Учинчи вароқ
Ҳазил
Эрталаб турса, уни хушқомат Юпитериан эмас, бегона бир йигитча кутиб турган экан.
“Юпитериан хоним қани”, сўрапти Жуманазар ака норози оҳангда.
“Юпитериан хоним қани”, сўрапти Жуманазар ака норози оҳангда.
“Рухградга кетди”.
“ Нега кетади?”
“Марҳумлардан шикоят тушган экан.”
Жуманазар ака бу гапнинг моҳиятини тушунмапти.
“Нега мендан сўрамай кетади?”
“ Бизда ҳеч ким бировдан рухсат олмайди”.
“Бошболдоқсизлар!”
- ...
“Отинг нима, сўрапти Жуманазар ака.
“Миррихий”
“Сан нима кароматлар кўрсатасан?”
“Истакларингизни барини бажо келтираман”.
“Уч йилдан бери бел оғрийди, оёқ ҳам қақшайди. Пахтага сув тарардим; далада ётмасам, раис қамчи билан туширарди. Ўшанда орттирганман. Санаторияга путёвка сўрагандим, раис кулиб юборди.
“Путёвка отлиққа йўғ-у, санга йўл бўлсин”, деди.
“ Юринг, ўзим ҳал қиламан”, дебди Миррихий.
Улар тиниқ сув тўла мармар ҳовузга етиб борибдилар. Жуманазар ака Миррихий айтгандан қилиб, чўмилиб чиққач, вужудидаги дардлардан батамом фориғ бўлибди.
“Жуманазар ака, тағин қанақа муаммолар бор”, сўрабди Миррихий.
“Бугун уйга қайтаман; у- бу олишга кўмаклашарсан”...
Миррихий Жуманазар акани ўлкан бир супермаркетга олиб борипти. Аммо бу ердаги неъматларнинг бирортаси Жуманазар акага ёқмапти: турли-туман таблеткалар, скафандрлар..
”Ундай бўлса юринг, мошин дўконига олиб бораман”.
Бу ерда ерда юрадиган автомобиллардан кўра, учиб юрадиганлари кўп экан.
“ Истаганингизни олинг, бари текин”...
“Бу дарахтгами, симёғочгами урилиб кетмайдими?”
“Барини четлаб ўтади: ақлли ликобча”.
“Таможний масаласи”...
”Бизда унақаси йўқ”.
“Акам бор эди, бир куни тележка устида ухлаб қолган. Пахта терадиган овсар тракторчи, билмасдан унинг устига бункерини бўшатиб юборган. Ўлигини пахта заводидан топиб келишди. Шунинг ўғлига ерда юрадиган машина олиб борсамми, дейман. Аммо буни қайси пулга олдинг, деб бошимни қотиришлари тайин. Яхшиси, бироз пулдан қарашивор”.
“Жуманазар ака, бизда пул деган нарса йўқ: бари текин.”
“Қандай?”
“Жуманазар ака, бу гапни қўйинг, айтингчи, боришингиз билан сизни мухбирлар, блогерлар ўраб олишади: саволларга кўмиб ташлашади. Хўш, нималар дейсиз биз тўғримизда?” “Қишлоғимиздан Жобирвой деган Америкага бориб келиб, ўша юртни мақтаган эди , олиб кетишди; ўн йилдан бери дараги йўқ. Бу гал мухбирлардан узоқ юраман. Жуда мажбур қилишса, коинотда аҳвол оғир дейман. Ейишга нонлари йўқ, пул ҳам чатоқ, десам ёлғон гапирмаган бўламан. Сих ҳам куймайди, кабоб ҳам…Ўтган гал мен билан гаплашган блогерни жиннихонага ташлашган. Хотинимга ҳам айтмайман. Бизларнинг аёллар ўқимаган, қолоқ. У гал коинотга бориб келдим, десам, “молга емиш олиб келмадингизми, ғўзапоя ҳам тугаган эди”, деб таъбимни хира қилди. Ёзи билан хашак билан ғўзапоя ташийман - барибир етмайди.”
“Молингиз кўпми?”
“Бир бош очофат сигир бор, холос. Саҳар туриб, шохиданми, қулоғиданми ушлаб, силаб-сийпаб тураман, аёлим соғиб олади. Буни саватнинг остига қўйиб, кеча соққанини қаймоғини олади, кейин сут билан қаймоқни шаҳарга олиб бориб, сотиб келади. Қайтишда буханка нон, нонга суйкаб ейдиган сариёғ, болаларга дафтар-қалам олиб келади. Бир куни мен ҳам човани кўтаришиб бордим. Йўлда бир “Дамас”дан тушиб, бошқасига ҳам миндик. У бизни микрорайон деган жойга олиб борди. Хотиним ҳалиги қаймоқни мижозига бериб қайтиб келди. Кейин “Малако” “малако” деб бақирди.
“ Менга қара, дедим жаҳлим чиқиб. “Сут кетди” десанг, ўласанми? Ўрислар кетиб қолган-ку”.
“Бу ердаги ўзбеклар културний: “сут кетди” десам, бирортаси чиқмайди”, деди.
Хотиним бу гал овоз берганда, иккинчи қаватдаги бир дераза шарт очилиб, сочлари тўзғиган аёл кўринди. “Ҳой, намунча бақирасан, ҳаммани ўйғотиб юбордин-ку. Ҳе сутинг бошингдан...”
Мен, беихтиёр ўша аёлни ҳам, хотинимни ҳам ёмон кўриб қолдим: жаҳлим чиқди. Аёлимнинг бўлса, мендан хижолат чекканлиги сезилиб турарди, боиси: боя келишда, бу ерда танишларини кўплигини, уни ҳурмат қилишларини гапириб, андак гариллаб қўйган эдида.
Кейин бакалашка, кострюлка кўтарган аёл, эркак харидорлар пайдо бўлишди. Бир аёл хотиним билан эски қадрдонлардек, батафсил сўрашди.
“ Ана у киши болаларимнинг адажониси бўладилар, деди хотиним мен томон имлар экан, ийиб кетиб. Ўзлари жуда хушфеъл, меҳрибон. Яқинда Тошкентдан болаларга пайпоқ, жемпер олиб келдилар”.
Буларнинг бари уйлирма, аниқроғи орзулар эди. Аслида, мен ҳали Тошкентга бормаганман. Менга қара, дедим қайтишда, шаҳарга қатнайвериб, шаҳарлик бўлиб кетибсан. Худодан қўрқмайсанми, ёлғон гапиргани. Мен энди сен билан келмайман! Сани ҳам қўймайман! Қаймоқни ўзимиз еймиз, шаҳарлик заҳарни есин.” Эрталаб қарасам, тағин шаҳарга отланяпти; тепиб юбордим, қўлидаги коса ерга тушиб, чил-чил бўлди. Чинни синиқларини териб олар экан, вазиятни юмшатиш учун бўлса керак: “Майли, келган бало шунга урсин”, деди. Дастурхон устида ҳам ҳазил мутойибалар қилган бўлди. Кейин йиғлаб юборди.” Бирортасини пайпоғи, жемпери йўқ. Ҳувв, ҳув... “ Бас қил! Бақириб бердим...”
“Бечора аёл, деди Миррихий ачиниб, дунё азобларини роса чеккан экан. Жуманазар ака, йўқ деманг, мен шу аёлга қимматбаҳо бир нарса бериб юбораман. Беҳад қувонади...”
“ Керак эмас, рад қилди Жуманазар ака, бироз пул сўраган эдим, қўлинг қалтираб, ёлғон гапирдинг...”
“ Ишонинг, бизда пул бўлмайди.”
“ Қўй-е еб кетмас эдим.
“ Оббо...
“ Мани Ерга тушириб қўй...
Комментариев нет:
Отправить комментарий