четверг, 17 октября 2019 г.

АСҚАД МУХТОР ЎГИТЛАРИ


                           


Асқад Мухтор ўгитлари (“Оила ва жамият 08.01.2002)



Бағоят маъруф устозим, таниқли адиб Асқад Мухтор «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида бош муҳаррир бўлганларида, мен бўлимда ишлардим; кайфиятлари хуррам дамларда хоналарига кирардим ва у кишининг мумтоз суҳбатларидан баҳраманд бўлардим.
Дедим:
– Жаъми жумбоқлар ва истиқболлар эшигини бирма-бир очадиган калид недур?
Дедилар:
– Илм, ҳунар, заковат.
Дедим:
– Миллатни камолот сари етаклайдиган кишилар кимлар?
Дедилар:
– Билимли, ҳунарли, ақлли кишилар.

Дедим:
– Бу хислатларга қандай қилиб эришмоқ керак?
Дедилар:
– Катта мақсад ва иштиёқ билан, андак мадад ва раҳмонлик билан.
Дедим:
– Инсон бир бор дунёга келади, уни ҳам билим ва ҳунар йўлидаги машаққатга сарфлаши жоизми?
Дедилар:
– Киши камолот сари интилмас экан, у жаҳолат ботқоғига ботиб қолаверади; жаҳолат эса жами иллатларнинг бошидир.
Дедим:
– Фарзандлар ва шогирдларни не илму ҳунарларга даъват этардингиз?
Дедилар:
– Ўғилларни заминга меҳр қўйишга, келажак касби бўлмиш илмий-техника тараққиёти, компьютер асрорларини обдон ўрганишларига хоҳишманд эдим.
Дедим:
– Ахир, ерга ишлаш билан илмий-техника тараққиёти қутбнинг икки томони-ку?
Дедилар:
– Келажакда уларни бирлаштирган, уйғунлаштирган йигитларнинг қўли баланд бўлади. Зеро, Беҳбудий ҳазратлари таъкидлайдилар: «Ўтган замон учун эмас, келажак замон учун ишлайлик».
Дедим:
– Қиз болаларга истакларингиз?
Дедилар:
– Умр ва қувватларининг лоақал ярмини рўзғорга сарфлашга имкон берадиган соҳага сафарбар этардим.
Дедим:
– Фарзандлар ва шогирдлар ўзга йўлни маъқул топишса-чи?
Дедилар:
– Уларга омад тилардим, кўмак кўрсатардим.
Дедим:
– Айрим фарзандлар, шогирдларнинг андишасизлиги, лоқайдлиги, уқувсизлиги нимада?
Дедилар:
– Ота-оналар ва устозларнинг бебурдлиги, беғамлиги, бетутуруқлигидан.
Дедим:
– Фарзандлар ва шогирдларга тағин тилакларингиз?
Дедилар:
– Касбу корига – садоқат, қавмларга – меҳр, табиатга – муҳаббат!
Дедим:
– Бунга қандай қилиб юришмоқ керак?
Дедилар:
– Садоқатга – эҳтиром, меҳрга – самимият, муҳаббатга -шафқат ва эминлик туфайли.
Дедим:
– Зиддиятларнинг боиси недур?
Дедилар:
– Икки дарвоз бир дорда ўйнолмаслиги, икки қўчқорнинг боши бир қозонда қайнамаслиги.
Дедим:
– Исённинг сабаби недур?
Дедилар:
– Зулм!
Дедим:
– Зулмнинг сабаби недур?
Дедилар:
– Жаҳолат!
Дедим:
– Хасислик ва шуҳратпарастликдан қочмоқ учун нима қилиш керак?
Дедилар:
– Бот-бот пул ва мукофотдан воз кечиб турмоқ керак.
Дедим:
– Бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик учун-чи?
Дедилар:
– Оқибат ва охиратни ўйламоқ керак!
Дедим:
– Атрофингда таъбингга ўтиришмайдиган биқсиқ ва ипирисқи одамлар кўпайиб, дилинг ғуссага тўлганда, нима қилиш керак?
Дедилар:
– Мавлоно Муқимийнинг тўртлигини ёдга олмоқ керак:
Шерсиз эмасдир бешалар,
Бордур саховатпешалар.
Қилманг ёмон андишалар,
Яхшилари ҳам бор экан!

Комментариев нет:

Отправить комментарий