вторник, 26 июля 2022 г.

4. ЖУМАНАЗАР АКА САРГУЗАШТЛАРИ

 



      
                       Тўртинчи вароқ
                                Ҳазил
     Уйга кириши билан, хотини қувониб кетипти.
    “Қаёқларда қолиб кетдингиз?”
     “Қишлоқ тинчми”? сўрапти Жуманазар ака.
      “ Маҳалла раиси билан милиса излаб келганди сизни”.
     “Нима иши бор  экан” хавотир аралаш сўрабди Жуманазар ака.
    “Билмасам, Блогер деган жўрангиз бор экан, ўша билан юзма-юз қилишармиш. Жуманазар аканинг кўз олдига, бир вақтлар у билан суҳбатлашган Ҳаққул деган блогер тушибди. Бечорани негадир жиннихонага ташлашгани ҳам қулоғига чалинган экан.

    Дарҳақиқат, эрталаб пайдо бўлишипти ҳалиги расмийлар.
    “Жуманазар ака, машинага мининг, бир ерга борамиз”.
     Бўйсунмасликнинг эса иложи йўқ экан. Улар анча йўл юришибди ва машина пештоқига “Руҳий касалликлар шифохонаси” деб ёзилган бино олдида тўхтабди.
   “Баъзи нодонлар  бу ерни жиннихона дейишади, аслида, ана шу одамлар руҳлар билан гаплашадиган фаришталардир,” деб Жуманазар акани алдаш ва аврашга тушипти милиционер.
    Улар иккинчи қаватга кўтарилиб, олтинчи палата қаршисида тўхтаптилар. Остонадаги гиламчада эса “W E L C O M E” деб ёзилган экан. Ҳамроҳлар Жуманазар акани енгилгина итариб, ичкари киритишгач, ўзлари шошилинч ғойиб бўлишипти.
    Хонада ўндан ортиқ киши бўлиб, бари ғайритабий экан. Бир одам ўзи билан ўзи  гаплашса, бошқаси баланд овозда шеър ўқирмиш.
   Жуманазар ака ҳаммасини тушуниб, етипти. Буни қарангки, бир маҳал у ўша таниш блогер (Ҳаққул)ни учратиб қолипти.
    “Сени ҳам шу ерга ташлашдими? Баттар бўл, занғар! Сенинг касофатингга мен ҳам шерик бўлиб ўтирипман”, депти Жуманазар ака гинаомуз.
    Бир маҳал халатлари кирланиб кетган,  ҳаёли худди маст ёки наша чеккан кишидай паришон духтур кириб, янги келганларни суриштирипти. Блогер Жуманазар акани кўрсатиб, у кишини таништиргач, духтур бамайлихотир унинг қаршисида ўтириб, алланималарни сўраган бўлипти. Сўнг қўлидаги резина болғача билан тиззасига секин уриб кўрипти ҳамда беихтиёр савол берибди:
    “Ҳозир нечанчи йил?”
   “Ўн тўққизинчи”.
    Жавобни эшитиб доктор ўйланиб, иккиланиб  қолибди. Кейин ташкари чиқиб келиб, унинг хатосини тузатган бўлибти.
  “ Ҳозир икки минг ўн тўққизинчи йил экан.  Сиз хотира пасайиш дардига учраганга ўхшайсиз, буни бизнинг тилда “острий склероз” дейишади”.
  Қўлидаги дафтарига алланимларни ёзгач, ҳалиги болғачани соат капкиридан ўнг ва сўл томонга олиб бориб олиб келипти ҳамда саволда давом этипти.
    “Айтингчи, қўлимда нечта болғача бор”.
    “Ўн учта” жавоб берипти , Жуманазар ака асабийлашиб.
  Духтур болғачага ажабланиб, шубҳа билан узоқ термулибди ва: “ Адашиб бошқасини олиб келибман”, деб чиқиб кетибди.
   Шу пайт ўрта ёшлардаги бир киши келиб, Жуманазар акага ўзини таърифлайбошлапти.
   “ Менинг бобом босмачиларга қарши курашган, отам ҳақиқий коммунист бўлган. Булар эса мени порахўрга чиқаришмоқчи. Айтинг, шундай авлоддан порахўр  чиқиши мумкинми?”       Жуманазар ака бу одамнин жиннилиги ёки соғлигини билмай ва нима дейишини чамалаб турганда блогер  изоҳ берибди
    “ Жуманазар ака, бу кишини танимадингизми? Бу одам, ўша машҳур прокурор Абдурашид ака-ку. Қамоқдан чиқиб кетиш учун ўзини жинниликка солган. Сизни СНБ одами деб ўйлади”.
    “Шунақаси ҳам бўладими?”
  “Буниси ҳали ҳолва: жинни ролини шунчалик қотириб ўйнайдиганлар собиқ амалдорлар борки...Юринг, мен тағин биттаси билан таништираман.  Бегона одам ёки комиссия келса, ҳақиқий жиннига айланади қолади”.
    Улар нариги бурчакка ўтишибди. Блогер деразага қараб: “Ана комиссия келяпти”, дейиши билан каравотда ўтирган ўрта ёшлардаги киши, жазавага тушиб шеър ўқийбошлабди.
    “ Ассалом рус халқи, буюк оғамиз.
      Озодлик йўлини сиз кўрсатдингиз.
       Қардошлар сафида ўзбек топти шон.
      Дарёлар бўйида эдик сувга зор...
   “Бу одам иттифоқ даврида райком секретари бўлган, изоҳ берипти Ҳаққул, Ўзбекистонниг ўша пайтидаги мадҳиясини ўқияпти. Мустақиллик эълон қилингандан кейин, аввал туманга, кейин вилоятга ҳоким бўлган. Зичлаб пора олган. Қўлга тушгач, ўзини  жинниликка солиб ўтирибди. Локинда қўли узун, қизталоқнинг. Пихини ёрганлардан: уни   ушлаб берганларнинг барини қаматиб юборди, тергов қилганларни ишдан бўшатди”.
    “Жиннихонада турибми?”
   “ Шундай.  Бу ердан: “руҳий касал экан” деб ҳужжат олади ва кўп ўтмай тағин ҳоким бўлади. Ҳақиқий, урса - қўпарлардан! Ана кўрасиз”...
    Собиқ ҳоким эса ҳамон монолог айтишда давом этарди:
   ”Ким эдиг-у ким бўлдик. Яшасин юртбошимиз! Яшасин! Яшасин! Яшасин!”
     Кейин эса русчалаб, тантана ва виқор билан давом этди:
     “Многоуважаемые депутаты! Внощу предложение, считать почетным членом нашего президиума Политбюро Коммунистического партии Советского Союза, во главе Генерального секретаря Леонида Ильича Брежнева!”
   Шу гапни айтгач, ўрнидан туриб, алламаҳалгача қарсак  чалибди.
   Бу орада блогер, яъни Ҳаққул кимгадир телефон  қиларди.
   “ Чеховнинг “Олтинчи палата”сидан бу ернинг фарқи анчагина. Унда палатадаги соғлом одам  атиги битта бўлади. Бу ерда уларнинг сонини аниқлаб бўлмайди. Бюджет маблағини тежаш мақсадида қоровуллар, назоратчилар, докторларни ҳам жинниларнинг ўзларидан қўйишган. Чеховнинг асарида жинниларни  уришмайди, бу ерда махсус одамлар бор. Касалларга сигарет, арақ, наша ҳам сотишади. Қариндошлари кўргани келганда, пулни ундириб олишади”.
   Бир маҳал ўрта ёшлардаги киши Жуманазар акага мақтаниб қолибди.
   “Буларнинг орасида энг ақллиси ўзим, қолган бари - жинни. Гитлер: шу иккинчи этаждан туриб сиямиз, деди, қани кимники узоққа кетади”.
   “Йўқ, дедим пастдагилар сийдигимдан тутиб, тортиб олишлари мумкин”.
   “Ана шу ҳақиқий жинни бўлса керак”, ўйлади Жуманазар ака.
   Кейин эса блогер икковлари ўтириб, бу ердан қочиш режаларини тузишга киришишипти.

Комментариев нет:

Отправить комментарий