САНАТОРИЯДА
Туркистон тизма тоғларига туташ Обигарм қишлоғидан икки чақиримча баландликдаги оромгоҳга баҳо берадиган бўлсак, унинг мўъжазлиги, оддий, ҳатто жўнлигини тан олишимиз керак бўлади. Бошқа шаҳар, юртлардаги дам олиш уйлари, курорт, санаторияларда бўлганлар бу ерга келиб, бурунларини жийиришлари ҳеч гап эмас.
Одам бўйичалик девор калладай-калладай келадиган тошлардан лойсиз, цементсиз тикланган ва омонатдай, ҳадемай қулаб тушадигандай таассурот қолдиради. Дарвоза хивичдан ясалган, аниқроғи, унинг ички қисми саватдай қилиб тўқилган. Атрофи тут хивичидан доиралар, ўртада қаҳваранг новдадан (эҳтимол, гилос ёки олхўриникидир) юракнинг беўхшов шакли акс эттирилган. Бу кимлар учундир қадимий ҳунармандчиликни ёдга солса, бошқа бировлар учун бориб турган одмилик ёки ночорлик бўлиб туюлиши табиий.
Хоналар ҳам пастак, тартибсиз. Ёзлик айвонларнинг томлари, деворлари бўйрадан.
Аммо бу ерларнинг табиатига тан бермай иложингиз йўқ. Ёнбошда иссиқ булоқдан чиқаётган буғ кўп ҳолларда доимий туманга ўхшаб туради ва эрталаб, кечқурунлари қуюқлашади. Юқорида арчалар; ҳар-ер, ҳар-ерда қор парчаси кўзга ташланади. Гарчанд дарвоза тепасига: «Обигарм» оромгоҳи», деб ёзилган бўлса ҳам, кўпчилик «Шомилнинг санаторияси», деб атайди бу масканни.
Бундан бир неча йиллар муқаддам эркин кураш бўйича Осиё чемпионатининг мутлақ ғолиби бўлган ва жаҳон биринчилигига ўтказиладиган мусобақага тайёргарлик кўраётган Шомил полвон…
Шу ўринда унга андак таъриф бермасак, кўнглимиз тўлмай қоладиганга ўхшайди.
Бу атрофларда уни Тайсон ҳам дейишади. Азимжуссалиги, гавдасининг беўхшовлиги кенг ўмровлари, бўртиб турган мускуллари кураш тушадиган полвондан кўра, оғир вазнли боксчини кўпроқ ёдга солади. Фақат гавдаси бўлса майли-я, муомала ҳам дағалроқ: илтифотсиз, тавозесиз. Биз эса оддий ҳақиқатни ҳам ялтироқ қоғозга ўраб беришларига кўникиб қолганмиз. Шомил полвоннинг миллати - чечен, аммо бу ҳақда гапиришни хушламайди, «Ўзбекистон фуқаросиман» деб қўяқолади; ўзбекчани ёйиб, секин-секин, русча ибораларни аралаштириб гапиради.
Хуллас, кунлардан бирида Шомил шу қишлоқлик Араббой амакиникига меҳмон бўлиб келади. Бунинг боиси шундаки, амаки унинг отаси (марҳум) билан Афғонистонда хизмат қилган экан. Шомил чемпион бўлганда, амаки уни излаб борган, тўн кийгизиб, отаси билан тушган суратларни кўрсатган ва қайтишида қишлоғига таклиф қилган, албатта. Бу ерда паҳлавонни яхши кутиб олишади, қўй сўйишади, тўнлар кийгизишади.
Эртаси у тоғ сайрига чиқиб, ёнбағирдаги иссиқ булоқни кўриб қолади. Қараса, атрофда талай дардманлар қўл, оёқларини сувга солиб ўтиришибди чўмилишаябди. Булоқ суви таркиби ўрганилгани, у Кавказдаги Нарзан сувидан бой эканлигини гапиришади мезбонлар.
Шундан кейин Шомил ҳамма ишини йиғиштириб қўйиб, (спорт мутасаддилари, тренерлари дилтанг бўлиб, ундан қанчалик ранжишганини айтмай қўяқолайлик) шу ерда хусусий санатория қуришга киришади. Қишлоқдагилар ҳам четда турмайдилар: биринчи йили булдозер топиб, йўл, майдонча очилади, симёғочлар ўрнатилади. Иккинчи йили қурилиш бошланади. Полвон эски «Москвич»и билан цемент, ғишт ташийди, усталар билан баб-баравар бетон қоради. Бу машаққатлар ҳақида гапириб ўтириш, эҳтимол ортиқчадир - қурилишдан андак хабардор одам барини ҳис этаолади. Бунинг устига, қияликда бино тиклаш чандон машаққатлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Ўша йил тўртта хона тикланиб, сувоқдан чиқарилади, бўялади, кроватлар қўйилади; ваннахона, муолажа кабинети тайёр бўлади. Аммо санаторияни рўйхатдан ўтказиш осон кечмайди: биринчи бор келган комиссия озмас-кўпмас - ўттиз иккита камчилик топади. Гарчанд қарзга ботиб қолган бўлса ҳамки, Шомилнинг руҳи тушмайди - комиссия хулосаларига қўшилади.
Кечқурун Араббой амакиникида ҳисоб-китоб қилиб кўришса, тағин фалон миллион сўм керак экан.
- Ўттиз икки тишнинг ўттиз икки иши бор,- дейди амаки ҳалиги хулосаларни назарда тутибми ёки аёлмандлигидан зорланибми,- ёрдам берай десам, ўзим ҳам камхаржроқман. Аммо бир-иккита қўй-эчкиларни сотиб, атрофини ўраб қўймасам бўлмас. Битта хонача қуриб, ўша ёққа бориб ётаман: ҳар хил одамлар бор, мол-пол дегандай….
- Комиссия талабномаси шундан бошланган,- дейди Шомил,- мен ҳам «Москвич»ни сотаман - қувур оламиз - ваннанинг чиқинди суви қайта дарёга тушмаслиги керак экан.
Эртаси Араббой амаки Шомилни қўшни қишлоққа тўйга таклиф қилиб қолади.
- Кўпкариси бор - томоша қиласан,- дейди, бояқишнинг кўнглини кўтариш илинжида.
Боришса, кўпкаримас - кураш экан. Булар ҳам, кўп қатори бир чеккада томоша қилиб ўтиришади. Охирида бир мўйлов кураш бўйича вилоят чемпионини эргаштириб чиқади. Ҳакам ўртага тана қўйилганини эълон қилади. Полвонни икки бор айлантиришса ҳам, даъвогар топилмайди.
- Мана, бир от қўйилди,- дейди ҳакамлик қилувчи. Шомил шунда амакини нўқийди.
Мени етаклаб чиқинг, уни йиқитаман - отни сотиб,
деворни тиклайсиз!
Араббой амаки андак иккиланиб, хавотир тортиб туради.
- Курашдан кетганингга анча бўлган, тағин йиқилиб…
- Хотиржам бўлинг,- дейди,- мени йиқитиш осон эмас!
- Охирги марта сўраяпман, даъвогар борми?- овозини кўтаради даврабоши.
- Бор! Мана, бизнинг обигармлик полвонимиз кучини синаб кўрмоқчи,- дейди, Шомилни эргаштириб чиққан амаки овози қалтираб.
Даврада ғала-ғовур бошланади. Полвонларни юзма-юз қилганда, кутилмаган ҳол рўй беради: ҳалиги чемпион Шомилни таниб қоладими ёки ҳайбат-у важоҳатидан чўчийдими, ҳайтовур, қўл кўтариб қўяқолади.
От ўша ернинг ўзидаёқ сотилади. Араббой амаки девор, дарвоза, қоровулхонани шунинг ҳисобига тиклайди. Бу орада Шомилнинг ўзи Кавказ, Тожикистон томонларга бориб, кураш тушади, топганини амакига жўнатади. Хуллас, тўрт йил деганда, санатория рўйхатдан ўтказилиб, ишга тушади.
Дастлабки йиллари келадиган кишиларнинг унчалик тайини бўлмаган, дейишади. Ҳозир бу ерга жойлашиш - анчайин муаммо. Йўлланма тополмаган талай дардманлар қишлоқда ижарада туришади; кундузи келиб даволанишади.
* * *
Ошхонага кирганларнинг димоғига тоғрайҳон ( бу ердагилар кийик ўти, деб аташади) ҳиди гуп этиб урилди. Бу гиёҳни ғарамлаб қўйишларини; чойга, овқатга солиш таомилга айланганини кўпчилик билмасди.
- Янги келганлар, мана бу ерга ўтиринглар,- деди ошхона мудири, олти кишилик столга имлаб.
Қимматбаҳо халатининг белини зичлаб боғлаган, сочини ҳафсала билан тараган, ўттиз ёшлардаги хушбичим, кўринишидан анча зиёли киши, бўй-басти, рафтори ўзига муносиб ёшгина жувон билан тўрдан жой олишди. Атрофдагиларга хайрихоҳлик, мойиллик чеҳраларида манаман, деб турар, икковларидан ҳам дилни энтиктирувчи хушбуй ҳид тараларди; аёлнинг енгилгина пардози ҳам, табассуми ҳам меъёрида эди.
Хуллас, муносиб жуфтлик!
Улардан кейин саксон ёшнинг нари-берисидаги муйсафид, ўсмир набираси билан жойлашишди. Тўртинчи бўлиб, бошига оқ дўппи, эгнига яктак кийган, бўлиқ мошгуруч соқоли ўзига ярашиқ, художўйлиги билиниб турган отахон ва охирида эллик ёшлардаги ўртабўй, қорни катта, семиз, кўринишидан жиддий, синчков киши жой олишди.
Улар бир-бирлари билан енгилгина саломлашиб қўйишди, гарчанд нотаниш бўлишсада, илтифот ва эҳтиромларини дариғ тутишмади.
Аслида одамлар дам олиш уйлари, оромгоҳ, курортларда хушсухан, ҳазилга мойил, ҳатто сўзамол бўлишади. Аммо шунга қарамай, синалмаган отнинг сиртидан ўтма, дегандай, булар ўзларини таништиришни кейинга қолдиришди.
Майли, бу кемтикни ўзимиз тўлдириб қўяқоламиз.
Биринчи бўлиб тилга олганимиз - силлиқ, сипо киши - газета муҳаррири - Бободўстов. Унинг маънавият, маърифатни тарғиб этувчи газетаси ўзига хос мавқега эга. Унга «муносиб аёл» деб таърифлаганимиз - шоира - Ҳуррият; юпқароқ бўлса ҳам китобчалари чиққан. «Ҳуррият» унинг номими, тахаллусими - сўраш ноўнғай ва бунинг аҳамияти йўқ ҳисоби.
Отахон профессор - Отабек Отақўзиевич. У киши ўттиз йил давомида университетда энтомология фанидан лекция ўқиган, умуртқасиз жониворлар кафедрасига мудирлик қилган. Ҳашаротлар ҳақида гап кетса, завқ-шавққа тўлиб, эҳтирос билан сўзлашни хуш кўради. Зарафшон водийси ҳашаротларини ўрганган, систематикасини тузган; бир неча олий ўқув юртларининг фахрий профессори. Домлани бу ерга уч йилдан бери уйқусизлик дарди етаклаб келади.
Ўзини Ҳожи амак деб таништирган бухоролик отахон анчайин кекса кўринсада, аслида домладан ёш. Насиҳатомўз гапириш, қироат қилиш, мумтоз шеърлардан сатрлар ўқишни хуш кўради.
Қорни катта, семиз, деганимиз эса – туман милиция бўлими бошлиғи, подполковник Азларов. Касб-кори тақозоси бўлса керак, дангал гапириш, жилла мақтаниш, гоҳида сўкиниб юбориш одатлари бор.
Улар стол атрофидан жой олгач, Отабек Отақўзиевич хушсуханлик билан, мазкур санаторияга аввал ҳам келганини ёдга солди ва:
- Бу ерда ҳамма ўзига-ўзи хизмат кўрсатади,- деб огоҳлантирган бўлди.
Гарчанд кутилмаган ҳол бўлса-да, бундан ранжишмади - ҳар ким ўзига тегишли неъматни олиб келди.
- Кейин идиш, товоқларни оббориб қўйиш ҳам ўзимизнинг бўйнимизда,- бунга гўё ўзи айбдордай, ҳижолатомуз қўшиб қўйди домла.
- Ишқилиб, ювиб ҳам бермаймизми?- ҳазил аралаш сўради Бободўстов, кунжковлик, иддао оҳангида.
Жавобан даврадагилар кулиб кўяқолишди. Шу билан орадаги бегонасираш пардаси кўтарилгандай бўлди, улар эски танишлардек гапга киришиб кетдилар.
- Буларда штатлар оз,- янги танишларнинг кўнглини илитишга ҳаракат қиларди профессор,- Шомил ҳам хўжайин, ҳам маъмур; шунга қарамай, гоҳида массаж қилади. Араббой амаки деган қоровул бор; хўжалик мудири ҳам - ўзи.
Тушлик тугаши билан идишларни жойига элтиб қўйишди, бухоролик отахон пешин намозига шошилди, қолганлар мамнун кайфиятда ҳовлига чиқишди. Шоира бу ердаги ёввойи табиатдан: шаффоф ҳаво, нотаниш аммо дилкаш ҳидлар, оҳанглардан ҳайрат, ҳаяжонини яширолмас; тўлиб-тошиб шеър ўқигиси келар, аммо бунинг учун андак вақт борлигини ҳис этиб, ўзини тиярди.
- Қизим олти ой олдин ариза бериб қўяди,- соддадиллик билан давом этарди Отабек Отақўзиевич,- фақат шу ерга келсам, дарддан фориғ бўламан. Бунинг хўжайини кураш бўйича жаҳон чемпиони бўлган.( Аслида Осиё чемпиони бўлганлигини эслатган эдик ва бу чалкашлик учун муйсафидни айблашнинг ҳожати йўқдир.) Ўзбекистон байроғини бошига кўтариб турганини телевизордап кўрганман. Қувониб, кўзидан ёш чиқиб кетганди, лекин ўшанда ҳам қовоғини очмаганди…
Кейин Шомилни сифатлашда давом этди: гарчанд андак қўрс бўлса ҳамки, бағрикенглиги, одамгарчилигига урғу берди, шу кимсасиз қияликларни обод қилиши тафсилотларини эслатди.
- Тўғри қилган,- қўшилди подполковник Азларов,- чемпионликдан нима наф? Бир-икки йилда ундан зўри чиқиб, йиқитади-ю, бари тугайди. Бу ерда пул бор! Шуни ҳис этган у.
- Полвон иймонли, яхши одам: пулга ўч эмас,- эътироз билдирмоқчи бўлди профессор.
- Уни ёмон деяётганим йўқ, ақли жойида эканки, шу ишга қўл урибди-ди. Пул жамиятни ҳаракатга келтирувчи локоматив, саодат сарчашмаси, озодлик қаноти эканлигини вақтида тушунганларнинг садағаси кетсанг арзийди. Энг муҳими, бу ердан топиладиган пул она сутидан ҳалол! «Бугун Ўзбекистонда ким яхши яшайди?» деб сўраса, «Ана шунақа ишбилармонларни кўрсатардим ва “ҳалоли бўлсин!”, дердим.
Милиция сардорининг пул ҳақидаги фалсафаси муҳаррирга маъқул тушмади. Одоб билан эътироз билдирмоқчи бўлди.
- Жамиятни ҳаракатга келтирувчи, инсонни саодатманд қиладиган бошқа кучлар ҳам бордир,- деди, негадир подполковникнинг кўзига эмас, қорнига қараб.
Суҳбатдоши эса унинг нигоҳларидан «Сен пулнинг қулига ўхшайсан, маишатпарастликдан чўчқадай семириб кетгансан», деган фикрни уқиб олди. Ётиғи билан изоҳ берди.
- Туғишган укам шу ердан ўн беш килога ориқлаб кетди. Шунинг учун келдим. Менинг семизлигимни маишатдан деб уйлашади. Аслида бу - ирсиятдан. Раҳматли онам шунақа… тўла эдилар. Элликка кирмай, оламдан ўтдилар - юракларини ёғ босди. Гоҳида икки кунлаб оч юраман: қон босимим тушиб кетади, аммо жиллагина ориқласамчи...Қуруқ нон билан рўзгузаронлик қилсам ҳам, вазним ошиб кетаверади. Энди пул масаласига келадиган бўлсак, маънавиятимиз арбоблари «Пул ҳаром» деб, онгимизни заҳарлаб қўйишганди. Лекин ўшанда ҳам пулни кўришса, кўплари ўзларини томдан ташлашарди. Пул - нон, шодлик, озодлик бўлса, нимаси ҳаром?
- Агар ҳамма гап пулда бўлса, унинг станогини ишга тушириб, оламни жаннатга айлантириш мумкин бўларди,- деди Бободўстов. - Энг оғир занжир - олтин занжир, деган гап бор. Бир замонлар жадид боболаримиз мустақилликнинг, фаровонликнинг калиди маърифат ва маънавият, деб билдилар, қон кечиб курашдилар. Аслида янгича ахлоқий тушунчаларни шакллантирадиган куч ҳам - маърифат ва маънавият бўлса керак.
- Ўша икки омилни тараққий эттириш учун ҳам пул керак,- бетакаллуф давом эттирди подполковник. - Инсоният минг йиллар давомида ахлоқ қоидаларини яратди, шакллантирди; энди янги ахлоқ яратишнинг ўзи - ахлоқсизлик.
Жўяли гапларга, қизғин мубоҳазага диққат билан қулоқ солиб ўтирган домла батамом бошқача фикрда эди. Отабек Отақўзиевич жамиятнинг етакчи кучи, инсониятни саодатманд қиладиган омил - фан, деб ҳисоблар, бу борадаги оқсоқликдан хуноб бўларди. Айниқса, биология соҳасида қадимги юнонлар даражасидан кўтарилмаганмиз, деб ҳисобларди. У энтомология фанидан лекция ўқиганда, олти оёқли митти жониворлар ҳақида афсона-ю, ҳақиқатларни эҳтирос билан гапирганда, инсоният ҳашаротлардан медицина, ветеринария, ўсимликларни ҳимоя қилиш, маиший соҳаларда фойдаланмаётганини жонсўзлик билан санаганда, талабаларнинг бири қўйиб, иккинчиси савол бериши кўз ўнгига келди. Шу хусусда андак гапирмоқчи бўлди-ю, фикридан қайтди: «Бусиз ҳам кўп гапирдим, хаёлидан ўтказди у, сержағ чол экан, деб ўйлашмасин». Бунинг устига қизининг: «Синалмаган одамлар билан камроқ гаплашинг, зинҳор ва зинҳор баҳслашманг - қон босимингиз ошиб кетмасин», деб тайинлагани ёдига тушди. Лекин шоира ўз фикрини айтмай қолмади: у инсониятни саодатманд қиладиган илоҳий куч - шеърият эканлигини таъкидлаб, Алишер Навоий, Ҳофиз, Лермонтов сингари буюкларнинг руҳларини безовта қилди.
* * *
Кечки овқатдан кейин даврага Ҳожи амак ҳам қўшилди. Унгача эса Бободўстов янги шерикларга газетасининг бир неча сонларини тарқатган, шоира «Иффат» деб номланган шеърий китобчасига дастхат ёзиб берганди. Ундаги: «Сиз отамга ўхшар экансиз» деган таъриф, ижод аҳлини илоҳий қудрат деб ҳисоблайдиган профессорни жуда қувонтирди.
- Сиз ҳам қизимга ўхшаркансиз,- деди жавобан,- унга Покиза деб ном қўйганман. Шукурки, номига муносиб бўлди. У - менинг фариштам! Хўжайинингиз ҳам куёвимни эслатди. Икковларингни биринчи кўришимда асал ойини ўтказаётган ёш келин-куёвлар ёдимга тушди.
- Келин-куёвмиз, асал ойини ўтказгани келганмиз,- ясама кулги қилди шоира. Қадимий шоирлар буни, «шакармоҳ» дейишган.
Кейин даврадагилар ёшликларини эслашди - куёв бўлган ширин дамлар, биринчи фарзанд ёдга олинди. Қизлар ҳақида гап кетганда, Ҳожи амак давом эттирди:
- Телевизорда сурхандарёлик бир қиз ашула айтадиган бўлган.
«Сиздан дуо тилаган, қизингизман, отажон», деб хониш қилади. Аслида ота дуосини олган фарзанд, у дунё-ю бу дунё кам бўлмайди.
Отахон шундан кейин Иброҳим Аҳтам ва Маликаи Хубон ҳақида батафсилроқ ҳикоя қилгани сабаб, бошқаларга гап навбати тегмай қолди.
Эртаси фарзандларини қўмсаб қолишди, шекилли, сўзамоллик билан болалари, набиралари ҳақида гапиришди. Отабек Отақўзиевич ҳам жим туролмади.
-Худо менга бир қиз, бир ўғил берди. Ўғил ҳарбий бўлиб кетди, Москвада уйланиб, ўша ёқда қолди.
- Начора, нон-у намак,- аралашди Ҳожи амак, хушмулозаматлик билан. - Насибаси ўша томонларга сочилган экан, қўйинг, териб есин.
-Қизим ҳар куни ишга боришда ҳам, қайтишда ҳам мендан хабар олади. Хотиним ўлгандан кейин энди мен ҳам яшолмайман, дегандим. Чунки раҳматли мени эркалатиб қўйган экан: ҳатто чойимни тузукроқ дамлаб ичолмаслигим аён бўлиб қолди. Қизим кирларимни беминнат ювади, овқатимни тайёрлаб беради. Шу ерга йўлланма топиб, мана бу ўғлини ҳам қўшиб юборди, - деди, ўсмир томон ишора қилиб.
– Аёл дунёни тебратади, деганлари шуда, - маъқуллади шоира.
Ундан кейин дардмандликлари ва шу боис чекаётган азиятларини ҳам яширишмади. Подполковник семизликни лаънатлади.
- Бир ярамас, экстрасенсга ишониб, бошқа касаллик орттириб олганман. У дори деб, бир хил гижжа тухумини пулларкан. Ҳалиги текинхўрлар ошқозонингда кўпайиб, ютганингни ўзлаштиравераркан. Кўп овқат ейдиган бўлдим, аммо ориқлаб ҳам кетдим. Чунки очофат зараркунандалар қонимни ҳам заҳарлаган экан. Силлам қуриб, бемадор бўлиб қолдим. Ўлишимга бир баҳя қолганда, шифохонага ётқизишди. Тузалганимдан кейин ҳалиги ҳамширағарни тутиб, онасини кўзига кўрсатдим!
- Волидам қон босимидан кетдилар,- давом этди профессор, нақ менинг ёшимда эдилар. Бир опам ҳам шундай бўлди. Ўзим уйқусизликдан азият чекаман. Уйқу учдими - хар хил беманикликларни уйлайман-у, босим икки юзга чиқиб кетади. Гоҳида туни билан тўлғаниб чиқаман, зерикканимдан денг, бир неча мингларгача санайман - фойда бўлмайди. Не-не дориларни тавсия этишмади - наф кўрмадим. Фақат шу ерга келсам, она қорнида ётгандай мазза қилиб ухлайдиган бўламан. Шароитлари унча зўр эмас, аммо…
«Келин-куёв» касалликдан шикоят қилмаганларига қараб, шунчалик дам олгани келишганини фаҳмлаш қийин эмасди. Ҳожи амак ҳам, негадир бу ҳақда гапиргиси келмади.
- Буларнинг йўлак деворига илиб қўйилган «Ички тартиб-қоидалар»ини ўқидим,- деди, боядан бери суҳбатдошларини диққат билан тинглаётган Бободўстов. «Оромгоҳ ҳудудида спиртли ичимликлар ичиш, тамаки чекиш қатъиян ман этилади, ахлоққа зид ҳаракатларга йўл қўйганлар четлаштирилади» деб ёзишибди. Ўзим ичмайман, чекмайман, ахлоқ кодексларини ҳурмат қиламан-у, аммо, бундай деб ёзиш «Инсон ҳуқуқлари декларацияси»га, қонунларимизга зид.
- Бултур келганимда бир ишбилармон бойваччани чиқариб ҳайдашди,- деди жавобан Отабек Отақўзиевич,- ҳар кун маишат, арақхўрлик… Дағдаға қилмоқчи бўлганди, Шомилнинг важоҳатидан чўчиб, жомадонини кўтарди.
Кейин биргалашиб, ўша бойваччани қоралашди, инсон ҳар қандай вазиятда ҳам одобли бўлиши зарурлигига урғу беришди.
- Жомий ҳазратлари: «Одоб бошингдаги илоҳий тождир, уни кийиб истаган жойингга боришинг мумкин» дейдилар, давом эттирди Ҳожи амак.
Атрофдагилар унга эҳтиром ила қулоқ тутишаётганлигига ишонч ҳосил қилгач, Қуръони Каримдан арабчалаб оят ўқиди ва таржима қилди. - «Яъни улар – беодоблар - Аллоҳни, иймонли кишиларни алдамоқчи бўладилар ва ўзлари сезмаган ҳолда, фақат ўзларини алдайдилар.»
Пастликка қаралганда, қишлоқ томларидаги шиферлар, яккам-дуккам оқ тунукалар сарҳадсиздай бўлиб кўринар, машиналар ўйинчоқларни эслатарди. Муҳаррир аллақандай немис файласуфининг: «Сизлар юқорига қарайсизлар, мен эса пастга, чунки баландга чиқиб олганман», деганини эслади; уни айтиб, мазмунини шарҳламоқчи бўлаётганда, Ҳожи амак домланинг тортинчоқ набирасини гапга тутиб қолди.
- Бўталогим, нечанчида ўқийсан?
Кутилмаган саволдан ўсмир хижолат чекиб коллежда ўқишини айтди.
- Ўқи, чироғим ўқи! Ўқисанг, ҳамма жойидан туриб, таъзим қиладиган катта одам бўласан. Ҳадиси шарифларда ўқимаган одам ботқоққа ботган бенавога таққосланади. Кейин, одатдагидек, шеър ўқиди:
Жаҳон басту кушоди - илм бирла,
Надир дилнинг муроди - илм бирла!
Кўнгулларнинг сурури, илмдандур,
Кўрар кўзларнинг нури илмдандур!
Набирасини тағин саволга тутиши ва у мулзам бўлишидан хавотирга тушган домла Ҳожи амакка юзланди.
- Тақсир, ўзлари нима касал бўлганлар?
Хожи амак андак ноўнғай ҳолатга тушди, профессорга яқинлашиб, унинг қулоғига:
- Пешобни тутолмайман!- деб пичирлади ва тағин орқага тисарилиб, аввалги оҳангда давом эттирди: - Маккатуллога борганда, совуқ сув ичиб қўйдик. Бир шеригимиз ўпкасини олдириб келди, биз буйракни ишдан чиқардик. Бунинг устига денг, оёқ қақшаб оғрийди.
Домла кўпчилик орасида ҳожининг дардини суриштириб, бетакаллуфлик қилганидан надомат чекди.
- Узр, узр,- деди,- буйракни билмадим-у, оёқни даволашади. Ваннага ётқизиб, сувнинг ичида роса уқалашади. Ҳасса билан келганлар, уни ташлаб кетишганини кўрганман.
Шундан кейин тарқалишди. Профессор Ҳожи амак, Азларов билан қайтар экан, тағин «келин-куёв»нинг одоби, билими, ўзини тутишига тасаннолар ўқиди.
– Кабутар бо кабутар, ғоз бо ғоз кунад парвоз,- маъқуллаб қўйди суҳбатдоши - Бу - Бободўстов деганингиз одамни тинглашнинг кифтини келтираркан. Бундайларга дилингни очасан, сирингни ҳам айтиб юборасан.
- Бундай тоифалар ана шуниси билан хавфли,- ёқинқирамай қўшиб қўйди, андак олдинда кетаётган миршаблар сардори, аммо суҳбатдошларининг интиқликларига қарамай, фикрини шарҳлаш, исботлашни истамади.
Орага жимлик чўкди.
- Киши кексайганда, ўлим ҳақида бот-бот ўйлаб қоларкан,- сукунатни бузди Отабек Отақўзиевич.
У фикрини якунламасданоқ, Ҳожи амак шеър ўқиди:
Сан азиз этган қулингни ҳеч киши хор айламас,
Сан агар хор айласанг, ҳар ерга борса хордур.
Сўнг қўшиб қўйди:
- Аллоҳ махфират қилувчи, кечирувчидир…
* * *
Эрталабки гимнастик машғулотларни Шомилнинг ўзи ўтказиши аён бўлгач, шоша-пиша бадантарбия хонасига тўпланишди. Спорт формасидаги қиз кириб, сафни тўғрилади. Ҳадемай, тўрдаги эшикдан жиддий қиёфали, азимжусса киши кириб келди. Бу - ўша полвон эканлигини ҳамма фаҳмлади. У бошини билинар-билинмас силкитиб саломлашди, сафга нописандроқ назар ташлагандай бўлди. У беморлар қаршисидаги доктордан кўра, аскарлар рўпарасидаги генералга кўпроқ ўхшарди. Шомил биринчи бўлиб ёшроқ, аммо қоқсуяк, араббашара кишига мурожаат қилди.
- Қаерга жойлашдингиз?
- Қишлоққа…
- Эртага жой бўшайди, так-что, келасиз, - унинг сўзини кесди.
Сўнг подполковник томон юзланди.
-Қаерда ишлайсиз?
- Милицияда.
- Бу қорин билан жиноятчини қандай қилиб қувасиз?
- Жиноячини қувиш - милиционернинг проблемаси, мен бошлиқман,- бурро ва дадил жавоб берди у.
- Ҳарҳолда, пример бўлишингиз керак-ку…
- Бу - менинг проблемам.
- Майли,- деди Шомил,- қорнингизни кичрайтириб юбориш - бизнинг проблемамиз.
Улар беғубор кулишди. Кейин полвон муштини қаттиқ қисган, тишини тишига босган ҳолда, подполковникка юзланиб, ҳазил-чин аралаш давом эттирди:
- Ўзим этингизни шундай эзаманки, ёғларингиз тирқираб кетсин! Чидасангиз бўлгани.
Жавобан Азларов ҳам кулиб юборди.
- Москвалик терговчи қўл оёғимни боғлаб, дубинкаси билан роса савалаганда ҳам «ғинг» демаганман.
- Гуноҳингиз бўлгандир-да?
- Беайб - Парвардигор!
Шундай деди-ю, кўп ўтмай қўшиб қўйди:
- Инсонга, унинг боласига қулоқ тутилмайдиган, қулоқ тутишни истамайдиган йиллар эди!
Шомилнинг нигоҳлари бу гал ҳассага суянган, ўрта ёшлардаги кишига қадалди.
- Ревматизмми?
- Ҳам ревматизм, ҳам остеохандроз, ҳам полеортрит.
- Ҳассани қаердан олгансиз?
У тушунмай заррин нақшлар билан зеб берилган, «Падари бузрукворимга Кавказдан совға» деб, ўйиб ёзилган ҳассасига қараб олди.
- Ўғлим Сочидан олиб келган.
- Биз ҳассалар музейи ташкил этганмиз, буни ташлаб кетасиз!
Амаки эшитмадими, тушунмадими - ҳайтовур анграйиб тураверди. Сафда енгил кулгилар эшитилди. Машқлар бошланди.
- Энг аввало, энкаясиз, тикка турасиз. Бир икки уч. Такрорланг! Энди энкайиб, ўнг қўл бармоқларини чап оёқнинг бош бармоғига тегизасиз. Бир, икки, уч…
Машғулотдан кейин у буйруқ оҳангида давом этди:
- Завтракдан кейин, янги келганлар билан тоққа чиқамиз. Так-что, тайёр бўлинглар!
Улар нонуштага жўнашди.
- Сиз унга муносиб зарба бердингиз,- деди муҳарир қайтишда подполковникка, саломга яраша алик бўлиши шарт. Акс ҳолда, амал ёки пул сабаб туппа-тузук одамлар кўз ўнгимизда қўрс, бадгап бўлиб қолишади ва буни сал кам фазилат деб билишади.
- Ҳа, осмон гумбирламаса, мужик чўқинмайди, дейди руслар. Саволга яраша жавоб бериш керак. Айнан хушфеъллигимиз гоҳида бизни хароб қилади,- деди у ва андак мақтаниш билан давом этди: Бўйин бўлса, буйинтуруқ топиларкан.
- «Бўйин эгма, кишан кийма, ки сен ҳам ҳур туғилғонсан», дейди-ку шоир,- суҳбатдошини оловлантириб қўйди Бободўстов.
- Бунақаларнинг кўпини кўрганман, синдирганман! - баландроқ пардада давом эттирди подполковник. - Бизга янги ҳоким келганди. Айтганини бажармаган, ишкал чиқарган раҳбарнинг башарасига туширарди. Туманда бошлиқ ўринбосари эдим; каттамиз мажлисга мени жўнатди. Ўйлаб қарасам, чўчиганидан шундай қилган экан. Аксига олиб, жиноятчилик фоизи анча ошган эди. Ҳоким менга ўхшаганларни қаторлаштириб қўйиб, аввал роса дағ-даға қилди. Кейин пахта заводи директорининг башарасига тарсаки тортиб юборди. Белида дарди борнинг оёғи қалтирайди, деганларидек, бошини хам қилиб тураверди у ҳезалак ҳам. Навбат менга келди. Жиноят кўпайганининг боисини сўради-ю, жавобимни ҳам тингламай, гарданимга мўлжалга олди. Чап қўлим билан билагидан шаппа ушладим-у, «Ҳе, ҳамширангни…» деб бўйни, елкаси аралаш туширдим. Гандираклаб кетди. Ишонасизми, келиб қўлимни қисди. «Бор экансиз-ку,- деди ноиложликдан,- сиз билан бирга ишлаймиз!» Аслида. бу ҳам сувдан қуруқ чиқишнинг бир йўли эди. Лекин, ҳақиқатан ҳам, орадан бир ой ўтмай, мени бошлиқ қилиб қўйишди. Ҳозиргача шу вазифадаман. Шундан кейин ҳалиги ҳоким ҳеч кимга қўл кўтармайдиган бўлиб қолди. Бу Тайсон деганингиз, кураш тушиб юрган бир айиқда. Худо куч-қувватдан бердими - билингки, ақл фаросатдан қисган бўлади. Кўрасиз, уни ҳам синдириб кетаман!
* * *
Улар - ўн беш кишилар чамаси эди. Шомил олдинга тушиб, аста-секин юқорига ўрлар, орқадагилар билан атайин йигирма-ўттиз қадам оралиқ масофа сақларди. Айрим аёллар, касалвандлар кейинда қолиб кетганда, тўхтаб, уларни кутар ва тағин юқорига интиларди. «Келин-куёв», домла ёнма-ён боришар, «юки» оғир - Азларов орқароқда қолган, терлаб-пишганди. Муҳарир вазиятдан фойдаланиб, Шомилга яқинлашгиси, у билан гаплашгиси келди ва жилла илдамлашди. Етиб боргач, аввал табиат манзараларига тасанно ўқиди ва:
- Жуда кўп, савоб ишлар қилибсиз,- деди.
Одатда бундай эътирофдан кейин: «Ҳали қилинадиган ишларимиз жуда кўп», қабилида жавоб бўлиши керак эди. Аммо у: «А-эй», деди-ю, бетакаллуф юқорига қараб илдамлаб кетди. Бободўстов қадамини сустлаштирди - шерикларига қўшилди. Аввал Шомилдан қитдай ранжиди, аммо подполковникнинг уни айиққа ўхшатганини эслаб, ҳамфикрлик туйғуси билан кулиб қўяқолди.
Одамлар юқорига чиққан сари манзаралар ўзгариб борар, янгидан-янги, жозибалар намоён бўларди. Домла ҳансираётган бўлса-да, худди талабалар орасида юргандек, эҳтирос билан табиатни мадҳ этарди.
- Мана шу сайраётган жониворни туркман чигирткаси, дейишади. Овозига қулоқ солинглар - булбулга менгзайди. Одамлар сайроқи қушларни қўлга ўргатишди, аммо ҳашаротларни… Келажак авлод уларни ҳам хонакилаштиришига ишонаман! Табиатда маромига етказиб хониш қиладиган ўнлаб ҳашаротлар бор: қора чигиртка, саратон, қўнғиз турлари… Уларни қўлга ўргатиш энди бошланади. Европаликлар бир замонлар асаларини, хитойликлар - пилла қуртини хонакилаштириб, инсониятга мислсиз наф келтирдилар.
Сўқмоқ катта, ясси тошга келиб тақалди. Унинг устида тўпландилар. Бу ердан пастлик ўзгача манзара касб этганди - ирмоқлар қўшилган жойдаги ям-яшил оролчада болалар сигир боқиб юришибди; пастроқда хароба, пастак тегирмон.
Нафасларини ростлаб олгач, тағин йулга тушишди. Ёввойи бодомчалар ғуж бўлиб ўсган жойга яқинлашганда, ҳавода катта коптокдай бўлиб учаётган капалаклар тўдаси диққатларини тортди. Жониворлар юқорига кўтарилган сари ранглари ўзгаргандай бўлар: гоҳида камалакдай, гоҳида бир тутам қирмизи, сарғиш гулдай товланарди: бундай пайтда эндигина чиқиб келаётган ёки ботаётган қуёшни, аниқроғи, шафақни эслатарди.
- Бу - тангачақанотлилар туркумига мансуб, шафақранг капалак,- тушунтиришда давом этди профессор. - Фақат бизнинг тоғли ҳудудларимизда яшайди, насл қолдиргач, ғуж бўлиб, осмон-у фалакка кўтарилишади; у ерда қушларга, айниқса жалқалдирғоч билан каркунакка ем бўлишади - вақт етгач, ўлимга шундай тик боришади.
Бу капалакларни биринчи бўлиб ўзи топгани, ном бергани, тур сифатида сиcтемага киритганини қай тариқа айтишни ўйлаб турганда, бояги ёввойи бодомчалар остидан бир каклик «қа-қа»лаганича югуриб чиқди ва ёнбағир бўйлаб қочди. Тиканлар орасидан унинг ўнга яқин жўжалари ҳам отилиб чиқишди, она ортидан жуда илдам пилдираб югуришди. Кўплар учун бу бағоят ҳаяжонли, завқовар томоша эди. Домланинг набираси, беихтиёр уларнинг ортидан чопди. Бошқалар ҳам ўзларини тутолмай, ўша томонга югуришди. Шу пайт Шомилнинг гулдираган овози янграб қолди:
- Орқага!!!
Ҳамма чўчиб тушди ва ўрнида қотиб қолди. Сўнг кимдир хижолат бўлиб, кимдир ранжиб, сўқмоққа қайтди. Шомил бўлса, қизим сенга айтаман, келиним эшит, кобилида ўсмирга заҳрини сочарди.
- Нима қиласан уни ушлаб? Ейсанми? Очмисан?
Сўнг ҳаммани огоҳлантирди: - Бирортанг дорожкадан ташқарига чиқма!
Одамлар бу мулозиматсизликдан бир-бирларига маъноли қараб олишди ва ҳар ким ўзича хулоса ясади. Какликнинг «Қизил китоб»га кирганини, уни ҳимоя қилиш зарурлигини ёзган муҳаррир ҳам, жониворни ўққа тутганларни қўлга туширган милиция саркори ҳам, «тоғ булбули»нинг қип-қизил оёқларини шеърга солган шоира ҳам, дафъатан уни нечун таъқиб қилишганини тушунолмай қолишганди. Ҳожи амак эса ўсмирни койиди, бобосини ноўнғайликка солганини айтиб, танбеҳлар берди ва одатдагидек шеър хиргойи қилди:
Болоси майда эрди - йиғларди Яъқуб,
Болоси катта бўлди - йиғлайди Яъқуб…
Тағин анча йўл босгач, Шомил бир майдончада тин олди. Одамлар бирин-кетин ҳансираб етиб келишди. Муҳарир профессорга Шомилнинг қўрслигини айтмоқчи, унинг набирасини ножўя ранжитганини таъкидламоқчи бўлди, аммо домла ҳамон ҳашаротлар ҳақида ҳикоя қиларди.
- Мана бу чумолига қаранглар: файтун, дейишади уни. Ажойиб тур. Ер остида жуда мураккаб ин қуради. Ўзим қазиб кўрганман: йўлаги, омбори, болалар бўлмаси алоҳида. У умри давомида ухламайди. Булар асаларидан ҳам доно: беморларига ғамхўрлик қилишади, нобуд бўлганларини чиқариб кўмишади. Инларига бегонани йўлатишмайди.
– Шу жониворлар ҳам ҳалиги иш билан шуғулланишадими,- даврадагилар кайфиятини кўтариш учун бўлса керак, ҳазил-чин аралаш савол берди Бободўстов.
Бошқалар қатори бадқовоқ Шомилнинг лабида ҳам дағалроқ кулги пайдо булди.
- Булар бари меҳнатдан бошқасини билишмайди, аммо оилада наслни кўпайтириш билан шуғулланадиган махсус она, ота чумолилар бўлади. Сиз қанот чиқариб, учадиган чумолини кўрганмисиз? Ўша уруғланган она чумоли . У бошқа манзилга бориб, тухум қўяди ва шу тариқа авлод давом этади.
Домла тин олиши билан шоира шеър ўқишга ижозат сўради. Лола, аёл садоқати ҳақида эҳтирос-у ҳаяжонларга тўлиб қироат қилиши ярашиқ эди унинг. Ногаҳоний ҳиссиётларга ташна қалблар ҳаловатбахш туйғуларга эш бўлдилар. Домла ўзини яшаргандай ҳис этди. Чунки шеъриятдан завқланишнинг айни мавруди эди.
Улар йўлда давом этадиган бўлишди. Шомил кутилмаганда, ҳассали амакига буйруқ оҳангида деди:.
- Сиз чарчаб қолдингиз, орқага қайтинг!
Нафаси қисиладиган бир аёлга ҳам ижозат бўлди. Сўнг Отабек Отақўзиевичга юзланди.
- Сизни олиб чиқсак, яхши экскурсовод бўлардингиз, аммо иложи йўқ. Так-что…
- Ўзимни йигитчалардай ҳис қилаябман,- деди, домла илтижо оҳангида.
- Набирангиз биз билан боради - сизга қор олиб келади,- унамади сардор.
- Мен ҳам қайтмасам, бўлмайди.- деди Ҳожи амак.
Аслида у чарчамаганди, аммо Шомилнинг йўлкадан чиқмаслик ҳақидаги буйруғи бояқишни ташвишга солганди: пешоб танг қилса нетаман, деган хавотирда эди. Унга рухсат бўлгач, собиқ терговчи ҳам қўл кўтарди.
- Мен ҳам чарчаб қолдим, Ҳожи амак билан қайтсам…
- Йўқ, сиз чиқасиз!- унинг гапини лабларидан юлиб олгандай, узиб жавоб берди Шомил.
Бободўстов ҳозир подполковник ҳам кескин, дағал жавоб қайтаради, жиддий тўқнашув бўлади, Азларов уни «синдиради», деб кутганди, аммо ундай бўлмади: миршаблар сардори жавоб қайтармади. Сукут эса, аломати ризодир.
* * *
Шу тариқа улар апоқ-чапоқ бўлиб кетишди. Ҳар куни, муолажалар олингач, турфа мавзуларда суҳбатлар қуришар, завқланишар ва бир-бирларига меҳрлари ошиб борарди.
Домла бу гал даврадагиларнинг илтимоси билан шафақранг капалакларни топгани ва ўша (тўқсон биринчи) йилиёқ системага киритганини ҳикоя қилди.
- Бир нечтасини тутиб олардим-у, популяцияси (кўпайиш, тарқалиш жараёни)ни ўрганардим. Бу капалакнинг ранги вақт ўтган сари муҳитга қараб ўзгаради, умрининг охирида ўлимга тик боради.
Гап айланиб келиб, тағин Шомилга қадалди.
- Бу, Тайсон деганингиз ҳамма ходимларни Обигармдан олган экан-да- савол назари билан профессорга қаради Азларов.
- Аваллари руслар ҳам анчагина эди, кетиб қолишди. Битта аёл қолган.
- Шомилни мақтайсизлар, аммо мен уни тушунолмайман,- суҳбатга аралашди муҳарир,- интервью олмоқчи бўлгандим - унамади. Назаримда матбуотнинг моҳиятини тушунмайди.
- Тушунади,- илиб кетди Азларов, аллақандай заҳархандалик билан,- шунинг учун журналистлардан узоқроқ юради. Чунки газетачиларимиз ҳамду-сано ўқишдан нарига ўтмаслигини билади. Хўш, ана шу силаб-сийпашдан унга ёки халққа нима наф? Мақолани ўқиб, бу ерга келадиганлар сони ошади, холос. Жой эса етишмайди. Бундан Шомилнинг ҳам, ҳалиги дардманнинг ҳам асаби бузилади. Сиз соғлиқни сақлаш вазири билан ҳокимнинг фамилиясини ёзиб, танқид қилинг. Улар келишсин, маблағ топиб беришсин, қўшимча қурилишлар қилишга кўмаклашишсин. Ана бунинг фойдасини кўринг кейин. Аммо уларни танқид қилишга амалингиздан хавотир тортасиз! Журналистларимизда журъат суст.
Муҳарир индамади. Аммо унинг қиёфасидан: «Тилинг бунча заҳар - сан бўрдоқига боқилган чўчқанинг» деган нафратни уқиб олиш қийин эмасди. Жавоб учун лаб жуфтлади-ю, суҳбатдошининг бетгачопарлигини хаёлидан ўтказиб, андиша қилди.
- Да…,- деди маъноли қилиб.
Домла вазиятни юмшатмоқчи бўлдими ёки жим ўтиришни эп кўрмадими, орага кирди:
- Газеталаримиз зўр эмас, журналистларимиз ҳам, аммо…
Боя ўжар рақибига заҳрини сочолмай турган муҳарир домлани аямай, унинг сўзини кесди.
- Сиз қаердан биласиз? Ҳашаротнинг ортидан юрган одамсиз-да. Халқ мустақиллик учун жон бериб, жон олаётган йилда ҳам капалак тутгансиз,- деди.
Домла ижод аҳлини юксак идеалли кишилар деб ҳисоблар, уларнинг гапини ҳеч бир гумонсиз, тўғридан-тўғри қабул қиларди. Бу гал ҳам шундай бўлди. Аммо Азларов Бободўстовга зарба бериб, профессорнинг қарашларини, хаёлларини остин-устун қилиб юборди.
- Бу киши ҳашаротлар, одамлардай мунофиқ эмаслигини билган-да,- деди.
Дилозорликдан хавотир тортиб, жимиб қолишди.
Нохуш машмашага имкон бермаслик учун бўлса керак, Ҳожи амак Саъдийдан шеър ўқиди:
Май бинўш, мазҳаб бисўз-у,
Оташ-ан дар Каъба зан.
Сокини бутхона бош-у,
Мардумозори макун!
Сўнг мазмунини гапириб берди.
- Май ичсанг, мазҳабингни ёқсанг, Каъбага ўт қўйсанг, бутхонада чўқинсанг ҳам (майли, аммо) инсонга озор етказма!
Ҳожи амак бу шеърни нима учун ўқигани, кимни назарда тутганини англаш қийин бўлди. Сўнг вафо, оилавий садоқатни улуғлаб шеър хиргойи қилди. Бошқалар уни маъқуллаб, гапга киришиб кетдилар.
- Бир минг саккиз юз-у йигирма бешинчи йилнинг декабрида Россияда бир гуруҳ дворянлар қўзғолон кўтарганда, подшо уларни Сибирга сургун қилади,- бу ҳақдаги мавзуни тарихдан бошлади Бободўстов,- шунда уларнинг садоқатли хотинлари ортларидан излаб боришади ва кўплари ўша совуқларда жон беришади.
Бу билан қаноатланмай, рус шоири Некрасовнинг ана шундай аёллардан бири - графиня Екатерина Трубецкаяга бағишланган достонидан парчаларни ёд айтиб берди.
Аёл чеккан азиятларни гапираётганда, изтиробдан қиёфаси ўзгариб кетиши ишонарли, жозибали эди, нимаси биландир истеъдодли актёрларни эслатарди у. Бу одам гапираётганда, ҳар бир тингловчи «у фақат тинглашни эмас, гапиришни ҳам кифтини келтираркан», деб ўйлаши табиий эди.
Даврадагиларнинг диққатини тортиш, уларни хаёллар осмонига олиб чиқиш учун аёлнинг муҳаббат, оила учун курашларини айтиб тугатгандан кейин ҳам атрофдагилар алламаҳалгача таассуротлар оғушида қолдилар.
Бободўстов давом этди:
- Ўзим ҳам матбуотимиз, адабиётимизда ана шундай садоқатли, курашчан, оила учун борлигини бахшида этган аёллар ҳақида ўқигим келади. Бизнинг «сариқ матбуот» эса муқим эр кўрмаган сатанг ашулачиларнинг учинчи, тўртинчи эрга текканини дастурхон қилиб ёзади. Ҳар бир киши - у эркакми, аёлми - кексайганда ёлғиз, қаровсиз қолиб кетиш ваҳимасидан хавотир тортиб яшамоғи керак!
Спартак ўз хўжасига: «Майли, мени ур, аммо гапимга қулоқ сол», деган экан. Мен эса оиласига совуқлик тушганларга қарата: «Майли, мени ур, аммо оилангдан ажралма дердим,- деди, ўта куйиниш билан.
Суҳбатни давом эттирган шоиранинг ҳикояси негадир бошқача оҳангда эди.
- Сизлар Чингиз Айтматовнинг «Жамила» деган қиссасини ўқиган бўлсаларинг керак. Туппа-тузук эри бўлатуриб, аёл бошқаси билан қочиб кетади. Ҳамма уни лаънатлайди. Бизнинг қишлоқда шунга ўхшаш гап бўлди. Тасодифни қарангки, бу аёлнинг ҳам номи Жамила эди. Қўлида қизчаси бор эди. Қишлоғимизга практикага келган студент билан… Боласини шундай қайнонасига берибди-ю... Кўп гап бўлди. Тошбўрон қилмоқчи ҳам бўлишди, аммо даракларини топишолмади. Ўзим ҳам уларни аввал қораладим, кейин фикримдан қайтдим. Йўқ, Жамилани муҳаббат қурбони, деб оқламоқчи эмасман. Аммо ўзларинг ўйлаб кўринглар: қишлоқлардан йигитлар чиқиб кетаяпти. Бирови Россияга - ишга, бошқаси Тошкент, Самарқандга ўқишга ва кўп ҳолларда, ўша ёқдаги қизларга уйланишаябди. Қишлоқдаги ойдай қизлар эса аллақандай жоҳил, арақхўрларга тегишга мажбур бўлаяптилар ёки ўша ҳам насиб этмаябди. Бир умр севмайдиган эр билан яшагандан кўра қочиб кетгани яхши эмасми? Ёки: ишдан бошқасини ўйламайдиган эркакларни олинг. Аёлнинг дили эса нозик - у шакаргуфторликлар, хушомадларни яхши кўради; театрларга, санаторияларга, базмларга боргиси келади.
- «Эй одам, сиз жуфтингиз билан жаннатда маскан тутинг», дейилади Қуръони Каримда, шоира гапини тугатмасданоқ аралашди Ҳожи амак шошиб.
Миршаблар сардори ҳам жим турмади.
- Буюк Рафаэл чизган расмларни кўриб, ўйлаб қоламан гоҳида. Соғлом боласини кўтариб турган соғлом аёлларни чизади у. Аслида ҳам, бола кўтариб турган аёлдан кўра бахтли инсон борми ўзи?! Боғ тинч бўлса, булбул кўп бўлади дейишади. Оила тинч бўлса, завқу шавқ ошади. Шунинг учун унга хиёнат қилиш - гуноҳи азим. Агар вазиятни ўзгартиролмасанг оиланг учун вазиятга муносабатингни ўзгартиришинг шарт! Бошқа йўл йўқ! Чунки оила кечирмайди. Ер юзида ҳар бир одамга аталган, уни кутаётган ўз хазинаси бор, дейди бир донишманд. Аслида хушчақчақ ва бахтли оиладан кўра бой хазина бўлиши мумкинми?
«Келин-куёв» эртароқ рухсат олиб, жўнаб кетишди, Қолганлар суҳбатни давом эттирдилар.
- Шоиранинг ҳикояси менга ўтиришмади,- деди Азларов. Аниқроғи, бу гапни нега айтганини фаҳмлолмаяпман.
Бироздан кейин қўшиб қўйди: - Майли, тушуниб қолармиз… Журналист-у шоирлар орасида муллога ўхшагани кўп бўлади; уларнинг айтганини қилиш керак, қилганини эмас.
- Мачитимизнинг имом-хатиби бор эди,- давом эттирди Ҳожи амак,- арабини сув қилиб ичганди. Қуръони Каримни ёд биларди. Амри маъруф қилганда, вужудингга титроқ кирарди. Бошқа мачитлардаги намозхонлар амри маъруф эшитгани бизникига келишарди. Бир куни фарзанд тарбияси ҳақида гапирса, эртаси тўй-марака ўтказиш одобу тартиби хусусида ваъз айтар; одамлар нафас чиқармай тинглашарди. Ўша куни зино ҳақида амри маъруф қилди, бегона заифага кўз олайтирган дўзах азобини тортишини уқдирди. «Аллоҳ одамни ҳайвондан, айнан шуниси билан фарқлади», деди у. Мунофиқликни қарангки, ўша куни кечаси, фалокат босиб, шўринг қурғурни милиса бир фоҳишанинг уйидан тутибди. Ярим ялангоч, маст экан ўзиям. Биз жуда ўсал бўлдик: ўзингиз ўйлаб кўринг: эътиқод қўйган, ишонган одаминг иккиюзламачи бўлиб чиқса…Шу ифлоснинг ортида туриб намоз ўқиганимни эсладим-у, давлениям ошиб кетди. Кейин биз - намозхонлар тўпланиб, ўша даюс мачитга келса, тошбўрон қиламиз, деб келишдик. Ҳукумат бизни чиқариб отса ҳам майли, дедик. Бизнинг Бухорода: « Бўтқани едингми, косани синдирма» , деган нақл бор. Ярамасни шунчалик бошга кўтарсаг-у, косани синдирса, алам қиларкан-да. Лекин қайтиб келмади - Бухородан чиқиб кетди.
- Биз пинҳоний фоҳишахоналарда рейд ўтказганимизда,- давом этди подполковник,- райкомнинг маънавият буйича котибини қўлга туширгандик. Терговчи эдим ўшанда. Бўйнига қўйиш учун фоҳиша билан ўпишаётганини суратга олганман. Аввал роса пўписа қилди, кейин ялиниб-ёлворди - кўнмадим. Орага одам қўйди, каттагина пул ваъда қилди. Кейин мени обкомнинг саркотиби чақирди. «Илтимос, бу гапни чиқарма - компартиянинг обруйи тўкилмасин, деди. Ярамасни бир ой ичида ишдан оламан», Кейин, ҳақиқатан, шундай қилишди.
Профессор ана шу гапларга одоб юзасидан қулоқ тутиб турган бўлсада, булар чўпчак айтишаябди, деган фикрда эди - кишиларнинг, айниқса мачитнинг имом-хатиби, маънавият котиби бунчалик тубан кетишини шуурига сиғдиролмас, ҳазм қилолмасди. Собиқ терговчи буни дарҳол фаҳмлади.
- Назаримда, сиз унчалик ишонмаябсиз,- ўгирилди у домла томон. - Булар ҳеч гапмас, бизнинг етмиш бешга кирган қариямиз бўларди. Милицияда ишлаб, истефога чиққанди. «Шу соҳада ишлайдиган бўлсанг, икки насфингни тий!- деярди. Яъни бировнинг ҳақини ема, бегона аёлга кўз олайтирма! Шундай йўл тутмасанг, у дунёда эмас, шу ернинг ўзида жазонгни оласан!» Аёллар ҳақида латифа айтгудай бўлсак, уришиб берарди. Ишонасизларми-йўқми - шу одам, микрорайонда бир фоҳишанинг қучоғида ўлиб қолди. Ҳамширағар ҳалиги ишни бошлаганда, миясига қон уриб… Эҳтимол, ўша иш бўлавермагани сабаб ошиб кетгандир қон босими ҳам. Биз бу гапни яшириш учун турфа баҳоналар тўқидик, аммо барибир, ошкор бўлиб кетди. Шундан бери болаларга: қон босиминг бўлса, микрорайонга йўлама, деб тайинлайман.
* * *
Ҳурриятнинг соч турмаклари, либослари бугун ўзгача эди; у паришон кокилларини оппоқ, яланғоч елкалари узра сочиб ташлаганди, сулув чеҳрасидан қимматбаҳо фаранг атрларининг ҳиди уфурарди.
Шоира ногаҳонда Шомилнинг хонаси томон йўл олди. Полвонга юзма-юз бўлгач, тантиқлик ва зоҳирий карашма билан илтимос қилабошлади.
- Ана у ўрис духтурингизга: ҳар кун ванна ёзиб бер, десам, кўнмаябди. Менга дарсенвал ҳам, парафин ҳам зарур эмас…Ўзингиз кунлик қилиб беринг!
- Бундай қилолмайман,- деди Шомил ўша совуққонлик билан. - Ваннани через ден ( кунора) қилиб белгилаганмиз: навбат катта. Бошқалар…
- Мен қайси санаторияга борсам, ўзбек главврачлар гапимни икки қилмаган,- деди у иддао билан.
Шомил сукут сақлади ва ўзгача оҳангда:
- Майли, беринг, дафтарчангизни,- деди.
Шоира қўлини шошилинч халатининг чўнтагига суқди: у ердан санатория дафтарчаси билан паспорти ҳам қўшилиб чиқди.
- Паспортингизни ҳам беринг, уни бизда қолдириш керак эди, нега олиб юрибсиз?
У дафтарчанинг «Ванна» деб ёзилган саҳифасига «Ежедневно»,(ҳар куни) деб қайд қилди, сўнг, беихтиёр паспортни варақлади. Ўша хотиржамлик билан тортмасидан Бободўстовникини ҳам олиб очди ва ногаҳонда безовталикка тушган шоирага юзланди:
- Сиз бошқа киши билан загсдан ўтгансиз: бу одам билан бир хонада ётишларинг мумкин эмас!
Шоиранинг ранги-қути учиб кетди. Тутила-тутила, пала-партиш гапиракетди. Бу гапларда илтижо-ю, пўписа, шаъма-ю, шаддодлик аралаш-қуралаш бўлиб кетганди.
- Шомилжон, мени шарманда қилманг! Ўтинаман. Чечен халқини яхши кўраман. Толстой билан Пушкин ҳам уларни улуғлаган. Баримиз мусулмонмиз… Индамай қўяқолинг!
- Мусулмон бўлганимиз учун ҳам мумкин эмас!
- Мени ўзингиз массаж қиласиз, деб ўйлагандим…-
- Хотинимдан бошқа аёлга қўл тегизмайман, деб қасам ичганман - гуноҳ қилишдан қўрқаман. -
- Менинг учун бир бор гуноҳ қилсангиз - қилибсизда.
- Гуноҳ - келажакда пистирмада туриб, юрагингни нишонга оладиган овчига айланишини биламан! Так-что…
- Шомилжон, оиламни бузманг…
- Оилангиз?- у суҳбатдошига савол назари билан боқди.
- Болам бор, ахир! Эрим…
- Хўш?
- У - хирург, аммо ўлгур, ишдан бошқасини ўйламайди.
- Сизни, болани деб ишласа керакда…
- Ичади ҳам…
«Жарроҳлар билан бўёқчиларни қон ва бўёқ ҳиди ичишга ундайди», демоқчи бўлди-ю, аммо лозим топмади.
Ҳуррият суҳбатдошининг юзида қилт этган шафқат ифодасини кўрмагач, пўписага ўтди.
- Бободўстов сизни фелъетон қилса яхши бўлмайди-ку.
-Ундай қилолмайди - эрингиз хабардор бўлишидан қўрқади. Сиз бошқа хонага ўтишингиз ёки номус қилаётган бўлсангиз, кетишингиз керак! Так-что…
- Бободўстовчи?
- У мантиқни мададга чақирсин!
Кечки овқатга «келин» билан «куёв» чиқмади. Эл оғзига элак тутиб бўлмайди, деганларидек, шериклар ҳам тезда тафсилотлардан хабардор бўлишди ва ғалати ҳолга тушишди.
Профессор карахтланиб қолганди - тасаввурига сиғдиролмасди бу ҳолни. Аммо уларнинг хайри-хушни насия қилиб, жуфтакни ростлаши, санатория бўйлаб кезаётган шов-шувлар бор ҳақиқатни тасдиқлаб турарди. Ҳожи амак ҳам надомат чекар, уларни лаънатларди:
- Ҳай, нопок! Жуфти ҳалолингни ишдан келишини кут, қўлига сув қуй, елкангда сочиқ тут! Наинки шундай қилсанг? Энди жабрини тортасан.
Билмайин босдим тиконни,
Тортадурман дардини.
Билсам эрдим, босмас эрдим,
Тортмас эрдим жабрини…
Аммо Азларов дангаллиги, андак ҳавойилигидан қолмасди:
- Мен буларнинг ўйнаш эканлигини биринчи куниёқ фаҳмлагандим, шунинг учун ёқтирмасдим. Кўпчилигимизнинг воқеълик ҳақидаги тасаввуримиз воқеъликнинг ўзига тўғри келмайди. Аммо бу ҳолдан фожеа ясашимиз чикора? Хўш, нима қилибди? Мачитнинг имом-хатиби, райкомнинг маънавият бўйича котиби, ҳатто етмиш беш ёшли насиҳатгўй чол шуғулланганда, газетачи нима, бичилган қулми? Буни Тайсон ҳам билган. Агар ўша бузуқ шоира миллатчилик, безбетлик қилмаганда, бунақа шарманда қилиб ҳайдамасди ҳамширағарларни. Ўзингдан чандон кучли шахснинг жиғига тегиш, ботирлик эмас, телбаликдир! Бу Шомил деганимиз, ҳазилакам одамга ўхшамайди! Уни енгиш осонмас…
«Нега мен уни қизимга, шундай покдомон, покиза фариштамга тенглаштирдим», деб ўкинарди Отабек Отақўзиевич ва ўзининг гўллигидан надоматлар чекарди. Бободўстовнинг «Ҳашаротнинг ортидан юрган одамсизда. Халқ жон бериб, жон олаётганда ҳам капалак тутгансиз», деган таънаси эндиликда камситиш, ҳақорат бўлиб туюлабошлади.
Ҳафта давомида мириқиб ухлаётган домла тўшакда тағин тўлғанабошлади. Дилни сиё қиладиган ўйларни ҳайдашга ҳарчанд ҳаракат қилса ҳам, кўз ўнгига бот-бот ишшайиб турган «келин-куёв» келаверди ва негадир улар айнан унинг устидан кулаётгандай бўлиб туюлаверди. Ҳожи амакнинг “…эътиқод қўйган, ишонган одаминг иккиюзламачи бўлиб чиқса…”, деган надомати бот-бот ёдига тушар, афсусланарди.
Нохуш хаёлларни қувиш учун, бир вақтлар катта аудиторияларга лекция ўқигани, юзлаб нигоҳлар унга ташна тикилиб тургани, ҳашаротлар ҳақида афсона-ю ҳақиқатларни монолог қилиб айтганини эслади. Ҳаёти шу тариқа давом этди: аввал қиз, кейин ўғил кўришди; қозоқлар айтгандай, уларни итга қопдирмай, туяга тепдирмай, катта қилишди. Қиз ота-онага бағоят меҳрибон бўлиб вояга етди. Хўш, нега уни ахлоқсиз бир жувонга ўхшатиш керак? Бу нима? Лакаловликми, ҳардамхаёлликми? Ёки ҳақиқатан, ҳашаротлар билан бўлиб, одамлардан, ҳаётдан узоқлашишми? У дилгир хаёллардан чекиниш ниятида тоғма-тоғ юриб, шафақранг капалакни топганини ёдга олди… «Халқ жон бериб, жон олаётганда…», деди-я. «Нимани назарда тутди экан», фикри тағин чалғиди.
Саҳарга бориб, бадани қалтирайбошлади, қусгиси келди; сўнг томоғигача ботқоққа ботгандай нохушлик, қўрқув исканжасида қолди; энсасида оғриқ пайдо бўлди. У набирасини уйғотиш учун ўрнидан қўзғалди, кейин ҳамшира ёдига тушди: уни чақирмоқчи бўлди-ю, негадир:
- Қизим! Покизам! Фариштам!- деди ва қаттиқ тиришди.
Домланинг миясига қон қуйилганди.
Санаториядагилар тонг билан ўсмирнинг ўкириб йиғлашидан уйғониб кетишди. Айвонда дўппи кийган Шомил, йигитчани қучоқлаб олганича, шўрликни овутар, шакаргуфторликлар қилар, кўз ёшларини артиб қўярди.
Бу ҳол Ҳожи амак Қуръондан оят бошлагунча давом этди.
Санатория мунг билан отахоннинг қизи, куёвини кута бошлади.
2007
Комментариев нет:
Отправить комментарий