ЗАКОВАТГА ЭРИШМОҚ ХУСУСИДА
Дедим:
_Жами жумбоқлар ва истиқболлар эшигини бирма-бир очадиган калит недур?
Дедилар:
_Илм, ҳунар, заковат.
Дедим:
Миллатни камолот сари етаклайдиган кишилар кимлар?
Дедилар:
_Билимли, ҳунарли, ақлли кишилар.
Дедим:
_Бу заковат ва ҳислатларга қандай қилиб эришмоқ керак?
Дедилар:
_Катта мақсад ва иштиёқ ҳамда жилла мадад ва раҳнамолик ила .
Дедим:
_Инсон бир бор дунёга келади - умр кечиради, уни ҳам билим ва ҳунар йўлидаги машаққатга сарфлаши жоизми?
Дедилар:
_Киши камолот сари интилмас экан, жаҳолат ботқоғига ботиб кетаверади; жаҳолат эса жами иллатларнинг бошидир.
Дедим:
_Фарзандлар ва шогирдларни не илму ҳунарларга даъват этардингиз?
Дедилар:
_Уларни заминга меҳр қўйиб, келажак касби бўлмиш – илмий-техника тараққиётини уфқларини эгаллашларига хоҳишманд эдим.
_Дедим:
_Ахир ерга меҳр қўйиш билан илмий-техника тараққиёти қутбнинг икки томонику?
Дедилар:
Келажакда уларни бирлаштирган, уйғунлаштирган йигит-қизларнинг кўли баланд келади. Зеро, Беҳбудий ҳазратлари таъкидлайдилар: «Ўтган замон учун эмас, келажак замон учун ишлайлик».
Дедим:
_ Қиз болаларга истакларингиз?
Дедилар:
_Умр ва қувватларининг лоақал ярмини рўзғорга сарфлашлари учун имкон берадиган соҳаларга сафарбар этардим.
Дедим:
_Фарзандлар ва шогирдлар ўзга йўлни маъқул топишса-чи?
Дедилар:
_Уларга омад тилардим, кўмак кўрсатардим.
Дедим:
_Айрим фарзандлар. шогирдларнинг андишасизлиги, лоқайдлиги, шуурсизлиги нимадан?
Дедилар:
_Ота-она ва устозларнинг бебурдлиги, беғамлигидан.
Дедим:
_Фарзандлар ва шогирдларга тағин тилакларингиз…
Дедилар:
_Касби корига-садоқат, қавмларга - меҳр , табиатга - муҳаббат!
Дедим:
Буларга қай тариқа эришмоқ керак?
Дедилар:
_Садоқатга - эҳтиром, меҳрга - самимият, муҳаббатга - шафқат ҳамда эминлик ила.
Дедим:
_Зиддиятларнинг боиси надур?
Дедилар:
_Икки дорвоз бир дорда ўйнолмаслиги, икки қўчқорнинг боши бир қозонда қайнамаслигидан.
Дедим:
Исённинг боиси надур?
Дедилар:
_Зулм.
Дедим:
_Зулмнинг боиси-чи?
Дедилар:
Жаҳолат.
Дедим:
_Хасис ва шуҳратпараст ҳисобламасликлари учун нима қилиш керак?
Дедилар:
_Бот-бот пул ва мукофотдан воз кечиб турмоқ керак!
Дедим:
_Бировнинг ҳаққига ҳиёнат қилмаслик учун-чи?
Дедилар:
_Охират ва оқибатни ўйламоқ , Худо ва виждон олдида ҳисоб бериб турмоқ керак.
Дедим:
_Атрофингда таъбингга ўтиришмайдиган, биқсиқ, ипирисқи кимсалар кўпайиб, дилинг ғуссага тўлганда нима қилиш керак?
Дедилар:
_Мавлоно Муқимийнинг тўртлигини ёдга олмоқ лозим:
Шерсиз эмасдир бешалар
Бордир саховатпешалар,
Қилманг ёмон андишалар,
Яхшилар ҳам бор экан.
Дедим:
_Сиз қайта ҳаётга келсангиз, тағин шу йўлни танлармидингиз?
Дедилар:
_Ҳа, шу йўлдан борардим, аммо хатоларимни такрорламаслик пайида бўлардим.
Дедим:
_Хатоларингиз кўпми, сирми?
Дедилар:
_Умрим давомида кам билим олганим, кўпрақ ҳунар ўрганмаганим, менинг хатоларимдир.
Дедим:
_Демак, инсон фарзанди учун энг муҳими – билим ва ҳунар экан-да?
Дедилар:
_Энг муҳими - ақл!
Дедим:
Наҳотки, билим ва ҳунардан, истеъдод ва тажрибадан ҳам ақл бирламчи ва устун бўлса?
Дедилар:
_Илло, шундай!
Дедим:
_Энди ақлга эришиш йўлларини айтинг.
Дедилар:
_Табиат ва жамият ҳар бир бандага озми-кўпми заковат уруғини ато этади. Уни авайлаб ўстириш, вояга етказиш ҳар кимнинг ўзига вобастадир.
Дедим:
_Ақллиликнинг бош белгилари недур?
Дедилар:
_Киши ақлли бўла бўлган сари одамлардаги бу ҳислатни кўпроқ илғайди ва қадрлайди. Ҳамма нарсага ақли етган одам, ҳамма нарсани кечира олади.
Дедим:
_Тағин-чи?
Дедилар:
_Хокисор ва камтарин бўлади.
Дедим:
_Хокисорлик ўз қадрини ерга уриш эмасми?
Дедилар:
_Фақат кибор ва нописандлар наздида шундай.
Дедим:
_Айтинг-чи, устоз, киши суҳандон, хушхат ва боеҳтиром бўлса нималарга эришади?
Дедилар:
_Омад уларга икки қўлини чўзган гўдакдек талпинади.
Shunchaki super, hikmatga tòla satrlar
ОтветитьУдалить