2
Дўстимнинг
ойиси бизни вокзалда ҳаяжон оғушида кутиб олди, каминага ҳам самарқандликларга
хос илтифотлар кўрсатди.
Бу ерда
бир неча аёллар сабзавот, мева ва
ширинликларни саралаб, тарозига тортишар ва
махсус целлофон халтачаларга
солиб, пештахталарга теришар экан.
Яшаш шароитлари эса мақтагулик эмасди.
Катта магазиннинг усти қаватидаги хона парда билан иккига бўлинган бўлиб,
буёғида аёллар, нари томонда эркаклар
ётишаркан. Кечаси булар ётган тўшакка
эрталаб бошқа сменада ишлаганлар келиб ухлашаркан.
Эртаси
магазиннинг хўжайини ( уни Босс дейишаркан.
Бу, унинг номими, лақабими – англолмай
қолдим) кабинетига кирганимизда, эътиборимни, энг аввало, деворга илиб қўйилган боксчиларнинг бир жуфт қўлқопи тортганини айтиб ўтишим керак.
Бошлиқнинг қорувли гавдасини кўриб,
спорт билан шуғулланса керак, деб ўйладим.
У мен билан кўп гаплашмади. Қаерда ўқиганим, ишлаганимни сўриштирди; судда ишлаганимни эшитиб, мамнун жилмайди.
− Русчани тузук биларкансан: сотувчи
бўласан,- деди ва ёрдамчисига
алланимларни тайинлади. Униси мени пастга эргаштириб тушиши билан тағин қайтариб юборишди.
− Янги келган гастарбайтерни олиб, Боссга бораркансан,-деди
бу ердаги амаки ҳамроҳимга.
− Мен сенга бошқа иш топдим,−деди бошлиқ бу гал. Ҳозир мен билан кетасан. Бир жойга
борамиз...
Биз тағин пастга тушдик ва машинага миндик.
− Дачага ҳайда,-буюрди у шоферга ва менга
дала ҳовлисига қоровуллик қилишимни, у
ердаги жониворларга қарашишимни айтди.
Биз дарёлардан ўтиб, ўрмонлар оралаб, анча
йўл юрдик. Унинг дала ҳовлисида қанақа жониворлар борлиги билан жуда
қизиқаётган бўлсам ҳамки, сўрашга ботинолмадим. Қаршимизда паст-баланд ва тартибсиз қурилган дала
ҳовлилар пайдо бўлди ҳамда биз улардан бирининг олдида тўхтадик. Босс дарвозани очиши билан, бир маймун югуриб келиб, унга хушқилиқлар қилабошлади ва алланималардан хавотирона
огоҳлантираётгандай, чийиллаб, хўжайиннинг елкасига миниб олди.
− Робинзон,
мени соғиндингми,- шакаргуфторликлар қилди, ўз навбатида хўжайин ҳам жониворга.
Маймун эса нуқул чийиллар, хўжасини кўрганидан сарафрозлигини изҳор этишдан чарчамас, гоҳида уни ўпиб олар, либосидаги чангларни қоққан бўларди.
− Буни Африкадан олиб келишган. Сен билан
бир хонада яшайди, нима есанг, бунга ҳам ўшандан берасан, − менга уқдирган бўлди Босс деганимиз. − Бу гал
келганимда уни домга олиб кетаман.
Кейин, чўчиб турганимга қарамай хўжайин Робинзонни
менинг елкамга қўйди ва ола-була рангдаги
итини қафасидан чиқариб, қучоқлаб олди уни аллақандай
егуликлар билан сийлади. Итнинг лақаби Казбек,
зоти долматин эканлигини эса кейин билиб олдим.
Кейин эса менга уқдирди:
− Буларга яхши қарайсан, эҳтиёт бўласан...
Илондан қўрқмайсанми,− сўради ўша оҳангда ва давом этди: − Мен сени Наполеон билан ҳам таништираман. Бу анакондани Америка қитъасидан
олиб келишган.
Рости гапки, бунақа катта илонни умрим бино
бўлиб кўрмаган эдим. Сесканиб тушдим ва нари кетдим. Кейин қуёнлар боқилаётган катакка бордик. Босс бир
қуённи тутиб олди-ю, келтириб илонга ташлади. Наполеон жониворни қай
тариқа ямлаб-ютишини кўришга қизиққан эдим, аммо у ўлжасига қайрилиб ҳам
қарамади.
Хўжайин Робинзон
билан ётадиган хонамизни, кўрсатди.
Эгаси яқиндагина анчайин шошиб кўчиб кетгандай, чорпоя ва диван устида турли либослар,
жиҳозлар сочилиб ётарди. Нариги хонада эса
музлатгич, газ плитаси, егуликлар
анча-мунча эди.
− Ҳозирча ҳамма нарса етади,- деди Босс жўнаш
олдидан − Мен бирор ҳафтада келаман. Наполеонга овқат берма – ўша қуён унга бир
ойга етади. Овқат берсанг ҳам, барибир емайди.
Мен тинч жойни топганимдан қувониб,
чорпояга чўзилдим. Ҳадемай, Робинзон ҳам менга кўникиб қолди. У гоҳида ташқарига чиқиб келиб,
ташвишли чийиллар, алланималарни уқдиргиси келарди. Чиқиб қарасам, атрофда
бирор одам ёки ит юрганлигига гувоҳ
бўлардим.
Эртаси қизиқиш билан Наполеоннинг хонасига қарасам, шўрлик қуёндан ном-нишон йўқ. Бу очофат уни паққос туширганини билиб олиш қийин
эмасди. Кейин Казбек билан Робинзонни эргаштириб, сайрга чиқдим.
Атрофда талай дала ҳовлилар қурилган
бўлиб, айримларидагина одам кўринарди. Салқин тушабошлаши билан кўплар
кўчиб кетганга ўхшарди.
Дарҳақиқат, фароғатли кунлар бошланганди. Истаган таомимни пиширардим,
овқатдан кейин маймун билан итни эргаштириб, ўрмонларни кезардим. Осмон-у фалакка бўй чўзган улкан қрим қарағайлари, эман ва шумтоллар
орасида сайр қилиш гаштини айтмай
қўяқолай.
Учинчи куни илондан хабар олдим-у, бу очофат ҳалиги қуённи
қандай қилиб еганлиги билан тағин
қизиқиб қолдим, бу ҳолни ўз кўзим билан кўрмаганимга ачиндим. Кейин, анчайин мулоҳазалардан сўнг ўша катакдан бир қуёнчани тутиб, газандага ташлашга қарор қилдим. Жониворни тутиб, илоннинг террарийсига олиб бораётганимда,
одатдагидек маймун югуриб келди-ю,
елкамга миниб, мени аллақандай хатардан огоҳлантирган бўлди. Назаримда у қуёнчани ажал комига
отмаслигимни сўраётгандай эди.
Мен маймуннинг
имо-ишорасини тушуна туриб, унга қулоқ тутмаганимга кейин итдай
пушаймон бўлганлигимни айтиб ўтишим керак. Шўринг қурғур қуёнчани анаконданинг олдига итқитиб юборишим билан, Робинзон ҳам бир сакраб, қуённинг олдига
кирди ва уни ажал оғзидан зудлик билан чиқишга даъват этабошлади. Бу ҳам етмагандек, важоҳатга кириб, баҳайбат анакондага таҳдид ҳам қилди. Газанда эса бундан чўчиб, андак нарига
чекинди. Шунга қарамай, бадбахт маймун
ажал комидан чиқмас, уни кириб олишга эса юрагим сира дов бермасди. Зорланиб
роса чақирдим, локинда тариқча натижа
чиқмади. Кечки овқатга қозон
илиб, олов ёққан эдим, қайсар Робинзонни
кейинроқ келиб чиқариб олишни мўлжаллаб, эшикни хўжайин айтгандай қилиб беркитдим. Бирор соатдан кейин келиб қарасам, илоннинг
бўйни ҳайратомуз бўлиб дўппайган, оғзидан эса ниманингдир думи чиқиб турибди.
Мени даҳшат босди: бу − бечора маймуннинг думи эканлигини таниб қолгандим. Қуёнча эса, ҳеч гап бўлмагандек, ўйнаб
юрарди. Очофат Наполеон Робинзонни ямлаб ютишини хаёлимга ҳам келтирмаган эдим,
зеро бунга ақл бовар қилмас эди.
Жума, шанба кунлари томоғимдан овқат ўтмади,
оқибат нима бўлишини билмай, гоҳида
уйқум келмасди.
Босс якшанба куни чошгоҳ маҳалида кириб
келди ва маймун югуриб келиб, одатдагидек,
елкасига минишидан умидвор бўлиб турди.
Сўнг хавотирга тушиб, мен томон
ўгирилди.
– Қани у?
– Йўқ.
– Нима бўлди?
Мен йиғламсираб ва тутила-тутила бўлиб ўтган нохушликни гапираётганимда, елкам-бўйним аралаш мушт
туширди. Йиқилдим ва ўрнимдан туриб, жон ваҳимасида қочмоқчи бўлгандим,
бир ҳакалашдаёқ етиб олди, ёқамдан маҳкам тутиб, судрайбошлади.
− Йўқ, осонлик билан қутулиб кетолмайсан!
Мен сени
ўлдириб хумордан чиқмасам бўлмайди. Сен ярамас осиёликларни барингни қириб юбориш керак! Сенга ўхшаганларнинг юзтаси ҳам Робинзонга
арзимайди! Аблаҳ қулваччалар! Мен буни кечирмайман! Қонингни ичаман!
Мен
юлқинганим сари, у ножинс маҳкамроқ тутар, зорланишларимга умуман қулоқ
солмасди. Куч билан судраб, илоннинг террарийсигача
олиб келгач, муддаосини тушундим: у мени Наполеонга
ем қилишни мўлжаллаганди. Аммо ажалим етмаган эканми, зорим
худога етдими – ғалати тасодиф рўй берди. Мени итариб симтўр ичига тиқмоқчи бўлганда, ўзимни имкон қадар четга
олдим ва эшикка бориб урилдим. Эшик қўпорилиб, ичкарига қулаб тушди. Аноканда тилини ўйнатиб, биз томон келаётганда, жаллод хўжайин
мени қўйиб юбориб, Наполеоннинг йўлини
тўсишга мажбур бўлди. Оний фурсатдан
фойдаланиб, ўзимни дарахтзорга урдим.
Азроил
таъқибидан қўрқиб, қочавердим, қочавердим. Юзим бута ва дарахт шохларига урилар, оёғим
ногаҳоний чуқурларга тушиб қолар, лекин мен ортимга қарамай қочардим.
Қанча чопганимни билмайман. Бир лаҳза тин олиб, ортимга қараганимда, ажал шарпаси ортда қолгандай бўлиб туюлди. Энди дуч келган томонга қараб, ҳансираганча, яёв кетабошладим. Бирор соат чамаси йўл
босганимдан сўнг эса, мени тағин ваҳима босабошлади. Гўё бир ажалдан қутулиб,
иккинчисига рўбарў бўлгандай эдим. Бу кимсасиз ўрмонда чарчоқ ва очликдан
силлам қуриб жон беришим ёки бирорта ваҳший ҳайвонга ем бўлишим ҳеч гап эмасди.
Кейин бир сўқмоқ эътиборимни тортди. Бобомнинг: “Сўқмоқлар катта кўчаларга олиб чиқади,” деган гапларини
эслаб, ундан чиқмай кетавердим. Бир
маҳал қаршимдан каттагина анҳор чиқди. Унинг соҳилига кимдир қайиқ боғлаб
қўйганди. Демак, шу атрофда инсон зоти
бор, деган умиддан энтикиб кетдим ва ўзимни тўхтатолмай йиғлаб юбордим. Увотга
ўтириб олиб, ўпкамни бўшатиб олгунча йиғлайвердим, йиғлайвердим. Ҳалиги Босснинг
қўлида ёки ўрмонда ўлим кетсам, бечора онам зор-зор йиғлаши кўз ўнгимга келар ва батарроқ ўксирдим.
Бир маҳал қайиқ олдида букчайиб юрадиган чол
пайдо бўлди. У нажот чароғи бўлиб
кўринди кўзимга ва беҳад қувониб, унинг олдига югурдим, қуюқ салом бердим.
Муйсафид алик олгач, адашиб қолганимни
тан олиб, Москвага борадиган йўлни суриштирдим.
− Сен осиёликмисан, гастарбайтермисан,- саволимга жавобан савол қайтарди чол.
Мен
маъқуллаб, бош силкидим...
Шукурки, бу дунёда яхши одамлар кўп. Бу одам анҳорнинг нари томонидаги йўл
посёлкага олиб боришини, у ердан автобусларга миниб, шаҳарга етиб олиш
мумкинлигини тушунтириб бериш билан қаноатланмай, мени қайиғига миндириб,
сувдан ўтказиб ҳам қўйди .
Кечга яқин шаҳарга етиб келдим ва вокзалнинг
юк туширадиган станциясини суриштирдим. Бунинг сабаби шундаки, мазкур станцияда ҳамиша иш, ётоқ топилиши қулоғимга чалинган эди.
"жАДИД" романидан
Комментариев нет:
Отправить комментарий