пятница, 26 января 2024 г.

 

МЕН РЕДАКЦИЯДАНМАН

ёки

НОХУШ  МАНЗИЛГОҲ

 

     Мухбирлик - ёзувчи учун энг яхши мактаб. Газета, журнал, телевиде-ние ёки радиода ишласангиз, - касбу кор тақозаси билан қаерларга бош суқмайсиз, кимлар билан мулоқотда бўлмайсиз?!

     Вилоят газетасида ишлаб юрган пайтларимда жасадлар қаторлаштириб қўйилган моргга ҳам; жиннихона, қамоқхонага ҳам кириб чиқишимга тўғри келган.

     Моргга кирганимни эсласам, ҳамон этим жўнжикиб кетади.

         Шифохона этагида жойлашган бу пастқам бино ўша пайтларда жуда хароб бўлиб, пойдеворидаги ғиштлар емирилган, шувоқлари кўчиб кетган эди. Бу бинони таъмирлашди, мармар қопламалар билан зеб беришди, аммо у ҳамон нохуш ва совуқ! Чунки у - морг! Бир шоир бу иборани: "Марҳумларнинг охирги роҳат гўшаси", деб шарҳлаганди. Уни маргхона ҳам дейишади. (Марг: тожикча -ўлим дегани).

         Бинонинг ичи зах, ним қоронғу эди. Марҳумлар никель дасталари занглаб кетган темир кроватларда ётишар, устларига ёпилган оқ чойшаб, кафанга ўхшаб туйғуларингни ғижимларди.

         Дилимни беҳудуд ғусса босди.

         "Зах ва қоронғу жойда  ётқизилган ҳолда сақлансин".

         Муҳтарам ўқувчи! Бу жумлани қаерда ўқиганингизни эслайсизми? У минераль сув шишасидаги ёзув. Ҳар гал ана шу ёзувни ўқиганимда ҳам, негадир лоп этиб, ўша маҳзун манзара кўз ўнгимга келади.

     Турли ёш, миллат, касб-корга мансуб бандалар бу дахшатли "роҳат гўшаси"да ҳеч нима даъво қилмай, асаблари ҳам бузилмай, жимгина ётишарди. Улар орасида инфарктдан ўл(дирил)ган хўжалик раҳбари, ногаҳонда сирли жон берган терговчи, овқатдан заҳарланган корейс қизи, ҳали чимилдиққа кириб улгурмаган келин куёв ҳам бор эди.

         Инсон қисмати нақадар ранго ранг!

         Бу ерда ҳеч кутилмаган оқибатлар билан юзма-юз бўлади, дафьатан ҳушёр тортади, киши. Жумладан, келин билан куёв ЗАГСдан қайтаётиб, автомобил ҳалокатига учрашган экан.  Машина капоти устига ёпилган сўзана узилиб, шофёр ойнасини тўсиб қўйибди. Улар МАЗга бориб урилибдилар....

         Тақдир уларга лоақал ҳаловатсиз бир оқшомни ҳам раво кўрмагани аламли, албатта.

         Ташна кетган лаблар!

         Қониқмаган эҳтирослар!

         Чап томонда бир нечта бўш кроватлар. Уларга "меҳмон" бўладиганлар шу тобда нима иш қилишаётганикин?

         Эҳтимол, қадаҳ кўтаришаётгандир.

         Эҳтимол, бўса олишаётгандир.

         Эҳтимол, дарддан тўлғанишаётгандир.

         Бу ерда занглаган кроват уларга мунтазир.

         Инсон қазо қилганда эса, ўзи билан оламни олиб кетади!

 

                                          *  *  *

 

   Бу - “ Мен редакцияданман” деган китобимдан олинган парча. Китобнинг нашр этилгапнга қирқ йилча бўлиб қолди. У ўшанда анчайин шов-шувларга сабаб бўлганди.

 Асар билан танишмоқчи бўлсангиз, қуйидаги ҳаволамга киришингизни маслаҳат бераман.

              Nusratrahmat.blogspot.com

         

 

2 комментария:

  1. Assalomu aleykum, juda ajoyib hikoyadan bir parcha ekan, o'qib ta'sirlanadi kishi. Yozuvchiga Kattakon Rahmat 👏🏻

    ОтветитьУдалить
  2. 👍🏻👍🏻👍🏻

    ОтветитьУдалить