Жуғрофий, иқтисодий ва ҳатто, табиий нуқтаи назардан қаралганда ҳам, тақдир жағалвойликларга ўнг қўлини чўзган, дейиш мумкин бўлади. Юқори томон - тоғ, бир тегирмонча сув қишин-ёзин шарқираб ётади. (Баҳорда қутуриб, йўл, кўприкларни вайрон қилиши нохушроқ, албатта). Бу ёғи шаҳарга ҳам яқин. Қишлоқдан бирор чақирим пастдан эса икки вилоятни бир-бирига боғлайдиган шоҳкўча ўтади.
Шуларни ҳисобга олиб, жағалвойликларни тоғ ҳам, шаҳар ҳам боқади, дейишга асосимиз бор. Шўролар даврида қишлоқ гоҳида ўрмон хўжалигига, гоҳида колхоз ҳисобига ўтиб турган бўлса ҳамки, тирикчилик тарзи қўшнилардан фарқ қилмаган ҳолда, ички бир қонуният асосида кечди. Бу йиллар давомида қишлоқ ёнбағирликдан, анча пастга тушди, уй ва ҳовлилар сатҳи кенгайди, томлар шиферланди, хуллас, цивилизация деган «меҳмон» дарвозаларни таққиллатмай қолмади-ки, буларни санаб ўтириш ортиқчадир.
Қишлоқ аҳлини узоқ йиллар давомида тоғ боққан - молларини ёнбағирларда ўтлатишган, қишлик озуқани ҳам тоғдан ўриб олишган. Фақат шу эмас: баҳорда ревоч, лола; ёз бўйи тоғрайҳон, бўзноч, бўйимодарон, маврак сингари доривор гиёҳлар йиғишган; кузда писта, бех, тоғпиёз деганларидай…
Йилдан-йилга бу неъматлар камайиб кетаётганлиги сабаб, ҳозир аксар ёшлар шаҳардаги корхоналарга, мардикор бозорига боришади; катта йўл бўйидаги ошхоналарда ишлашади; Қозоғистон, Россиядан нон топиб келаётганлар ҳам анчагина.
Қўшни қишлоқ ва кентдагиларнинг тирикчилик тарзи, савияси булардан фарқ қилмаса ҳамки, жағалвойликларни андак анди, лакаловга чиқариш, уларнинг устидан кулишни хуш кўришади. Икки чақиримча юқорида Айриқия деган қишлоқ бор. Бу ердаги одамлар жағалвойликлардан шеваси, соддалиги билан фарқ қилишади. Шулар ҳам: «Бир жағалвойлик…» деб бошланадиган латифанамо гапларда қўшниларини жилла афандига чиқаришга ҳаракат қилишади.
«Бир жағалвойлик ҳовлисига девор уришдан олдин катта дарвоза ўрнатибди. Ҳар кун ишга кетаётганда, дарвозани қулфлаб кетаркан, кечаси тамба қўйиб ётаркан. Девор эса ҳалигача йўқ экан».
Ҳангоматалабларнинг бири бошлаши билан иккинчиси улаб кетади: «Бунисини қўйинг, бир жағалвойлик махсумнинг девори ҳам, дарвозаси ҳам бор экан. Дарвозани қулфлаб, калитни остона остига қўяркан-у, баландроққа чиқиб, пода ҳайдаб кетган ўғлига бақираркан: «Ҳов Қарашқул! Калитни остонанинг остига қўйдим».
Учинчиси ҳам жим турмаскан: «Бир жағалвойликнинг ўғли чорраҳада турадиган миршаб бўлган экан. Отаси маст бўлса гариллаб қолармиш: «Ҳей, биласанми? Шаҳардаги ҳамма мошинлар ўғлимнинг таёғи учига қараб юришади».
Бу гапларнинг аксари ўша ҳангоматалабларнинг ўйдирмаси бўлса ажаб эмас. Аммо ҳазилда - озгина ҳазил бўлади, деганларидек, жағалвойлиларни бот-бот чув тушириб туришади. Бир қаллоб келиб, қишлоққа газ ўтказиб беришга ваъда берган, лойиҳа-смета ҳужжатларини кўрсатган ва катта пулни олиб, сувга чўккан тошдай йўқолиб кетганини ҳамон гапиришади. Суриштириб газ идорасига боришса, ярамас морбознинг ишдан ҳайдалганига икки йил бўлган экан.