ГУЛГИР
Сўзангарон маҳалласида яшайдиган бу гулгир ( тожикча – томоқдан олувчи) ҳақида кўп эшитгандим, унинг авлодлари ҳам шу касб билан шуғулланишганини билардим. Ҳар гал набираларимнинг томоғи оғриб, меъдаси бузилса, келинларим ўша аёлникига йўл олишарди. Қайтиб келишганда, бола анча тетиклашганига гувоҳ бўлардим. Лекин шунга қарамай, бу аллақандай алдам-қалдамдай бўлиб туюлар, болаларни яхшиси, докторга элтиш зарур деб тайинлардим. Улар эса бош силкиб маъқуллаган бўлишар, аммо ўз билганларидан қолишмасди.
Бир куни томоқ, қулоқ ва бурун бўйича анча таниқли олимнинг фикри билан қизиқдим.
“ У гулгир эмас, пулгир, деди, анчайин тутақиб, мана қаранг, давом этди олим, қизилўнгач акс этган плакатни кўрсатиб, томоқ йўли силлиқ. Хўш, унда қандай қилиб овқат қолади. Тағин: нега ўзбек, тожик боласининг томоғига овқат тиқилади-ю, русникидан ўтиб кетади. Бари савияга, дунёқарашга боғлиқ”.
Ҳа, олим мени анчайин ишонтирди, аммо пинҳоний шубҳам ҳам сақланиб қолган эди. Шунинг учун, кунлардан бирида, зоҳирий андишалар билан гулгирнинг уйига йўл олдим. Бу ерда йигирма чоғли оналар ва бувилар жигаргўшаларини овутиш билан овора эдилар. Болакайларнинг аксарияти инжиқлик қилар; зеро бемор боланинг рафтори сизга ҳам бегона эмасдир. Қаторнинг анчайин олдига ўтиб, боласини кўтариб турган келинчакка эски танишлардек, тожикчалаб сўз қотдим.
“Нима бўлди, бу йигитчага? Қани менга берингчи”...
Аёл кўзимдаги хайрихоҳликни кўриб, болани узатди. Бошқалар, каминани шу келинчакнинг одами, деб ўйлашди шекилли, эътибор беришмади.
“ Уч кун аввал нўхатнинг пўчоғини олдириб кетган эдим, тағин бир гап бўлганга ўхшайди...” Бир бор олса, ўрни из бўлиб қолади, деб эшитгандим”, жим ўтирмадим. У елка қисди.
Суҳбатимизга ўрта ёшлардаги аёл аралашди. “Бу – нотўғри”. “Сиз қаердан биласиз?” сўрадим унинг суҳбатга аралашганидан мамнун бўлиб. “Мен ўзим, докторман” қисқа қилди у. “Ундай бўлса нега ўзбек билан тожик боласининг томоғига тиқилади-ю, русникидан ўтиб кетади”, суҳбатга ҳалиги олимнинг давосини суқдим. “Улар докторга олиб боришади ва тузулгунча уч-тўрт кун вақт ўтади. Бизда бу анъана минг йиллардан бери бор. Билишимча, боланинг ютиш қуввати суст; шу сабаб унинг томоғига овқат эмасу, ҳар хил пўчоқлар қолади ва ачиб, микроблар медага ўтади, натижада боланинг ичи кетади”.
Биз анча олдинладик ва гулгирга яқинлашдик. У одмигина кийинган, ўрта ёшлардаги аёл эди. Бемор боланинг оғзини очдириб қарар, ташқарисидан ҳам пайпаслаб кўрар ва чапдастлик билан кўрсатгич бармоғини унинг буғзига тиқарди. Тўғри, у ҳар гал қўлини совунлаб ювар, тоза сочиқда артарди, аммо шунга қарамай, бу юмуш менга жўн ва санитария талабларига зид бўлиб туюлди. “Болага олма берганмидингиз, сўради бир аёлдан, ва у маъқуллаб бош силкигач давом этди: мана, пўчоғи қолибди, бундан кейин артиб беринг”.
Бир маҳал ўрта ёшлардаги аёлнинг ориқлаб кетган, касалванд қизалоғинини ( балки набирасидир) кўздан кечиргач, “Бунинг томоғига ҳеч нарса қолмаган, духтурга олиб боринг”, деди. “Сизга духтурнинг ўзи юборди, деди мени ҳайратга солиб у, бир ҳафтадан бери ҳеч нарса емайди, кечаси билан йиғлаб чиқади”. “Каттароқ духтурга кўрсатинг”
Шу пайт гулгирнинг кўзи менга тушди ва аллақандай шубҳа, гумон аралаш, қайтадан синчиклаб тикилди. Кейин, кутилмаганда, тўпланганларга қараб: “Эртага келинглар, бугун қабул қилолмайман”, деди. Бу – нохуш ҳол эди. Аёллар норози оҳангда илтижо қилишга тушдилар. Гулгир менга тағин бир бор сирли нигоҳларини тикиб, имо-ишора қилди, шекилли, улар сиру-синоатни тубига етиб, менга бўлган муносабатларини кескин ўзгартиришди. Ҳамсуҳбатим иддао билан, шоша пиша боласини қўлимдан олди.
Бу ердан тезрок кетишим кераклигини ўзим ҳам ҳис этдим ва курашда мағлуб бўлган ноумид полвондай орқага қайтдим.
Аёлларнинг пичирлашлари қулоғимга чалиниб турарди. “Милиса” Не мухбир” Налукчи”
У гулгирми, пулгирми ҳозиргача аниқ тўхтамга келганим йўқ.
Комментариев нет:
Отправить комментарий