. Қайбирам ҳинд филмида
худди шунақа жононни кўрганимни хотирлаётганимда, у тортмасидан иккита «твикс»
олиб, биттасини менга узатди. Ўижолат бўлиб кетдим. «Биз ҳам хизматга бормиз»,
дедим. «Кўрамиз», деди у.
Ойбақабегимнинг бир номақулчилигига гувоҳ бўлдим-у, кўнглим совиб
кетди. Ўша куни Пушкар кабинетига эргаштириб борди-ю, жиним сўймайдиган
зерикарли юмушни – ойлик ҳисобот ёзишни тайинлади. Ой давомида нобуд бўлган
товуқлар сони, сабаби; сарф бўлган дори-дармон, профилактик тадбирлар ҳажми...
Аслида бу ишни чолнинг ўзи қилиши керагу менинг зиммамга юклаб қўйган.
«Ичкаридан беркитиб ол, ҳеч ким ҳалақит бермасин», деди илтимос оҳангида.
Икки соатлар чамаси ишлагач, диванга чўзилиб, ухлаб қолибман. Қанча
вақт ўтганини билмайман, дам олиш учун мўлжалланган қўшни хонада нимадир
таққиллади ва уйғониб кетдим. Зум ўтмай аёл кишининг кулгиси эшитилди. Диққат
билан қулоқ тутдим. Эркак киши ғўнғиллаб нимадир деди. Аёл тағин кулди. «Менинг
хотиним жуда бефаросат», деди эркак. «Ну, перестан», деди аёл. Овозлар таниш,
жуда таниш бўлса ҳамки, ажратиб олишга ақлим қосирлик қилди. Қизиқувчанлик
билан бирга дилимда ғулғула уйғонди: нохуш, ҳатто жиноий ишга гувоҳ бўлишдан
чўчиб қолдим. Кўп ўтмай, каровот бир маромда ғижиллайбошлади. Ўаловатдан аёлнинг
нозик инграшини ҳам илғаб олиш қийин эмасди. Хавотирим ошиб, беозоргина чиқиб
кетдим. Анча нари боргач, ҳадик ўрнини ҳасадми, нафрат эгаллади. Биз дам
оладиган хонани булғаган бу бетавқифлар кимлигини билмоқчи, ошкор этмоқчи
бўлдим. Дарвоза олдидиаги қоровулхонага кириб, пойлашга тўғри келди. Кўп ўтмай
Ойбақабегим пайдо бўлди. Ўеч гап бўлмагандай тиржайиб кетаверди. Рости гапки,
жуда ўксиб кетдим, дилимда беҳудуд нафрат пайдо бўлди. Кейин атрофга олазарак
нигоҳ ташлаб, қўшни зонада зоотехник бўлиб ишлайдиган ўша сариқ чиқди. Уни бу
ерларга қайта қадам бостирмасликка аҳд қилдим ва ўша заҳоти бориб, дам олиш
хонасига қулф урдим.
Шу-шу бўлди-ю, дорихонага йўламай қўйдим. Зарур бўлиб қолганда Зайнабни
юборардим. Орадан қанча вақт ўтганини билмайман – биз бир тасодиф билан
учрашдик ва руҳимда кутилмаган эврилиш содир бўлди. Зонада тухум камайгани учун
Пушкарни агропромга чақиришган экан. Одатдагидек, ўзидан соқит қилди.
«Ўзбекчани билмайман. Ўзинг бориб кел», деб туриб олди. Кўчага чиқиб, энди тезликни оширганимда,
бекатда Зайнабни кўриб қолдим. Тормозни босиб, уни имладим, аммо сезмадими ёки
хижолат чекдими – келмади. Бир лаҳза иккиланиб турганимда орқа эшик очилди ва
Ойбақабегимнинг юзи кўринди. У ўзини беихтиёр ичкари олиши билан кабинани
хушбўй ҳид эгаллади. Бу ҳолни кузатиб турган Зайнабдан негадир ҳижолат тортдим.
«Улуғ ака, кўринмайсиз», ўзига хос гинаомузлик билан сўради
Ойбақабегим.
«Юрибмиз».
«Қаёққа боряптилар, агар секрет бўлмаса?».
«Агропромга. Тухум камайиб кетяпти».
«Ничево. Кўпайтиришнинг йўли осон», деди ҳазилу чин аралаштириб.
«Эшитайлик қани?».
«У зонадан хўрозларни олиб келиш керак. Бизнинг хўрозлар –
гермофродит».
«Ўша сариқпоча жўжахўроз минбад пайдо бўлса, оёғини уриб синдираман ёки
ньюкаслга дучор қиламан», дедим.
Иккаламиз қалтисгина сўз ўйини қилган бўлишимизга қарамай ноўнғай
вазиятдан ясама кулги билан чиқиб кетдик. Лекин зум ўтмай тағин ҳиқилдоғимдан
тутмоқчи бўлди.
«Астановкада Зайнаб турган эди – минмади. Овоза бўлиб кетишидан
қўрқдими дейманда, қурғур».
«Нимани назарда тутяпсиз», хавотирланиб сўрадим. У жавоб бермай жим
тургач, Зайнабнинг беғубор аёллигини таъкидлаб қўйдим.
«А бизлар ёмон». Киноя қилди у, яхши бўлсак, бизга ҳам иккитадан товуқ
падарка қилардингиз...».
«Буни қаердан эшитдингиз», ҳушёр тортдим.
«Отдельный разговор».
«Бегуноҳ одамга туҳмат қилманг», дедим жаҳлимни босиб.
«Менга бир проблемада ёрдам қилинг, гап ўзанини бошқа томонга бурди у,
майли мен больше не буду об этом...».
«Нима ёрдам?».
«Сизларга санитарка бўлиб ўтмоқчиман. Ихтиёр Пушкарда экан. Бир оғиз айтсангиз...»
Мен индамадим. Бир оз йўл юргач, у бекатда тўхтатишимни сўради.
Машинадан тушар экан, илтимосини тағин такрорлади. Индамадим. Сабаби, бирор
тўхтамга келолмагандим.
Шундан бери Ойбақабегимни кўрганим йўқ. Бугун поездда тушимга
кирганининг сабаби, таъбирини ўйлаб, кулгим келарди.
Поезд тағин «пала-пар-тишш» деган каломни такрорлайбошлади. Унинг
ортидан қоровул бақирди.
– Багарная, Багарная! Тушадиганлар борми? Давай!
Багарная (аслида Баҳорикор)да ҳеч ким минмади. Сокинликдан ташқаридаги
икки эркакнинг овози баралла эшитилиб турарди.
– Аваллари шу Багарнийда ўври кўп бўлайди. Бари жўғолди.
– Жўғолгани жўқ, бари ўврилар идарага кириб кетган, – сўз ўйини қилди
униси.
Улар кулишди. Бир аёл суҳбатга қўшилди.
– Ўври жўғолгани жўқ. Қирғин теккурлар бўламнинг уйига кириб, пичақлаб
кетди. Бетини жовиб қирган экан. Бўлам ҳам: «Сени тонидим», дебди. «Моникай,
тонисанг», деб пичақлабди. «Тонийман» демаганида, тири қолайди. Милиса келди...
– Милиса минан уврини тили бир, – улаб кетди эркак.
Поезд ўрнидан жилиши билан жимиб қолишди. Хомсемиз хунук хуриллаб,
поезд увлашига жўр бўлди.
Бу гал тушимга Партком бобо кирибди.
У киши кўчамизнинг нари бетидаги ҳайҳотдай ҳовлида ёлғиз яшайди.
Ўғиллари шаҳарда туришади. Партком бобо колхозлаштириш дарғаси, Ватан урушининг
ногирони. Кўп йиллар колхозда партком бўлиб, шу ердан ер олган, пастак
иморатлар қурган. Кўпинча ичиб юради. Каттами, кичикми; кўпчиликми, озчиликми
суқилиб бориб, кўрган-кечирганлари, жасоратлари ҳақида гапираверади. Бу
хотираларни гоҳида такрорлайверади. Ўозирги раҳбарларни болохонадор қилиб
сўкишни хуш кўради. Лекин бизнинг кўчада унга қулоқ тутадиган азамат
қолмаган – безиб қолишган. Ўзим ҳам
«партбилетини окопда олган ва ҳозиргача сақлаб қўйган» бу одамни чуқур тушунмайман.
Вилоят солиқ инспекциясининг бошлиғи Юнусов унинг жияни дейишади, аммо у
нуфузталабнинг бу ерга бирор бир қадам қўйганини кўрган банда йўқ.
Аммо бугун тушимда у минбарга чиқиб олиб, сукут сақлаб ўтирган эмиш.
Одамлар қарсак чалса, бақирса ҳам индамасмиш.
Дарғом канали бўйида «Гулдаст» деган кичик корхона бор. Унинг бошлиғи
Баҳрилло ака пайдо бўлиб, (тушимда, албатта) чолни нари сурибди.
Баҳрилло ака ҳақида андак батафсилроқ гапирсам фойдадан ҳоли бўлмас.
Бир куни ишга бораётганимда, дадам буюриб қолдилар: «Дарғомнинг шундайгина
соҳилида кичик корхона бор. Шунинг бошлиғига учрашиб, дадам юбордилар десанг,
зиғир мой бериб юборади».
Ўша куни хаёлим паришон, дилим ғаш, ҳамма нарсадан ҳафсалам пир бўлиб
юрган вақтлар эди. Касал бўлиб ўлаётган товуқларнинг кўпаяётганлиги, ўзимнинг
сурункасига пулсизлигим ва алланималар руҳимни мижиқлаган; эрта туриб ишга
бориш, куни билан бир хил бадбўй юмушларни бажариш, уйга бир маҳал келиш...
Наҳот инсон ўлиб кетадиган дунёда шунинг учун яратилган бўлса, деб ўйлардим.
Хуллас, «Гулдаст» кичик корхонасини қийналмай топиб бордим. Ўовли
тўрида тўрт-беш киши ғишт-блок қўйяётган экан. Улар билан саломлашгач, бошлиқни
сўрадим. Ўалтак сураётган ориққина киши менга юзланиб, илтифот кўрсатди. Ўзимни
таништирдим. Баҳрилло ака қувонди, ишини қўйиб, мен билан суҳбатлашакетди.
Гапига қараганда, шу ерлар жарликдан иборат, ташландиқ жой бўлган экан.
Мустақиллик эълон қилингандан кейин булдозер билан текислаб, кичик корхона
очибди. Ўишт-бетондан ташқари, эшик, ром, ясайдиган цех: жувозхона очибди;
асаларичилик, қорамолчиликни йўлга қўйибди. «Мана шуни, деди у эски юк
машинасини кўрсатиб, автобазалардаги эски запчастлардан тикладим. Укам
ҳайдаяпти. Ўилдираги айланиб турса, қозон ҳам мой, чўмич ҳам. Шу йил тикувчилик
цехимиз ишга тушади. Қарабсизки, аёлларимиз ҳам иш билан банд. Кейин тағин
планлар бор...
«Зарурми шулар бари, ўлиб кетадиган дунёда», дедим беихтиёр. Бу гапни
унга ачиниб айтдимми ёки дилимдаги тилимга чиқдими – билмайман. Унинг юз
ифодалари ўзгаришларига қараб, бу гапни беҳуда айтганимни дарҳол ҳис этдим.
Аммо кеч бўлган эди. Баҳрилло ака гинаомуз бош тебратиб, ўзгача оҳангда монолог
бошлаб юборди.
«Бу гапни қайтиб айтманг! Айниқса ёш одамнинг шунақа тушкун фикрлаши
менга қаттиқ ботади. Бунақа нуқтаи-назар одамнинг қўл-оёғини боғлаб қўяди,
ҳафсаласини пир қилади. Сизнинг ёшингизда катта, жуда катта мақсадлар керак!
Инсоннинг қалбан қариб қолиши эрта хазон бўлишидир. Одам ўз қўли билан яратган
бинони, ўтқазган дарахтни кўрганда завқлана билиши керак! Бўлмаса умрнинг
мазмуни қолмайди. Тўғри, ўлим муқаррар! Аммо бу гапни ўлим тўшагида ётган
беморлар, мункайиб қолган чоллар айтса бошқа гап. Ваҳоланки, ўшалар ҳам бундай
дейишмайди, умид билан яшашади. Сиз йўл бошида турган навқирон йигитку! Аслида
одам қайси ёшда бўлишига қарамай, сизнинг зарарли қайфиятингизга дучор бўлдими
– тамом. Ундан жамият барака топмайди; оиласи, дўстлари ҳам безади. Бундай
тоифадагилар бошқаларни ҳам заҳарлайди. «Жувонмард» билан «жувонмарг»нинг фарқи
битта ҳарф. «Қирол» билан «қарол»нинг ҳам. Сиз ҳаётда жувонмард бўлинг, қирол
бўлинг! Шавланинг масаллиғи билан палов пиширса ҳам бўлади. Буни эсдан
чиқарманг!
«Кечирасиз, билмай айтиб юборибман», дедим астойдил.
Гарчанд аччиқроқ гапирган бўлсада, Баҳрилло ака менда яхши таассурот
қолдирганди. Қайтишда дарвоза тепасидаги шиорни ён дафтаримга ёзиб ҳам
олгандим.
Биёки, умр чун боди баҳор мегузарад,
Бо кор бошки, рўзҳо бакор мегузарад1 .
Бир танишим Баҳрилло аканинг иккита хотини борлигини айтганда ҳам,
унинг тарафини олганим ёдимда. «Бу одам серғайрат: иккита хотинни ҳам
таъминлашга қодир» дегандим. Ўозир шу одамни тушда кўриб, зоҳиран қувондим ҳам.
Кўп ўтмай поезд тағин бу дунёнинг ишлари, жумладан, менинг тушларим,
хаёлларим, одамларнинг тақдири ҳаммаси-ҳаммаси пала-партиш эканлигини
таъкидлашга киришди. Кейин проводник овозини кўтарди.
– Самарқанд, Самарқанд! Тушадиганлар борми? Давай!
ЎН ТЎРТИНЧИ БОБ
Қайсар ва қув дўстларим
Дам олиш куни, уйда телевизор томоша қилиб ўтирганимда, икки дўстим –
Бахтиёр билан Артур кириб келишди.
Улар тўйга хабарга келишганини дарҳол фаҳмладим.
Уларнинг бири – синфдошим, иккинчиси – курсдошим. Бахти билан Артурнинг
дўстлашиб қолишганига ҳам ўзим сабаб бўлганман: туғилган куним (1 июн)ни
нишонлашга келишганда, ёнма-ён ўтиришиб, иноқлашиб қолишди; кейин қадрдонлашиб,
каминани ҳам аҳён-аҳёнда йўқлайдиган бўлишди.
Ўа, уларни жўрачиликка ҳидоят этувчи муштаракликлар оз эмасди. Табиатан
мустақил, эркли бўлишга интиладиган; саботли, жўмард; шу билан бирга ўр,
якров... Иккаласининг феъли-хўйида мусбат қутблар, тафовутлар ҳам йўқ эмасди,
албатта. Болалар ўйида вояга етгани сабаб бўлса керак, Артур ота-она дийдорига
зор бўлиб, уларни қумсаб, зоҳиран излаб улғайди. Бахти бўлса, дадаси билан
чиқишолмади: аразлаб, ғижиллашиб юрди-ю, охир-оқибат уйларидан кетиб қолди.
Муроса-ю мадорага келтириш учун не-не нуфузлар орага тушмади дейсиз – наф
бўлмади. Бир ярим йилдан бери Артур билан Зарафшон соҳилида – дала ҳовлида
яшайди.
Мазкур дала-ҳовли сиёсатшунослик кафедраси доцентиники бўлиб, ҳатто
ёзда ҳам оиласини бу ерга кўчириб келмайди. Домла эронигузарга ичкуёв бўлган –
шинамгина ҳовлиси бор.
Ёдимда: бешинчи курс пайтимизда ўша домла синов пайти Артурдан қаерда
яшаётганини суриштириб қолди. (Етимлигини биларди). Ижарада тураётганини
эшитгач, истиҳола билан таклиф киритган бўлди: «Бизнинг дача бўш турибди –
ҳамма шароити бор».
Гап шундаки, ўша пайтларда ёғоч, ғишт деган матолар жуда ноёб бўлиб
қолгани сабаб, дала ҳовлилардаги қурилиш ашёларини ўмариб кетадиган чаққонлар
кўпайиб қолганди. Артурдай текин қўриқчидан фойдаланиш икки томон учун ҳам айни
муддао эди. Дўстим кўнди ва эртасигаёқ унинг кўч-кўлонларини «Жигули»га ортдик.
Бизга ҳамроҳ бўлган домла йўл кўрсатар, изоҳ берарди.
– Бу ерга биринчилардан бўлиб келганмиз. Тўқай бўлиб ётарди. Сувни ҳам,
светни ҳам ўзимиз тортиб келганмиз. Дарёдан шағал ташиб, йўл кўтарганмиз.
«Демак, шўрлик студентларни роса ишлатган бу бераҳм», ўйладим ўзимча.
Йўл ялангликка келиб тақалди. Домла давом этди. – «Бу ер – ипподром. Номига
шундай. Ўша – тўкинчилик йиллари отчопар қилмоқчи бўлишди – зотли айғирлар олиб
келишди. Кейин замон ўзгариб, бунақа дабдабаларга қўл калталик қилиб қолди.
Отларни сотиб, пулини қолганларига егизишяпти».
Олди дарёга қараб қурилган, бу ердагиларга нисбат қилиб оладиган
бўлсак, ўртамиёна дала-ҳовли рўпарасида тўхтадик. Икки томонда эса шунақа ёзлик
қўналғалар бир-бирига туташиб кетганди. Улар орасида ҳашамдорлари ҳам ночорлари
ҳам бор эди, аммо бу кимсасиз даргоҳлар мўнғайиб тургандай эди. Гуёки, ҳаёт деб
аталадиган жўмард кўзда чопонини шу ерга ечиб қўйиб, ўзи шаҳарга кетиб
қолгандай эди.
Домланинг ёзлик қўналғаси ғиштдан қурилгани сабаб, қишда ҳам яшаса
бўларди. Ётоқхона, емакхона, олди ойнаванд айвон.
Кўп вақтдан бери инсон яшамагани сабаб, чанг босиб, поллар орасидан
қиёқлар бош кўтариб чиқишганди. Учовлашиб, бир хонани эпақага келтирдик.
Артурга шароит яратдик. Бари жобажо бўлгач, домла иккаламиз у билан хайрлашдик.
Аммо уйга келгач, ўкина бошладим: дўстимни ҳайҳотдай жойда ёлғиз ташлаб
келганим инсофсизлик бўлиб туюлаверди. Назаримда у ўксиб, мўнғайиб ўтиргандай
эди. Менга ўхшаб меҳрибон дадаси, ойиси, амакиси, қавми-қариндоши бўлганда,
ғариб бўлиб қолмасди, деган даққоқ, дилозор фикр хўрлигимни келтириб,
дийдаларимни намлади. Эрталаб нонуштага иссиқ нон, қаймоқ харид қилиб, машинни
дарё томон ҳайдадим. Келсам – жўрамиз ухлаб ётибди. «Тур-ей, ҳўкиз, дедим,
синашта бир эркалик, беғубор қониқиш билан, ётаверасанми сасиб?! Дилимдаги
ғашлик тарқалди. Чой ичиб, биргаликда ўқишга келдик – унинг кайфияти жойида
эди.
Кўп ўтмай Артур умумий жарроҳлик кафедрасидан диплом иши олди. Мавзуни
унга бирор киши тавсия этганми, ўзи танлаганми – билолмадим. Чорва моллари
травматологияси – унча актуал мавзу бўлмаса ҳамки, иштиёқ билан иш бошлаб
юборди. Алламаҳалгача кутубхонада қолиб кетар, гоҳида кечикар ва дала-ҳовлига
элтиб қўйишимни сўрарди. Ўша пайтларда унинг хонасида чорва молларининг болдир,
сон, умуртқа суяклари анча-мунча бўлиб, дўстим уларни атайин синдирар, тағин
гипслаб тиклаб қўйишдан чарчамасди.
Шундан кейин икки ойча шаҳар ветшифохонасига қатнаб, оёғи синган мушук,
ит, эчкиларни даволаб юрди. Амалиётни Нуротада ўтказди – қўй-эчкиларга табиблик
қилиб, диплом иши учун факт тўплади.
Шўрлик Артур диплом ишини қийинчилик билан ёзган, бор пулини оққа
кўчирувчи-ю, муқовасозга бериб, дала-ҳовлига пиёда бориб келган, ҳалол ишлаган
бўлишига қарамай, ёқлаш пайти омад унга тағин чап қўлини чўзди. Алдам-қалдамлик
билан кўчириб олинган бошқа ишлар ўтиб, уники қайтиши аламли эди, албатта.
Гўдаклигидаёқ рўбарў бўлган аччиқ қисмат шўрликни ҳамон таъқиб этаётгандай
бўлиб туюлди назаримда.
Ўзим ҳам ўша ерда эдим. Артур оёқ суяклари турли даражада синган тўртта
қўй устида олиб борган тажрибалари хусусида иштиёқ билан гапираётганда комиссия
раиси истиҳола билан унинг монологини бўлди.
– Гап бундай: дипломант анча иш қилганлиги кўриниб турибди. Лекин
кафедра мавзу бераётганда, унинг ҳаётийлиги, иқтисодий самарасини ҳам ўйлаб
кўриши керак?! Мен тўрт йил районда ветлечебница бошлиғи бўлиб ишлаганман –
лекин бирорта чўпонми, ферма мудирими оёғи синган қўй-эчкини олиб келганини
эслолмайман. Ўша ернинг ўзида сўйиб қўяқолади. Ва тўғри қилади! Гўшт планини
бажариш керакми? Турли эҳтиёжлар учун гўшт зарур бўлиб турадими? Яшириб нима
қилдик: меҳмон келади, чўпон, ферма мудири, ундан катталарнинг рўзғорига
мунтазам гўшт керакми? Ўозир бунақа қўйни районга олиб бориш ҳаражати –
жониворнинг нархидан қиммат тушади. Тўғрими?
Ҳайъатдагилар уни бир овоздан
маъқуллагач, (амалдорлар гапларини маъқуллатиб олишни жуда хуш кўришади) давом
этди. – Ахир, актуал масалалар кўп-ку! Мана,
юқумли касалликларни олинг: оқсил билан бруцеллездан минглаб моллар ўляпти. Энг
ёмони, бу касалликлар гўшт, сут орқали одамларга ҳам юқяпти. Шунинг учун
айтишадики, врач инсонни даволаса; ветврач инсониятнии даволайди. Шу
касалликлар йўқолса, инсон ҳам озор топмайди-да, ахир! Энди ҳамма умид
сизлардан. Мустақил Ўзбекистоннинг...
У ёғи ҳар эҳтимолга қарши айтилган қизил ва жарангдор гаплар.
Тан олиш керак, комиссия раиси кўпни кўрган, обрўли, хушфеъл одамлиги
қиёфасидан сезилиб турарди ва у ана шу гапни ҳеч қандай ғаразсиз, азбаройи
жамият наф кўрмоғи учун айтганди. Инкор этиб бўлмайдигн гажакдор хулосалар.
Шундай эмасми?! Умумий жарроҳлик кафедрасининг казо-казоларидан бирортаси
дўстимизни ҳолбақудрат ҳимоя қилар, деган умидимиз ҳам пучакка чиқди.
Аслида ҳар қандай жараёнга, хулосага шубҳа билан қараган одам ютиб
чиқади. Чунки бу дунёда ҳамма нарса нисбий! Биз йиллар давомида нуфузларнинг
гапини инкор этмасликка, носамимий бўлса ҳам бош тебратиб, тасдиқлаб туришга
жуда кўникиб қолдик. Шундай бир латифа эшитгандим. Катта бир амалдор одамларни
тўплаб: «Биродарлар, энди сизларни осамиз, деса, залнинг ҳар ер – ҳар еридан
савол беришармиш: «Арғомчини олиб келайликми ёки шу ердан топиладими?».
Аслида, дунёдаги энг улкан гуноҳларни нуфузлар қилишган. Бу-ку бир
жипириқ комиссия раиси. Ўзга юртларга уруш эълон қилган, ўлим ҳукмига имзо
чеккан, ўз халқини алдаган амалдорлардан озмунчасини биласизми?!
Комиссия раиси ноҳақ эканлигига эса мен бир йилдан кейин ишонч ҳосил
қилдим. Майли, бу ҳақда кейинроқ.
Хуллас, умр бўйи боши корибад ва бадбахтлик соясидан чиқмаган, бунақа
зарбаларга дуч келавериб,кўникиб қолган Артур имтиҳонларга тайёрликни бошлади
ва бу вазифани кўнгилдагидай уддалади.
Институтни битиргач, мутахассислигимиз бўйича иш топиш бу қадар қийин
бўлишини хаёлимизга ҳам келтирмаган эканмиз. Гуруҳимиздаги йигирма уч кишидан
атиги олтовимиз шу соҳага аранг илиндик. Ўзимизмас – дадамиз, қавмларимиз
топишди бу юмушларни ҳам. Қолганлар бошқа соҳалардан паноҳ топишди. Артур олти
ойлар овора бўлгач, ўша ердаги отхонага, отбоқар-қоровул бўлиб жойлашди.
Унинг ёнига Бахти кўчиб келгач, ишлари анча ривож топиб кетди.
* * *
Бахтининг дала-ҳовлига келиб қолиши сабаблари билан қизиқадиган
бўлсангиз, ибтидони анча наридан бошлашга тўғри келади.
У бизнинг қишлоғимиздан бирор километр нарида – Бойҳо деган даҳада
яшайди. 1917 йил инқилобигача бу ерда катта заминдор ака-укалар яшашган. Мавқеи
баланд бўлган уларнинг. (Ака-уканинг Беҳбудий билан тушган суратларини кўриб,
уларнинг анча зиёли кишилар эканлигини ишонч ҳосил қилгандим). Албатта, ердан
ташқари хизматкорлар, от-аравалар бўлган. Аканинг бир ўғли ипак савдоси билан
шуғулланган, шаҳарда карвонсаройи бўлган. Ўокимият шўроларга ўтиши билан,
уларнинг бир қисми қулоқ қилинган, «халқ душмани»га чиқарилган. Икки амакивачча
йўлини қилиб, Афғонистонга қочишган; қолганлар тақдирга тан бериб, янги даврга
мослашишган.
Худо бу олийнасаб одамларнинг насибасини бут қилиб яратган эканми –
камситилган бу қишлоқчадан олтмишинчи йилларга келиб, фан доктори, райкомнинг
иккинчи котиби етишиб чиққан; врачлар, ўқитувчилар кўпайган, ўқишни
битирганларни ҳал қилувчи жойларга ўрнатишган, бир-бирларини қўллаб-қувватлашга
эътибор беришган.
Менинг билганим шуки, бу қишлоқчанинг тўй-маъракалари бошқаларникидан
тўкинлиги, сарамжонлиги билан ажралиб туради. Бойҳодан ичиб, гандираклаб юрган
эркакни, андак бўлса ҳам оёғи енгилроқ аёлни ҳеч ким кўрмаган.
«Уларда олтин бор», дейишарди кўп давраларда андак ғараз билан.
Бунисини худо билади, аммо уларда ирсий заковат, мақсад учун курашиш,
хокисорлик сингари хислатлар жамулжам-у жобажо эди.
Мустақиллик эълон қилингандан кейин Бойҳода тўрт-беш қаватли ҳашамли
уйлар, майда корхоналар қад кўтарди; аксар дарвозалар ўймакор қилинди ва
уларнинг олдида чет эл машиналари пайдо бўлди. Хусусийлаштириш, мулкни сотиб
олиш ҳақидаги фармонлардан донолик, тадбиркорлик билан фойдаланишди улар. Чет
элга кетган қариндошлари меҳмон бўлиб келди ва Арабистон, Эрондан ноёб моллар
жўнатадиган бўлди; шаҳарда дўконлар очишди.
Бахти – ана шу авлод вакили.
Уларникида кўп бўлганман – ўқувчилик пайтимизда нуқул бирга дарс
тайёрлардик. Кейин ҳам узилишиб кетганимиз йўқ: Тошкентдан келганимда кириб турардим.
Бахтининг дадаси – Акмалхон амаки босмахонада тунги инженер. Билишимча,
ҳафтасига икки кеча-кундуз навбатчилик
қилади, қолган вақтни асосан уйда ўтказади. Ва ўзи тинмаганидек, оиласини ҳам
тин олдирмайди. Саккиз сотихча келадигани ҳовли сатҳи ичида пленка билан
ёпилади – унинг остига шавел, шолғомча, кўк пиёз ва номини мен билмайдиган
турфа кўкатлар етиштирилади. Лекин уруғ сепиб, устига пленка тортган билан
кўкат деганининг ўзи униб чиқавермас экан. Бахтининг дадаси, ойиси, ўзи,
сингиллари билан қорли-қировли кунларда ҳам, баҳор лойгарчиликларида ҳам тин
олмай ишлашади. Экинни ўтоқ қилиш, териш, ювиш, боғлаш, сотиш... Баҳорда ер
бўшагач, ҳар туби пиёладай бўладиган саримсоқ пиёз экилади. Бу нодир навнинг
уруғини дадаси Ставрополдаги илмий-тадқиқот институтидан олиб келган. Бозорда
ундан олди бўлмайди.
Атрофдаги айрим нотавонбинлар Акмалхон амакини ғийбат қилишарди:
«Бошқалар сўраса, саримсоқ пиёз уруғини қайноқ сувга ботириб беради –
кўкармайди», дейишарди. Лекин нафсиламбирини айтганда, уқувлари етмас,
кўкартиришолмасди. Бунга ўзим ҳам ишонч ҳосил қилганман. У киши бир даста уруғ
бериб, экиш, парвариш қилиш йўлларини роса ўқдирган бўлишига қарамай, бу инжиқ
юмушнинг ортидан қувадиган қувваи ҳафизам, ҳафсалам бўлмади, оқибатда униб
чиққан экинни бегона ўтлар исканжага олишди.
Бахтиларнинг ҳовлисидан кўкатни ҳам, саримсоқ пиёзни ҳам савдогарлар
кўтара олиб кетишади. Даромадлари тузук бўлса керакки, ўша пайтларда –
етмишинчи йилларда «Волга»лари бор эди.
Андак бўлса ҳам ишёқмас, лоқайд одамни учратмасдингиз бу даргоҳда.
«Тухум бермайдиган товуқни сўйишади», деярди бот-бот Акмалхон ака. Бағоят
чайир, тиним билмас, ҳисоб-китобли; аммо серзарда, дилтанг бу одамнинг кўнглида
тирикчилик ваҳимасига ўхшаш шайтоний куч кириб қолгану, жилла бепарво қолса,
бола чақаси очқаб, кимларгадир муҳтож бўладигандай эди.
Ўа, отаси қулоқ бўлиб, рўзғор тирикчилиги жуда эрта бошига тушган, нон
карточкасини йўқотиб қўйишдан қўрқиб, уни кўйлак остидан белига боғлаб олганича
саҳармардондан дўкон олдида навбат кутиб турган, боши деворга тегавериб, ҳар
тийин пул, ҳар лаҳза умр қадрига етадиган одамнинг ички кечинмалари мен билан
сиз учун батамом бегона. Энг ёмони, Бахти ҳам бу ҳолни тўла идрок этолмас,
ташвишлар кўпайиб кетган лаҳзаларда асабийлашар, гоҳида дадаси билан аччиқ-тизиқ
гапга бориб қоларди.
Баҳор кунларидан бирида – улар ариларни тоққа кўчиришаётганда, дўстим
мени ҳам таклиф қилиб қолди. «Волга»га тиркалган аравачага қутиларни ортиб,
ҳафсала билан арқон тортгач, йўлга тушдик. Асфальт кўчадан ўнгга бурилиб, тоғ
томон ўрладик. Кичик бир қишлоқчадан (Калтатой дейишди) ўтгандан сўнг,
ёнбағирга чодир қурадиган бўлдик. Бу ердан дарё яқин бўлиб, яккам-дуккам
дарахтлар ҳам бор эди. Аён бўлишича, бултур ҳам айнан шу ерни танлашган экан.
Қутиларни қияликка бирма-бир жойлаштириб чиқдик, чодир тортдик, ўчоқ
тайёрладик, дарёдан сув олиб келдик.
Қоронғу тушиб қолди. Бахти иккаламиз дала кроватини тол остига қўйиб,
ухламоқчи бўлганимизда ҳам дадаси иш билан банд эди. Сеҳрли бўёқлар, овозлар
оғушида эдим мен. Дарёнинг бир маромда шовуллаши, қишлоқ томондан отларнинг
кишнаши, итларнинг ҳуриши шавқовар эди.
Тонгда хушнуд бир кайфият билан уйғондим. Қарасам, Акмалхон амаки
бошига тўр кийиб, (улар маска дейишади) ариларни кўздан кечирарди. Биз чой
ичишга ўтирганимизда, нотаниш бир суворий ташриф буюриб қолди. Отини шошмасдан,
ҳатто виқор билан толга боғлаб, биз томон одимлади. Уччаламиз ҳам ўрнимиздан
туриб, чақирилмаган меҳмон билан эски танишлардек кўришдик, лутф ила
дастурхонга таклиф этиб, чой узатдик. У анчайин ёш – биздан сал каттароқ бўлса
ҳамки, ўзини меҳмондай эмас, хўжайиндай, аниқроғи, Азроилнинг қавмидай тутиши,
жумладан дарҳол ёнбошлаб олиши менга эриш, нописандликдай бўлиб туюлди.
Акмалхон амаки бўлса ҳамон нуфузталаб ўпкавойга тавозе кўрсатар, ҳурматини
жойига қўйиш ташвишида бўлар; гоҳида ортиқча итоаткорлик, илтифот кўрсатар ва
булар бари менга ёқинқирамасди.
– Сизлар қаердан, – ўзини таништирмаёқ, томдан тараша тушгандай савол
берди меҳмон.
– Самарқанддан.
– Арини бу ерга қўйиш учун рухсат олиш керак эди.
Бу ўринда, гарчанд мавзудан бир оз чекинсам ҳам шуни айтиб ўтишим
керакки, тараққий этган мамлакатларда фермер билан асаларичи орасида шартнома
тузилади. Фермер асаларичига пул тўлайди. Чунки арилар шарофати билан экинлар
ҳосилдорлиги ошишини у яхши билади. Бизда... Ўа қўяқолинг – кўтара ғирромлик!
– Бултур ҳам олиб келгандик. – деди Акмалхон амаки айбдордай, –
бригадир билади...
– Бригадир тоққа хўжайин эмас, бу ерларга мени дала қоровули қилиб
тайинлашган!
«Дала қоровули» деган мансаб борлигини билмаган эканман. Акмалхон амаки
вазиятни мўътадиллаштирадиган калом излаётганда Бахти тоқат қилолмади, шекилли,
гапга аралашди.
– Арининг нима зарари тегади?
Дала қоровули такаббурлик билан жавоб қайтарди.
– Ўокимимиз: бари бойлигимиз ўзимизда қолиши керак, деган.
Зиддият жиддиятга айланиб кетишидан хавотир тортган Акмалхон амаки
ҳалиги галварснинг қичиб турган нафсни қашлаб қўйди.
– Ўа, асални олайлик – дала қоровулини ҳам қуруқ қўймаймиз.
Аслида бу ҳўкизга айнан ана шу гап даркор эди – очилиб, суҳбатга
берилиб кетди.
– Бирортаси «ғинг» деса, мен рухсат берганимни айтинглар, деди
кетатуриб.
Дала қоровули олислаб кетгач, Акмалхон амаки ўғлига танбеҳ берган
бўлди.
– Неча бор айтганман: бу ернинг одамлари билан ўзим гаплашаман, деб.
Бахти ҳам индамай қўяқолмади.
– Буларнинг нафси – ўпқон. Бригадир, раис. Участкавой бор эди, устига
бу ипирисқи ҳам қўшилдими?! Ўзи қанча асал оламиз?!
– ...?!
Биз ишга киришдик. Қутилардаги рамкалар кўчиш олдидан михланган экан –
уларни суғуриб, бўш рамкалар қўябошладик. Шу пайт нақ гарданимдан бир ари чақиб
олди – азбаройи оғриқдан кўзимдан ёш чиқиб кетди. Боядан бери жозиба маскани
бўлиб туюлаётган табиат ҳам жаҳаннамга айлангандай эди. Лекин сир бой бермай,
ўзимни мардликка олдим.
Кўп ўтмай банка, коса кўтарган болалар пайдо бўлиб қолди. Уларнинг
кийимлари ночор, ўзлари ҳам ёввойидай ҳуркак эдилар. Мен савол назари билан
дўстимга қарадим.
– Булар асал тилашга келган, – деди у, – ота-онаси юборган. Бефаҳмлар!
Ўғли болакайларга ножўя гапириб қўйишидан чўчиган Акмалхон амаки уларга
пешвоз чиқиб, ётиғи билан тушунтиришга киришди.
– Болаларим, ҳали асал йўқ. Ўн кундан кейин келинглар – зиёфат қиламан.
Бир қизалоқ қатиқ олиб келган экан – Акмалхон амаки уни пақирга
бўшатиб, эгасига пул берди.
– Очкўзлар, – ҳамон жиғи-бийрон бўларди Бахти, – энди бари қатиқ
кўтариб келаверади. Буларни биламан.
Тушга яқин бир қутидан янги оила ажралиб чиқди – аричилар тили билан
айтганда, рой бўлди. Мен бундай ҳолни аввал кўрмаган эдим – ҳайратга тушдим.
Аввал ҳаммаёқ арига тўлиб кетгандай бўлди, кейин эса улар бирин-кетин тол
шохига қўниб, каттакон узум бошидай осилиб қолдилар. Ота-бола анча-мунча
уриниб, уларни тутишди – қутига солишди. Дўстим иккаламиз тушдан кейин тоғ
сайрига чиқмоқчи бўлдик, аммо Акмалхон амаки бағоят ётиқлик, андиша билан
монелигини аён қилди.
– Шу ерда дам олиб қўяқолинглар. Уёққа ўтсаларинг – шубҳаланишади: наша
экишган бўлишлари мумкин.
Бу – мен учун кутилмаган гап, фавқулодда ғайритабиий хабар эди.
Қизиқишим ошиб, сўрадим.
– Нима, индашмайдими?
– Индашади. Аммо орага пул аралашади. Амалдорларни биласиз – пулга
ўчроқ бўлишади.
Орага сукунат чўкди. У киши давом этди: – Мавлоно Саъдий ёзадилар:
Бепулсан, бозорда нима бор санга,
Тағин чанг солмасин биров саллангга.
У киши бу гапни бизга қарата айтдими ёки наша экканларни назарда
тутдими – билолмадим.
Биз дам олмадик. Акмалхон амаки ишга тутиниб кетгач, ўтириб, ҳордиқ
чиқариш ноўнғай эди. Ўчоқ бошига ўтин жамғариб, қийшайиб қолган қутиларнинг
остига тош қўяётганимизда, Бахтининг айби билан кўнгилсизлик юз берди – бир
қути юмалаб кетди. Унинг рамкалари сочилиб, арилари батамом ташқарига чиқишди.
Ўғлининг бу уқувсизлигидан қаҳрга минган Акмалхон амаки чидаб туролмади.
– Гўсала, – деди.
Фақат шу каломнинг заҳри бўлганда дўстим чидаб берарди, аммо ини
остин-устин бўлган дарғазаб ариларнинг бир нечтаси бечорага ҳужум қилиб,
юз-кўзидан чаққач, алами чандон ошди: қўлидаги тутатқични жаҳл билан дуч келган
томонга итқитиб, ғайритабиий ҳолда алланима деди, сўнг катта кўчага қараб
шахдам юриб кетди.
Ота-боланинг бу ногаҳоний зиддиятларидан жуда ноўнғай ҳолга тушдим.
Аммо Акмалхон амаки ҳеч гап бўлмагандай – вазминлик билан бошига тўрни кийди-ю,
қутини бамайлихотир ростлаб, рамкаларни жойлаштирди. Гўшасини топган арилар зум
ўтмай тинчланишди. Шундан кейингина у киши менга юзланди.
– Жўрангиз аразлаб кетди.
– ...
– Сиз ақлли йигитсиз: бориб, унга ётиғи билан тушунтиринг – ахир мен
буларни елкамга ортиб (гўримга) олиб кетмайман-ку! Ўаммаси шулар учун! Қизиқда:
инсон фарзандим, дейди, уқубат чекади – охири бунақа бўлса, додингни кимга
айтасан. Кейинги пайтларда болага бир гап бўлди – айниб, қайсар, ўр бўлиб
қолди. Артур деган бир бетайин бола билан жўра бўлиб, айниди, назаримда.
Мен индамай туролмадим.
– Артур ёмон одаммас...
– Менинг дадам тарсакилаб туширардилар,
– гап оҳангига ўзгача йўналиш берди у киши, – ғинг демай, айтганларини қилардик. Хўш, нима зарар
кўрдик?! Биримиз икки бўлди, озми-кўпми обрў-эътибор топдик.
– Бахти тезлик қилди, – дедим азбаройи Акмалхон акага ачинганимдан. Мен
ҳозир...
Шундай дедиму, дўстимнинг ортидан йўлга тушдим. У бекатда – ёлғизгина
ўтирган экан. Ўамон ўпкаси тўлиб турганини кўриб, Бахтига ҳам раҳмим келди,
гапни нимадан бошлашни билмай, алламаҳалгача сукут сақладим. Кейин гап
ўз-ўзидан уланиб кетди.
– Сен билмайсан, сен билмайсан, – надомат қилакетди у. – Одам қадрига
ачинади. Ишонасанми: мен бирор жойга меҳмон бўлиб боролмайман, жўраларимни ҳам
таклиф қилолмайман. Чунки, савил қолгур иш қолиб кетади. Қизғанади дадам –
вақтни ҳам, пулни ҳам... Сен мана, икки кундан бери биз билан юрибсан; мен
бўлсам уйимизда ҳам ваҳима оғушида яшашга маҳкум этилганман.
– Сенга ярашмайди бу гаплар, – насиҳатомуз гапини бўлдим унинг. – Ахир,
бу ташвишларнинг бариси сизлар учун-ку! Болаларим бировга муҳтож бўлмасин
деб... Жаҳлга миниш чикора?!
– Дадамнинг фалсафаларини такрорлама, Улуғ! Мен баҳридан ўтганман
уй-жойни ҳам, бошқасини ҳам... Буларнинг баридан бир дақиқа беғам, осойишта кун
куришни афзал деб биламан! Айт-чи, тирикчилик ваҳимаси нега сизларни таъқиб
этмайди? Ишонасанми, бизнинг уйда душман бостириб келаётгандай ёки сув тошқини
бўлаётгандай қўрқув бор. Буни сен билмайсан, идрок этолмайсан. Сенга ёлғон,
худога чин – ойим тушларида босинқираб, чинқирадиган бўлган. Бу нимадан?
Зулмдан эмасми?! Нега энди бир бор бериладиган умрни қафасда ўтказиш керак?!
Сен буларни тушунмайсан тушунолмайсан.
– Энг ёмони, даданг Артурдан домангирроқ. Лекин унда гуноҳ бўлмаса
керак?!
– Унда гуноҳ йўқлигини сен биласан, аммо дадамга тушунтириш қийин.
Аксинча, Артур кўзимни очди, фикримни равшанлаштирди. У билан бўлганимда,
занжирдан озод бўлган қулдай ҳис этаман ўзимни!
– Майли, бу гапларни қўй, – мавзуни ўзгартирдим, – юр бир оз сайр
қиламиз, кейин бир гап бўлар.
Биз беихтиёр қишлоқ томон юриб кетдик. Мен беихтиёр Тургеневнинг
«Оталар ва болалар» асарини тилга олдим; ота бошқа даврда, фарзанд ўзга вақтда
вояга етканлги учун ҳам уларнинг фикри ҳамоҳанг бўлмаслигини исботламоқчи
бўлдим. Аммо бу суҳбатимиз китобий бўлганлиги учунми, унчалик қовушмади.
Қишлоққа яқинлашганда, омочда ер ҳайдаётган деҳқонга кўзим тушди. Бундай
манзарани киноларда кўрган бўлсам ҳамки, амалда биринчи бор дуч келаётган эдим.
Бўйинтурқли икки қора ҳўкиз омочни бамайлихотир тортар, жулдур кийимли деҳқон
«бош-бош»-лар, уларга эргашарди. Ўалати, ҳатто завқли эди. Буни кўриб, дўстим
жўяли гап қилди.
– Менинг ҳалиги профессор амаким бор-ку? Шу одам: «Биз капитализмни четлаб,
феодализмдан бирайўла социализмга ўтдик», деган жумлани такрорлашни хуш
кўрарди. Бу қушчи капитализмни четлаб, феодализмга қайтган, шекилли.
Беихтиёр кулиб юбордим – бу муқоясадан орадаги таранглик ҳам юмшади.
Биз чодиримиз томон йўл олдик.
Акмалхон амаки мункайиб олганича, йўлимизга кўз тикиб ўтирган экан.
Қорамизни кўриши билан хотиржам бўлиб, ишга киришиб кетди. Етиб борганимиздан
кейин бўлса (вазиятни муътадиллаштириш илинжида) пақирдан сувни (гуёки
ногаҳонда) тўкиб, ўғлига буюрди.
– Бахтиёр, бориб, бир пақир сув олиб кел, ўғлим.
Оталарча меҳрибонликдан ийиб кетиб, иккаламиз сувга жўнадик.
Кечқурун улар билан хайрлашганимда ота-бола апоқ-чапоқ эдилар. Бу –
дилимга илиқлик бахш этди.
Олти ойлардан кейин эса Бахти Артурникига батамом кетиб қолди. Эшитишимча,
ота-ўғил зиддияти анчайин жиддиятга айланган экан. Казо-казо қариндошлар орага
кириб, Бахтини қайтариб келишибди, аввал унга, сўнг дадасига роса
панд-насиҳатлар қилишибди. Шугина эмас, Бахтини савдо институтига ўқишга ҳам
қўйишмоқчи бўлишибди. Дадаси мол-ҳолини сотиб бермоқчи бўлганда, дўстим тағин
аразлаб кетиб қолибди.
Инсон руҳияти – ечилмаган жумбоқ. Бу не асрор, не кўргилик – худонинг
ўзи билади.
Акмалхон амакининг даъвати билан бу можарога мен ҳам бош суқиб кўрдим.
Лекин Бахти уйида илон кўрган овсарга ўхшарди. Бу ерда фақат оталар ва болалар
муаммоси, яъни дўстимнинг дадаси билан ғиди-бидисигина эмас, тағин нимадир
бордай эди.
Ўша куни уларни дараклаб бориб, отхонадан топдим. Чангга ботиб,
тележкадан хашак тушираётган экан. Мени кўриб, болаларга ўхшаб қувонишди.
Дўстларимнинг руҳий кечинмалари менга аён эди: ғарибликда қолган ҳар қандай
кимсани йўқласангиз, боши осмонга етади. Ўеч ким кутмаган, ҳеч ким даракламаган
одамларнинг дили мунғайган, ўксик бўлади.
Отларни дарё бўйига чиқариб боғлашган экан – уларни кўролмадим.
Тирикчиликлари оғиргина бўлса ҳамки, руҳлари тетик бўлиб туюлди дўстларимнинг.
Иккаласи отбоқаларликдан ташқари бир нечта дала-ҳовлининг қоровуллигини ҳам
олишибди.
Бу ерда бир яҳудийнинг ҳам дала-ҳовлиси бор экан. У Америкага кўчиб
кетадиган бўлиб, мулкини сотувга қўйибди. Аммо бу пайтга келиб, фақат
яҳудийларгина эмас, руслар ва русизабонлар ҳам бошқа юртлардан бошпана
излаётган, бунинг устига тирикчилик оғирлашиб қолган кунларда дала-ҳовли харид
қиладиган азамат топилавермаслиги турган гап. У чорбоғчасини ноилож Артурга
инъом этибди.
Ўали кўчиб ўтишмаган бўлишса ҳамки, масканларини қониқиш билан кўз-кўз
қилишди улар. Аввалгисидан шинамроқ бўлиб туюлди – бу уйлар.
Буларнинг баридан қувондим. Шунинг учун ҳам эски гапларни қўзғаб,
Бахтига панд-насиҳат қилгим келмади – мавруди эмасди. Биз хушнуд хайрлашдик.
Аммо кейинги гал ўтганимда қувонмадим. Дилимда аллақандай ғашликлар,
шубҳалар уйғондики, булар бежиз эмасди. Бу хусусда батафсилроқ гапирмасам
бўлмас.
Шаҳримизда ҳаммаси бўлиб иккита тўқ бинафша рангли машина бор. Айнан
ана шу сийрак ранги билан ажралиб туради, диққатни тортади улар. Иккаласи ҳам
«Волга». Улардан бири cобиқ КГБники.
Ўша куни «Жигули» рулини дарёвот томон бурганимда, орқадан келаётган
ана шу таниш машинани кўриб қолдим. Эътибор бермай, икки-уч километр йўл юргач,
у мени таъқиб қилаётгандай бўлиб туюлди. Кўзгуни тўғрилаб, кабинада шофердан
ташқари бир жувон ўтирганини ҳам кўрдим. Асфальт кўчадан дала-ҳовлилар томон
бурилганимдан сўнг ҳам улар ортимдан эргашишганини кўриб, чўчиб кетдим.
Асабим бузилди. Нега изимдан тушишганини эса тасаввур қилиб ҳам
кўролмасдим. Тезроқ дўстларим олдига етиб олиш учун газни босдим. Таниш
дала-ҳовлига етгач, бир чеккага ўтиб, қурқув аралаш мадад сўраган бўлиб,
устма-уст сигнал бердим. Бинафшаранг «Волга» ёнимдан ўтиб кетди-ю, сал наридаги
ҳашамдор бино (уни дала-ҳовли деб бўлмасди) қаршисида тўхтади. Сигнални эшитиб,
икки дўстим югуриб чиқишди ва менинг руҳимдаги нотинчлик, қурқувни дарҳол
сезишди.
– Нима бўлди?
– Тинчликми?
– Нима гап?
– Ана у иморат кимники, – саволларига савол қайтардим – «Волга» турган
томонга имлаб. Улар бир-бирларига қараб олишди.
– Эгаси кэгэбэда амалдор эди, – деди ниҳоят Бахти ва нима учун
сўраганим билан қизиқди.
Ўамон хавотирда турганимда «Волга» кабинасидаги ҳалиги жувон кўринди:
Артур билан русчалаб жуда эркин гаплашакетди.
– Артур, мени табрикла! Янги шеърлар ёздим. Аввал сенга ўқиб бераман!
Нечундир бу муомала менга ғайритабиий, ғалати туюлди. Артурнинг зинокор
нигоҳлари, бешармроқ жавоблари баттарроқ энса қотирадиган эди.
– Виктория, дардингни олай, нега уни олиб келмадинг?
Улар орасида яқинлик, қадрдонлик борлигига ишонч ҳосил қилгач, бояги
қўрқоқлигимдан ҳижолат чекдим. Шубҳаларим тарқалиб, жувонга синчиклаб назар
ташладим.
У келишган, кибор, дид билан кийинган эди. Ёдимга кўп серияли «Оддий
Мария» фильмининг бош қаҳрамони тушди – худди ўшандай кулчарўй, сертабассум,
жозибали. Сулув чеҳра инсон кайфиятини кўтаради. Буни синаб кўрган бўлсангиз
керак. Менинг дилимга ҳам илиқ туйғулар қуйилиб келди ва у билан суҳбатлашиш
иштиёқи пайдо бўлди.
Аммо кутилмаганда, Бахти балиқ овига таклиф қилиб қолди; унамасам ҳам
қўймади. Биз дарё томон йўл олдик. Буларнинг бари нотабиий, шубҳалидай эди.
– Ким бу соҳибжамол, – бетоқатланиб сўрадим.
– Бу – Бибитош – шоира. Биз Виктория, деймиз.
Газетада «Истиқлол тонги» деган шеъри чиққанди. «Вафо» деган китобчаси
ҳам чоп этилган.
– Мен кэгэбэнинг одами деб ўйлабман.
– Эри ўша ерда ишларди. Ўозир – билмайман қаерда. Баҳорда шу ерга кўчиб
келишади.
Саволларимга бирин-кетин жавоб топаётган бўлсамда, унинг Артур билан
муносабатидаги аллақандай сиру асрор яширин қолаётганди, – Бахтидан ана шу
жавобни суғуриб олгим келаверди.
– Артур билан...
Унинг жавоб бергиси келмай, гап ўзанини бошқа томонга бурди.
Дала-ҳовлиларнинг кўпчилиги сотувга қўйилгани, ўғрилар йўламай қўйишганини
гапирди.
– Ўғрилар сизлардан чўчиб қолишдими, –
сабаби билан қизиқдим.
– Ўа, араблар Артурнинг тўппончаси борлигини билади.
У «араблар» деб дарёнинг нарёғидаги Арабхоналикларни назарда тутганди.
Менинг эса бошқа нарсага қизиқишим ошиб қолди.
– Артурнинг тўппончаси, дедингми?
– Ўа, Виктория инъом этган, – атрофга аланглаб олди у.
– Демак, иккаласи жуда қалин экан-да?
– Ўа, яхши, – тағин чайналди у.
– Аёл эркак билан аввал дўст бўлади, кейин – ўйнаш ёки бунинг тескарисими
– ишқилиб, шунақа бир гап ўқигандим.
У Артурни жуда яхши кўради! Мажнунона! Қўй, айблашга шошилмайлик.
– ....
– Илтимос, бу гаплар орамизда қолсин, – хавотири ошди дўстимнинг.
– Қайси гап? Тўппончами?
– Тўппонча ҳам. Сен бизнинг яқин дўстимизсан, Улуғ. Сендан яқин кишимиз
йўқ, яширадиган гапимиз ҳам...
– Лекин яширяпсизлар.
– Бу жувон Артур билан топишиб қолган. Шахсан мен иккаласини ҳам
айбламайман. Эри билан уч йил яшаб, фарзанди бўлмаган – ҳозир ўғилчаси бор.
– Артурга ўхшайдими?
– Қўй, илгакли саволларни. Боя Артур: «Нега уни олиб келмадинг?»
деворди-ку. Болани назарда тутди. Шундай ажойибки... Ўзим ҳам яхши кўраман.
– Демак, анча вақтдан бери дон олишарканда? Эри билармикан ё...
– Ким билсин?! Эри командировкагами, мажлисгами кетса – машинасини
миниб, бу ёққа келади.
– Улуғ, сен тушун, – бир неча сониялик сукутдан сўнг давом этди дўстим.
– Артурда гуноҳ йўқ. Нима қилсин – кўкрагидан итарсинми? Аёллар яхши кўришади
уни. Боисини ўзим ҳам тушунмайман. Тағин бир амалдорнинг хотини келиб-кетади.
Ўар гал овқат, кийим-кечак ҳам олиб келади. Гоҳида пул ҳам бериб кетади.
– Уялмай-нетмай оласизларми?
Бахтиёр бу саволни жавобсиз қолдирди. Аксинча Артурни улуғламоқчи
бўлиб, ғулдиради. Мен кибор хонимларни ўйлардим: улар Артурга меҳр
қўйишларининг боисини чамалардим. Эҳтимол, раҳмлари келиб, ўзларини унинг
қучоғига отишар. Балки Артурдаги қатъийлик, мустақил фикр, эркинлик уларнинг
дилида меҳр ўйғотар?! Қизиқ! Нега энди ўзига тўқлар... Балки бу: тўқликка
шўхликдир?!
– Бировларнинг хотини билан бўладиган бунақа хурмача қилиқлар ҳеч қачон
яхшиликка олиб келмаган, – дедим, – бу ерда сизлар беъмани ишлар билан банд.
Бундан кўра сен ҳам уйингга борсанг яхши бўлармиди?!
Бу таклифим Бахтига ўтиришмади.
– Чолларга ўхшаб, насиҳатомуз гапларни кўпайтирадиган бўлибсан.
Кейин суҳбатимиз қовушмади. Балиқ ҳам овламай, дарё бўйлаб сайр қилдик.
Қайтиб келсак, Артур шоира ўйнаши билан хайрлашаётган экан. Бу гал бизга кўзи
тушиб, жувон қизарди. Боиси – унинг шунчаки «шеър ўқиб бергани» ёки
«дала-ҳовлидан хабар олгани» келмаганидан воқифлигимиз эди.
Бахтининг савдо институтида ишлайдиган ўша профессор амакиси бир куни
мени кўриб қолиб, жиянининг тақдири билан, аниқроғи, уни ўша томонга тортадиган
сеҳрли куч билан қизиқди. Мен аниқроқ жавоб беролмадим. У таҳдидона хулоса
чиқарди.
– Буларнинг бари ўша детдомдан чиққан боланинг макри. Сиз икковини ҳам
огоҳлантириб қўйинг: уларни ё ўлдириб кетишади ё қаматишади. Учини йўл йўқ! Бу
– аниқ!
Бу фолдан сесканиб тушдим. Шунга қарамай, дарёвот томонга боришга қўл
тегмай қолди – фабрикада навбатдан ташқари эмлаш бошланиб кетди.
Шукурки, профессорнинг каромати тўғри чиқмади. Аксинча дўстларимнинг
иши ўнгидан келиб, анча-мунча таниқли кишиларга айланиб қолишди.
Гап шундаки, давлатимизнинг сернуфуз арбобларидан бири Арабистонда
бўлганида, унда тоза қонли араби от тақдим этишади. От ортилган самолёт
Самарқанд аэропортига қўнганида, бу ердаги нуфузлар отни самарқандликларга
совға қилишни сўрашади. Уларнинг илтимоси қондирилади. Араби дулдулни отчопор
ҳисобига ўтказишга қарор қилишади ва деярли ёддан чиққан бу маскан, ундаги от,
отбоқар билан қизиқишади. Қарашса, шароит ночор – нозик одам инъом этган отни
беришга арзигулик эмас. Зудлик билан чора кўрилади: маблағ, қурилиш ашёлари,
ем-хашак ажратилади.
Бу ўринда жилла чекиниш қилиш ва араби отга таъриф бериб ўтиш ўринлига
ўхшайди. У жаҳон бозорида жуда қадрланадиган, асосан, салт минишга, пойгага
мослашган от. Қадимий китобларимиздаги
минатюраларда асосан ана шу от акс эттирилган. Улар, масалан рус йўрғаларидек
бўйни йўғон, гавдаси йирик; ёки муғул отларидек пакана эмас. Бошини даст
кўтариб юради, оёқлари ингичка. Пойгаларда кўпинча биринчиликни олади.
Хуллас, араб ғиркўкни еру-кўкка ишонмай, дарё соҳилидаги отхонага олиб
келишади. Аммо аяган кўзга чўп қадалар, деганларидек, уни машинадан
туширишаётганда, орқа оёғи борт тахтаси оралиғига кириб қолади – от ўзини
пастга отганда болдир суяги синиб кетади. Жонивор ўрнидан туролмай, одамларга
илтижоли назар ташлаганича мадад кутиб ётаверади.
Кутилмаган, нохуш хол, албатта. Шундай эмасми? Зудлик билан табиб излашади:
қишлоқ хўжалик институти, ветеринария институтидан донғи кетган олимларни олиб
келишади. Улар доно, жўяли гапларни айтишади, маслаҳатлар беришади-ю, аммо ҳеч
ким масъулиятни гарданига олиб, енг шимармайди. Шунда Артур бир амаллаб рухсат
олади-ю, ишга киришади: Бахти иккаласи ерга бақувват қозиқларни қоқиб, отнинг
бўйни оёқларини зичлаб боғлашади, оғриқни камайтирувчи дорилар билан укол
қилгач, майиб оёқнинг суякларини жой-жойига қўйишади, тахтакач боғлашади.
Араб тулпори нақ бир ҳафтада ўрнидан туриб кетади.
Орадан бирор ой ўтар-ўтмас тағин бир тасодиф содир бўлади-ю, уларнинг
мавқелари чандон ошади. Масаланинг бир томони Артур ҳамда Бахтига келиб
тақалгани сабаб, уларнинг суратлари газеталарда чоп этилади.
Ўа, дарҳақиқат, шов-шувларга сабаб бўладиган воқеа эди.
Иркутск ҳайвонот боғининг дарранда-ю паррандалари ортилган колонна
тунда Самарқандга етиб келади. Шоферлар Хўжаи Хизир масжиди ёнидаги ялангликда
дам олишаётганда, фалокат юз беради: шер қафасдан чиқиб кетади. Биби Хоним
масжиди томон йўл олади. Табиийки, боғ маъмуриятини ваҳима босади. Зудлик билан
милицияга телефон қилишади, жониворни кўздан қочирмай эргашишади.
Бундай экстремал (таъбир жоиз бўлса) ҳолатда нима қилиш керак?!
Самарқанднинг неча асрлик тарихида ҳам бунақаси бўлмаган. Шер деган мушук
эмаски – тутасолиб, қафасга тиқсанг. Йиртқичга йулаш – ўлим билан юзма-юз бўлиш
деган гап.
«Ўужум» пиллакашлик фабрикасининг тунги сменасидан қайтаётган қизлари
ногаҳонда кўчани тўлдириб юрган йиртқичга рубарў келиб қолдилар. Ўамма
чинқирганича, ўзини дуч келган томонга уради. «Шаҳарда одамхўр ҳайвонлар изғиб
юрибди», деган ваҳимали гап яшин тезлигида тарқалади; кўҳна Самарқанд сесканиб
тушади.
Ўайвонот боғи мутасаддилари билан қуролланган милиция шер билан
қадамба-қадам одимлайдилар. Жонивор эса ҳеч нарсага парво қилмай Регистон
майдони олдига келиб, чет эл сайёҳларидек, нилий гумбазларга тикилиб қолади.
Кейин эса ўша сокинлик, хотиржамлик билан Гўри Амир томон одимлайди.
Юқори доираларда телефонлар жиринглайди; таклифлар, фармойишлар бўлади.
Ниҳоят, Гўри Амирга етар-етмас шерни отиш ҳақида фармон берилади.
Муҳтарам китобхон! Ўеч кимни айблашга шошилмасдан, мушоҳада қилиб
кўрайлик. Жаҳон миқёсида «Қизил китоб»га кирган, бунинг устига пашшага ҳам озор
етказмай табаррук жойга (зиёратга) бораётган жониворга милтиқ ўқталиш олимликми
ёки золимлик? Хулоса чиқаришдан олдин масаланинг иккинчи томонини ҳам тарозига
қўйинг. Сиз билан биз бу масалада маъсул эмасмиз. Гўри Амирдан нарёғи – пастак
ҳовличалар. Шер ўша томонга оралаб кетса, бир-ярим бегуноҳга чанг солмайди, деб
ким кафолот бераолади. Аслида бизнинг барча тоат-ибодатларимиз инсоннинг бир
томчи қонига арзимайди-ку!
Майли, ҳар ким ўз фикрида қолаверсин!
Кузатишлардан шу нарса аёнки, аввал инсон қонини татиб кўрган ёки
яраланган шер шафқатсиз ва қонхўр бўларкан. Шунинг учун ҳам (соҳибининг кўз
ёши-ю, илтижоларига қарамай) зобит йиртқични автомат билан ўққа тутади.
Одамларнинг бу ногаҳоний мунофиқликларидан ғазабга тушган йиртқич қаттиқ
бўкиради – салобатли Гўри Амир акс-садо қайтаради. Лекин умри тугамаган эканми
– ўлмайди. Оёқлари синиб, ётган жойида нолиш қилабошлайди. Ҳайвонот боғи соҳиблари ҳолсизланган жониворнинг оғзини
боғлаб, машинага ортишади, ветшифохонага олиб боришади. У ердагилар Артурнинг
адресини тутқазишади.
Батамом ҳолдан тойган шерни кўриб, Артур билан Бахти андак чўчишади,
кейин эса гарданини боғлаб, укол қилишади. Қон кетишини ҳам тўхтатишгач,
операция қилиб, орқа сондан, тизза, кўкракдан талай ўқларни териб олишади.
Кечгача суякларни ҳам жой-жойига қўйиб, тахтакач боғлашади.
Жонивор уйғониб, тағин фарёд солади. Артур ҳеч чўчимай, унга овқат
беради, оғриқни камайтириш чораларини қўллайди.
Тақрибан ўн кундан кейин жонивор ўрнидан туради ва фақат Артурнинг
қўлидан овқат еябошлайди, уни кўрмаса, нола чекадиган бўлади.
Аввал йиртқични отган зобитни кўкларга кўтариб мақтаган газета ва
телевидение кўп ўтмай Бахти билан Артурга ҳамду сано ўқийбошлайди.
Худди шу кунларнинг бирида машина рулини дала-ҳовлилар томон бурдим.
Ўзгаришлр каттагина эди бу ерда. Бахтининг айтишича, (Артурни кўролмадим – у
шаҳарга тушган экан) иккита дала-ҳовлини олиб, жиҳозлаб қўйишибди. Гапнинг
рафторидан топишлари тузуклигини англаб олиш қийин эмасди. Микрорайондан уй
харид қилиш ташвишида юришган экан. Тўйнинг ҳам анча-мунча саруполари тайёрга
ўхшади.
– Пулни қаердан оляпсизлар, – сўрадим тортинмай.
– Худо беряпти: шукур, касб-коримиз бор, – деди у. – ургутлик бир
амакининг тўтиқушини тузатиб берган эдик – қарийб бир тўйга етадиган пул бериб
кетди.
– Қанақа тўтиқуш экан у?
– Умар Ўайёмнинг шеърларини ёд айтиб бераркан. У билан жаҳон конкурсида
қатнашаркан. Бахтга қарши мушукнинг қўлига тушиб, қобирғалари, оёғи
мажақланибди. Бир ҳафтада тузатиб бердик. Тошкентдан (у анча машҳур қўшиқчининг
номини тилга олди) итини олиб келди: уриштираётганда жағ суяги чиқиб кетган
экан. Артур кўз ўнгида тузатиб берди. Тўйимизга бепул хизмат қилиб бермоқчи
бўлди. Ишқилиб, шунақа гаплар.
– Демак, тўйинг ҳам яқин, – савол назари билан қарадим унга.
Бахти енгилгина қизарди, каловланиб, нима дейишини билмади.
– Кимга уйланяпсан – сир бўлмаса, – давом этдим.
– Сен уни танийсан, – жавоб берди ҳижолатомуз. Қизиқишим ошиб, оғзини
пойладим. – Умидага, – деди ажабтовур илжайиб.
Ёдингизда бўлса, Артур билан тарбияланган орасида Умида деган қиз
борлигини, муқовасоз қариндоши топилиб, уни олиб кетганини айтган эдим. Артур
бошқа жигарлари сингари ундан ҳам хабар олиб тураркан. Бир-икки бор Бахтини
эргаштириб борган экан, шекилли, юраги жизиллаб, ошиқи-беқарор бўлиб қолибди.
Умида аввал мойилдай бўлса ҳамки, Бахтининг авлоди оқсуяклардан эканлигини
билгач, батамом рад этибди – болалар уйидан эканлигини юзига солишлари, камситишларидан чўчиган бўлса ажаб эмас
бояқиш. Шўрлик Бахти мажнунона ҳолга тушиб қолибдики, буни ишқ деган бедаво
дард ўтида қоврилган бандаларгина теран тушунишлари мумкин. Энг сўнгги умиди
Артурдан бўлгани сабаб ҳам, ундан айрилмай, имосига маҳтал бўлиб қолибди.
(Уйидан кетиб қолишининг сабабларидан бири ҳам шу бўлса ажаб эмас).
– Бу гаплардан уйдагиларнинг хабари борми, – сўрадим илиқ жавоб олиш
илинжида.
Дўстимнинг кайфияти кескин ўзгарди: хомушланди ва айбдорлардай давом
этди.
– Уйдан узилиб кетганим йўқ. Дадам саломимга алик олмай қўйган, ойим
ҳар гал дийдалар қилиб, бу йўлдан қайтишимни сўрайди. Охирги борганимда
профессор амаким ҳам уйда экан. Кўпни кўрган, тушунган одам деб, дилимдаги бор
гапни айтдим. Умидадан бошқаси мен учун ҳаром, дедим. Жавобан бақириб берди.
«Сен авлодимизга иснод келтирдинг! Уруғимиздан ҳеч ким детдомдан
чиққанга уйланмаган! Бу – шармандалик» деди.
Шундан кейин дадам чидаб туролмади: калтак олиб, мени қувди. Қайтиб
борганим йўқ. Улуғ ўзинг ўйлаб кўр: наҳотки шу иснод бўлса?! Бир муштипар қизга
уйланиш – наҳотки, гуноҳи азим?! Амакимнинг ўзи қулоқларга қарши кураш
жараёнини таърифлаб, доктор бўлганди. Иснод деб, мунофиқлик деб шуни
айтмайдими?! Ахир, отаси қулоқ қилинган одам лоақал бошқа мавзу танламайдими?!
Мустақиллик бўлгандан кейин тўнини тескари кийиб, «қизил империя»ни танқид
қилишга ўтиб олди. Бизнинг авлоддан
бунақа иккиюзламачи чиқмаган эди.
– Майли, бу гапларни қўй, – далда берган бўлдим, – ҳозир кўплар шунақа.
Сиёсат ўзи – ғирромлик.
Кейин бошқа мавзуларда гаплашдик.
– Тўй қачон, – сўрадим хайрлашиш олдидан.
– Сени бехабар қолдирмаймиз!
– ЗАГСга машина керакдир, дастурхонга товуқ лозим бўлар, – хизматимни
пешкаш этган бўлдим.
У қувонди. Мен йўлга тушгач, овозини кўтарди.
– Мен албатта, кираман!