воскресенье, 20 февраля 2022 г.

ОГОҲ БЎЛИНГ, МИНА МАЙДОНИ! * Яқин тарих яралари* Саксон ёшда ёзганларим* Гул ва ажал*

 

                                   

          Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларига келиб, мамлакатимизда иқтисодий аҳвол анча оғирлашиб қолди. Яшаш, нон топиш ваҳимаси пайдо бўлди. Оиламизда  хавотир ошиб,Тошкентдан Самарқандга кўчиб келдик: бу ерда томарқа бор эди, асалари боқиб ҳам ризқ топса бўларди.

   Мен асалари қутиларини кўпинча Ургут, Бахмал тоғлари пойига олиб борардим. Тоғлар тепасига мина қуйилган бўлиб,подачилар, чўпонлар молларни бу хавфли ҳудудга киритишмасди. Асалари эса минадан чўчимай, нектар таширди. Мол ораламагани боис ўт-ўлан ҳам, гул ҳам сероб эди.

  Ургутнинг Қатағон деган қишлоғида чегарачи ҳарбийларнинг штаби бўларди. Ундаги аскарлар чегараларни жангарилар, нашапурушлардан ҳимоя қилиш учун навбатчилик қилишпрди.

   Мен улар билан суҳбатлашишни хуш кўрардим.

 “ Аввал бошқа зонада турардим, деб ҳикоя қилди қашқадарёлик йигит. Мина қўйилган майдонга бир баллоснинг (барлос демоқчи) сигири кириб, минани босибди. Жониворнинг  орқа оёғи узилган, ўзи тирик қолганди. Зорланиб маърайди, денг жонивор. Эгаси: олиб бер, ҳеч бўлмаса сўйиб еймиз, дейди.

  Бундай қилишим мумкин эмасди. Тошкентдан мутахассис келиб, схемага  қараб, олиб бериши керак эди. Ҳалиги одамнинг аёли жанжал кўтариб, гирибонимдан олди. Кейин, хавфсизлик учун, мени у ердан олиб, бу штабга ташлашди.Командиримиз  фарғоналик; жуда яхши одам: фақат аскарлармас, қишлоқдагилар ҳам яхши кўришади...”

   “Ҳарқалай, одамлар адашиб, паласага ( мина ётқизилган жойлар) киришмаятими”, тергаб қўяман.

   Аскар дудуқланиб қолди. Тушундимки, бу ҳақда гапириш ман қилинган.

  Лекин қишлоқ подачиси ҳеч нимани яширмас, билганини гапириб берарди.

    “Ўнинчини битирган болалар тоққа сайрга  чиқишган. Бир йигитчанинг ёнида кўнгил қўйган қизи ҳам бор экан денг; ёнбағирда очилиб турган лолани кўриб, ҳалиги бола ўша томонга югурган; қизни хурсанд қилмоқчи бўлган, шекилли...  Бир маҳал денг, бомба гумбирлаб, ҳалиги йигитчани улоқтириб юборган.  Буни кўрган қиз уни қутқараман деб, ваҳима билан дод деганча, ўша томонга югурган, локинда у ҳам ажалга гирифтор бўлган.

 Тумонот одам тўпланди: обком, райком, военнийлар... Ичкарига киргани қўймайди. Қиз билан йигитчанинг оналари фарёдига чидаб бўлмайди: қавмлари зўрға ушлаб турибди. “Қўйворинглар, биз ҳам болаларимиз ёнида ўлайлик,”  деб талпинишади, бечоралар.  Йиғламаган одам қолмади. Гўрков ҳам йиғлаб-йиғлаб, ёнма-ён гўр қазиди.”

   “Ёзиб қўйибди-ку,  “мина бор”, деб; кўришмаганми, сўрайман ўзимнинг ҳам ўпкам тўлиб.

  “ Буларни кейин ўрнатган. Аввалгиларини иморат қиладиганлар  суғуриб кетган: арматураси билан тунукаси асқотган бўлса керак. Бизнинг одамлар қолоқ...”

  Кўз ўнгимда ҳамон ўша бахтиқаро йигит билан қиз гавдалаётганлиги боис, юрагим зириллаб, бошқа савол бермайман.

   Лекин тағин бир тафсилотни айтмасам бўлмас.Ажал  тасмаси  сойликдан ўтган бўлиб, нари томонда тожиклар, бу томонда ўзбеклар қишлоғи бор экан. Бу одамлар йиллар  давомида қуда-қудағай бўлиб, жуда аҳиллашиб кетишган экан. Энди эса тўй-марака,  жанозага  боришнинг  иложи бўлмай қолибди.   Ажал уруғи қўйилгандан кейин ҳам ўша баланликка чиқиб, жаназага ёки тўйга чорлашаркан, албатта.  Аммо...Бирнеча қадам наридаги қишлоққа бориш учун Тошкентдаги элчихонадан рухсат олиш ва ўн кунлаб навбат кўтишга тўғри келаркан. Лекин, бора-бора ҳийласини топишибди. Ҳар иккала қишлоқ йигитлари баландликдан туриб,  катта катта тошларни юмалатишибди. Паласадаги ажал ўралари бирин-кетин портлаб,  тор ва хавфли сўқмоқ очилибди: борди-келди изга тушибди.

   Бу – қоидага зид бўлса  ҳамки, боя биз тилга олган фарғоналик командир (Мамажон)  бағрикенглик қилиб, индамай қўяқолибди.

   Кейинроқ, Мамажон билан ҳам танишдим.Ҳамиша кулиб турадиган, қоматбаланд, дилкаш йигит экан.

 “Амаки менга шу асалари боқишни ўргатинг, ҳарбийдан қайтсам, ари боқаман”, деди биринчи учрашувда.

Ўзи ҳақида ҳам бор гапни яширмади.

   Ойша деган қиз билан бирга ўқиб, унга кўнгил қўйган экан. Ойша месхетилик туркнинг қизи бўлиб, хушқомат ва сулув экан.
  (Уни тарифлаётганда йигитнинг кўзидан ўт чақнагандан бўларди). Хуллас, тўйлари  бўлибди, бир йилдан кейин ўғилчали ҳам бўлишибди. Шу орада Фарғонада жанжал бошланибди. “Қайнотангни уйига  ўт қўйишди”, дебди биров. Югуриб борса, уй ёнаётган, уч тўртта  таниш-нотаниш киши қайнатасини дуч келган жойига, дуч келган нарса билан ураётган экан. Мамажон ҳам бир арматурани суғуриб, ҳалигиларни бир бошдан қонга булайверибди. Шунда кимдир: “Каримов келяпти!” деган экан, ҳалигилар тумтарақай бўлишибди.

   “ Лекин Каримов келмади, дейди  Мамажон  ўша дамларни ғамгин эслаб, аммо туркларни ақтобусларга солиб, Россияга жўнатишди. Ойша ҳам ўғлимни олиб,улар билан кетди. Роса зорландим - бўлмади...”

   У ўксиди, далда берган бўлдим. “Улар Россиядан Португалияга кўчиб кетган экан. Адресини топиб, хат ёздим.”

   “Жавоби келдими”, шошилиб, унинг сўзини бўламан.”Ойша ўғлим билан тушган суратини ҳам юборибди: эртага олиб келиб, кўрсатаман. Ўзимга ўхшайди. Мен уларни, албатта, олиб келаман. Ойша қаҳр билан: “У жойларни елкамнинг чуқури  қўрсин, ўзбеклар ёмон одамлар” дебди. Бу ўзининг гапи эмас, аламзада қавмларининг сафсатаси. Бориб, албатта, кўндираман, У менга ишонади, гапимга қулоқ солади”...

   Мамажон худди монолог айтаётгандек, ишонч билан анча гапирди. Биз тез-тез учрашадиган бўлиб қолдик.

   Бу орада Тошкетга боришимга тўғри келиб қолди.  Самарқандга кўчиб келишда анчайин шошилганимиз боис, талай заруратлар: либослар, китоб-дафтарлар қолиб кетган экан.

   “Қутиларга кўз ташлаб қўйинг, мен бир икки кунда келаман”, дедим Мамажонга, кетиш олдидан.

   “Хавотир олманг, деди у, зарур бўлса навбатчи ҳам қўяман.

   Тошкентда узоқроқ туриб қолдим: болаларнинг мактабларидан справкалар олиш, прописка ташвишлари  чўзилиб кетди. Бунинг устига, ишхонадагилар, ёзувчилар  билан учрашувлар сабаб бўлиб ўн кун қолиб кетдим. Қайтиб келгач, бир кун уйда туриб, эртаси “Жигули” рулини Қатағон томон бурдим.

 Бу ерда ҳеч нарса ўзгармагандай эди: арилар ажал полосасидан бол ташишида давом этарди. Рамкалар асалга тўлгани учун ўша куни янги мумпардалар қўйдим. Ва Мамажонни қумсайбошладим; уни Тошкентда ҳам кўп эслагандим. Аммо ундан ҳамон дарак бўлмаётганили, дилимни  ғаш қилабошлади.

  “Командирларинг шу ердами, айтинг бир келсин”, дедим таниш аскарга.

   У дудуқланиб,жўнаб қолди. Жавобидан ҳеч вақо тушунмадим.  Кейин ўзим штаб томон йўл олдим.

   “Мамажонни айтиб юборинг, дедим эшик олдида турган дарбонга.

   “ У киши йўқ” деди аллақандай надомат ва андиша билан.

  “Кетдими?”

   “ Йўқ, ўзини отиб қўйди.

   Бошқа савол беришга мажолим йўқ эди, деворга суяним қолдим.

   “ Ўлигини қишлоғига олиб кетишди”, деди сўрамасам ҳам.

   Ўша ўқ менинг ҳам юрагимни тешиб ўтганидан бўлди хаёлимга, эшик чорчўпига бемажол суяниб қолдим. Бошқа савол бермай, палаткамга  қайтдим.

   Тафсилолар бундай бўлган экан.

  Тожиклар яшайдиган қишлоқда  бир ҳаннот, қўли қон  жиноятчи бор экан. Ўша ярамас ишнинг жирини бузиб қўйибди. У  шериги билан  бу томонга ўтибдию, подачига тўппонча тираб таҳдид қилибди. Сўнг, бир эчкини  бўйнидан боғлаб, ҳалиги  йўлак томон судрабди. Шериги подадаги бошқа молларни эчкининг ортидан ҳайдабди. Хуллас, бутун қишлоқ подасини нари томонга ўтказиб, тўғри молбозорга ҳайдаб борибди, арзон гаровга  сотибди.

  Тўполон бошланибди. Тошкетдан генераллар келишибди. Райком, обком, прокурор... деганларидай. Аммо уларнинг бирортасига у томонга ўтиш  ҳуқуқи берилмаган экан.

  Ҳамма айбни Мамажонга юклашибди. У командир сифатида бу йўлни беркитиши ёки юқорига хабар бериши керак эканда.

   Эртаси уни қамоққа олиб кетишмоқчи бўлишганда, тўппончасини олиб...

 

    Тожикистон ҳукуматига ёзилган шикоятнинг жавобида, ҳалиги жиноятчи Кореяга қочиб кетганлиги, аммо интерпол уни излаётганлиги ёзилган экан.

   Хуллас, шунақа гаплар...

  Лекин бизда бу гапларнинг бари сир тутиларкан.

 

  Қўшни Тожикистон матбуоти бор гапни ипидан-игнасигача ёзиб борганидан хабардорман.

  Тожикистон Қизил Ярим ой жамияти Суғд вилоятининг масъули Ихтиёр Бобожонов ёзади.

Ўзбек-тожик чегарасидаги инсон ҳалокатига олиб келган дастлабки ва даҳшатли портлаш  Исфара туманининг Қизилпилол қишлоғи яқинида юз берган эди.2000 йилнинг ёзида уч аёл ва уч қизалоқ    чегарадаги тоққа ўтин тергани боришиб, минага дуч келишади. Икки аёл ва икки қизалоқ ўша заҳоти ҳалок бўлади.  Ўшанда бутун республика сесканиб тушганди.

  Шундан сўнг ажал домига учраганлар орасида аштлик Бахтиёр Сафаров, исфаралик Соҳиб Олтмишев, невфтободлик Қанибек Қамчиев ва бошқаларнинг номлари қайд этилган; ўтган ўн йил давомида 75 киши  вафот этган, 70 киши ногирон бўлиб қолган экан, лекин уларга моддий ва маънавий зарарни қоплашни иккала республика масъуллари ҳам гарданга олмаётган экан. Ажали етган отлар, қорамоллар, ёввойи айиқлар ҳам анчагина экан.

   Тожикистон ҳукумати Бирлашган Миллатлар ташкилотига мурожаат қилиб, ерга мина кўмиш халқаро қонунларга зид эканлигини, бу ҳолга барҳам бериш зарурлигини таъкидлаб, ёрдам ҳам сўраган экан, аммо натижа бўлмабди.

   Мадомики, Тожикистондан салкам юз киши ўлиб, етмиш киши ногирон бўлиб қолган экан, бизда ҳам фалокат кўлами бундан кам бўлмаган. Қурбонлар сони Андижондаги майдонда отилганлардан оз эмас! Ҳар иккала томонда ҳам асосан чўпонлар. саёҳатчилар, йўловчилар, асаларичилар кўпроқ ажал билан юзма-юз бўлишган.Аммо бирорта жангари ёки наркабарон зарар кўрмаган экан.

  Ваҳоланки бу ажал майдони учун миллиардлаб маблағ сарфланган.

  Буларнинг бари севгилисига гул олиб бераман деб баландликка югурган йигит ва унинг ортидан фарёд чекиб чопган ўша қиз; фарзанди ва севгилисини олиб келиш орзусида  ёнган Мамажоннинг бир томчи қонига арзимас эди!

   Ҳарҳолда хотира ёдгорлиги ўрнатилиши керак, қурбон бўлганларга!  Ғирром сиёсатнинг қурбони бўлган ўзбек билан тожикка!

   Айбдорларнинг номи ҳам сир бўлиб қолмасин!

 

    Тан олмоқ керак,  қуролли жангарилар дастлаб Узун, Паркент туманларига киришди. Улар  ўн-ўн беш кишидан иборат ўзбек болалари эди. Бу шўрликларнинг бари отиб ташланди.

  Минглаб километрли масофага мина  ётқизишдан кўра тиканли  сим тортилса, чегарадаги армия кучайтирилса, ўринли бўлар эди, дейишди, бу соҳанинг билағонлари. Билмадим...

    Тожикистонликлар Шавкат Мирзиёевдан беҳад миннатдор эканликларини яширишмайди. Ўзбекистон президенти биринчилардан бўлиб, Тожикистонга расмий сафар қилганлиги,  Исмоил Сомоний ҳайкали пойига гулчамбар қўйганлиги, чегарани миналардан тозалашга кўрсатма берганлиги ҳақиқий қўшничилик хислати эканлигини таъкидлашади.

   Дарвоқе ажал учоқлари шошилинч тозаланди. Аммо шунга  қарамай, ўша ҳудудни кўпчилик  Чернобил дейишга кўникиб қолган. Бунинг устига обдон тозаланмаган. Надоматлар  бўлғайки, баъзида машъум мина овозлари янграб қолади.

    Зеро, шернинг ўлиги ҳам қўрқинчлида...

         Нусрат Раҳмат        20 02 2022

 


 

 

 

 

Комментариев нет:

Отправить комментарий