Ижод ҳусусида
Дедим:
_Муҳтарам устоз, ёзувчи ёки шоир ижодининг мароқли нуқталари ҳақида
гапирсангиз.
Дедилар:
_Энг муҳим асарим ҳали олдинда, деган ишончдан мароқлиси борми? Шунинг учун ҳам ўтмишдан кўра келажак ҳақида гапириш завқлироқ
бўлади.
Дедим:
_Айрим ижодкорларнинг ўтмишлари ҳақида мақтанишлари ниманинг
аломати?
Дедилар:
_Маънавий кексайишнинг.
Дедим:
_Бундан қандай қилиб фориғ бўлмоқ керак?
Дедилар:
_Ёшликдаги хатолардан йўл йўлакай халос бўлган ютади, чунки кексаликнинг ўз қусурлари бор. Шулардан бири - андак мақтанчоқлик ҳам. Аслида хизматларини уларнинг ўзлари эмас, жамият эътироф этиб тургани тузук.
Дедим:
_Шеърият анчайин эскирди, деган ақидага муносабатингиз?
Дедилар:
_Шоир бўлиш - яхши, шоирлик даъво қилиш ёмон . Кейинги пайтларда айнан даъвогарлар кўпайди. Истеъдодли шоир, яхши шеър ҳамон тақчил. Яхши ше’р
эса инсоннинг яшаши, курашиши учун зарурдан зарур. Зеро;
Бу дунё жўн, ҳа, бўлгани шу.
Ҳамма нарса худди алифбо.
Дарё; икки қирғоқ, орасида сув
Шунчаки сув, сув - Н2О.
Меҳнат: етти соат, ҳар кун етти соат;
Тик туриб ютилган нонушта,
Номер илиш, кимгадир итоат.
Шундай бир хил ёзда ҳам қишда,
Қизлар - фақат қизлар.
Қушлар - фақат қушлар
Севги - қўй, бу ёғин айтмадим.
Хуллас,шундоқ эди олам ва ишлар
Сени танимаган пайтларим.
Сени танидиму, олам сирга тўлди,
Япроқни китобдай ўқий бошладим
Қалбимда булбуллар сайрайдиган бўлди
Ойга қараб туриб , кўзим ёшладим.
Дарёда сув эмас, ҳотиралар оқар;
Дарё кечалари - узоқ ёшлигим
У соҳилдан ҳижрон бўлиб боқар
Илк бўсам, вафосиз чилвир сочлигим.
Йўллар - гўё ўйлар, безовта гувлаган,
Таралган лолазор қирлардан қуйи.
Ҳув , менинг сўқмоғим тоққа ўйлаган,
Буниси,- онамнинг ҳасратли уйи.
Билак ҳам, юрак ҳам толади ишда,
Сўнг кўчам ҳуснига тўймай кезаман.
Байроқ, дастасида, станокда, ғиштда
Минг-минг қўллар тафтин сезаман.
Юлдузлар - умримнинг пойдорлиги,
Ҳаяжон, мўжиза тўла келгусим.
Қизлар бахт-саодат ваъда қилар жим,
Қалбим талпинтирар беғуборлиги.
Эҳ, сени танигач, ҳаётга қайтдим,
Эҳ, олам бошқача бўлиб қолдими?
Йўқ, сен одамзодни шундай улғайтдинг,
Кучга тўлдирдинг сен унинг қалбини.
Шундай на заҳарли ўқ қўрғошини,
Ва на Астробод,
Сибир конлари,
Ва на Шоҳимардоннинг тош бўронлари
Енга олди сенинг мағрур бошингни!
Сени танидиму қалбда сеҳрли ганж .
Олам гўзаллиги - қалбимнинг мулки!
Одам гўзаллиги - қалбимнинг мулки,
Сени танимаган шўрликлар аянч....
Умуман, шеърият тақдири ҳақида фол бошласалар ёки уни ўзларича таҳлил қилсалар , ғашимга тегади. Баҳорги соф ҳавонинг таркибини ҳам текшириш мумкин . Аммо ундан кўра, шундоқ
кўкрак тўлатиб нафас олган яхшироқ, эмасми?
Дедим:
_Сиз Ватан ҳақида ўзгача ёздингиз...
Дедилар:
_Мен қитъалар, океанлар ошдим. Шветсия ороллари-ю, Фудзияма этакларида; Париж майдонлари-ю, Сомали портларида; Истанбул бозорлари-ю, Ява боғларида бўлдим. Ва бот-бот Ватаннинг ҳатто тутуни ҳам ҳушбўй бўлишига
имон келтирдим.
Дедим:
_’’Ватандан ажралган ҳамма нарсадан ажралади’’, дегандингиз....
Дедилар:
_Бу гапни аслида чет элда бир мушфиқ мусофирдан эшитган эдим. Дарҳақиқат, Ватанда бўлган ва умрини унга нисор этган фарзанд сарбаланд ва сарафроздир. Зеро;
Умрим учун бўлар
(Сезиб турар кўнгил)
Баракали бўлар,шубҳасиз
Кумуш чўққисига қарайман дадил:
Мен унга бормасман туҳфасиз....
Умрим бўлар узун
Бирор дақиқаси беҳуда кетмас
Аммо шу юртимни
Кўриб тўймоқ учун ,
Севиб тўймоқ учун етмас Йўқ, етмас!
Дедим:
_Дунёдаги энг гўзал нарса ҳақида гапиришингизни истардим.
Дедилар:
_Энг гўзал нарса ҳаётдир, деган эди Белинский. Йиллар ўтиши билан гўзалликка бўлган муносабатларимиз ҳам шаклланиб , ўзгариб туради. Аммо, бари бир, ҳаётдан, унинг турли жабҳаларидан жозибалироқ сулувликни тополмаймиз. Эҳтимол, ўзгалар учун эришроқ туюлар: менинг назаримда , соғлом боласини кўтариб турган онани ҳар қандай Мадоннадан устун қўйса бўлади. Қайси йили Парижда бўлганимда, нигоҳларим аллақандай интиқлик билан бола кўтарган аёлни излаб қолди . Аммо, ишонасизми, шундай гавжум шаҳарда на бирорта бола , ва на бирорта бола кўтарган аёл кўринмасди. Шу пайт туйғуларим мени алдаб қўйди: бир аёл машинадан боласини кўтариб тушаётгандай бўлди. Қарасам, қўйнидаги кучукча экан. Ҳафсалам пир бўлиб кетди. Бу ерда бола ўрнига кучукни кўтариб ёки етаклаб юриш шунчалик одатлигини тасаввур қилиб ҳам кўрмагандим. Итни боладан афзал билиб , қимматбаҳо кийимлар билан ясантириб, ғурур билан олиб юришлари негадир ҳўрлигимни келтирди. Тошкент кўчаларида болаларини кўтариб юрган аёлларни ҳудудсиз бир дард билан кўмсадим ва муддатидан олдинроқ келиб қўйдим.
Дедим:
_Кейинги вақтларда ижоднинг, истеъдоднинг таркиби, формуласи ҳақида баҳслашадиган бўлишди.
Дедилар:
_Қадимда бир донишманд айтган экан : ‘’Мен вақтнинг нималигини биламан , аммо, вақт нима, деб сўрашса, айтолмайман’’, Ижод ва истеъдоднинг формуласи ёки таркиби ҳам шунга ўхшаш.
Дедим:
_Қалам аҳлига , энг аввало, нимани ёзишни маслаҳат берган бўлардингиз?
Дедилар:
_Аввал таъкидлаганимдек, ҳақиқатни. Аммо адабиётда битта талаб бор: ёзувчи ёлғонни тўқиса ҳамки, ҳақиқатни ёзиши керак !
Дедим:
_Ахир ҳаммабоп ҳақиқат йўқ-ку!
Дедилар
_Худди шу сабаб, ҳақиқат ҳақоратдан бўлиб туюлмаслиги учун уни асл матога ўраб беришни унутмаслик керак. Зеро, арча хушбўй бўлгани учун ҳам минг йил умр кўради.
Дедим:
_Умар Ҳайём бизнинг кунларда бўлганида ҳақиқий аҳволни тақрибан қандай ифода этарди?
Дедилар:
_Эҳтимол шундай:
Бир қўлда ‘’ Капитал’’, бир қўлда’’ Қуръон’’
Баъзида ҳалолмиз, баъзида ҳаром
Феруза гумбазли осмон остида
На болшевикмиз, ва на мусулмон.
Дедим:
_Ҳайём рубоийлари фоний дунёнинг фарёдлари эмасми?
Дедилар:
_Илло шундай, Фоний дунёнинг жавобсиз фарёдларидир улар. Умар Ҳайём ақидасича, инсоннинг Худодан ўзга умиди йўқ. Буни ҳис этмоқ, тушунмоқ учун юракда эътиқод, ўт, дадиллик бўлмоғи керак.
Дедим:
_Ахир ҳозирги танқидчилар сизни айнан дадиллигингиз учун танқид қилишаяпти-ку?
Дедилар:
_Ҳа, ҳамма мантиқсизлик шундаки, улар бизни қўрққанимиз учун эмас , дадиллигимиз учун уришади.
Дедим:
_Биз бор-будимизни рад этаяпмиз. Эҳтимол, бу ҳам мантиқсизликдир?
Дедилар:
_Зеро, тақир ерда ҳеч вақо битмайди. Эски мафкуранинг таъсири бор, деб ҳамма нарсани инкор қилишнинг ўзи ҳам бир нобоп мафкура эмасми?! Биз бадиятнинг барча намуналарини ардоқлашимиз керак. Бадиятдагина эмас, илм, фалсафа, динда ҳам буюк ва табаррук сиймолар шундай қилганлар. Ҳатто ғайриддинлар ибратли меросларни тан олишган. Яхудийлар ўз динларига миср мажусийларининг барча қадриятларини қабул қилганлар. Форобий, Беруний каби алломаларимизга бош эгиб, ҳурмат бажо келтирган ўнлаб афлотунлар мусулмон эмас эдилар-ку!
Дедим:
_Сиз бахт ҳақида кўп ва ҳўп ёзгансиз. Назаримда энг бахтли одам ўзини бахтли ҳисоблаган кишилар бўлса керак? Шундай эмасми?
Дедилар:
_Кўп адиби расолар ўз асарларини бахт тўғрисидаги мулоҳазадан бошлашган . Аммо уларнинг , ҳатто энг доноси ҳам сиз билан менинг кўнглимдагини тополмаган бўлиши мумкин. Уйқудан сўнг обдон еб ичиб , бир-икки соат дам олгандан кейин яна ором оғушига шўнғиган Обломов ҳам ўзини бағоят бахтиёр деб билган, Римнинг гуллар майдонида вужуди жизғинак бўлиб ёнаётган Бруно ҳам кўксида бахт шарпасини сезган бўлиши мумкин. Ҳар даврнинг фарзанди ўз дарди билан , ўз бахти ва бахт ҳақидаги тушунчаси билан яшаган.
Дедим:
_Ўзингиз-чи, устоз?...
Дедилар:
_Мен ўзим ёзганларимни ўқиб чиқсам, ҳаётимга лупадан қарагандай бўламан. Босиб ўтган йилларимни кинолентадай монтаж қилиб, уни баъзан тез, баъзан секин айлантириб , энг керакли дақиқаларни батафсил кўриб чиқаман - бахтли онларимни қидираман. Ва уларни бот-бот топгандай бўламан: улар умримдаги энг оғир дамлар экан, чунки улардан ўкинчсиз бир қаноатим бор. Бундай дамлар эса оз эмас эди. ‘’Ким бахтсиз? Бахтсизликни енгмаган – бахтсиз’’, деган экан Пётр Биринчи. Бировнинг умри бошқа бировга андоза бўлолмайди, албатта. Сиз ўзингизча яшашингиз , янада бахтлироқ яшашингиз мумкин . Лекин ҳамма бахтли умрлар учун бир шарт шуки, асрингнинг бош йўлида бўл экан! Бу йўлдан кўплар юрган ва яхши кишилар уларга муҳтож бўлишган. Кимки ҳаётида энг яхши кишиларга асқотган бўлса, у ҳамма замонлар учун яшайди! Умримиз оташини авлодларга тутдик. Бу оташ ёниқки, ХХ асрни бекор қилиш мумкин эмас!
Дедим:
_Бир даврада ёзувчиларнинг умр йўлдошлари ҳақида гапиргандингиз.....
Дедилар:
_Ҳа, ижодкорнинг умр йўлдошига осон эмас . Бундай аёл, назаримда чинаккам фаришта бўлмоғи зарур. Бу ҳусусда эркин Воҳидов яхши шеър ёзганди. Ижодкорнинг умр йўлдоши нафақат чой дамлаб берадиган ва расмана юмушларни бажарадиган уй бекаси , балки асарларингни илк бор ўқийдиган ҳолис танқидчи, гоҳида тахририят ва нашриётлар билан боғланувчи, сени ёзишга даъват этиб турувчи куч ҳам бўлиши керак. Кибриё Қаҳҳарова Абдулла Қаҳҳор вафотидан сўнг яхши хотира китоби ёзди. Янгангиздан ҳам мамнунман, у менинг энг яқин мададкорим, шифокорим. Усиз тинчлигимни тасаввур қилолмайман... Вафодор аёли бўлган ижодкорлар чинакам бахтли кишилардир.
Дедим:
_Муҳтарам устоз, бу ҳам бахт ҳақидаги мулоҳазанинг давоми.Шуниси ғалатики, бахт ҳақида ёзилган, яъни замон кишисининг бахтиёрлигини тараннум этган асарлар кўп яшамайди. Энг буюк адиблар - Данте, Лев Толстой , Уилям Шекспир, Робиндранат Тагор, Достоевский, Жек Лондон, Садриддин Айний, Абдулла Қодирий инсон бахтиёрлигини эмас изтироб ва азобларини қоғозга тушириб , абадийлик топдилар.
Дедилар:
_Бу табиий ҳол: ҳукмдорларга маддоҳлик қилиб ёзилган асарнинг умри ўткинчидир. Биз ‘’миллий қаҳрамон ‘’, ‘’замондош образи’’ каби ибораларни кўп ва ноўрин ишлатаверамиз. Аслида чинакам бадиий асарнинг қаҳрамонлари , таъбир жоиз бўлса, жамиятдаги ижтимоий ва иқтисодий ҳаётнинг локомотивларидир. Улар мавжуд ҳаётдан қониқмаган , андак норози бўлган ва бахтсизликка қарши кураша оладиган кишилардир. Сиз икки буюк ҳамзаминимиз номини тилга олдингиз. Уларнинг асарларини ўқинг - фикримга қўшиласиз.
Дедим:
_Сиз Абдулла Қодирийни кўрганингиз ҳақида ёзгандингиз. ..
Дедилар:
У пайтлар Ҳаким Назир болалар газетасида ишларди. Биринчи бадиий асарим 1935 йилда ўша газетада босилганди. Ўшанда ўн беш ёшда эдим. Хуллас, Ҳаким ака газетада чиққан хабарларим учун қалам пули ўрнига шаҳмат юборгандилар. Доналари жажжи, ялтироқ. Бунақасини кўрмаган эдим . Қўлтиғимда олиб юриб, шу ўйинга ружу қўйди. Бир куни Марғилон бозори чойхонасида икки киши шаҳмат ўйнаётганини кўриб қолдим. Қарасам, жуда таниш вазият: машҳур гроссмейстер Алёхин билан Капабланканинг уйинига монанд. Мен қўли баланд келаётган ‘’Алёхин’’га енгилгина назар ташладим. Аммо бу одам Абдулла Қодирий эканлигини билмагандим ўшанда. Хуллас, у кишини кўрганман-у , кўрдим, деялмайман...
Дедим:
_Менинг устоз Садриддин Айний билан учрашувим ҳам шунга ўхшаш бўлганди. Эллигинчи йилларнинг боши эди. Самарқанд шаҳрининг Лабиғор маҳалласида турадиган амакимникига меҳмон бўлиб боргандим ўшанда . ‘’Юр, ‘’ Победа’’ни кўрсатамиз’’, дейишди маҳалла болалари . Мен ‘’победа’’ – енгил машина эканлигини билмас эдим. Югуриб, катта дарвоза олдига бордик. Ялтираб турган яп-янги машинани ҳайдовчи авайлабгина артарди. Унга суқланиб қараб турганимизда , бир киши чиқиб келиб, ‘’ Рафтем’’ деди:. Бу одамнинг кўксида аллақандай орден ҳам бор эди. Болакайларга ҳос қизиқиш билан унинг орденига қараб қолдим. Ана шу киши Садриддин Айний эканлигини анча кейин билганман. Мен ҳам буюк адибни кўрганман-у кўрдим, деёлмайман.
Дедилар:
_Урушдан олдинги йиллар Самарқанд дорилфунунида таҳсил олганимда адабий тўгарагимиз бўларди. Унда Иброҳим Мўминов , Шароф Рашидов , Воҳид Абдулла, Абдураҳмон Саъдий ва бошқалар иштирок этардилар. Бир куни Садриддин Айний ташриф буюрганлари ёдимда. Барчамизни аллақандай саловат босиб, жимиб қолгандик ўшанда. Кўп саволлар беришди. Бунақа билимдон одамни қайтиб кўрмадим.
Дедим:
_Назаримда, ўша пайтларда Садриддин Айний ўзбек мумтоз адабиёти кафедрасининг мудири бўлганлар. эшитишимча, у кишининг докторлик диссертатсияси Алишер Навоий ижодига бағишланган экан. Ҳарҳолда, Айний домланинг икки тилда боқий романлар битганлиги катта истеъдоддан нишонадир. Биргина ‘’Судхўрнинг ўлими’’ франсуз тилида уч бор нашр этилган экан. Ўзи яшаган замон иллатларини нақадар маҳорат билан фош этади адиб.
Дедилар:
_Аслида ҳар қандай ёзувчининг энг катта рақиби - унинг замони ва замондошларидир. Гоголдан таҳди билан: ‘’Кимнинг устидан кулаяпсиз’’? деб сўрашганда , тавозе билан: ‘’Ўз устимдан , чироғим, ўз устимдан’’ деган экан. Соғлом танқид керак. Ўз-ўзини танқид қилмай, мухолифатга қулоқ тутмай, тараққиётга эришган жамиятни ёки адабиётни эслолмайман. Аммо начора, биз ўз нодонлигимиздан озор чекишга кўникиб қолганмиз. Ўз нодонлигимиздан ва ўзгаларнинг нодонлигидан ҳам. Бадиий маҳорат сирларидан воқиф бўлмаган адабий танқидчилар биздан батамом бошқа нарсаларни талаб қилишди. Уларнинг монологини эшитишга мажбур бўлдик. Аслида монолог эмас, диалоглар керак эди. Тағин: адабий танқид билан шоир ва ёзувчиларнинг ўзлари шуғулланишса тузук бўлар эди. Ахир адабиётни улардан кўра теранроқ ҳис этадиган киши борми?!
Дедим:
_Маъзур тутинг, энди буниси мулоҳазали гап. Назаримда, ижодкор ҳам ўз вақтида нафақага чиқиши керакми, деб ўйлайман. Намоз – вақтида фарз. Сиз ‘’ Опа- сингиллар’’ни ёзганингизда йигирма беш ёшда эдингиз. ‘’Ўткан кунлар’’, ‘’Навоий’’ романлари дунёга келганида ҳам уларнинг муаллифлари ўттиз ёшдан ошмагандилар, ‘’ Ёзмай туриш қўлингдан келса, ёзма’’, деб да’ват этганди Лев Толстой. Ҳар ҳолда мен олтмиш ёки етмиш ёшда адабиётда ағдар-тўнтар қилган қаламкашни учратмадим. Лекин шунга қарамай, нафақага чиқиб олган графоманлар, ишдан олинган турли тоифадаги амалдорлар ўзларини адабиётга уришмоқда. Адабиёт билан иккинчи даражали қаламкашлар шуғулланишаётганлиги ачинарли эмасми?
Дедилар:
_Ачинарли, албатта. Аммо, адабиётда ёш - нисбий кўрсаткич эканлигини унутмаслик керак. Йигирма ёшида роман ёзиб, ўттизда қариб қолганларни ҳам кўрдик ва қирқ ёшда қўлига қалам олиб, анчайин зафарларга эш бўлганларни таниймиз. Лекин сизнинг иборангиз билан айтганда, ‘’иккинчи даражали ижодкорларнинг иккинчи сменада’’ адабиёт билан шуғулланишларига қарши курашиш шарт. Акс ҳолда одамларни адабиёт деб аталадиган муқаддас даргоҳдан ҳафсалаларини пир қилиб қўямиз.
Дедим:
_Ёш ва истедодли ижодкорларни нима деб дуо қилишни истардингиз?
Дедилар:
_Уларни ҳар қандай бало-қазолардан Аллоҳнинг ўзи
асрасин!
Комментариев нет:
Отправить комментарий