пятница, 22 июля 2022 г.

3 ЖУМАНАЗАР АКА САРГУЗАШТЛАРИ

 



      
                          Учинчи вароқ
                                   Ҳазил
    Эрталаб турса, уни хушқомат Юпитериан эмас, бегона бир йигитча кутиб турган экан.
       “Юпитериан хоним қани”, сўрапти Жуманазар ака норози  оҳангда.
   “Рухградга кетди”.
   “ Нега кетади?”
   “Марҳумлардан шикоят тушган экан.”
    Жуманазар ака бу гапнинг моҳиятини тушунмапти.
   “Нега мендан сўрамай кетади?”
   “ Бизда ҳеч ким бировдан рухсат олмайди”.
 “Бошболдоқсизлар!”

   - ...
 “Отинг нима, сўрапти Жуманазар ака.
  “Миррихий”
  “Сан нима кароматлар кўрсатасан?”
   “Истакларингизни барини бажо келтираман”.
“Уч йилдан бери бел оғрийди, оёқ ҳам қақшайди. Пахтага сув тарардим; далада ётмасам, раис қамчи билан туширарди. Ўшанда орттирганман. Санаторияга путёвка сўрагандим, раис кулиб юборди.
   “Путёвка отлиққа йўғ-у, санга йўл бўлсин”, деди.
   “ Юринг, ўзим ҳал қиламан”, дебди Миррихий.
   Улар тиниқ сув тўла мармар ҳовузга етиб борибдилар. Жуманазар ака Миррихий айтгандан қилиб, чўмилиб чиққач, вужудидаги дардлардан батамом фориғ бўлибди.
   “Жуманазар ака, тағин қанақа муаммолар бор”, сўрабди Миррихий.
   “Бугун уйга қайтаман; у- бу олишга кўмаклашарсан”...
   Миррихий Жуманазар акани ўлкан бир супермаркетга олиб борипти. Аммо бу ердаги неъматларнинг бирортаси Жуманазар акага ёқмапти: турли-туман таблеткалар, скафандрлар..
 ”Ундай бўлса юринг, мошин дўконига олиб бораман”.
   Бу ерда ерда юрадиган автомобиллардан кўра, учиб юрадиганлари кўп экан.
 “ Истаганингизни олинг, бари текин”...
“Бу дарахтгами, симёғочгами урилиб кетмайдими?”
 “Барини четлаб ўтади: ақлли ликобча”.
“Таможний масаласи”...
 ”Бизда унақаси йўқ”.
 “Акам бор эди, бир куни  тележка устида ухлаб қолган. Пахта терадиган овсар тракторчи, билмасдан унинг устига бункерини бўшатиб юборган. Ўлигини пахта заводидан топиб келишди. Шунинг ўғлига ерда юрадиган машина олиб борсамми, дейман. Аммо буни қайси пулга олдинг, деб бошимни қотиришлари тайин. Яхшиси, бироз пулдан қарашивор”.
    “Жуманазар ака, бизда пул деган нарса йўқ: бари текин.”
    “Қандай?”
   “Жуманазар ака, бу гапни қўйинг, айтингчи, боришингиз билан  сизни мухбирлар, блогерлар ўраб олишади: саволларга кўмиб ташлашади. Хўш, нималар дейсиз биз тўғримизда?” “Қишлоғимиздан Жобирвой деган Америкага бориб келиб, ўша юртни мақтаган эди , олиб кетишди; ўн йилдан бери дараги йўқ. Бу гал мухбирлардан узоқ юраман. Жуда мажбур қилишса, коинотда аҳвол оғир дейман. Ейишга нонлари йўқ, пул ҳам чатоқ, десам ёлғон гапирмаган бўламан. Сих ҳам куймайди, кабоб ҳам…Ўтган гал мен билан гаплашган блогерни жиннихонага ташлашган. Хотинимга ҳам айтмайман. Бизларнинг аёллар ўқимаган, қолоқ. У гал коинотга бориб келдим, десам, “молга емиш олиб келмадингизми, ғўзапоя ҳам тугаган эди”, деб таъбимни хира қилди. Ёзи билан хашак билан ғўзапоя ташийман - барибир етмайди.”
  “Молингиз кўпми?”
 “Бир бош очофат сигир бор, холос. Саҳар туриб, шохиданми, қулоғиданми ушлаб, силаб-сийпаб тураман, аёлим соғиб олади. Буни саватнинг остига қўйиб, кеча  соққанини қаймоғини олади, кейин сут билан қаймоқни шаҳарга олиб бориб, сотиб келади. Қайтишда буханка нон, нонга суйкаб ейдиган сариёғ, болаларга дафтар-қалам олиб келади. Бир куни мен ҳам човани кўтаришиб бордим. Йўлда бир “Дамас”дан тушиб, бошқасига ҳам миндик. У бизни микрорайон деган жойга олиб борди. Хотиним ҳалиги  қаймоқни мижозига бериб қайтиб келди. Кейин “Малако” “малако” деб бақирди.
   “ Менга қара, дедим жаҳлим чиқиб. “Сут кетди” десанг, ўласанми? Ўрислар кетиб қолган-ку”.
   “Бу ердаги ўзбеклар културний: “сут кетди” десам, бирортаси чиқмайди”,  деди.
   Хотиним бу гал овоз берганда, иккинчи қаватдаги бир дераза шарт очилиб, сочлари тўзғиган аёл кўринди. “Ҳой, намунча бақирасан, ҳаммани ўйғотиб юбордин-ку. Ҳе сутинг бошингдан...”
  Мен, беихтиёр ўша аёлни ҳам, хотинимни ҳам ёмон кўриб қолдим: жаҳлим чиқди. Аёлимнинг  бўлса, мендан хижолат чекканлиги сезилиб турарди, боиси: боя келишда, бу ерда танишларини кўплигини, уни ҳурмат қилишларини гапириб, андак гариллаб қўйган эдида.
   Кейин бакалашка, кострюлка кўтарган аёл, эркак харидорлар пайдо бўлишди.   Бир аёл хотиним билан эски қадрдонлардек, батафсил сўрашди.
   “ Ана  у киши болаларимнинг адажониси бўладилар, деди хотиним мен томон имлар экан, ийиб кетиб. Ўзлари жуда  хушфеъл, меҳрибон. Яқинда Тошкентдан болаларга пайпоқ, жемпер олиб келдилар”.
   Буларнинг бари уйлирма, аниқроғи орзулар эди. Аслида, мен ҳали Тошкентга бормаганман. Менга  қара, дедим қайтишда, шаҳарга қатнайвериб, шаҳарлик бўлиб кетибсан. Худодан қўрқмайсанми, ёлғон гапиргани. Мен энди сен билан келмайман! Сани ҳам қўймайман! Қаймоқни ўзимиз еймиз, шаҳарлик заҳарни есин.” Эрталаб қарасам, тағин шаҳарга отланяпти; тепиб юбордим, қўлидаги коса ерга тушиб, чил-чил бўлди. Чинни синиқларини териб олар экан, вазиятни юмшатиш учун бўлса керак: “Майли, келган бало шунга урсин”, деди. Дастурхон устида ҳам ҳазил мутойибалар қилган бўлди. Кейин йиғлаб юборди.” Бирортасини пайпоғи, жемпери йўқ. Ҳувв, ҳув... “ Бас қил! Бақириб бердим...”
   “Бечора аёл, деди Миррихий ачиниб, дунё азобларини роса чеккан экан. Жуманазар ака, йўқ деманг, мен шу аёлга қимматбаҳо бир нарса бериб юбораман. Беҳад қувонади...”
   “ Керак эмас, рад қилди Жуманазар ака, бироз пул сўраган эдим, қўлинг қалтираб, ёлғон гапирдинг...”
   “ Ишонинг, бизда пул бўлмайди.”
   “ Қўй-е еб кетмас эдим.
   “ Оббо...
  “ Мани Ерга тушириб қўй...

ЯНГИ АДАБИЁТ ЭҲТИЁЖИ (Шукур Холмирзаевга очиқ хат)

 

СРЕДА, 14 СЕНТЯБРЯ 2016 Г.

ЯНГИ АДАБИЁТ ЭҲТИЁЖИ



     Шукур ака, саломатмисиз?
    “Сайланма”нинг биринчи жилди муборак бўлсин!
    Аслини олганда, сизни ўзга бир ашрафлигингиз билан табриклашим жоиз эди. Ўн олти йил мобайнида китоб чиқармаган бўлсангиз ҳам, зиналари анчайин баланд шоҳсупадан жилла пастга тушмаганингиз учун қўлингизни қисмоқчи эдим.
  “Сайланма”ни кўздан кечирган киши Абдулла Қаҳҳордан кейин ҳикоя жанри  имкониятларини бир қадар кўтарганингизга имон келтиради. Шахсан ўзим, бир вақтлар йўқотиб қўйган қадрдон нарсаларимни топиб олгандай бўлдим. “Нотаниш одам”, “Ҳаёт абадий”,  “Жарга учган одам”,  “Укки сайраябди”,  “Арпали қишлоғида”,  ”Кекса ғижжакчи”...нақадар сеҳрли қўшиқлар. Бойсундаги тоғлар, даралар, энг муҳими, ўз оламига мансуб одамлар кино лентасидагидай кўз ўнгингизда намоён бўлади. Фақатгина уларни эмас, ўзимнинг ҳам ўша пайтлардаги мастона ҳолатимни зоҳиран эсладим.
   Бизнинг авлод вакиллари (бугунги олтмишвойлар) адабиётга суронли ва забардаст одимлар билан кириб келишганди. Абдулла Орипов, Рауф Парфи, раҳматли Машраб Бобоев шеър ўқишганда, кўзларидан ўт чақнагандай бўларди; Сизнинг, Ўткир Ҳошимов, Учқун Назаровларнинг ҳикояларини ўқиганда, уйқумиз учиб кетарди.
   Нақадар яхши кўрардик, сизларни! Зеро, ҳозир ҳам жуда қадрлаймиз.
   Китобни ўқиб, аввал идрокламаган жараёнларни ҳам илғагандай бўлдим. Жумладан, олтмишинчи йилларда қушларни отиб юрган “мен” (“Кўнгил”) етмишинчи йилларга келиб, милтиқ тутганларнинг рақибларига (“Жарга учган одам”) айланади. Бу - тадрижий жараён; жамиятда ва онгимизда содир бўлган ўзгаришлар инъикосидир.
  Хемингуэйга ўхшаб диалоглар воситасида инсон манзараларини яратиш, Чеховга ўхшаб ҳаётнинг бир парчасини акс эттириш билан китобхонни ҳаяжонга солишнинг номи истеъдод бўлса керак. “Энг гўзал нарса ҳаётдир”, деган эди Белинский. Шунинг учун ҳам ҳаётни бўямай, бежамай кўрсатган қалам соҳибларининг қўли ҳамиша баланд бўлиб келган.
   Лекин, буларнинг барига қарамай...

НОХУШ ХАЁЛЛАР



Етмиш ёшдан ошган (аниқроғи, етмиш тўртга кирган) қотма, бўйчан, сийрак сочлари оқарган, тишларининг ясамалиги сезилиб турадиган, юрганда андак энкайиб, эҳтиёткорлик билан қадам ташлайдиган, нигоҳлари хиралашган,  кўзойнаги остидан сал анқайиб қарайдиган, кўринишда сокин, хотиржам бўлса-да, салга асабийлашиб, серзарда бўладиган, касалванд, жиззаки чолни  кўз олдингизга келтира оласизми? 
Ана шу одам, менман.
Ваҳоб Кабирович Кабиров, дейишади каминани.

Менинг ёшимдагилар, одатда, қачонлардир қилган амаллари билан мақтаниш, ўзларини минбар ва ҳайъатга уриш, ҳукуматга ҳуда-беҳуда ҳамду сано ўқиш, тобут бошида нутқ сўзлаш; хотиралар, гоҳида шеър  ёзишга мойил бўлишади. Булар бари менинг табиатимга зид. Худо сақласин! Ҳатто газетачиларнинг «бахтли кексалик», «нуроний отахонлар» сингари ибораларига киноя ва писхандлик билан қарайман; назаримда, булар бари жуда шалдироқ, носамимий тўқималар бўлиб туюлади. Илоҳим адашган бўлайин-у, етмишдан кейин русларнинг «Старость не радость» деган нақли мазмун, моҳияти билан ҳамманинг эшигини нохуш тақиллатаверади. Ҳатто баҳор тароватидан, мусиқанинг сеҳрли оҳангидан, нозанин  чеҳралардан лаззатланишингга  касалликлар, нохуш хотиралар, ўлим ҳақидаги дилингни сиёҳ  қиладиган ногаҳоний фикрлар ва бошқа  ожизликлар халақит бераверади.
Беморликлардан бошлайдиган бўлсак, қарийб йигирма йилдан бери  хафақон (гипертония, қон босими) билан яккама-якка курашиб келаётганимни, аммо кўпга бормай бой беришимни айтиб ўтишим керак. Бир бор йиқилдим ҳам, аммо шифокорлар, рингдаги ҳакам:  «енгил накаут», деганига ўхшаб, микроинфаркт бўлганимни айтишди ва ўрнимдан турғизиб  қўйишди. Менга ўхшаш бадбахт, заҳар чолга нариги дунё ҳам зор эмас экан, деган тўхтамга келдим ўшанда. Дилозордан Худо безор, деганлари, эҳтимол шу бўлса.
Докторлар, табиб-у экстрасенсларни ҳурмат қиламан, албатта, аммо йигирма йилдан бери уларнинг бари менга, шунчаки ён босадиган мухлис ёки ҳангоматалаб томошабин ролини бажариб келишди.  Рингдаги боксчига: «бўшашма», «ўнг қўлингни ишга сол»,  «йиқит», деб бақиришади-ку… Шунга ўхшаш.
 Ҳар йили кардиология шифохонасига  ётиб ҳам чиқаман ва доим ман-ман деган докторларгина эмас, фан ҳам касаллик сабаблари, уни даволаш усулларидан бехабар, деган тўхтамга келаман. Мени даволайдиган доктор шу мавзуда диссертация ёқлаганди. Аммо раҳматлини айнан инфаркт олиб кетганлиги бунга мисол бўлар, деб ўйлайман.

пятница, 1 июля 2022 г.

КАЛВАК МАХСУМ НОМАЛАРИ

 НОМА № 4


Жума пешин таҳорат олиб, Аллоҳ фарзини ижро этмоқ илинжи бирла, қайдасан Московнинг масжиди жомеси, деб йўлға отлондим.
Яхшилар йўл ишора қилдилар ва аларнинг шарофати ила бағоят боҳашам, босалобат масжидларини топдим.
Художўй намозхонлар бисёр бўлуб, тоторлар, Кафказ аҳли бағоят босипо ва боғурур эрдилар, якчанд қалпоқ кийганлар кўзга кўринур, валек аларнинг либослари урунган, юпун, сақоллари поку кўрмаган эрди ва Худои таолонинг ердаги уйи, аниқроғи анинг салобати олдинда ўзларини хору хасдан беқадр, озурда, ҳуркак тутур эрдилар.
Бир фарғоналик носкадусини чиқарғон эрди, ёнидаги чечен нописанд ниқтаб, девордаги “Нос туфланмасун” хатига ишора қилди.
Тотор имом-хатиб минбар миниб такбир ва таҳлиллар қилди.
Амри маъруфинда олами ислом учун дуолар айтди. Аҳли мажлисни инсоф, адолат ва ибодатга, уламо қавмига эҳтиромга даъват қилди.
Меҳроб сари юз буруб саф тортдук. Бадаз намоз бисёр енгил тортдим ва бу дунёи бебақода ялғуз эмаслигимга шукр айтдим.
Дарвоза ташинда бирор таниш-билиш мусофирни кўрурман деб кўзум жавдираб тургон маҳал эрдиким, Дўсбек духтур пайдо ўлди.
“Иби, иби, дедим, о сани манга худо еткурди.” Биз бағр очиб кўрушдук. Бадаз ҳолпурслик у қаҳвахонага кириб гапзанон қилишни афзал билди, ман ҳам тархашлик қилмай кўндум.
Эмди бу балага таъриф берадурғон ўлсам, анинг бағоят художўй, имони бутунлигини айтиб ўтмоғим ҳам қарз, ҳам фарздур.
Магарамки, мардум ани духтур деб атаса ҳам, аслида молдухтурдур.
Беш йил ўқуб, яхши таълим олди. Аммо ишга кириши мушкул кечди.