вторник, 28 ноября 2023 г.

 

ЗЕРИКАРЛИ ҲИКОЯЛАР.



                                ҒАРИБХОНА


“Кексалар уйида бир муйсафид ўзини осибди. Салласини шифтга ҳалқа қилибди-ю...”
Бу гапни таниш журналист, шунчаки гап орасида айтган бўлса ҳамки, ўша бахтиқаро муйсафид кўз ўнгимдан кетмай қолди. Не ситам ё зулм ўтди экан, шўрлик отахонга? Нега айнан салласига осган?
   Кунлардан бирида,  беихтиёр, ўша даргоҳга йўл олдим. Директор мени хушфеллик билан қарши олди. Анчайин сарамжон- саришта бўлган маънавият хонаси, ошхонани кўрсатди, гулзорларни томоша қилдик. Аммо ўз жонига қасд қилган отахон ҳақидаги ахбороти жуда дудмал бўлди. Келганига атиги уч кун бўлган экан. Намозхон экан, Биринчи куни санитар аёл билан уришиб қолибди, эртаси ўғли келган экан, уни ҳайдаб солибди. Бошлиқ ҳамма иллатни  чолнинг ўзига ағдаришга мойил эканлиги сезилиб турарди. Аммо қалбим ниманидир инкор этарди:  мен  кексалар уйини шунчалик ташқи сувратини кўриб, унинг сийратидан бехабар қолганимдек,  ҳалиги кексанинг ички нидолари, ҳасратлари, ғуссаларидан бехабар эдим.

Мен учун жумбоқ бўлиб қолган бу асрорларни фақат ҳикояда акс эттириш мумкин, деган хулосага келдим. Чунки бу жанр тахминлар, фантазиялар ва башоратлар учун очиқ.
                                 
                                   Х  Х  Х

Олд ойнасининг ўнг чеккасидаги оқ картонга «Бозор -  ғарибхона» деб ёзилган “дамас”нинг сўнгги бекатига тушсангиз, тўғрида катта қабристонни кўрасиз. Хўжа Абду дарун,  дейишади уни. Қадимийлиги жиҳатидан  Шоҳи Зиндага тенгдош эмиш. ХУ асрда жангда шаҳид бўлган сарбоз билан кечагина автомобил ҳалокатида жон берган ўсмир бу ерда ёнма-ён ётишади; уларни асрлар ҳам, эътиқодлар ҳам ажратолмайди.    
Аммо гап қабристон ҳақидамас. Бекатнинг ўнг томонидаги бино дарвозаси пештоқига  «Онкологик диспансер» деб ёзилган. Бу ердагилар: «рак балниса» дейишади, мазкур масканни ва у ҳам худди қабристондек дилингизда зоҳирий нохуш ҳисларни уйғотади. Газетачиларнинг мазкур даргоҳда қанчадан-қанча беморлар шифо топаётганлиги ҳақидаги мақолаларига шубҳа ва хавотир билан қарашади.
Лекин гап шифохона ҳақида ҳаммас. Чап томондаги янги дарвоза устунига «Саховат уйи» деб ёзилган. Аваллари бу даргоҳга пастак ва кўримсиз темир эшикдан кириларди; русчалаб «Дом престарелых»  деб битилган бўларди.
Ҳикоямиз  шу даргоҳ, аниқроғи, бу гўшадаги тақдири мавҳум ва маҳзун бандалар тўғрисида. Аммо  олдин «Дамас» пешойнасидаги  ёзув тўғрисида батафсилроқ тўхталиб ўтсак.
Агар ҳайдовчига: «Нега бундай  ёздинг, «Саховат уйи» деб қўй», десангиз, сизга  ёвқараш қилади-ю, ёнидаги йўловчига изоҳ беришга киришади.
- Аввал «Бозор - Қабристон» деб ёзгандим. Одамлар хархаша қилишди: «Ундай деб ёзма! Нима биз ўликмидикки - гўристонга элтасан?» дейишди. Кейин «Онкологик диспансер» деб ёздим, аммо энди буни тушунишсачи -  қайта-қайта: «Рак балнисага борадими?» деб сўрашади. Кейин «Хонаи ғарибон» деб қўйдим. Чунки ақлимни таниганимдан бери бу жойларнинг номи шунақа. Ўша ерда бир шоир бор. Ўзи бир тийин  чиқармайди-ю, пўписаси осмон қадар. «Ҳей бола, деди бир куни жуда нописанд,  - Ўзбекчалаб:  «Саховат уйи» деб ёз». Қарасам, андак кайфи  бор. Индамадим. Тушаётганда: «Амаки, дедим, пулни чўзинг - мошинни ўзи юрмайди». Бирдан попуги пасайиб: «Болам, қўй, мен бир ғариб одамман», деди. «Тан оласизми ғариблигингизни? дедим, ундай бўлса ўпкангизни босиб юринг!» 
Хоҳишингиз бўлса, юринг энди, ичкарига кирамиз.
Қоровулхонада, кўп ҳолларда, милиционерликдан истеъфога чиққан ғўлабир, миқти кишига кўзингиз тушади. У интизомни яхши кўради: ҳужжатларингизни эринмай, синчиклаб кўздан кечиради:  шубҳали ёки махфий  дафтарида номи борларни киритмайди; ҳатто директорни ҳам қўрқоқликда айблайди. Қўрқса, ҳурмат қилади, деган нақлни такрорлаб туришни хуш кўради; бокс бўйича разряди борлигини ҳам гап орасига қисдириб ўтишни  унутмайди. Бу ерда уни Боксёр, дейишади. Бу лақабда зоҳирий киноя ҳам борки, буни кейин фаҳмлаб оларсиз. Умуман, мардумлари тинглашдан кўра гапиришни хуш кўрадиган қариялар гўшасида хотиралари сусайганиданми ёки бошқа сабабми, ҳайтовур, бир-бирларининг исм-шарифларини тилга олишдан кўра лақаб қўйиш ёки касбу кори билан аташни ўнғай деб ҳисоблашади. Энди, сўзамолликларини ҳам тушуниш мумкин: улар кўз ёши ва пешона тери таъмини роса татиган одамлар; кўрган-кечирганларини ўзлари билан  олиб кетишни исташмайди…

 

* * *

Афсуски, бу - ҳаммаси эмас.  Муносабатлар, ҳатто тавозелар ҳам рисоладагидай бўлиб кўринса-да, аслида бир-бирларини ғийбат қилишни хуш кўришади. Ҳамшира-ю фаррошлар бир жойга тўпланишса, бу ердаги чол-кампирлардан нолишади: Худонинг қаҳрига учраганлари учун шу ерга келиб қолишганини таъна қилишади; оғзи шалақ, бефаҳм, беандиша  санитар аёл бор. Гапга бориб қолгудай бўлса, уларни ўзи боқаётгандай: « Итга берсанг ошингни, итлар ғажир бошингни» дейди. Вой,  жипириқ-ей! Чол-кампирлар бу масалада улардан ҳам ошиб тушадики, ана шу тафсилотлар ҳақида гапириб ўтиришнинг ўзи ҳам ғийбатчилик бўлур эди.
Икки қаватли бош бино  деворига илинган катта паннода бир неча отахон-онахонларнинг  табассум ила чой ичиб ўтиришгани акс эттирилган. Расмнинг остига «Бахтиёр кексалик» деб ёзилган.
Айтишларича,  бу бино  ўтган асрнинг ўттизинчи йилларда бунёд этилган экан. Бунга ишонса бўлади: иморат қадимий бўлишига қарамай, салобати, жозибасини сақлаб қолган. Бағоят сифатли пишиқ ғиштлар билан тикланган; хоналари кенг, шипти баланд; шу пурвиқорликка монанд қоматли эшик, деразалар давр меъморчилигини даражасидан далолат бериб туради. Готик усулидаги томлар, олд қисмдаги ёйсимон айвон, унинг баланд устунлари пурвиқор, сирли. Ҳамма санъатлар тин олганда, архитектура санъати тилга киради, деб шуни айтишса керак-да! Бино атрофидаги чинор, сановбар, акас дарахтлари ҳам ўша пайтлар ўтқазилган, шекилли - таналари қучоққа сиғмайди. Сўнгги йилларда  атрофда янги гулзорлар, сайилгоҳлар ҳам барпо этилган. Ёш самшид ва атиргул ниҳоллари  гирдида қурилган усти чодирли суҳбатгоҳларнинг (бу ерда гапхона ёки беседка, дейишади) янгилигини фаҳмлаш қийин эмас. Баҳор пайтлари гуллар юз кўрсатганда, мазкур манзилгоҳларда ўтириб суҳбатлашаётган кишиларни кўрсангиз, беихтиёр сўлим санаториялар ёдингизга тушади.
Аммо ичкарига кириб боришингиз билан ҳовлининг ҳар ерида ягона архитектура лойиҳасига зид тарзда, дидсизлик билан, анчайин  пала-партиш  қурилишларни кўрасиз ва ҳафсалангиз пир бўлади. Хом ғиштдан тикланган мазкур ёрдамчи бинолар турли пайтларда бу ерга директор ёки бош врач бўлиб келганларнинг диди, аниқроғи, дидсизлигини намоён этади.
Ҳовлининг шимоли-шарқий бурчагида тўртта хона ва йўлак  бор. Биз  саёҳатимизни шу бинодан бошлаймиз. Боиси: бу ердаги таомил шунақа - комиссия ёки мухбир келса, аввал шу ерга олиб келишади. Бу қанотдаги озода чол, кампирлар  кимга нима дейишнинг кифтини келтирадиганлардан; ўзгалардан фарқли ўлароқ,  уларнинг хоналаридан тамаки, кирланган кўрпа-тўшак, тернинг ачимсиқ ҳиди анқимайди. Мухбирларга эса, энг аввало, еттинчи хонада истиқомат қиладиган шоирни ( боя шофер ҳикоя қилган) рўпара қилишади.  У кўрсатилаётган ғамхўрликларни бирма-бир санаб ўтади: аввал турфа тоифадаги арбобларга ҳамду сано ўқийди, кейин санитардан тортиб, директоргача бағоят ҳалол, фидойи кишилар эканлигини таъкидлаб ўтади. Охирида қўйнидан ўқувчилар дафтаридек юпқагина китобчани чиқариб, шеър ҳам ўқийди ва ниҳоят, меҳмонларни бир пиёла чойга таклиф этишни унутмайди. Буни меҳмонга эҳтиром юзасидан бажарадими ёки ҳамхонаси Маҳмудхон акага тақлид қиладими - Худо билади. Шоир еттинчи хонада Маҳмудхон ака ҳамда саксондан ошган татар чол билан яшайди. Бу кишилар ҳақида кейинроқ тўхталамиз. Шоир ҳақидаги суҳбатимизни давом эттирадиган бўлсак, унинг камтарин, сўзамол эканлигини таъкидлаб ўтишимиз лозим. Аммо фақат…ҳушёрлигида. Падарига минг лаънат арақнинг! Уни барча  кулфатларга юзма-юз қилган нарса - ўша заҳри қотил. Шоир кўп жойларда ишлаган: жумладан, телевидение, суғурта идораси, хусусий реклама агентлигида. Буларнинг баридан ичкилик  сабабли ҳайдалган. Шуниси аянчлики, у нафақат ишни, хотинни ҳам қўлқопдай янгилаб турган: гоҳида аёлидан ўзи воз кечган бўлса, баъзида бунинг акси бўлган. Сўнгги идорада бир татар аёл билан топишган; у шоирнинг бор-будини тортиб олган-у, кетига шундай зарб билан тепганки, шўрлик, беихтиёр кексалар уйига келиб тушган. Уни ҳозир ичмайди, дейишади. Аммо бу дунёда ҳамма нарса нисбий. Бу ерда чўнтак тақозо этмагани устига хонадагилардан ҳам андиша қилади.
 - Ўз ҳовлим бўлса дейман,- орзуларини изҳор қилиб қолади гоҳида у,- асалари боқишни, гуллар ўтқазишни орзу қиламан…
- Мадомики, жамиятда қамоқхоналар, жиннихоналар, кексалар уйи бор экан, демак уларнинг ўз гўшашинлари ҳам бўлади,- унинг сўзини бўлади Маҳмудхон ака,- ва биз ўз остонамиздан ҳатлаганда, шундай нохуш манзилларнинг ҳам остонаси борлигини унутмаслигимиз зарур экан.

 

* * *

Маҳмудхон ака ҳақида андак маълумот берадиган бўлсак, у кишининг олтмиш ёшдан андак ошганлигини; озғин, озода, бўйчанлигини; нигоҳлари ориф ва маъруфлигидан далолат бериб туришини таъкидлаб ўтишга тўғри келади. Бу ерга  келганига икки ойлар чамаси бўлган. Бунинг тафсилоти эса қуйидагича. Отахоннинг аёли кўз юмгач, ягона ўғли, даставвал  рус қизини севиб қолади. Аммо ота бу никоҳга рози бўлмайди. Ўғил барибир  загсдан ўтади.  Маҳмудхон ака қараса, рус келин фариштадай аёл: тил ўрганган, одоб жойида. Отахон хато қилганини тан олади, узр сўраган бўлади ҳамда улар билан яхшигина ҳаёт кечира бошлайди. Аммо, айнан, ана шу ҳаёт деганлари тасодиф-у алғов-далғовлар, кутилмаган бигизвозликларга тўла.   Бу орада набира кўради, ўғил амал курсисига минади ва  надоматлар бўлғайким, шайтон  васвасасига учиб, қўл остида ишлайдиган аёл (ўзбек ёки тожик) билан дон олишиб қолади: кўп ўтмай унга уйланади ҳамда уникига кетиб қолади. Тўғри, отадан қайта-қайта  кечирим сўраб, уни  ҳам таклиф этади, аммо Маҳмудхон ака кўнмайди. Шу билан бирга, аввалги келини билан ҳам яшашни   ҳамияти кўтаролмай, изтироб чекади ва саховат уйидан паноҳ топади.  
Ўша рус келини деярли ҳар якшанба отахонни кўргани келади ёки катта қизини юборади. Ҳар гал ноз-неъматлар кўтариб келади, қайнатасининг каравоти ёнида ўтириб,  юм-юм йиғлайди. «Хватит энди: уйга юринг, мен фарзандингиз бўлолмадимми», дейди надомат ила. Отахоннинг ўғли ҳам келади, аммо Маҳмудхон ака уни қабул қилмайди.  Шоирнинг айтишига қараганда, бир бойвачча, тадбиркор жияни ҳам келиб кетган экан. «Гагарин кўчасидаги икки хонали уйни номингизга ўтказиб бераман; авлодимиз номига доғ тегизманг,  амакжон», деб зорланган эмиш. Аммо отахон «ғинг»  демабди.
Еттинчи хонада, булардан  ташқари татар муйсафид ётишини айтган эдик. У жуда кўп ухлайди, суҳбатларга ҳам қўшилавермайди. Ўзи ногирон: ҳасса билан зўрға юради. Ҳамшира ёки ҳамхоналар  уни гоҳида  ногиронлар аравачаси билан сайрга олиб чиқишини инобатга олмаганда, хонасидан кам чиқади; кечқурунлари «Кузларима  яш кила» деган хазин ашулани хиргойи қилади.  Ўғли ўтган йил Уфага кетган ва имкон бўлиши билан отасини олиб кетишга сўз берган экан. Муйсафид ҳар куни хат ёки телеграмма дараклайди. Ўғлига қанчалик интизор бўлса, Азроилни ҳам шунчалик ваҳима аралаш кутади. Уларнинг қайбири олдин келишини эса фақат Худонинг ўзи билади. Хуллас, еттинчи хона ҳақида гап кетганда, бир донишманднинг: «Кексалик улуғвор, бачкана ва ғариб бўлади» деган ибораси ёдга тушади.
  Еттинчи хонанинг чап томонида Чучукхон ая деган    (бу ерда аллақандай кесатиш билан Дездемона дейишади) олтмиш ёшнинг нари-берисидаги тароватлигина аёл билан тетя Флора деган, саксондан ошганига қарамай анчайин тетик, чечан кампир туради. Чучукхон ая хуштакаллуф, серҳаракат, ҳар нарсага қизиқувчан, лекин шу билан бирга болалардек ишонувчан, соддадил, ғамзада аёл. Флора хола бунинг тескариси. У  Иккинчи Жаҳон уруши иштирокчиси эканлигини ёдга солиб қўйишни хуш кўради. Гарчанд фашистларнинг додини бергани билан мақтанса ҳамки, бу ердаги фаррошдан ўлгудай қўрқади. Чунки  хонада сигарет чекканини кўриб қолса, у бетавқиф шарм-ҳаёни йиғиштириб қўйиб, эркакчасига сўкаверади. Бундан бирор ой илгари кампирнинг кўрпаси остидаги пули ҳам йўқолиб қолди. У  буни фаррошдан  кўрса-да, даво қилишга юраги дов бермади.    
  Чучукхон ая  ёшлигида театрда ишлаган. Бу ҳақда   ўзи надомат ва ҳаяжон ила гапиради.
  «Спектаклдан кейин бутун зал битта одамга айланиб қарсак чаларди. Мен қониқиш ва сарафрозлик ила  бош эгиб турсам ҳам  давом эттираверишарди. Одамлар билетни қўлдан уч-тўрт баравар қимматга харид қилишарди у пайтларда. Шу орада мени нима жин урди-ю, эримни бир раққосадан рашк қилиб, ундан ажралдим. Қўлимда ўғилчам бор эди. Гастролга ноилож уни ҳам олиб кетдим. Бола йўлда қаттиқ шамоллади, спектакл арафасида эса ўлиб қолди. (Гап шу ерга келганда, у ҳамиша кўзига ёш олиб, андак сукут сақлайди). Кейин мен боламнинг устига оқ чойшаб ёпиб қўйдим-у, ролимни боплаб ижро этдим. Бу ҳақда газеталарга ёзишди, мени «Жасорат» ордени билан тақдирлашди.»
  Флора хола ҳар гал шу гапни эшитганда, совуққина қилиб: «Дура ты», деб жеркиб беради.
- Флора хола, таъна қилаверманг,- инжилади аёл,- буни  ҳаёт дебдилар - бошқалар сабоқ чиқариши учун менга ўхшаган бахтиқароларнинг бўлгани ҳам яхши.
  Чучукхон аянинг ўша хатосини бу ердагилар ҳозиргача гап қилишади. Худди ўзлари бегуноҳдай, қисматини бот-бот юзига солишади. Кейинги пайтларда бу аёл зерикканда, дили ғуссага тўлганда, Маҳмудхон амакининг эшигини секин тақиллатадиган, унинг  кровати олдига бориб, мушукдай жимгина ўтирадиган бўлган. Бу қилмиши ғийбатлар алангасига тағин мой сепишини билса-да, парво қилмайди. Икки дилшикаста нима ҳақда гаплашишаётганлигини билиш учун шоир  қулоғини динг қилиб туради, лекин  улар жуда кам гапиришади. Чучукхон аянинг онда-сондаги гаплари   шеригига ногаҳоний ғамхўрлик, аллақандай ташвиш, ҳадиксирашлардан нарига ўтмайди. «Ўғлингиз билан ярашишингиз керак.  Бу ер  сизнинг жойингиз эмас!» дейди. Телевизорда кўрган сериалларини гапириб, актёрлар ижросидаги сунъийлик, режиссер ечимидаги мантиқсизликларни танқид қилади. Гоҳида фалсафа, адабиёт масалаларида фикрларини айтиб, шеригини баҳсга  чорлайди. Бояқиш аёл ана шундай учрашувдан енгил тортади ва хонасига қайтиши ҳамоноқ кампир қўпол оҳангда савол берабошлайди. Бундай пайтда унинг тергагани ёхуд ғамхўрлик қилганини англаш қийин бўлиб қолади. «Анаву сипойининг хонасидамидинг? Иккаланг ҳам лакалов. Шунча қавмлари бўлатуриб, шу ерга намоқул қиладими, ношуд. Сен, Дездемона, шу эркакка тегиб ол: бу азоблардан холи бўласан…».  
Гоҳида Чучукхон ая еттинчи хонага кириб, бироз ўтириши билан шоир  уларни ёлғиз қолдириб, қўшни - тўққизинчи хонадаги  шериклари олдига боради.  Бу ерда ургутлик Тоғошар амаки ва булунғурлик «жўқчи» бобо карта ўйнаб ўтирган бўладилар. Шоир ошиқ-маъшуқларни ёлғиз қолдирганини айтиб, аскиялар, шаъмалар қилади.
  - Мени айтди, дерсизлар-у,  бизнинг ҳамхонамиз охир-оқибат шу Дездемонани олади, чунки ёши ҳам, юлдузи ҳам тўғри келади,- деб қўшиб қўяди. - Лекин ўқи тугаган бўлса кераг-ов…
Ниҳоят, чеккадаги - ўнинчи хонада Афғон лақабли бир ногирон кўзлари ожиз хотини билан туради. Афғоннинг ўзи ҳам соғлом эмас: Ҳирот яқинида яраланган. Бунинг устига асабий, жиззаки бўлиб қолган:  бўлар-бўлмасга бармоқлари қалтираб,  ғазабга минаверади. Момақалдироқ гулдираганда, бошини кўрпага ўраб олиб, ғужанак бўлиб ётади. 
Аввал у ёлғиз яшарди; ўтган йил директор шу ногирон аёлга уйлантириб, хоналарини алоҳида қилиб берди. Илгарилари  бу аёлни етаклаш санитарлар зиммасида бўларди, энди эрининг ўзи эргаштириб юради. Афғон - ўзбек, хотинининг миллати эса ноъмаълум - улар русча гаплашишади.

 

* * *

Тақдир деган сўқир ҳақиқатнинг қалтис ҳазили ёки ногаҳоний зарбаси билан бу гўшага келиб қолган юзга яқин ана шундай чол, кампирлар кимнидир зориқиб, кимнидир қўрқиб кутиш билан вақт ўтказишади. Бошқалардан фарқли ўлароқ, улар эрталабданоқ суяклари янада оғирлашиб, вужудлари зирқираб ўйғонишади. Кимнингдир овқати ҳазм бўлмаган бўлса, бошқа бировнинг юрак хуружи, эски боди,  астмаси, қандли диабети, қон босими, йўтали (Эй фалак, инсон боласига атаган дардларинг бунча кўп бўлмаса!) хуруж қилган бўлади. Айримларда эса буларнинг аксари бирлашади, фаоллашади. Зеро олтмиш, етмиш, саксон ёшда  фақат жамият эмас, табиат ҳам чап қўлини чўзиши табиий ҳол. Шунинг учун ҳам улар айнан эрталаблари русларнинг: «Старость не радость» деган мақолини бот-бот тилга олишади, арзимас нарсадан асабийлашишади;  бир-бирларига гапириб бераётган тушлари ҳам нохуш, кўнгилсиз бўлади. Бу ёшда ва ҳолатда  киши бот-бот ўлимни ўйлаши табиий бир ҳолки, у ҳам, шак-шубҳасиз, дилни хуфтон қилади.
Директор (уни бу ерда «демак» дейишади; боиси: у  ана шу каломни керагидан кўпроқ ишлатади) ҳар эрталаб қоровул ёки навбатчи ҳамширага сим қоқиб, ҳол-аҳволни сўрайди.  Унинг «Нима гап», деган саволидан: « Бирортаси нариги дунёга равона бўлмадими?» деган мазмунни уқиб олишади. Чунки бошлиқ учун таъзия - кўтара ташвиш. Аввало, марҳумнинг одамларини ( агар улар  бўлса) дараклашга тўғри келади. Бунинг устига кутилмаган харажат. Тўғри, айримларининг ёстиғи, қўрпаси остидан  «қора кун» учун тўрт-беш сўм яшириб қўйгани бўлади, аммо у урвоқ ҳам бўлмайди.  Ҳатто зормонда гўрковга ҳам Худонинг зорини қилиб ялинишга тўғри келади. Маҳалладагилар кўп пул бериб, ёмон ўргатишган, падарқусурни. Директор у айтганнинг ярмини беради-ю, қолганига буюкларнинг руҳини безовта қилади - хадисда ундоқ дейилгани, фалон буюк зот бундоқ деганини қаторлаштиради. Дуо-ю фотиҳаларни, ҳатто жанозани ҳам Тоғошар амаки ўқийдиган бўлган. Аваллари бу ҳам бир  чиқим эди.
Насроний ўлиб қолса, гроб топиш осон бўлмайди: кейинги йилларда  усталари камайиб, унинг нархи ошганлиги дард устига чипқон бўлди. Қабристон яқин бўлишига қарамай, тобутни охирги манзилгача кўтариб бориш ҳам муаммо. Тобуткашлар  ўн кишига ҳам етмайди. «Йўлида зўрға юрадиган бу қалтироқ чолларга ишониб бўлмайди, дейди директор, Худо кўрсатмасин бирортаси…».  Ўзи ҳам  орқадан эргашади ва шоферлар, дўкончилар югуриб келиб елка тутишганда, андак енгил тортгандай бўлади.

 

* * *

Нонуштага  нон, сариёғ, гоҳида тухум беришади. Ҳарҳолда, эрталаб улар бир-бирларини кўриб қувонишади, юзларига илиқлиқ югуради. Шунга қарамай, соғликларидан, сувараклардан, каламушлардан, санитарлардан шикоят қилиб қолишади. Ундан кейин кимдир врач қабулига шошади, бошқа биров шаҳарга равона бўлади. 
Ҳамма оддийгина қилиб, «духтур» деб атайдиган врач бу одамларнинг дардларини яхши билади, улар билан қай йўсинда гаплашишнинг  кифтини келтиради. Қон босими, юрак уриши, гоҳида ҳароратини ўлчагач, уч-тўртта  одатдаги саволларни беради ва расмият учун бўлса керак, касаллик тарихини ҳам кўздан кечиради. Гоҳида ўринли-ўринсиз ҳазил-мутойибалар қилади ва охирида уч-тўрт хил дорига рецепт ёзиб беради. «Сизга аделфан ёздим, жиянингиз (ўғлингиз)га айтинг: хитойникинимас, немисларникини берсин»дейди бировига.  «Шприцларингиз  тугадими? - сўрайди иккинчисидан, - ётиш олдидан бакалашкага қайноқ сув солиб белингизга қўйинг, дегандим… Ҳа, ҳа, тағин укол олишга тўғри келади. Аптекага чет элники келган…». Беморлар орасида силга дучор бўлганлари ҳам бор - доктор уларга йўтал, гриппга қарши дорилар ёзиб беради.
Доктор беш-олти кишини кўздан кечириб, уларнинг аксарини дарвоза олдидаги, ўзининг  хусусий дорихонасига  жўнатгач, чўнтагидан телефонини чиқариб, унинг соатига қарайди. Нақ ўн иккида  онкодиспансердаги ҳамкурс  дўсти кутиб турган бўлади. Халатини ечиб, ўша ёққа йўл олади.
Ҳукумат бекорга дом ( Саховат уйини у шундай деб атайди) билан онкодиспансерни қабристон қаршисига қурмаган,- дейди дўстини кўриши билан кулиб.  
Сигаретини ҳамиша лабининг ўнг томонига қисдириб, ўнг кўзини ярим юмиб ишлайдиган  ҳамкурси оғзини очмай кулади ва давом этади.
  - Бобой, кампирларингиз пулни  қаерга олиб кетади?  Олиб қолиш керак,- дорипурушлигига шаъма қилади дўсти.
-        Биз-ку анча ҳалоллаб олаябмиз, сизларчи сизлар. Ҳукумат барини бепул қилиб қўйганига қарамай, беморларни шилганларинг шилган
  - Эй, ҳукумат бераётгани  урвоқ ҳам бўлмай кетади…Унинг ҳам ярмини  йўлда каламушлар уриб қолишади…
Улар тағин беғубор кулишади ва  беморларнинг соғлиги учун томоқ ҳўллашади.
Доктор кексалар уйига ишга келган дастлабки йиллар чин дилдан берилиб,  фидойилик билан меҳнат қилди; гоҳида туни билан қолиб кетар, ёнидан дори харид қилиб, беморларни даволаш пайида бўларди. Кейин-кейин нимадандир қониқмайдиган, лоқайд ва андак беҳафсала бўлиб қолди. У бугун беш кишини даволаса, эртага уларнинг олтита бўлиб навбатда туриши бадига урабошлади. Онкодиспансерда ёшгина йигит-қизлар дорулбақога равона бўлишаётганда, ёшини яшаб-ошини ошаган чол-кампирларга халақит бериш чикора. Ахир, ўлим ҳам  диалектика қонуни-ку.
Бу - нохуш фалсафа, албатта. Айниқса доктор учун зарарли, нафақат зарарли, балки ғайриахлоқий бўлган  ана шу шум фикрни унинг дилига солган шайтонга лаънатлар бўлсин!

* * *

Тушликда гўштли таом пиширишади; чой, тузланган карам беришади; овқатдан кейин дарвоза олдидаги гапхоналарда  мароқли суҳбатлар бўлади. Улфатлар аксар ҳолларда  Маҳмудхон амакининг ёнидан жой олишади.
- Улфати чор - анда маза бор,- мутойибадан бошлайди Шоир.
- Улфати панж-чи,- сўрашади ундан. 
- Анда суҳбат ланж, ҳозиржавоблик қилади у. - Аммо мен шу Боксерни кўргим келмайди: унга орқа қилиб ўтирмоқчиман. Бу жаллод  дўстимни ўлдирди. Мелс тилло йигит эди… 
Гап шундаки, қўшни бинода шоирнинг Мелс Абдулович деган шишадош улфати бўлган. Улар биргаликда… Аммо улфатчилик учун ҳам савил қолгур пул керак-ку. Аслида пул ҳам худди омаддек,  давлатмандларнинг эшигини қоқишни хуш кўради. Саховат уйидагиларни тақдир бу соҳадан ҳам қисган:  уларга лоақал нафақа ҳам беришмайди - харажатлар ҳисобига чегириб қолишади. Гоҳида  дори-дармон учун садақа қилинадиган пул урвоқ ҳам бўлмай кетади.  Шунинг учун бўлса керак, улар икковлашиб туйхоналарга тап тортмай, тўғридан-тўғри кириб боришни одат қилишади. «Кечирасизлар, сал кечикдик», дейди шоир қўл қовуштириб турган мезбонларга тиржайиб. Албатта, уларни столга таклиф этишади.  Нафақат тавозелар, ноз-неъматлар, ичкиликлар…  Қонни қиздириб олгач, у ўзини  шоир Арўзий деб таништиради ва илтифот ила атрофдагиларга, келин-куёвга дастхат ёзиб беришни унутмайди.   Бундай тўкинлик ва саховатдан ийиган бу икки очофат, табиийки, тезда  маст бўлиб қолишади. Атрофдагилар кўзларига майда-чуйда бўлиб кўринади, шекилли, калондимоғлик, нописандлик бошланади. Шуларнинг барига қарамай,  баковуллар анчагача тоқат қилишади. Ахир ўзбекчилик…. Жуда бўлавермагандан кейин тўйхонадан суяб  чиқариб, адресларини сўрашади: такси тутишади. «Йўл кирани ким беради», ўдағайлайди шоир. Бир неча киши бирваракайига чўнтагига қўл суқади.
Бир куни ана шундай тўйхўрликдан кеч қайтишганда, қоровул уларнинг йўлларини тўсиб, аввал ҳам огоҳлантирганини пеш қилабошлайди. Сармаст Мелс Абдулович ҳа йўқ, бе йўқ  унинг гирибонидан олади (Сабилгина қолсин арақ). Қоровул аввал вазминлик қилади, лекин ажали етган сичқон мушукка ташланганидек, Мелс  қоровулнинг ёқасини йиртади. Боксёр уни уйчасига олиб  киради, шоир эса ташқарида қолади.  Эрталаб қарашса,  шўрлик Мелс бандачиликни бажо келтириб қўйибди. Шоир  барини Боксердан кўради: ўша ўлдирганини директорга ҳам айтади. «Қоровул уриб ўлдирганини ҳеч ким кўргани йўқ, аммо у ким билан бирга ичганини…Демак…»- чайналади туллак сардор. Марҳумга зудлик билан гроб топадилар ва унинг қопқоғи қайта очилмайдиган қилиб михланади. Худди шу пайт кимдир: «Уни тобутга солиш керак эди - мусулмоннинг фарзанди…» деб қолади. « Тилни билмасди-ку-, қаҳрга минади  бошлиқ - қандай қилиб мусулмон бўлсин! Калла борми?»
Белида дарди борнинг оёғи қалтирайди, дейишади. Директорнинг ҳалиги таҳдидидан кейин шоир  ҳам тилини тишлайди, аммо дилидаги дард уни бот-бот безовта қилиб туради.  Шоир буни анчайин тўн кийгизиб гапиради: ўзини жасур қилиб кўрсатиш пайида бўлади; Боксёрни бу ердан қуритмагунча тинчимаслигини айтиб, гариллайди.
Шу тариқа бошқалар ҳам дарду-ҳасратларини дастурхон қилиб ёябошлайдилар.  Флора хола  табиийки, бор пулини фаррош аёл ўғирлаб қўйганини  ўкинч билан такрорлайди. Негадир Украинада ўғрилар йўқлигини (ота-онаси Львовдан, ўзи умрида у ерда бўлмаган) таъкидлаб қўяди.
  -      Оволлари ўрис кўп бўлайди, жиғилишларда чиғиб танқид қилайди…, - дейди булунғурлик амаки жим туришни эп кўрмай, ўз шевасида.
Дарвоқе, йиғилишлар… Бу ерда йилда икки-уч бор жиддий мажлислар бўлиб туради. Унда кўпинча юқори ташкилотдан ҳам маъсул кишилар иштирок этадилар. Мазкур анжуманда Саховат уйининг казо-казолар раҳбарлари ғамхўрликни тобора ошираётгандай, бу ердаги бандалар бундан беҳад миннатдордай қилиб кўрсатишга, аниқроғи рол ўйнашга тўғри келади.  Ва негадир ана шу ясамалик ҳар гал жуда табиий чиқади. Фақат бағоят исдеъдодли актёрларгина ролларини ана шундай қойилмақом қилиб бажаришлари мумкин!
Ўша куни тушликка ош пиширишади, дастурхонга ҳар хил неъматлар қўйилади. Тузланган карам, пиёздоғнинг ачимсиқ ҳиди анқиб турадиган  ошхонада анчагина одам тўпланади.  Ана шу йиғилишда энг зерикарлиси директорнинг  алангасиз ва тутунсиз маърузаси бўлади. У юқори ташкилотларнинг ғамхўрликлари ҳақида  керагидан ортиқ гапиргач, ўзи бажарган юмушлардан  бошлайди. Ҳеч уялмай,  ўзини мақтайди - мен келгунча ундоқ эди, бундоқ эди деган гаплардан ўзини тиймайди ва маърузасини кўп ҳолларда: «Демак, ҳали кўп ишлашимиз керак», деб якунлайди..
Шуларнинг барига қарамай, сардорни ҳар икки-уч йилда янгилашади. Яхши ишласа ҳам, ёмон ишласа ҳам тартиб-таомил шу. Узунқулоқ гапларга қараганда, унинг ўрни фалон доллар турармиш. Биргина ҳомийлардан фалон сўм тушармиш ва ярмини юқоридагиларга берганда ҳам, ўзига фалон сўм қолармиш. 
Майли, мавзудан чиқиб кетмайлик. Йиғилишда юқоридан келган меҳмон ҳам сўз олиб, алланималар дейди, директорга зардали гаплар қилади ва: «Биздан нима талаблар бор?» дея одамларга юзланади. Одатдагидек, бир неча лаҳзалик сукунат чўкади ва  лаббайгўй бош ошпаз қўрқа-писа  қўл кўтаради: «Бу… ош ланж бўлиб кетди; нима қиламиз?» дейди, негадир, ўзини бечораҳолликка солиб. Одамлар гур-р этиб куладилар. Ҳайъатдагилар ҳам лабларининг бир чеккаси билан тиржайган, юзларига табассум суртган бўладилар.  Аммо шунга қарамай, талаблар айтилмай қолмайди – ахир, тартиб-таомил деган гаплар, кимларгадир ҳисоботлар, расмиятчиликлар, қолаверса, ўзини адолатпеша қилиб кўрсатиш... Каламуш ҳақида гапиришмайди-ю, сувараклар андак безовта қилаётганлигини, қишда хоналар музлаб кетишини хаспўшлашади-ю, газ босими сал пасайганлигини айтишади. Ахир, умр бўйи бошлари деворга тегавериб, зада бўлавериб, шу даргоҳга келиб қолган бандалардан қанақа жасорат кутиш мумкин?!  Фақат тирик вужудларигина эмас, жисму жасадлари ҳам шу баднафс, бадбинларнинг қўлида эканлигини бир зум бўлса ҳам ёддан чиқариш калтафаҳмлик-ку! Зеро, ёддан чиқарганларнинг қора қисмати улар учун беш панжадек равшан.
Бошлиқлар ёзиб олишади барини. Бу ерда қишда газ бўлмаслиги, электр энергиясидан қарздорликни важ қилиб,  токни истаган пайтда узиб қўйишлари; санитарлар, ошпазлар, қўлга илинган нарсани ўмаришлари; ажратилган маблағнинг салмоқли улуши ер юткур амалдорларга чўзилиши юқоридан келган одамга аён эканлигини ва бу қусурларни гапириш бошга бало орттиришдан ўзга нарса эмаслигини ич-ичдан ҳис қилиб туришади. Ахир, яқин-яқингача шу  директорнинг ўзи юқори идорада ишларди; комиссия билан текширишга келар, арз-додларни ёзиб олган бўлар ва ўшанда ҳам сўзини: «Демак, ҳали кўп ишлашимиз керак», деб якунларди. Мажлис поёнига етмаёқ ошни сузишади…ва эҳтимол, тўғри қилишар.
Бу ердагилар, гоҳ-гоҳида бир вақтлар, озроқ муддат директор бўлган корейс йигитни  эҳтиром билан, ютоқиб эслашади. Уни сифатлашларига қараганда, ишни ҳар қандай мажлис, комиссиявозликка чек қўйишдан бошлаган экан.  Ўзи жуда хокисор, ҳалол экан:  кечқуруналари чол-кампирлар хонасига кириб, улар билан суҳбатлашиб ўтиришни хуш кўраркан. Ошхонадаги овқатлар туйимли, дастурхонлар баракали; чойшаблар, сочиқлар оҳори тўкилмаган бўлибди. Бирор киши ўлиб қолса, шўрлик корейс дилхун бўлиб йиғларкан,  кўмиш маросимини имкон қадар муносиб қилиб ўтказаркан. Нопок ошпазлар, андишасиз санитарлар ишдан четлатилибди.
- Қишди чилласийди,- гап бошлайди даштлик амаки бу ҳақда гап кетганда.- кечаси денг қор бураб жовди. Бир маҳал свет ўчиб қолди. Газ жўқ. Ажалимиз жеттими, деб баримиз қўрқиб туриппиз. Бир маҳал овози чиғиб қолди: «Мен шердаман!!» деди ўрисчалаб. Баримиз женгил тортдик. Жужурга айтди: «дарров шам товасан, бари уйга қўйиб чиғасан». Кечаси денг запхосди товиб келди. «Складда қанча кўрпа, одиял бўса об чиғиб, буларди устига жовасан», деди. Этталабгача кетмади - уйма-уй журиб ҳазиллашади, денг, уккоорди боласи. Маға айтадики: «Сизди улииз бўламан: моникай икковимиздиям қўзимиз қисиқ».
У гапини тугатиб, мириқиб кулади ва ёшли кўзлари тағин ҳам қисилгандай бўлади.
Ўша корейс йигит, гоҳида кечаси ҳам келиб, атрофни айланиб чиқаркан. Бир куни, аниқроги тунда у Боксёрни ўғрилик устида қўлга туширибди ва эртаси ишдан ҳайдаб юборибди. Яшамагур Боксёр директорнинг устидан ёзавериб, ишдан олдирибди. Шоир эса бу фикрга эътироз билдиради
- Суд  қоровулни ишга тиклагандан кейин, ўзи ариза ёзиб кетиб қолди.

 

* * *

Майли, тағин гапхонага  қайтайлик.  Маҳмудхон амаки девордаги «Бахтиёр кексалик» деган паннога ишора қилиб:
Бунинг ўрнига: «Оила учун курашмоқ керак, баракс у қасос олади» деган гапини ёзмоқ лозим, зеро, бу ерга аксар шу таомилни бузганлар келиб қолишади,- дейди.
Флора хола: «Мен бўлсам, бир донишманднинг:   «Эй, бахтли одам! Бу дунёда  бахтиқаролар ҳам борлигини сира ёддан чиқарма» деган гапини  ёздирардим,» дейди русчалаб.
- «Сен раҳбар бўлсанг, қўл остингдаги одамларнинг тақдири учун Худо ва виждон олдида жавоб беришинг керак», деган экан бир донишманд- суҳбатга қўшилади Чучук аяШу гапни ёзиб қўйиш керак - токи бизнинг катта-кичик амалдорларимиз уни ўқиб, ҳушёр тортишсин.
- Гарчанд раҳбар билан амалдор ўзга-ўзга тушунча бўлсада,- дейди Маҳмудхон амаки, - уларнинг этаги ҳамиша гуноҳга ботиб туради.  Ўзим ҳам бошлиқ бўлганман… Биз ишлаган пайтларда: ҳукумат билан ўликлар ҳақида фақат яхши гапир, деган темир қонун амал қиларди. Унгача таржимонлик қилардим: немис, инглиз файласуфлари,  танқидчилари асарларини ўзбекчага, русчага ағдарганман. Ҳозир ҳамхонамдан татарча гаплашишни ҳам ўрганябман. Ҳаётимда йул қўйган хатоим  - амалдор бўлишга кўнганим. Таржимонлик мени  маънан бойитган бўлса, раҳбарлик қашшоқлаштирди. Катта  йиғилишда ҳоким бир амалдорни ўрнидан турғизиб: «Ҳе, онангни…» деб сўкди. Ҳалиги гўсала ҳам бошини хам қилиб тураверди.  Магар сотқин, жиноятчи бўлсанг ҳам бошингни кўтармайсанми, ҳезалак? Ор қани, номус қани? Муштипар онангни гуноҳи нимада, ипирисқи? Бу ҳам майли. Ҳоким тағин биттасини ўрнидан турғизиб, кетига тепди. Ёпирай! Ўкиниб кетдим! 
- Бу ёввойилик,- чидаб туролмади кимдир,- бизнинг давримизда…
- Тағин денг,- давом этади  амаки,- йиғилишда миллий ғурур масаласи муҳокама қилинаётганди. Кўчада безори бола жўрасини сўкса тушуниш мумкиндир, аммо галстук боғлаган киши… Муқаддас анъаналар оёқости қилинаётган жойдан  кетиш керак эди. Чунки, мабодо ҳалиги бенавонинг ўрнига ҳоким мени сўкиб қолса, нима қиламан, деб изтироб чекабошладим. Хуллас, ариза ёздим. Умуман раҳбарлик менинг табиатимга зид эканлигини кеч тушундим. Ҳозир бизда раҳбар бўлиш учун ўта  совуққон ва қатиққўл бўлиш шарт. Хушфеъл, раҳмдил одам раҳбар бўлдими, ўзига ҳам ўзгага ҳам зарар етказади. «Бир қўлингда қамчи бўлсин, бир қўлингда қанд», деярди ўша ҳоким. Демак, унинг назарида атрофидагилар - айиқлар.

 




* * *

Оила ва бахтга  ташналиклари сабабми, ҳайтовур, суҳбатлар ҳам аксар ҳолларда, шу мавзуларда бўлади ва негадир, ўлим, охират ҳақидаги ҳикоятлар билан якун топади.   Ўзлари гувоҳ бўлган ибратомуз рўзғорлар, бахтли инсонлар ҳақида соатлаб  ҳикоя қиладилар.
-        Эътибор берганмисизлар, - дейди Чучук ая,- иккинчи бор эрга теккан ҳар қандай аёл аввалги эрини ёмонлайди; иккинчи бор уйланган эркак,  бунинг акси - аввалги хотинини мақтайди. Носамимийлик ва таназзул худди ана шу ердан бошланади. Фақат биринчи никоҳи билан бўлган жуфтликкина бахтиёр бўлаолади, деб ўйлайман. Аёлни бошқарган эркак давлатни ҳам бошқараолади, дейишади, аммо оиласидан ажралган эркак ҳамма нарсасидан ажралишига гувоҳ бўлганман.
- Аёлчи,- норозилиги яширмайди Флора хола ва бу фикрга қарши чиқади.
- Аёл ҳам!  Шахсан ўзим ҳаётимда аллақандай муъжиза рўй беради, деган умид билан яшамасам, бу ғуссалардан аллақачон ўлиб кетардим. Умидсиз одамнинг руҳи тушиб, шалвираб қолишини биламан. Шунинг учун ўлим ҳақидаги гапларни ёқтирмайман, қўрқаман. Кузатганмисиз: одамлар бир-бирларига ишонишмаса ҳамки, фолбинга, аллақандай оқимларга ишонишади, чунки улар муъжизалар ваъда этишади.
- Истаймизми, йўқми - оилани тутиб турадиган занжир фарзанд,- босиқлик билан гап бошлайди Маҳмудхон амаки,- ўша тадбиркор жиянимизнинг данғиллама ҳовлиси, четэл машиналари бор эди-ю, Худо фарзанддан қисган эди. Хотинини  Москваларга ҳам олиб борди - наф бўлмади. Етти йилдан кейин келиннинг ўзи: « Мен энди кетаман, бошқасига уйланинг» дебди. Жанжалсиз, гап-сўзсиз ажралишди.  Ўн кунлар ўтмай хотини  телефон қилибди: «Совуқ тушди - сичқонлар даладан уйга киради - кўрпаларимизни кемириб ташламасин, дори келтириб, сепинг», дебди.  Айтганини қилган бўлса керак; анча вақтдан кейин жиянимиз иссиқ кийимларини излаб, хуноб бўлиб турганда, тағин телефон жиринглабди: «Совқотиб қолмадингизми, - дебди аёли ғамхўрлик билан,- иссиқ кийимларингиз фалон шифонернинг фалон тортмасида турибди.» Кейин бориб, келинни  олиб келди - яшолмади чоғимда.   Шу орада эркак-аёл қавмларни бир жойга  тўпладим: «Жиянга ёрдам беришимиз керак, у гўдаклар уйидан бола олмоқчи эмас, биз, эшонзодамиз - аждодимизга насл-насаби ноаниқ бўлганни қўшолмаймиз, деябди.»  Даштлик бир жўмард келинимиз жойидан турди: «Бўйимда тўрт ойлик болам бор: бу - ўшаларники» деди. «Розиман, деди эри ҳам, бизда бундан ташыари ҳам уч жуфт қулоқ  бор!»  Кўзимдан ёш чиқиб кетди. Хуллас, беш ойдан кейин ўғил туғилди. Докторлар эмизгани олиб киришса, «Мен эмизмайман - бунинг онаси - ўша келин», дебди. Жиянимиз докторлар билан гаплашиб, чақалоқни олиб чиқишди, дўконнинг сути билан катта қилишди. Ишонасизларми - йўқми, йил ўтмай, келиннинг ўзи ҳам ҳомиладор бўлди. Ҳозир ўғли иккита..
Ўша куни  Тоғошар амакининг ҳикояси, ҳам мароқли бўлди.
Мактабимизга урушдан кейинги йиллар марказдан Зуфаров деган киши директор бўлиб келдилар. Учинчи синфда ўқирдим ўшанда. Қишлоғимиз тоғ орасида - қишда йўлларни қор босса, шаҳарга боролмай қолардик; ҳозир ҳам шу. Зуфаров муаллимнинг ёшгина, жуда сулув, шоҳиста хотини ҳам ботаникадан дарс берарди. Эрталаб десангиз,  икковлари кўчада қўлтиқлашиб, подрушка қилиб мактабга боришарди. Уларнинг каттагина ҳаворанг соябонлари бор эди: биз уни тутиб кўришни орзу қилардик. Ёмғирли, қорли кунларда икковлари шунинг остига кириб, бирдай қадам ташлаб юришарди. Ёшу қари ҳавас билан пойлашар, зоҳиран томоша қилишарди. Зуфаров муаллим ҳарбийча гимнастерка кийиб олар, хром этигини ялтиллатиб, қарс-қарс қилиб юрарди. Доим у кишини қўлтиқлаган муаллима сочини битта қилиб орқасига ташлаб оларди. У пайтларда, бизда аёллар бошларига ёпинчи ташлаб юришарди ва бу ҳол ҳамма учун ғалати, батамом янгилик эди. Уларнинг икковларидан ҳам жуда хушбўй ҳид келарди. Зуфаров муаллим билан кўришиб қолсангиз, кафтингизда алламаҳалгача дилни энтиктирадиган ифор қоларди. Муаллимадан эса бошқача бир дилкаш ҳид келарди. Зуфаров хотинига «муаллима» хотини эса эрига «муаллим» деб мурожаат қилишарди. Эҳ, жуда бошқача эди буларнинг бари. Биз - болалар чашмадан сув ташиб берардик. Шуларнинг уйида биринчи марта «Родина-49» радиоприёмнигини, примусни кўрган эдим.  Бир кун денг, муаллима мактабга йиғлаб келди. Кийиниши ҳам одмигина. Ҳамма ташвишга тушиб, уни ўраб олди: «Иосиф Виссарионович Сталин оламдан ўтдилар, деди у кўз ёшларини шашқатор қилиб, -энди қандай қиламиз?». Кейинги йилларга келиб, одамлар тўйларда вечер қиладиган бўлишди. Улар икковлашиб раислик қилишарди; Зуфаров тўрт қатор шеър ўқиса, муаллима ҳам нозланиб тўрт қатор ўқирди.  Эҳ, жуда гўзал эди!  Бирор оилада жанжал чиқса, эр-хотин бориб насиҳатлар қилишарди, койиб беришарди.  Қишлоғимизда  бола-чақали бўлишди; кейин ота-оналари кексайиб қолган экан, шекилли, кўчиб кетишди. Қишлоқ ҳувиллаб қолгандай бўлди. Шунда ҳам йилда уч-тўрт келиб, таъзия бўлган эшикларга кириб чиқишарди. Акобир деган раисимиз бор; отаси ҳам раис эди. Селхозни битириб келди.  Тошкентда, бир ойча  Зуфаров муаллимнинг ҳовлисида яшаган экан. Шу айтдики, бу гал муаллим билан муаллима  келсалар, кўчадан  подрушка қилиб ўтказамиз. Баринг чиқиб, оёғи остига гул ташлаб турасан. Расмга олиб қўямиз». Ўзлари ҳам баҳорда - гул сероб бўлган вақтда келиб қолишди. Бутун қишлоқ кўчиб чиқди денг. Энди гулни ташлаябмиз, ташлаяпмиз. Ҳаяжонланиб, ҳайрон бўлиб қолишди. Мактабга етар-етмас ариқ бор эди: Зуфаров муаллим  ўша замонлар ариқнинг икки рошига дарахт ўтқазганди: дўлана, ёнғоқ, терак… дегандай қўлга илинганини. Кўпини моллар еб кетди, бизда газ йўқ -ўтинга ҳам кесиб кетишди - ўқимаган одамларда. Лекин ўн-ўн бештачаси ҳозир ҳам турибди - қучоққа сиғмайдиган бўлган. Муаллим  янгани қўлтиқлаб ўша ергача борди-ю, ўпкаси тўлиб кетди: битта дарахтни қучоқлаб йиғлаб юборди. Муаллима хавотирга тушиб қолди. «Бу кишининг йиғлаганини кўрмагандим», деди ранги учиб…
- Гап ўқиган ўқимаганда эмас,- унинг гапини илиб кетди иккинчи суҳбатдош. - Бизнинг қишлоқда Девкор ота деган деҳқон бор эдилар.  Кетмонлари қучоғимга сиғмасди - катта эди. Шу киши бир кечада қишлоқда ҳовуз қазиб, сувга тўлдириб қўйганлар. Эрталаб одамлар туриб қарашса, янги ҳовуз бўйида кампирлари дамлаб келган райҳонли чойни ичиб ўтирган эканлар. Кўплар ишонмайди; лекин шу ҳовуз ҳозир ҳам бор. Канал қазишда Охунбобоев: «Сиз ҳақиқий девкор экансиз» дегандан кейин номлари шунақа бўлиб қолган. Токка чопиққа  чиқардик - бир биқинини у киши ағдарарди, бу ёғини уч киши зўрға улгурардик. Қаерда ишласалар, кампирлари  рўмолчага тушликларини боғлаб олиб борарди.  Онахонимиз елкага тоза сочиқни ташлаб, Девкор бобомизнинг қўлларига ўзгача бир эҳтиром ила сув қуярдилар. Девкор бобо кампирларини сиз-сизлаб гапирардилар; болалари, набираларини ҳам…Кампирлари майда баргли, қора чинни райҳонни хуш кўрардилар: томорқалари атрофига, супалари бўйига фақат шунақа райҳон экардилар. Битта шохчасини қулоқлари устига тақиб ҳам юрардилар. Кузда қуритиб олардилар:  қиш бўйи овқатга ҳам, чойга ҳам шунинг талқонини солардилар. Чол-кампирдан ҳам, ҳовлилари, дастурхонларидан ҳам райҳоннинг ҳиди келиб турарди.  Тўқсонга киришди. Бир кун Девкор бобо эрталаб турсалар, кампирлари бандачиликни бажо келтириб қўйибди.  У киши ҳам шундайгина ёнига йиқилиб, жон берадилар. Қишлоқда йиғламаган одам қолмади. Ўз кўзим билан кўрганман: гўрков ҳам юм-юм йиғлаб гўр қазиганди. Бўлмаса мактаб кўрмаган одамлар эдилар.
- Ўша Зуфаров муаллимни бултур телевизордан кўрсатишди,- чала қолган  каломини давом эттиради Тоғошар амаки.- «Келин-куёв» деган кўрсатув бор-ку - шунда. Чол-кампир кексайиб қолган бўлишса ҳамки, руҳлари чоғ, бир-бирларига аввалгидай ярашиқ.  Зуфаров муаллимдан узоқ яшашиниг сирини  сўрашди. «Бахтли одамгина узоқ яшаши мумкин. Одамни бахтли қиладиган нарса - яхши оила», - деди у киши.
- Гап ўқиган, ўқимагандамас; сизлаб ё сеннаб гапиргандаяммас,- суҳбатни илиб кетади даштлик амаки,- хотиним мени сеннарди; қазақди қизи эди. Армиядан обқочиб кегандим. Энамди оччуви чиғарди: «улимди сен дема», деб. Олов эди ўзиям: бир ўпка бригадимиз мени урмоқчи бўғанда, жағасидан об, итариб ташловди. Обқочиб кеганимдан сўнг, ота-энасига қат жозиб, бор гапди айтдик. Ҳапта ўтмай, жавоб келди:
«Биз  пол очдирган эйдик: у сени сарт манан қочиб кетганингни айтди. Қайтиб кесанг, гунойингдан ўтамиз; агар кемасанг, улар сени ўлдирармиш». Биз роса кулдик, жил ўтмай улли ҳам бўлдик.  Якка парзанд бўғани сабаб, анча эрка бўб ўсди. Қайданам наша чекадиганнарга қўшилиб қоған акан денг, уккоор, уйимизни куйдирди: бор бисотимизни сотиб, наша чекадиган бўлди, баччағар. Кунимиз овурлашиб қолди.  Мен мардикорчиликка кетганимда, энасини буғиб, тилла тишини суғуриб обди. Хотиним балницада  узилди. Болани қамаб жуборишди. Иннакейин, мен баққа келдим…
Эртаси бошқа жойда, тағин Маҳмудхон ака атрофида тўпланишади. Даврага янгидан-янги одамлар қўшилади. Ҳар кун ғайри-ғайри мавзуда суҳбатлашадилар:
- Мана шу шохга қаранг, дейди Шоир, қадимий чинорнинг баланд, муаллақдай турган шохига имлаб,- бултур бир отахонни олиб келишди, ҳа етмишлардан ошган эди ўзиям. Амалдор-памалдор бўлганми - анча сипо,  аммо дили ғам-у ғуссага тўлиб кетгани кўзидан билиниб турарди, ўпкаси тўлиб кетган бола бўлади-ку - шунга ўхшарди. Саҳарлар шовқун-сурон бўлиб қолди. Ўйғонсак,  ўзини  ҳов ана у шохга осиб қўйибди. Қандай қилиб у ерга чиққан - ақл бовар қилмайди. Милициядан одам келди, ноилож кран билан тушириб олишди. Одамлари бор экан: олиб кетишди. Лекин нима ситам ўтганини билолмай қолдик.
- Инсоннинг дили ғаладон эмаски, бундай титкилаб керагини топиб олсанг, - деди Маҳмудхон амаки.
- Ҳа, бобойнинг  кўзи худди тирикдай эди,- давом этди Шоир,- ўзим ёпиб қўйдим - таомил шунақа. Майитдан қўрқмаслик керак - мана шу чорраҳамизда «Дамас»   бир болани уриб юборганди.  Болакайнинг китоб-дафтарлари  сочилиб кетди. Бир рус аёл югуриб бориб, бечорани кўтариб олди-ю, бағрига босди: ҳалиги шўрлик ҳам нажоткорини топгандай, унинг елкасига бош қўйди. Бир оздан кейин бошини кўтариб, бизга қаради. Мен унинг нигоҳларидан: «Нега  мени бу куйга солдиларинг?!», деган ўкинчни уққандай бўлдим. Кейин тағин боши энгашди, ҳалиги рус аёл дил тўла дард билан фарёд солиб йиғлашга тушди - бола ўлиб қолган экан. Кейин болакайни мен олдим:  армонли кўзлари очиқ эди шўрликнинг, чунки у ҳали кўп нарсани кўришга ҳақли эди-да. Унинг нигоҳи ҳеч кўз ўнгимдан кетмайди. Мижжаларини беозор ёпдим. Гоҳида тушларимга киради, унга бағишлаб шеър ҳам ёзганман.
- Бизнинг жуфти ҳалолимиз,- давом эттирди Маҳмудхон амаки,- қирқ уч ёшга кирганда, кўкраги устига майдагина без чиқди - ўзи жуда қўрқиб кетди. Дадасининг ҳам нақ шу  ёшда, айнан шу еридан без чиққан ва охир-оқибат шўрликни олиб кетган экан-да! Таниш докторга олиб бордик - тасалли берди: «Бу ҳеч гап эмас, ўзим даволайман», деди. Анчайин енгил тортдик. Аммо лаънати без каттариб, аёлимизнинг иштаҳаси бўғиладиган, мадорсизланадиган бўлиб қолди. Кейин бир профессорга олиб бордим, у ҳам ваъда берди, айтган дори-дармонини топиб келдим, пул деганини аямадим; ҳар борганимда, эгилмаган бошимни доктор-у ҳамшираларга эгардим, илтижолар қилардим, чунки  ҳаётимни ёлғиз тасаввур қилсам, дилимни ваҳима босарди. Хотиним фан кандидати эди: жадидлар тўғрисида, бобокалонимиз Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақида  илмий иш қилганди. Кейин десангиз, Тошкентга олиб бордик. «Кечикибсизлар», дейишди, улар совуққина. Ҳаётининг охирги кунлари чўп-устихонга айланиб қолди. Кўзимга илтижоли боқиб: «Маҳмудхўжа бобомизнинг қабрларини топишса, ўшанга гул қўйсам, деб орзу қилгандим, аммо афсус…» деди. Ўзим ҳам йиғлаб юбордим. Лоақал ҳайкаллари бўлганда ҳам, сўнгги армони ўзи билан кетмаган бўлармиди… дейманда…
Орага мавҳумгина сукунат чўкди.  Амаки жилла  ўзгача оҳангда давом этди:
 - Бу гўшага келгунча инсон қадри, унинг сўнгги йўли, охирати ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўрмаган эканман. Табарук урфларимиз хору хасдай беқадр бўлса, инсонийлигимиз қаерда қолади бизнинг?! Ва шу билан ўз хатоларим ҳақида ҳам  ўйлайдиган бўлганман. Бизда бирор даргоҳда таъзия бўлса, ўттиз-қирқлаб қавмлар бел боғлашади; тобутнинг ортидан бутун маҳалла, корхона эргашади, унга елка тутишга  навбат етмай қолади; йигирма, қирқ кунлиги, йилигини хотирлаб, халққа ош беришади; қабрига қимматбаҳо тошлар қўйишади; гоҳида йиллаб телевизор қўйишмайди, музика тинглашмайди. Буни инсоннинг қадри, унинг руҳи покига эҳтиром деса бўлади. Зеро, инсон, у ҳаётми ёки марҳумми ана шу қадр-қийматга лойиқ!  Шунисии билангина у ўзга махлуқлардан фарқ қилади. Раҳбар бўлган пайтимда бунга қарши чиққандим - ўйлаб қарасам, гумроҳлик қилган эканман.  Ваҳоланки, қайбирам донишманднинг китобида халқнинг урф-одатларига кескин қарши чиққанлар  кўпчиликнинг нафратига дучор бўлишини ўқиган эдим. Начора, бизнинг энг катта хатомиз - ўз хатоларимизни такрорлаб туришимизда экан.
- Лекин шунга қарамай, урф-одатлар йиллар ўтиши билан ўзгариб, такомиллашиб бораркан, - деди Чучукхон ая,- бизнинг ёшлигимизда туйлар ҳам азалар ҳам батамом бошқача эди. Бугун…
- Кексалик - бугунни танқид қилишдан бошланади, дейишади,- луқма ташлайди кимдир. Бизнинг давримиз ўтиб бўлди - кексайдик.  Телевизорда бир олим  ХХ1 асрни детектив ва эстрада асри деб атади. Шу гапда жон борга ўхшайди. Аваллари инсоннинг қадру-қиймати бошқача эди. «Ҳамма нарса инсон учун, инсоннинг бахт-саодати учун» деган шиор ҳам бўларди.          

 

* * *

Фақат  оила, бахт ҳақидагинамас, яхши одамлар, охират, адабиёт, фалсафа, сиёсат борасида ҳам гуфтигўлар, мунозаралар бўлиб туради бу гапхонада. Айниқса, Чучукхон ая айнан ана шу мавзулардаги суҳбатни хуш кўради, гоҳида баҳсларга қўшилиб кетади, билар-билмас муҳокама юритади.
- Сиз мени нигилистликка айблаябсиз,- дейди у Маҳмудхон амакига эътироз билдирган бўлиб,- хуш айтингчи, бугунги адабиётга, театрга тан берасизми? Пул тўлаб,  бебурд китоблар чиқаришаябди, шалдироқ спектакллар қўйишаябди - адабий танқиднинг эса овози эшитилмайди.
- Нигилизм - нормал ҳол,- фалсафий қарашларини ифодалашга киришади Маҳмудхон амаки эминлик  ила,- лекин кучли кишининг инкори билан  нодоннинг ҳеч нимарсани тан олмаслигини бир-биридан фарқлай билиш керак.  Кучли шахс у  ё бу ҳодисани инкор этганда, ўрнига ундан қутулиш бўйича таклиф киритади, карахт туйғуларни уйғотаолади. Нодон эса айнан ўзининг хомаклигини  хаспўшлаш учун барининг устидан чизиқ тортади. Табиийки, ўзига ўхшаганлар даврасида, у ана шу нигилизми билан очко ишлайди.  Энди, адабиёт, театр, адабий танқид ва сиз айтган китоблар масаласида: кучли адабиёт ёки саҳна асари бўлмаган жойда танқидчи фаол бўлолмайди. Янги давр келди - кўз ўнгимизда дунё ўзгарди. Хуш адабиётчи? Бугун янги истеъдодлар керак! Адабий танқидга ундан кейингина иш фронти топилиши мумкин;  ахир Пушкин, Гоголлар янги адабиёт  яратмаганда, Белинскийлар пайдо бўлмасди-ку!
- Назаримда Белинский, Чернишевскийлар адабий танқидчидан кўра кўпроқ файласуфга ўхшашади. Уларни танитган нарса айнан ана шу фалсафий қарашлар. 
- Лекин фалсафада улар ҳам эрамиздан илгари яшаган юнон олимлари қўлига сув қуйишолмади, чунки давомийлик бўлмади. Муқаддас жой бўш турмайди, дейишади: биз интизор бўлган даҳоларнинг кечикиши сабаб, бўшлиқни  бетамиз асарлар тўлдираябди. Зеро, гул ўнмаган жойга алаф чиқиши табиий.
- Фалсафий масалаларда мен ҳам  сизнинг қўлингизга сув қуёлмаслигимни фаҳмлайман, - тан олади, андак сукутдан кейин Чучукхон ая,- аммо бугун одамлар китоб ўқимай қўйганининг сабабини кўпроқ телевизордан кўраман.  Барига ўша сабаб.
- Телевизор  ва интернет  тараққий этган Япония, Америкада китобхонлик даражаси аввалгидан ҳам баланд-ку...
- Ҳа, тўғри, аммо сиз боя  айтган  йўл бошловчи даҳонинг юзага келиши учун замин ва зарурат ҳам керак-ку. Эҳтимол шу омил оқсоқдир. Бунинг устига иқтисодий танглик - китоб харид қилиш учун пул…
- Йўқ, йўқ, шошиб инкор этади Маҳмудхон амаки ва муносиб тингловчи топганидан қувониб, завқу шавқ билан давом этади.  Немис файласуфларидан бири: «Эшик ортида даҳшатли меҳмон турибди, унинг номи – номаълум: нигилизм деса ҳам, вақт деса ҳам бўлаверади» деган эди. Бу  меҳмон эндиликда биз учун ичкарига кирди ва  уни кўриб турибмиз.  У кўз ўнгимизда ўз ишини бошлади:  саросималанмай, иккиланмай -  биз не-не машаққатлар ила тиклаган ва давомли қарсаклар билан очган ҳайкалларни нописанд бузабошлади. Биз андак сергак тортиб, каловланиб қолдик.
- Яхши тушунолмадим.
- Тушунарлироқ бўлиши учун  кўз ўнгингизга Х1Х асрни келтиришингизни сўрардим. Қанчадан-қанча амирлар, хонлар, доҳийлар ва даҳолар бор эди ўшанда ҳам. Биз айтган меҳмон ташриф буюриб,  бармоқ билан санарли ва гоҳида кутилмаган кишиларгагига шоҳсупадан жой берди. Начора,  ҳайкаллар қуриш ва унга сиғиниш қонимизда бор. Лекин мен аминманки, ўша  меҳмон  биз сиғинган доҳий ва даҳоларнинг бармоқ билан санарлисини қолдиради.
Чучукхон ая бу гал бағоят такаллуф ва самимийлик ила сўради: 
- Хуш, ўша нигилизм ёки номсиз ва ногаҳоний меҳмоннинг китоб ўқиш,  ўқимаслигимизга нима дахли бор?
- Ҳа, у фақат ҳайкалларни бузиш билан чекланмай, бизнинг дилимизга шубҳа, ғулғула солди: бугунги жараёнларга нописанд қарашни ўргатди ва ўзимиз  қадрлаган кўпгина китобларни кўз ўнгимизда жарликка улоқтирабошлади.

 

* * *

    Қуёшли кунлардан бири эди - даврада янги-янги отахон-у онахонлар қўшилгандилар, ҳатто Афғон ҳам хотинини етаклаб келганди. Кимдир шоирни йўқлади - унинг қаердалигини ҳамхонаси  ҳам айтиб беролмади.  Ва гап ўзани, беихтиёр шу одамга қараб бурилди.
- Барига арақ сабаб, деймиз-у, аммо  уни шишага дўст қилган вазиятлар ҳақида  кам гапирамиз,- деди Маҳмудхон амаки,- Аслида масаланинг сабабига эмас, сабабининг сабабига назар  ташлашга тўғри келади. Ўзининг айтишича, биринчи хотини билан турмушлари тузук бўлган экан, аммо қайнанаси  ноасл чиқибди:  ҳар нимарсага аралашиб, машмаша қилаверадиган, қизини йўлдан урадиган хилидан экан. Хотини ёмон эмас экан-у, онасиникига бориб келса,  тумшаядиган, жиззакилик қиладиган, рўзғордаги  гапни ташқарига олиб чиқадиган хунук одати бор экан.  Сабр косаси тўлган эр кунлардан бирида тарсаки тортиб юборибди!  Қурғур қайнана буни эшитиб, қизини олиб кетибди. Қўлида ўғилчаси ҳам бор экан. Орқасидан боришга эса ҳамият-у нафсонияти йўл бермаган. Шоир одам… Кейин хотини ва ўғилчасини соғинганда, аламини арақдан оладиган одат чиқарган чоғи. Албатта, ирода  керак эди! Аммо ҳар бир иллатнинг илдизини жамиятдан, тузумдан излаш ҳам жоиздир.
- Шу кишининг   исм-шарифи нима? - ногаҳонда  Маҳмудхон акага юзланди Афғон.
- Келган кунларим сўраганимда, «Тахаллусим - Арўзий», деганди. «Сиз арузда ҳам шеър ёзаркансиз-да», деб сўрадим.  « Тахаллус танлашда «араб» ва «ўзбек» сўзларининг биринчи бўғинини олганман», деганди. Кейин ҳақиқий исм-шарифи билан қизиқмай қўйдим.
- Лекин маст бўлса, жуда кўюшқондан чиқаркан,- давом этди Афғон,- бултур у корпусда яшаганимда, кайфи ошиб  бориб қолган экан. Оғзидан шоди кириб, боди чиқди: «Ҳов, оломон, поэзиянинг нималигини билмайдиган бенаво пода,- деди баримизга қараб,- ҳов, сағир кексалар, қари тимсоҳлар! Сизларни  бу ерга нима етаклаб келди? Сиздайлар билан  яшаш итимга - ор, мушугимга - номус!»  Биз индамай қўяқолдик. 
   Шу пайт дарвоза олдида ногаҳоний ғала-ғовур бошланди ва  таҳликали овозлар баландлашаборди.   Булар орасидан Шоирнинг овозини таниган Маҳмудхон ака ўрнидан туриб, хавотирона ўша томонга йўл олди, бошқалар ҳам унга эргашдилар. Қарашса,  кайфи тароқ Шоир қоровулнинг гирибонидан олиб, оғзига келганини тўкиб солаябди. «Бу -  жаллод? Жўрамнинг хунини олмасам, қўймайман…» Қоровул эса ўзини вазминликка олар, лекин хоначасига олиб кириш, ўч олиш иштиёқи билан ёнарди. Уларни ажратиб олишди. Эртаси Шоир ҳижолат тортиб ҳамхоналаридан узр сўради ва ҳасратларини тўкиб солди.
- Маданият бошқармасида ишлаганимда бир эрони билан дўстлашиб қолгандик. Ўзи бўш-баёв, оғзидан гапи тушиб кетадиган нобароргина эди. Шунинг олтмиш беш йиллик тўйига боргандим. Кампири иккаласини денг, тўрдаги  баланд шоҳсупага ўтқазиб қўйишибди. Меҳмон тўлиб кетган. Фарзандлар, набиралар: «отажон», «бобожон», деб кафтларига кўтаришябди. Келган меҳмоннинг кўлтиғида совға-салом. Мен ҳам илжайиб ўтирдим-у, аммо жуда хўрлигим келди. Нега кексайганда биров шоҳсупада, бошқа биров эса ғарибхонада бўлиши керак?! Эй, фалак, бу не кўргулик, деб ўкиндим. Рости гапки, аламимдан ичдим. Ўзим дардга тўлиб келябман-у,  бу  бетамиз Боксер йўлимни тўсгани ортиқча. 
- Ахир, у уйчасига олиб кириб… - хавотирини  яширмади Маҳмудхон амаки
- Ҳе, домла, баридан тўйиб кетдим; шунисига ҳам рози эдим. Бунақа яшагандан кўра…

 

* * *

   Алҳазар, демоқ керак, товба демоқ жоиз.
Қора бўёқларни кўпайтириш чикора. Саховат уйлари ва ундаги  муйсафидлар ҳаётига қора кўзойнак билан қараш гуноҳи азим-ку!  Чорасиз ё кимсасиз қолганларга маскан-у макон бўлган даргоҳ-ку, ахир у!
Аммо гоҳида, одамлар дунёда оқ бўёқлар борлигини билишлари, уни қадрлашлари учун  қора бўёқларни  ҳам намоён қилиб қўйиш керак.  Спартакнинг ўз ҳўжасига: « Майли, мени ур, аммо сўзимга қулоқ сол» деган гапини эслайсизми? Рўзғорига  андак совуқлик тушган эр ёки хотинга:  «Майли, мени ур, аммо оилангни барбод қилма», дегиси келади кишининг.  Начора ва тағин начора, аввал айтганимиздек, одамларнинг энг катта хатолари - ўз хатоларини такрорлаб туришларида экан!            
Эътибор берганмисиз,- дейди Маҳмудхон амаки гап орасида бот-бот,- ажралишга ариза берганларга суд ўйлаб олиш учун бир неча ойлик муддат беради. Ундан кўра, шу гўшага келтириб, уларга бор фожиани  кўргазиш фойдалироқ бўлурди.
Бу ибратхонани  ғарибхона ёки ғурбатхона дейиш ноўрин.
Баҳорда қабристон устини қип-қизил лолақизғалдоқ қоплаганини кўрганмисиз? Йўқ, йўқ… Қиш кунлари шишадай тиниқ осмонда юлдузлар жилва қилганини томоша қилганмисиз? Аслида инсон ҳар қандай вазият ва шароитда ҳам ширин орзулар билан яшайди, бардам ва умидвор руҳини йўқотмайди. Инсон ҳаёти ҳамиша эзгулик ва яхшиликка интилишдан иборатдир. Ҳатто Азроилни ҳам табассум билан кутиб олган кишиларни биламиз.

 

* * *

   


Сўнгги пайтларда Саховат уйида Нарзи дароз, унинг узун оёғи, бесўнақай «тўрт оёқли чўбин оти» ҳақида  бот-бот гапириладиган, ҳазил-мутойиба қилинадиган бўлиб қолди.  Шоирнинг икки қатор ҳазил шеъри кўпчиликнинг оғзига ҳам тушди:
Томда тобут ётоди,
Аяғи совуқ қотоди…
Буларнинг барига аниқлик киритиш учун андак чекиниш қилишга тўғри келади.
Қўшни маҳаллада Нарзи дароз деган  новча бир амаки  касалланиб қолади-ю, қизини чақириб ( ўғли йўқ экан, раҳматлининг) васият қилади: «Мен узиладиганга ўхшайман. Аммо чамалаб кўрсам, қабристондаги тобут менга бўй бермас экан, битта узунроқ қилиб ясатиб қўй;  Искандарнинг қўлига ўхшаб оёғим тобутдан ташқари бўлмасин…». Қизи зудлик билан… Аммо қурғур уста мўлжалдан узунроқ қилиб ясагани сабаб, у жуда беўхшов бўлиб чиқади.  Начора. Нарзи дароз оламдан кўз юмгач ( охирати бахайр бўлсин),  васиятини бажо келтириб, шу тобутга ётқизишади.
Одамларга аввал нон керак, кейин ҳангома деб эшитганмисиз. Бошқа гап қуриб кетгандай, маҳаллада, қабристонда ҳам одамлар нуқул ана шу тобутнинг ҳаддан ташқари  бесўнақайлиги, ғайритабиийлигини гапирадиган бўладилар. Бунинг устига анча жойни эгаллаб ётиши ҳам... Маҳалла фуқароларининг йиғилишида бир бойвачча кексалар уйининг тобути билан мозорини ажратишни таклиф қилади; бунга уларнинг кимсасиз ва ғарибликларини очиқдан-очиқ важ қилиб кўрсатади.  Табиийки, кўпни кўрган муйсафидлар унга қарши чиқиб, ҳамма ҳам Яратганнинг бандаси эканлигини, кибрга ҳожат йўқлигини айтиб, панд-насиҳат қиладилар. Шунга қарамай, муайян тўхтамга келишолмайди; аммо маҳалла оқсоқоли  тобутдан, аниқроғи, маломатлардан қутулиш учун уни Саховат уйига бериб юбориш лозим, деган  фикрга келади. Сим қоқиб, директорнинг розилигини олгач, ўзи машинага орттириб, зудлик билан буларнинг ҳовлисига тушириб кетади. Аммо тобут оддий қути эмаски, у  беэътибор тураверса. Ўтган-кетган ажабланиб қарайверади, сўрайверади. Кўтара нохушлик… Отахонлар тобутни  ўрнига элтиб қўйишни маслаҳат беришади, аммо «Демак» сўзидан  қайтолмайди ва сих ҳам куймасин, кабоб ҳам деганларидек, тобутни чортоққа  чиқариб қўйишни буюради.
- Бу - хосиятсиз нарса,- дейди Маҳмудхон амаки,- унинг томда туриши ҳам ножоиз. Одамларимизнинг асаблари, руҳий ҳолатлари ўзингизга аён…Арзимас баҳона ҳам нохуш таъсир этиши мумкин. Аммо директорнинг чекингиси келмайди.
Аввал тобут ҳақида аскиялар қилишади, латифалар тўқишади. Искандарнингг қўли ва  Нарзи дарознинг оёғи тобутга сиғмабди, деган  гап ва Шоирнинг шеъри нақлга айланиб кетади. Бу ҳам майли, томдаги тобут ва ундаги аллақандай арвоҳ асаби бўшларнинг тушларига кирабошлайди.  Жумладан, шўрлик Афғон уйқусизлик дардига дучор бўлади: туни билан  девонавор ҳовли кезиб юрадиган ёки бир нуқтага тикилиб хаёл сурадиган; серхархаша, ўчакувчан, инжиқ бўлиб қолади.

 

* * *

Кеч куз кунларидан, аниқроғи тунларидан бирида каттиқ шамол турди.  Ногаҳоний қор аралаш ёмғир деразаларни хавотирона чертабошлади. Дарахт шохи синиб, электр симларини узиб юборди - рутубатли зулмат,  дилни ваҳимага соладиган чақмоқ, момоқалдироқ бошланди.
Уйқулари қочган муйсафидлар  юпқа кўрпаларини устларига тортиб, ҳадемай аллақандай нохушлик рўй берадигандай сукут сақлашарди.  
- Дездемона, ўйғоқмисан,- хавотир аралаш сўрайди Флора хола. Биласанми - мен Украинада ўлишни истардим.
- Ўлим ҳақида гапирманг…илтимос.
У тин олади ва шамол  сусайиши билан тағин давом эттиради:
- Тарас Шевченконинг шеърини биласанми?
Ўлсам менинг жасадим,
Украинага кўмилсин.
Қабрим у кенг даланинг
Энг ўртасида бўлсин!
Поёни йўқ она ер
Ва зангори Днепр
Кўриниб турсин менга…
Аёл сукут сақлайди ва бу ҳолдан икковлари ҳам зим-зиё сукунатдан ваҳимага тушишади. Флора хола давом эттиради:
- Мабодо ўлиб қолсам…
- Ўлим ҳақида гапирманг. 
- Майли, мен ёшимни яшадим, аммо  сен хор бўлма:  ўша сипойига тезроқ тегиб ол. Киборлар жамиятининг арзандасига ўхшайди у ва омад бундай тоифалар омадли бўлишини  биламан. У хушфеъл, сахий одам: менга пул берди. « Ўксиманг, буни ички чўнтагингизга солиб юринг - дилингизга қувват бўлади, аммо ҳеч кимга айтманг» деди. Сен улгуришга улгур! Уни севишингни биламан. У ҳам…
- Флора хола,- ўша қўрқув ва хавотир аралаш унинг гапини кесади  Чучукхон ая,- севгига бало борми шу тобда? Бу гаплар  ўн етти-ўн саккиз ёшлиларга ярашади. Менга эса… такягоҳ  керак. Мана шундан ваҳимали дақиқаларда, дилимга қувват берадиган, кечаси ёмон тушлардан қўрқиб ўйғонганимда: «Қўрқма, азизим, ёнингда мен борман»- дейдиган,  дилим беҳудуд ҳасратларга тўлиб кетганда, кўз ёшларимни меҳрибонона артиб қўядиган қўл керак. Мабодо ўлиб қолсам, бел боғлайдиган, дилхун бўлиб йиғлайдиган жигаргўшам бўлишини орзу қиламан. Ўша қадрдоним билан қўлтиқлашиб театрларга, тўйлар, базмларга боришни ҳам ўйлайман. Ишонсангиз, театр, базмларга бормаганимга ҳам кўп йиллар бўлиб кетди! Тағин: уйимиз олдидаги бир парча заминга чинни райҳонлар экишни ўйлайман.  Яна биласизми нимани орзу қиламан: елкамга оппоқ, ҳарир сочиқ тутиб, ўша яхши кўрган одамимнинг қўлига сув қуйишни… Набираларим бўлса дейман: уларни музика мактабига ўзим олиб бориб, олиб келишни истайман… Тушларимда аллақандай маҳбуб бир қўл елкаларимни, белларимни  оппоқ қўллари билан меҳрибонона силагандай бўлади. Ўйғониб кетиб эса, ўзимни сувараклар, каламушлар изғиб юрган тор ва бадбўй уйчада кўраман. Бу даҳшатли азоб эмасми? Шундай яшасанг-ки, ўлсанг, гўрков ҳам юм-юм йиғласа дейман… Сиз бўлсангиз,  ваҳима орасида севги ҳақида гапирасиз, ёки ўлимни ёдга солиб, дилимни хуфтон қиласиз…
- Дездемона, Украинада менинг синглим бўлиши керак - ўшани топсам, дейман. Бошимнинг остида дафтар бор - ўлиб қолсам, дафтарни ўшанга етказишга ҳаракат қил….
Бир пасгина тин олган шамол тағин кучаябошлади, кўп ўтмай чақмоқ чақди ва  момоқалдироқ ғайритабиий қаттиқ қарсиллади. Томда алланима шитирлагандай, юраётгандай бўлди. Ташқарида итлар безовта вовуллайбошладилар. Қўрқиб кетган Чучукхон ая ўзини ташқарига олди ва нима қилишини билмай, еттинчи хонанинг эшигини тақиллатди.  Бу ерда ҳам ваҳима ичида ўтирганлар сесканиб тушишди..
Маҳмудхон ака,- зорланди аёл,- қўрқиб кетаяпман - раҳмингиз келсин. Томда биров юргандай бўлябди. Ёнингизда ўтирсам майлими?
У енгилгина ҳансирар, нималар ҳақидадир гапиргиси, шикоят қилгиси ва шу билан қўрқув, ёлғизлик, бедаво ғарибликни енггиси келаётганлиги кўриниб турарди.
- Келинг, мен ҳам қўрқяпман,- деди Маҳмудхон амаки, қоронғуда  унинг қўлларини умидвор излар экан.  
Шу пайт коридорда бировнинг ногаҳоний фарёди эшитилди,  нимадир тақирлаб кетди. «Дод, мусулмонлар, қутқаринглар!  Нарзи дароз келябди: қўлида граната. Граната! Граната!!!»
-        Афғон жинни бўлиб қолди,- дейди  Маҳмудхон амаки ўксиб. 
Афғон яна ваҳима аралаш бақиради, қоровулнинг сертаҳдид  овози эшитилади; у кимнидир онангни …деб сўкади.  Тапур-тупур бошланади, аллакимнинг  инграган, дардли овози эшитилади.
- Боксёр Афғонни урябди,- дейди боядан бери жим ўтирган Шоир ғазаб билан. -Ўлдириб қўйиши мумкин... 
       

                                                                                   2007

Комментариев нет:

Отправить комментарий