воскресенье, 15 августа 2010 г.

ЗА(Ҳ)РАФШОН ҚИСМАТИ

Марказий Осиёнинг қадимий дарёси Зарафшоннинг илк жилғалари Тожикистон тоғларидан бошланади ва охир-оқибат Ўзбекистондаги Навоий ГРЭСи генераторларини совутгач, Қизилқум саҳроси қумларига сингиб кетади.

Сўнгги қирқ йил давомида бу азим дарёнинг узунлиги 781 километрдан 531 километрга қисқарди. Фақат узунлигимас, унинг сув миқдори ҳам камайиб бормоқда. Айрим йиллари секундига 600 кубометргача сув берадиган дарё, айниқса қуйи оқимларда 200 кубометрга тушиб қолди.

Бу азим дарё 18-асрдан бошлаб Зарафшон, яъни “олтин сочувчи” деб аталган. Унинг аввалги номлари Водил ул суғд, Наҳри Бухоро, Дарёи Кўҳак ва ҳакозо бўлган. Дарҳақиқат, дарё суви таркибида олтин миқдори бошқа сув манбаъларидан анча кўп. Айни пайтда дарё соҳилининг икки нуқтасида олтин ишлаб чиқарадиган комбинатлар бор. Унинг биринчиси, Панжакент шаҳри яқинида, иккинчиси эса дарё поёни Қизилқумдадир. Минг йиллар давомида дарё олтинга бой тоғ жинсларини ювиб, пастликка оқизган бўлса ажаб эмас.

Аммо дарёнинг энг катта бойлиги унинг шаффоф сувидир. Дарё соҳилидаги қадимий шаҳарлар Панжакент, Самарқанд, Каттакўрғон, Ғиждувон, Бухоро шу дарё туфайли бунёд бўлган. Айни пайтда дарё ҳавзасида яшайдиган 6 миллиондан купроқ кишининг ҳам ҳаёти шу сув билан боғлиқ.

Сўнгги қирқ йил давомида янги ерларни ўзлаштириш ва табиий ўзгаришлар оқибатида дарё бир қатор ўзанларидан ажралди. Шунингдек, ундан ажралиб чиқадиган канал ва ариқлар ҳам камайди. Бу ариқлар эса замин артериялари эди ва ерости сувларини нормаллаштириб турарди.

Энг ёмони, сўнгги 40 йил давомида дарё сунинг ифлосланиш даражаси бир неча баравар ошди ва бу нохуш ҳол ҳамон давом этмоқда. Тожикистон олтин ишлаб чиқариш комбинати сувга тонналаб оғир металлар, кимёвий бирикмалар ташласа, Ўзбекистоннинг кўплаб шаҳар ва посёлкаларида тозалаш иншооти йўқ ёки ёмон ишлайди. Натижада ифлос сув дарёга оқизилади.

Дадил айтиш мумкинки, Марказий Осиёнинг бошқа дарёларида ҳам аҳвол бундан яхши эмас. Амударё, Сирдарё Оролга етиб брмай қолди, Норин, Чирчиқ суви ифлосланмоқда.

Биз узоқ йиллар давомида бу экологик фалокатнинг сабабчиси шўролар мамлакати, социалистик тузум, деб келдик. Мана, Марказий Осиё мамлакатлари мустақиликка эришганига ҳам йигирма йил бўлиб қолди. Бу борада катта режалар тузилганди, давлат арбоблари ваъдалар беришганди, Орол фонди ташкил этилганди. Халқаро ташкилотлардан анча-мунча маблағ ҳам тушганлиги ҳақида ёзишганди. Аммо денгизга сув келмади, дарёларниннг ифлосланиш даражаси ошиб борди, тупроқ эса шўрланмоқда.

Қоракалпоқ Автоном республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида асрлар давомида ариқ ва ҳовуз ва қудуқлардан сув ичишган. Ҳозир бу сувларда турли зарарли тузлардан ташқари, кимёвий бирикмалар ҳам пайдо бўлганлиги ташвишли ҳолдирю. Буларнинг бари сўнгги 40-50 йилда содир бўлди.

Мен замондошларимиз гувоҳи учун келажак авлод қаршисига тиз чўкиб тавба-тазарру қилишга тайёрман. Энди ерости сувларини ҳеч қандай техника билан тозалаб бўлмайди.

Биз ҳамон сув танқислигидан нолиймиз. Аммо тежамкорлик билан фойдалансак, етиб ортади.
Самарқандлик фермер Т.Шарипов буни ўз тажрибасида исботлади. У биринчилрдан бўлиб экинларни ёмғирлатиб суғориш усулига ўтди. Ҳар йили 400 гектар боғ-роғни шу усулда суғормоқда. Дарахтлар ёш бўлганлиги сабаб, уларнинг орасида сабзавот экинлари экиб, улардан ҳам мўл ҳосил олабошлади. Мосламани Исроилдан сотиб олишди, уни украиналик усталар ишга тушириб беришди. Мослама уч йилдан бери ишлаябди. Сув миқдори 20 баравар тежалмоқда.

Марказий Остиё бўйича сув 20 баравар тежалса, ички дарёларнинг суви ҳам етиб ортадиган бўлади. Амударё билан Сирдарё тўласинча Оролга оқадиган бўлади.

Марказий Осиё бизнинг умумий уйимиз бўлиши учун курашишимиз, унинг табиий бойликлари фақат бизники эмаслигини унутмаслигимиз шарт.

Комментариев нет:

Отправить комментарий