пятница, 1 июля 2022 г.

КАЛВАК МАХСУМ НОМАЛАРИ

 НОМА № 4


Жума пешин таҳорат олиб, Аллоҳ фарзини ижро этмоқ илинжи бирла, қайдасан Московнинг масжиди жомеси, деб йўлға отлондим.
Яхшилар йўл ишора қилдилар ва аларнинг шарофати ила бағоят боҳашам, босалобат масжидларини топдим.
Художўй намозхонлар бисёр бўлуб, тоторлар, Кафказ аҳли бағоят босипо ва боғурур эрдилар, якчанд қалпоқ кийганлар кўзга кўринур, валек аларнинг либослари урунган, юпун, сақоллари поку кўрмаган эрди ва Худои таолонинг ердаги уйи, аниқроғи анинг салобати олдинда ўзларини хору хасдан беқадр, озурда, ҳуркак тутур эрдилар.
Бир фарғоналик носкадусини чиқарғон эрди, ёнидаги чечен нописанд ниқтаб, девордаги “Нос туфланмасун” хатига ишора қилди.
Тотор имом-хатиб минбар миниб такбир ва таҳлиллар қилди.
Амри маъруфинда олами ислом учун дуолар айтди. Аҳли мажлисни инсоф, адолат ва ибодатга, уламо қавмига эҳтиромга даъват қилди.
Меҳроб сари юз буруб саф тортдук. Бадаз намоз бисёр енгил тортдим ва бу дунёи бебақода ялғуз эмаслигимга шукр айтдим.
Дарвоза ташинда бирор таниш-билиш мусофирни кўрурман деб кўзум жавдираб тургон маҳал эрдиким, Дўсбек духтур пайдо ўлди.
“Иби, иби, дедим, о сани манга худо еткурди.” Биз бағр очиб кўрушдук. Бадаз ҳолпурслик у қаҳвахонага кириб гапзанон қилишни афзал билди, ман ҳам тархашлик қилмай кўндум.
Эмди бу балага таъриф берадурғон ўлсам, анинг бағоят художўй, имони бутунлигини айтиб ўтмоғим ҳам қарз, ҳам фарздур.
Магарамки, мардум ани духтур деб атаса ҳам, аслида молдухтурдур.
Беш йил ўқуб, яхши таълим олди. Аммо ишга кириши мушкул кечди.
Шу боис, чорвоси бор одамларнинг ўйига бориб, қўй-эчки-ю, қаромолларига даво бериб юрди. Иши андак авж олғач, ўйига духтурхона очди. Одамлар сигирлари ва ҳатто кучукларини ҳам етаклаб келадурғон, жониворлариға шифо топадурғон бўлдилар. Бир кун, айни пешин борсам, эшик алдинда бир урус кампир пишагини ачош қилиб шашқатор ёш тўкуб ўлтурур эрди. “ Ҳа, бабушка, дедим нима бўлди?”. “ Пишагимни ичи қотиб қолди” деди. Дўсбекка олиб кирдим, денг у дори ичдирди ва даме ўтмай жанивор тузолди.
Аммо-лекин дилсияҳлар ва таъмагирлар пайдо бўлдилар.
Ҳамсояси нобоп эрди, устидан ёзди. Солиқ катта жарима юклади.
Сўғун бор-ей, деб Москов равона бўлди.
Ман сўрамаёқ Дўсбек тириклик тарзи, қиладурғон юмуши хусусинда сухан очди.
- Бир бойнинг маймунини боқурман. Ани чўмилтирурман, авқотберурман, либос кийгизурман ва боз дағи янги ҳунарлар ўргатурман.
Бой ойиға фалон рубл берур, ани Ўзбакистон пулига чақадурғон ўлсак, миллиондан ошур.
Бундоқ чамалаб кўрсам, яхши пул. Бизнинг деҳада муаллимнинг маоши экки юз минг. Анинг ярмини пластикага солурлар, қолғонини обуна пули, газ пули, свет пули, тафтишчига нон пули, балнисага қон пули деб қайтарурлар. Ўттиз нафар балага ҳам дониш, ҳам одоб ўргататурғон муаллимга шимилдириқ ҳам тегмайдур. Духтур бўлса биргина маймунни боқиб шунча ҳақ олур. Бу қандоқ бедодлик?
Бадазон духтур деҳамиздаги қавмларини бирма-бир йўқлади ва ман аларнинг сиҳатлигини гапурдим.
- Эмди, деди бизнинг кулбага борурсиз ва бир пиёла чой нўш қилурсиз. Ва жону ҳолимга қўймай, чорчархасига миндурди. Қибла тамон якчанд чақирим йўл босгач, жамшедона қаср пайдо бўлди. Биз пастакрок ўйга кирдук ва ногаҳон ичкари ўйда турғон маймунни куруб, андак хавотирим ошди. Жаниворга жинсидан калта иштон, боз елкаси тасмали яктак кийгизилган эрди ва либослари зебо эрди.
- Бунинг номи Жексон,- изоҳлади духтур. Ҳар кун либосини янгилайман. Хўжайин уни бисёр дўст тутур, ҳар бегоҳ ани йўқлайдур, гапга соладур, бағрига босадур.
– Ну, Жексон,- духтур урусчалаб, маймунга сўз қотди,- меҳмонга таъзим қил.
Жанивор денг экки қат бўлуб, манга таъзим бажо келтурди.
- Эмди,- деди аларнинг кафшларини тозалаб қўй. Давай, давай!
Магарам кафшим тоза бўлса ҳам махлуқ, латта олиб уни артди ва ман андак ҳижолат тортдим. Бадазон денг, духтур маймуннинг олдига хонтахтача қўйуб, устига банан, пишган лўбиё, нон, шарбат ва дағи алланималарни тортди ва: “ Қани, дастархонга марҳамат”, деди. Бад ўзимизга ҳам дастархон ёзиб, шуноқа неъматлардан қўйди. Бадаз таом маймун алланима деб ҳиқиллади. “Яхши, яхши, сейчас, деди ҳамроҳим ва изоҳлади - Жексонни пешоблари танг қилди.” Сўнг жаниворни ҳожатхонга олиб кирди. “Эмди қўлингизни ювинг, деди унга, ҳаял ўтуб чиққач. Маймун бўйсўнди. Ҳамма жо-бажо бўлди ва боз жаниворга сухан қилди. “Эмди меҳмонга булбул бўлуб хониш қилинг.” ”Жанивор бўлса бошини сарак-сарак қилиб, инкор ишорасини қилди. “Майли, майли, ундоқ бўлса, от бўлуб кишнанг.”
Жанивор денг, отнинг худди ўзи бўлуб кишнади ва ман беҳад сарафроз ўлдум.. Дўсбек каминага қараб давом қилди. “Боз қарға, қарамол, жиблажибон, Жексонга ҳам тақлид қилур. Эмдиликда нарда ўйнамоқни ўргатурман. Бади бир-экки сана хўжайин бирла нарда сурадурғон бўладур.”
Шу тариқа таъриф-у, роса тафсин қилди ул бадбашарани.
-Урус – яхши халқ,-давом берди у,- аммо баччағарлар кўп ичурлар. Аёл-у эркак, бачча-ю, бобой тап тортмай, худодай қўрқмай, майнўшлик бирла бандурлар. Ўтган якшанба денг, Худо бир раҳм қилди. Казо-казолар меҳмон бўлиб келғон эрдилар ва базми Жамшед қилдилар.. Хўжайинни кайфи авж олиб: “Жексонни олиб киринглар,” деб фармойиш қилди. Хавотир ва андеша аралаш жаниворни етаклаб бордим. Хўжайин сарафроз ўлуб: “Жексон, қани меҳмони мўҳтарамларга бир таъзим бажо қил” деди. Бу рад қилмай, заифу мардга бирма-бир бош хам қилиб чиқди. Меҳмонлар бадмастлик ила шодон ханда қилдилар. “Эмди хонимларнинг қўлини муччи қил” фармойиш берди. Қайсиямки заифа инжиқлик ва ноз-фироқ қилмай қўл узотди, жанивор бўса қилди. Беҳисоб ханда қилдилар, сарафроз ўлдилар. “Эмди, деди хўжайин Жексон бўлурсан, ўйин тушурсан” Ани саҳнага чиқориб, мусиқани валанглатиб қўйдулар. Бу жанивор бўлса, ўзум ўргатгандай, мусиқага ҳамоҳанг вужудини ларзага солар, Жексондак шахдам ва боз ҳайратзеб қилиқлар қилар, авоз кўтарурди. Заифу мард жўр бўлуб, эчкидак дикирлаб, ўйин тушур эрдилар. Шавқун-сурон эрди.
Бадаз танаффус денг, кўзига айнак олғон, депутат меҳмон авоз кўтарди: “Эмди анга арақ ичирурмиз.” “Тақсир, дедим, қўрқуб, бу - маймун, зинҳон ва зинҳор одам эмасдурки, шароб ичса.” “Бас қил, дурак, деди, сан билмайдурсан, маймун - мана бизлармиз. Бу аждодимиз. Ичадур! Заставить қилурмиз! Маймун ҳам нўш қилади, сан ҳам, деди ҳамширағар. Бу қандоқ хунук кўргуликки, ҳамма нўш этса-ю, бу бедаво ичмаса. Ё бизни одам ўрнида кўрмайдурми? Нима намоқулчилик?”
Рости гапки, ўттуз йиллик тоат-ибодатим хоку туроб бўлишидан ваҳм қилиб, қўрқуб кетдим. Якчанд занғар бадмастлар жаниворни тутиб турдилар, айнак олғон бераҳм унинг оғзига ҳишша суқди.
Жанивор бисёр азоб тортди.
Машойихлар демишларким, девона гурез, маст омад, маст гурез, зармаст омад. Бу бандалар зармаст ва ҳар балолиққа мойил эрдилар ва қочмоқлиқ ҳунар ҳисобланур эрди.
“Марҳамат, Жексонга газак,” деди меҳмон бир бананни узотиб.
Аммо беандеша маймун газакдан юз ўгуруб, депутатнинг бетига бир лахт туф деб юборди. Ул баччағар қаҳрга минди, ғазаб бирла: “таппончамни беринглар, бу махлуқни отурман” деди. Аҳли базм саросима ҳамда хавотир ила сукутга чўмди.
“Қоч,” дедим маймунга, баландни имо қилиб. У бир ҳаллоз ила экинчи қаватга чиқди-ю, кўздан пана ўлди.. Ғала-ғавур бўлуб, бадбахт депутатни алқашга, жаҳлдан тушуришга жазм қилдилар. Заифаси, қайсиким, анинг елкаси ва тахтапушти яланғоч, этаги йиртилғон эрди ва бу нимлучлиги ҳар қандоқ эркакни ҳирсу-хаёлини бузур эрди, ул бадмаст ва жаҳолатманд эрини қучоғига қўчуб, Худонинг зорини қилди.
Ман пишакдак оҳиста чиқиб, надомат ила кулбамга йўл олдим.
Қарасам, бу жанивор каминага мунтазир бўлиб турғон экан. Дедимки: Ҳай-ҳай беодоблик қилдинг.”
Ҳижрий 1431, мелодий 2010, зулҳижжа, бегоҳи чаҳоршанба санасинда битдим. Мусофирхона. Боз давомини ёзурман, деб қўл қўйдум. Калвак ибн Махсум ва дағи ас Самарқандий.

Комментариев нет:

Отправить комментарий