пятница, 22 июля 2022 г.

ЯНГИ АДАБИЁТ ЭҲТИЁЖИ (Шукур Холмирзаевга очиқ хат)

 

СРЕДА, 14 СЕНТЯБРЯ 2016 Г.

ЯНГИ АДАБИЁТ ЭҲТИЁЖИ



     Шукур ака, саломатмисиз?
    “Сайланма”нинг биринчи жилди муборак бўлсин!
    Аслини олганда, сизни ўзга бир ашрафлигингиз билан табриклашим жоиз эди. Ўн олти йил мобайнида китоб чиқармаган бўлсангиз ҳам, зиналари анчайин баланд шоҳсупадан жилла пастга тушмаганингиз учун қўлингизни қисмоқчи эдим.
  “Сайланма”ни кўздан кечирган киши Абдулла Қаҳҳордан кейин ҳикоя жанри  имкониятларини бир қадар кўтарганингизга имон келтиради. Шахсан ўзим, бир вақтлар йўқотиб қўйган қадрдон нарсаларимни топиб олгандай бўлдим. “Нотаниш одам”, “Ҳаёт абадий”,  “Жарга учган одам”,  “Укки сайраябди”,  “Арпали қишлоғида”,  ”Кекса ғижжакчи”...нақадар сеҳрли қўшиқлар. Бойсундаги тоғлар, даралар, энг муҳими, ўз оламига мансуб одамлар кино лентасидагидай кўз ўнгингизда намоён бўлади. Фақатгина уларни эмас, ўзимнинг ҳам ўша пайтлардаги мастона ҳолатимни зоҳиран эсладим.
   Бизнинг авлод вакиллари (бугунги олтмишвойлар) адабиётга суронли ва забардаст одимлар билан кириб келишганди. Абдулла Орипов, Рауф Парфи, раҳматли Машраб Бобоев шеър ўқишганда, кўзларидан ўт чақнагандай бўларди; Сизнинг, Ўткир Ҳошимов, Учқун Назаровларнинг ҳикояларини ўқиганда, уйқумиз учиб кетарди.
   Нақадар яхши кўрардик, сизларни! Зеро, ҳозир ҳам жуда қадрлаймиз.
   Китобни ўқиб, аввал идрокламаган жараёнларни ҳам илғагандай бўлдим. Жумладан, олтмишинчи йилларда қушларни отиб юрган “мен” (“Кўнгил”) етмишинчи йилларга келиб, милтиқ тутганларнинг рақибларига (“Жарга учган одам”) айланади. Бу - тадрижий жараён; жамиятда ва онгимизда содир бўлган ўзгаришлар инъикосидир.
  Хемингуэйга ўхшаб диалоглар воситасида инсон манзараларини яратиш, Чеховга ўхшаб ҳаётнинг бир парчасини акс эттириш билан китобхонни ҳаяжонга солишнинг номи истеъдод бўлса керак. “Энг гўзал нарса ҳаётдир”, деган эди Белинский. Шунинг учун ҳам ҳаётни бўямай, бежамай кўрсатган қалам соҳибларининг қўли ҳамиша баланд бўлиб келган.
   Лекин, буларнинг барига қарамай...

НОХУШ ХАЁЛЛАР



Етмиш ёшдан ошган (аниқроғи, етмиш тўртга кирган) қотма, бўйчан, сийрак сочлари оқарган, тишларининг ясамалиги сезилиб турадиган, юрганда андак энкайиб, эҳтиёткорлик билан қадам ташлайдиган, нигоҳлари хиралашган,  кўзойнаги остидан сал анқайиб қарайдиган, кўринишда сокин, хотиржам бўлса-да, салга асабийлашиб, серзарда бўладиган, касалванд, жиззаки чолни  кўз олдингизга келтира оласизми? 
Ана шу одам, менман.
Ваҳоб Кабирович Кабиров, дейишади каминани.

Менинг ёшимдагилар, одатда, қачонлардир қилган амаллари билан мақтаниш, ўзларини минбар ва ҳайъатга уриш, ҳукуматга ҳуда-беҳуда ҳамду сано ўқиш, тобут бошида нутқ сўзлаш; хотиралар, гоҳида шеър  ёзишга мойил бўлишади. Булар бари менинг табиатимга зид. Худо сақласин! Ҳатто газетачиларнинг «бахтли кексалик», «нуроний отахонлар» сингари ибораларига киноя ва писхандлик билан қарайман; назаримда, булар бари жуда шалдироқ, носамимий тўқималар бўлиб туюлади. Илоҳим адашган бўлайин-у, етмишдан кейин русларнинг «Старость не радость» деган нақли мазмун, моҳияти билан ҳамманинг эшигини нохуш тақиллатаверади. Ҳатто баҳор тароватидан, мусиқанинг сеҳрли оҳангидан, нозанин  чеҳралардан лаззатланишингга  касалликлар, нохуш хотиралар, ўлим ҳақидаги дилингни сиёҳ  қиладиган ногаҳоний фикрлар ва бошқа  ожизликлар халақит бераверади.
Беморликлардан бошлайдиган бўлсак, қарийб йигирма йилдан бери  хафақон (гипертония, қон босими) билан яккама-якка курашиб келаётганимни, аммо кўпга бормай бой беришимни айтиб ўтишим керак. Бир бор йиқилдим ҳам, аммо шифокорлар, рингдаги ҳакам:  «енгил накаут», деганига ўхшаб, микроинфаркт бўлганимни айтишди ва ўрнимдан турғизиб  қўйишди. Менга ўхшаш бадбахт, заҳар чолга нариги дунё ҳам зор эмас экан, деган тўхтамга келдим ўшанда. Дилозордан Худо безор, деганлари, эҳтимол шу бўлса.
Докторлар, табиб-у экстрасенсларни ҳурмат қиламан, албатта, аммо йигирма йилдан бери уларнинг бари менга, шунчаки ён босадиган мухлис ёки ҳангоматалаб томошабин ролини бажариб келишди.  Рингдаги боксчига: «бўшашма», «ўнг қўлингни ишга сол»,  «йиқит», деб бақиришади-ку… Шунга ўхшаш.
 Ҳар йили кардиология шифохонасига  ётиб ҳам чиқаман ва доим ман-ман деган докторларгина эмас, фан ҳам касаллик сабаблари, уни даволаш усулларидан бехабар, деган тўхтамга келаман. Мени даволайдиган доктор шу мавзуда диссертация ёқлаганди. Аммо раҳматлини айнан инфаркт олиб кетганлиги бунга мисол бўлар, деб ўйлайман.

пятница, 1 июля 2022 г.

КАЛВАК МАХСУМ НОМАЛАРИ

 НОМА № 4


Жума пешин таҳорат олиб, Аллоҳ фарзини ижро этмоқ илинжи бирла, қайдасан Московнинг масжиди жомеси, деб йўлға отлондим.
Яхшилар йўл ишора қилдилар ва аларнинг шарофати ила бағоят боҳашам, босалобат масжидларини топдим.
Художўй намозхонлар бисёр бўлуб, тоторлар, Кафказ аҳли бағоят босипо ва боғурур эрдилар, якчанд қалпоқ кийганлар кўзга кўринур, валек аларнинг либослари урунган, юпун, сақоллари поку кўрмаган эрди ва Худои таолонинг ердаги уйи, аниқроғи анинг салобати олдинда ўзларини хору хасдан беқадр, озурда, ҳуркак тутур эрдилар.
Бир фарғоналик носкадусини чиқарғон эрди, ёнидаги чечен нописанд ниқтаб, девордаги “Нос туфланмасун” хатига ишора қилди.
Тотор имом-хатиб минбар миниб такбир ва таҳлиллар қилди.
Амри маъруфинда олами ислом учун дуолар айтди. Аҳли мажлисни инсоф, адолат ва ибодатга, уламо қавмига эҳтиромга даъват қилди.
Меҳроб сари юз буруб саф тортдук. Бадаз намоз бисёр енгил тортдим ва бу дунёи бебақода ялғуз эмаслигимга шукр айтдим.
Дарвоза ташинда бирор таниш-билиш мусофирни кўрурман деб кўзум жавдираб тургон маҳал эрдиким, Дўсбек духтур пайдо ўлди.
“Иби, иби, дедим, о сани манга худо еткурди.” Биз бағр очиб кўрушдук. Бадаз ҳолпурслик у қаҳвахонага кириб гапзанон қилишни афзал билди, ман ҳам тархашлик қилмай кўндум.
Эмди бу балага таъриф берадурғон ўлсам, анинг бағоят художўй, имони бутунлигини айтиб ўтмоғим ҳам қарз, ҳам фарздур.
Магарамки, мардум ани духтур деб атаса ҳам, аслида молдухтурдур.
Беш йил ўқуб, яхши таълим олди. Аммо ишга кириши мушкул кечди.

2. ЖУМАНАЗАР АКА САРГУЗАШТЛАРИ

 



                                 Иккинчи вароқ
                                           Ҳазил
    Бу гал Жуманазар акани Ердан олиб келган аёллардан бири у  кишига ҳамроҳ бўлибди.
    “ Пойтахтга борамиз: у ерда мухбирлар савол бериб, бошингизни қотирмайди, сизнинг шарафингизга меҳмондорчилик бўлади, дам оласиз дебди”, ҳалиги жувон.
 “Ундай бўлса яхши, қувонибди Жуманазар ака, у гал коинотдан қайтганимда, ўзимизникилар ҳам, савол бериб бошимни қотиришганди. Блогер деганлари пайдо бўлган, эшикдан ҳайдасанг, тешикдан  киради”.

     Йўл-йўлакай гаплашиб кетишибди. “Сўраганнинг айби йўқ, сани отинг нима, танишиб олайлик”, дебди Жуманазар ака.
    “Отим Юпитериан” жавоб берибди жувон.
  “Эринг борми?”
   “Ажралишганмиз”, жавоб берибди у.
    Дарҳақиқат, янги жойдаги банкет залида столлар безатилган, мезбонлар таъзимда эканлар. Жуманазар аканинг олдидаги ноз неъматларнинг  таърифига сўз ожиз экан. Аммо бошқаларнинг олдида нон ҳам, мева ҳам, ширинлик ҳам йўқ экан;  ҳар хил рангдаги таблеткалар тураркан, холос. Улар ана шу таблеткаларни мақташаркан.
  “Мана шуни Марсдан олиб келган эдим. Биттасини ютсам, уч суткагача тўқ юрдим.”
    Бошқаси қизил рангдаги таблеткани   кўрсатиб, таърифлабди: “Бундан бир дона ютган эдим, шаҳвоний кучимни ошириб юборди. Бир ойдан бери хотинимни ухлатгани  қўймайман”.
    Жуманазар ака бу ҳолдан ажабланиб, ёнида ўтирган Юпитериандан сўрабди.
     “Сизлар нон емайсизларми?”
   “Фақат таблетка”, жавоб берибди у.
  “ Аҳволларинг охир экан”, ачинибди, Жуманазар ака.
   “Хоҳласангиз таблеткадан енг, жуда мазали”.
   Жуманазар ака аввал рад этибди. Кейин  кизиқиб, икки донасини ютиб юборибди.
   Бир маҳал столнинг нариги томонида ўтирганлар бошқа тилда гапирабошлапти. Бу ҳол Жуманазар акага ёқмабди.
   “Юпитерианхон, ана у овсарларга айт, ўзбекча гапирсин!”
  “Улар Икс  планетасидан келган, сал  довдир, лакалов. Ҳозир айтаман”, дебди жувон
  “ Бизнинг Жағалвойга қўшни Донишқишлоқ бор.  Ўшаларга ўхшаган  эканда. Ҳовлининг девори йўқу, дарвозани қулфлаб ётишади”.
   Зиёфатдан кейин Юпитерианхон билан ёлғиз қолишибди.
   Юпитерхон, эринг билан ажралишиб тўғри  қилибсан, билишимча, ароқхўр бўлган, сани қадрингга етмаган. Шундай гўзал аёлни хўрлаш мумкинми. Армияда Оксана деган ўрис  қиз билан танишиб қолгандим бир замонлар, унинг ҳам билаклари сеникидай оппоқ эди. Кўйлагининг ранги ҳам саникидақа эди. Лекин сан ундан ҳам чиройлисан. Бизда: “ Оқбилагойим оппоғим” деган  қўшиқ бор, шуни санга бағишлаган. Ғуломжоннинн : “Мен севаман, сен севасанми” деган ашуласи бор. Уни ҳам бизга бағишлаган.
   Жуманазар ака рақсга чиққиси келибди шу маҳал.
    “Айт лазгини чалсин!”.
    Коинотдагилар ҳам бу оҳангни яхши кўришаркан, шекилли, бир пасда ўйинчи кўпайиб  кетибди.
   “Сендан хушбўй ҳид келади, бизнинг аёлдан таппини ҳиди...
    Таблетка ҳам таъсир қилмай қолади”.
  Улар биргаликда  рақс қилгач, ҳалиги жувон:
  “ Жуманазар ака шомни ўқийдиган маҳалингиз бўлди. Жойнамозни тўшаб қўйибман, дебди”.