воскресенье, 15 августа 2010 г.

МАРКАЗИЙ ОСИЁ МАМЛАКАТЛАРИ ИТТИФОҚИ ҲАҚИДА ДЕКЛОРАТИВ МАҚОЛА

Буюк қозоқ донишманди Абай (ХУШ аср), қирғизлар фахри Тўхтагул (ХУП аср), буюк форс-тожик шоири Абу Абдулло Рудакий (УШ аср), ўзбек мутафаккири, шоир Алишер Навоий(ХУ аср) ва бошқа талай маърифатпарварлар, устозлар бир умр халқлар орасидаги дўстлик, тинчлик ва ўзаро ҳурмат ғояларини куйладилар. Бу – уларнинг ва ота-боболаримиз, муаллимларимизнинг боқий даъвати, муҳим насиҳатлари бўлиб келди. Аммо биз сўнгги пайтларда улардан жилла узоқлашдик, бебош, ноқобил фарзандлар эканлигимизни кўрсатиб қўйдик. Тарих эса бизни ўз қуғирчоғига айлантириб олди.
Онанг сени тарихий тараққиётнинг қайси палласида туққанининг аҳамияти жуда катта экан. Бизнинг авлод аввалгилардан кўра номақбул эканлиги аён бўлиб қолди. Биз ўз маънавиятимизни намоён қилолмадик. Юксак маънавият эса ҳар қандай авлоднинг ва умуман инсониятнинг бош мезонидир.
Биз табиий бойликларни беаёв талон-тарож қилдик, тупроқни, дарёларни ифлослантирдик, жониворлар ва ўрмонларни камайтириб юбордик. Энг ёмони, келажак авлодга ибрат бўлолмадик.
Сўнгги йилларда, айниқса мустақиллик эълон қилингач, баланд овоз билан ўзимизнинг миллий устунлигимизни намойиш қилиш пайига тушдик, очиқчасига шовинизмга берилдик, ўзга миллатларни камситишдан ҳижолат чекмадик. Бу эса ўз навбатида қонга ташна шовинистлар, миллатчиларни юзага келтирди.
Биз, яъни Марказий Осий мамлакатлари ўзимизнинг иқтисодий тараққиётимиз ҳақида, халқ фаровонлиги, маориф ва медицина мислсиз тараққий этганлиги ҳақида жар солдик. Аммо халқаро ташкилотларнинг рейтинглари буйича сўз эркинлиги, интеллектуал тараққиёт бўйича жаҳонда энг ортда эканлигимиз, коррупсия, қашшоқлик кўрсатгичлари бўйича эса олдинлаб кетганимизга эътибор бермадик.
Тан олмоқ керак, бизнинг аждодларимиз том маънода байналминал эдилар. Уларнинг “миллати” деган графали паспортлари ҳам йўқ эди. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, ана шундай графали паспортлар фақат бизда – Марказий Осиёнинг айрим республикаларида қолди, холос. Цивилизацияга эришган дунё ундан воз кечганига кўп вақт бўлди.
Бундан қатор калтабинликлар билан қаёққа броаябмиз? Бизни олдинда нималар кутаябди? Ўш ва Жалолобод воқеалари такрорланмаслигига ким кафолат бераолади?
Таассуфки, ана шу мислсиз фожеадан кейин ҳам Марказий Осиё республикалари раҳбарлари йиғилишиб, масалани муҳокама қилишмади. Ахир, худди шундай пайтда кучларни бирлаштириш,ёрдам қўлини чўзиш, галдаги режаларни белгилаш, аниқроғи, чинакамига бирлашиш керак эмасмиди?!
Давлатнинг дўсти бўлмайди, манфаатлари бўлади, дейишади. Аммо бизнинг манфаатлардан воз кечиб, ҳақиқий дўст бўладиган пайтимиз етиб келмадими? Тўғри, бизни бирлаштирмоқчи бўлган ташкилот ва иттифоқлар йўқ эмас. СНГ, ОДКБ, ШОС шулар жумласиданлир. Аммо Қирғизистондаги воқеалар шуни кўрсатдики, улар биздн андак йироқроқ экан. Биз улар билан ҳисоблашамиз, ҳурмат қиламиз, аммо ўзимизнинг иттифоқимиз – Марказий Осиё мамлакатлари Иттифоқи (МОМИ)ни ташкил этиш зарурдан зарурдир.
Эътибор берганмисиз: Марказий Осиё мамлакатлари президентлари бир-бирлари билан қучоқлашиб, ўпишиб кўришади, абадий дўстлик, биродарлик ҳақидги талай ҳужжатларга имзо чекишади, аммо чегаралар ҳамон берк. Буви ўз набирасининг туғилган кунига боролмайди, дўстинг дунёдан кетса, таъзиясига боролмайсан. Бу эса инсон ҳуқуқларини чеклаш ва зулмдан бошқа нарса эмас!
Яқиндагина биз баримиз бир мамлакат таркибида бўлганлигимизга ишонгиси келмайди кишининг. Дарёларимиз, темирйўл ва автомобил йўлларимиз ягона ва туташ. Етарлича конлар, хомашё манбаълари, арзон ишчи кучи бор, аммо хавотирда ва анчайин камбағалликда яшаймиз. Чунки кучларни бирлаштирмаганмиз, умумий бозоримиз йўқ.
Мадомики, ўтмишимиз бир экан, нечун келажагимизни бирлаштириш мумкин эмас?!
Ғалатида, агар Тожикистонга бирорта африкалик келиб қолса, меҳмондўстликни қиёмига етказишади. Агар Ўзбекистон фуқаросини учратиб қолишса, айғоқчи деб гумон қилишади. Ўзбекистонда ундан ҳам баттар: тожикни нашафуруш деб тахминлашади ва милиционерлар энг аввало унинг чўнтакларини тозалашади. Мана сизга, икки тилда сўзлашувчи бир халқнинг муносабати.
Қозоғистонда ўзбек гастрабайтерларини очиқдан-очиқ камситишади, хўрлашади, ўзбек тарихчи олими эса қозоқ халқи тарихи устига чизиқ тортади, бутун миллатни ўғри, қароқчи деб ҳақорат қилади.
Қирғизистонда, ўзга тилда гапирадиган кишилар яшаганлиги учун шаҳарларга ўт қўйишди. Матбуот, айниқса Интернет сайтлари у ёки бу миллат ҳақида куракда турмайдиган гапларни ёзишда давом этмоқда. Қўшнининг ютуғидан хурсанд бўлмайдиган аксинча хасад қиладиган бўлиб қолдик.
Нега энди ўзбек Иссиқкўлда дам ололмаслиги, Помир қишлоқлари бўйлаб саёҳат қилолмаслиги керак? Нега тожик ёки қирғиз Самарқанд, Бухоро шаҳарларидаги азиз жойларни зиёрат қилишдан деярли маҳрум?!
Айни пайтдаги энг муҳим вазифа, албатта тинчликни сақлаш. Шўролар давридан кейинги фурсат шуни кўрсатдики, Марказий Осиёнинг кутилмаган жойларида даъфатан ёнғин чиқиб кетиши мукин экан. Бу ҳолдан эса манфаатдор кучлар анчагина. Фақатгина миллатлараро нохушликлар эмас. Улар кўп ва ҳатто, айрим республикаларнинг тугаб кетиш хавфи пайдо бўлиб қолди.
Қаердадир адолатсизлик, коррупция, қашшоқлик одамларни кўчага чиқишга мажбур этиши ҳеч гап эмас. Исён ва инқилоблар эса инсониятга яхшиликлар олиб келмаган. Бизнинг бутун тоат-ибодатларимиз эса инсоннинг бир томчи қонига арзимаслигини ёддан чиқармаслик керак.
Сир эмас, Фарғона водийсида диний экстремизм хуруж қилаябди. Улар бу ерда халифат тузиш ниятида эканликларини яширишмаябди. Тарғибот ишлари авжида, уларни таъминлаб турувчилар ҳам сероб.
Шунингдек, наркобизнес деган бало биз учун ҳамиша хавф туғдириб келаябди. У регионда вазиятни ишдан чиқариш учун хизмат қилиши мумкин.
Амударёдан нари томондаги енгилмас ва қасосклор толиблардан ҳам хавотир тортмаслик мумкин эмас.
Ҳокимиятнинг алмашинуви эса ҳамма республика учун хавфли вазият бўлиб қолмоқда. Бундай ҳолатда кутилмаган нохушликлар юзага келиши мумкин.
Атрофимиздаги қудратли мамлакатларнинг сиёсий ўйинлари биз учун қимматга тушиши мумкин. Россия, АҚШ ва Хитойнинг геополитик манфаатлари жуда хавфли ва кутилмаган оқибатларга олиб келиши ҳеч гап эмас.
Буларнинг бари бизнинг тезроқ бирлашишимизни тақозо этмайдими? Муҳтарам президентларимиз бор гина-кудратларни унутиб, бир-бирларига қўл чўзишлари зарурдан зарур. Тинчлик, хотиржамлик, болаларимизнинг бахт-саодати учун шундай қилиш керак!
Ҳа, бу жараёнда етарлича нефт ва газ захираларига эга бўлган мамлакатлар иқтисодий жиҳатдан бир оз бой беришлри мумкин. Аммо шуни унутмаслик керакки, углеводородлар тугайди, аммо қўшничилик, дўстлик абадийдир!
Айни пайтда бизга Собит Муқонов, Чингиз Айтматов, Бобожон Ғафуров, Ғафур Ғулом сингари буюк фарзандларнинг панд-насиҳатлари, даъватлари етишмай турибди. Халқ ҳам ҳукумат раҳбарлари ҳам уларни тинглашарди, айтганларини икки қилмасди.. Аммо шукурки, уларнинг муносиб шогирдлари, ўринбосарлари бор. Шунингдек, ҳар бир республикада партия лидерлари, қаҳрамонлар, обрўманд кишилар оз эмас. Улар Марказий Осиё мамлакатлари Иттифоқи тузиш масаласига жиддий қарайдилар ва ҳукумат раҳбарларини бу борада Декларация қабул қилиш учун давра столиги даъват этадилар, деб умид билдираман.
Жараён мураккаб ва анчайин суст кечишини биламан. Аммо Декларацияни қабул қилиш, бу борадаги илк ва шарафли қадам бўлиб қолишига ишонаман!
Визаларни бекор қилиш, ягона иқтисодий ҳудуд, ягона пул ва умумий конституция ҳақида кейин гапириш мумкин бўлади.
Аммо улар ҳам Европа Иттифоқи ҳамда Евразиядан олдинроқ амалга ошиши зарур.
Дўстлар, бизнинг бошқа йўлимиз йўқлигини ҳисобга олайлик!

1 комментарий:

  1. Pasportdan "millati" degan grafani olib tashlash bu o'zlikni yo'qotishga qarab qo'yilgan qadamlardan biri bo'ladi!

    ОтветитьУдалить