вторник, 31 января 2023 г.

Асқад Мухтор дедилар. Учинчи суҳбат

                      Ахлоқ ҳақида

Дедим:

_Сиз шогирдларингизни бот-бот камтарликка даъват этиб турасиз.

Дедилар:

_Мен камтарман, деган одамни камтарин деб ўйламаслик керак.   Арабларда: Ал фахру-фахриъ, деган нақл бор. Бунинг маъноси – фақирлик, фахримдир, дегани.

Дедим: Фақирлик, мутелик эмасми?

_Зинҳор. Улар батамом ўзга-ўзга тушунчалардир. Тулкининиг терисини шилиб , қўйиб юбориб, сўрашибди: “Энди аҳволинг нечук?” “Барибир, муте одамдан афзал”, жавоб берибди у.

                                                                                                                            

Дедим:

_Модомики, сўз шогирдларингиз ҳақида кетар экан, уларнинг кимлигини ҳам айтиб ўтсангиз.

Дедилар:

_Буни уларнинг ўзлари айтгани тузук.  “Мен фалончининг устозиман ёхуд мен ёзувчиман”, дейиш – “Мен яхши одамман”,  деган таъкидга ўхшаб кетади.

Дедим:

_Биламан, сиз ҳамиша рост гапириш тарафдорисиз.

Дедилар:

_Соҳибқирон Амир Темурнинг узугида нима деб ёзилганини биласизми? “Рости – расти” деб битилган. Бунинг мазмуни: Ростгўй, яъни ҳақгўй бўлсанг, ўсасан, тараққий этасан, дегани.  Аслида, ҳар қандай тараққиётнинг бош омили ҳақиқатда.

Дедим:

_Бойлик орттирмоқчи бўлганларга муносабатингиз?

Дедилар:

_Бойликни бойлик қилган-ўзимиз. Агар унга бунчалик юлқинмасак, у бир тийинга арзимасди. Энг оғир занжир , олтин занжирдир; энг қўрқинчли васваса, олтин васвасасидир . Рус шоири Андрей Вознесенскийнинг “Хандақ” деган асарини ўқигандим . Унда Симферопол шаҳри яқинида фашистлар ўн икки минг кишини отиб, бир хандаққа кўмиб ташлаганлари ва орадан бир неча ўн йиллар ўтгач, бойлик васвасасига тушган айрим кишилар бу ерларни қазиб, бош чаноқлардан олтин тишларни излашгани зўр изтироб билан акс эттирган. Марҳумларни тунаётган бу тоифалар қаёқдан пайдо бўлди, деган саволни кўндаланг қилиб қўяди шоир жамият олдига. Дилга оғир ботади . Жуда оғир!

Дедим:

_Дилингизга оғир ботадиган бошқа ҳолатлардан ҳам  воқиф этинг бизни...

Дедилар:

_Минг тўққиз юз қирқ бешинчи йилдаёқ ёзган эдим:

 

Икки нарса оғир кўнглимга асли,

      Икки нарса учун йўқ дилда бардош:

         Бири - душманимнинг шўх қаҳқаҳаси,

      Бири - дўст кўзида мўлтиллаган ёш.

 

Дедим:

_Ночора, буни ҳаёт дебдилар. Дилга оғир ботадиган ҳодисалар, ҳатто тақдирингни ўзгартириб юборадиган ҳолатлар ҳам рўй бериб тураркан. Ахир, тақдирга тадбир кўриб бўлмайди-ку!

Дедилар:

_Бир замонлар ўлкамизга ғайриддинлар бостириб келганда, ўша замон сиёсатчилари-ю   мафкурачилари: Бизнинг ғайриддинга муте бўлишимиз тақдири азалдан, Худодан дейишган. Беҳбудий ҳазратлари  уларга жавобан: “Олган барча яхшиликларимиз Худодан , кўргиликларимиз эса ўзимиздан”, деб жавоб қайтарганлар.

Дедим:

_Муҳтарам устоз! Сиз жадидлар сардори номини тилга олдингиз. Бу борада дилимда тўпланиб қолган айрим гапларни айтмоқчи эдим. Сабаби, сўнгги пайтларда ХХ аср бошида вужудга келган  жадидлар ҳаракати эътиборимни кўпроқ тортадиган бўлиб қолди. Ғалати жумбоқ: бу ҳаракат ўзбек ва тожик халқлари тарихида илк бор вужудга келди. Ахир, йигирманчи асргача ҳам жамият ана шундай маърифатпарварларга  муҳтож бўлган эдику.

ХХ аср бошида Самарқандда Маҳмудхўжа  Беҳбудий атрофига

жамланган бу зиёлилар халқни саводли қилмай туриб, ҳеч нимарсага ,жумладан, мустақилликка ҳам эришиб бўлмаслигини обдон ҳис этганлар, Бу қудратли кучдан чоризм ва болшевизмнинг  ҳавотирга тушиши табиий ҳол эди.  Беҳбудийнинг уйини музейга айлантириш, Самарқандда у кишига ҳайкал ўрнатиш борасида ўринли таклифлар бўлди. Аммо бу иш баъзи амалдорларнинг лоқайдлиги туфайли ҳамон амалга ошмаяпти.

Дедилар:

_Агар биз тарихимиз қанчалик улуғ, маънавий меросимиз қанчалик бой, қадриятларимиз  нақадар чексиз эканлигини яхши билганимизда эди..... Флобернинг ”Ҳақиқат лексикони”да шундай гап бор:  “От ўзида  қанча куч борлигини билганида , тушовлаб қўйишларига эрк бермас эди.”

Дедим:

_Нопок бандалар ва ярамас амалдорларга  нисбатан қандай муносабатда бўлишни маслаҳат бердингиз?

Дедилар:

_Одатда, одамлар Яратганни ва ўзини йўқотиб қўйганлар билан ҳам гўёки ҳалол одам билан бўлгандай  муомала қилаберадилар. Ўзингиз бир олим ҳақида гапиргандингиз. У институтда фаррош , қоровул, гардеробчи билан қўл бериб кўришаркан-у,  порахўрлар, ўзидан кетганларга умуман кўл чўзмас экан. Агар, ҳақиқатдан ҳам унинг ўзи ҳалол, софдил одам бўлса нопокларга нисбатан адолатли жазо ўйлаб топган экан.

Дедим:

_ Эхтимол, одамлар қўрққанларидан ҳам шунақа тоифаларни хурмат қилишар. Қўрқса, ҳурмат қилади, деган нақл ҳам бор, чамамда.

Дедилар:

_Йўқ, уни ҳурмат деб атамоқ ножоиз . Ҳар қандай ҳолатда ҳам оғиб кетмаслик, мунофиқликка йўл қўймаслик  муҳимдир. Атиги бир бор бериладиган умрни муносиб яшаш керак. Чунки;

Умр йўли оёқ изи эмас.

             Уни на қор, ҳа чанг боса олади.

У қора чизиқдай

   Ё нурдай муқаддас

                Бўлиб  эл кўнглида мангу қолади.

Дедим:

_Инсоннинг барча иллатлари илдизини жамиятдан изла, деган экан бир донишманд. Эхтимол, инсоннинг ўзлигига қайтишига ҳам, айнан жамият сабаб бўлиши керакдир.

Дедилар:

_Рассом Рембрантнинг “Гумроҳ ўғилнинг қайтиши”, деган асарини биласиз. Тағин бир эсланг. Бир қарашда,  бу - шахсий тақдир: уйдан қочган бола экан, эсини йиғиб олгач, отасининг олдига қайтиб келибди , дейсиз. Яна бир ўйлаб кўрсангиз, жами инсон болаларининг қисмати деярли шундай: ёшликда кўп уринади, адашади, хатолар қилади, тавбасига таянади. Янада чуқурроқ ўйлаб кўрсангиз, бу - халқлар тақдирига ҳам монанддир. Мана биз. инқилоблар қилдик, қонлар тўкдик, кишилик қонунларини буздик, шариатга қарши бордик. Пешонамиз тақ этиб, деворга текканда , жон тинчлиги - иймон ёдга тушди. Қуйила бошладик, ўзлигимизни топгандаймиз. Аслимизга  (уйимизга) қайтмоқдамиз.Аслида юз йил яшаб, из қолдирмаган, аммо йигирма-ўттиз ёшида эзгуликлар яратганларни биламиз.Зеро:

        Фақат нон деб яшамайди инсон ҳам ерда,

Ерни довуллардан асраш аҳди бор.

                                    Уни осмон софликлари билан,

  Юксакликлар билан этмоқчи пойдор.

 

Дедим:

_Вақт ўтиши билан биров ақлли бўлади, биров – калтафаҳм, дегандингиз...

Дедилар:

_Вақт ўтаябди, деймиз ҳазинлик билан. Бу гапни инсон ўзини овутиш учун ўйлаб топгандай. Аслида,  биз – ўзимиз ўтаябмиз. Зотан, ҳаёт дегани ўтмиш билан келажак орасидаги бир неча дақиқалик фурсатдир....

Дедим:

Азроилга чап бериб яшаш, деган ибора бор...

Дедилар:

_Аслида. Азроилга чап бериб бўлмайди. Ҳар ҳолда, мен ҳозиргача унинг ёдидан чиқиб кетган кишини учратмадим.

Дедим:

_Аммо инсон Азроилга қасдма-қасд иш тута олади. Назаримда, одамлар айнан шунинг учун ҳам адабиёт, санъат деган боқий дурдоналарни яратишган. Улар китоблар ёзадилар, ҳайкаллар тиклайдилар, мусиқалар яратадилар. Қани Азроил зўр бўлса , улар бунёд этган бу боқийликларни ўлдириб кўрсин-чи. Зеро, ижод аҳлининг қудрати шунда. Сиз битган асарлар ҳам ўлмасдир!

Дедилар:

_Мени хижолатда қолдирмассиз.....

Дедим:

_Узр. Шогирдларга тағин нималар дейишни истардингиз ?

Дедилар:

_Инсонга жуда катта мақсадлар керак! Умуман одамга баҳо беришда, энг аввало , у олдига қўйган мақсадлар назарда тутилмоғи лозим.

Дедим:

_Тағин-чи?

Дедилар:

_Буюклик билан  бачканаликнинг ораси атиги бир қадам. Гарчанд, аёлнинг ўтмиши , эркакнинг келажагига қараб баҳо беришсада, умр яхлит нарсадир .Адашмаслик учун,  аввал айтганимдек , бот-бот Худо ва виждон  олдида ҳисоб бериб турмоқ керак.

Дедим:

_Тағин-чи?

Дедилар:

_Буниса энди истак. Биз  нон карточкасини йўқотиб қўйиш нақадар дахшатли эканлиги  билардик .Ҳозирги ва келажакдаги ёшларга бу кулгили  ҳол бўлиб қолаверсин….

Дедим:

_Энди дуога қўл кўтарайлик!

Дедилар:

_Эй, Худованди таборак ва таоло! Фарзандларга музаффарият ато эт! Уларнинг остонасини омон ва осойишта сақла!

Комментариев нет:

Отправить комментарий