воскресенье, 15 августа 2010 г.

МИЛЛИЙ МАСАЛА ОР-НОМУС МАСАЛАСИДИР

Тарихчи-профессор Гога ҲИДОЯТОВГА

Ҳурматли Гога Аброрович! Сизнинг “ЦентрАзия”да шу йилнинг 7 июнида чоп этилган “Казахская история в кривом зеркале лжеисториков” сарлавҳали мақолангизни ўқиб, юрагимда надомат, нохушлик, хавотир ва ноўнғайлик пайдо бўлди, Айниқса қозоқ дўстлар, қариндошлар олдидаги ноўнғайлик баридан ошиб тушди. Бутун бир халқ, миллат ҳақида шундай туҳматларни тўқиш на шарқона одобга ва на инсофга тўғри келмайди.
Мен тушунмадим: бу халқнинг тарихини қайтадан бузиб ёзиш сизга нима учун керак бўлиб қолди? Бу билан нимани исботламоқчи бўлдингиз?! Миллий масала – ор-номус масаласи. Бундан пайтда, ҳатто ҳақиқатни ҳам ялтироқ қоғозга ўраб беришга тўғри келади. Тўғри, мақолангизда Марказий Осиёнинг ишғол этилиши, Қўқон хонлиги ҳақида анчайин маълумотлар бор экан, аммо қардош-қондош халққа тош отиш чикора? Уларни айблаган ҳолда, ўзингиз чаламулла, дилетантга айланиб қолибсиз.
Мақолани ўқиганим заҳоти, хавотир билан Чимкент, Туркистонда яшайдиган ўзбеклар кўз ўнгимга келди. Ана шундай чиқишлардан кейин уларга турли-туман кесатишлар, зардалар ёғилиши, қаерлардадир дўстликка путур етиши турган гап. Миллатлараро нафратлар нималарга олиб келишини эса тахминлаш қийин эмас! Ваҳоланки, сиз ўзингизни тарих фани тарбия воситаси бўлиши лозим деб ҳисоблайдиганлар гуруҳига қўшасиз.
Ҳа, ҳозир миллий маҳдудликка дучор бўлганлар оз эмас. Булар орасида қозоқ халқига нохушроқ муносабатда бўладиганлар ҳам етарли. Уларнинг аксари эса ҳали шаклланмаган ёшлардир. Сизнинг мақолангиз эса айнан ўшалар учун энг ўнғай дастакдир. Ахири, фан доктори ёзаябдику, ишонмай бўладими?! Шу тариқа мақолани кўпайтиришлари, дуч келган даврада вайсақилик билан уни тарғиб қилишлари ҳеч гап эмас. Бу давраларда қозоқ миллатига мансуб кишилар бўлсачи? У қай аҳволга тушишини тасаввур қилиб кўринг-а. Унинг ўрнига ўзимизни қўйиб куришимиз керак.
Бундай кайфиятдаги кишилар учун мақола ёзиш ахлоққа зид. Ҳозир Марказий Осиёда энг зарур вазифа тинчлик, миллатлараро тотувликни таъминлашдир. Ўзини зиёли деб ҳисоблайдиган ҳар бир киши ана шу эзгуликка хизмат қилиши шарт.
Мен отаси ўзбек, онаси қозоқ ёки аксинча бўлган оилаларни кўп кўрганман. Уларнинг фарзандлри бор. Сизнинг ҳақоратомуз мақолангизни ўқиган бундай оилаларда не нохушликлар кечишини ўйлаб курганмисиз?
Мақолангиздан айрим абзацларни кўчириб олишга рухсат беринг.
“Қозоқ хонлиги ҳеч қачон бўлмаган ва бўлиши ҳам мумкин эмас эди. Қозоқлар ХХ асрнинг ўттизинчи йилларигача кўчманчи эдилар ва кўчманчи халқда давлат бўлиши мумкин эмас!”
“ Улар дастлаб одамлардан чекиндилар ва саргардонликда юрдилар, шунинг учун уларни қозоқ ( Яъни саргардон, ўғри, қароқчи деб аташди. Г.Х) Бу сўз кейинчалик уларнинг миллати номига айланди.”
Ана шу гапларни ўқиганимдан кейин анча вақтгача бирорта ўзбек тарихчиси сўз олиб, ўз ҳамкасби хатоларини тузатади, нигилист олим учун қозоқ халқидан кечирим сўрайди, деб кутдим. Дўстлик, биродарлик таомиллари шуни тақозо этарди. Аммо бундай бўлмади.
Мен гарчанд, тарихчи бўлмасам ҳамки, Олтин Ўрда, Ўзбекхон, Абулхайрхон, буюк Абай ҳақида маълумотларга эга эдим. Шунга қарамасдан бир неча энциклопедия ва дарсликларни ( нафақат Шўролар давридаги) ўқиб чиқдим ва қозоқ халқи тарихи ҳавас қилишга арзигулик экан, деган хулосага келдим. “Қозоқ” сўзининг ҳам бир неча тушунча ва вариантлари бор экан, аммо сизнинг носоғлом нигоҳингиз энг нохушига тушибди.
Тан олмоқ керак, сизга жавоб хати ёзган қозоқ олими Нуржан Жетписбайнинг фикрлари ҳам дилимга ўтиришмади. Қаҳр-ғазаб устида ўзбек халқини камситишга боради у.
“Сизнинг мақолангизга жавоб ёзиш унчалик зарур эмас эди, чунки баҳс-мунозара илмий йўналиларда амалга оширилади. Сизнинг мақолангиз эса илмийликдан жуда узоқ нарса. У сизнинг касал фантазиянгиз, хасадингиз ва сизга шундай бемаъни нарсани ёзишга даъват этганларнинг маҳсули натижасидир.”
Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, муаллиф “маслаҳатчилар” ҳақида бот-бот тўхталади, Назаримда у, Ўзбекистон ҳукуматини назарда тутади. Аммо ҳукуматнинг бундан зарурроқ юмушлари, муаммолари кўплигини ҳисобга олгиси келмайди. Қасд олиш иштиёқи унинг носамимий қадам қўйишга олиб келади. У ёзади:
“ Шуни таъкидлаш керакки, 1924 йилгача ўзбек деган миллат умуман йўқ эди. Маҳаллий ўтроқ сартлар – аниқроғи тожиклар, туркийлашган тожикларнинг авлодлари ва қозоқларнинг қипчоқ, қурамай, найман, дўлат сингири уруғлари бор эди, холос.”
Ҳаяжонга берилган олимни тушуниш мумкин, аммо ҳар иккала профессор бир ҳақиқатни унутмасликлари ва тан олишлари керакки, мадомики, қозоқ халқи Абулхайрхон, Абай, Авезов сингари фарзандларни тарбиялаган экан, демак қозоқ давлати ҳам бўлган ва шунингдек, ўзбек халқи тарихга Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Бобур, Алишер Навоий каби даҳоларни берган экан, демак ўзбек миллати ҳам бўлган.
Гарчанд, бу буюк гуманистларнинг “ миллати” деган графали паспортлари бўлмаган бўлсада, улар ўз халқларининг виждони, ор-номусига айлангандир. Биз кўп ҳолларда, ички маданиятимиз оқсоқлиги оқибатида бир-биримизни ҳақоратлаймиз. Бу билан эса буюк ўтмишдошларимиз руҳларини қақшатганимизни ҳисобга олмаймиз.
Аслида мен масалани чуқурлаштирмоқчи ёки олимларга маслаҳат бермоқчи эмасман. Уларнинг эътиборини жилла бошқа томонга бурмоқчиман, холос. Айтишадики, икки киши жанжаллашса, айб ақллисидадир. Чунки у бу нохуш ҳолнинг олдини олиши мумкин эди. Менинг фикримча, икки миллат жанжаллашса, айб зиёлиларда бўлади. Чунки зиёлилар бунинг олдини олиши, ёшларни ўзга миллат вакилларига нисбатан ҳурмат руҳида тарбиялаши керак эди. Агар бунинг ўрнига қўшни миллат ҳақида ортиқча сафсаталар ёзиб ёки валақлаб ёввойи оломонни заҳарлаб юрган бўлса, билингки, у чинакам зиёли эмас. Ўш ва Жалолобод воқеалари илдизини айнан ана шундан излаш керак бўлади. У ерда маҳаллаларга ўт қўйишди, аёллар, болаларни ўлдиришди. Баримиз огоҳ бўлайлик, худди шундай ёнғин бизнинг қишлоқ ёки шаҳримизда ҳам содир бўлиши ҳеч гап эмас!
Бундан нохушликлагрга иқтисодий танглик, ёки ҳокимиятнинг алмашинуви сабаб бўлади дейишади. Ҳатто, у табиий ҳол, биз дилектиканинг бу қонунини бошдан кечиришимиз зарур деб ҳам ёзишди.
Самарқандда юз йиллардан буён бухоро яҳудийлари ва эронликлар тожиклар ҳамда ўзбеклар билан иноқ яшаб келишаябди. Уруш, очлик, тузум ва ҳокимиятнинг алмашинуви ҳам жанжалга олиб келгани йўқ. Тўғри, мустақиллик эълон қилингандан кейин яҳудийлар кетиб қолишди, аммо ҳамон келиб туришади. Ўзбеклар Чимкент, Хўжанд шаҳарлари, Афғонистонда маҳаллий аҳоли билан аҳил яшаб келаябди.
Такрор айтаман, бундай нохушликларнинг бош сабаби – миллатчилик ғояларини ёйиш, миллий маҳдудликка берилишдир. Бугун ҳар бир зиёли кишининг вазифаси Кирғизистондаги нохушликлардан тўғри хулоса чиқариш ва бундай ҳолларнинг олдини олишдан иборатдир.
Шарқда ҳамиша олим ёзувчи ва обрўманд кишиларга қулоқ тутишган. Бугун улар ўз фикрларини айтишлари керак.
Биз юқорида миллати акс эттирилган паспорт ҳақида гапирдик. Шуни айтиш керакки, ана шундай паспортлар фақат бизнинг Марказий Осиёмиздаги айрим мамлкатларда қолган, холос. Россия, Европа, Америкада ундан воз кечишганига кўп йил бўлди.
Кирғизистон ва Тожикистон парламентида бирорта ҳам ўзбек йўқлигини айтишди. Шунингдек, вазир ва ҳатто ректор ҳам йўқ дейишди. Гарчанд бу республикаларда ўзбеклар сон жиҳатидан иккинчи ўринда турсада.... Жавобан улар Ўзбекистонни айблашади. Бу ерда ҳам депутатлар ва раҳбарлар орасида тожик ва қирғизлар йўқ дейишади. Агар ҳақиқатан ҳам шундай бўлса, бунинг бош сабаби ўша паспортдаги графадан бошқа нарса эмас!
Ҳар бир миллат ўз ботқоғи билан фахрланади, дейишади. У ўзини буюк миллат, цивилизация байроқдори деб аташдан тоймайди. Аммо “Буюк миллат” деган иборанинг ўзи менда ажабланиш ҳиссини уйғотади. Ахир, у қайси миллатга нисбатан устун, демак, буюк бўлмаган миллатлар ҳам бор экан-да. Йўқ, буюк миллат бўлмайди. Хўрланган, камситилган миллатлар бўлади,холос. Инсоният энг аввало ана шулар ҳақида ўйлаши, бош қотириши шарт.
Гога Аброровия! Етмиш ёшнинг нари ёки берисида инсонда бир қатор нуқсонлар пайдо бўлади. Ўтиб кетган йиллар, фойдаланилмаган имкониятлар, яқин кишиларнинг у дунёга кетиб қолиши, у билан ҳисоблашишмаётганлиги алам қилади. Бунинг устига табиат ҳам чап қўлини чўзишини айтмайсизми. Турли касалликлар, ожизликлар. Шунда киши ўзини кўрсатгиси келади. Ва кўп ҳолларда ножўя қадамлар қўяди. Турли миллатларни, давлат раҳбарларини, обрўли кишиларни танқид қилиб, жамиятнинг эътиборини тортгиси, очко ишлагими келади. Ёки бунинг тескарисича иш тути6 турли тоифадаги раҳбарларга тилёғламасилик қилади. Хуллас, арзон обру топишга тутинади. Унга эътибор беришади, албатта. Аммо бу, обру орттириш эмас.
Умумуан, ёшликда андак экстремист бўлиш ва кексайганда компромиссга айланиш нормал ҳол. Аммо киши кексайганда ножўя ҳаракатлар қилаверса, одамлар врачга кўринишни маслахат беришдан ҳам қайтишмайди.
Оллоҳга тоат-ибодат, тазарру қилиш пайти етиб келди. Биз сиз билан анчагина гуноҳлар орттирган кишилармиз.
Сизнинг ота-онангиз машҳур актёрлар бўлишган ва отангиз сизга ўзи ижро этган ижобий қаҳрамонлардан бирининг номини қўйган, дейишади.
Сизнинг ҳам нуқул ижобий роллар ижро этадиган пайтингиз к етиб келди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий