БЕҲБУДИЙНИНГ БИРИНЧИ ҲАЙКАЛИ
Бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг илк ҳайкали ( бюсти) 2006 йили май ойида Самарқанддаги Ўқитувчилар малакаси ошириш ва қайта тайёрлаш институти ҳовлисида ўрнатилганди. Шаҳар жамоатчилиги тўпланган ва ҳайкал пойи гулларга тўлиб кетганди ўшанда. Амаким Назирхон Беҳбудий, публицист ёзувчи Нусрат Раҳмат, Ўзбекистон халқ артисти Таънаберди Қурбонов, институт ректори Абдулазиз Аминовлар сўзга чиқишганди.
Жамоатчилик асосида ҳайкал тиклаш ҳақидаги қатъий қарорга бобом таваллудининг 125 йиллигида ( 2000 йил) йиғилишда жиддий гап бўлган эди..Ўша анжуманда профессор Наим Каримов, Бегали Қосимов, Ҳалим Сайидлар иштирок этишганди. Амаким сўз олиб: “шунча гул келди, биз уларни каерга қўямиз? Бобомнинг қабри бўлмаса, ҳайкали бўлмаса," деб ўкинди. Кейин Нусрат аканинг ташаббуслари билан фотосурат танлаш бошланди. Ўша вақтда Америкада яшаётган укам Зарруххонда бобомнинг ўлимларидан бир йил олдин олган фотолари бор экан, уни Пошшоев деган кишидан олган экан. Ҳозир расм бўлган сурат танланмади. Бу ҳам Беҳбудий, лекин рассом зеб бераман деб соқолни узун, саллани катта қилган дедилар. Аслида эса жадидлар соқол билан саллани кичрайтиришган экан.
Нусрат ака Эргашхон Қаҳҳоров деган ҳайкалтарошга ишни топширганлар.У киши ўз “Жигулиси”да Тошкентдан оқ цемент олиб олиб келгани, ҳайкалтарошнинг устахонасидан хабар олиб турганларини биламан. Аммо қанақа шартлар бўлган, биз бехабармиз. Ҳайкални Регистонга ўрнатмоқчи бўлдик, аммо рухсат бўлмади. Ўша пайтда Ўқитувчилар малакасини ошириш институти бобом номида эди. Азиз ака институт ҳовлисига ўрнатишни таклиф қилдилар. Шаҳар, вилоят ҳокимлидан рухсат олиш учун тағин икки йил ўтди. Ниҳоят 2006 йилнинг 17 март ойида қарор чиқди. Бу қарорга Ўзбекистон республикасининг ўша пайтдаги Бош вазири Шавкат Мирзиёев имзо чеккан эдилар.
Бир гапни айтиб ўтсам тузук бўлади. Мен кўп йиллар Тожикистон Компартияси Марказий комитетида ишладим. Бобом ҳақидаги маълумотларни ўзбек олимлари рахматли Иброхим Муминов, Солих ва Бегали Косимов, Ахмад Алиев; бугун хам ана шу эзгу ишга камарбаста булган Наим Каримов, Сирожиддин Ахмад, Ҳалим Сайид Дилором Алимова китобларидан ўргандим. Бизнинг авлод улардан миннатдор. Бобомга ҳайкал ўрнатган, китоб ёзган Нусрат Раҳматдан ҳам жуда миннатдормиз.
Шоҳруҳхон БЕҲБУДИЙ.
Комментариев нет:
Отправить комментарий