среда, 21 августа 2019 г.

ОПА

Бунақа салобатли, шукуҳли боғни биринчи бор кўришим. Киши ўзини ногаҳонда бокира, улуғвор гўшага кириб қолгандай ҳис қилади, атрофдаги анвойи гулларнинг хушбўй ҳиди туйғуларингизни қитиқлаб руҳингизга сокинлик ато этади. Намчил асфалт йўлаклар сизни боғнинг тўрт томонига чорлайди. Дарвоза (ёғочдан ўймакор қилиб ясалган)дан кирган заҳотингиз арғувон, эман, сановбар ва номлари кўпчилигимизга ноаниқ бўлган манзарали; нарироқда эса мевали дарахтларга дуч келасиз. Ўртада баланд қилиб қурилган, зиналари мармар қуббали шийпон.
Биздан ташқари ҳам талай кишилар ариқларни тозалаш, супуриш-сидириш, сув сепиш билан банд эдилар; шийпонда стол безатишарди, ўша томондан доғланаётган зиғир ёғнинг ҳиди анқирди - буларнинг бари анчайин нозик меҳмон ташрифидан далолат берарди.
Бизни бу ерга олиб келган амаки ишбошиларга тақсимлади. Мени, скамейка тузатаётган, нимаси биландир қайнотамга ўхшайдиган олтмиш ёшнинг нари-берисидаги, ўртабўй, босиқ нигоҳли отахонга рўпара қилди.

- Сизга бир киши етадими?
- Етади,- қисқа жавоб берди амаки ва беихтиёр сўради: - Опанинг келишини Ўлмас аканг биладими?
У жавобан маъқул ишорасини қилиб, бош силкиб қўйди. Амакининг топшириғи билан арча ва кўпчилигимиз «ўрис қарағай» деб атайдиган дарахтларнинг танасини оқлашга киришдим. Иккинчи дарахтни қўлдан чиқарган ҳам эдимки, «Опа келдилар?» деган даъват эшитилди: кўпчилик саросимага тушди, ишбошилар эшик томон равона бўлдилар. Аммо амаки ўрнидан жилмади, унинг юзидан «қилт» этган бирор ифодани ҳам англаб ололмадим. Бу - ғалати ҳолат эди. Атрофдагиларнинг таъзим-у тавозеларидан сармаст бўлган меҳмонга таъриф берадиган бўлсам, қирқ беш ёшларнинг нари-берисидаги хушфеъл, хушсурат жувонни кўз ўнгингизга келтиришингизга тўғри келади. Унинг тўладан келган қомати, ана шу қоматга монанд тикилган қимматбаҳо либослари; олтин, бриллиант тақинчоқлари, киборона юришлари кишини лоқайд қолдирмасди. Жувон атрофдагиларга ўзбекча, тожикчалаб сўз қотар, одамларнинг дилини топишга уринар, буни қойилмақом қилиб уддаларди.
- Йўқ, йўқ, дерди у,- чой ичмайман - боғни соғинганман, сизларни соғинганман: аввал роса айланишим керак.
У одамлар қуршовида, икки томонига кумушранг арча ўтқазилган йўлак бўйлаб, алланималарни эслаганича, оҳиста-оҳиста, улуғвор, сармаст қадам ташларди. Мен ўша томонга тикилиб, йўлак бошида аллақандлай кўлни, унда сузиб юрган ўрдакларни кўрдим.
- Эҳ, қармоқ олиб келмабман, қармоқ,- деди меҳмон боладай ҳайқириб.
- Қармоқ бор, ойтимулло,- деди кимдир ҳозиржавоблик билан.
- Ишларингдан қолманглар, боринглар - мен ёлғиз сайр қилишни яхши кўраман,- деди у инжиқ эркаланиш билан. Аммо ҳеч ким уни тарк этмади. Чунки опа бу гапни шанчаки илтифот учун айтганини ҳис қилиш қийин эмасди.
Бу ердагилар ўз ролларини анчайин уддалаб бажараётган актёрларга ўхшаб кетарди. Ўгирилиб, амакига қарадим ва унинг юзида зоҳирий изтироб, бу ҳолатга қарши қаҳрга ўхшаш ифодани туйгандай бўлдим. Нохуш хотиралар дилини ўртадими, чучмалликларга тоби йўқ эканми - бир нимарса дейиш мушкул эди.
Биз ишимизда давом этавердик. Бирор соатлар чамаси вақт ўтган эдики, меҳмон бизнинг йўлакда пайдо бўлди. У ёнидаги бир аёл, бир эркак лаббайгўйга гап уқдирарди. -
-…бутун бир районда халқ дам оладиган жой бўлмаса-я. Катта сессияга чиқиб айтдим - пул ажратишди - атрофини панжара қилдик. Мана шу шийпонни Москва орқали ҳал қилганман. У пайтларда асфалтни каттанинг ўзи тақсимларди. Боғнинг дарвозаси ҳам йўқ эди…
Буни эшитиб, муллоамакимнинг бот- бот такрорлаб турадиган гаплари ёдимга тушди: «Ҳар бир амалдор ўзини дунёдаги энг халқпарвар, адолатпеша, ҳалол раҳбар деб ҳисоблайди». Ҳадемай улар бизга яқинлашиб қолишди. Опа ногаҳонда амакини кўрди-ю, беғам ва мамнун қиёфаси, равон монологида зоҳирий ўзгариш содир бўлди.
- Яхшимисиз, соғ-саломат юрибсизми, дугонам яхшими,- шоша-пиша ҳолпурслик қилди қўлини кўксига қўйганича.
Унинг андак саросималаниб гапиришидан сезилар-сезилмас ҳижолат, надомат ва тағин аллақандай номукамалликни уқиб олиш қийин эмасди.
- Хотиним ўлди,- деди амаки жавобан совуққина қилиб,- олти ойлар бўлиб қолди…
Опа баттар ноўнғайликка тушди ва вазиятдан чиқиш учун шоша-пиша, тўхтовсиз гапиракетди.
- Вой-бўй, эшитган бўлсам, ҳарна бўлай! Буларнинг бирортаси менга айтмабди. ( У ёнидагиларга ёвқараш қилиб олди). Эшитгандирсиз, менинг ҳам бошимга кўп ташвишлар тушди: ишдан ноҳақ олишди, аварияга учрадим - қовурғам синди…Шу жой, шу одамларни деб…
- Йўқ, одамларни қўйинг,- меҳмоннинг гапини бўлиб ва қаҳрини имкон қадар жиловлаб, сокинлик билан гапирабошлади амаки. - Инсоннинг қадри чумолидан фарқ қилмасди: эзғилаб кетавериш мумкин, деб ҳисоблашарди. Амал курсиси не-не покиза одамларни бузмади. Шу боғни олинг. Унинг атрофини панжара қилдиргунингизча, одамлар киришар, мева-чевага оғзи тегарди. Кейин амалдорлардан ўзганинг йўли тўсилди. Улар кечқурунлари маст-аласт бўлиб қийқирганда, ниҳоллар, гулларни оёғости қилишмадими, деган хавотир билан панжара ортидан кузатардим. «Бу боғни мен ташкил қилдим» деманг - яхши эмас. Ана шу жойлар дарахтзор қилинганда, сиз мактабда ўқирдингиз; дадангиз сомсапурушлик қиларди у вақтларда. Оёғингиз остида катта жарлик бор эди, кўлнинг суви шу ерларгача келарди. Булдозер, тракторлар топиб текислатдим. Сиз панжара ўрнатган жойлардаги ўрикларни Ўратепадан олиб келган эдим - унинг туршаги бозорнинг олди бўларди. Бари нес бўлди. Олмаларимиз, ҳарқалай кесилмай қолди. Себи сафед деган бу нав бошқа жойда йўқ. Шийпоннинг ўрнида дилафрўз деган нок бўларди - ҳар бири ҳандалакдай келарди, қурт емасди уни; ниҳолини тошкентлик боғбон жўрам топиб берганди. Уни ҳам кесишди, аммо, шукурки, пайванд олишга улгуриб қолдим. «Боғ райкомнинг дачаси бўлармиш» деган шов-шув чиққанда, ҳузурингизга кирганим, ҳайтовур ёдингиздадир. Қабул кунингиз эди: ўнг ёнингизда прокурор, чап томонингизда милиция бошлиғи ўтирарди. Ёпирай: Бухоро амири ҳам ўзини бундай кибрли тутмагандир. Одамлар билан шу тариқа гаплашиш мумкин эмас-ку! Мен боғдан сўз очишим билан: «У сизникимас - колхозники», дедингиз. Ғалати замон эди-да: боғни барпо қилиб, колхоз ҳисобига ўтказишга мажбур бўлгандим, у тузумда хусусий боғли бўлиш жиноят эди. Аммо раис диёнатли экан: ўзимни боғбон қилиб қўйганди. Сиздан ҳам фақат шуни илтимос қилдим: боққа боғбонми, қоровулми қилиб тайинланг, у хоку туроб бўлмасин, демоқчи бўлдим. Қулоқ солгингиз ҳам келмади-я! Бу қувлик, қайсарликнинг сабабини ҳозиргача тушунолмай ҳалакман. Қабулингизга кирганимга надоматлар чекаман. Раҳматли хотиним, сиз билан бир синфда ўқиганини пеш қилиб, хузурингизга кирмоқчи бўлганда - қўймадим. Қоровул мени ичкари киритмайдиган бўлди; панжара ортидан юриб, ўзим ўтқазган дарахтларни кузатардим, санардим; ниҳолларнинг бирорта шохи синганини кўрсам, изтироб чекардим. Эҳ, нимасини айтасиз?!
Орага сукунат чўкди, Опа бундай аччиқ дашномларни кутмаганлиги, ёнидагилардан ҳижолат чекаётганлиги ва алланималар деб раддия билдиргиси келаётгани сезилиб турарди. Уни кузатиб юрган сипо амаки жим ўтиришни ўзига эп кўрмади.
- Опамиз қилган хизматларини тан олмаслик - адолатсизлик…
- Ҳа, опангиз дастлаб одамларни ўйлаб, анчайин тузук ишлар қилди,- унинг сўзини илиб кетди амаки,- аммо ёнида нобоп лаббайгўйлар кўпайди. Бу киши бирор ерга борса ёки шу боққа келса, атрофида ўнлаб эркаклар кузатиб юришарди. Улар турфа тоифадаги амалдорлар эди. Опангиз эрталаб ишга келганда, улар кутиб олишар, кечқурун кузатиб қўйишарди. Орқаворотдан эса Екатерина деб мазах қилишарди. Опангиз ҳам уларга: «Ишларингдан қолманглар» демасди, балки бора-бора думини ликиллатиб турмаган амалдорнинг кавушини тўғрилаб қўядиган одат чиқарди. Виждонли раислар бирин-кетин инфаркт бўлиб ўла бошладилар. Начора, одам боласига сиғиниш ёки ўзини сиғинаётган қилиб кўрсатиш қонимизда бор. Бу орада мустақиллик эълон қилинди; опа ҳоким бўлди. Хусусийлаштириш бошланганда, экин майдонлари, бинолар тап тортмай пулланди…
- Асосингиз йўқ! Биринчи бор жиддий эътироз билдирди меҳмон, овозини андак кўтариб.
- Асосим бор, - деди амаки ҳам, ўша вазминлик билан, унинг юзига тик боқиб,- мана шу боғни Ўлмас бойваччага қанчага пуллаганингизни аниқ биламан! Лекин Ўлмас бойвачча узоқни кўрадиган киши экан - эртасигаёқ мени топиб: «Энди боғнинг хўжайини ўзингиз», деди; сизнинг наҳанг бўлиб кетганингизни ҳам қўшиб қўйди. Одамларни бунчалик нодон деб ўйламаслик керак - улар кимга қайси иморат ёки ерни қанчага сотганингизни баралла гапириб юришарди, ахир, эл оғзига элак тутиб бўларканми?! Ҳатто, юқори ташкилотларга қанча пора берганингизни ҳам билишарди. Телевизорда камбағалларга ёрдам кўрсатаётганингизни, ногиронларга аравачалар улашаётганингизни кўрсатишарди. Пинҳона олган пулларнинг арзимас улушини шу тариқа сарфлаб, ўзингизни саховатпеша қилиб кўрсатишингиз ҳақида латифалар тўқишарди. Бошлиқ ҳақида латифа тарқалдими - билингки, бир гап бор! Шунчалик ҳам мунофиқлик қилиш мумкинми, ахир?! Бу гапларни кек сақлаб юргани учун айтаябди, деб ўйламанг, Худо ҳақи, ачинганимдан гапираётганимни тушунинг! Ўз вақтида, ихтиёрингиз билан кетганингизда, шармандаларча ҳайдашмасди, бадном бўлмасдингиз, деб ўйлаб қоламан гоҳида. Худди қизимдай яхши кўрардим сизни…
- Шунақа замон эди,- деди аёл анчагина юмшаб.
Бу билан барча иллатни замонга юкламоқчи бўлдими, гап ўзанини бошқа томонга буриш ниятидамиди - англаш қийин эди.
- Ҳа, саркотиблик даврингизда идорангиз пештоқига: «Ҳамма нарса инсон учун, инсоннинг бахт-саодати учун» деган шиор бўларди; фақат идорангиздамас, ҳушёрхона, қамоқхона деворига ҳам шундай деб ёзишарди. Аслида эса ҳамма нарса амалдорлар учун, уларнинг равнақи учун эди. Аммо, бор иллатни замонга тўнкаб, сувдан қуруқ чиқишга уринишимиз ҳам инсофдан эмас! Ўз-ўзимизни танқид қилиш, енгишни ўрганмас эканмиз, хатоларимиздан сабоқ чиқармас эканмиз, ҳеч нимарсага эришолмаймиз! Қайсарлигимиз, худбинлигимиз эса бизни охир-оқибат хароб қилади.
Орага қисқа, аммо дилни ўртантирувчи сукунат чўкди.
- Энди боринг: шийпонда сизни кутиб қолишди, хайр,- деди амаки бу гал аллақандай дилкашлик, меҳрибонлик билан ва ишида давом этди.
Муҳтарам меҳмоннинг руҳи тушиб кетганди, у дастлаб алланима демоқчи бўлди-ю, нохуш учрашувдан, маломатлардан қутилганидан қувониб, йўлида давом этди. Мен зимдан амакига разм солдим: зилдай оғир юкни елкасидан тушириб, ҳаловат топган кишининг мамнун, хушфеъл қиёфасини ёдга соларди у. Негадир бу одамга меҳрим ошиб кетди.
Опа шийпонда кўп ўтирмади, нимадир кўнглига сиғмади шекилли, жўнашга шайланиб қолди. У одамлар билан хайрлашаётганда, амаки менга мурожаат қилиб қолди.
- Қизим, отинг нима сенинг?
Номимни айтдим
- Раҳматли аёлимнинг ҳам номи Малика эди,- деди у эминлик билан ва илтимос қилди: - Мен бир даста гул териб берай - опанинг қўлига элтиб бер - дилини оғритиб қўйдим чамаси. Отаси яхши одам эди…
Розилигимни ҳам олмай, боғ оралаб кетди ва зум ўтмай бир даста гул қучоқлаб чиқди. Гулдастанинг чеккаларида атиргуллар, ўртада майдабаргли райҳон, ёввойи чучмомолар бор эди; у тут новдасининг пўстлоғи билан шоша-пиша боғланганди. Мен устки жомакоримни ечиб, дарвоза томон югурдим. Меҳмон аллақачон машинанинг орқа ўриндиғига ботиб ўтирганди. Андак салобат босишига қарамай, одамлар қуршовидан ҳижолат бўлиб ўтдим-у, опага рўпара бўлдим.
- Буни амаки бериб юбордилар,- дедим боғ томон имлаб.
Унинг юзи аввал андак тундлашди, сўнг мамнун жилмайиб қўйди, хушрўй чеҳраси дилимда илиқлик пайдо қилди.
Қайтишда бўлиб ўтган воқеани Барнога гапириб бераётганимда, у сўзимни кесди.
- Ўша аёл бизнинг ёнимиздан ҳам ўтиб кетди - ёшлигида жуда сулув бўлганга ўхшайди. Иккита эрга теккан, дейишди. Обруйи баланд: камбағаллардан ёрдамини аямаскан, бу ерда катта бозор қурдирган экан. Ҳозир ҳам ўзининг ресторанлари, иссиқхоналари бор эмиш.
- Нега одамлар бунча лаганбардорлик қилишади унга?- сўрадим.
- Булар - авваллари икки букилиб юрган тоифалар. Бугун собиқ амалдордан илкис юз ўгиришса, мунофиқликлари билиниб қолади,- деди у.
Унинг фикрига эътироз билдирмай опанинг боғбон амаки билан бўлган мулоқоти ҳақида батафсилроқ ҳикоя қилдим.
- Ҳаётда ҳалол, фидойи одамлар кўп,-деди у,- Жовли деган бор эди-ку - учига чиққан эгоист - дунёни худбинлик бошқаради, деганди. Олиб келиб кўрсатиш керак! Аслида дунё шунақа одамлардан қарздор.
- Ёки менинг муллоамакимни олайлик - боргунимча овқатимни тайёрлаб қўядилар, болаларимни боғчадан олиб келадилар. Хўш, қанақа худбинлик ёки шахсий манфаат бор бунда?
Мабодо Жовлини кўриб қолсак, саволимизга жавоб сўрашга келишиб қўйдик.

* * *

Комментариев нет:

Отправить комментарий