Туркистон тизма
тоғларига туташ Обигарм қишлоғидан бирор чақиримча баландликдаги оромгоҳга баҳо берадиган бўлсак, унинг
мўъжазлиги, оддий, ҳатто жўнлигини тан олишимиз керак бўлади. Бошқа шаҳар, юртлардаги
дам олиш уйлари, курорт, санаторияларда бўлганлар бу ерга келиб, бурунларини
жийиришлари ҳеч гап эмас.
Одам бўйичалик
девор калладай-калладай келадиган тошлардан лойсиз, цементсиз тикланган ва
омонатдай, ҳадемай қулаб тушадигандай таассурот қолдиради; дарвоза хивичдан
ясалган, аниқроғи, унинг ички қисми саватдай қилиб тўқилган. Атрофи тут
хивичидан доиралар, ўртада қаҳваранг новдадан (эҳтимол, гилос ёки
олхўриникидир) юракнинг беўхшов шакли акс эттирилган. Бу кимлар учундир қадимий ҳунармандчиликни
ёдга солса, бошқа бировлар учун бориб турган одмилик ёки ночорлик бўлиб туюлиши
табиий.
Хоналар ҳам
пастак, тартибсиз. Ёзлик айвонларнинг томлари, деворлари бўйрадан.