Иқбол
– Чиқар! – буюрди полвон одатдаги тўнглик билан тошларни имлаб кўрсатаркан.
Мен зилдай оғир тошлардан иккитасини икки қўлимга олиб, саҳнага чиқдим: залнинг ҳар ер-ҳар еридан тартибсиз қарсак чалинди.
Булар мени полвон деб ўйлашганидан шундай қилишади. Аслида мен полвон эмас, унинг шогирдиман.
Институтга киролмаганимдан кейин физкультура ўқитувчимиз шаҳар истироҳат боғининг директори Киромовга илтимос қилиб, шу одамга – Жума полвонга шогирд тушишимга ёрдамлашди.
Мен тошларни саҳнага чиқариб қўйдим. Ҳадемай сурнай чўзиб нола қилди, ноғора ҳаяжон билан авжига кўтарилди. Кенг елкалари, забардаст билакларидан куч ёғилиб турган азимжусса Жума полвон саҳнага чиқиши билан ҳамма қарсак чалиб юборди. Паҳлавон лабининг бир чеккаси билан хиёл табассум қилди. Мен ўзимни чеккароққа олдим. Томоша бошланди.
Жума ака энг аввал мен чиқарган икки пудлик тошларни коптокдай юқорига улоқтириб ўйнай бошлади: уларни навбатма-навбат ирғитар, сўнг кўкраги билан уриб юборар, чўян тошлар зарб билан полга урилар, тахталар бир оз майишиб кетар, енгил чанг кўтариларди.
Аслида бундай шароитда томоша кўрсатиш ноқулай. Яхши томоша учун обдан жиҳозланган цирк саҳнаси керак. Унинг манежига ёғоч қиниғи солинган, устидан гилам тўшалган бўлади. Ундай пайтда иштиёқ ҳам шунга яраша бўлади, албатта.
Ҳа, майли, булар бари вақтинча: келажакда ҳаммаси жойида бўлади. Яқинда Тошкентдан келган вакил ҳам шаҳримизд – бизнинг группамиз базасида цирк бўлишини айтганди: биз ўша циркнинг илк артистлари бўламиз. Унда ҳамма нарсамиз бўлади: машинамиз, инвентарларимиз, энг муҳими – мустақил бўламиз. Ҳозир эса маданият бўлими ихтиёридаги бир группа, бухгалтерия дафтарида ҳам биримиз ҳисобчи, яна биримиз фаррош ва ҳоказо. Шунинг учун бўлса керак, ҳар бир йиғилишда Жума полвон Киромов билан айтишиб қолади: қўшимча штатлар ажратишни талаб қилади, бизга тегадиган пулни кўпайтириш масаласини қўяди. Аммо у бўлса шундай полвон кишидан чўчимай: “Бу қўлимдан келмайди”, деб қўя қолади. Балки, ҳақиқатанҳам шундайдир. Ўтган куни ишга келган кассир қизни ҳам тошкентлик вакил рухсат берганидан кейин қабул қилди-ку. Унгача Бўта қизиқ ҳам билет сотарди, ҳам томоша кўрсатарди.
– Тубаретка! – фикримни бўлди ҳамон тошларни ўйнатаётган полвон менга қарамаёқ.
Югуриб бориб, аввалдан тайёрлаб қўйилган курсини келтирдим ва саҳнанинг ўртасига қўйдим, тошларни ичкарига олиб кирдим.
Полвон ўн-ўн беш ёшлардаги болани курси устига чиқарди, сўнг маҳкам тишлаганича уни ердан узди, қарсак садолари остида саҳнани икки бор айланиб чиқди.
Навбат Полвоннинг қорни устида ўтин ёриш ҳангомасига етиб келди. У чалқанчасига ётди, махсус тайёрланган энлигина тахтани унинг кўкрак қафаси устига қўйдим. Сурнай билан ноғора одатдагидай нола қилишга тушди. Мен ғўлани бафуржа тиклаб қўйиб, болтани олдим ва одамларнинг ҳаяжонларини ошириш илинжида уни даст кўтарганимча бир лаҳза тўхтадим, кейин ғўлани бир неча бўлакларга бўлиб ташладим. Жума ака ўрнидан туриши билан қарсак янграб кетди.
Навбатдаги томоша анча қалтис эди. Мен томошабинлар кўзи олдида бир неча лимонад шишасини синдириб, пол устига ёйдим, сўнг унинг орасидан йирикларини териб олдим. Ўтган гал шундай қилишни унутганим учун полвон шундай ёвқараш қилгандики, эсласам ҳали ҳам юрагим орқага тортиб кетади.
Полвон бу гал ҳеч қандай эътироз билдирмай, шиша синиқлари устига чалқанча чўзилди. Программага биноан залдан саккиз кишини саҳнага таклиф қилдим ва улардан полвоннинг устига чиқишларини илтимос қилдим. Ҳар галгидек, улар рози бўлишмай тархашлик қилиб туришди. Шунинг учун аввал ўзим чиқдим. Улар минг истиҳола билан полвоннинг кенг елкаларига чиқишди. Биз бир неча дақиқа шу алфозда турдик. Зални қарсак тутиб кетди.
Шу билан бизнинг галимиз тугади. Жума ака яна бир таъзим бажо келтириб, орқасига қайтаётганда унга юмалоқланган қоғоз улоқтириб қолишди. Биламан: уни мен тенги болалардан бирортаси ёзган. Ҳар гал шундай қилишади – Жума акадан полвонлик сирларини сўрашади: полвон бўлиб олиб ҳаммани ҳайратда қолдирмоқчи бўлишади. Ўзим ҳам шунақа бўлганман. Аслида эса бу шундайгина азиятдан иборат эканлигини энди ҳис қиляпман. Куни билан полвоннинг қош-қовоғига қараб иш тутиш, уйга боргандан кейин ҳам тинмай машқ ўтказиш осон эмас.
Полвон мактубни очиб кўрмаёқ Бўта қизиққа узатди. Ўтган гал ҳам шундай қилганди. “Бўта гапга бой, ўша гапириб берсин”, деганди.
– Биродарлар, – сўз бошлади БЎта қизиқ икки қўли билан “жим” ишорасини қилиб, - қаердаки томоша кўрсатмайлик, болалар албатта машҳур полвонимиз Жума акадан полвонлик сирларини сўрашади. Майли, айта қолай. Фақат жим ўтирилсин! Бу сир – ҳеч кимга айтиб қўйилмасин.
Бир лаҳза сукутдан кейин у яна давом этди:
– Ривоят қилишларича, жуда қадим замонларда узоқ қайбирам мамлакатда ўз марганлиги билан донг таратган бир шаҳзода бўлган экан. У камон билан бир чақирим наридаги отнинг қулоғини теша олар, учиб бораётган турналардан истаганини уриб қулата оларкан. Шаҳзодага ҳамма тан бераркан-у, аммо севикли хотини қойил қолмас экан. Шаҳзоданинг тоқати тугаб, хотинидан бунинг боисини сўрабди. “Маҳоратнинг калити – машқ. Машқ қилса ҳамма ҳам шундай бўлиши мумкин”, - дебди малика. Шаҳзода унинг қайсарлигидан дарғазаб бўлиб, ҳайдаб юборибди. Малика узоқ бир қишлоққа бориб кун кечирибди. Ўша ерда болохона қурдириб, яқинда туғилган бузоқни олиб чиқиш, олиб тушишни машқ қилаверибди. Йиллар ўтибди, бузоқ улғайиб ҳўкиз бўлибди, аммо малика машқни канда қилмабди. Кўп ўтмай бу шов-шув шаҳзоданинг ҳам қулоғига етибди ва у ҳўкизни кўтарадиган аёлни кўриш ниятида мулозимлари билан ўша томонга равона бўлибди. Бориб қараса, ҳақиқатан ҳам бир нозанин аёл баҳайбат ҳўкизни кўтариб юрган экан. Шаҳзода жуда қизиқиб, аёлдан бунинг боисини сўрабди. “Маҳоратнинг калити машқ. Машқ қилса ҳамма ҳам шундай бўлиши мумкин”, дебди у аввалгидек. Шундан кейингина шаҳзода бу аёл ўзининг севикли ва тик сўзли хотини эканлигини фаҳмлаб қолиб, ундан узр сўрабди.
Бу эртакни Бўта қизиқдан келган кунларим эшитган эдим. Шундан кейин гантель сотиб олиб машқни жуда қизитдим, аммо негадир Жума акадай бақувват бўлолмаётганимдан хуноб бўлиб кетаман баъзан.
Программага биноан саҳнага Бўта қизиқ билан Боли вали чиқишди. Ола-була кийинган бу масхарабозлар пайдо бўлиши билан залда шўх кулги янгради. Улар бир неча интермедия ижро этишгач, одатдагидек Бўта Боли валининг кўзини боғлаб, уни саҳнада қолдирди ва ўзи залга тушди. У томошабинлар орасида бир оз юргач, бир аёлни кўрсатиб сўради.
– Так, Боли вали, бу киши ким?
– Бу – аёл киши, ака, - жавоб берди Боли вали ҳеч қийналмай.
– Балли! Бу киши-чи? – бир эркакни кўрсатиб сўради Бўта қизиқ.
– Эркак.
– Бу киши-чи?
– Бу киши ҳам ўзини эркак деб юрганлардан, ака.
– Балли! Бу кишининг бошларида нима бор?
– Ҳеч нима йўқ, ака.
– Балли! Э, сизни бекорга вали дейишмаскан-да.
Бир лаҳза жимлик чўкди. Бўта қизиқ чеккада ўтирган кишига мурожаат қилиб, бир неча бармоғини кўрсатишни сўради. Сўнг Боли волидан нечта бармоғини кўрсатаётганини сўради.
– Бешта бармоғини, ака.
– Энди-чи?
– Энди битта бармоғини, ака.
Одамлар гуриллаб кулишади, қарсак чалишади. Бундан кейинги саволларга ҳам адашмай жавоб қайтаради у.
Томошадан кейин колхоз раҳбарлари зиёфат беришди. Дастурхон устида ҳам нуқул бугунги томоша ҳақида гапиришар, маҳоратимизни мақташарди.
– Булар ҳали ишнинг бошланиши, - ғурурланиб жавоб қайтарди сурнайчимиз.
– Циркка айлангандан кейин кўрасизлар: ўзимизнинг акробациямиз, дрессировками бўлади.
– Циркимизнинг мустақил хўжалиги, плани, номи бўлади, - вазминлик билан давом эттирди Жума ака.
– Шундай қилиб, номини нима қўямиз? - полвонга савол бериб қолди Бўта.
Жума ака бир оз ўйланиб турди-ю, елка қисиб қўя қолди.
– Номини “Иқбол” қўйсак яхши бўларди-да, – қўрқа-писа анча вақтдан бери ўйлаб юрган фикримни айтдим. Ҳеч ким индамади. Фақатгина кассир қиз “пиқ” этиб кулди.
– Ҳа, тинчликми? – унга юзланди Бўта.
– Нима, циркка менинг номим қўйиладими? – бу гал очиқроқ кулиб гапирди у.
– Иқбол учун олайлик, ўртоқлар, - суҳбатимизни кесди раис.
Жума акадан сўнг Иқболдан ташқари ҳаммамиз қадаҳларни бўшатдик.
***
Бугун тушгача тахтага қўл билан мих қоқиб, уни тиш билан суғуриб олишни машқ қилдим. Аммо ҳар қанча зарб билан урсамда, тахтани тешишни уддалолмадим. Бунинг устига михдан зарб еган кафтим қип-қизил бўлиб шишиб чиқди, тишимга зирқираб оғриқ кирди. Шундан кейин жуда хўрлигим келиб кетди, михни тўғри келган томонга улоқтирдиму кўзимдан тирқираб чиққан ёшларни сидириб ташладим. Ўзи мен хумбошга ким қўйибди паҳлавонликни?! Бошқа бирор ишнинг этагини тутганимда, ҳозиргача бемалол ўрганиб олардим, ойимга оғирлигим тушмай, ёрдамим тегарди. Фаррошлик қилиб топадиган озгина моясини ҳам мана бунақа лашлушлар сотиб олиш учун менга тутқазади, бояқиш. Қўшниларга: “Ўғлим катта паҳлавон бўлади”, деб мақтаниб ҳам қўйди. Менинг эса аҳволим бунақа... Мени шу тошбағир Жума полвонга шогирд қилиб қўйган физкультура ўқитувчимиз Норбоевга ҳам...
Кечқурун йиғилишда кайфиятим ундан ҳам баттар бузилди: квартал якунига бағишланган йиғилишда бизларни роса танқид қилди. Маълум бўлишича, фақат бизнинг группа планни бажаролмай қолган экан.
– Охи, аёққа кишан бўлманглар, - деди Киромов тожикча лаҳжада, - программа доқиюнусдан қолган, тамошабин зиқ бўлиб кетади.
Жума ака ҳам жим ўтирмади: рухсат-пухсат сўрамай ўрнидан турди-ю, тутақиб гап бошлади.
– Шу группани йўқ жойдан бор қиламан дегунча она сутим оғзимга келган: у пайтларда бирорта хўжайин йўқ эди. Энди ҳамма бизга катта. Аҳволинг нечук деб сўрайдиган савобталаб йўқ! Томошанинг ўзи бўлмайди-ку! Жума ака яна нимадир демоқчи бўлди-ю, сўзини йўқотиб қўйди. Киромов фурсатдан фойдаланди:
– Қайси талабингиз рўёбга чиқмади?
– Талабимиз шуки, бизга билет сотиш тўғри келмайди. Шартнома тузамиз. Ўша пулни қаердан бўлса топиб берамиз. Бизга машина керак, штат керак!
– Булар қўлимдан келмайди, - одатдаги жавобини рўкач қилди Киромов ва бошқа масалага ўтди.
* * *
Навбатдаги томоша тоғ орасидаги Оҳалик қишлоғида кўрсатиладиган бўлди. Бу ерда келишимиз билан диққатимизни унинг сўлим табиати жалб этди. Қишлоқ тўрт томондан пурвиқор тоғлар билан қуршалган, чўққилар тўшида қор ялтирарди.
Лаш-лушларимизни клубнинг бир чеккасига жойлаб, тоғ сайрига жўнадик. Шундайгина тепамизда осилиб турган чўққи ўзига чорларди бизни. Чўққи этагига етгунча ҳазиллашиб, латифагўйлик қилиб бордик, хатто Жума полвон ҳам ҳазил-мутойибага мойил бўлиб қолди. Аммо у чўққига чиқмади, гарчанд бизнинг ҳам чиқишимизга унчалик рўйхўшлик бермаган бўлса-да, индамай юқорига чирмашдик.
Кўп ўтмай Бўта қизиқ билан Боли вали ҳам ҳансираб қолишди ва мен билан Иқболга оқ йўл тилашди. Олдинда Иқбол чўққига тикилганича илгарилар, мен унга етиб олишга ҳаракат қилардим.
Ҳадемай Иқбол каттакон харсанг устида тин олди. Мен унинг ёнидан жой олдим. Иккаламиз ҳам енгилгина ҳансирардик, гаплашишга мажолимиз йўқ эди.
– Бу тошлар оддий тошлар эмас, - сукунатни бузди Иқбол остимиздаги харсангни имлаб кўрсатаркан. – Булар – оҳак тошлар, қишлоқнинг номи ҳам “оҳаклик” сўзидан олинган бўлса ажаб эмас.
– Буни Боли валидан сўраш керак, - дедим унинг топқирлиги ёдимга тушиб.
– Нега?
– Ахир у вали-ку! Билади-да!
Мен бундай жавобни кутмаган эдим: ҳайратланиб Иқболга юзландим. У ҳамон ўша қиёфада турарди.
– Вали эмас, дедингизми? – ишонқирамай сўрадим.
– Бўлажак паҳлавон ўта синчков бўлиши керак. Улар код билан аниқлашади – одамларни алдашади.
– Масалан?
У андак сукут сақлаб турди-ю, тушунтиришга киришди.
– Бўта қизиқ савол берганда, бир йўла жавобини ҳам айтади. Масалан, “Так, Боли вали, бу киши ким?” – деса, ана шу гапдаги “так сўзи аёл эканлигига ишора, шу сўзни ташлаб кетса – эркак. Бўта қизиқ “хўш”, деб гап бошласа, Боли вали “йўқ” деб жавоб қайтаради. Масалан, “Хўш, бу кишининг бошида нима бор?”, “Ҳеч нима йўқ”.
– Ундай бўлса, буюмлар, бармоқлар сонини қандай қилиб билади? – ҳайратланиб саволда давом этдим.
– Саволдаги сўзлар сонига қараб. “Бу киши нечта бармоғини кўрсатаяптилар:” Бешта сўзми? Демак, бешта бармоғини кўрсатаяпти.
Мен жуда лол қолдим. Шунча вақтгача оддий лақиллатишнинг фаҳмига етмай юрганимни қаранг-а! Бало экан бу қиз! Яқинда келиб, бари сир-асроримизни билиб олибди.
– Бўлмаса ҳақиқий кўзбойлагичларқандай қилиб билади? – суҳбатимиз узилиб қолмаслиги учун саволда давом этдим.
– Иллюзия. Нерв системасига таъсир қилиш йўли билан.
Табиийки, мен ҳеч нарса тушунмадим. Бир оз сукунатдан кейин яна саволда давом этдим. Иқбол жавоб бериш ўрнига менга яқин сурилди, кўзимга боққанича уйқу ҳақида гап бошлади. Чеховнинг “Уйқу истаги” ҳикоясини напириб бергач, “ухланг, ухланг” деб назокатли шивирлай бошлади...
– Ўтиринг, - деди у бир маҳал.
Мен ўтирдим, аммо қачон ўрнимдан турганимни эслолмадим, бу орада қандайдир сирли воқеалар бўлиб ўтганидан шубҳага тушдим.
– Ҳозир ўзингиз сезмаган ҳолда ўрнингиздан туриб, костюмингизни ечдингиз, орқасига оёғингизни артдингиз.
–Ҳазилни қўйинг, - дедим мумкин қадар босиқлик билан, аммо шубҳам ортиб, костюмимни ечдим: унинг орқасида оёқ излари бор эди.
–Сиз хижолат тортманг, Умид ака, - биринчи бор номимни тилга олиб гап бошлади қиз, - ким кўрган эмас.
Кўнглимда туғён ураётган бояги завқ ўрнини нохуш ғашлик эгаллай бошлади, мен эндигина садоқат қўймоқчи бўлган қиз билан орамизда каттагина жарлик бордай эди. Ахир у – доно, ҳозиржавоб бўлиш билан бирга қандайдир ғайритабиий ҳунарга ҳам эга. Менда эса на Жума полвонникидай куч бор ва на Иқболникидақа маҳорат.
–Умид ака, сиз цирк бўлишига ишонасизми? – фикримни бўлди Иқбол.
–Ҳа, ишонаман, албатта ишонаман!
–Айтганингиз келсин-да.
–Унда кўпроқ билет сотиш мумкин бўларди-да, - фикрини уқмоқчи бўлдим унинг.
–Гап унда эмас, билетни ҳамма ҳам сотиши мумкин. Мен бу ерга кассир бўлиш учун институтни ташлаб келганим йўқ.
–Ҳа, ҳа, сиз цирк артисти бўлишингиз керак. Одамни гипноз қилоласиз, - далда бердим.
–Гап унда ҳам эмас. Цирк бўлса забардаст гипнозчилар келади, улардан кўпроқ нарсани ўрганиб олиш мумкин бўлади-да. Мен бу ерда шундай артистлар бор, деб хатога йўл қўйибман.
У таърифлаб бўлмас, самимият, назокат билан гапирарди: жуда яқин кишисига кўнгил очаётгандай ўкинч ва надомат билан ўз туйғуларини изҳор этарди. Бу ҳол бизни яна яқинлаштирди.
– Цирк бўлади, албатта бўлади, - дедим негадир комил ишонч билан.
* * *
Оҳалик қишлоғининг клубига одам сиғмасди. Чоллар, болалар, жамики тўпланганлар томоша бошланишини интизорлик билан кутардилар.
Бугун кайфиятим жойида эди: бирорта томоша кўрсатиб, мана шу беғубор тоғ кишилари шодлигига қўшгим келарди. Лекин буни полвондан сўрашга истиҳола қилардим. Бир гал айтганимда жуда тўнг жавоб қайтарганди. “Э, қўйсанг-чи, Умид, мен полвон бўлиб қаерни обод қилдимки, сен қилсанг! Шу ҳам касб бўлди-ю?! Ҳозирги замонда куч керак бўлмай қолди: ҳозир ё пул керак, ё билим!” – деганди. Шундай бўлса-да, унга яқинлашиб, бирорта номер ижро этиш ниятим борлигини гапирдим.
–Масалан, - анча очиқ чеҳра билан сўради у.
–Масалан, тахтага қўл билан мих қоқиб тиш билан суғуриш ёки арқонни учига етти кишини қўйиб тортиш.
–Етти кишини тортаман, дедингми? Шарманда бўлиб қолмайлик тағин. – У ишонқирамай қайишини ечди, саҳнага чиқдик, парданинг очилиб қолган жойларини беркитдик. Паҳлавон тасманинг бир учини қўлига ўраб, осилиб турган томонини менга чўзди.
–Қани, торттинг-чи!
У ўнг қўлини олдинга чўзганича ғоз турарди, лоақал ўрнидан ҳам жилдиролмаслигимга ишончи комил эди.
Қайишнинг иккинчи учини қўлимга ўрадим, гавдамни бир оз эгиб, бор кучим билан тортдим: полвон мункиллаб кетди. Мен тўхташим билан ҳижолат бўлиб, қайишни икки қўли билан ушлади. Вазиятини ўзгартирди.Зарб билан тортдим: рақибим яна силкиниб кетди, чеккага бориб қолганим учун ўзимни чапга олдим, тезлигини тўхтатолмаган паҳлавон саҳнадан пастга тушиб кетди. Ҳар қалай йиқилмади!
Иккаламиз ҳам бундай бўлишини хаёлимизга келтирмадик: нақадар ноўнғай вазият. Мен бу одамни жуда кучли деб юрибман...
Сурнай чўзиб нола қилди, ноғора авжига чиқди. Мен икки пудлик тошлардан бир жуфтини саҳнага олиб чиқишим билан ҳар ер, ҳар ердан тартибсиз қарсак янгради. Кўп ўтмай Жума ака ўша виқор ва салобат билан ўртага чиқди...
Менга гал бермаган бўлишса ҳамки, унчалик ўксинмадим. Қандайдир ифтихор туйғуси қалбимни аллаларди.
Кечқурун одатдагидек зиёфат беришди. Арақ шишаларини кўриб, Жума аканинг чеҳраси анча ёришгандай бўлди. Мен бу гал ичишдан ўзимни тийдим.
–Бизнинг шогирдлар шунақа: аста-секин айнийверади, - тўнғиллади полвон. Ҳадемай унинг кайфи ошди: ёввойи ҳислатлари юзага ура бошлади. Менга эса еб қўйгудай бўлиб тикилар, бирор баҳона билан можаро чиқариб, тўйиб дўппослагиси келаётганлиги сезилиб турарди. У Иқболга ҳам қандайдир ғаркўзлик билан назар ташлар, буларнинг бари ноўнғай ва ҳатто жирканч эди.
Ҳар қалай раис фотиҳага қўл кўтарди.
* * *
Куни билан Иқболни қўмсадим. Кеч тушиши билан микрорайонга – уникига йўл олдим. Энтикиб иккинчи қаватга кўтарилишим билан овози қулоғимга чалинди.
–Чиқинг, чиқинг деяпман, беномус!
Унинг овози қалтирар, йиғламсирарди. Ўрнимда қотиб қолдим. Қия очиқ эшикдан Жума полвоннинг минғирлаган овози келди: “Ўша сўтакчалик ҳам бўлмадикми! У билан кайф-сафо қилинади-ю, бизга келганда...”
– Чиқинг, Чиқинг деяпман! – кескинлашди Иқбол.
Ортиқ чидаб туролмадим: эшикни шиддат билан очиб, ўзимни ичкарига урдим. Улар мени кутишмаган эди, албатта: полвоннинг кўзи қонга тўлди, Иқбол эса ҳўнграб йиғлаб юборди.
Жума полвон билан интиқомли нигоҳларимиз тўқнашди: дуэлга чоғланган эркаклардай ташқарига чиқдик ва ҳудудсиз ғазабларимизни босиб пастга туша бошладик. Биринчи қаватга тўрт-беш зина қолганда, елкам ва бўйним аралаш қаттиқ зарба тушди: ўз нафратини тиёлмаган полвон бутун кучини тўплаб мушт туширган эди. Мен узала тушиб йиқилдим. Чап юзим бетонда шилиниб кетди, оғзимда шўртаккина таъм пайдо бўлди.
– Хўш, сўтак! Ана шу муштдан яна егинг борми?! Ёки басми, а?
Мен қаттиқ зарба еган, ўрнимдан туришга мажолим йўқ: шу алфозда бир оз ётиб, ўзимни тиклаб олгим келарди. Аммо устимга бостириб келаётган полвонни кўриб ўрнимдан турдим. У юзимга тарсаки тортишга улгурди. Кўзимдан ўт чақнагандай бўлди, қорачиғимни ёш қоплаб, ҳеч нимани кўрмай қолдим. Чекиндим. Енгим билан кўз ёшларимни артиб олгач, кўкрагимни тўлдириб нафас олдим. Полвоннинг ҳавога кўтарилган қўлини кесиб ушладим-у, бор кучимни тўплаб кўкрагига калла қилдим. Полвон сурилиб кетиб бурчакка йиқилди, кўзлари катта-катта очилиб, важоҳати ваҳимали тус олди. Назаримда у ҳозир ўрнидан туриб мени қиймалаб ташлайдиган эди. Югуриб бориб иккала елкасидан кўтариб турғиздим ва яна елкаси аралаш мушт туширдим. Шундан кейингина у дод солди. Ҳадемай одам тўпланди. Бир рус кампир мени муштумзўрликда айблаб, полвонга ёрдамга шошилди.
Кечаси билан ухлолмадим, юрагим ҳамон гупиллаб урар, хаёлларим паришон, зарб еган баданим эса зирқираб оғрирди. Тузалгач, бирорта заводга кириб ишлашни, у ердан Иқболни ҳам чиқариб олишни мўлжаллаб қўйдим. Зўр бўлса, цирк ташкил этилгандан кейин келармиз...
Бир ҳафтадан кейин ҳужжатларимни олиш учун идорага келиб талай янгиликларни эшитдим. Жума полвон кетиб қолибди. Умуман кетибди. Ҳозирча Иқбол бизга бошлиқ қилиб тайинланибди.
Шошиб залга кирдим. Ҳамкасблар берилиб машқ ўтказишарди. Мени кўриб ҳаммалари қувонишди. Иқбол эса ўтириб янги программа тузарди. У мен билан анча ҳаяжонланиб кўришди ва яна ишида давом этди. Бир оздан кейин эса музикачиларга мурожаат қилди.
– Ишни музикадан бошлаймиз! Бизга шўхроқ, дилкашроқ куйлар керак!
Музикачилар эътироз билдирмай бошқа куй машқ қилишга киришишди. Мен бир оз нима қилишимни билмай турдим-у, сўнг машқни давом эттирдим.
Мавҳум туйғулар
Ниҳоят, шунча якравликдан кейин бобом ҳам бу ердан кўчадиган бўлдилар. Бундан бутун оиламиздагилар қувонишди. Бирор йил илгари барча қишлоқдошларимиз посёлкага кўчиб ўтиб, Қамчинда у кишининг бир ўзи қолганди- да. Бобомни бу ердан кўчиришга ҳеч ким кўндиролмаганди. Колхозимиз раиси Мингноров ҳам, агрономимиз, парторгимиз ҳам бир неча бор айтишди. Бобом эса ётиғи билан “йўқ”, дейиш ўрнига:
-Кўчмайман дедим-ку, куясизларми-йўқми?- деб бақириб берардилар.
Бояқиш ойим бўлса, бобомнинг қаршисида ўтириб олиб, юм-юм йиғларди-ю, аммо журъат қилиб: “Бу ердан кўчинг”, деёлмасди. Унинг бақириб беришидан жуда қўрқарди.
Шунинг учун бўлса керак, бобомнинг кўчиши тўғрисидаги хабар тез тарқалди. Бобом фикридан қайтиб қолишидан чўчиб дадам посёлкада зудлик билан унинг моллари учун оғил, товуқлари учун катак қуриб қўйди. Бобомнинг кўчишларидан қариндошлар ҳам қувонишди.
Аммо мен негадир... қувонмадим. Бобомнинг шу ерда – қадрдош қишлоғимиз Қамчинда қолишини жуда-жуда истар эдим. Мен у кишининг эшиги қаршисидаги эски тегирмон томига чиқиб, мириқиб китоб ўқишни, ширин хаёл суришни жуда яхши кўраманда. Улкан ва қуюқ толлар билан бурканган бу манзилгоҳнинг бир меъёрда эсиб турадиган ёқимли шабадаси, шарқираб ётадиган бир тегирмон суви бошқа ҳечжойда бўлмаса керак. Гоҳ у, гоҳ бу толда булбул сайраб қолади, барглар орасидан уни тополмасангиз ҳам овозини тинглаб ўтириш жуда завқли. Тегирмон томидан тирмашиб новнинг устига чиқсангиз бутун қишлоғимиз ва посёлкамиз худди кафтдагидек кўриниб туради. Кишининг илҳоми жўш уриб кетади: қўшиқ айтгиси ёки шеър ёзгиси келаверади. Дарвоқе, мен қишлоғимизга бағишланган “Қамчин” деган шеъримни худди шу ерда ёзганман. У шундай бошланади:
Чўққидан отилар инжу бўлиб сув,
Шошиб сен томонга йўл олади у.
Ҳорғин булутлар-чи кўниб қояга
Сенга термилади: борлиғинг сулув:
О, она Қамчиним, севаман сени!
Бу шеърим тўғрисида батафсилроқ сўзлаб беришдан илгари, қишлоғимизнинг нега Қамчин дейилишини айтиб бергим келяпти.
Бобомнинг ҳикоя қилишларига қараганда,бу ном Самарқанддаги Шоҳизинда мақбараси билан боғлиқ эмиш. Ундаги қабрлардан бирига қулоқ тутилса, худди темирчининг бир меъёрда болга уришига ўхшаш овоз эшитилиб тураркан, аммо бу садонинг сири ҳозиргача ҳеч кимга маълум эмас экан. Жуда қадим замонда Самарқанд устига мўру малахдек бўлиб ёв бостириб келибди. Сўғдиён лашкарлари узоқ курашибдилар, аммо душман сон жиҳатдан бир неча бор кўп экан. Сўғдиён лашкарбошиси ноиложликдан ана шу ғорга кириб яширинишга буйруқ берган экан. Ҳозир улар ўша ерда қилич-қалқон ясаётган эмиш: қачонлардир чиқиб, ёвга қашқатқич зарба беришармиш. Қадимда Самарқанд шоҳларидан бири ана шу қабрдаги товушнинг сирини билиб чиққан кишига жуда катта инъом ваъда қилибди. Унинг белига узун арғамчи боғлабдилар ва чуқурга тушира бошлабдилар: кўп ўтмай ҳалиги бақира бошлабди. Уни зудлик билан тортиб олишса, қоп-қора бўлиб ўлиб қолган эмиш. Шунда иккинчи навкар унинг белидан арғамчинни ечиб, ўз белига боғлабди.
“Бақирсам ҳам тортиб олманглар”, - тайинлабди у. Шундай қилиб уни ҳам қабрга тушира бошлашибди. Бақирса ҳам қулоқ солишмабди. Бир маҳал қирқ газли арғамчи охирига етиб, ҳалиги одам оёғи ерга текканини маълум қилибди. Орадан яна бир оз ўтгач, уни тортиб олишибди. Навкар жуда ҳаяжонланган, таажжубланган экан. Зум ўтмай уни шаҳаншоҳга рўпара қилибдилар.
“Хўш, тезроқ гапир, нималарни кўрдинг?”, шошиб сўрабди подшоҳ.
“Аввал шартимни эшитинг, шоҳим! Бу сирни – барча тилагимни муҳайё қилганингиздан кейингина гапириб бераман”.
“Тила тилагингни!”
“Бир отга миниб, уни қибла томон чоптираман, от қаердаки йиқилса йки тўхтаб қолса, ўша ергача бўлган тумонатнинг ҳокимлигини менга берасиз!”
Шоҳ рози бўлибди.
Ҳалиги навкар бир тўриққа миниб, унга қамчин босибди. От чанг кўтариб югурибди. Худди мана шу ерга – бизнинг қишлоққа келганда мункиб кетибди. Навкар отдан йиқилаётиб, қамчисини олдинга улоқтирганига бақирибди:
“Ҳа-ай, қамчин тушган жойдан бериси меники-и-и!..”
Лекин боёқишга ҳокимлик насиб этмабди: ўша ердаёқ отнинг остида қолиб, ҳаётдан кўз юмибди. Сир ҳам у билан бирга кетибди. Унинг қамчиси тушган жой эса бизнинг қишлоғимиз бўлиб қолибди, шунинг учун ҳам уни Қамчин дейишаркан.
Адабиёт ўқитувчимиз Қиличевнинг айтишига қараганда, бу гап мутлақо ёлғон ва ҳатто зарарли ҳам эмиш. Унинг фикрича, қадим замонларда ота-боболаримиз қамчин ясаш билан шуғулланишганимиш: бу ернинг асли номи Қамчинон бўлиб, кейинчалик Қамчин бўлиб қолганмиш.
Менинг кузатишимча, бу ҳам унчалик тўғри эмасдай. Мана шу баландликдан қишлоғимизга қараб, унинг катта қамчинга ўхшашлигига бир неча бор ишонч ҳосил қилганман. Ҳув анави чўққи пойидан йўл олган булоқ аввал тўғри ариқ бўйлаб сокин оқарди. Бу қамчиннинг сопига ўхшаб кетади. Мана шу тегирмондан ўтгандан кейин эса у илонизи бўлиб кетади, яъни қамчиннинг даррасига ўхшайди. Қишлоқдаги деярли барча хонадонлар ана шу ариқ соҳилида жойлашган, уларнинг томлари ҳам бир-бирига туташиб кетган.
Мен сизга айтган ўша “Қамчин” сарлавҳали шеъримда қишлоғимизнинг ҳамма ҳам дарҳол ҳис қилолмайдиган жозибаси, бўёқлари ҳақида қалам тебратгандим-да. Бирор йилгача бу шеъримни ҳеч кимга кўрсатмай юрдим. Кейин минг андиша, истихола билан адабиёт ўқитувчимизга бериб, ундан маслаҳат сўрадим. Муаллим аввал мийиғига кулди, сўнг минғирлаганича ўқиб чиқди-ю, бошини сарак-сарак қилиб гап бошлади:
–Менга қара, Абдулла! Бу Қамчиннинг нимасини мақтайсан?! Ахир, у ерда тўртта эски чолдевор билан сенинг бақироқ бобонгдан бўлак нима бор?! Посёлкани мақтамайсанми унинг ўрнига: ҳамма шароити бор, замонавий...
Аввал жуда хижолат бўлдим, унинг гапига ҳеч ҳам қўшилгим келмади. Наҳотки Қамчин – киндик қонимиз томган шу она қишлоқ хунук бўлса?! Лекин кейин ўйлаб боқсам, Қиличевнинг гапида ҳам жон бордай. Ҳақиқатан ҳам посёлка шинам, гази, суви бор. Шундан кейин посёлкага бағишлаб шеър ёзишга киришдим, аммо қўлимга қалам олишим билан пишиқ ғиштдан қилинган ва пишиқ ғиштдай бир-бирига ўхшаш уйлардан бошқа нарса кўз ўнгимга келмади. Унинг ўрнига эса бобом ҳақида шеър бошлаб қўйдим.
Бобомни орқаваротданкўпчилик “бақироқ бобой”, дейди. Ўзим ҳам бунга кўникиб қолганман, мени ҳам баъзида “бақироқ бобойнинг невараси” дейишади. Мен буларга аччиқланмайман, чунки у киши ҳақиқатан ҳам бир оз тажангроқ: кўнгилга ёқмайдиган гап бўлса, бақириб берадиган одатлари бор. Бунинг устига нуроний ҳам эмас, соқоли – яккам-дуккам, ортиқ чакка суяклари бўртиброқ чиққан... Менинг кузатишимча, бундай чоллар ҳамма жойда ҳам тажангроқ, бақироқ бўлишади.
Бобомнинг уйларига бир тавақали боғдоди эшикдан кирилади. Ҳовли тўрида битта етти болорли уй ва беш болорли даҳлиз бор, холос. Ҳовли кичиккина, ўртада кекса, букри шотут: унга ҳамиша қора говмиш боғланган бўлади, атрофда уч-тўртта кўланки товуқ донлаб юради.
Уйда ҳам деярли ҳеч вақо йўқ. Айримлар: “Чолнинг олтини бор”, дейишади. Бу – ёлғон! Уйда эски сандиқ, шолча, тўрда – деворга илинган нон кўзга ташланади. Уни урушда беарак кетган тоғам, яъни бобомнинг ягона ўғиллари тишлаб кетган. Нон кўп тураверганидан буришиб, юракка ўхшаб қолган.
Мен ўша, “Бобом” сарлавҳали шеъримни у кишини бу ерда туртиб турган куч олтин эмас, ана шу кемтик нондир, деган туйғуни баён этишга ҳаракат қилганман. Шу билан бирга бобомни нуроний, катта қалбли киши қилиб тасвирланганман. Лекин аслида бобомнинг бу ердан кетмаслигининг сабаблари ҳайтовур фақат ўша нон бўлмаса керак, бошқа сабаблари ҳам бордир...
Уруш йиллари оиламиздагиларни шу сигир билан товуқнинг авлоди сақлаб қолган, дейишади. Бобом тонг билан шаҳарга сут билан тухум олиб кетиб, нонга алмаштириб келаркан. У пайтда мана шу ҳовличада ўз болаларидан ташқари бир неча етим болалар ҳам бор экан. Бобом шу алфозда уларни асраб қолган экан. Ўзининг етмиш йиллик ҳаётида турли тасодифлар, очлик, муҳтожликларни бошдан кечирган бобом мана бу сигир билан товуқни нималардандир чўчиб асраб юргандир.
Бу сигир билан товуқнинг авлоди жуда қадим замонлардан бери авлодимиз йўлдоши бўлиб келган экан. Бобомнинг бобоси кўз юмиш олдидан бу жониворларни йўқотиб юбормасликни васият қилган дейишади. Балки бобом посёлкада бу жониворларни сақлайдиган жой йўқлиги учун кўчмай юргандир.
Балки булар ҳам эмасдир. Билмадим, билмадим.
Ўта эҳтиёткор ва баджаҳл бобом бошқаларга ёқмаса ёқмас, мен барибир уни яхши кўравераман. У кишининг кўнглидаги гапни дарҳол фаҳмлаб оламан ва шунга кўра иш тутаман. Шунинг учун бобом мени яхши кўрадилар, мен билан очилиброқ гаплашадилар, баъзида қизиқарли саргузаштлар, афсоналар айтиб берадилар. Бобомга бағишланган шеъримни ҳам меҳрим тошганидан ёзганман: у кишининг қандайдир кўзга кўринмайдиган олижаноб ҳислатлари кўп, деганман.
Кўп андишалардан кейин бу машқимни ҳам адабиёт ўқитувчимизга кўрсатишга мажбур бўлдим. Ахир бошқа кимга кўрсатиш мумкин? У киши адабиёт муаллими, биладиган киши...
Қиличиев бу гал ҳам шеърни минғирлаб ўқиб чиқди-ю, бошини юқорига кўтариб, қаҳ-қаҳ отиб кулди.
–Ҳе, Абдулла-ей! Ўша бобонгнинг нимасини мақтайсан! Бошқа нуронийроқ қуриб кетган эдими?!
Мен ҳам ҳижолат чекдим. Лекин унинг гапи жаҳлимни чиқарди. Бундан кейин шеър ёзсам, редакцияга юборганим бўлсин! Ҳар ҳолда улар бобомнинг бақироқлигини билишмайди-ку! Улар Қиличевдай андишасиз, юзгачопар бўлишмаса керак?! Мен шеърларимга яширган қандайдир самимий ва бир оз мавҳумроқ туйғуларни улар дарҳол фаҳмлашмаса керак?! Ҳа, ҳис қилишади, ахир редакцияда доно, ҳамиятли, синчков кишилар ишлашади-ку!
Тўғри, бобом бир оз баджаҳлроқ. Буни тан олмаслигим ҳам инсовдан эмас. Бошқаларни қўя туринг, шу колхозимиз раиси билан агрономини ҳам жеркиб берганликларининг гувоҳи бўлганман.
Мен томида ўтириб шеър ёзадиган тегирмон бир маҳаллар одам билан гавжум бўлган. Ўша пайтларда бобом бу ерда тегирмончилик қилганлар. Кейинчалик эса магазинларда унлар кўпайиб, бу ерга қадам босмай қўйишган. Шунда бобом не-не азобларда тегирмонни мойжувозга айлантирганлар. Одамлар бу манзилга яна кела бошлаганлар. Бобом энди уларга зиғир ёғ улашган. Аммо бу узоқ давом этмаган: жувоз ясаб, зиғир ёғ ишлаб чиқариш мумкин эмас экан-да! Колхозимиз раҳбарларининг бири қўйиб-бири келар, жувозни беркитишни талаб қилишарди.
Бир куни раис билан агроном келиб, талабни қаттиқроқ қўйишди. Бобом ҳам тоқат қилолмай, бақириб берди:
– Ахир, одамлар зиғир ёғ емасинми...
– Пахта ёғ ҳеч кимни тешиб чиққан эмас, - бўш келмади раис ҳам.
– Тешиб чиқмаган бўлса, ўшани еяверинг, мен жувозни ёпмайман!
Улар жуда ғазабланиб, индамасдан орқага бурилишди. Бобом эса боғдоди эшигининг остонасига оғир чўкиб, узоқ вақтгача сукут сақлаб ўтирди. Ёдига ўғли тушдими ёки бошқа сабабданми, бир нуқтага узоқ тикилиб, оғир хаёл сурди, сўнг кечга яқин жувознинг эшигига мана бу катта қулфни урди. Лекин одамлар узоқ-узоқлардан ҳамон зиғир ёғ излаб келишади.
Колхозимиз раҳбарлари ҳам ёмон одамлар эмас, улар ҳар гал бобомни кечиришади ва юзма-юз келганда албатта қўл бериб саломлашишади. Агар баджаҳлроқ раис бўлганда... Бултур бобом уни шундай хижолат қилгандики, асти қўяверинг.
Ўшанда худди шу ерда китоб ўқиб ўтиргандим. Бобом тол хивичидан сават тўқиётган эдилар. Кутилмаганда раис билан нотаниш киши келиб қолди. Меҳмон ҳийла кексароқ, ортиқ бўлиб, бобомнинг чипор товуғидан нигоҳини узмас, худди семурғ қушни кўргандай, уни таъқиб этиб келарди. Раис ҳам бир товуққа, бир атрофга аланглаб, унинг орқасидан эргашарди. Бу жуда таажжубли ҳол эди: мен билан бобом ишимизни йиғиштириб қўйиб, уларни кузата бошладик.
– Ҳа, ўзи нима гап? – дедилар чидаб туролмаган бобом бир оздан кейин.
Раис бу кутилмаган учрашувдан саросимага тушди, лекин дарҳол ўзини ўнглаб олди.
– Ие, шу ердамисиз? Яхшимисиз, соғлиқлар жойидами?
– ...
– Бу киши, - раис ёнидагига ишора қилди, - чет эллик меҳмонлар. Колхозимизга келган эканлар. Зўлари профессор... товуқшунослик бўйича. Шу десангиз, тоза қонли кўланги товуқ яъни ўзимизнинг жайдари товуқ йўқолиб кетган, деган гаплар бор эканда. Меҳмон товуғингизни кўриб, жуда хурсанд бўлдилар. Энди биттасини шу кишига бериб юборадиганга ўхшаймиз.
Орага бир лаҳзалик жимлик чўкди. Раис бобомнинг айниб қолишидан ёки бақириб беришидан чўчиди шекилли, ётиғи билан давом этди.
– Мен сизга фермадан тўрт-бешта товуқ бериб юбораман.
– Ҳалиги оқ товуқданми? – қандайдир киноя билан гап бошладилар бобом.
– Ҳа, семизроғи, тузукроғидан...
– Ўша сариқпоча товуқларга шуни алмаштиради, деб ўйлайсизми?
– Ҳа, майли, пулни тўғрилаб берамиз. Қимматроқ қилиб...
– Менинг товуқ сотганимни қачон кўрган эдингиз? Қимматчилик йиллари сотмаган жониворни энди сотаманми?! – товушларини бир оз кўтардилар бобом.
Раис чўчиб қолди. Меҳмоннинг наздида ноқулайликка тушди, аммо бу вазиятдан ҳам осонлик билан чиқиб кетди.
–Ҳа, бунинг иложини топамиз, - деди у мумкин қадар юмшатиб.
Ниманинг иложини топишини биз билолмай қолдик. Ёнидаги меҳмонга эса русчалаб: “Чолнинг ўзи бу товуқни набирасидан бериб юбормоқчи бўляпти, сиз, ҳурматли меҳмоннинг овора бўлишингизни истамаяпти”, деди.
Мен жуда ҳайрон қолдим. Бобомга айтмадим-ку, аммо бу ёғи қандай бўларкин, деб ўйлай бошладим. Улар қайтиб кетганидан кейини кўп ўтмай, ҳаллослаганча дадам етиб келди. Маълум бўлишича, раис тадбиркорлик қилиб дадамни ишга солибди. Дадам колхозимизда бухгалтер бўлиб ишлайдилар, раиснинг гапини икки қилолмайдилар.
– Энди, нозик меҳмон экан, бермасак, раис хафа бўлар, - бобомни кўндиришга тиришарди дадам.
– Хафа бўлса садқаи сар! Жувозни йўқотди, жайдари сигирларимизнинг барини гўштга топшириб юборди. Энди товуғимиз ҳам қолмасинми?!
Орага оғир жимлик чўкди. Дадам ҳам ҳеч ёққа кетмай, бошини чап томонга хам қилганича хомушгина ўтирарди, бобом эса яна остонага чўкканди. Шу топда дадамни эмас, кўпроқ бобомни ўйладим, у кишига раҳмим келди.
Орадан бирор соат чамаси вақт ўтгач, бобом ўринларидан чаққон туриб, товуқни тутиб келдилар.
– Манг! Олиб боринг. Айтинг, товуғи ҳам, пули ҳам керак эмас!
Дадам товуқни қўлтиққа қистирганича мамнун бўлиб кетди. Вазият юмшаганидан ўзим ҳам қувондим: илҳомим жўш уриб кетди, шеър бошлаб юбордим. Аввал тегирмон ҳақида шеър битдим, эшиги қулфли бу бино кекса кишига ўхшашлигини, унинг ичи бўш эмаслигини, бир вақтлар нажот маскани бўлганлигини қофияга солдим. Ўша куннинг ўзида “Шотут” деган шеърни ҳам бошлаб қўйдим.
Дарвоқе, шотут! Бобом ҳовлиларидаги ўша букри шотут туфайли агрономимиз Қўзивой акани ҳам қаттиқ ранжитгандилар.
Шотут ғарқ пишган эди ўша пайт. Биз – болалар дарахт устида эдик. Бир маҳал қаёқдандир Қўзивой ака келиб қолди. Отини шошмай дарахтга боғлаб, бобомга ўгирилди.
– Ҳорманг, ота!
– ...
– Бу, шотут, пишибди, манзират ҳам қилмайсиз?!
–Шотут егингиз келдими? – бобомнинг овозида қандайдир кесатишми, киноями бор эди. Агроном буни сезди, шекилли, индамади.
–Ахир, экинглар, - давом этдилар бобом. – Ҳаммаси қўлларингда-ку!
Агроном шотут емади, индамади, қовоғини солганича отига минди-ю, жўнаб кетди. Аммо жуда хижолат иш бўлди-да!
Мен “Шотут” деган шеъримга батамом бошқа нарсани – шу дарахт тўғрисидаги афсонани асос қилиб олганман. Бу афсонада айтилишича, қадим замонларда шоҳ бир бегуноҳ ошиқ йигитни ўлимга маҳкум этибди. Йигит нажот излаб атрофга аланглаётган пайтда тутнинг танаси очилиб, уни ўз бағрига олибди. Буни фақатгина бир ҳакка кўрибди, холос. Жаллодлар йигитни излаётган пайтда ҳакка унинг дарахтдан чиқиб турган этагини чўқилаб қақиллайверибди. Шундай қилиб, ҳалиги йигитни тутиб қатл қилишибди. Шундан бери шоҳтутнинг меваси қон рангида бўлиб қолган эмиш.
Лекин эртасига бу шеър ўзимга маъқул бўлмади: уни йиртиб ташлаб, ўрнига “Мавҳум туйғулар” деган шеър ёздим. Бу шеъримга ҳаётда шундай нодир туйғулар борки, уларни ҳамма ҳам ҳис қилолмайди, бу мавҳум ва табаррук туйғулар, уларни ҳис этиш катта бахтдир, деган мазмун бор эди.
Кўчирдим-у, редакцияга жўнатдим. Эртадан бошлаб газетани синчиклаб кузатиб бордим. Аммо улар мен кутгандек газетада чиқмади; ўн кунлардан кейин редакциядан хат олдим.
“Ҳурматли А. Маъдуллаев!
“Мавҳум туйғулар” сарлавҳали шеърингизда мавҳум мисралар мавжуд бўлганлиги учун улардан фойдаланишнинг иложи бўлмади.
Бизга ёзиб туринг!”
Кўнглимнинг аллақаери ҳувиллаб қолгандай, жуда табаррук нарсани йўқотгандай бўлдим.
Шу пайт қарасам, бобом ҳам остонада ўтириб оғир хаёл суряпти. Эҳтимол сўнгги юкларини кўчириб, она қишлоғимиз – Қамчин билан хайрлашаётгандир, эҳтимол, “ўғлим келиб қолса, бу ерда ҳеч ким йўқ экан, деб қайтиб кетмасин”, деб хавотирга тушаётгандир, эҳтимол, бошқа бирор мавҳум туйғу унга тинчлик бермаётгандир.
Булар бари мен учун мавҳум эди.
Зарпечак
Икки ёнида пишиқ ғиштдан жимжимадор қилиб устун тикланган, устидан эса ҳашамдор болохона қурилган, ўнг табақасига овчарка расми чизилиб, “Осторожно, злая собака!” деб ёзилган тунука қоқилган таниш дарвоза қаршисида бир зум тўхтаб қолдим: дилимда нохуш, рутубатли туйғу пайдо бўлди. Бундан етти йилча муқаддам суриштира-суриштира мана шу дарвозани топиб келгани ва сигнал тугмачасини қувонч билан босганим беихтиёр ёдимга тушди.
Ўнинчи синфни битириб, эндигина аттестатимни қўлга олган пайтларим эди ўшанда. Университетнинг биология факультетига кириш, ўсимликларнинг ғаройиботларига тўла дунёсини ўрганиш иштиёқи билан юрган пайтларим эди.
Ўша – биринчи бор бу ерга келишимга ҳам ойим сабаб бўлганди. Ўқишга киришга аҳд қилганимдан қувониб, шаҳарда тоғаваччамиз яшашини, у катта одам – терговчи эканлигини, менга мадади тегишини қайта-қайта таъкидлаганди.
–Самарқандга бориб, дуч келган одамдан Отақул Қулиевичнинг уйи қаерда, деб сўрасанг кўрсатади, - деганди.
Ўшанда йиллар ўтиб тоғаваччамиз билан борди-келди қилмаганимиз, бир-биримизни билмаслигимиз сабабларини ўйлаб ажабланмагандим. Шу маҳаллага келиб, ҳайратим яна ошганли: ўнлаб кишилар Отақул Қулиевич деган кимсани билмасликларини афсус билан тан олгандилар. Фақатгина маҳалла чойхоначиси жонимга ора кирганди.
–Терговчи бўлса, мана шу Махсумчадир. Ҳув, ўша дарвозани тақиллатиб кўринг-чи.
Бу ҳашамдор дарвоза қаршисида мени салобат босиб турганди, унинг тахтасига кимдир бўр билан шошиб, “хасиз” деб ёзганини ўқиб кулгим келганди. Кулгимни қистатган аслида бу сўз эмас, балки бундаги хато бўлганди ўшанда. Менга пешвоз чиққан аёлга ўзимни таништирганимдан кейин қувониб ичкарига таклиф қилганди: ойимнинг соғлигини қайта-қайта суриштирганди. Қопонғич итдан хавотирланаётганимни сезиб, кулганди.
–Қурқмай кираверинг, ит йўқ!
Аёлнинг ширинсуханлиги, жонсўзлиги; нимадандир азият чеккан қиёфаси менга маъқул тушган бўлса-да, тоғаваччамиз Отақул Қулиевич биринчи кўришдаёқ нохуш таассурот уйғотганди. Унинг ранги заҳил, қиёфаси тунд эди. Мени бўш хона излаб юрган студент деб ўйлади, шекилли, хотинига тожикчалаб ижарагирдан безорлигини айтди. Аёл мени таништирганидан кейин ҳам унинг қиёфаси ва муомаласида жиддий ўзгариш бўлмади: бармоғининг учи билан кўришиб, ҳол-аҳвол сўраган бўлди.
–Мол нечта? – унинг дабдурустдан берилган биринчи саволи кечагидай ёдимда.
Мен алламаҳалгача иккиланиб, бир оз мулоҳазадан кейингина у уйимиздаги молларни сўраётганини фаҳмлагандим.
–Сигир бор бузоғи билан...
–Қўй-чи?
–Йўқ...
–Сизларнинг шароитларинг менда бўлса, қўйни кўпайтириб ташлардим.
У бир совлиқ бир йилда иккита бола берса, икки-уч йилда нечта бўлишини ҳисоблаб берди: гўштнинг камчиллигини гапирди. Мен эса тезда зерикиб, бу ердан кетгим келаверди. Ҳар қалай, тоғаваччамнинг хотини ўғли билан таништириб қўйди-ю, суҳбатимиз анча қовушди. Акбар ҳам менга ўхшаб шу йил ўрта мактабни битирган экан.
–Архитектура институтига кирмоқчи эдим, аммо дадам рози бўлмаяпти,- деди у ташқарига чиққанимиздан кейин. – “Мясомолочний” техникумига киришни талаб қиляпти. Унга ойим ҳам тушунтиролмаяпти.
Куни билан шаҳар айландик. Кечқурун у мендан илтимос қилиб қолди.
–Ҳар ҳолда, сиз қариндошсиз, дадамга бир айтиб кўринг-чи, институтга киришимга зора рухсат бериб қолса...
Аммо мен бу гапни айтолмадим. Гапни бошлаб, ўқишга кириш ниятим борлигини айтишим биланоқ, у қўл силтади.
–Ўқишнинг ўзи бўлмайди, жиян! Университетга кириш учун камида фалон пул керак. Ўқиш пайтида ҳам шу. Сенинг ўрнингда бўлсам, бир-икки йил қишлоқда ишлардим. Ойинг бўлса бусиз ҳам кўп азият чеккан аёл.
Мен ўқишга кириш учун пул кераклигини айрим одамлардан эшитган бўлсам-да, ишонмай юрардим. Бу гапдан кейин шубҳам ошди, иккиланиб қолдим. Қолаверса, тоғаваччамизнинг гапида ҳам жон бор эди. Дадамнинг вафотидан кейин бечора ойим ўзи емай менга егизди, ўзи киймай менга кийгизди. Тағин уни қийнаб қўйсам инсофдан бўлмас.
Қишлоққа қайтиб, қароримни ойимга айтгандим, у сира рози бўлмади: ҳар нима қилиб бўлса ҳам ўқишни зарурлигини таъкидлади.
–Майли, пул керак бўлса, сигирни сотамиз. Ўқиш пайти ҳам бир гап бўлар, зўр бўлса, фермага ишга ўтаман, у ерда яхши ҳақ тўлашади.
Лекин ўша йили қабул имтиҳонларидан ҳеч қийналмай ўтдим, ҳеч қандай тамасиз қабул қилишди. Биринчи семестрдан кейин аълочилар стипендияси олиб, ойимга ҳам кўмаклашадиган бўлдим. Аммо йиллар ўтиб бу даргоҳга киролмадим. Ойим ҳар гал киришимни тайинлар, аммо оёғим тортмасди. Бугун эса ноиложман: уларни никоҳ тўйимга хабар қилишим керак.
Сигнал тугмачасига бармоғимни қўйишим билан ичкаридан қадам товушлари эшитилди.
–Ким у? – сўради аёл киши.
–Мен...
–Кимсиз?
–Ҳамроқулман... Ургутдан...
Эшикни Отақул Қулиевичнинг хотини очди. Мен билан қуюқ саломлашиб, ойимнинг саломатлигини суриштирди, келмай кетганим учунгина қилди. Ўтган етти йил мобайнида у ориқлаган, заифлашган, кексайган эди.
Ўнг томонда баланд айвон қурилибди. Саҳнада ҳамранг гиламлар, диван кресло. Унинг остидаги гаражда яп-янги “Волга”. Ҳовли юзи шундайгина токзор. Тўрда яна аллақандай ҳашамдор иморатлар.
Чап томонда эса бунинг акси – қачонлардир гуваладан пастаккина қилиб қурилган айвон, унинг олдида зарпечак ўралган ток ўсган. Айвондаги эскигина каравотда ўтирган тоғаваччам мени дарҳол таниб ўрнидан турди. Ўтган йиллар мобайнида у анча кичрайган ва янада заҳиллашгандай. Кийимлари уринган, ғижимланган ва бу либослар ичида унинг ўзи ҳам ғижимлаб ташлангандай эди.
–Хўш, мулла Ҳамроқул, - сўз бошлади тоғаваччам, - дўстданми, душманданми – бедарак бўлиб кетдингиз?!
–Ўқишдан қўл бўшамади, - баҳона қилдим.
У қишлоқдагиларни узоқдан-узоқ суриштирганидан кейин университетни битирганимни, ботаника ва ўсимликлар физиологияси кафедрасида ишга қолганимни, зарпечак ўсимлигининг айрим хусусиятлари тўғрисида илмий иш олганимни гапириб бердим.
–Маладес, маладес, - мамнун жилмайди у, - зарпечак денг-а. Тўғри қилибсиз. Мана шу токка биттаси чирмашганди, ҳеч ҳам йўқотолмайман. Токни хароб қилди.
–Буни баҳорда юлиб ташлаш керак эди. Энди қийин, - фикримни айтдим. – Атрофдаги гиёҳларга чирмашиб олиб, уларни ҳароб қилади.
–Бунинг илдизи бўлмасаканда-а? – ўсмоқчилаб сўради тоғаваччам.
–Бўлмайди. Текинхўр. Уруғидан чиқасолиб, ёнидаги ўсимликка чирмашиб олади.
У диссертацияни қачон ёқлашимни, кейин қанча маош олишимни, банкет учун қанча маблағ сарфлашимни суриштирди. Жавобларим дудмал, узуқ-юлуқ чиққани учун бўлса, керак, гапни бошқа томонга бурди:
–Томорқага нима эккансизлар?
–Картошка, сабзи, молга емиш.
–Неча сотих?
–Ўнталар бор, чамаси...
–Ўн сотихдан ҳар йили беш минг сўм даромад қилиш мумкин. Эртага картошка экилиб, ёнига редиска қадалса, картошка пишгунча қадар редискани сотиш мумкин бўлади. Ер экиндан бўшагандан кейин тағин картошка, шолғом, саримсоқ пиёз экиш мумкин. Бирор сотихига кузда кўкат экиб, пленка билан ёпса, қишда боғламчасини эллик тийиндан сотиш мумкин бўлади. Мен мана шу ҳовлидан бир йилда тўрт-беш ҳосил олардим. Кейин барини ток қилиб ташладим. Кузда узумини узиб, ертўлага иламан. Килоси уч сўмлик пайтда ўзи келиб олиб кетади. Ҳар бир ақлли киши кеч бўлмасданоқ ҳаётини тузатиб олиш ҳақида брш қотириш шарт.
Тоғаваччамиз ўз гапини далил ва исботлар билан маъқкллар, исботларди.
–Мана сиз, бир йилда нари борса, икки минг сўм даромад қилишингиз мумкин. Тўғрими? Лекин атиги бир сотих ерни теплица қилса, камида уч минг сўз олиш мумкин бўлади. Ёки иккита новвос боқсангиз, бир йилда уч минг фойда беради.
Дарвоза олдида машина тўхтади, сўнг эшик шахт билан очилиб, ичкарига шалоғи чиққан “Запорожец” кирди. Унинг мотори ажабтовур гулдирар, орқасидан қуюқ тутун чиқарди. Машинадан сочлари тўзғиган, мен тенги киши тушиб, биз томонга нохуш назар ташлаб қўйди, кейин индамай уйга кириб кетди. Уни кўриб Отақул Қулиевнинг ҳам кайфияти бузилди, равон фалсафаси қовушмай қолди. Анча танаффусдан кейин қишлоқда гўшт билан тухумнинг нархини суриштирди. Бир таниши баҳорда беш юзта жўжа харид қилиб, кузгача боққанини, кейин неча сўмдандир сотганини гапирди.
Орадан бирор соат чамаси вақт ўтгач, ҳалиги сочлари тўзғиган киши чиқиб келди. У тоғаваччамизнинг ўғли- Акбар эканлигини яқинимизга келгандан кейин танидим. Унинг кайфи бор эди: мени танимади ҳам, дадасига қараб тўнглик билан гап бошлади:
–Докторлар ойимга санаторияга боринг, дейишибди. Кеча ҳам икки марта приступ тутди.
Орага чўккан нохуш сукутни дадаси бузди:
–Санаториянинг ўзи бўлмайди: унинг путёвкаси фалон пул!
–Ойимнинг соғлиғи фалон пулдан ҳам қиммат.
–Қиммат бўлса, пул топ-у, олиб бор! Лекин менга пулдан гапирма! Сенинг ёшингда одамлар уйли, жойли, машинали бўлиб олишган. Мана шу бола ҳам, - у ногаҳонда мени имлаб кўрсатди – ўз кучи билан ўқиб аспирант бўлди. Ҳадемай диссертация ёқлайди. Зарпечакдан!
–Менга зарпечакдан гапирманг! Ўқидингизми, кеча дарвозага нима деб ёзиб кетишибди? “Қори ишкамбанинг уйи”, деб ёзишибди. “Махсумча қурумсоқнинг ўғли”, деган гапдан номус қиламан. Мана бундан гапиринг!
Отақул Қулиевич ҳам жаҳлга минди. Ота-бола айтишиб қолишибди. Мен ўрнимдан туриб, токзор оралаган киши бўлиб нари кетдим. Дастлаб учрашганимизда жуда мўмин, камтарин бўлган Акбарнинг бунчалик юзгачопар, баджаҳл бўлиб қолганлиги кишини ажаблантирарди.
Дарвоза олдида тоғаваччамиз хотини жон ҳовучлаб ўтирарди. Унинг илтижо тўла нигоҳлари, бутун диққати ўғли билан эри томонга қаратилганди. Мени дастлаб сезмади ҳам. Кейин хавотирланиб сўради.
–Уришишмаяптими?
–Йўқ, шунчаки...
Орага жимлик чўкди. Аёл давом этди:
–Эй, худо, жанжаллашиб қолишмаса эди.
–...
–Докторларнинг гапини бекор айтибман Акбарга. Ўтиб кетарди.
Мен нима дейишимни билмадим. Анча сукутдан кейин аёл менга илтимос қилишга тушди:
–Айланай, Ҳамроқул, тоғангизга ётиғи билан тушунтиринг: Акбарни уйлантириб Қўйсин: У тенгиларнинг иккиталан боласи бор. Уйланса, ўзи билан ўзи бўлиб кетади, ичмайди ҳам, жанжаллашмайди ҳам.
–Яхши, айтиб кўраман!
Аёл қувониб мен томон ўгирилди: умид, илтижо билан давом этди:
–Бир айтиб кўринг, айланай, зора рози бўлса. Ҳамма сепларини ўзим олиб қўйибман. Жияк, қалпоқ тикардим авваллари, энди юрагим санчади.
Жанжал авжига чиққани учун бўлса керак, аёл гапни чала қолдириб ўша томонга жўнади. Мен дарвозадан сирғалиб ташқарига чиқдим. Кўчада бир оз иккиланиб тургач, чойхонага қараб йўл олдим.
Хушчақчақ, хушфеъл отахонни дарҳол танидим. Тавозе ва илтифот билан олдимга қанд-қурс, чой келтириб қўйди. Бир оздан кейин шахмат ўйнашни таклиф қилиб қолди. Доналарни суриш билан беихтиёр гапга киришиб кетдик.
–Меҳмонжон, сўраганнинг айби йўқ, бу ўзлари қаерданлар?
–Ургутдан.
–Ҳа, яхши! Ургут – кўп сўлим жой. Одамлари ҳам хушфеъл, бой. Бизнинг маҳаллада ҳам Махсумча деган одам бор, асли ургутлик...
–Биламан. Шу одамникига келганман.
–Қариндошингизми? – сергакланди у.
–Йўқ, - тан олгим келмади, - бир қариндошимизнинг иши тушган экан.
–Лекин, қариндошингизнинг иши нобоброқ одамга тушибди. У йили укамиз хотини билан жанжаллашиб қолиб, иши шу одамга тушган экан, пулини роса шилиб, ўзини қаматиб юборди.
Мен мот бўлдим ва шу билан ўйинни тугатдик. Чрйхоначига миннатдорчилик билдириб, орқага қайтдим. Дарвоза олдида у ёқдан-бу ёққа асабий юраётган Отақул Қулиевнинг мени кўриб тўхтади ва дарҳол ўғлидан шикоят қила кетди.
У ўғлини ўқитганини, лекин шуларга қарамай, бола ўзига ўхшамаганини афсус билан гапирарди.
–Балки уйлантириб қўйсангиз, босилиб қолармиди, - айлнинг илтимоси ёдимга тушди.
–Мени ҳеч ким уйлантирган эмас. Бундай пайтимда кассада эски пул билан юз минг сўм пулим бор эди. Бунинг бир тийини йўқ!
У ўғли билан хотининингношудлигидан узоқ шикоят қилди.
Биз яна бир оз кўча айлангач, уйга қайтдик. Мен аслида бир кеча меҳмон бўлиш ниятида эдим, аммо шоўнғайликдан тезроқ қочиш илинжида йўлга отландим. Аввал янгамни, сўнг тоғаваччамни тўйга боришларини тайинлаб, кўчага чиқдим ва енгил тортдим.
“Шу одам тўйга бормаса маъқул эдику-я”, ўйлардим ўзимча йўл-йўлакай.
Таъқиб
Қодир ака шифохонада ётган пайтларида уйда тўпланиб қолган газета-журналларни кўздан кечираётганда набираларидан бири қўшнилари – Мўмин амаки тобут ясаётганини хабар қилиб қолди. Буни эшитиб, негадир унинг эти жимирлаб кетди, вужудига нохушгина титроқ кирди, руҳи тушди. Сабабики, бундан бирор соат олдин Уста Мўмин кўчада унинг бўйини ўлчаб олганди-да. Мана, нима учун андоза олган экан?! “Наҳотки жуда афтодаҳол бўлсам”, ўйларди у ўзича.
Шундан кейин паришон хаёлларини йиғиштиролмай қолди. Ўзини овутиш учун қайси ишга уринмасин, кўз ўнгида лоп этиб унинг қаддини хафсала билан, эринмай ўлчаб олган, айни пайтда эса берилиб тобут ясаётган устанинг қиёфаси гавдаланаверди. Демак, у тузалмаган: докторлар нохуш оқибатни сезиб, унга жавоб беришган. Қўшни палатадан ҳам бир беморга жавоб беришганди, кейин...
–Наҳотки насибам узилган бўлса? – ғамгин шивирлади у.
Ҳақишлоқлар таъбири билан айтганда, Қодир қаламнинг (новчалиги учун шундай дейишарди) ҳам ҳаёти кўп эркакларга ўхшаш, иш, бола-чақа ташвиши, хотин билан ғиди-биди, бошлиққа итоат, чойхонада улфатчилик ва ҳоказо. Орзуларининг деярли барига эришди: уй қурди, бола-чақа кўрди, уларни тўй қилди. Армияда бўлганидабир қизга ишқи тушганди, аммо олиб келишга баджаҳл отасидан чўчиди. Бу воқеага ўттиз йилдан ошди, аммо уни эслаганда энтикиб кетади. Хуллас, ширин хотиралар оз эмас! Аммо бу хушчақчақ дунёни ташлаб кетгиси келармиди кишининг?!.
Балки ўша лаънати тобутни бошқа киши учун ясаётгандир? Шундай бўлиши керак. Уйдагилар хотиржам-ку. Лекин хотинининг шаҳарга тушиб келгани-чи...
У уйда ивирсиб юрган хотинининг хатти-ҳаракатларига разм солди. Унда ҳеч қанақа саросималикка ўхшаш ҳол йўқ эди.
–Қўшниникига ўтмадингми? – уста нима ясаётганини аниқроқ билиш илинжида сўради у хотинидан.
–Устаникигами? Эрталаб ўтгандим.
–Нима ясаётганди?
–Сандиқ-да, - беихтиёр жавоб қайтарди хотини.
У дафъатан енгил тортди. “Демак, набираи сандиқни тобут деб ўйлаган, - хаёлидан кечирди Қодир ака, аслида у сандиқ ясайди. Кўр Содиқ молияга ёзиб берганди. Зўрға қутулиб, қайта ясамасликка сўз берувчи-ку. Ажабо. Нега бўлмаса унинг бўйини ўлчадийкин?!”
Бирдан унинг узоқ-узоқларга кетгиси, ёлғиз санқиб юргиси келди. Лекин иложи йўқ эди. Шунинг учун ётиб ухламоқчи бўлди. Аммо уйқуси ҳам келмади.
Ниҳоят, қўшнисиникига ўтишга аҳд қилди. Уста Мўмин ҳақиқатан ҳам берилиб тобут рандаларди. Қодир қаламни тағин ўша таъқибкор туйғу қоплади. “Наҳотки шунинг ичига киришга тўғри келса?” Лекин сир бермасликка, ўзини тетик тутишга ҳаракат қиларди.
Уста қўшнисининг ногаҳонда ташриф буюрганидан қанчалик ажабланган бўлса, унинг оқариб кетган лаблари, қалтираётган бармоқларига қараб, шунчалик саросималаниб қолди.
–Қўшни, нималар ясаяпсиз? – ўзини бардам кўрсатишга ҳаракат қилиб сўради Қодир қалам.
–Тобут.
Гарчанд у тобутлигини билса-да, бу совуқ жавоб зарба бўлиб тушди. Лекин кўнглининг аллақаерида: “Балки бу лаънати бошқа бирор кишигадир”, деган умид бор эди.
–Ҳайтовур, буни ўша Кўр Содиққа ясаётган бўлсангиз керак?
Уста қўшнисининг дарвешона ҳолатидан қанчалик ажабланган бўлса фавқулодда берган саволидан ҳам шунчалик таажжубга тушди. Озгина сукутдан кейин жавоб берди:
–Кўр Содиққа деёсизми?! Унга садқаи бунақа тобут кетсин! Яхшилигимни билмади. Халқ беҳудага уни Кўр Содиқ демайди.
–Демак, унга эмас экан-да? – бўшашиб савол берди Қодир қалам.
–Йўқ, унга эмас!
Қодир аканинг бошига ногаҳоний оғриқ кирди. “Уйимгача етиб ололармиканман”, деган фикрдан ўзи чўчиб тушди.
У бир амаллаб уйига етиб келди-ю, хотинига шивирлади.
–Болаларимни топ, васиятим бор...
Хотини изиллаб йиғлашга киришди, ҳамма саросимага тушди. Аёл ташқари чиқиши билан қўшнисининг бояги ҳолатидан хавотирланган уста Мўмин кириб келди.
–Қўшни, кечирасиз, тузук гаплашолмадик ҳам. Иш кўпайиб кетди. Эрталаб сандиқ ясамоқчи бўлгандим. Наймандан бир киши келиб тобут ясаб беринг, деб қолди.
–Наймандан?
–Ҳа, ҳалиги бригадирнинг отаси оғир экан. Ўзи ғам сизга ўхшаб новса одам. Шунинг учун... Тобутлари эскириб қолган экан.
Қодир қалам чуқур нафас олди. Ўғиллари доктор олиб келганда у устага ёрдам бераётганди.
1974
Номаълум рассом
Маҳалладошлар уни хушламайди. Деярли ҳар йили янгиланиб туриладиган машиналар, данғиллама иморатдаги чет эл жиҳозлари нопок йўл билан келаётганини ҳамма билади. Шунга қарамай унинг олдига келиб туришади, илтифот кўрсатишади. Ахир, кимнинг ташвиши йўқ? Бировга ғишт, бошқа бировга кўмир зарур бўлиб қолади. Кимнингдир ўғлини судда ҳимоя қилиш керак, яна биров машина оломай ҳалак. Бунақа юумушларга унинг суяги йўқ: танишларини ишга солади, урушда “қон тўкканини” пеш қилади, булар ҳам иш бермаса тегишли жойларга ёзади.
Шаҳарга туташ колхознинг бригадири унинг уйига ёз давомида мева, сабзавот жўнатиб туради. Авжи пишиқчилик даврлари ўзи ҳам келади, маҳсулотни топширолмай овора бўлаётганидан нолийди. Шунда бу одам унинг мушкулини осон қилади, гоҳида алоҳида вагон олиб беради.
Киборларга хос нописандлигини жиним ёқтирмаса, бунинг устига суҳбатимиз унча қовушмаса ҳамки, унинг қаршисида ўтириб, мешчан фалсафасига қулоқ тутишга мажбурман. Бу даргоҳга ижара излаб келганим кечагидай ёдимда. Менга пешвоз чиққан хушбичим бека болохонадаги уй бўшлигини, хўжайин эса кечқурун келишини айтди. Ўша куни қоронғи тушмасдан етиб келдим ва бу одам билан танишиб қолдим. Ёдимда: хўжайин менга худди бозордаги харидорларга хос синчковлик билан разм солди-ю, қаерданлигимни суриштириб қолди.
–Ургутданман, - дедим, сўнг қўшиб қўйдим: - Юрфакда ўқийман.
–Ҳа, тузук, - деди у чиройи очилиб.
Шу билан гапимиз тугади. Иккаламиз ҳам жимиб қолдик.
– Майли, - деди у ниҳоят, - аммо маст бўлинса, аёл-паёл олиб келинса хафалашиб қоламиз.
Кўчиб келганимнинг биринчи ҳафтаси эди. Кечқурун хонамга кириб кетаётганимда, хивичдан тўкилган креслода ялпайиб ўтирган хўжайин мени чойга таклиф қилиб қолди. Унинг рўпарасидан жой олдим-у, нигоҳим кўкрагига чизилган катта расмга тушди. Табиатан баданига турфа ёзувлар ва расмлар бўлган кишиларни ёқтирмасдим. Нохуш бўлдим. Хўжайин ҳол-аҳвол сўраган бўлиб, чой узатди. Унинг кайфияти яхши эди. Ўзимни мумкин қадар бепарво тутишга уриниб, унинг кўкрагига тағин назар ташладим. Балоғат ёшидаги қизнинг жуда зўр ҳафсала ва дид билан чизилган расми эди у. Қиз бошини осиёлик жувонларга хос танғиб олган бўлса-да, қирра бурни ва яна алланималари европача эди. Кўкраги жуда бўлиқ, сийнабанди осмонранг. Кўкрагининг ярми хўжайиннинг майкаси остида қолганди. Аммо, синчиклаб қаралса, тўр остидаги унинг бор вужудини кўриш мумкин эди. Назаримда у ҳозиргина чўмилишдан чиққандай, устига мато ташлаб олганди. Қизнинг боши негадир бир оз хам қилиб чизилган, табассумида билинар-билинмас ғуссами, истеҳзоми яширинганди.
–Ўқиш қачон тамом бўлади? – ногаҳонда сўраб қолди хўжайин.
–Яна бир йил бор.
–Яхши! Кейин ҳаёт тузук бўлиб кетади. Ҳозир судьяю терговчиларнинг пичоғи мой устида.
У районимизда бадавлат одамлар кўплигини айтиб, Гена деган серпул кишини суриштириб қолди. Танимаслигимни билгач, афсусланди.
–Жуда ҳам уддабурро одам. Бир вақтлар Москвадаги бир ресторанда директорлик қилган. Бундай одамларни таниб қўйиш керак!
Унинг ўгитларини тинглаган киши бўлиб, тағин расмга назар ташладим. Ҳар қалай бу улкан санъаткорнинг иши эди. Расм учун чап сийнанинг усти яъни юрак атрофи танлангани бежиз эмасди. Юрак тепканда қизнинг узун киприклари, бўлик, оппоқ кўкси тебраниб кетар ва бу ғайритабиий ҳол кишини беихтиёр ҳаяжонга соларди. Бу соҳибжамолнинг нозик бармоқлари ҳам шу қадар оппоқ ва навосатли эдики, таърифига ҳам сўз ожизлик қиларди.
Хўжайин қўзғалди, негадир деканимизнинг фамилиясини суриштириб қолди. Мен чўчиб тушдим ва жавоб бердим.
–Танийман, - деди у. – агар бирор иш чиқиб қолса, менга айтилсин, ёрдам бераман!
У ҳомуза тортиб, хонасига кириб кетди. Расм эса хаёлимга кўчди ва михланиб қолди.
Эртаси хўжайин кеч келди. Унинг кайфи баланд эди. Бека саросималаниб унга сув тайёрлади.
–Биласанми, хотинлар нима учун яратилган? лаблари тамшаниб, хотинига савол берарди у.
–Биламан, биламан – эркакларнинг эрмаги учун, - ҳазил тариқасида, қўрқибгина жавоб қайтарарди хотини.
Аёл эрини уйига олиб кирди. Хўжайин кимнидир болохонадор қилиб сўкди. Кейин жимлик чўкди.
Бир ҳафтагача унинг майкачан чиқишини кутиб юрдим. Якшанба куни эндигина креслодан жой олганда, ҳалиги таниш бригадир келиб қолди. У расмга мутлақо эътибор бермай, нуқул илтимос қиларди.
–Фақат помидор қолди. Икки кун турса бари эзилиб кетади. Борамизу келамиз.
Улар чиқиб кетишди ва тушдан кейин ширакайф бўлиб қайтишди. Ток остида жой ҳозирлашгач, қимтинибгина пастга тушдим.
–Қани, студент, бир-ир чой ичайлик.
Мен ичкаридан омонатгина жой олиб, ташна нигоҳларимни бўлса керак, қизнинг яноқларида реза-реза тер ялтирарди. Инсон қиёфаси акс этган жамики полотнолар, портретлар, ҳайкаллардан фақрли ўлароқ, бу расм жонли эди: у қизарар, терлар, гоҳида чимирилар, табассум қилган бўларди.
Бригадир нуқул бу йил ҳосил баракали бўлганини, биринчи уни таърифлаганини такрорларди. Хўжайин эзма суҳбатдошининг гапига шунчаки одоб юзасидан қулоқ солгандай бўлса-да, аслида батамом бошқа нарсаларни ўйлаётганини билиб олиш қийин эмасди. Нафсиламбирини айтганда, учаламиз ҳам роль ижро этаётган актёрларга ўхшаб кетардик шу тобда.
–Топширишни ўйламанг, - далда берган бўлди хўжайин, - биз бор эканмиз, ҳосилингиз ерда қолмайди.
Суҳбат қовушавермагани учун бўлса керак, бригадир узр сўраб, кетишга шайланди. Уни дарвозагача кузатиб қўйдик. Хўжайин креслодан олиб, хотинини чақирди.
–Қарзни обкелдими, ана у? – қўшни томон имлади.
Йўқ! Кейинроқ берар, хотинини Ленинградга олиб кетди. Бу ерда даволаб бўлмасмиш...
–Нодон! Ризқи бут бўлса, нима фарқи бор?!
Аёл мендан хижолат бўлди. Мавзуни усталик билан бошқа томонга бурди.
–Ўғлингиз аттестатини олибди... Билим юртига борсам майлими, деяпти...
–Йўқ, - деди у кескин, - ё юрфакка ёки савдо системасига боради. Мана шу болалар, - у мен томон имлади, - қишлоқдан келиб ўқияптилар-ку.
Шундан кейин орадан ўн кунлар чамаси вақт ўтди. Менинг ширин умидларим, орзиқиб кутишларим сароб бўлиб қолаверди. Бу орада бека мени жуда қадрлайдиган бўлиб қолди. Ўша куни унинг маслаҳати билан маҳаллага тўйга боргандим. Хизмат қилиб юрганимда хўжайин келиб қолди. Уч-тўрт баковул унга пешвоз чиқиб тўрдан жой кўрсатишди. Сўнг алоҳида дастурхон ёзиб, ноз-неъмат келтиришди. Хўжайин бу ерда ҳам ўзига хос виқор билан ўтирди. Маҳалла комитетининг раиси билан қадаҳ уриштирди, кимгадир зарда қилди. У чиқиб кетиши билан одамлар ғийбатга тушиб кетдилар.
–Маст бўлди муттаҳам!
–Бу зулукни одам қилиб юрган – ўша хотини. Бўлмаса аллақочон балои азимга дучор бўларди.
Уларни гапидан шу нарса аён бўлдики, бека хўжайиннинг учинчи хотини экан. Биринчиси узоқ йил кутган бўлишига қарамай, хўжайин ўша ёқдан хотин олиб келибди. Кейин иккаласи муроса қилмагани учун жавобларини бериб юборибди.
–Бари бир маҳаллага шунақа одам керак, ғийбатни якунлашди улар, - ёрдами тегиб туради.
Тўйдан келсам, хўжайин креслода майкачан ўтирган экан. Жуда қувониб кетдим.
–Хўш, студент, ишлар жойидами, тўйга борилдими?
–Ҳа.
–Кўрилдими, бари менга думини ликиллатади. Лекин қўлларидан келса бир кун қўймайди, бу нокаслар!
Таниш расмга кўзим тушиб, юрагим гупиллаб ура бошлади. Унинг нигоҳларида бу гал ўта жоҳил одамнинг қўлига тушиб қолган бокира аёлнинг изтиробларини кўргандай бўлдим. Эҳ, гўзал эди у.
Шундан кейин ҳар гал унинг янгидан-янги қирраларини кашф этардим. Мен у қизни интиқлик билан, бир ташналик билан қўмсардим, негадир пешоналарини силагим, далда бергим келарди. Хўжайин эса аксига олиб, кўпинча халат кийиб чиқар ва менинг ташна нигоҳларим мунғайиб қолаверарди.
Ўша куни маҳалладан бир киши илтимос билан кириб келди.
–Шу акамиз касал бўлиб қолган денг. Духтурга борсак, жой йўқ, дейди...
Хўжайин креслода ястаниб ўтириб олди, хотини телефон аппаратини олдига келтириб қўйди. У кимларгадир телефон қилиб, ҳалиги одамнинг ҳожатини чиқарди. Сўнг сўради:
–Қаерларда ишлаяпсиз?
–Ўша – аввалги жойда.
–Аввалги жой қаер эди?
–Паррандачилик фабрикаси.
–Дарвоқе, товуқлар семириб юрибдими?
–Семириб юрибди.
–Нима, эшитиш бор-у, кўриш йўқми?
У бугуноқ етказишга сўз берди. Хўжайин қувонди ва негадир намойишкорона халатини ечиб кўкрагини очди.
–Мана, студент...
Мен хижолат тортдим. Хўжайин расмни ёқтириб қолганимни билмайди, деб ўйлагандим-да.
–Билганман, студент, билганман шу расм ёқиб қолганини.
Мени ногаҳоний хижолатдан чиқариш учун бўлса керак, у қадаҳларга конъянк қуйди, бирини менга узатди.
–Ҳеч ичолмайман! Ичмаганман!
–Олинсин, студент, расмнинг тарихини айтиб бераман!
Мен қадаҳни олдим.
–Бу расм – Польшадан ёдгорлик. Концлагердан.
Қизиқишим ошиб, унга яқинлашдим. У ҳам эътиборимни жамлаб олишим учун бир лаҳза сукут сақлаб давом этди.
–Бир рассом билан бирга тушиб қолгандик. Жуда мўмин-қобил одам эди. Бизнинг тақдиримиз маълум эмасди. Ўзимизникилар яқинлашиб келаётган пайтлар эди ўшанда.
“Дўстим, - деди бир куни ўша рассом жуда илтижо билан, - ўттиз йилдан бери хаёлимда бир сиймони олиб юрибман. Йўқ дема, шуни сенинг кўкрагингга чизай. Кўксинг жуда кенг, беғубор экан”.
“Расм чизишга бало борми, - дедим нохуш, - эрта-индин ўладиганга ўхшаб турибмиз-у...”
“Йўқ, биз ўлмаймиз, - деди у ишонч билан, - бу расм сенга асқотади. Ишонавер!”
Мен чалқанча ётдим. У анча уннади. Қалам билан чизиб, игнани қора рангга ботириб санчиб чиқди. Бир ҳафтадан кейин бизни отишга олиб чиқишди. Аблаҳ фашистлар баримизни қатор қилиб қўйишди. Бир маҳал мўъжиза рўй берди. Сафнинг олдидан ўтиб кетаётган офицер атайин орқага қайтиб, кўкрагимдаги расмга суқланиб тикилиб қолди. Сўнг шерикларини ҳам чақирди. Улар алламағалгача чулдираб муғокама қилишди. Кейин офийер мени сафдан чиқариб юборди.
–Қолганлар-чи? – шошиб сўрадим.
–Отиб ташлашди, - деди у совуққина қилиб.
–Рассомни ҳамми?
–Ҳа!
–Афсус! Номини сўрамаганмидингиз?
–Ёдимдан чиқиб кетган, - деди у лоқайдгина, - кейин ўша офицер расмни яхши кўриб қолди. Мени Германияга олиб кетмоқчи бўлганди, аммо бизникилар бостириб келиб, иложи бўлмади. Кейин ўпкам шамоллаб госпиталда ётдим. Врачим ҳам шу расмни яхши кўриб қолса бўладими. Кейин билсам, тузалганимдан кейин ҳам жавоб бермай юрган экан. Бир ҳамшира билан соз бўлиб қолдик. Ўшани олиб, қайдасан Самарқанд деб йўлга тушдим. Бу ерда кундошлар келимолмади. Иккаласидан ҳам воз кечиб, бу аёлимга уйланганман.
Хўжайин тин олди. Менинг кўз ўнгимда ўлимга маҳкум этилган истеъдодли рассом, мана бу галварсни бир неча йил кутиб, орзулари саробга айланган аёл, яна алланималар гавдаланди. Хўжайин давом этарди:
–Бир куни ҳаммомда бир чол шу расмни ёқтириб қолди. Рассом экан. “Рухсат бер, пешанасидан бир ўпай”, деб ялинди. Жавоб солдим.
У қаршисидан қадаҳни тўлдирди. Менинг рюмкамни ҳам зўрлаб тутқазди.
–Давай, студент, ичамиз!
–Майли.
–Давай!
–Нуқул яхши одамларга қирон келтирган урушга қирон келиши учун!
Кейин хонамга шошилдим. Ҳаёт-мамот жангида қатнашган хўжайин, уни эзгуликка чорлаган рассом ва яна аллакимлар кўз ўнгимдан худди кино лентасидай пайдар-пай ва бот-бот ўтиб турди.
1975
Бемор
Ассалому алайкум, ҳурматли тоғажон!
Ушбу номани қадрдон жиянингиз Содиқжондан деб билгайсиз!
Саломатлигингиз яхшими? Янгам, жиянларим соғ-саломатми? Диссертациянгиз қийнаб қўймадими?
Мендан аҳвол сўрасангиз, ёмон эмас. Врачлар обдон текширишди, рентгендан ўтказиб, дори-дармон тайинлашди. Жуда меҳрибон, ғамхўр одамлар экан. Тузалиб кетсам, бирор йўл билан яхшиликларини қайтаришни кўнглимда тугиб қўйдим. Дори-дармонлардан кейин енгил таомларни баҳазўр ҳазм қиляпман. Доктор узум, анор, савзи шарбати ичишни тавсия этяпти.
Палатамиздагиларнинг ҳаммаси бир-бирига меҳрибон, ажойиб кишилар. Ўнг томонимда Ҳожи бобо деган мўйсафид ётадилар. Инқилобдан илгари – ҳали мендан ҳам ёш бўлганда тоғалари ҳажга олиб борган экан. Туяда, отда нақ олти ой йўл босибди. “Ҳозирги ҳожилар ҳожи эмас, - дейди у киши, - зув этиб самолётда бориб келади”.
Чап томонимда Владик деган бола ётади. Болалар уйида тарбияланган экан. Ҳеч кими йўқ. Владик биз билан камдан-кам гаплашади, китобдан бош кўтармайди. Ундан нарида Сергей деган амаки бор! Бир оёғи протез.
Даволовчи врачимиз Ҳакимжон ҳам мен тенги йигит. Жуда камтарин, виждонли. Ҳожи бобо аввалари қандайдир арабча китобни ҳамширалардан яшириб ўқирди. Ўша Ҳакимжон сезиб қолиб: “Қўрқмай ўқийверинг, ишимиз йўқ”, деди. Ҳожи бобо жуда қувондилар.
Тоғажон! Ортиқча тафсилотларни ёзиб, вақтингизни олаётганим учун кечиринг. Бу ерда одам зерикиб, нима қилишини билмай қолади. Шунинг учун бошқа одамларга ёзган хатларим ҳам узундан-узоқ. Дадамга ҳам варақли хат ёзиб, яқин кунларда тузалишимни айтдим.
Тоға! Илтимос, сиз у кишидан хафа бўлманг! Урушда бошларига осколка тегиб шунақа бўлиб қолганлар. АЙниқса онам вафотидан кейин гоҳо тажанг, гоҳо камгап, ғалати... Аслида у киши сизни хафа қилмоқчи эмасди. Хуллас, ўша гапларни ёддан чиқаринг! Биз сиз билан фахрланамиз. Сиз авлодимиздан чиққан улуғ одамсиз. Мен Ҳожи бобога сиз ҳақингизда гапириб бердим, яқинда олим бўлишингиз ҳақидаги ҳикоямни қизиқиб эшитди. Ҳожи бобо ҳам тоғасини эслаб, мақтаб кетди.
Зиёратдан қайтишда юқумли касалликка чалинибди. Ўлатми, вабоми, шунақа. Карвонбоши, касаллик бошқаларга ҳам юқишидан чўчиб, тушиб қолишини талаб қилибди. Тоғаси унинг оёғига йиқилиб йиғласа ҳам кўнмабди. Ниҳоят, жияни билан ўзи ҳам қолибди. Тасодифни қарангки, қасаллик тоғага ҳам юқиб, ўша ерда нобуд бўлибди. Жияни эса тузалибди. Уни чўпонлар топиб олиб, мадорга киргизишибди. У киши мазкур воқеани эслаганда хаста хирогойисини эслайди: “Эй сорбон, оҳиста рон, оромижонам меравад...” Кейин дилини ғусса босади шекилли, икки қўлини боши остига қўйиб жимиб қолади.
Тоғажон! Шу лаънати касаллик сабаб бўлиб, чемпионатга қатнашолмай қолганимдан афсусланаман. Қатнашсам, албатта, ғолиб бўлардим. Кўнглим сезиб турибди. Ёдингизда бўлса, тоғдаги қишлоққа курашга борганимизда ўзингиз ҳам шундай дегандингиз. Қизиқ бўлганди ўшанда. Машинангизда уч соатгача йўл юрдик. Шунча тез ҳайдаган бўлсангиз ҳам биз кечикиб бордик – кураш аллақочон бошланган эди. Ҳар бир қишлоқ ўз полвони билан келганда бу ерга. Тўй эгаси ғолибларга қўй, эчки улашарди. Лекин катта полвонлар ҳали сабр қилаётганини, улар кейинроқ майдонга тушишини билмасдим, тоғажон. Сездингизми, каттақўрғонлик полвон ўртага тушиши билан оломон бир гувиллади-ю, кейин жимиб қолди. Полвон мағрур давра айланарди, каттақўрғонлик меҳмонлар атрофга беписанд назар ташлашарди.
Мен ўрнимдан турмоқчи бўлгандим, сиз аввалига негадирунамадингиз. Тўй эгаси солимга телевизор қўйгандан кейин имлаб юбордингиз. Менга шунинг ўзи кифоя эди, тоғажон! Биз кўп олишмадик: рақибим кучли бўлса ҳамки, оёғини олиб қочолмас экан. Кўтариб ташлашим билан атроф қий-чув бўлиб кетди. Олқишлардан ҳижолат бўлиб, жойимга қайтмоқчи бўлгандим, ҳакам унамай, бир қўлимдан тутганича давра айлантирди. Солимга аввал бир қўзи, кейин совлиқ қўйишди. Ҳамон талабгор йўқ эди. Кейин гилам қўйишди. Одамлар ногаҳонда қичқиришиша тушишди: “Шоҳимардон! Шоҳимардон!” Мен аввалига ҳеч нарса тушунмадим. Қарасам, давранинг у чеккасида икки қўлини тиззасига тираб, энкайганча бир полвон турарди. Шоймардон шу қишлоқлик эканлигини, елкаси ҳали ерга тегмаганини билмасдим ўшанда. Бунинг устига вазнимиз ҳам тўғри келмасди. Ажабланиб сизга қарагандим: “Дадил бўл!” – деб имладингиз. Ўшанда менга қанча қудрат берганингизни билганингизда эди! Лекин дастлабки дақиқалардаёқ рақибимнинг жуда кучли, тажрибали ва... бешавқат эканлигини сездим. Шоймардон кураш қоидаларига умуман амал қилмасди, қўли теккан жойни чангаллаб кўкартирарди. Ҳакам билан томошабинлар уни тартибга солиш ўрнига нуқул олқишлашарди. У ҳар гал мени итқитиб юборганида одамлар гувиллаб қарсак чалишарди. Аммо мен ҳам ёлғиз эмасдим: ортимда сиз бор эдингиз! Вужудим зирқираб оғриса ҳам сабот билан олишишим керак эди. Шоймардон “дзю-до” билан маҳаллий курашимизни бир-бирига сингдириб юборгани учун хавфли эди. Москвалик бир тренернинг: “Бундай полвонларни фақат чарчатиб йиқитиш мумкин”, деганини эсладим. Шунинг учун анчагина давра айланиб, чекиниб ўзимни ҳимоя қилдим. Рақибим чарчаб қолиши билан чаққон ҳаракат қилиб икки оёғи орасига кириб олдим. У икки сони билан бўйнимни чунонам қисдики, кўз ўнгим қоронғулашиб кетди. Шунда бор кучимни йиғиб, қарийб юз килограмм келадиган рақибимни кўтардим ва мувозанатани йўқотиш билан отиб юбордим, сўнг ўзини ўнгламасданоқ ерга босдим. Ҳаммаёқ қий-чув бўлди. Полвоннинг ўғли, шогирдлари йиғлаб юборишганини кўриб, ўзим ҳам алланечук бўлиб кетдим. Амо ҳакам ғирромлик қилди – ғалабани ҳисобламади. Шунда сиз чидаб туролмадингиз: уларнинг ғирромлигини юзига солдингиз. Биз қайтадан кураш тушадиган бўлдик. Энди ўзимни босиб олгандим: рақибимнинг ожиз томонлари аён эди. Уни обдан толиқтириб, кескин ҳужумга ўтиш олдидан сизга қарадим: сиз ҳаяжонда эдингиз. Ҳаяжонингиз менга ҳам юқди ва кескин ҳужумга ўтиб, уни маҳкам қисиб олдим. Шоймардон кутилмаганда икки қўлини юқори кўтарди. Бу – унинг таслим бўлгани эди. Қаршисида енгилмас ЁШЛИК турганига ўзи ҳам ишонч ҳосил қилганди, бояқиш! Қўйиб юборишим билан пешонамдан ўпди, азамат. Мен совлиқни олиб уйга жўнадим. Қолган нарсалар сизнинг улушингиз эди, тоғажон! Ўша совлиқ эгиз туғди. Олим бўлган кунингиз, албатта биттасини сўямиз! Тузалиб кетганимдан кейин сиз билан тағин шундай курашларга борамиз! Ўғлингизга ҳам кураш тушишни ўргатаман!
Хуллас, шунақа гаплар. Эзмалик қилганим учун кечиринг, тоғажон!
Хатнинг жавобини интизор бўлиб кутувчи жиянингиз – Содиқжон.
* * *
Ҳурматли тоғажон! Саломатмисиз, кайфиятларингиз жойидами? Мендан ҳол-аҳвол сўрасангиз, ҳар қалай ёмон эмас. Врачлар яхши қарашяпти. Лекин ориқлаб кетяпман. Бир ой давомида етти кило ориқладим. Операция қилмоқчи бўлишди-ю, тағин фикрларидан қайтишди.
Дадам уч марта келиб кетдилар. Ҳар гал келганда мени кўриб негадир йиғлайдилар. Палатадагилардан жуда хижолат бўлиб кетаман. Ўтган гал врачлар билан ҳам жанжаллашиб қолдилар. Шунча йўлдан анор, майиз олиб келибдилар. Кошки мен уларни еёлсам?! Дадам қувонсин деб, ёлғондан оғзимга соламан. Аммо узум, анор, сабзи шарбати кераклигини у кишига айтолмайман.
Дадам ҳалиги Сергей амаки билан дўстлашиб қолдилар. Иковлари ҳам Сталинград остонасида ярадор бўлишган экан. Шундан кейин Сергей амаки менга жуда меҳр қўйди. Унамасам ҳамки, қизлари олиб келган майда-чуйдалардан талайгина беради. Ҳожи бобо ҳам менга жуда меҳрибон. У кишининг икки ўғиллари кунора келиб туришади. Ҳожи бобо зудлик билан ўртага дастурхон ёзиб, баримизни таклиф этадилар. Фақат Владик келмайди. Қолганларимиз бирга овқатланамиз. Хуллас, ҳаммаси жойида. Аммо бу ерда бир жоҳил аёл бор. Ўзи – санитар. Овчарка итга ўхшаб ҳамманинг дилини хуфтон қилиб юради. Врачлар ҳам у билан ҳисоблашиб иш тутишади. Шу мени “скелет” деб камситади. Ўксиб кетдим. Самарқанд томонларга келгудай бўлсангиз, бош врачга айтиб қўярсиз. Бу ерда киши зерикади. Ҳожи бобо Саъдийнинг “Гулистон” идан парчалар ўқиб берадилар, аммо мен тожикчани тушунмайман. Илтимос, шу китобнинг ўзбекчаси бўлса бирор кишидан бериб юборсангиз. Владикни кўргани кўп одам келади. Тарбиячиси кунора келиб юм-юм йиғлайди. У билан тарбияланган болалар ҳам ҳар хил китоб, журналлал келтириб туришади.
Ҳозир ҳеч ерим оғримайди, лекин мадориим йўқ. Ташқарига чиқиб келгудай бўлсам, тинкам қуриб қолади. Ҳакимжон: “Ҳечқиси йўқ, бир-икки ойда тузалиб қоласиз”, деяпти.
Мен албатта, тузуламан, тоға. Сиз хафа бўлманг!
* * *
Тоға!
Сизни безовта қилиб, тағин хат ёзганим учун кечиринг. Биламан, хат ёзиш, бу ёқларга келишга сира вақтингиз йўқ. Аммо мен бекорман.
Аҳволим унчалик ёмон эмас. Чет элдан келтирилган аллақандай дори билан даволашяпти. Ҳар гал уколдан кейин иштаҳам очилгандай бўлади. Лекин доктор дори оз қолганидан ташвишланаяпти. Ҳечқиси йўқ, тағин топилар?!
Ёдингизда бўлса, аввалги хатларимда Ҳожи бобо ҳақида ёзган эдим. Шу киши оламдан ўтдилар. Чатоқ бўлди. Икки оёғи шишиб, ўринларидан туролмайдиган бўлиб қолгандилар. Кечқурун чўмилтириб, ётқизишди. Эрталаб бировнинг ўкириб йиғлашидан уйғониб кетдим: “Во, падарам! Во кўҳи баландам, дадажонам!” – деб йиғларди у. Ўша куни Владикнинг яқинлари уни олиб кетишди. Ленинградда даволатишармиш, Сергей амакининг оёғини қандайдир радон билан даволашяпти... Ҳакимжон мени ҳам шу усул билан даволамоқчи.
Тоға! Раҳматли Ҳожи бобо бир лўли ҳақида гапиргандилар. У менинг касалимни бир хил ўтлар билан даволаши мумкин эмиш. Имкони бўлса машинангизни бирор кун ўғлингизга берсангиз, мени ўша табибга олиб борса дегандим... Зора шу билан тузалиб кетсам. Ҳожи бобонинг айтишларича даволагандан кейин битта қўйми, эчкими оларкан. Ҳечқиси йўқ – ўша қўзининг биттасини элтиб бераман. Биттасини олим бўлган кунингиз сўямиз.
* * *
Ҳурматли ва меҳрибон, дадажон!
Ушбу мактубни ўғлингиз Содиқжондан деб билгайсиз. Шукур, аҳволим ёмон эмас. Баъзи суюқ овқатларни ичиб турибман. Энди деярли ҳеч жойим оғримайди. Палатамизда беморлардан бир ўзим қолдим. Сергей жўрангиз ҳам тузалиб кетди.
Дадажон! Маҳалламиздаги Бозор ака бор-ку, ҳалиги тайёрлов идорасида ишлайдиган. Яинда шу одам талай майда-чуйда қилиб мени кўргани келибди. Жуда яхши одам экан. Бир вақтлар тоғам шу одамни “жамиятимизга ёт элемент” деб атаганди. Мен нодон бўлсам шунга ҳам ишонган эканман. У врачларга учраб, менга яхшироқ қарашишларини ўтиниб сўради, аллақаердан узум шарбати ҳам топиб келди. Шу одам хайрлашатуриб: “Нима хизмат бўлса, тайёрман”, деганди. Илтимос, ўша кишига бир учрашсангиз. Машинаси билан келиб, мени табибга олиб борса. Кейин ўша ёқдан ўтиб, уйга бораман. Врачлар ҳам энди жавоб беришга рози. Оёғимда шиш пайдо бўлиб, туриш қийинлашаяпти.
Сиз ўксиманг, дадажон! Оёқдаги ш ҳали қайтармиш. Мен албатта тузаламан! Ҳалиги Бозор акага учрашиши ёдингиздан чиқмасин. Аммо тоғамга айтакўрманг: сиз нафратланадиган кишидан мен ҳам нафратланишим керак!
Сизга айтадиган гапларим ҳали кўп. Эсон-омон учрашсак, қолганларини бақамти гаплашармиз.
Эҳтиром ила ўғлингиз,
Содиқжон!
Сўқмоқлар ва сабоқлар
1. Бобо
У кишини бу музофотда Шўро бобо ҳам, Хўжаев бобо ҳам, Раис бобо ҳам дейишади.
Отахон аслида Бухоро шаҳрига туташ жойдан. Улуғ Ватан урушидан олдинги нотинч йилларда Файзулла Хўжаев туҳматга учраганда аайрим калтабин кишилар фамилияси ХЎжаев бўлганларни ҳам шубҳа остига оладилар. Шунда Шўро бобо бир кечада она қишлоғини тарк этиб Пахтаободга келиб қолади. У паст-баландни биладиган билимдон киши бўлгани учун аввал бригадир, сўнг хосилот шўро, кейин раисликка сайлашади.
Уруш бошланади. Ўшанда ҳам раис тадбир билан иш юритиб, колхознинг шуҳратини улуғлайди. Эркаклар фронтга кетиб, далада асосан хотин-халаж қолганига қарамай колхоз биринчи бўлиб қолаверади. Раис фронтга кўплаб ғалла, мева жўнатиш билан бирга одамларга ҳам анча-мунча буғдой тақсимлашни канда қилмайди.
Шуларнинг эвазига бўлса керак колхозга эскигина юк машинаси - “политурка” беришади. Аммо ҳадеганда уни ҳайдайдиган шофёр топилавермайди. Шунда раис шаҳарга тушиб Вася деган озғин, сарғиш йигитни эргаштириб келади.
–Бугундан эътиборан Вася колхозимизнинг шофёри, - дейди раис, - уни ҳеч ким ранжитмаслиги керак!
Васянинг ўзи ҳам бағоят хушфеъл, камтарин, меҳнаткаш йигит чиқиб қолади. Қишлоқ болаларининг пешонасидан ихлос билан ўпишни, аёллар, кексаларнинг ҳожатини чиқаришни одат қилади, шоввоз. Икки бортига “Пахтаобод колхози” деб ёзилган машина районда ҳам кўпчиликка таниш, қадрдон бўлиб қолади. Раис унинг кабинасига ўтириб олиб, илғорларни бот-бот шаҳарга олиб чиқади.
Аммо шўрлик Шўро бобони Бухорода таъқиб этган машъум қисмат бу ерга ҳам етиб келади. Вася аслида немис эканлиги, унинг ҳақиқий номи Вайслиги аён бўлиб қолади. Бу нохуш гапдан Пахтаобод сесканиб тушади. Шу дақиқадан эътиборан одамлар машинага йўламай қўядилар. Васяга бўлган илиқ меҳр ўрнини беҳудуд нафрат эгаллайди.
Шофёр зудлик билан жуфтакни ростлайди-ку-я, аммо қишлоқда раис ҳақида ҳам нохуш гап оралаб қолади. “Хўжаев немисларга сотилган эмиш. Ўзи асли халқ душмани бўлган эмиш”.
Одамлар раисдан ўзларини олиб қочадиган, унга ёвқараш қилиб ўтадиган бўлиб қолишади. НКВД Хўжаевнинг ижтимоий келиб чиқиши билан қизиқиб қолади.
У колхоз муҳрини қоровулга топшириб, бир кечада Пахтаободдан ғойиб бўлади. Шунда: “Хўжаев немислар томонга ўтиб кетибди”, дейишади одамлар. Бир неча ойгача пахтаободликлар уни нафрат билан эслаб юрадилар.
Орадан икки-уч йил ўтгач, ҳамқишлоқлар уни ўзгача оҳангда эслай бошлайдилар: “Шўро бобо жуда меҳрибон одам эди”, “Колхозчининг бошини силарди”, “Бирор кишининг бурнини қонатмасди”.
Бунақа илиқ гаплар шунинг учун авж оладики, биринчидан, Хўжаев ўз қишлоғида бригадир эканлиги аён бўлиб қолади. Иккинчидан, ундан кейин раисбўлиб келган Шўро бобо қўйган қадрларни зудлик билан алмаштиради, айрим бегуноҳ кишиларни қувғин остига олади. Колхоз планни бажаролмай қолади. Колхозчилар анча қашшоқлашиб, ҳатто уруш йиллари оладиган буғдой, оқжўхори сингари улушлардан маҳрум бўлиб қоладилар. Иккинчи йили аҳвол ундан ҳам хароб бўлади. Райком раисни янгилашдан ўзга илож тополмайди.
Янги раис атиги бир йил ишлади. Қишлоқдаги бир енгилоёқ аёл билан дон олишиб қолгани аён бўлгач, ўзи жуфтакни ростлаб қўя қолади.
Колхозчилар ўзларига муносиб раис излаб юрган кунларнинг бирида қишлоққа тасодифан Шўро бобо кириб келади. Одамлар унга бағоят хушфеъллик ва хурсандлик билан пешвоз чиқадилар.
АЁн бўлишича, раис ҳақиқатан ҳам она қишлоғига қайтиб кетган экан. Бориши билан жону ҳолига қўймай бригадир қилиб тайинлашибди. Кўп ўтмай раисликка ҳам лозим кўришибди. Шўро бобо тадбиркор эмасми хўжаликни тез кўтарибди. Пахта, ғалла плани ошиғи билан бажарилибди. Шунда катта бир йиғилишда раисга сўз бериб, ана шу ютуқларнинг омиллари ҳақида гапиришни сўрашибди. “Бу ерда ҳеч қандай сир йўқ, - дебди раис, - ерга нури бериб, одамларга ҳақ тўласанг, ҳар қандай хўжаликни юксалтириш мумкин. Қолган ҳамма омиллар иккинчи даражали”..
Йиғилишдан кейин НКВД бошлиғи уни кабинетига таклиф қилибди.
“Сиз ерга нури билан одамларга ҳақ тўлашдан бошқа ҳамма факторлар иккинчи даражали, дедингиз. Ўртоқ Сталиннинг раҳбарлик сиёсатини ҳам... Бизга тушунтириш хати ёзиб беринг!”
У тушунтириш хати ёзиб берибди-ю, Пахтаободга қараб йўл олибди. Пахтаободликлар Хўжаевни бирор ҳафтагача иззатини жойига қўйиб меҳмон қилгач, раис бўлишини илтимос қилиб қолишибди.
“Йўқ,- дебди у, - мен энди раҳбарлик қилмайман! Лозим топсаларинг тегирмонни беринглар, юргизиб юраман”.
Одамлар жону ҳолига қўймайдилар. У аввал ҳосилот шўро, сўнг раис бўлади.
Пахтаобод тағин йилма-йил тараққий этади. Колхознинг номи газеталарнинг биринчи саҳифаларида, ҳурмат тахталарида жаранглаб қолади. Катта мажлисларда Хўжаев нуқул президиумга сайланадиган бўлади. Қисқа вақтда замонавий посёлка, стадион қурилади. Нуфузли меҳмонларни кўпинча Пахтаободга олиб келадиган бўладилар.
Олтмишинчи йилларнинг бошларигача давом этади бу ширин даврон.
Ўша йили Россия шаҳарларидан бирида яшовчи тўқимачилик фабрикаси коммерсия ишлари бўйича директор ўринбосарининг уйини ўғри уради. Табиийки, жабрдийда зудлик билан милицияга хабар етказади. Оператив группа тузилади, исковуч ит олиб келишади, хуллас, ўғрилар қўлга тушишади. Улар бир неча ўсмир йигитчалар экан. Болалар анча-мунча олтин, марварид буюмларни пуллашга ҳам улгуришибди.
Ўсмирлар қамоққа олинадилар. Орадан анча вақт ўтгач, ҳалиги йигитчалардан бири марказий газета редакциясига жуда таъсирли хат йўллайди. Ота-онаси эртадан-кечгача фабрикада ишлашларига қарамай, уйларида лоақал радиоприёмниклари ҳам йўқлигини, бу мансабдор эса битиб кетганини ёзади, редакциядан адолат мурувват сўрайди. Редакция хатни прокурорга жўнатади. Прокурор жиноий иш қўзғайди. Ҳалиги амалдор ўз тушунтириш хатида бу бойликлар ота мерос эканлигини ёзиб, отасининг васиятномаси, нотариус тасдиқлаган бир талай ҳужжатларни ҳам кўрсатади. Прокурор бу ҳақиқатни редакцияга маълум қилишга ва ишни ёпишга қарор қилади. Аммо, тасодифан қарангки, у автомобил ҳалокатига учраб, иш охирига етмай қолади.. Унинг ўрнига тайинланган прокурор ишни қайтадан бошлаб, чуқурроқ тергов ўтказади. Маълум бўлишича, ҳалиги амалдорнинг отаси бетайин бир алкаш ўтган экан. Бошқа ҳужжатлар ҳам анчайин қалбаки ўтган экан. Уни бироз исканжага олишга тўғри келади. Директор ўринбосари бу бойликларни ўзбекистонлик айрим дўстлари совға қилишганини ёзади.
Бу “дўст” лардан бири пахта заводи савдо бўлимининг мудири экан. Милиция унинг ҳиқилдоғидан тутади. У анча-мунча талмовсираб, тайсалга солиб кўради-ю, ниҳоят пахтапурушлик қилганини бўйнига олади. Бу қорчалонга пул чўзган раислар, бухгалтерлар, кассирлар рўйхатини ҳам ундан “суғуриб” оладилар.
Масала катта қозонда қайнайди. Аввал райондаги, сўнг областдаги казо-казо раислар устидан жиноий иш қўзғалади.
Бошқа хўжаликлар қатори Пахтаободни ҳам тафтиш қилишади. Маълум бўлишича, илғор бригадалардан бири ана шу нопоеликка аралашиб қолган экан.
“Мажбуриятни бажаришига икки процент қолганди Раис бобо хафа бўлмасинлар, деб шундай қилдим”, дейди у.
Бригадирни қамоққа олишгандан кейин Шўро бобо жуда ўксиб кетади. Бир ҳафтада букчайиб қолади. Райкомга ёзган аризасида: “Мен раисликка нолойиқман, колхозда шундай ҳол беришига мен ҳам айбдорман”, деб ёзади. Йўқ, уни ҳеч ким айбламади. Аммо илтимосу илтижоларини инобатга олиб раисликдан озод қилишади.
Отахон пенсияга чиқиб, одамларнинг ёдидан ҳам чиқиб кетган жувозни тиклайди.
2. Арзи ҳол
Ҳурматли дўстим Годердзе!
Анча вақтдан бери мактуб ёзмаганим учун кечир! Ишга кўмилиб қолдим. Бунинг устига уй-рўзғор ишлари кўпайиб кетди. Ўйлаб қарасам, сен билан армияда хизмат қилган пайтларимиз олтин давр экан. Нақадар беташвиш, беғубор кунлар эди.
Армиядан қайтиб келганимдан кейин алламаҳалгача бекор юрдим. Аниқроғи, нима иш қилишимни билмай қолдим. Айрим тенгдошларим райондаги турли ташкилотларга қатнаб ишлашади. Улар менга анча-манча иш ҳам топишди. Аммо ота мерос бир парча заминни ташлаб кетишга кўзим қиймади. Бусиз ҳам қаровсизликдан томорқалар қақраб, иморатлар тўкилай деб қолганди. Шунинг учун қишлоқда қолиб тақдиримни синаб кўрмоқчи бўлдим. Тўғри, колхозда ишнинг боши ҳам, охири ҳам бўлмайди. Маошингни ҳам вақтида ололмайсан. Аммо заминни, ҳамқишлоқларни ташлаб кетавериш ҳам унчалик жўн иш эмас экан!
Едингда бўлса, сенга Шўро бобо ҳақида гапириб берган эдим. Ҳозир қишлоғимизда отахоннинг ўғли – Файзулла раис бўлган. Бир-икки ҳафта дам олгач, шунинг олдига кирдим. Яхши йигит экан.
“Хўш, сенга нима иш берсам экан-а”, деди у ўйланиб. “Менга трактор беринг, - дедим фурсатдан фойдаланиб, - ҳужжатим бор, армияда ҳам танкист бўлганман!”
У бош инженерни дараклаб, менга иш беришни тайинлади. Инженеримиз ҳам камтарин, камсуқум йигит экан. Мени трактор паркига эргаштириб борди-ю, бир чеккада турган шалоқ “Белорусь” ни кўрсатиб, бор ҳақиқатни гапириб берди.
–Бултур эгаси йўл қурилиши идорасига кетиб қолди. Бир оз ҳаражат қилиш керак. Биз ҳам қараб турмаймиз...
Тракторни даладан лой ҳолда ҳайдаб келиб, шундайгина ташлаб кетгани учун у занглаб кетганди. Аккумулятори, стартёри, фараларидан ташқари генератори, кичик фильтри, бир форсункаси ҳам йўқ эди. Ноинсоф тракторчилар кабинадаги қўлга илинадиган асбоб-ускуналарни ҳам ўмариб кетишганди. Рости гапки, хафа бўлиб кетдим. Буни инженер сезди.
–Бугун форсунка билан генераторни топиб беришади, - деди меҳрибон оҳангда, - механик билан уё-буёғини тортаверинглар, қани, тағин бир гап бўлар.
Дўстим Годердзе! Бу шалоқ даҳмазани эпақага келтириш учун нақ бир ой уннадим. Шодивой деган таксичи дўстимдан бир оз қарз кўтаришга ҳам тўғри келди. (Акамдан сўрамоқчи бўлдим-у, янгамдан андиша қилдим.) Тракторни не-не машаққатлар билан ҳайдаб чиққанимдан кейин ҳам иш топиш амримаҳол бўлди. Ҳамма бриганинг ўз трактори, тракторичиси бор экан. Лекин мени ҳам ишсиз қолдиришмади. Тракторларга ёқилғи ташишга қўйишди.
Рости гапки, бу иш мени сира қаноатлантирмасди. Тушгача барча тракторларни заправка қилиб чиқаман-у, кейин нима иш қилишимни билмайман. Томорқага зўр бўрмоқчи бўлгандим, чнгам рўйхушлик бермади. “Биз у ерда иморат қурмоқчимиз”, деди.
Бир куни “Белорусь” ни чоптириб кетаётганимда йўлда Шўро бобони кўриб қолдим. Тормозни босиб, тушиб кўришдим. (Колхозимиздаги ҳамма шофёр-у, тракторчилар шундай қилишади.)
“Сен Очил тегирмонни ўғлимисан? Нима иш қилиб юрибсан? Сани ўрнингда бўлсам, кўчани чангитиб юрмай, Дарёвотни обод қилардим”, деди у киши.
Мен отахон билан хайрлашдим-у, бот-бот дадам ҳақида ўйлайдиган бўлиб қолдим. Раҳматлини Очил тегирмон дейишарди. Магазинларда ун кўпайиб, касбу кори касод бўлгунча тегирмончилик қилган у. Кейин арава беришди. Умрининг охирида аравадан ҳам воз кечиб, сой бўйида боғ қилишга киришди.
Дадамнинг ногаҳонда бундай қарорга келишининг боиси менга қороғу эди. Қишлоқдоўларимиз Дарёвот деб атайдиган бу қияликлар сой соҳилида бўлса ҳамки, сувдан бенасиб эди. Бунинг устига қайроқтош кўплигидан кетмон уриб бўлмасди. Дадам эрта баҳорда ана шу ёнбағирлрга ёнғоқ, шотут, олма – хуллас, қўлига тушган ниҳолни қадайверди. Тоғда бир нечта дўлана ҳам кўчириб келди.
Бу қашшоқ заминда ниҳол кўкартириш унча жўн иш эмасди, албатта. Дадам аввал бағоят синчковлик билан жой танлар, сўнг сандалдай ернинг шағал, қумларини чиқариб, ўрнига тоза тупроқ ташиб келарди. Мен ҳам ҳар куни мактабдан чиқиб Дарёвотга йўл олардим. Кўпинча акам ҳам менга ҳамроҳ бўлар ва биз учовлашиб алламаҳалгача тер тўкардик. Ҳаммадан ҳам ноҳолларнинг атрофини ўраш қийин бўлганди. Тоҳдан ёввойи бодомча ташиб, четан девор тиклагандик. Азои баданимга тикан қадалиб, роса озор чекканман.
Ўша баҳор – кўчатларнинг олди барг ёзганда дадамнинг шундоққина кўкраги устидан без чиқди. Биз сесканиб тушдик. Чунки бобомни ҳам кўкрак устидан чиққан ана шунақа без олиб кетганини билардик-да!
Дадамнинг мадори қуриб, иштаҳаси бўғиладиган бўлди. Лекин у имкон борича кўпроқ ишлашга, аниқроғи, кўпроқ улгуришга ички бир талваса билан тиришадиган бўлди.
Грачанд дарё яқин бўлса-да, ундан челаклаб сув ташишга тўғри келар, бу эса осон эмасди. Не-не уқубатларда олиб чиқилган сувни чанқоқ замин ташна туядай бир қултум ққилиб симириб юборарди. Бу ерда томчи сув ҳисобда бўларди. Мен дадамга тушлик олиб борганимда, гоҳ у, гоҳ бу ниҳол остида қўл ювар ва ички бир қониқиш билан таъкидлаб қўярди: “Бунинг ҳам ҳалқумига сув тегди!”
Без йириклашди: аввал данакдай, сўнг ёнғоқдай... Бормаган доктору дуохонларимиз қолмади. Аммо дарднинг мудҳиш чангали бешавқат экан. Дадам ётиб қолди. Кундан-кун қоқсуяк бўлиб бораётган дадажонимни қувонтиришнинг бирдан-бир йўли ниҳолларни суғориш эканлигини ич-ичимдан ҳис этардим. Дарсдан чиқиб, тўғри Дарёвотга йўл олардим. Аммо ҳарчанд қилмайин боғ ҳам дадамга ўхшаб қовжирайверди. Бир жуфт дўлана билан ёнғоқ жон сақлаб қолди, холос.
Шўро бобо билан саломлашган куннинг эртасидаёқ Дарёвотга йўл олдим. Қарасам, дарахтлар анча улғайиб қолишибди. Чамалаб кўрсам, бу ерда салкам чрим гектар ер беҳуда ётибди. Битта насос сотиб олсам, Шўро бобо айтгандай каттагина боғ қилиш мумкиндай эди. Шундан кейин куну тун боғни ўйлайдиган бўлдим. Бирор ҳафта ўтар-ўтмас шу масала билан раисга кирдим.
“Давай, - деди у одатдагидек, гапимни охиригача ҳам эшитмай, - ўзим ёрдам бераман. У ерда икки гектарча ер бор. Булъдозер биздан, мотор ҳам топиб бераман. Келажакда боғларни кўпайтиришимиз керак!
Дўстим Годердзе! Бу ердаги чўққига чиқиб қарасанг, Дарёвот катта ҳовучга ўхшаб кетади. Деҳқоннинг беўхшов ҳовучига!
Ҳар бири етмиш беш, юз от кучига эга бўлган бульдозер ва тракторлар ана шу “ҳовуч” нинг ичини бир ҳафта ичида эпақага келтирдилар. Тупроқ остидан беҳисоб тош, шағал чиқди. Мен ён-веримга қарамай тош теришга тушиб кетдим. Тезда хотиним, синглим ёнимга киришди.
Орадан кўп ўтмай Дарёвотга раис келди-ю, қувониб кетди.
“Давай,-деди, - бу ёғини ҳам зичланг! Нима ёрдам керак бўлса, биз-за! Агроном шу ҳафта ичи ниҳол олиб келади. Одам ҳам топиб бераман.!”
Шундай қилиб ниҳолларни ҳам қадаб олдик. Раиснинг маслаҳати билан ораларига чигит экдим. Ҳозир уларни парваришлаб юрибман. Қийинчилик кўп, аммо нолийдиган жойим йўқ. Колхоз ёрдам бериб турибди.
Ҳозирча бор гап шую Тағин ўзгаришлар бўлса ёзарман. Сенинг ҳам мактубингни кутаман. Салом билан: РАУФ.
3. Жавоб
Қадрли дўстим Рауф! Мени кечир! Ойлар, йиллар ўтиб мактубингга жавоб ёзолмадим. Сенга ўхшаб менинг ҳам ташвишларим кўпайиб кетди. Бошимга анча ташвишлар тушди, дўстим.
Ёдингда бўлса бобом юздан ошганлигини ёзган эдим. У кишидан ажралиб қолдик. Армиядан келиб ишга жойлашиш ташвишида юрган кунларим эди ўшанда... Ҳали-вери ўладиган эмасди-ю, фалокат рўй берди.
Байрам арафасида уни ногаҳонда шаҳарга таклиф қилиб қолишди. Бобом кўнмади. Чунки салкам эллик йилдан бери шаҳарга тушмаган эди-дп. Уруш йиллари фронтга мандарин, узум жўнатгани тушган, холос. У рози бўлмаса ҳамки, мен галварс жону ҳолига қўймай боришга даъват этдим. “Орден-медалларингизни тақиб олинг, - дедим, - ҳар эҳтимолга қарши, Сталин, Оржоникидзе билан тушган суратларингиз ҳам қолиб кетмасин. Эҳтимол ложага чиқариб қўйишмоқчидир. Балки сўз бериб қолишар”.
Йўқ, ложага ҳам чиқаришмабди, сўз ҳам беришмабди. Шунчаки юз ёшдан ошган мўйсафидларни машинага миндириб майдондан олиб ўтишибди. Худди яхши отларни намойиш қилгандай уларни ҳам халойиққа, раҳбарларга кўрсатишибди. Мацдондан ўтгач, бурилишда машна силкиниб кетибди-ю, бобом йиқилиб тушибди.
Етиб борганимда тирик эди бояқиш. Менга қараб жилмайди ҳам. “Сизга нима бўлди?” – сўрадим ваҳм билан. У жавобан батамом бошқа гапларни гапирди: “Годердзе, саклани эҳтиёт қил! Токлар, мандаринлар қовжираб қолмасин!”
Кейин ҳарчанд қилсам ҳам гапирмади. Қишлоққа олиб борганимдан кейин жон берди.
Бир ҳамқишлоғим бор эди – Гогиашвили деган.Отаси нақ юз ўн йил яшади. Чолнинг вафотидан кейин қабрига шундай зўр мақбара ўрнатдики, нақ оғзинг очилиб қолади. Мармарда кекса Гогиашвили ток новдаларини авайлаб боғлаётгани акс эттирилганди. Аслини олганда чол шунча йил яшаган бўлса ҳамки, ўзидан бошқани ўйламаганди. Умрини тоғдан ёғоч кесиб сотиш, дарёдан балиқ тутиб пуллаш билан ўтказганди. Ўғли ҳам отасига ўхшаб яшянинг йўлини биларди: нкқул мандаринпурушлик қиларди. Энди ўзинг ўйлаб кўр: дадам инқилобдан олдин яширин партия ташкилотига аъзо бўлиб кирган, урушда икки ўғлидан ажралган бўлса-ю, унинг қабри муғайиб турса. Йўқ, дедим, бунақаси кетмайди! Аммо бунинг учун анча-мунча пул керак эди. Шундай қилиб пул топиш пайига тушдим. Шаҳардаги атеистлар идорасига шофёр бўлиб олдим. Бу ерда ишнинг тайини йўқ эди. Шунинг учун ҳам бекор ўтиравермай одамларнинг ҳожатини чиқаришга тушдим. Кимда ташвиш йшқ: биров вокзалга шошади, бошқа биров эса бозорга бориши керак. Албатта, хўжайиннинг ҳожатини ҳам чиқариб турдим. Кейин гап-сўз бўлиб юрмасин, кўпам шубҳаланишмасин деб, машинанинг эшигига шахмат чиздириб олдим. Ҳар эҳтимолга қарши эски таксометр ҳам ўрнатдим. Эътибор беряпсанми – қонуний таксининг ўзи эди-да! Лекин ҳаммага ҳам хизмат қилавермасдим, ўз мухлисларим бор эди: монахлар, поплар... Улар шикоят қилишмайди, майда-чуйдаларга эътибор беришни гуноҳ деб билишади. Шу тариқа пул топиб, зўр соғона қурдирдим. Аслида шундан кейин қишлоққа қайтишим, бобомнинг васиятини бажо келтиришим керак эди. Мен нодон бўлсам, баднафслик қилиб, эрта, индин кетаман, деб қўлга тушдим. Эҳ, кўп азоблар чекдим. Қамаб юборишди, жоҳиллар! Бир талай қурилишда ишладим.
Мажбурий хизматдан қайтиб келсам, сакла тўкилай деб қолибди. Шундай қилиб, енг шимарганча ишга киришдим. Бултур уйларни ҳам таъмирладим. Токларнинг ҳам бир қисмини янгиладим. Бу йил яхши ҳосил олсам керак. Чунки бутун оилам билан ёпишиб ишладик.
Боғбонлик, пахтакорлик қилаётганингни ўқиб қувондим. Чунки ерда ишлаган одам бебаҳра қолмайди. Одамларнинг дастурхонига мева, ўзларига либос тайёрлаб беришдан кўра эзгу иш бор. Бунинг устига магазинларда пахтадан тўқилган мато камайиб кетяпти.
Яқинда Самарқанд, Бухоро саёҳатида бўлган бир ҳамқишлоғим сизлар томонда ҳам бу борада аҳвол ночорлигини айтди. Ишонқирамадим. Наҳотки миллион тонналаб пахта ишлаб чиқарадиган юртда у танқис бўлса. Мантиққа тўғри келмайди! Ўзи ҳамқишлоғим лофчироқ. “У ерда кафанлик учун оқ сурп сотиб олишга ижроком рухсати керак”, деди. Роса устидан кулдик.
Дўстим, Рауф! Мактуб йўлласанг, шу ҳақда ҳам батафсилроқ қалам тебрат. Умуман оиланг, ҳаётингда нималар бўлаётганидан бизларни воқиф эт.
Агар ёр-биродарлар бидан биз томонларга меҳмон бўлиб келсанг, бошим осмонга етарди!
Салом ва эҳтиром ила, дўстинг: ГОДЕРДЗЕ
Комментариев нет:
Отправить комментарий