суббота, 1 января 2022 г.

ҚУМСАШ

 

   Мен бу мусобақани қирқ йиллар муқаддам ТВда кўргандим.

 Краснодар ўлкасида мамлакат (СССР) отларининг катта пойгаси бўлаётган эди. Ҳашамдор ва салобатли ипподромни дулдулларнинг безовта кишнаши, минглаб томошабинларнинг қийқириғи тутиб кетганди. Ниҳоят отларни олд чизиққа сафлашди ва  старт топпончаси отилди.

    Ғалабага ташна чавандозлар юганларни бўшатиб, отларига қамчи босдилар.

    Уфқларни кўзлаганча, оёқларига зўр бераётган жониворлар ортида енгилгина чанг кўтарилди.

  Бир маҳал, кутилмаганда, чавандозлардан бири йиқилиб тушди. Унинг йўрғаси ҳам тўхтаб, орқага қайтди, соҳибини ҳидлаб кўрди, енгилгина кишнади. Аммо жонивор кутганидек, чавандоз ирғиб ўрнидан турмади ва эгарга сакраб минмади, аксинча оқсоқланиб чеккага чиқди. Дулдул ажабланиб бир олдинлаб кетаётган отларга, бир содиқ чавандозига кўз ташлади ва сўнг ҳеч иккиланмай, тўда ортидан ўқдек учиб кетди.

 Оломон унга ҳайрихоҳ бўлиб, бир овозда олқишлаб қолди.

  Ажабки, кўп ўтмай, жонивор тўдага етиб олди. Шундан кейингина шарҳловчи бу отнинг лақаби Гир-кок  эканлигини эслатди.

  Балки Ғиркўкдир, ўйладии ўзимча...Алпомишнинг афсонавий оти...

  Ўзгалар қатори,  мени ҳам Худога нола қилиб, жониворга зафту-зафарлар тилайбошладим. Пойгадаги отлар бирин-кетин ортда қолабошладилар. Олдинда эса Рус рисаги, Кавказ йўрғаси, Туркман ахалтикаси бор эди. Бунинг устига, ана шу отлар жаҳон мусобақаларида бир неча бор қатнашиб, ўз юртлари ва чавандозларига шарафлар ёғдирган эдилар. Ғиркўк бақувват ва азимжусса Рус рисагига тенглашиб олди. Улар бурун тешикларини каттароқ очиб, кўпроқ нафас олишар, уфқларни кўзлаб йўлнинг танобини тортишарди.

   Ғиркўк ҳам йўлда йиқилиб қолган чавандози, юртининг шарафи, ор номуси учун бор кучини оёқларига тўплагандек эди.

  Дулдуллар қуёшга қараб, бир маромда югуришар, уларнинг гавдаси чўзилиб, ерга қапишиб кетгандек эди.

  Ғиркўк рус отини ортда қолдириб, Кавказ йўрғасига ғам етиб олди. Анчайин илгарида эса машҳур араб чопқирларига монанд оёқлари, бўйни ингичка, Туркман оти бор эди. Марра яқин қолгани учун чавандозлар қамчиларга тағин ҳам зўр берабошладилар.

  Улар ҳамон қуёшга қараб, учиб кетишарди,  эҳ, бағоят завқли, ҳаяжонли эди буларнинг бари ва беихтиёр, шундай муъжиларни мерос қилиб қолдирган боболарга тасанно айтгинг келарди...

   Минглаб томошабинлар ҳамовоз бўлиб “Гир-кок”, “гир- кок” деб  олқишлашар, унга омадлар тилашарди.

 Ғиркўк маррага қаҳрамон туркман ахалтикаси билан баббаравар етиб келди.

Аммо ҳакамлар жониворнинг ғалабасини инобатга олишмади.

  Маррага чавандозсиз келганлигини важ қилишди. Минглаб томошабинлар норози оҳангда гувиллаб қолишди.

Ҳамиша шундай бўлган. Негадир улар камситилган.

   Уруш йиллари  минглаб навқирон, туёғидан ўт чақнайдиган қорабайирларни урушга олиб кетишди.

 Бари фашист ўқига нишон бўлди, бояқишлар.

 Бирортаси, лоақал ярадор бўлиб ҳам қайтиб келмади.

  Мен  бот бот ғиркўкни ҳамда урушдан қайтмаган номаълум ғиркўкларни қумсаб, ўкиниб қўяман...

   Хаёлимда улар ҳамон қўёшга  қараб учиб бораётганга ўхшарди...

 

 

 

 

 

Комментариев нет:

Отправить комментарий